1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Намоз

Намозда "Фотиҳа" сурасидан сўнг "Омин"ни айтишнинг ҳукми

05:00 / 09.01.2017 10865 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Муқаддима
Ислом уламолари намозда "Фотиҳа" сурасидан сўнг "Омин"ни айтиш борасида ихтилоф қилмаганлар. Уламолар қайси мазҳабга мансуб бўлмасинлар, қайси фирқа аъзоси бўлмасинлар, "Фотиҳа"дан сўнг "Омин"ни айтиш суннат эканлигига ижмоъ қилганлар. "Омин"ни ошкора ёки махфий айтишнинг ҳар иккиси ҳам шариат нуқтаи назаридан жоиз ва мақбул саналади. Уламолар фақат ушбу "Омин"ни махфий ёки ошкора айтишнинг қайси бири афзал экани борасида ихтилоф қилганлар – турли фикрларга келганлар.
Юртимиздаги ошкоралик даврида ҳар хил фикрлар ва турли-туман фатволар юртимизга ҳам кириб кела бошлади. Қарийб ўн тўрт асрдан бери Мовароуннаҳр халқлари, Марказий Осиё мусулмонлари "Омин"ни махфий айтиб келганлари учун "Омин"ни ошкора айтганларни ва уни ёқлайдиганларни қабул қила олмадилар. Натижада ҳар хил ихтилоф ва фитналар, баҳс ва мунозаралар юзага келди. Марказий осиёлик уламолар ва диний соҳада ишлайдиган имомлар бу борадаги баҳсларда "Омин"ни махфий айтишнинг афзаллиги, "Омин"ни ошкора айтишнинг эса афзал эмаслигини оят ва ҳадислар орқали қониқарли далил ва исботлар билан кўрсатиб беришди. Шунингдек, мазкур ва шунга ўхшаш масалалардаги ихтилофларга барҳам беришга ҳисса қўшиш мақсадида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари алоҳида рисола ва китоб битдилар (Қаранг: Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ихтилофлар ҳақида. – Т.: Yangi asr avlodi, 2003. – 80 б.; Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ихтилофлар, сабаблар, ечимлар. – Т.: Sharq, 2011. – 320 б.). Унда бирламчи маълумотлар қисқа ва лўнда тарзда баён қилинган. Ҳақиқатдан ҳам у воқеъликда ихтилофларнинг йўқолиш сабабларидан бири бўлиб хизмат қилганини эътироф этиш жоиз. Бироқ, унда муаммога чуқур кириб борилмагани боис масаланинг нозик ва дақиқ жиҳатларини ёритишнинг имкони бўлмаган. Ҳозирги мақолада эса масаланинг ҳар бир жиҳатига бирма-бир эътибор қаратиб, ўртага саволлар қўйиб, уларга жавоб излаган ҳолда кўриб чиқишга ҳаракат қилиб кўрилади.


Муаммонинг моҳияти нимада?
"Омин"ни жаҳрий айтиш афзал дейдиганлар ҳам, уни махфий айтиш афзал дейдиганлар ҳам ўзларига яраша далиллар келтирганлар, албатта. Бироқ, адолат ва инсоф билан таъкидлаш керакки, икки тарафнинг ҳам келтирган далиллари ё саҳиҳ эмас, ё сариҳ эмас! Бу борадаги саҳиҳ бўлган ҳадислар матнида сариҳ – очиқ-ойдин ва аниқ иборалар йўқ, сариҳ – очиқ-ойдин ва аниқ иборалари бор ҳадислар эса саҳиҳ ҳисобланмайди. Шунинг учун ҳам бу масалада фақиҳлар ўртасида ҳар хил фикрлар вужудга келган.
"Омин"ни ошкора ёки пинҳона айтиш борасидаги ҳадиси шарифларни кузатадиган бўлсак, уларнинг исноддаги мадори битта саҳобага – Воил ибн Ҳужр (р.а.)га бориб тақалади. Қизиғи, икки тараф ҳам унинг ривоятига суянганлар.
Ҳадиси шарифларда саҳоба Воил ибн Ҳужр (р.а.) Расулуллоҳ (с.а.в.)дан "Сураи Фотиҳа"ни ўқиб, "ғойри-л-мағзуби ъалайҳим ва ла-з-золлин"ни ўқиганидан сўнг "Омин" деб овозларини чўзганларини ёки кўтарганларини ҳамда "Омин" деб овозларини пасайтирганларини ёки махфий қилганларини эшитгани икки хил тарзда ривоят қилинган. Ушбу муаммо борасида келтириладиган бошқа барча ҳадислар асосий ҳадислар эмас, балки унинг ривоятларига қўшимча далиллар бўлиб хизмат қилиб келган.
"Омин"нинг маъноси нима?
"Омин"ни Аллоҳ таолонинг исмларидан бири сифатида ҳам талқин қилинган ривоятлар мавжуд (Абдурраззоқ, 2/2650-2651; Ибн Абу Шайба, 2/8054-8057). Бироқ, уларнинг заиф эканлигидан уларга кўп ҳам эътибор берилмаган.
"Омин"нинг маъноси: إستجب دعائنا – "Дуойимизни ижобат айла!", اللهم إستجب – "Эй, Аллоҳим! Ижобат қил!" ёки فليكن كذلك – "Худди шундай бўлсин!" ёхуд لا تخيب رجائنا – "Умидимизни муваффақиятсизликка учратма!" кабилардир. Шунинг учун айримлар "Омин"ни араб тилидаги "исми феъл" дейдилар. У араб тилидаги نزالِ – "Тушур!", رُوَيْدَ – "Муҳлат бер!" каби буйруқ маъносини берадиган сўзларга ўхшашдир.
Агар "Омин" сўзининг "мим" ҳарфи ташдидли қилинса, "Аммин" дейилса, унда маъноси ندعوك قاصدين اليك إجابتك – "Сенга ижобатингни қасд қилган ҳолда дуо қиламиз!" дегани бўлади. Лекин ҳанафийлар ушбу хилда: "Аммин" шаклида айтишни, гарчи бундай дейиш билан намоз бузилмайди, деган қарорга келган бўлсалар-да, бироқ, мутлақо мақбул санамайдилар (Қаранг: Бурҳониддин Марғиноний. Ал-Ҳидоя. – Лакнау: Юсуфий, 1314. – Б. 98).
Аслида, "Омин" сўзи қадимги сурёний тилидан келиб чиққан бўлиб, арабларга ўтган. У айни ҳолда бошқа дин вакилларининг манбаларида ҳам мавжуд. Аҳли китоблар ҳам уни "Омин" шаклида ишлатадилар.
Шамсиддин Муҳаммад Кўҳистоний (р.ҳ.) "Жомеъ ар-румуз" асарида "Омин" сўзининг асли форс тилидан араб тилига ўтган бўлиб, форсча "ҳамин!" ("Ана шундай!", "Худди мана шу!") деган сўзнинг муарраби – арабчаси, деган (Шамсиддин Муҳаммад Кўҳистоний. Жомеъ ар-румуз. 1-жилд. – Қозон, 1902. – Б. 152). Яъни, "Фотиҳа" сурасининг охирги оятларидаги дуо шу сўз билан тасдиқланади.
"Омин" бошқа тилдан араб тилига киритилгани боис имомий (шиа)лардан бир жамоаси уни намозда айтиш мумкин эмас, бу билан намоз бузилади, деганлар. Лекин, уларнинг бу гапи Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг суннатлари билан ботил бўлади.
Аҳли китобларда ҳам "Омин" бўлганми?
● Ибн Ҳажар ал-Асқалоний (р.ҳ.) ўзининг "Матолиб ал-олия" асарида зикр қилишича, бир яҳудий мусулмонлардан "Омин" сўзини эшитиб, имон келтирган экан:
إن يهوديا مر بأهل مسجد ، وهم يقولون : آمين ، قال اليهودي : والذي علمكم آمين ، إنكم لعلى الحق
"Бир яҳудий "Омин" дейишаётган масжид аҳли ёнидан ўтиб кетаётган эди. Шунда яҳудий: "Сизларга "Омин"ни ўргатган зотга қасамки, сизлар ҳаққнинг устидасизлар!" деди" (Ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Матолиб ал-олия би-завоид ал-масонид ас-самония. 4-жилд. – Риёз: Дор ал-осима, 1998. – Б. 76).
Яҳудий ўз динида ҳам "Омин" сўзи борлиги ва у ҳақ пайғамбарлардан мерос қолганини билгани боис мусулмонлардан бу сўзни эшитиб, ушбу диннинг ҳақлигига амин бўлган.
Яна мана бу ривоятни ҳам келтириб ўтиш фойдадан холи эмас. Уни Ибн Хузайма ўзининг саҳиҳ ҳадислар тўпламида зикр қилган. Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай деб марҳамат қилганлар:
أعطيت ثلاث خصال : صلاة في الصفوف ، وأعطيت السلام ، وهو تحية أهل الجنة ، وأعطيت : آمين ، ولم يعطها أحد ممن كان قبلكم ، إلا أن يكون الله تبارك وتعالى أعطاها هارون ، فإن موسى عليه السلام كان يدعو ويؤمن هارون عليه السلام
"Менга учта хислат ато қилинган. Биринчиси, сафларда намоз ўқишдир. Менга салом ҳам берилган, у жаннат аҳлининг табрик-олқишидир. Менга яна "Омин" ҳам берилган. Сизлардан олдин ҳеч кимсага бу учтаси берилмаган эди. Бироқ, Аллоҳ таоло "Омин"ни Ҳорунга ҳам берган. Мусо (а.с.) дуо қилар, Ҳорун (а.с.) эса унга "Омин" деб турарди" (Ибн Хузайма, 3/1586; Байҳақий. Шуаб ал-имон, 4/2708; Ибн Ҳажар ал-Асқалоний. "Матолиб ал-олия", 1/545).
Имом Бухорий (р.ҳ.) "ат-Таърих ал-кабир" асарида Ойша онамиз (р.а.)нинг бундай деганини ҳам ривоят қилган:
عن عائشة عن النبي صلى الله عليه وسلم قال أن اليهود لم يحسدونا بشيء ما حسدوا بالسلام والتأمين
"Яҳудийлар бизларга салом ва "Омин"чалик бошқа нарсага ҳасад қилмаганлар" (Бухорий, ат-Таърих ал-кабир, 1/16).
Имом Аҳмад (р.ҳ.) эса мана бундай деган:
إن اليهود ما حَسَدُوا عليكم كما حَسَدُوا على التأمين، فأَكْثِرُوا من قول: آمين
"Яҳудийлар сизларга "Омин"га ҳасад қилганчалик ҳасад қилмайдилар. Шунинг учун "Омин" сўзини кўп айтинглар!" (Қаранг: Анваршоҳ Кашмирий. Файз ал-Борий шарҳ Саҳиҳ ал-Бухорий. 2-жилд. // ал-Мактабат аш-шомила, 2006. – Б. 322).

"Омин"ни неча марта айтиш керак?
● Фақиҳлар намозда "сураи Фотиҳа"дан сўнг "Омин"ни неча марта айтиш борасида ҳам ўз ҳукмларини айтганлар.
Бу борада Имом Табароний (р.ҳ.)нинг "ал-Мўъжам ал-кабир" асарида Воил ибн Ҳужр (р.а.)дан бундай ривоят келган:
رأيت رسول الله صلى الله عليه و سلم دخل في الصلاة فرغ من فاتحة الكتاب قال : آمين ثلاث مرات
"Расулуллоҳ (с.а.в.)ни намозда кўрганман. "Сураи Фотиҳа"дан фориғ бўлганларида "Омин"ни уч марта айтдилар" (Табароний, 22/38).
"Мажмаъ аз-завоид"да ушбу ҳадис иснодидаги ровийлар ишончли экани айтилган ("Мажмаъ аз-завоид", 2/2667).
Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг "Омин"ни уч марта айтганлари жоизликни билдириш учун бўлиб, бошқа вақтларда ул зот доим "Омин"ни бир мартадан айтганлар. Барча ривоятларда Расулуллоҳ (с.а.в.) ва саҳобалар "Омин"ни бир мартадан айтганлари зикр қилинган. Бинобарин, "Омин"ни бир марта айтиш суннат ҳисобланади.
"Саҳиҳ ал-Бухорий"нинг шориҳларидан Ибн Ҳажар ал-Асқалоний (р.ҳ.) "Шарҳ ал-Мавоҳиб" асарида мазкур ривоятдаги "уч марта" сўзини Расулуллоҳ (с.а.в.) атига уч мартагина, яъни учта намоздагина "Омин"ни ошкора айтганлар, деб хулоса қилган (7/113). Чунки, "Омин"ни ошкора айтиш ҳақидаги ривоятнинг ровийси Воил ибн Ҳужр (р.ҳ.) яманлик бўлиб, Мадинага келган йигирма кунлик вақтида Расулуллоҳ (с.а.в.) фақат уч марта "Омин"ни ошкора айтган эканлар. Воил ибн Ҳужр (р.ҳ.) икки марта Мадинага келган, иккинчиси қишнинг қаттиқ совуқ кунларига тўғри келган (Абу Довуд, 1/726-727).
Демак, Воил ибн Ҳужр (р.ҳ.)га "Фотиҳа" сурасидан сўнг "Омин"ни имом ҳам қавм ҳам айтиши кераклигини ўргатиш мақсадида Расулуллоҳ (с.а.в.) "Омин"ни уч намозда ошкора айтиб ўргатган бўлсалар керак.

"Омин"ни нима учун айтилади?
"Омин"ни айтилишининг сабаби "Фотиҳа" сураси таркибидаги дуо оятлари ижобат бўлиши мақсадидадир. "Омин" айтилганида, фаришталар ҳам уни айтадилар. Натижада, уни айтувчиларнинг гуноҳлари ҳам мағфират қилинади. Жумладан, бу ҳақида қуйидаги саҳиҳ ҳадиси шариф мавжуддир:
أَنَّ النَّبِىَّ -صلى الله عليه وسلم- قَالَ « إِذَا قَالَ الإِمَامُ (غَيْرِ الْمَغْضُوبِ عَلَيْهِمْ وَلاَ الضَّالِّينَ) فَقُولُوا «آمِينَ». فَإِنَّهُ مَنْ وَافَقَ قَوْلُهُ قَوْلَ الْمَلاَئِكَةِ غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِه
"Расулуллоҳ (с.а.в.) марҳамат қилдилар: "Қачон имом "ғойри-л-мағзуби ъалайҳим ва ла-з-золлийн" деса, сизлар "Омин" денглар. Зотан, кимнинг "Омин"и фаришталарнинг айтганига тўғри келса, ўтган гуноҳлари кечирилади" (Бухорий, 1/782; Муслим, 1/415; Абу Довуд, 1/936; Насоий, 1/1001; Ибн Можжа, 1/846; Байҳақий, 2/2264; Дорақутний, 1/1259; Доримий, 1/1293; Ибн Ҳиббон, 5/1804; Ибн Хузайма, 1/575; Аҳмад, 2/7187).
Юқоридаги ҳадис бошқа ўринда умумий тарзда келтирилган бўлиб, ундан фақатгина намозда эмас, бошқа вақтларда ҳам "Омин"ни айтиш фазилатлироқ экани маълум бўлади:
إِذَا قَالَ أَحَدُكُمْ آمِينَ وَقَالَتْ الْمَلَائِكَةُ فِي السَّمَاءِ آمِينَ فَوَافَقَتْ إِحْدَاهُمَا الْأُخْرَى غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ
"Қачон сизлардан бирингиз "Омин" деса, самода фаришталар ҳам "Омин" дейдилар. Агар икковидан бировининг "Омин"и бошқасига тўғри келиб қолса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади" (Бухорий, 1/781; Муслим, 1/410; Насоий, 1/1002; Байҳақий, 2/2266; Аҳмад, 2/9926).
Юқоридаги ҳадиси шарифдан кимдир қаерда бўлса ҳам "Фотиҳа" сурасини ўқиса, унга "Омин"ни айтишнинг фазилати борлиги маълум бўлади. Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг мана бу: إذا أمن القارئ فأمنوا – "Агар қори "Омин" деса, сизлар ҳам "Омин" денглар!" деган тавсиялари ҳам шу маънода бўлса, ажаб эмас (Бухорий, 4/6039; Насоий, 1/997-998; Ибн Можжа, 1/852; Табароний, "ал-Маъжам ал-авсат", 9/8956; Байҳақий, 2/2534; Ибн Хузайма, 1/569; Аҳмад, 2/7243; Ибн Абу Шайба, 2/8041).
Юқоридаги ривоятлар саҳиҳ бўлгани билан уларда "Омин"ни ошкора ёки махфий айтиш ҳақида аниқ сўз ишлатилган эмас. Бинобарин, ушбу ривоятларни ҳар икки тараф ҳам далил сифатида кўрсатиб келадилар. Лекин, унда "Омин"ни махфий айтишга ишора бор: агар "Омин" айтиш билан гуноҳлар кечириладиган бўлса, уни ихлос билан айтиш, "Омин"га риё аралашмаслиги керак бўлади. Гарчи "Омин"ни ошкора айтиш ҳам суннатда бор, шунинг учун ошкора айтилади, дейилса-да, уни махфий айтилсагина риёдан мутлақо омонда бўлади.
Намозда "Омин"ни кимлар айтади?
● "Омин"ни кимларга айтиш суннат деган савол ҳам олимлар олдида кўндаланг бўлган. Барча уламолар ёлғиз намоз ўқувчи, имом ва унга иқтидо қилувчининг барчасига "Омин"ни айтиш суннат, деганлар. Шунингдек, намоздан ташқарида "Фотиҳа" сураси ўқилгандан кейин ҳам "Омин" айтилиши керак. Фақат имом "Омин"ни айтадими, деган масала устида уламолар ўртасида бироз ихтилоф бўлиб ўтган.
У фақат иқтидо қилувчиларга суннатми ёки фақат имомгами ё имом билан биргаликда унга иқтидо қилувчилар ҳам "Омин"ни айтишлари суннатми?
Имом Молик (р.ҳ.)дан икки хил ривоят етиб келган. Унинг биринчи ривоятида имом ҳам, иқтидо қилувчилар ҳам "Омин"ни айтадилар. Бу ислом уламоларининг барчасининг фиқҳий фикрларидир. Унинг Ибн ал-Қосим (р.ҳ.) деган шогирди орқали қилинган ривоятда эса Имом Молик (р.ҳ.) намозда "Омин"ни айтиш фақат иқтидо қилувчиларга хос суннат, деб билган.
● Ҳанафий олими Муҳаммад ибн ал-Ҳасан аш-Шайбоний (р.ҳ.) "ал-Муватто" тўпламида Абу Ҳанифа Имом Аъзам (р.ҳ.)нинг ҳам фиқҳий қараши Имом Молик (р.ҳ.)нинг ушбу фикрига мос эканини зикр қилган:
وبهذا نأخذ ينبغي إذا فرغ الإمام من أم الكتاب أن يؤمن الإمام ويؤمن من خلفه ولا يجهرون بذلك فأما أبو حنيفة فقال: يؤمن من خلف الإمام ولا يؤمن الإمام
"Ўшани оламиз. Қачон имом "Умм ал-китоб" ("Сураи Фотиҳа")дан фориғ бўлса, имомнинг ўзи "Омин"ни айтади, унинг орқасидагилар ҳам "Омин"ни айтадилар. Бироқ, уни ошкора қилиб айтмайдилар. Абу Ҳанифа (р.ҳ.) эса: "Имомнинг орқасидаги кимса "Омин"ни айтади, имомнинг ўзи "Омин"ни айтмайди", деган (Муҳаммад аш-Шайбоний. Муватто-и Имом Муҳаммад. – Қозон, 1909. – Б. 68-69).
Бироқ, Имом Муҳаммад (р.ҳ.) ўзининг "Китоб ал-Асор" асарида Абу Ҳанифа Имом Аъзам (р.ҳ.)нинг маслаки жумҳур уламоларнинг фиқҳий қарашига мос эканини қайд қилган. "Китоб ал-Асор"да Абу Ҳанифа→Ҳаммод→Иброҳим ан-Нахаъий тариқи (ривоят қилишда ровийлар йўли-силсиласи)да мана бу ривоят бор:
محمد قال: أخبرنا أبو حنيفة عن حماد عن إبراهيم قال:
أربع يخافت بهن الإمام : سبحانك اللهم و بحمدك و التعوذ من الشيطان وبسم الله الرحمن الرحيم وأمين
"Тўрт нарсани имом махфий ўқийди: "Субҳонака Аллоҳумма ва би-ҳамдика ...", "Аъузу биллоҳи мин аш-шайтони-р-рожим", "Бисмиллоҳи-р-роҳмани-р-роҳим" ва "Омин" (1/83).
Ушбу ривоят Абу Юсуф (р.ҳ.)нинг "Китоб ал-Асор"ида (1/106) ҳам келтирилган (Абу Юсуф. Китоб ал-Асор. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1355. – Б. 21-22). Уни Ибн Абу Шайба (р.ҳ.) ва Абдурраззоқ ҳам ривоят қилганлар (Ибн Абу Шайба, 2/8940-8945; Абдурраззоқ, 2/2596).
Имом Муҳаммад (р.ҳ.) шундан сўнг وبه نأخذ وهو قول أبي حنيفة – "Уни оламиз, у Абу Ҳанифа (р.ҳ.)нинг гапидир!" деб таъкидлаган (Муҳаммад аш-Шайбоний. Китоб ал-Асор. 1-жуз. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1993. – Б. 162). Демак, Абу Ҳанифа Имом Аъзам (р.ҳ.)дан имомнинг "Омин"ни айтиш-айтмаслиги борасида икки хил ривояти бор бўлиб, ҳанафий олимларининг барчаси иккинчи ривоятни қабул қилганлар. Ҳанафийликдаги фиқҳий матн китоблари "Китоб ал-Асор"даги ривоятни зоҳири ривоят ва зоҳири мазҳаб деб эътироф қилиб, имом ҳам, иқтидо қилувчилар ҳам биргаликда "Омин"ни айтишлари суннат, деганлар (Қаранг: Абу-л-Ҳасан Аҳмад ал-Қудурий. Мухтасар ал-Қудурий. – Қозон, 1916. – Б. 10; Убайдуллоҳ ибн Масъуд ибн Тож аш-шариъа ал-Бухорий. Мухтасар ал-Виқоя. – Қозон, 1911. – Б. 14; Абу-л-Баракот ан-Насафий. Канз ад-дақоиқ. – Бўмбай: Фатҳ ал-карим, 1305. – Б. 28).
● Имом Молик (р.ҳ.) ва Абу Ҳанифа (р.ҳ.)нинг "Омин"ни имом эмас, унга иқтидо қилувчилар айтади, деганларига сабаб қуйидаги Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадиси шарифдир:
أَنَّ النَّبِىَّ -صلى الله عليه وسلم- قَالَ « إِذَا قَالَ الإِمَامُ (غَيْرِ الْمَغْضُوبِ عَلَيْهِمْ وَلاَ الضَّالِّينَ) فَقُولُوا «آمِينَ». فَإِنَّهُ مَنْ وَافَقَ قَوْلُهُ قَوْلَ الْمَلاَئِكَةِ غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِه
"Пайғамбар (с.а.в.) марҳамат қилдилар: "Қачон имом "ғойри-л-мағзуби ъалайҳим ва ла-з-золлийн" деса, сизлар "Омин" денглар. Зотан, кимнинг "Омин"и фаришталарнинг айтганига тўғри келса, ўтган гуноҳлари кечирилади" (Бухорий, 1/782; Муслим, 1/415; Абу Довуд, 1/936; Насоий, 1/1001; Ибн Можжа, 1/846; Байҳақий, 2/2264; Дорақутний, 1/1259; Доримий, 1/1293; Ибн Ҳиббон, 5/1804; Ибн Хузайма, 1/575; Аҳмад, 2/7187).
Бошқа ўринда Абу Мусо ал-Ашъарий (р.а.) ривоятига кўра Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай деб марҳамат қилганлар:
إِذَا صَلَّيْتُمْ فَأَقِيمُوا صُفُوفَكُمْ ثُمَّ لْيَؤُمَّكُمْ أَحَدُكُمْ فَإِذَا كَبَّرَ فَكَبِّرُوا وَإِذَا قَرَأَ (غَيْرِ الْمَغْضُوبِ عَلَيْهِمْ وَلاَ الضَّالِّينَ) فَقُولُوا آمِينَ يُجِبْكُمُ اللَّهُ وَإِذَا كَبَّرَ وَرَكَعَ فَكَبِّرُوا وَارْكَعُوا فَإِنَّ الإِمَامَ يَرْكَعُ قَبْلَكُمْ وَيَرْفَعُ قَبْلَكُمْ
"Қачон намоз ўқимоқчи бўлсанглар, сафларинггизни тўғриланглар, сўнг бирларинггизни имом қилинглар. Қачон имом такбир айтса, сизлар ҳам такбир айтинглар. Қачон имом "ғойри-л-мағзуби ъалайҳим ва ла-з-золлийн" деса, сизлар "Омин" денглар. Шунда Аллоҳ сизларни ижобат қилади. Қачон имом такбир айтса ва рукуъ қилса, сизлар ҳам такбир айтинглар ва рукуъ қилинглар. Имом сизлардан олдин рукуъ қилади ва сизлардан олдин бошини кўтаради" (Муслим, 1/404; Абу Довуд, 1/974; Насоий, 1/651; Байҳақий, 2/2450; Ибн Хузайма, 3/1584; Аҳмад, 4/19610; Баззор, 1/3057).
Имом Молик (р.ҳ.): "Юқоридаги икки ҳадисда вазифалар тақсим қилинган. Имомнинг вазифаси "ғойри-л-мағзуби ъалайҳим ва ла-з-золлийн"ни айтиш, унга иқтидо қилганларнинг вазифаси эса "Омин" дейишдир", деган. Унга ҳамфикр бўлганлар: "Тақсимлаш шерикчиликни ман қилади" деган қоида ҳам борлигини ўртага қўядилар.
● Жумҳур уламолар, тўрт мазҳаб аҳлининг улардан бошқа фақиҳлари бунга жавоб бериб айтадиларки, юқоридаги ҳадисларда имом билан иқтидо қилувчиларга вазифалар тақсим қилиб берилмаган. Балки, бу ерда "ғойри-л-мағзуби ъалайҳим ва ла-з-золлийн" айтилганидан сўнг дарҳол имом ва иқтидо қилувчилар "Омин"ни бирга айтишлари назарда тутилган. Бунга далил сифатида Имом Насоий (р.ҳ.)нинг айнан Абу Ҳурайра (р.а.)дан қилган ривоятидаги қуйидаги ҳадисни келтириш мумкин:
عن أبي هريرة قال قال رسول الله صلى الله عليه وسلم إذا قال الإمام غير المغضوب عليهم ولا الضالين فقولوا آمين فإن الملائكة تقول آمين وإن الإمام يقول آمين فمن وافق تأمينه تأمين الملائكة غفر له ما تقدم من ذنبه
"Имом қачон "ғойри-л-мағзуби ъалайҳим ва ла-з-золлийн" деса, сизлар ҳам "Омин" денглар. Зотан, фаришталар ҳам "Омин" дейдилар, имом ҳам "Омин" дейди. Кимнинг "Омин"и фаришталарнинг "Омин"ига тўғри келса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади" (Насоий, 1/999).
Имом Насоий (р.ҳ.)нинг мазкур ривоятида: "имом ҳам "Омин" дейди" иборасидан "Омин"нинг махфий айтилишига ишора бор. Чунки, агар ундай бўлмаганида, имомнинг "Омин" айтишини алоҳида билдириб қўйилмаган бўларди.
"Омин" айтишнинг фазилати борасида келган ҳадислар қаторида мана бу ҳадис ҳам мавжуд:
إذا أمن الإمام فأمنوا فإنه من وافق تأمينه تأمين الملائكة غفر له ما تقدم من ذنبه
"Қачон имом "Омин" деса, сизлар ҳам "Омин" денглар! Чунки, кимнинг "Омин"и фаришталарнинг "Омин"ига тўғри келса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади" (Бухорий, 1/780; Муслим, 1/410; Термизий, 1/250; Абу Довуд, 1/937; Насоий, 1/1000; Байҳақий, 2/2261; Ибн Хузайма, 1/570; Ҳоким, 1/797).
Бу икки ҳадисдан имом ҳам "Омин"ни айтиши кераклиги очиқ ва аниқ бўлиб турибди. Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ўзлари ҳам "Омин"ни айтганлиги борасидаги феълий ҳадислар борлиги маълум. Бинобарин, алалоқибат бутун ислом олами "Омин"ни имом ҳам, унга иқтидо қилувчилар ҳам айтиши суннат эканлигига иқрор бўлганлар.
Шундай қилиб, ислом уламолари имом ҳам, унга иқтидо қилувчилар ҳам "Омин"ни айтиши суннат эканлигидан келиб чиқиб, уни хоҳ жаҳрий, хоҳ сиррий – ошкора ёки пинҳона айтишни жоиз дейдилар. Бу борада ҳеч қандай ихтилоф йўқ. Бироқ, мана шу "Омин"ни овоз чиқариб айтиш афзалми ёки овоз чиқармай махфий қилиб айтган афзалми, деган савол жавобида ҳар хил фикрларни ўртага ташлаганлар.
● Зоҳирийлардан Ибн Ҳазм (р.ҳ.) имомга "Омин" дейиш суннат, унга иқтидо қилувчиларга эса фарз, деган.
"Омин"ни ошкора ёки махфий айтилади, деб кимлар айтган? 
● Шофиъийлар ва ҳанбалийларнинг фиқҳий қарашларига кўра "Омин"ни жаҳрий – ошкора қилиб айтиш афзалдир. Имом Шофиъий мазҳабини икки марта тузгани маълум. Унинг эски мазҳабида имом ҳам, иқтидо қилувчи ҳам "Омин"ни жаҳрий айтади, дейилган. Янги мазҳабида эса имом "Омин"ни махфий айтади, иқтидо қилувчилар эса уни жаҳрий айтади, дейилган. Шофиъийлик мазҳабида фатво берилган фиқҳий қараш унинг қадимги мазҳабига кўрадир.
Суфёни Саврий (р.ҳ.) ва Абу Ҳанифа Имом Аъзам (р.ҳ.) фикр ва амалларига кўра "Омин"ни махфий айтиш афзалдир.
Имом Молик (р.ҳ.) мазҳабидаги фикр ҳам ҳанафийларга мувофиқ. Моликийлардан ал-Божий (р.ҳ.) ва Аҳмад Дардир (р.ҳ.) буни очиқ баён қилган (Аҳмад Дардир. Ақраб ал-масолик ли-мазҳаб ал-Имом Молик. – Негирия: Мактабату Айюб, 2000. – Б. 16). Моликийларнинг энг катта ва энг мўътабар фиқҳий манбаси "ал-Мудаввана ал-кубро"да "Имомнинг орқасидаги кимса "Омин"ни махфий айтади" дейилган (Имом Молик. Ал-Мудаввана ал-кубро. 1-жилд. – Миср: Матбаа ас-саодат, 1323. – Б. 71).
Ибн Ҳажар ал-Асқалоний (р.ҳ.)нинг "Тўрт мазҳабнинг жумҳур уламолари "Омин"ни жаҳрий айтишда бизга – шофиъийларга мувофиқ фикрдадирлар" деган гапи унчалик тўғри эмас! Чунки, шофиъийлар орасида ҳам, моликийлар орасида ҳам айрим уламолар "Омин"ни махфий айтиш афзал, деганлари бор. Ҳанафийларнинг ҳаммаси ушбу фикрдадирлар.
Саҳоба Воил ибн Ҳужр (р.а.)нинг икки хил ривояти қандай?
Воил ибн Ҳужр (р.а.)нинг ҳадиси ровийлар томонидан икки хил тарзда, зоҳиран бир-бирига қарама қарши ўлароқ ривоят қилинган. Шунинг учун ҳам уни саҳиҳ бўлишига қарамасдан икки буюк муҳаддис Имом Бухорий (р.ҳ.) ва Имом Муслим (р.ҳ.) ривоят қилмаганлар.
● Воил ибн Ҳужр (р.а.)нинг Суфён (р.ҳ.) тариқи (ривоят қилишда ровийлар йўли-силсиласи)дан келган ривояти қуйидагича:
حدثنا بندار حدثنا يحيى بن سعيد و عبد الرحمن بن مهدى قالا حدثنا سفيان عن سلمة بن كهيل عن حجر بن عنبس عن وائل بن حجر قال:
Биндор бизга ҳадис айтди, Яҳё ибн Саид ва Абдурраҳмон ибн Маҳдий бизга ҳадис айтдилар, Суфён бизга ҳадис айтди, у Салама ибн Куҳайлдан, у эса Ҳужр ибн Анбасдан, у эса Воил ибн Ҳужрдан. У бундай деди:
سمعت النبي صلى الله عليه وسلم قرأ (غير المغضوب عليهم ولا الضالين) وقال آمين ، ومد بها صوته
"Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг "ғойри-л-мағзуби ъалайҳим ва ла-з-золлийн"ни қироат қилганлари ва "Омин" деганларини эшитдим. У билан овозларини чўздилар" (Термизий, 1/248; Дорақутний, 1/1284; Аҳмад, 31/18842).
● Воил ибн Ҳужр (р.а.)нинг Шўъба (р.ҳ.) тариқидан келган ривояти эса қуйидагича:
وروى شعبة هذا الحديث عن سلمة بن كهيل عن حجر أبى العنبس عن علقمة بن وائل عن أبيه:
أن النبي صلى الله عليه وسلم قرأ (غير المغضوب عليهم ولا الضالين) فقال : آمين ، وخفض بها صوته
Шуъба Салама ибн Куҳайлдан, у Ҳужр Абу-л-Анбасдан, у эса Алқама ибн Воилдан, у эса отаси Воил ибн Ҳужр (р.а.)дан ривоят қилган:
"Расулуллоҳ (с.а.в.) "ғойри-л-мағзуби ъалайҳим ва ла-з-золлийн"ни қироат қилдилар ва "Омин" дедилар. У билан овозларини пасайтирдилар" (Термизий, 1/249; Аҳмад, 4/18864).
Юқоридаги икки ривоятдан Суфён ас-Саврий (р.ҳ.) тариқини шофиъий ва ҳанбалийлар қабул қилиб, асл-асос деб билганлар ва Шўъба (р.ҳ.) тариқини тарк қилганлар, амал учун мутлақо қабул қилмаганлар. Ҳанафий ва моликийлар эса Шўъба (р.ҳ.) тариқини қабул қилиб, уни асл-асос деб билдилар ва Суфён ас-Саврий (р.ҳ.) тариқини таъвил қилдилар ва таъвилга кўра амалга оширдилар. Уларнинг таъвили қуйидагича: "Суфён ас-Саврий (р.ҳ.) тариқида келган ومد بها صوته – "У билан овозларини чўздилар" деб келган иборани Расулуллоҳ (с.а.в.) "Омин"нинг "алиф" ва "ёй" ҳарфларини чўзганлар, деб тушуниш керак. Аслида, Расулуллоҳ (с.а.в.) "Омин"ни махфий айтиб, унинг маддларига – чўзимларига риоя қилганлар".
Муҳаддис Имом Бухорий (р.ҳ.) ровий Шўъба (р.ҳ.) ривоятига 
нима деб эътироз билдирган?
"Омин"ни ошкора айтиш афзал дейдиган тараф Суфён ас-Саврий (р.ҳ.) тариқида келган ривоятни асл-асос сифатида олиб, Шўъба (р.ҳ.) тариқида келган ривоятни тарк қилиб, унга тўртта эътироз билдирганлар.
Аслида, ушбу эътирозларни Имом Бухорий (р.ҳ.) билдириб ўтган ва улардан учтасини ўзининг "ат-Таърих ал-кабир" асарида кўрсатиб кетган (Бухорий. Ат-Таърих ал-кабир, 3/259). Улар қуйидагилардан иборат:

  • Шўъба (р.ҳ.)нинг ривоятидаги биринчи янглишув Салама ибн Куҳайлнинг устозининг номини Ҳужр Абу-л-Анбас деб берилишидир. Бу ерда Ҳужрнинг кунияси Абу-л-Анбас (Анбаснинг отаси) дейилган. Ҳолбуки, Суфён ас-Саврий (р.ҳ.) тариқидан маълумки, у Ҳужр ибн Анбасдир. Яъни, Ҳужр Анбаснинг ўғлидир, отаси эмас. Унинг кунияси Абу-с-Сакан бўлган.
  • Шўъба (р.ҳ.)нинг ривоятидаги иккинчи янглишув Ҳужр билан Воил ўртасида Алқама ибн Воил деган ровий воситачилик қилмоқда. Ҳолбуки, Суфён ас-Саврий (р.ҳ.) тариқидан маълумки, улар ўртасида восита бўлмаган. Ҳужр ибн Анбас тўғридан тўғри Воил ибн Ҳужр (р.а.)дан ҳадис ривоят қилган.
  • Шўъба (р.ҳ.)нинг ривоятидаги учинчи янглишув ҳадис матнида бўлиб, унда وخفض بها صوته – "У билан овозларини пасайтирдилар" жумласи келган. Ҳолбуки, Суфён ас-Саврий (р.ҳ.) тариқидан маълумки, унда ومد بها صوته – "У билан овозларини чўздилар" дейилган.

Мазкур учта эътирозни Имом Бухорий (р.ҳ.) билдириб ўтган бўлиб, уларни Имом Термизий (р.ҳ.) ўзининг машҳури жаҳон "Жомеъ ас-сунан"ида бирма-бир қайд қилган. (Қаранг: Абу Исо Муҳаммад ибн Исо ат-Термизий. Жомеъ ал-кабир. 1-жилд. – Байрут: Дор ал-ғарб ал-исломий, 1998. – Б. 289; Абу Исо ат-Термизий. ). Шунингдек, Имом Байҳақий (р.ҳ.) ҳам ўзининг "ас-Сунан ал-кубро" асарида санаб ўтган (Байҳақий, 2/2277).
Тўртинчи эътирозни ҳам Имом Бухорий айтганини Имом Термизий ўзининг "ал-Илал ал-кабир" асарида билдирган (Имом Термизий. ал-Илал ал-кабир. – Байрут: Олам ал-кутуб, 1989. – Б. 200-201):

  • Шўъба (р.ҳ.)нинг ривоятидаги тўртинчи янглишув Алқама ибн Воилнинг ўз отаси Воил ибн Ҳужр (р.а.)дан ривоят қилгани айтилган. Ҳолбуки, Алқаманинг ўз отаси Воилдан ҳадис эшитгани аниқ эмас. Чунки, Алқама отаси вафотидан сўнг олти ойдан кейин дунёга келган.

Ана шу юқоридаги тўртта эътирозга кўра Шўъба (р.ҳ.)нинг ривояти маржуҳ ва ғайри маҳфуз, Суфён ас-Саврий (р.ҳ.)нинг ривояти эса рожиҳ ва маҳфуз ҳисобланган. Ҳанафийлар Шўъба (р.ҳ.)нинг ривоятини асл-асос сифатида қабул қилганлари учун буни исботлаш мақсадида ушбу эътирозларга қониқарли жавоб берганлар.
Ҳанафийлар фикрича, Имом Бухорий (р.ҳ.) ҳамда унинг фикрига қўшилган Абу Зуръа (р.ҳ.), Имом Термизий (р.ҳ.), Имом Байҳақий (р.ҳ.) ва бошқалар ҳам мазкур эътирозларни ўртага ташлаганларида айрим нарсаларга эътибор қаратмаганлари маълум бўлади.
Имом Бухорий (р.ҳ.)нинг эътирозларига қандай жавоб берилган?
1) Биринчи эътирозда тилга олинган Ҳужр (р.ҳ.) тобеъин ҳисобланади, айримлар уни табъа тобеъинлар жумласига киритганлар. Аллома Бадриддин Айний (р.ҳ.) ўзининг "Саҳиҳи Бухорий"га ёзган шарҳи "Умдат ал-қори"да биринчи эътирозга жавоб бериб, "Ҳужрнинг отасининг исми Анбас экани тўғри. Ҳужр Анбаснинг ўғли, бироқ, Ҳужрнинг Анбас деган ўғли ҳам бўлган. Яъни, у ўз отасининг исмини ўғлига қўйган", деган. Шундан келиб чиқиб, ривоят иснодида Ҳужр Абу-л-Анбас деб берилиши жуда тўғридир. Аслида, у Ҳужр ибн Анбас Абу-л-Анбасдир. Шунинг учун уни Ҳужр Абу-л-Анбас дейиш ҳам тўғри, Ҳужр ибн Анбас дейиш ҳам тўғри (Бадриддин Айний. Умдат ал-қори. 6-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2001. – Б. 73-74).
Ибн Ҳиббон (р.ҳ.) "ас-Сиқот" китобида ушбу муаммони ўрганиб чиқиб, Ҳужр ибн Анбас Абу-л-Анбас эканини бизга тақдим қилган (Қаранг: Муҳаммад ибн Ҳиббон. Китоб ас-Сиқот. 4-жилд. – Ҳайдаробод ад-Дакан: Матбаа Мажлис Доират ал-маориф ал-усмония, 1978. – Б. 177). Ҳофиз Ибн Ҳажар ал-Асқалоний (р.ҳ.) "Таҳзиб ат-таҳзиб"да ҳам Ҳужрнинг исми шарифи икки хил суратда: Ибн Анбас ва Абу-л-Анбас шаклида келишини қайд қилган (Қаранг: Ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Таҳзиб ат-таҳзиб. 2-жуз. – Байрут: Дор Садр, 1968. – Б. 214-215).
Энг қизиғи, муҳаддис Абу Довуд (р.ҳ.) юқоридаги ҳадисни Суфён ас-Саврий (р.ҳ.) тариқида ривоят қилиб, ровий Ҳужрни Абу-л-Анбас шаклида нақл қилган (Абу Довуд, 1/933). Халил Аҳмад Саҳоранфурий (р.ҳ.) Абу Довуд (р.ҳ.) сунанининг барча нусхалари – ҳинд ва миср нусхаларини текшириб, уларнинг барчасида Абу-л-Анбас шаклида келтирилганини аниқлаганини ёзади (Халил Аҳмад Саҳоранфурий. Базл ал-мажҳуд фий ҳалли Абу Довуд. 5-жилд. – Б. 221.).
Ибн Ҳиббон ҳам юқоридаги ҳадисни Шўъба (р.ҳ.) тариқида ривоят қилиб, ровий Ҳужрни Абу-л-Анбас шаклида нақл қилган (Ибн Ҳиббон, 5/1805).
Муҳаддис Дорақутний (р.ҳ.) эса уни очиқ ва аниқ қилиб, бундай тарзда ривоят қилган: عَنْ حُجْرٍ أَبِى الْعَنْبَسِ وَهُوَ ابْنُ عَنْبَسٍ – "Ҳужр Абу-л-Анбасдан ривоят, у Ибн Анбасдир" (Дорақутний, 1/1282). Имом Дорақутний (р.ҳ.) шофиъийлардан бўлишига қарамасдан, Ҳужрнинг исми шарифини икки ҳолатда ҳам бериб, масалага аниқлик киритиб кетган.
Инсон икки куняли бўлиши мумкин, унинг кунияси Абу-с-Сакан ва Абу-л-Анбас бўлиши ажабланарли эмас. Бу ҳолат инсон ўзининг бобосининг исмини ўғлига қўйиб, ушбу икки куния билан ҳам танилиши ҳозирги кунларда ҳам учраб туради. Қизиғи, Имом Бухорий (р.ҳ.)нинг эътирозларини биринчи марта қайд қилган Имом Термизий (р.ҳ.)нинг ҳам ўзи Абу Исо ибн Исо-ку?!
2) Икки ровий ўртасида Алқама ибн Воил деган восита бор, деган эътирозга жавоб шуки, аслини олиб қараганда, битта ровий ҳадисни восита билан ҳам, воситасиз ҳам эшитиши мумкин. Восита билан эшитишга мажбур бўлган ровий ўз ҳаёти давомида устозининг устози, шайхининг шайхи билан учрашишга мушарраф бўлган ҳамда бу имкониятдан унумли фойдаланиб, ундан яна ҳадисни воситасиз ривоят қилган бўлиши мумкин. Ровий эшитганига кўра икки хил суратда ва тариқда ҳам ривоят қилиши мумкин. Бу ерда ҳам шундай бўлган: Ҳужр ривоятни аввалига Шўъба (р.ҳ.) тариқидагидек восита билан – Алқама ибн Воилдан эшитган. Кейинчалик Ҳужр Алқаманинг отаси Воил (р.а.) билан учрашган ва ундан Суфён ас-Саврий (р.ҳ.) тариқидагидек тўғридан тўғри ривоят қилган. Бунга далил шуки, муҳаддис Абу Довуд ат-Таёлусий (р.ҳ.) ривоятида ушбу иснод қуйидаги атамалар билан зикр қилинган:
حدثنا أبو داود قال حدثنا شعبة قال أخبرني سلمة بن كهيل قال سمعت حجرا أبا العنبس قال سمعت علقمة بن وائل يحدث عن وائل
"Абу Довуд бизга ҳадис айтиб деди: Шўъба бизга ҳадис айтиб деди: менга Салама ибн Куҳайл хабар бериб, деди: Ҳужр Абу-л-Анбасдан эшитдим. У деди: Алқама ибн Воилдан эшитдим. У Воил (р.а.)дан ҳадис айтар эди" (Таёлусий, 1/1024).
Ҳужр (р.ҳ.) ҳадисшунослар эътирофича, сиқа – ишончли ровий ҳисобланади. Ибн Муин (р.ҳ.) уни: "Кўфалик машҳур ишончли шайхдир!" деган (Қаранг: Ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Таҳзиб ат-таҳзиб. 2-жуз. – Байрут: Дор Садр, 1968. – Б. 214). Абу Довуд ат-Таёлусий (р.ҳ.) ривоятида у: "Алқамадан ҳадис айтаётганини эшитдим" деб очиқ ва аниқ айтмоқда. Яъни, очиқдан очиқ, аниқ ва равшан ҳолатда Алқамадан ҳадис эшитганини эътироф қилмоқда. Ушбу иснодда қўлланган "Самеъту" ва "йуҳаддису" атамалари ҳадисшуносликда ровийларнинг бир-бирларидан аниқ ҳадис эшитганини англатади. Чунки, ушбу атамаларни ровийлар қўллашда ниҳоятда эҳтиёт бўлиб ишлатганлар. Агар ушбу сўзларни қўллаб ҳадис ривоят қилган бўлса-ю, унинг ҳадисни устоз шайхдан эшитмагани билинса, у жами муҳаддислар ва ҳадисшунослар олдида каззоб – ёлғончи ва ҳадис тўқувчи деб ҳисобланган. Ҳолбуки, Ҳужр (р.ҳ.) сиқа – ишончли ровийдир! Демак, Ҳужр (р.ҳ.) ҳадисни икки хил йўл – восита билан ҳам, воситасиз ҳам эшитган экан. Шунинг учун муҳаддис Ҳоким "ал-Мустадрак" асарида мазкур ҳадисни қуйидаги: سمعت حجرا أبا العنبس يحدث عن علقمة – "Ҳужр Абу-л-Анбасдан у Алқамадан ҳадис айтаётганини эшитдим" тарзда ривоят қилган ва "Икки шайх (Бухорий ва Муслим) уни тахриж қилмаган бўлса-да, улар иккиси шартига кўра бу ҳадис саҳиҳдир!" деган (Ҳоким, 2/2913). Имом Аҳмад (р.ҳ.) ҳам ушбу ривоятни бундай деб ривоят қилган:
ثنا شعبة عن سلمة بن كهيل عن حجر أبي العنبس قال سمعت علقمة يحدث عن وائل أو سمعه حجر من وائل
"Шуъба бизга ҳадис айтди: Салама ибн Куҳайлдан, у эса Ҳужр Абу-л-Анбасдан, у Алқамадан эшитдим, деган. У Воил (р.а.)дан ҳадис айтган ёки уни Ҳужр Воил (р.а.)дан эшитган" (Аҳмад, 4/18874).
Бу ерда муҳаддис Аҳмад ибн Ҳанбал (р.ҳ.) ҳам Ҳужрнинг икки йўл билан ҳадис ривоят қилганини тан олганлиги маълум бўлиб турибди.
Муҳаддис Дорақутний (р.ҳ.) ҳам уни икки йўл билан ривоят қилганини қайд қилган:
حَدَّثَنَا يَزِيدُ بْنُ زُرَيْعٍ حَدَّثَنَا شُعْبَةُ عَنْ سَلَمَةَ بْنِ كُهَيْلٍ عَنْ حُجْرٍ أَبِى الْعَنْبَسِ عَنْ عَلْقَمَةَ قَالَ حَدَّثَنَا وَائِلٌ أَوْ عَنْ وَائِلِ بْنِ حُجْرٍ 
"Бизга Язид ибн Зурайъи ҳадис айтди. У бизга Шўъба ҳадис айтди, деган. Салама ибн Куҳайлдан, у эса Ҳужр Абу-л-Анбасдан, у эса Алқамадан бўлиб, Алқама бизга Воил ҳадис айтди, деган. Ёки Ҳужр Абу-л-Анбас Воил ибн Ҳужр (р.а.)дан (ривоят қилган)" (Дорақутний, 1/1285).
3) Имом Бухорий (р.ҳ.) ва бошқаларнинг юқоридаги иккита эътирози далиллар асосида бартараф этилганидан кейин учинчи эътироз ҳам ўз-ўзидан бартараф бўлади. Чунки, Ҳужр (р.ҳ.)нинг Ибн Анбас бўлиши билан бирга Абу-л-Анбас ҳам экани ҳамда у Алқама (р.ҳ.)дан ҳам, унинг отаси саҳоба Воил ибн Ҳужр (р.а.)дан ҳам ривоят қилиши мумкинлигидан унинг ҳадис матнини ҳеч қандай янглишларсиз وخفض بها صوته – "У билан овозларини пасайтирдилар" жумласи билан ривоят қилгани маълум бўлади. Зотан, Шўъба (р.ҳ.) ҳақида манбаларда "Амир ал-мўъминин фи-л-ҳадис" ("Ҳадис борасида мўъминларнинг амири") дейилган. Мана шу тавсифни унга айнан Суфён ас-Саврий (р.ҳ.) берган (Имом Заҳабий. Тазкират ал-ҳуффоз. 1-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1955. – Б. 193).
Шўъба (р.ҳ.)нинг имомлиги, шайхлиги, ишончлилиги барча ҳадисшунослар томонидан тан олинган бўлиб, уни ҳадис матнида адашган ва янглишган дейиш унчалик тўғри эмас ёки адолатдан эмас!
Эътироз билдирувчилар Шўъба (р.ҳ.)нинг гоҳ-гоҳида ваҳм қилиб, унда шубҳа ва янглишувлар содир бўлиб турганлигини, ундан кўра Суфён ас-Саврий (р.ҳ.) мустаҳкам ва зеҳнлироқ эканини айтадилар. Унга Шўъба (р.ҳ.)нинг янглишувлар (ваҳм)и ҳадис матни борасида эмас, балки номларни зикр қилишда бўлган, деб жавоб берилган. Ровийларнинг номлари, уларнинг нисбатлари борасида озгина адашув бўлган, лекин у матнда ҳеч қачон янглишувга йўл қўймаган. Ҳадисшунослар матн борасида Шўъба (р.ҳ.) ниҳоятда ишончли, дейишган. Бундай бўлишига сабаб у бутун эътибори ва зеҳнини ҳадис матнига қаратар, шунинг натижасида иснод зикрида айрим кичик камчиликларга йўл қўйиши мумкин эди. Биз ўрганаётган унинг ушбу ривоятида эса номлар борасида ҳам асло янглишмаганини кўриб чиқдик. Демак, Шўъба (р.ҳ.): ومد بها صوته – "У билан овозларини чўздилар" иборасини وخفض بها صوته – "У билан овозларини пасайтирдилар" жумласига ўзгартириб адашиши мумкин эмасди.
4) "Алқама ибн Воил (р.ҳ.)нинг ўз отаси Воил ибн Ҳужр (р.а.)дан ривоят қилгани ва ҳадис эшитгани аниқ эмас. Чунки, Алқама отаси вафотидан сўнг олти ойдан кейин дунёга келган", деган эътироз юқорида айтилганидек, Имом Термизий (р.ҳ.) томонидан негадир "Китоб ал-Илал ал-кабир" асарида тилга олинган (Камолиддин Ибн ал-Ҳумом. Фатҳ ал-қадир. 1-жилд. – Байрут: Дору содир, 2004. – Б. 207.). Аслида, ушбу эътироз энг заиф ва пучдир. Чунки, Алқама (р.ҳ.) ўз отасидан ҳадис эшитгани аниқ. Зотан, саҳоба Воил ибн Ҳужр (р.а.)нинг икки нафар ўғли бўлган. Каттаси Алқама ибн Воил (р.ҳ.), кичиги Абдулжаббор ибн Воил (р.ҳ.) деб аталади. Кичик ўғил Абдулжаббор ўз отасининг вафотидан кейин туғилган. Қизиғи, буни Имом Термизий (р.ҳ.)нинг ўзи "ал-Жомеъ ас-сунан"да зинога мажбурланган аёл тўғрисидаги бобда зикр қилган:
قال سمعت محمدا يقول عبد الجبار بن وائل بن حجر لم يسمع من أبيه ولا أدركه يقال إنه ولد بعد موت أبيه بأشهر
"Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорийдан бундай деганини эшитдим: "Абдулжаббор ибн Воил ибн Ҳужр отасидан ҳадис эшитмаган ва уни ҳаётлигида топмаган. У отаси ўлимидан бир неча ойдан кейин туғилган, дейилган" (Термизий, 4/1453 ҳадис остида).
Имом Термизий (р.ҳ.)нинг ўзи юқоридаги нақлдан сўнг, битта ҳадис ортидан бундай эътирофни айтган:
وعلقمة بن وائل بن حجر سمع من أبيه وهو أكبر من عبد الجبار بن وائل وعبد الجبار لم يسمع من أبيه 
"Алқама ибн Воил ибн Ҳужр отасидан эшитган. У Абдулжаббор ибн Воилдан каттароқдир. Абдулжаббор эса отасидан эшитмаган" (Термизий, 4/1454 ҳадис остида).
Имом Бухорий (р.ҳ.)дан эшитилган гап унинг "ат-Таърих ал-кабир" асарида айтиб ўтилган (Бухорий. ат-Таърих ал-кабир, 6/1855).
Янада қизиқроғи шуки, Имом Термизий мазкур тўртинчи эътирозни ўзининг "ал-Илал ал-кабир"ида келтирган, бироқ, ушбу асарнинг ўзида бундай қайд ҳам мавжуд:
فقال الحجاج بن أرطاة لم يسمع من عبد الجبار بن وائل وعبد الجبار لم يسمع من أبيه ولد بعد موت أبيه 
Ҳажжож ибн Артаа Абдулжаббор ибн Воилдан ҳадис эшитмаган. Абдулжаббор эса ўз отасидан ҳадис эшитмаган. У отаси вафотидан сўнг туғилган" (Имом Термизий. ал-Илал ал-кабир. – Байрут: Олам ал-кутуб, 1989. – Б. 235).
Имом Термизий (р.ҳ.) мазкур гапни Имом Бухорий (р.ҳ.)дан эшитганини ҳам алоҳида қайд қилган. Демак, негадир Имом Бухорий (р.ҳ.) Алқама билан унинг укаси Абдулжабборни янглиштириб юборган.
Айрим ҳадисшунослар ҳатто Абдулжаббор ибн Воил (р.ҳ.)ни ўз отаси ҳаётлигида туғилганини қайд қилганлар. Чунки, саҳиҳ ривоятларда Абдулжаббор ибн Воил (р.ҳ.)нинг: كُنْتُ غُلاَمًا لاَ أَعْقِلُ صَلاَةَ أَبِى – "Мен отамнинг намозига ақлим етмайдиган даражадаги бола эдим" дегани нақл қилинган (Абу Довуд, 1/723; Табароний, 22/61; Ибн Ҳиббон, 5/1862; Ибн Хузайма, 2/905; Таҳовий, 1/1534). Ҳатто бу ривоятни Албоний ҳам саҳиҳ деган.
Агар Абдулжаббор ибн Воил (р.ҳ.) отаси вафотидан олдин таваллуд қилган бўлса, ундан катта Алқама ибн Воил (р.ҳ.) отасидан ҳадис эшитгани аниқ бўлади. Буни Имом Термизий (р.ҳ.)нинг ўзи ҳам тан олганини қайд қилдик. Шунинг учун ҳам у мазкур тўртинчи эътирозни "ал-Жомеъ ас-сунан"да келтирган эмас.
Имом Насоий (р.ҳ.) ҳам Алқама (р.ҳ.)нинг ўз отасидан ҳадис эшитганини бир ҳадис иснодида бу тариқада келтириб ўтган:
أخبرنا سويد بن نصر قال أنبأ عبد الله عن قيس بن سليم العنبري قال حدثني علقمة بن وائل قال حدثني أبي
"Бизга Сувайд ибн Наср хабар бериб деди: бизга Абдуллоҳ Қайс ибн Сулайм ал-Анбарийдан хабар етказиб деди: менга Алқама ибн Воил ҳадис айтди. У менга отам ҳадис айтди, деган" (Насоий, 1/642).
Бу ерда Алқама (р.ҳ.) ўз отасидан ҳадис эшитганини: "отам менга ҳадис айтди" деб аниқ ва очиқ баён қилган. Ибн Ҳиббон (р.ҳ.) ҳам "Алқама ибн Воил ўз отаси Воил ибн Ҳужр (р.а.)дан ҳадис айтади" деб ҳадис иснодида келтирган (Ибн Ҳиббон, 4/1390). Бу эътирофлар эса ҳадис симоъси аниқ собит бўлган вақтдагина тилга чиқади. Шунинг учун ҳам Насоий (р.ҳ.) келтирган ушбу исноддаги ҳадисни Имом Бухорий (р.ҳ.) ўзининг "Рафъ ал-йадайн" рисоласида зикр қилган (Қаранг: Имом Бухорий. Рафъ ал-йадайн фи-с-солат. – Байрут: Дор Ибн Ҳазм, 1996. – Б. 44 (1/28) ва 103 (1/93)). Ҳатто Имом Бухорий (р.ҳ.) мазкур асарида Амр ибн Мурра (р.а.)нинг бундай деганини ривоят қилган:
عمرو بن مرة قال : دخلت مسجد حضرموت فإذا علقمة بن وائل يحدث عن أبيه
"Ҳазрамавт масжидига кирган эдим, унда Алқама ибн Воил ўз отасидан ҳадис айтаётган экан" ((Қаранг: Имом Бухорий. Рафъ ал-йадайн фи-с-солат. – Байрут: Дор Ибн Ҳазм, 1996. – Б. 61 (1/49)).
Юқоридаги эътирозларга жавобан ҳадисшунос Яҳё ибн ал-Қаттон (р.ҳ.) бундай деган: "Бу ерда Шўъба ва Суфён ихтилоф қилди. Шўъба: "паст айтади" деди. Ас-Саврий эса: "баланд айтади" деди. Шўъба "Ҳужр Абу-л-Анбас" деди, ас-Саврий эса "Ҳужр ибн Анбас" деди. Ал-Бухорий ва Абу Зуръа Суфённинг гапини тўғри деб ҳисоблашди. Мен икки гапни ҳам тўғри деб ҳисобламаганларини ҳеч тушунмайман! Ахир Ҳужр ибн Анбас у Абу-л-Анбас-ку?!" (Зафар Аҳмад ал-Усмоний ат-Таҳонавий. Эъло ус-сунан. 2-жилд. – Байрут: Дор ал-фикр, 2001. – Б. 745).

Абдулжаббор ибн Воил (р.ҳ.) ҳам "Омин" ҳақида ҳадис айтганми?
● Абдулжаббор ибн Воил (р.ҳ.) ҳам ўз акаси Алқама (р.ҳ.) воситаси ила отасидан ҳадислар ривоят қилган. Шу жумладан, "Омин" ҳақидаги ҳадисларни ҳам. Қизиғи, уларда "Омин"ни махфий айтилилишига ишоралар мавжуд:
1) Абу Исҳоқ (р.ҳ.) тариқи билан Имом Насоий (р.ҳ.) ривояти келтирилган:
فَلَمَّا قَرَأَ (غَيْرِ الْمَغْضُوبِ عَلَيْهِمْ وَلاَ الضَّالِّينَ) قَالَ «آمِينَ». فَسَمِعْتُهُ وَأَنَا خَلْفَه
"Қачон "ғойри-л-мағзуби ъалайҳим ва ла-з-золлийн"ни ўқигандилар, "Омин" дедилар. Мен уни орқасида турган ҳолимда эшитгандим" (Насоий, 1/932).
Ровий Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг айнан орқаларида тургани учун унинг "Омин" айтганларини эшитганини таъкидламоқда.
2) Абу Исҳоқ (р.ҳ.) тариқи билан келган ҳадис Имом Аҳмад (р.ҳ.) ривоятида қуйидагича:
وصليت خلفه فقرأ { غير المغضوب عليهم ولا الضالين } فقال آمين يجهر
"Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг орқаларида намоз ўқидим. "Қачон "ғойри-л-мағзуби ъалайҳим ва ла-з-золлийн"ни ўқигандилар, ошкора қилиб "Омин" дедилар (Аҳмад, 4/18893; Табароний, 22/31).
3) Имом Аҳмад (р.ҳ.)нинг Абдулжаббор (р.ҳ.) томонидан қилган ривояти эса қуйидагича:
حدثنا الحجاج عن عبد الجبار عن أبيه انه سمع النبي صلى الله عليه و سلم يقول آمين
Абдулжабборнинг отаси Воил ибн Ҳужр (р.а.) Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг "Омин" деганини эшитган (Аҳмад, 4/18861).
Айни ҳадиси шариф маъноси Осим ибн Кулайб (р.ҳ.) томонидан отаси орқали қилган ривоятида ҳам таъкидланган (Аҳмад, 4/18888).
4) Ибн Можжа ривоятида эса бу тариқада келтирилган:
صليت مع النبي صلى الله عليه وسلم . فلما قال "ولا الضالين"قال " آمين". فسمعناها
"Расулуллоҳ (с.а.в.) билан бирга намоз ўқидик, "ва ла-з-золлийн"ни айтганида, "Омин" дедилар. Биз уни эшитдик" (Ибн Можжа, 1/855).
Юқоридаги ривоятлардан Расулуллоҳ (с.а.в.) одатда "Омин"ни махфий айтардилар-у, меҳмонлар келиб қолгани боис, уни салгина овоз чиқариб айтганлари келганларга ноодатий иш сифатида туюлиб, уни ривоятда алоҳида қайд қилишларига сабаб бўлган.

Нима учун Суфён (р.ҳ.)нинг ривояти устун ҳисобланган? 
● "Омин"ни ошкора айтиш афзал дейдиган тараф Суфён ас-Саврий (р.ҳ.) тариқида келган ривоятни асл-асос сифатида олиб, уни таржеҳ қилганларига бир неча сабаблар бор. Уларни ўрганиб чиқилганда, асосан тўртта сабабга кўра таржеҳ қилинганига гувоҳ бўламиз:
- Суфён ас-Саврий (р.ҳ.) тариқида келган ривоятни қўллайдиган мутобеълари бор;
- Имом Байҳақий (р.ҳ.) нақлига кўра Шўъба (р.ҳ.)нинг ҳадиси Суфён ас-Саврий (р.ҳ.) ривоятига мувофиқ келади;
- "Омин"ни биринчи саф эшитгани, ундан масжид титрагани ҳақида ривоятлар бор;
- Суфён ас-Саврий (р.ҳ.) Шўъба (р.ҳ.)дан кўра зеҳн (ҳифз)лироқ бўлган.

Суфён ас-Саврий (р.ҳ.) ривоятининг мутобеълари ишончлими?
1) Суфён ас-Саврий (р.ҳ.) тариқида келган ривоятни қўллайдиган мутобеълари бор. Улардан бирини Имом Термизий (р.ҳ.) келтириб ўтган:
قال أبو عيسى حدثنا أبو بكر محمد بن أبان حدثنا عبد الله بن نمير حدثنا العلاء بن صالح الأسدي عن سلمة بن كهيل عن حجر بن عنبس عن وائل بن حجر عن النبي صلى الله عليه وسلم نحو حديث سفيان عن سلمة بن كهيل
"Бизга Абу Бакр Муҳаммад ибн Абон ҳадис айтди, у бизга Абдуллоҳ ибн Нумайр ҳадис айтди, деди. У эса бизга Ало ибн Солиҳ ал-Асадийдан ҳадис айтди, деди. (Бу ривоят) Салама ибн Куҳайлдан, у эса Ҳужр ибн Анбасдан, у эса Воил ибн Ҳужр (р.а.)дан, у Расулуллоҳ (с.а.в.)дан бўлиб, Суфённинг Салама ибн Куҳайлдан қилган ҳадисига ўхшашдир" (Термизий, 1/249 ҳадис остида).
Бироқ, Ало ибн Солиҳ ал-Асадий муҳаддис ва ҳадисшунослар иттифоқига кўра заиф ровий ҳисобланади. Имом аз-Заҳабий (р.ҳ.) "Мезон ал-эътидол" асарида Ибн ал-Мадиний (р.ҳ.)нинг "У мункар ҳадисларни ривоят қилади" деганини келтирган. "ат-Тақриб ат-тақриб"да эса "У тўғри сўз бўлса-да, ваҳм-янглишлари кўпдир" дейилган (Имом Заҳабий. Мезон ал-эътидол. 5-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1995. – Б. 125).
Демак, унинг мутобеълигининг эътибори йўқ.
Шунингдек, Суфён ас-Саврий (р.ҳ.) тариқида келган ривоятни қўллайдиган мутобеълардан яна иккиси Муҳаммад ибн Салама ибн Куҳайл (р.ҳ.) ва Али ибн Солиҳ (р.ҳ.) каби ровийлар томонидан етиб келган. Бироқ, Муҳаммад ибн Салама (р.ҳ.) ниҳоят даражадаги заиф ровийдир. Имом Заҳабий (р.ҳ.) у ҳақида айтиб ўтган, Жузжоний (р.ҳ.) ҳам шундай деган.
Айнан Суфён ас-Саврий (р.ҳ.) тариқида келган ривоятни қўллаб келган мутобеъ ривоятлардан яна бирини Али ибн Солиҳ (р.ҳ.) деган ровий томонидан муҳаддис Абу Довуд (р.ҳ.) зикр қилган:
حدثنا مخلد بن خالد الشعيري ثنا ابن نمير ثنا علي بن صالح عن سلمة بن كهيل عن حجر بن عنبس عن وائل بن حجر 
"Бизга Мухаллад ибн Холид аш-Шуъайрий ҳадис айтиб деди. У бизга Ибн Нумайр ҳадис айтди, деди. У бизга Али ибн Солиҳ ҳадис айтди, деди. У Салама ибн Куҳайлдан, у эса Ҳужр ибн Анбасдан, у эса Воил ибн Ҳужр (р.а.)дан (ривоят қилган)" (Абу Довуд, 1/933).
Гарчи Али ибн Солиҳ (р.ҳ.) ишончли ровий бўлса-да, бироқ, бу ерда хатолик ўтгани аниқланган. Ибн Ҳажар ал-Асқалоний "Таҳзиб ат-таҳзиб" асарида бу ерда ровий номини Али ибн Солиҳ (р.ҳ.) деб берилиши котибдан ёки кейинги ровийлардан хатолик ўтган, деган маънода: وسماه أبو داود في روايته علي بن صالح وهو وهم – "Абу Довуд ўз ривоятида уни Али ибн Солиҳ деб номлаган. Ҳолбуки, бу янглишдир!" деб қайд қилади (Таҳзиб ат-таҳзиб, 7/331). Чунки, бу ердаги Али ибн Солиҳ (р.ҳ.) аслида заиф ровий бўлмиш Ало ибн Солиҳ (р.ҳ.) эди. Котиб ёки бирорта ровий Ало (علاء )ни Али (على ) қилиб қўйган. Бу гапга далил қани?
Аллома Ниймавий (р.ҳ.) "Асор ас-сунан"да мазкур мутобеънинг учта тариқини келтиради. Имом Термизий (р.ҳ.) ва Абу Довуд (р.ҳ.) тариқи келтирилди. Учинчиси, Ибн Абу Шайба (р.ҳ.) томонидан Имом Термизий (р.ҳ.) тариқида келтирилганидек Ибн Нумайр→Ало ибн Солиҳ→Салама ибн Куҳайл→Ҳужр ибн Анбас→Воил ибн Ҳужр (р.а.) каби келтирилган (Ибн Абу Шайба, 1/3047).
Юқоридаги учта мутобеъга эътибор берсак, исноднинг мадори Али ибн Солиҳ (р.ҳ.) ёки Ало ибн Солиҳ (р.ҳ.) эмас, балки Абдуллоҳ ибн Нумайр (р.ҳ.) бўлаётгани маълум бўлади. Имом Термизий (р.ҳ.) ва Ибн Абу Шайба (р.ҳ.) келтирган иккита мутобеъда Абдуллоҳ ибн Нумайр (р.ҳ.)нинг устози Ало ибн Солиҳ (р.ҳ.) бўлмоқда. Имом Абу Довуд (р.ҳ.) мутобеъсида эса Али ибн Солиҳ (р.ҳ.) дейилмоқда. Ибн Нумайр (р.ҳ.)нинг учта шогирди бўлган: Абу Бакр Муҳаммад ибн Абон (р.ҳ.) ва Абу Бакр ибн Абу Шайба (р.ҳ.) ҳамда учинчиси Мухаллад ибн Холид аш-Шуъайрий (р.ҳ.). Охирги битта шогирд устозининг устози номини Али ибн Солиҳ (р.ҳ.) демоқда. Ҳадисшуносларнинг қайд қилишларидан маълум бўладики, аввалги икки шогирд учинчи шогирд бўлмиш Мухаллад ибн Холид аш-Шуъайрий (р.ҳ.)га нисбатан зеҳнлироқ (аҳфаз) бўлган. Демак, икковининг ривояти Мухаллад ибн Холид аш-Шуъайрий (р.ҳ.) ривоятидан кўра устун (рожеҳ)роқ бўлади. Шунинг учун бўлса керак, шофиъий мазҳабида бўлган Имом Байҳақий (р.ҳ.) мазкур ҳадиснинг мутобеъларини зикр қилар экан, фақат Муҳаммад ибн Салама ибн Куҳайл (р.ҳ.) ва Ало ибн Солиҳ (р.ҳ.) тариқларини келтира олган, холос (2/2275).
Демак, келтирилган мутобеълар заиф бўлгани боис Суфён (р.ҳ.) ривоятини Шўъба (р.ҳ.) ривоятига нисбатан кучлироқ ва устунроқ эканини исботлай олмайди.

Шўъба (р.ҳ.) ривоятини Байҳақий (р.ҳ.) нима учун бошқача 
иборалар билан келтирган?
2) Суфён ас-Саврий (р.ҳ.) тариқида келган ривоятнинг таржеҳ қилинишига яна бир сабаб Шўъба (р.ҳ.) ривоятини Имом Байҳақий (р.ҳ.) қуйидагича: Шўъба→Салама ибн Куҳайл→Ҳужр Абу Анбас→Воил ал-Ҳазрамий (р.а.) тариқида келтирган ва ҳадис матнини бундай деган:
أَنَّهُ صَلَّى خَلْفَ النَّبِىِّ -صلى الله عليه وسلم- فَلَمَّا قَالَ (وَلاَ الضَّالِّينَ) قَالَ :« آمِينَ ». رَافِعًا بِهَا صَوْتَهُ 
Воил ибн Ҳужр (р.а.) Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг орқаларида намоз ўқиган. Ул зоти шариф "... ва ла-з-золлийн" дедилар ва "Омин" дедилар. У билан овозлари кўтарилган ҳолда бўлди" (Байҳақий, 2/2548).
Шунингдек, Имом Байҳақий (р.ҳ.) "Маърифат ас-сунан" асарида Шурайк→Абу Исҳоқ→Алқама ибн Воил→Воил ибн Ҳужр (р.а.) ва Зуҳайр ибн Муовия→Абу Исҳоқ→Абдулжаббор ибн Воил→Воил ибн Ҳужр (р.а.) исноди билан мутобеъларини ҳам келтирган. Унда يجهر بآمين – "Оминни ошкора айтади" ибораси қўлланган (2/799).
Аллома Ниймавий (р.ҳ.) "Асор ас-сунан"да бунга жавоб бериб, ушбу тариқни шозз эканини билдириб ўтган. Чунки, Шўъба (р.ҳ.)нинг ривояти тариқлари жуда кўп, бирортасида رَافِعًا بِهَا صَوْتَهُ – "У билан овозлари кўтарилган ҳолда бўлди" деган ибора учрамайди. Сиқа-ишончли ровий бошқа бир неча сиқа-ишончли ровийларга мухолафат қилса, унинг ривояти шозз деб топилади. Демак, шозз бўлган ривоят тариқи Шўъба (р.ҳ.)нинг асл-асос қилиб олинган тариқига қарши тура олмайди.
Боз устига, уларни шофиъий мазҳабга мансуб Имом Байҳақий (р.ҳ.) ривоят қилган!

"Омин" айтилганида масжид титрагани ростми?
3) Суфён ас-Саврий (р.ҳ.) тариқида келган ривоятнинг таржеҳ қилинишига учинчи сабаб уни қувватлайдиган Абу Ҳурайра (р.а.) томонидан қилинган ривоят мавжуд. Уни муҳаддислардан Ибн Можжа (р.ҳ.) ривоят қилган:
عن أبى هريرة ، قال : ترك الناس التأمين . وكان رسول الله صلى الله عليه وسلم إذا قال "غير المغضوب عليهم ولا الضالين " قال " آمين " حتى يسمعها أهل الصف الاول . فيرتج بها المسجد 
"Одамлар "Омин" айтишни тарк қилдилар. Расулуллоҳ (с.а.в.) қачон "ғойри-л-мағзуби ъалайҳим ва ла-з-золлийн" деганларида, "Омин" дердилар. Ҳатто уни биринчи саф эшитарди. У билан масжид титраб кетарди" (Ибн Можжа, 1/853).
Ушбу ҳадис иснодида Бишр ибн Рофеъ (р.ҳ.) бўлиб, у муҳаддис ва ҳадисшунослар иттифоқига кўра заиф ровийдир. Имом аз-Зайлаъий (р.ҳ.) айтишича, уни Имом Бухорий (р.ҳ.), Имом Термизий (р.ҳ.), Имом Насоий (р.ҳ.), Имом Аҳмад (р.ҳ.) ва Ибн Муин (р.ҳ.) кабилар уни заиф деган бўлса, Ибн Ҳиббон (р.ҳ.) унинг мавзуъ ҳадислар ривоят қилишини аниқлаган. Аллома Ниймавий ўз асарида Ибн Абдулбаррнинг бу борадаги фикрини келтирган: "Уламолар унинг ҳадисини инкор қилишга иттифоқ қилганлар...." Шунингдек, ҳадис иснодида Абу Абдуллоҳ деган ровий ҳам бор бўлиб, унинг танилмаган номаълум шахс экани қайд қилинган.

Шўъба (р.ҳ.) ким бўлган ўзи?!
4) Суфён ас-Саврий (р.ҳ.) Шўъба (р.ҳ.)дан кўра зеҳнлироқдир. Буни Шўъба (р.ҳ.)нинг ўзи ҳам айтган. Бу нарса эса Суфён ас-Саврий (р.ҳ.)нинг устунлигига сабаб бўла олади. Шўъба (р.ҳ.): "Суфён мендан кўра зеҳнлироқ!" дегани манбаларда такрор-такрор қайд қилиниб келади, деган эътироз бор.
Шўъба (р.ҳ.)нинг: "Суфён мендан кўра ҳифзлироқ!" дегани тўғри, бироқ, Суфён ас-Саврий (р.ҳ.)нинг ривояти уникидан кучлироқ эканини исботлай олмайди. Чунки, Шўъба (р.ҳ.) бу гапни уни ниҳоятда ҳурмат қилганидан, ўзини эса камтар тутганидан келиб чиқиб айтган бўлиши мумкин. Суфён ас-Саврий (р.ҳ.)нинг ўзи уни "Ҳадис илмида мўъминлар амири!" деган. Суфён ас-Саврий (р.ҳ.) Шўъба (р.ҳ.)ни устоз деб ҳурмат билан тилга олар эди (Имом Заҳабий. Тазкират ал-ҳуффоз. 1-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1955. – Б. 193-196).
Аслида, манбаларда бу икки ровий ҳақида турли-туман тавсифлар келтирилган. "Суфён ас-Саврий (р.ҳ.) Шўъба (р.ҳ.)дан кўра ҳифзлироқ" деган гапга ҳамма ижмоъ қилган эмас. Чунки, Имом Заҳабий (р.ҳ.)нинг "Тазкират ал-ҳуффоз" асаридаги қуйидаги тавсифларга кўз югиртиришнинг ўзи кифоя қилади:
Имом Шофиъий (р.ҳ.) бундай деган: "Агар Шўъба бўлмаганида эди, Ироқ халқи ҳадисни билмай қоларди".
Аҳмад ибн Ҳанбал (р.ҳ.) бундай деган:
شعبة اثبت فى الحكم من الأعمش و أعلم بحديث الحكم و لو لا شعبة ذهب حديث الحكم و شعبة أحسن حديثا من الثورى لم يكن فى زمن شعبة مثله فى الحديث و لا أحسن حديثا منه
"Шўъба ҳукмий ҳадисларда Аъмашдан кўра мустаҳкамроқ ва ҳукм ҳадисларини билгувчироқдир. Агар Шўъба бўлмаганда эди, ҳукм ҳадислар йўқ бўлиб кетарди. Шўъба Суфён ас-Саврийдан ҳам кўра ҳадисни чиройли билгувчироқ эди. Шўъбанинг замонасида ҳадисда унга ўхшагани ва ҳадис борасида ундан гўзалроғи бўлмаган".
Абдуллоҳ ибн Аҳмад (р.ҳ.)нинг ўз отаси Аҳмад ибн Ҳанбал (р.ҳ.)дан бундай дегани ривоят қилинган:
كان شعبة أمة وحده فى هذا الشأن يعنى فى الرجال و بصره بالحديث و تثبته و تنقيته للرجال
"Шўъба ҳадис ровийлари борасида умматнинг ягонаси эди. Ҳадисга кўзи ўткир, мустаҳкам ва ровийларни аниқлашда якто эди!".
Муҳаммад ибн ал-Аббос ан-Насоий (р.ҳ.) Абу Абдуллоҳ Аҳмад ибн Ҳанбал (р.ҳ.)дан: من أثبت شعبة او سفيان؟ - "Ҳадисда Шўъба мустаҳкамроқми ёки Суфёнми?" деб сўрадим, деган. Абу Абдуллоҳ бундай жавоб берган:
كان سفيان رجلا حافظا و كان رجلا صالحا و كان شعبة أثبت منه و أتقى رجلا
"Суфён ҳофиз ва солиҳ кимса бўлган. Шўъба эса ундан кўра ҳадисда мустаҳкамроқ ва тақволироқ кимса бўлган".
Ҳадисшунос Ҳаммод ибн Зайд (р.ҳ.) эса бундай деган:
ما أبالى من خالفنى اذا وافقنى شعبة فاذا خالفنى شعبة فى شئ تركته
"Шўъба менга мувофиқ ҳадис айтганида, менга хилоф бўлган кимсага парво ҳам қилмайман. Агар Шўъба менга бирор нарсада хилоф бўлса, ўша нарсани тарк қиламан!".
Яна Ҳаммод ибн Зайд (р.ҳ.) бундай деган:
اذا خالفنى شعبة تبعته لانه كان لا يرضى ان يسمع الحديث عشرين مرّة و أنا أرضى أن أسمعه مرّة
"Агар Шўъба менга хилоф қилса, мен Шўъбага эргашар эдим. Чунки, ҳадисни йигирма мартадан эшитмасдан рози бўлмасди. Мен бўлсам, уни бир марта эшитсам, рози бўлиб кетаверардим".
Муҳаддис Абу Довуд (р.ҳ.)га: "Шўъба Суфёндан кўра ҳадисда яхшироқми?" дейилганда, у бундай деб жавоб берган: "Дунёда Шўъбадан кўра ҳадисда яхшироқ кимса бўлмаган. Молик уни кам билганидан "аз-Зуҳрий ҳадисда одамларнинг энг яхшиси" деган. Шўъба зарар қилмайдиган ўринларда хатоликка йўл қўяр эди. Номлар борасида уни айблаб бўлмайди".
Ҳадисшунос Яҳё ибн Саид (р.ҳ.) ва Ибн ал-Мадиний (р.ҳ.) бундай деган:
قال على: قلت ليحيى: أيهما كان أحفظ للأحاديث الطوال سفيان او شعبة؟ قال كان شعبة أمر فيها
"Шўъба "фалончи фалончидан" деган ровийларнинг энг билимдони эди. Суфён эса боблар соҳиби эди".
Имом Дорақутний (р.ҳ.) "ал-Илал" асарида бундай деган:
كان شعبة يخطئ فى اسماء الرجال كثيرا لتشاغله بحفظ المتون
"Шўъба ровийларнинг исмлари борасида кўпинча хато қилиб турарди, бу унинг матнларни ёдлашга машғул бўлганидан эди". (Ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Ат-Таҳзиб ат-таҳзиб. 4-жилд. – Ҳайдаробод ад-Дакан: Матбаа мажлис доират ал-маориф, 1325. – Б. 345-346).
Юқоридаги эътирофлардан Шўъба (р.ҳ.) Суфён ас-Саврий (р.ҳ.)дан кўра ҳадисда мустаҳкамроқ экани маълум бўлади. Тўғри, у исмлар борасида янглишиб турган, ҳадис матнларида асло янглишмаган. Юқорида кўрдикки, Шўъба ушбу ҳадисда исмлар борасида ҳам янглишмаган экан.

Нима учун Шўъба (р.ҳ.)нинг ривояти устун саналган?
● "Омин"ни махфий айтиш афзал дейдиган тараф Шўъба (р.ҳ.)нинг тариқидаги ривоятни асл-асос деб таржеҳ қилишларига ҳам бир қанча сабаблар кўрсатганлар.
- Суфён ас-Саврий (р.ҳ.) тадлис қилувчи (устоз ровийларни яшириш ёки улардан аниқ ҳадис эшитганини қайд қилмаслик ҳолати) ровийлардан ҳисобланади;
- Суфён ас-Саврий (р.ҳ.)нинг ўзи амалиётда ҳанафийлар каби "Омин"ни махфий айтади;
- "Омин" дуо бўлгани боис махфий айтиш Қуръон оятларига мувофиқдир;
- Шўъба (р.ҳ.) ривоятини қувватлайдиган Абу Ҳурайра (р.а.)нинг ҳадиси бор;
- Икки сакта ҳақидаги ҳадислар Шўъба (р.ҳ.) ривоятини қувватлайди;
- Шўъба (р.ҳ.) ривоятини қабул қилсак, Суфён ас-Саврий (р.ҳ.) ривоятини бутунлай тарк қилмасдан таъвил қилиш имконияти бор бўлади. Акс ҳолда, Шўъба (р.ҳ.) ривоятини бутунлай тарк қилиш керак;
- "Омин"ни ошкора айтилгани таълим учун эди. Расулуллоҳ (с.а.в.) уни одамларга ўргатиш мақсадида ошкора айтгандилар;
- Фақиҳ, олим ва кўп ривоят қилган саҳобалар Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг "Омин"ни ошкора айтганлари ҳақида ривоят қилмаганлар;
- Буюк саҳоба ва улуғ тобеъинлар "Омин"ни ошкора айтмаганлар.

Суфён (р.ҳ.) ва Шўъба (р.ҳ.)нинг тадлисга муносабатлари қандай?
1) Суфён ас-Саврий (р.ҳ.) гарчи буюк зот бўлса ҳам, бироқ, кўпинча ҳадис иснодида тадлис қилар эди. Тадлис бирорта ровийнинг ўз устози номини атайин айтмаслиги ёки бирорта ҳадис устозидан аниқ ҳадис эшиганини ҳадисшуносликда тан олинган аниқ ва ошкора иборалар билан айтмасдан буни яширишидир. Суфён ас-Саврий (р.ҳ.) ҳақида "ат-Тақриб"да و كان ربّما دلّس – "Гоҳида у тадлис қилиб турарди" дейилган (Ибн Ҳажар Асқалоний. Тақриб ат-Таҳзиб. – Байрут: Дор ал-қалам, 1991. – Б. 244). Эътибор берилса, унинг ушбу ривояти ҳам анъана (ъан фалон, ъан фалон) тарзида келтирилган.
Шўъба (р.ҳ.) эса унга қарши ўлароқ: "Тадлис зинодан ҳам оғирроқ гуноҳ!" деб биларди. Яна у бундай деган:
لأن أخرّ (أقتطع) من السماء احبّ الىّ من ان أدلس
"Тадлис қилганимдан кўра самодан ташлаб юборилганим менга яхшироқдир!" (Имом Заҳабий. Тазкират ал-ҳуффоз. 1-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1955. – Б. 193-196).
Шўъба (р.ҳ.) заифлардан ҳам, сиқалардан ҳам асло тадлисга йўл қўймас эди. У ҳақида Ибн ас-Салоҳ ўзининг ҳадис истилоҳларига бағишланган машҳур асари "Муқаддима"да буларни ёзиб қолдирган:
فمكروه جدا ذمه أكثر العلماء وكان شعبة من أشدهم ذما له . فروينا عن الشافعي الإمام رضي الله عنه أنه قال : التدليس أخو الكذب . وروينا عنه أنه قال : لأن أزني أحب إلي من أن أدلس . وهذا من شعبة إفراط محمول على المبالغة في الزجر عنه والتنفير 
"Тадлиснинг бир тури уни кўпчилик олимлар жуда ҳам ёмонлаганидир. Уни ёмонлашда энг ашаддийси Шўъба бўлган. Имом аш-Шофиъийдан ривоят қилишимизча, у Шўъбанинг бундай деганини айтган: "Тадлис ёлғоннинг шеригидир". Шўъбанинг ўзидан ҳам ривоят қилганмиз: У: "Зино қилганим тадлис қилганимдан яхшироқ" деган. Бу Шўъбанинг тадлис борасидаги муболағали ҳаддан ортиқ гаплари бошқаларга танбеҳ бериш ва тадлисдан нафратланиш сабабидан эди" (Ибн ас-Салоҳ. Муқаддима. – Қоҳира: Дор ал-маориф, 1989. – Б. 233-234).
Эътибор берилса, Шўъбанинг ривоятлари Имом Аҳмад (р.ҳ.), Таёлусий (р.ҳ.) ва Дорақутний (р.ҳ.) кабилар нақлида таҳдис йўлига кўра ривоят қилинган.

Суфён ас-Саврий (р.ҳ.)нинг ўзи "Омин"ни қандай айтган?
2) Суфён ас-Саврий (р.ҳ.)ни гарчи "Омин"ни ошкора айтиш кераклиги ҳақидаги ҳадис ровийси сифатида таништирилган бўлса-да, аслида у амалиётда ҳанафийлар каби "Омин"ни махфий айтган-ку?! У ўз илмига амал қилмаган бўлиб чиқадими ёки ўзи ривоят қилган ҳадисни ҳанафийлар каби тушунганми?! Албатта, салафи солиҳ тўғрисида яхши гумон қилиб, ҳадиснинг таъвили ҳанафийлар тушунгандек эканини тан олган яхшироқ бўлади.
Суфён ас-Саврий (р.ҳ.)нинг ўзи амалда "Омин"ни махфий айтгани жуда катта далил ҳисобланади!

"Омин" дуоми?
3) "Омин"нинг маъносидан унинг дуо экани маълум бўлади. Ато ибн Абу Рабоҳ (р.ҳ.)нинг "Омин" дуодир!" деган гапини Имом Бухорий (р.ҳ.) ўзининг саҳиҳ ҳадислар тўпламида ривоят қилган. Юқорида Мусо (а.с.) дуо қилсалар, Ҳорун (а.с.) "Омин" деб турганлари ҳақидаги ҳадисларни келтирилган эди. Аллоҳ таоло бу икки ака-ука пайғамбарларга мусулмонлар учун уй-жой тайёрлаб, унда қиблани тўғрилаб, ибодат қилишга буюради. Булар ибодат асносида дуо қилганлар. Аллоҳ таоло бу икки пайғамбарнинг дуоси ва "Омин"ини дуо сифатида қабул қилганини зикр қилган:
قَالَ قَدْ أُجِيبَت دَّعْوَتُكُمَا فَاسْتَقِيمَا وَلاَ تَتَّبِعَآنِّ سَبِيلَ الَّذِينَ لاَ يَعْلَمُونَ {89}
"(Аллоҳдеди: "Дуоларингиз ижобат бўлди. Энди тўғри йўлда собит бўлинглар ва ҳатто ҳаргиз билмайдиган кимсаларнинг йўлига эргашманглар!" (Юнус, 89).
Қуръонда Аллоҳга дуо қилишнинг ҳаммаси махфий бўлиши таъкидланган. Бу борада Шўъба (р.ҳ.)нинг ривояти Қуръони карим оятлари мазмуни ва ҳукмига мувофиқдир:
– "Аъроф" сурасида келган ушбу оятга эътибор беринг:
ادْعُواْ رَبَّكُمْ تَضَرُّعاً وَخُفْيَةً إِنَّهُ لاَ يُحِبُّ الْمُعْتَدِينَ {55}
"Роббингизга тазарруъ ва махфий дуо қилинг. Зотан, У ҳаддан ошувчиларни севмас" (Аъроф, 55).
– "Анъом" сурасида келган ушбу оятга ҳам эътибор беринг:
قُلْ مَن يُنَجِّيكُم مِّن ظُلُمَاتِ الْبَرِّ وَالْبَحْرِ تَدْعُونَهُ تَضَرُّعاً وَخُفْيَةً لَّئِنْ أَنجَانَا مِنْ هَـذِهِ لَنَكُونَنَّ مِنَ الشَّاكِرِينَ {63} 
"Сизни қуруқлигу денгизнинг зулматларидан қутқарадиган ким? Унга тазарруъ қилган ҳолда ва махфий ҳолда, агар мана шундан бизни қутқарса, албатта шукр қилувчилардан бўлар эдик, дейдиганингиз ким?" – деб айт" (Анъом, 63).
– Яна "Аъроф" сурасида келган ушбу икки оятга эътибор беринг:
وَإِذَا قُرِئَ الْقُرْآنُ فَاسْتَمِعُواْ لَهُ وَأَنصِتُواْ لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُونَ {204} وَاذْكُر رَّبَّكَ فِي نَفْسِكَ تَضَرُّعاً وَخِيفَةً وَدُونَ الْجَهْرِ مِنَ الْقَوْلِ بِالْغُدُوّ وَالآصَالِ وَلاَ تَكُن مِّنَ الْغَافِلِينَ {205} 
"Қуръон тиловат қилганда, уни тингланглар ва жим туринглар, шояд, раҳматга эришсангиз. Роббингни эртаю кеч ичингда тазарруъ-ла, қўрқиб, овоз чиқариб гапирмай зикр қил ва ғофиллардан бўлма" (Аъроф, 204-205).
"Омин" дуо ва зикр бўлгани боис юқоридаги оятлар мазмунидан уни махфий айтишнинг афзаллиги келиб чиқади. Билакс, Аллоҳга дуо эмас, одамларга қилинадиган даъват маъносидаги дуо ошкора қилиниши тавсиф қилинган:
ثُمَّ إِنِّي دَعَوْتُهُمْ جِهَاراً {8}
"Сўнгра, албатта, мен уларни жаҳрий даъват қилдим" (Нуҳ, 8).
"Омин" сўзи дуонинг мустажоб бўлиши сўралган талаб бўлиб, унинг махфий бўлиши Қуръон маъноларига мувофиқ келади. Иккинчидан, "Омин" сўзи "Аъузу биллоҳи мин аш-шайтони-р-рожим"дан яхшироқ эмас. Зотан, Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай деб буюрган:
فَإِذَا قَرَأْتَ الْقُرْآنَ فَاسْتَعِذْ بِاللّهِ مِنَ الشَّيْطَانِ الرَّجِيمِ {98}
"Қуръон ўқиган чоғингда, Аллоҳдан қувилган шайтон (шарри)дан паноҳ сўрагин" (Наҳл, 98).
Шундай бўлса-да, "Аъузу биллоҳи мин аш-шайтони-р-рожим" намозда махфий айтилади. Расулуллоҳ (с.а.в.)дан ҳам, саҳобалардан ҳам уни ошкора ўқиганликлари ҳақида ривоят мутлақо йўқ. "Омин" сўзи эса Қуръондан эмас, ҳатто арабча сўз ҳам эмас. Шундай экан, агар уни "Сураи Фотиҳа" билан замсуранинг орасида ошкора айтиладиган бўлса, асли Қуръонданмикин, деган иккиланиш юзага келиб қолиши мумкин. Бинобарин, уни махфий айтиш қиёсга мувофиқроқ бўлади.
Абу Ҳурайра (р.а.)нинг ҳадислари Шўъба (р.ҳ.) ривоятини қувватлайдими?
4) Шўъба (р.ҳ.)нинг ривоятини қувватлайдиган далилни Абу Ҳурайра (р.а.)нинг ривоятидан ҳам топиш мумкин:
أَنَّ النَّبِىَّ -صلى الله عليه وسلم- قَالَ « إِذَا قَالَ الإِمَامُ (غَيْرِ الْمَغْضُوبِ عَلَيْهِمْ وَلاَ الضَّالِّينَ) فَقُولُوا «آمِينَ». فَإِنَّهُ مَنْ وَافَقَ قَوْلُهُ قَوْلَ الْمَلاَئِكَةِ غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِه
"Пайғамбар (с.а.в.) марҳамат қилдилар: "Қачон имом "ғойри-л-мағзуби ъалайҳим ва ла-з-золлийн" деса, сизлар "Омин" денглар. Зотан, кимнинг "Омин"и фаришталарнинг айтганига тўғри келса, ўтган гуноҳлари кечирилади" (Бухорий, 1/782; Муслим, 1/415; Абу Довуд, 1/936; Насоий, 1/1001; Ибн Можжа, 1/846; Байҳақий, 2/2264; Дорақутний, 1/1259; Доримий, 1/1293; Ибн Ҳиббон, 5/1804; Ибн Хузайма, 1/575; Аҳмад, 2/7187).
Бу ерда имомнинг "ғойри-л-мағзуби ъалайҳим ва ла-з-золлийн"ни айтганидан сўнг унинг ўзи "Омин"ни айтишини юқорида исботлаган эдик. Демак, агар у бу ерда "Омин"ни айтган бўлса, демак, уни махфий айтган бўлиб чиқади. Чунки, Расулуллоҳ (с.а.в.) имомни "Омин" айтишга боғламасдан, "ғойри-л-мағзуби ъалайҳим ва ла-з-золлийн"ни – оятни айтишга боғлаб қўймоқдалар. Яъни, у "Омин"ни айтгани билан унга иқтидо қилувчилар ҳам гўё махфий равишда айтиши кераклигини Расулуллоҳ (с.а.в.) буюрмоқдалар.
إذا أمن الإمام فأمنوا فإنه من وافق تأمينه تأمين الملائكة غفر له ما تقدم من ذنبه
"Қачон имом "Омин" деса, сизлар ҳам "Омин" денглар! Чунки, кимнинг "Омин"и фаришталарнинг "Омин"ига тўғри келса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади" (Бухорий, 1/780; Муслим, 1/410; Термизий, 1/250; Абу Довуд, 1/937; Насоий, 1/1000; Байҳақий, 2/2261; Ибн Хузайма, 1/570; Ҳоким, 1/797).
Агар "Қачон имом "Омин" деса, сизлар ҳам "Омин" денглар!" деган буйруқдан уни ошкора айтиш кераклиги чиқади, дейилса, бу ерда ошкора айтиш борасида ҳеч қандай гап йўқ. Балки, имом "Омин"ни айтган вақтида, уни махфий айтган пайтида сизлар ҳам махфий айтинг, деган маъно ҳам чиқади. Чунки, бу ҳадисни тилшунос олимлар ва имом "Омин" айтишни хоҳлаган вақтида, уни айтиш асносида сиз ҳам биргаликда "Омин" айтинг, деган маънода тушуниб келганлар. Чунки, араб тилида "Аммана" феъли "Омин" айта бошласа, деган маънода ишлатилади. Масалан, араблар "Анжада", "Ашама", "Аърақа" деган феълларни: "Наждга етганда", "Шомга келганда", "Ироққа етса", деган маъноларда ишлатадилар.
Жумладан, шофиъий олимлари ҳам ушбу ҳадисни қуйидагича тушунганлар:
– Ибн Ҳажар Асқалоний (р.ҳ.) "Фатҳ ал-Борий"да: "Икки ривоятни жамъ қилганда, бу ерда имомнинг "Омин" айтиши мажозийдир. Жумҳур унинг мажозлигига таслим бўлганлар, ва "қачон "Омин" деса" деган сўз имом билан иқтидо қилувчининг "қачон "Омин"и бир-бирига мувофиқ бўлишини билдиради", деган (Ибн Ҳажар Асқалоний. Фатҳ ал-Борий. 2-жилд. – Риёз: Дор таййиба, 2005. – Б. 695).
– Имом Суютий (р.ҳ.) бўлса "Танвир ал-ҳаволик" асарида: "Жумҳурнинг фикри охирги маънодадир. Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг "қачон "Омин" деса" деган сўзлари "Омин" айтишни ирода қилса, деган маънодадир. Яъни, имом билан иқтидо қилувчининг "Омин" биргаликда бўлсин, зотан, бирга айтишлари мустаҳабдир. Мен айтаманки, "Омин" айтишни ирода қилса, деган маънодан имомнинг "Омин"ни жаҳрий айтиши келиб чиқмайди" (Жалолиддин Суютий. Танвир ал-ҳаволик. 1-жилд. – Миср: Мактабат ат-тижория ал-кубро, 1969. – Б. 111).
– "ал-Жавҳар ан-нақий"да "Умда"нинг шориҳи Аллома Ибн Дақиқ ал-Ийд (р.ҳ.)нинг фикри келтирилган: "Бу ҳадис имомнинг ҳам "Омин"ни айтишига далолат қилади. Бироқ, унинг жаҳрий айтишга бўлган далолати махфий айтишга бўлганидан кучсизроқдир. Чунки, бу имомнинг "Омин"ни махфий айтишига аниқ далолат қилиб турибди".
Абу Ҳурайра (р.а.)нинг юқоридаги икки ҳадисида Расулуллоҳ (с.а.в.) имомнинг "ва ла-з-золлийн" ва "Омин"ни айтганида қавмга "Омин" дейишни буюришларидан уни махфий айтиш кераклигини бошқа бир ҳадис ҳам тасдиқлайди. Расулуллоҳ (с.а.в.) имом "Самиъа Аллоҳу ли-ман ҳамидаҳ"ни айтганида қавмни "Роббана лака-л-ҳамд!" дейишга буюрганлар:
إِنَّمَا جُعِلَ الْإِمَامُ لِيُؤْتَمَّ بِهِ فَإِذَا كَبَّرَ فَكَبِّرُوا وَإِذَا رَكَعَ فَارْكَعُوا وَإِذَا رَفَعَ فَارْفَعُوا وَإِذَا قَالَ سَمِعَ اللَّهُ لِمَنْ حَمِدَهُ فَقُولُوا رَبَّنَا لَكَ الْحَمْدُ وَإِذَا سَجَدَ فَاسْجُدُوا 
"Имомни унга эргашиладиган қилинган. Бас, агар имом такбир айтса, сизлар ҳам такбир айтинглар, рукуъ қилса, рукуҳ қилинглар, рукуъдан бош кўтарса, сизлар ҳам бош кўтаринглар, "Самиъа Аллоҳу ли-ман ҳамидаҳ" деса, сизлар "Роббана лака-л-ҳамд!" денглар, сажда қилса, сажда қилинглар!" (Бухорий, 1/733; Муслим, 1/411).
Абу Ҳурайра (р.а.) ривоятида ушбу ҳадис бу тарзда тилга олинган:
إذا قال الإمام سمع الله لمن حمده فقولوا اللهم ربنا لك الحمد فإنه من وافق قوله قول الملائكة غفر له ما تقدم من ذنبه
"Қачон имом "Самиъа Аллоҳу ли-ман ҳамидаҳ" деса, сизлар "Аллоҳумма, Роббана лака-л-ҳамд!" денглар! Кимнинг бу гапи фаришталарнинг гапига тўғри келиб қолса, ўтган гуноҳлари кечирилади" (Муслим, 1/409).
Кўриниб турибдики, Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг "Роббана лака-л-ҳамд!"ни айтишга буюришлари худди "Омин"ни айтишга буюрганларидек бўлмоқда. Лекин, ислом оламида ҳеч ким "Роббана лака-л-ҳамд!"ни ошкора айтилади, деган эмас!
Абу Ҳурайра (р.а.)нинг "Омин"ни иқтидо қилувчилар айтиши ҳақида буюрилган ҳадисидан уларнинг имом орқасида "Фотиҳа" сурасини ўқимасдан туришларига ҳам ишора бор. Чунки, имомнинг "Фотиҳа"ни тугатишини кутиб, кузатиб, тинглаб турсаларгина, "Омин"ни ўз вақтида айта оладилар. Ибн Касир (р.ҳ.) ўз тафсирида иқтидо қилувчиларнинг "Омин" дейиши уларнинг "Фотиҳа сурасини ўқишлари ўрнига ўтади, деган (Қаранг: Ибн Касир. Тафсир ал-Қуръон ал-азим. 1-жилд. Миср: Дор ал-ғадд ал-жадид, 2004. – Б. 30).
Яна бир мулоҳаза: агар фаришталарнинг "Омин"ига қавмнинг "Омин"и тўғри келса, ўтган гуноҳлар кечириладиган бўлса, унда уни ихлос билан айтиш керак бўлади. Ихлос эса риё ва сумъа (одамлар кўриши ва эшитиши учун амал қилиш)дан сақланган бўлиши керак. "Омин" ошкора эмас, фақат айнан махфий айтилганида риё ва сумъадан холи бўлади!
Икки сакта ҳақидаги ҳадис Шўъба (р.ҳ.) ривоятини нима учун қувватлайди?
5) Шўъба (р.ҳ.)нинг ривоятини қувватлайдиган яна бир далил сифатида имомнинг бир ракъатда икки марта сакта қилиши, яъни жим туриб тин олиши борасидаги ҳадисни келтириш мумкин. Самура ибн Жундуб (р.а.)дан қилинган ривоят мавжуд:
عن سمرة قال سكتتان حفظتهما عن رسول الله صلى الله عليه وسلم فأنكر ذلك عمران بن حصين وقال حفظنا سكتة فكتبنا إلى أبي بن كعب بالمدينة فكتب أبي أن حفظ سمرة قال سعيد قلنا لقتادة ما هاتان السكتتان قال إذا دخل في صلاته وإذا فرغ من القراءة ثم قال بعد ذلك وإذا قرأ { ولا الضالين } قال وكان يعجبه إذا فرغ من القراءة أن يسكت حتى يتراد إليه نفسه
Самура ибн Жундуб (р.а.): "Мен Расулуллоҳ (с.а.в.)дан иккита сакта – жим туриб тин олиш борлигини ёд олганман", деди. Уни Имрон ибн Ҳусайн (р.а.) инкор қилди ва "Биз битта сакта борлигини ёд олганмиз" деди. Шунда Мадинадаги саҳоба Убай ибн Каъб (р.а.)га мактуб йўлладик. Убай ибн Каъб (р.а.) бизга "Самура ёд олган экан" деб ёзиб юборди. Ровийлардан Саид айтади: "Биз Қатодадан: "Бу икки сакта қайсилар?" деб сўрадик. У бундай деди: "Намозга кирган вақтда ва қироатдан фориғ бўлганида" деб жавоб берди. Шундан сўнг у: "Ва ла-з-золлийн"ни айтган вақтда" деди. Ровий айтади: "У "қироатдан фориғ бўлган вақтда сакта қилгай" деганидан ўзича иккиланиб, ушбу гапни ажабланиб айтган эди" (Термизий, 1/251; Абу Довуд, 1/780; Ибн Можжа, 1/844; Байҳақий, 2/2900-2901; Ибн Ҳиббон, 5/1807).
Гарчи ушбу ҳадис заиф дейилган бўлса-да, бироқ, Ибн Ҳиббон (р.ҳ.) ўзининг саҳиҳ тўпламида у ҳақида бундай деган:
قال أبو حاتم رضي الله عنه : الحسن لم يسمع من سمرة شيئا وسمع من عمران بن حصين هذا الخبر واعتمادنا فيه على عمران دون سمرة
"Абу Ҳотим: "Ҳасан Самурадан бирор нарса эшитмаган", деган бўлса-да, бироқ, уни Имрон ибн Ҳусайндан эшитган. Бу ерда бизнинг суянчиғимиз Имронгадир, Самурага эмас" (Ибн Ҳиббон, 5/1807 ҳадис остида).
Мавлоно Али ал-қори (р.ҳ.) эса "Мирқот ал-мафотиҳ"да: "Ибн Ҳажар мазкур Абу Довуднинг ривоят қилган ҳадисини ҳасан, балки саҳиҳдир, деган" деб зикр қилган (Али ал-қори. Мирқот ал-мафотиҳ. 2-жилд. – Байрут: Дор ал-фикр, 1994. – Б. 543).
Икки сакта ҳақидаги ривоятнинг мутобеъсини Имом Аҳмад (р.ҳ.) ва бошқалар ҳам нақл қилган бўлиб, унинг саҳиҳ экани таъкидланган:
عن الحسن عن سمرة بن جندب انه كان إذا صلى بهم سكت سكتتين إذا افتتح الصلاة وإذا قال { ولا الضالين } سكت أيضا هنية فأنكروا ذلك عليه فكتب إلى أبي بن كعب فكتب إليهم أبي ان الأمر كما صنع سمرة
"Самура ибн Жундуб (р.а.) Ҳасан Басрий (р.а.) билан намоз ўқиганида икки сакта қилди: намозни очиб, бошлаганида ва "ва ла-з-золлийн"ни айтганида ҳам енгил сукут қилди. Шу ердагилар унинг бу ишини инкор қилдилар. Убай ибн Каъб (р.а.)га мактуб йўллади. Шунда уларга Убай ибн Каъб (р.а.) жавоб ёзиб, Самура (р.а.)нинг қилгани тўғри эканини айтиб юборди" (Аҳмад, 5/20279; Абдурраззоқ, 2/2792; Баззор, 2/4542).
Намозхон нима учун икки марта тин олиб, сакта қилади? Чунки, у намозга киришганида сано ва тааввуз ҳамда басмалани махфий айтганида бир сакта қилади, "Сураи Фотиҳа"ни ўқиганидан сўнг "Омин"ни айтган вақтда бир сакта қилади. Қатода (р.ҳ.): "қироатдан фориғ бўлган вақтда сакта қилгай" деганида иккиланиб қолганига сабаб, намозхон ракъатда қироатни бутунлай ўқиб бўлганидан сўнг, қироатдан тамоман фориғ бўлганидан сўнг сакта қилиб турмайди, у дарҳол рукуъга кетиши керак. Шунинг учун у ушбу гапини "Ва ла-з-золлийн"ни айтганидан кейин сакта қилади, деб изоҳлаган ва тўғрилаган. Бу икки сакта унинг ҳеч нарса ўқимай жим туришини билдирмайди, балки ичидан махфий равишда шу ўринларда суннат бўлган зикрларни айтиши кераклигини билдиради. "Ҳужжатуллоҳ ал-болиға"да икки сакта ҳадиси "Омин"ни махфий айтишга далил эканига иқрор бўлинган (Қаранг: Шоҳ Валийуллоҳ ад-Деҳлавий. Ҳужжатуллоҳ ал-болиға. 2-жилд. – Байрут: Дор ал-жийл, 2005. – Б. 15).
Ҳадисларнинг ҳамма ҳукмини иложи борича амалга ошириш керакми?
6) Агар Суфён ас-Саврий (р.ҳ.)нинг ривоятидаги ҳадисни "Омин"ни жаҳрий айтишга далил, деб қабул қилинадиган бўлса, Шўъба (р.ҳ.)нинг ҳадисини буткул тарк қилиш керак бўлади. Иложи борича ҳадисларнинг барчасига амал қилишга ҳаракат қилиш лозим. Зотан, аслида Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ҳадислари бекорга қилинмаган, айтилмаган. Улардан бирортасини тарк қилиб, амалга оширмаслик учун кучли ва аниқ далил керак бўлади. Кучли, саҳиҳ ва сариҳ (аниқ) далил бўлмаса, уларни иложи борича бир-бирига мувофиқлаштириб, икковини ҳам амалга ошириш лозим. Агар Шўъба (р.ҳ.)нинг ривоятидаги ҳадисни қабул қиладиган бўлсак, Суфён ас-Саврий (р.ҳ.)нинг ҳадисини тарк қилмасдан, уни таъвил қилишнинг иложи бор. Уни таъвил қилишда бир неча маънолар билдириш мумкин. Масалан, ومد بها صوته – "У билан овозларини чўздилар" иборасини "Омин"нинг мад ҳарфларини чўздилар, деб тушуниш ҳам мумкин.
Шўъба (р.ҳ.)нинг ривоятини амалга оширмасликка эътироз борми?
Мазкур ривоятни мад ҳарфларини чўзганлар, деб тушунмасликка رفع بها صوته – "У билан овозини кўтарди" (Доримий, 1/1294; Байҳақий, 2/2274, 2280; Баззор, 2/4481), فجهر بآمين – "Бас, "Омин"ни жаҳрий қилди" (Абу Довуд, 1/934; Табароний, 22/114) деб зикр қилинган ривоятларни келтириш мумкин, деган эътироз ҳам бўлади. Масалан, Абу Ҳурайра (р.а.)дан қилинган мана бу ривоят бор:
أخبرنا أبو طاهر نا أبو بكر نا محمد بن يحيى نا إسحاق بن إبراهيم - وهو ابن العلاء الزبيدي - حدثني عمرو بن الحارث عن عبد الله بن سالم عن الزبيدي قال أخبرني الزهري عن أبي سلمة و سعيد عن أبي هريرة قال:
كان رسول الله صلى الله عليه و سلم إذا فرغ من قراءة أم القرآن رفع صوته وقال آمين
قال الألباني : إسناده ضعيف اسحق ابن ابراهيم الزبيدي صدوق يهم كثيرا وأطلق محمد بن عوف أنه يكذب
"Расулуллоҳ (с.а.в.) "Қуръоннинг онаси" (Фотиҳа) қироатидан фориғ бўлган вақтда овозларини кўтариб, "Омин" дедилар" (Дорақутний, 1/127; Ҳоким, 1/223; Ибн Хузайма, 1/571; Байҳақий, 2/58).
Гарчи мазкур ҳадисни Имом Дорақутний (р.ҳ.) ва Байҳақий (р.ҳ.) ҳасан, Ҳоким (р.ҳ.) эса "Шайхайн шартига кўра саҳиҳдир" деган бўлса-да, бироқ, унинг иснодида Исҳоқ ибн Иброҳим аз-Забидий (р.ҳ.) деган ровий қатнашган. У ҳақида Абу Довуд (р.ҳ.): "У ҳеч нарса эмас!", Имом Насоий (р.ҳ.): "У сиқа – ишончли эмас, уни Ҳимс муҳаддиси Муҳаммад ибн Авф ат-Тоий каззобдир, деб айтган" деган. "ат-Таҳзиб ат-таҳзиб"да Ибн Авн (р.ҳ.)нинг "Исҳоқ ёлғончлигига шубҳа қилмайман!" дегани нақл қилинган. "ат-Тақриб"да эса: "Тўғрисўз бўлса-да, кўпинча янглишар эди" дейилган. Шунинг учун Албоний Ҳоким (р.ҳ.)нинг "Шайхайн шартига кўра саҳиҳдир" деган гапига жуда ажабланади, унга қўшилган аз-Заҳабий (р.ҳ.)дан гина қилади. Чунки, аз-Заҳабий (р.ҳ.)нинг ўзи "аз-Зуафо"да у ҳақида юқорида келтирилган гапларни нақл қилган экан (аз-Заҳабий. Ал-Муғний фи-з-Зуафо. 1/540). Албоний: "Шунга кўра Исҳоқ ибн Иброҳим аз-Забидий асло шайхайннинг ровийларидан эмас!" деб ҳулоса қилган (Албоний. Силсилат ал-аҳодис аз-заифа ва-л-мавзуъа. 9/4367).
Демак, Абу Ҳурайра (р.а.)нинг мазкур ҳадисининг иснодидаги Исҳоқ ибн Иброҳим аз-Забидий деган заиф ровий туфайли унинг ривоятидаги رفع صوته – "овозини кўтарди" лафзини қабул қилиш унчалик тўғри бўлмайди. Зотан, бу сўз қайсидир ровий туфайли қўшилиб қолган бўлиши ҳам мумкин.
Ошкоралик махфийликка ҳам далолат қиладими?
Унга бундай деб жавоб берилган: аслида, Суфён ас-Саврий (р.ҳ.)нинг ривояти ومد بها صوته – "У билан овозларини чўздилар" бўлиб келган, қайсидир ровий маъно ривоят қилиш мумкин бўлганидан уни овоз кўтариш, жаҳрий ўқиш маъносида нақл қилган бўлиши мумкин. Ровийлар ўзлари тушунчасига кўра маънавий ривоят қилган, ҳадис матнининг маъносини нақл қилган. Чунки, махфийнинг энг оз даражаси ўзи ва ёнидаги битта-яримтанинг эшитишидир. Чунончи, Ибн Абдулҳодий (р.ҳ.) "Танқиҳ ат-таҳқиқ"да "басмала"ни жаҳрий айтиш баҳсида бундай деган: "Иқтидо қилувчи имомга яқин турган бўлса ёки унинг орқасида турган бўлса, унинг махфий айтганини эшитиши мумкин. Зотан, бу жаҳрий деб айтилмайди. Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳам одамлар билан пешин ўқиганларида, одамларга "Фотиҳа"дан кейин бир-икки оятни эшиттириб ўқиб қўярдилар" (Ибн Абдулҳодий. Танқиҳ ат-таҳқиқ фий аҳодис ат-таълиқ. 2-жилд. – Риёз: Дор азвоъ ас-салаф, 2007. – Б. 185 ва 192).
Саҳиҳдан саҳиҳ бўлган мана бу ривоятдан аслида махфий қироат қилинадиган пешин билан асрда Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг қироатларини айрим ҳолларда саҳобалар эшитиб қолганлари маълум бўлади:
كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقْرَأُ فِي الرَّكْعَتَيْنِ مِنْ الظُّهْرِ وَالْعَصْرِ بِفَاتِحَةِ الْكِتَابِ وَسُورَةٍ سُورَةٍ وَيُسْمِعُنَا الْآيَةَ أَحْيَانًا 
"Расулуллоҳ (с.а.в.) пешин билан асрнинг икки ракъатида "Фотиҳат ал-Китоб"ни ва битта сурани қироат қилар эдилар. Бизга гоҳида айрим оятларни эшиттирар эдилар" (Бухорий, 1/759, 762, 778; Муслим, 1/451; Абу Довуд, 1/798; Насоий, 1/1047; Ибн Можжа, 1/829; Доримий, 1/1339; Байҳақий, 2/3679; Ибн Ҳиббон, 5/1829; Ибн Хузайма, 1/503; Аҳмад, 4/19437).
Ушбу ривоятдан пешин билан асрда қироатни ошкора ўқиш кераклиги ва афзаллиги келиб чиқмайди-ку!
"Дурр ал-мухтор" ва унинг шарҳи "Радд ал-муҳтор"да бундай масъала келтирилган:
أدنى المخافتة إسماع نفسه و من بقربه فلو سمع رجل او رجلان فليس بجهر و الجهر ان يسمع الكل
"Махфийликнинг энг пасти ўзи ва яқинида турган кимса эшитмоғидир. Агар бир-икки кимса эшитса, у жаҳрий эмас. Ошкоралик ҳамма эшитмоғидир" (Ибн Обидин. Радд ал-муҳтор ъала Дурр ал-мухтор. 2-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2003. – Б. 252-253).
Зотан, "Хулосат ал-фатово"да бундай деб фатво берилган:
الإمام اذا قرأ فى صلوة المخافة بحيث سمع رجل او رجلان لا يكون جهرا و الجهر ان يسمع الكل
"Имом махфий намозда бир-икки кимса эшитадиган қилиб қироат қилса, жаҳрий бўлмайди. Жаҳрий дегани ҳамма эшитса, бўлади" (Тоҳир ибн Аҳмад ибн Абдуррашид ал-Бухорий. Хулосат ал-фатово. 1-жилд. – Лакнав: Навол кишвар, 1911. – Б. 95). 
Ҳазрати Али (к.в.)дан ҳам бир ривоят бор бўлиб, унда يرفع بها صوته – "У билан овозларини кўтардилар" деган ибора қўлланган. "Канз ал-уммол"да Ибн Можжа ва Ибн Шоҳин уни ривоят қилгани ва Ибн Жарир саҳиҳ дегани айтилган (ал-Муттақий. Канз ал-уммол, 8/22188). Бироқ, ушбу ривоятнинг Ибн Можжа (р.ҳ.) тарафидан Усмон ибн Абу Шайба→Ҳумайд ибн Абдурраҳмон→Ибн Абу Лайло→Салама ибн Куҳайл→Ҳужжийа ибн Адий→Ҳазрати Али (к.в.) санадли ҳадиси матнида يرفع بها صوته – "У билан овозларини кўтардилар" жумласи йўқ (Ибн Можжа, 1/854).
Эшитиш эса жаҳрийликка далолат қилмайди, чунки, махфий айтганни ҳам эшитиш мумкин. Демак, бу иборани кейинги ровийлардан биттаси қўшган бўлса керак. Бу исноддаги Муҳаммад ибн Абу Абдурраҳмон ибн Абу Лайло (р.ҳ.)ни ҳадисшунослар заиф деган бўлса ҳам, Абу Ҳотим (р.ҳ.) тўғрисўз деган. Шунинг учун Имом Табароний унинг ривояти билан келтирилган رفع بها صوته – "У билан овозларини кўтардилар" жумлали ҳадис исноди ҳақида бундай деган:
لم يرو هذا الحديث عن عدي بن ثابت إلا بن أبي ليلى ولا عن بن أبي ليلى إلا المطلب بن زياد تفرد به ضرار بن صرد 
"Ушбу ҳадисни Адий ибн Собитдан фақат Ибн Абу Лайло ривоят қилган. Ибн Абу Лайлодан эса муталлиб ибн Зиёддан ўзгаси ривоят қилмаган. Зирор ибн Сард эса фақат ўзи буни ривоят қилган, холос" (Табароний, ал-Мўъжам ал-авсат, 5/5559).
Демак, "Омин"ни жаҳрий айтилганини ривоят қилган ровий саҳоба Воил ибн Ҳужр (р.а.)нинг биринчи сафда Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг орқаларида турганини зикр қилинган эди. Шундай бўлганидан кейин у Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг махфий айтган "Омин"ини эшитиб қолган бўлиши керак. Бу эса одатдаги жаҳрийлик деб аталмайди. Бошқа ровийлар эса уни одатдаги жаҳрийлик деб тушунган бўлсалар керак.
فجهر بآمين – "Бас, "Омин"ни жаҳрий қилди" деган ибора келтирилган ривоят Ало ибн Солиҳ (р.ҳ.) томонидан нақл қилинган бўлиб, у заиф ровий экани юқорида қайд қилинди. Ҳолбуки, Имом Аҳмад (р.а.)нинг саҳиҳлиги айтилган ривоятида وأخفى بها صوته– "У билан овозларини махфий қилдилар" деб келтирилган (4/18874).
Юқоридаги ومد بها صوته – "У билан овозларини чўздилар" иборасини "Омин"нинг мад ҳарфларини чўздилар деб тушунишмасликка Абу Довуд (р.ҳ.) томонидан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисни ҳам далил сифатида келтирадилар:
حدثنا نصر بن على، أخبرنا صفوان بن عيسى، عن بشر بن رافع، عن أبى عبد الله ابن عم أبى هريرة، عن أبى هريرة، قال: كان رسول الله صلى الله عليه وسلم إذا تلا: (غير المغضوب عليهم ولا الضالين) قال: "آمين" حتى يسمع من يليه من الصف الاول
"Расулуллоҳ (с.а.в.) қачон "ғойри-л-мағзуби ъалайҳим ва ла-з-золлийн"ни тиловат қилсалар, "Омин" дердилар, ҳатто ул зотнинг ёнидаги биринчи сафдаги кимсалар ҳам эшитар эди" (Абу Довуд, 1/934; Баззор, 2/8817).
Бу ерда биринчи саф Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг "Омин"ни айтганларини биринчи сафда турганлар эшитган бўлсалар, уни махфий айтганлари келиб чиқмаслиги ўз-ўзидан аён. Бироқ, мазкур ривоятнинг иснодида Бишр ибн Рофеъ (р.ҳ.) деган заиф ва Абу Абдуллоҳ (р.ҳ.) деган номаълум ровий борлиги қайд қилинган эди.
Бишр ибн Рофеъ (р.ҳ.)ни Имом Бухорий (р.ҳ.) "ҳадисига тобеъ бўлинмайди" деган. У ҳақида Имом Аҳмад (р.ҳ.) заиф деган бўлса, Ибн Муин (р.ҳ.) эса унинг ҳадислари инкор қилинган, деган. Имом Насоий (р.ҳ.) эса кучли эмас, деган бўлса, Ибн Ҳиббон (р.ҳ.) ҳатто "мавзуъ нарсаларни худди ишончлидек ривоят қилади" деган (Имом Заҳабий. 2-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1995. – Б. 28; Ибн ҳажар ал-Асқалоний. Ат-Таҳзиб ат-таҳзиб. 1-жилд.- Ҳайдаробод ад-Дакан: Матбаа мажлис доират ал-маориф, 1325. – Б. 449).
Ҳадисшунос Яҳё ибн Қаттон (р.ҳ.) саҳоба Абу Ҳурайра (р.а.)нинг амакисининг ўғли дейилган Абу Абдуллоҳ (р.ҳ.)ни мажҳул – номаълум ровий деган.
Боз устига, ушбу икки ровийнинг мазкур ривояти матнида тазодд – маънода бир-бирига қарама-қаршилик ҳам бор. Жумладан, муҳаддис Ибн Можжа (р.ҳ.) ривоятида бу ҳадис матнида бундай дейилган:
ترك الناس التأمين . وكان رسول الله صلى الله عليه و سلم إذا قال { غير المغضوب عليهم ولا الضالين } قال ( آمين ) حتى يسمعها أهل الصف الأول . فيرتج بها المسجد
"Одамлар "Омин"ни тарк қилдилар. Ҳолбуки, Расулуллоҳ (с.а.в.) қачон "ғойри-л-мағзуби ъалайҳим ва ла-з-золлийн"ни айтсалар, "Омин"ни айтар эдилар. Ҳатто уни биринчи саф эшитарди. У билан масжид титраб кетарди" дейилган. (Ибн Можжа, 1/853). Агар масжид титраб кетадиган бўлса, фақат биринчи сафдагилар эшитиб қолмасди, уни бутун масжид аҳли эшитган бўлиши керак эди! Шунинг учун бу ҳадис ривоятан ҳам, дироятан ҳам эътиборга олинмайди. Чунки, юқорида айтилганидек, ушбу ривоятнинг мадорида Бишр ибн Рофеъ (р.ҳ.) деган заиф ровий бор бўлиб, Имом Абу Довуд (1/934), Дорақутний (1/335) ва Абу Яъло (11/6220) каби муҳаддислар ҳам нақл қилган бўлиб, уларда فيرتج بها المسجد – "У билан масжид титраб кетарди" деган жумла йўқ.

"Омин"ни ошкора айтилгани таълим учунми? 
7) Айрим ҳолларда Расулуллоҳ (с.а.в.) саҳобаларга ва умматга таълим бўлиши учун махфий ўқиладиган жойда ҳам баъзи нарсаларни ошкора ўқиб қўяр эдилар.
"Омин"ни ошкора айтиш афзал дейдиганлар ҳам, уни махфий айтиш афзал дейдиганлар ҳам суянадиган асосий ҳадиси шарифнинг ровийси Воил ибн Ҳужр (р.а.) экани маълум. Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг "Омин"ни ошкора ва махфий айтганлари икки ҳолатда бўлган. Аслида "Омин"ни махфий айтган бўлиб, гоҳида жоизликни билдириш ва таълим бўлиши учун ошкора айтиб қўйган бўлишлари керак. Чунки, Воил ибн Ҳужр (р.а.) асли яманлик бўлиб, Яманнинг катта оқсақол ҳокимларидан бири бўлган. У Расулуллоҳ (с.а.в.) даврларида икки марта Мадинага келган. Расулуллоҳ (с.а.в.) ушбу олий мартабали меҳмонни ҳурмат ва таъзим билан кутиб олган. Ҳурмат қилиб, Расулуллоҳ (с.а.в.) уни намозларда биринчи сафга, ўзларининг орқаларига турғазганлар. Унга эшиттириб қўйиш мақсадида ул зоти шариф "Омин"ни ошкора айтган бўлсалар керак. Бунинг таълим учун бўлганини Воил ибн Ҳужр (р.а.)нинг ўзи ҳам сезган:
رأيت رسول الله صلى الله عليه و سلم حين فرغ من الصلاة حتى رأيت خده من هذا الجانب و من هذا الجانب و قرأ "غير المغضوب عليهم و لا الضالين" فقال آمين يمد بها صوته ما أراه الا يعلمنا
"Расулуллоҳ (с.а.в.)ни намоздан фориғ бўлганларида кўрганман. Бу тарафдан ҳам, у тарафдан ҳам чаккаларини кўрганман. "Ғойри-л-мағзуби ъалайҳим ва ла-з-золлин"ни ўқигандилар, "Омин" дедилар. У билан овозларини чўздилар. Уни фақат бизга таълим бериш учун айтган деб ҳисоблайман!" (Абу Башар ад-Дулобий. Китоб ал-Асмо вал-куно. 1/197).
Мазкур ҳадис иснодида Яҳё ибн Салама (р.ҳ.) деган ровий бор бўлиб, уни муҳаддислар жамоаси заиф деган. Бироқ, ҳадисшунослардан Ҳоким уни қавий, деб таърифлаган. Ибн Ҳиббон эса уни ишончли ровийлар ҳақидаги китобида ҳам, заиф ровийларга бағишланган асарида ҳам зикр қилган. Чунки, Ибн Муин (р.ҳ.) у ҳақида: "Ҳеч нарса эмас!" деган. Бундан бошқа ровийларнинг ҳаммаси ишончлидир.
Воил ибн Ҳужр (р.а.) намозда Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг орқаларида, у зотга яқин турган. Шунинг учун "Омин"ни махфий айтилганини ҳам эшитиб қолган.
Имом Насоий (р.ҳ.) ва Табароний (р.ҳ.) ривоятларида Воил ибн Ҳужр (р.а.) "Омин"ни эшитган вақтда Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг орқаларида турганини айтган:
فلما قرأ { غير المغضوب عليهم ولا الضالين } قال آمين فسمعته وأنا خلفه
"Қачон Расулуллоҳ (с.а.в.): "ғойри-л-мағзуби ъалайҳим ва ла-з-золлин"ни ўқигандилар, "Омин" дедилар. Шунда мен ул зотнинг орқасида турган эдим, уни эшитдим" (Насоий, 1/1004; Табароний, 22/41).
Ровий айнан имомнинг орқасида тургани учун "Омин"ни эшитганини таъкидлаган!
Имом Байҳақий (р.ҳ.), Имом Аҳмад (р.ҳ.), Имом Дорақутний (р.ҳ.), Имом Баззор (р.ҳ.)нинг саҳоба Абу Ҳурайра (р.а.) намозда "Омин"ни айтгани ва "Мен Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг намозига энг ўхшатиб намоз ўқиб бердим" маъносидаги ривоятларида ҳам ровий унинг орқасида тургани боис "Омин"нинг махфий айтилганини эшитган бўлиши керак (Байҳақий, 2/2282; Аҳмад, 2/10453; Дорақутний, 1/1180; Баззор, 2/8156; (Абдурраззоқ, 2/2634). Бу ривоятларнинг айримларида Абу Ҳурайра (р.а.)нинг орқасида иқтидо қилганлар ҳам "Омин" айтгани зикр қилинади. Бу ҳам ровийнинг ёнларида турган қавмнинг махфий овозларини эшитган бўлса керак, деб тушунса бўлади.
Имом Абдурраззоқ (р.ҳ.) ривоятида حتى يسمع من يليه – "Ҳатто ёнидаги кимса эшитди" деб келтирилган бўлиб, бундан "Омин"ни Расуллулоҳ (с.а.в.) ёнларида турган айрим қулоғи ўткир кимсалар эшитиб қолганлиги англашилади (Абдурраззоқ, 2/2632).

"Омин" айтилганини охирги сафдагилар ҳам эшитганми? 
Битта ривоят бор. Уни "Омин"ни ошкора ўқиш афзал дейдиганлар далил сифатида кўрсатадилар. Унда саҳобия аёл аёллар сафида турганида Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг "Омин"ни айтганини эшитгани зикр қилинган. Маълумки, аёллар сафларнинг энг охирида туради. Унга ишонилса, бутун масжид аҳли Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг "Омин"ини эшитган бўлишлари керак:
أخبرنا النضر بن شميل، عن هارون الأعور، عن إسماعيل بن مسلم، عن أبي إسحاق، عن ابن أم الحصين، عن أمه، أنها صلت خلف رسول الله صلى الله عليه وسلم فسمعته وهو يقول: «(مالك يوم الدين)» فلما قرأ «(ولا الضالين)» قال: «آمين» حتى سمعته وهي في صف النساء 
"Умм ал-Ҳусайн (р.а.): "Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг орқаларида намоз ўқидим. Ул зоти шариф: "Малики йавми-д-дин" дер, "ва ла-з-золлийн"ни қироат қилар экан, "Омин" дедилар. Мен уни эшитдим", деган. Ҳолбуки, Умм ал-Ҳусайн (р.а.) аёллар сафида бўлган". (Исҳоқ ибн Роҳвайҳ, 5/2147; Байҳақий. Маърифат ас-сунан, 2/800; Ибн Ҳажар. Матолиб ал-олия, 1/477).
Мазкур ривоятнинг қабул қилинмаслигига сабаб қилиб учта фикрни билдириш мумкин. 1) Унинг иснодида Исмоил ибн Муслим ал-Маккий (р.ҳ.) деган ровий бор бўлиб, Имом Аҳмад (р.ҳ.) уни мункар ал-ҳадис, Имом Насоий (р.ҳ.) эса матрук, деганлар. Яҳё (р.ҳ.) у ҳақида: "Исмоил ибн Муслим кўп ҳолларда аралаштириб юборар эди, битта ҳадисни уч хил қилиб айтар эди", деган. Ибн ал-Мадиний (р.ҳ.) эса ҳадиси ёзиб олинмайди, деб ҳукм чиқарган. 2) Ровий аёллар сафида туриб, негадир айнан "Малики йавми-д-дин" ва "ва ла-з-золлийн" ояти жумлаларини эшитган, демак, намоз махфий ўқилаётган бўлиши керак. Шу ҳолда у махфий ўқилган "Омин"ни эшитиб қолган. Бу ерда "ҳатто уни эшитдим" деганидан, одатдан ташқари овозни эшитгани таъкидланмоқда. 3) Мазкур воқеанинг масжидда катта жамоатда бўлгани маълум эмас. Уйда, нафл намозларда бир-икки одам билан бўлган бўлиши, аёл бир-икки нафар эркакнинг орқасида иккинчи сафда, Расулуллоҳ (с.а.в.)га яқин жойда турган бўлиши ҳам мумкин.
Ибн ал-Қаййим (р.ҳ.)нинг "Зод ал-маод" асарида айтилишича, баъзи саҳобаларнинг айрим ҳолларда махфий ўқиладиган оят ва зикрларни ошкора ўқиб қўйиш одатлари бўлган. Жумладан, Ҳазрати Умар (р.а.) бир вақт одамларга таълим бўлсин учун санони ошкора ўқиган экан, Ибн Аббос (р.а.) эса жанозада "Сураи фотиҳа"ни ошкора ўқиган экан. Шунинг учун имом таълим учун "Омин"ни ошкора айтган бўлиши мумкин (Ибн ал-Қаййим ал-Жавзиййа. Зод ал-маод фий ҳадйи Хайр ал-ибод. 1-жилд. – Байрут: Муаасса ар-рисола, 1994. – Б. 275). Бундан маълум бўладики, "Омин"ни ошкора айтиш саҳобалар даврида унинг афзаллиги жиҳатидан эмас, балки ноодатий ва тасодифий ишлари, янада аниқроғи таълим туфайли содир бўлган экан.

Нима учун саҳобалардан Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг "Омин"ни ошкора айтганлиги ҳақида ривоятлар йўқ?
8) Саҳобалар Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг орқаларида ул зоти шарифга иқтидо қилиб намоз ўқишга ҳарисманд эдилар. Расулуллоҳ (с.а.в.) билан бирга доимо, ҳамиша бирга бўлган, ўзининг тақвоси, илми ва фақиҳлиги билан танилган саҳобалар қанчадан-қанча бўлган. Беш вақт намознинг учтаси ошкора ўқиладиган намоз эди. Ана ўша саҳобаларнинг бирортасидан "Омин"ни ошкора ўқиш ҳақидаги ривоятлар йўқ. Агар Расулуллоҳ (с.а.в.) ўз намозларида ҳақиқатдан ҳам "Омин"ни ошкора ўқиган ва уни умматга суннат қилмоқчи бўлганида саҳобалар уни ёд олган ва мутавотир даражадаги саҳиҳ ҳадислар орқали ривоят қилган бўлардилар. "Омин"ни ошкора ўқиш ҳақидаги саҳиҳ ривоят фақат битта, у ҳам бўлса, ушбу яманлик Воил ибн Ҳужр (р.а.)дандир. Бунинг устига уни ривоят қилган Суфён ас-Саврий (р.ҳ.) уни ҳанафийлардек тушиниб, таъвилга кўра махфий "Омин" айтган. Абу Ҳурайра (р.а.)дан етиб келган саҳиҳ ривоятда эса "Омин"ни жаҳрий ўқиш аниқ эмас. Ундан ва Ибн Умар (р.а.)дан ўзлари "Омин"ни ошкора ўқиганликлари ҳақида етиб келган ривоятлар гарчи саҳиҳ бўлса-да, уларнинг иллатлари бор.

Абу Ҳурайра (р.а.)нинг "Омин" деганига нима деб жавоб берилади?
Ривоят қилинишича, Нуайм ибн Абдуллоҳ ал-Мужмир (р.ҳ.) саҳоба Абу Ҳурайра (р.а.)нинг орқасида намоз ўқиган. Абу Ҳурайра (р.а.) "ғойри-л-мағзуби ъалайҳим ва ла-з-золлийн"га келганида "Омин" деган, одамлар ҳам "Омин" деганлар. Намоз ўқиб бўлганидан сўнг, Абу Ҳурайра (р.а.): انى لأشبهكم صلاة برسول الله صلى الله عليه و سلم – "Мен Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг намозига энг ўхшаш намоз ўқигувчиман", деган (Насоий, 2/905; Байҳақий, 2/2223; Дорақутний, 1/1180; Баззор, 2/8156; Ҳоким, 1/849; Ибн Ҳиббон, 5/1797; Ибн Хузайма, 1/499; Таҳовий, 1/1185).
Имом аз-Зайлаъий (р.ҳ.) ушбу ҳадисга жавоб бериб, унинг бир қанча иллатлари борлигини таъкидлаган (Жамолиддин аз-Зайлаъий. Насб ар-раъйа ли-аҳодис ал-Ҳидоя. 1-жилд. – Б. 335-341).
Эътибор берилса, Нуайм ал-Мужмир (р.ҳ.) ривоятида Абу Ҳурайра (р.а.) "Бисмиллоҳ"ни ҳам ошкора ўқиган, "Омин"ни ҳам ошкора айтган. Фақат ушбу ровийгина буни ривоят қилганини таъкидлаш керак. Бироқ, Нуайм ал-Мужмир (р.ҳ.)дан бошқа шогирдлари Абу Ҳурайра (р.а.)нинг намоз ўқиганларини ҳам ривоят қилганлар. Уларнинг ривоятларида на "Бисмиллоҳ" жаҳрий айтилган ва на "Омин" ошкора айтилган. Жумладан, саҳиҳдан саҳиҳ бўлган ривоятда Абу Абдурраҳмон (р.ҳ.) ва Абу Салама (р.ҳ.) деган шогирдлари Абу Ҳурайра (р.а.)нинг намоз ўқигани борасида ҳикоя қилганлар. Уларда "Бисмиллоҳ" ва "Омин" ҳақида гап йўқ. Шунда Абу Ҳурайра (р.а.) намоздан сўнг бундай деган:
والذي نفسي بيده إني لأقربكم شبها لصلاة الرسول صلى الله عليه و سلم 
"Нафсим қўлида бўлган зотга қасамки, Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг намозига сизнинг ичингизда энг яқини менман!".
Мазкур ривоятлар охирида Абу Ҳурайра (р.а.) дунёдан ўтгунча шу хилда намоз ўқигани айтилади (Бухорий, 1/770; Муслим, 1/392; Абу Довуд, 1/836; Насоий, 1/1156; Доримий, 1/1295; Аҳмад, 2/7644; Ибн Хузайма, 1/579; Байҳақий, 2/2324; Абу Авона, 2/1264).
Иккинчидан, Абу Ҳурайра (р.а.)нинг "Мен Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг намозига энг ўхшаш намоз ўқигувчиман", деганидан намознинг барча жиҳатларини ўхшатиш назарда тутилмаган бўлиши мумкин. Ушбу гапдан намознинг асосий амалиётлари – фарз ва вожиблари кўзда тутилган бўлиши ҳам мумкин. Буни ушбу ҳадиснинг шарҳ қилувчилари ҳам айтиб ўтганлар.
Учинчидан, саҳобаларнинг кўпчилиги бирор ишни қилсалар, "Буни Расулуллоҳ (с.а.в.)дан кўрган эдим", ёки "Бу ишим Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг қилганига ўхшашдир" деган гапларининг ҳаммасида ҳадис марфуъ бўлиб чиқмаган. Айримлари саҳобанинг ўз ижтиҳодидан келиб чиқиб айтилгани аниқланган ҳолатлар ҳам бўлган.
Тўртинчидан, "Нуайм ал-Мужмир (р.ҳ.) ишончли ровий, ишончли ровийнинг ривоятдаги қўшимчалари мақбул-ку!" дейилса, унга жавобан барча ишончли ровийларнинг қўшган қўшимчалари мақбул ҳисобланмайди, дейилади. Мақбул бўлиши учун бир қанча шартлар мавжуд. Нуайм ал-Мужмир (р.ҳ.) ривоятидаги қўшимчалари тўла қониқарли эмас.
Бешинчидан, мазкур ривоятда "Омин"ни ошкора айтилганига очиқ ва аниқ далил йўқ. Чунки, ровий Абу Ҳурайра (р.а.)га яқин тургани боис уни, шунингдек, одамларнинг секин айтганини ҳам эшитиб қолган бўлиши мумкин. Чунки, эшитиб қолиш ошкора айтилганини англатмайди.
Жумладан, Ҳазрати Али (к.в.)дан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадис ҳам бор бўлиб, унинг орқасида намоз ўқиган ровий унинг сано, рукуъ ва саждадаги тасбеҳлар ҳамда ташаҳҳудни ҳам эшитганини нақл қилган (Муслим, 1/771; Термизий, 4/3421; Абу Довуд, 1/760; Насоий, 1/1050; Ибн Хузайма, 1/607; Ибн Ҳиббон, 5/1901; Дорақутний, 1/1149; Байҳақий, 2/2437; Табароний, 19/515; Аҳмад, 1/729; Баззор, 1/536; Таҳовий, 1/1396).
Ҳолбуки, бу нарсаларни – сано, тасбеҳ ва ташаҳҳудни ҳеч ким ошкора ўқилади, деган эмас! Саҳобаларнинг энг фақиҳларидан бири Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.а.): "Ташаҳҳудни махфий ўқиш суннатдандир!" деган эди (Термизий, 1/290; Абу Довуд, 1/986; Байҳақий, 2/2670; Ибн Хузайма, 1/706; Ҳоким, 1/986).
Абу Ҳурайра (р.а.)нинг одамларга имом бўлганида, "Аъузу биллоҳ"ни ҳам овозини кўтариб айтганлиги ривоят қилинган (Байҳақий, 2/2189; Шофиъий, 1/143). Ҳолбуки, ҳеч ким "Аъузу биллоҳ"ни овоз чиқариб айтишни айтган эмас!
Саҳобалардан Анас ибн Молик (р.ҳ.) ҳам Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг намозига ўхшаш намозни тавсифлаб, ўқиб берган. У: ني لا آلو أن أصلي بكم كما رأيت رسول الله صلى الله عليه و سلم يصلي بنا - 
"Мен сизларга Расулуллоҳ (с.а.в.) бизга намоз ўқиб берганларини кўрганимдек қилиб намоз ўқиб беришдан эринмайман" деб одамларга намоз ўқиб берган (Бухорий, 1/800; Муслим, 1/472; Ибн Хузайма, 1/682; Ибн Ҳиббон, 5/1902; Байҳақий, 2/2729; Абу Яъло, 2/1350; Аҳмад, 3/12783; Баззор, 2/6841; Таёлусий, 1/2039; Ибн Абу Шайба, 1/2978).
Лекин Анас (р.а.) ривоятида "Омин"ни ошкора айтилгани борасида гап-сўз йўқ!
Саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Умар (р.а.) ҳақида ривоят қилинган, намозда "Омин"ни овоз чиқариб, ошкора ўқиганлиги ҳақидаги нақллар борасида ҳам Абу Ҳурайра (р.а.) ривоятларига ўхшаш гапни айтиш мумкин (Дорақутний, 1/1287; Абдурраззоқ2/2641; Бухорий, ат-Таърих ал-кабир, 7/1195).
● Хуллас, агар "Омин"ни ошкора ўқиш афзал бўлганида, Расулуллоҳ (с.а.в.) билан доимо бирга бўлган, ул зотнинг илму ирфонларидан ҳаммадан кўра кўпроқ баҳраманд бўлган, ўзларининг фақиҳлиги ва олимлиги билан танилган Абдуллоҳ ибн Аббос (р.а.), Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.а.), Муоз ибн Жабал (р.а.), Ойша онамиз (р.а.), Зайд ибн Собит (р.а.), Абу Саид ал-Худрий (р.а.), Убайй ибн Каъб (р.а.) ва бошқа шу каби саҳобалардан "Омин"ни ошкора ўқиш ҳақидаги ривоятлар етиб келган бўларди-ку?!

Саҳоба ва тобеъинлар "Омин"ни қандай айтишган?
9) Воил ибн Ҳужр (р.а.)нинг ҳадиси икки хил тариқда келган бўлиб, Суфён ас-Саврий (р.ҳ.) ва Шўъба (р.ҳ.) ривоятлари бир-бирига қарама-қарши маънода. Шундай бўлганидан сўнг, уни саҳобалар қандай тушунган экан деб, уларнинг амалиётига қараш керак бўлади. Жумладан, Имом Таҳовий (р.ҳ.) "Шарҳ маоний ал-асор" ва Имом Табароний (р.ҳ.) ўз "ал-Муъжам ал-кабир" асарларида Ҳазрати Али (р.а.) ва Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.а.)нинг "Омин"ни махфий айтганлигини ривоят қилган:
حدثنا محمد بن عبد الله الحضرمي ثنا أحمد بن يونس ثنا أبو بكر بن عياش عن أبي سعيد البقال عن أبي وائل قال كان علي و ابن مسعود لا يجهران ببسم الله الرحمن الرحيم ولا بالتعوذ ولا بآمين 
Абу Воил (р.ҳ.)дан ривоят: "Ҳазрати Али (р.а.) ва Ибн Масъуд (р.а.) "Бисмиллоҳи-р-роҳмани-р-роҳим"ни ҳам, "Аъузу биллоҳ"ни ҳам, "Омин"ни ҳам ошкора қилмас эдилар" (Табароний, 9/9304).
Имом Таҳовий (р.ҳ.) ривоятида Ҳазрати Умар (р.а.) билан Ҳазрати Али (к.в.) "Омин"ни жаҳрий қилмаганлари нақл қилинган (Таҳовий, 1/1208).
Бироқ, мазкур икки ривоятда Абу Саид Баққол деган ровий қатнашган бўлиб, у заиф ровий эканлиги боис эътироз билдириш мумкин. Аслида, у ҳақида ихтилофли тавсифлар қилинган. Муҳаддислардан Ибн Журайж (р.ҳ.), Ҳоким (р.ҳ.), Абу Зуръа (р.ҳ.) уни сиқа – ишончли деб зикр қилганлар. Ибн Ҳажар ал-Ҳайсамий (р.ҳ.) уни "Мажмаъ аз-завоид"да мудаллис сиқа ровий деган ("Мажмаъ аз-завоид", 1/1229, 6/10337, 7/10812). Ибн Ҳажар ал-Асқалоний бўлса, унинг ривоят қилган бир ҳадисини келтириб, ҳадисини ҳасан деган қарорга келган. Имом Термизий (р.ҳ.) "Илал"ларида Имом Бухорий (р.ҳ.)нинг у ҳақидаги фикрларини келтирган. Имом Бухорий (р.ҳ.)га кўра у муқораб ал-ҳадис экан ("Илал ат-Термизий ал-кабир", 1/394). Демак, унинг ҳадисларини қабул қилиш мумкин. Зотан, у Имом Бухорий (р.ҳ.) фикрича ҳам сиқа – ишончли экан. Шунинг учун унинг ривоятлари ҳасандан кам эмас. Абу Бакр ибн Айёш (р.ҳ.) борасида ҳам гап-сўз қилинган, аммо у Имом Бухорий (р.ҳ.)нинг ровий кишиларидан ҳисобланади. Бинобарин, унга тил теккизиш ўзини оқламайди.
Юқорида зикр қилинганидек, Имом Муҳаммад (р.ҳ.) ўзининг "Китоб ал-Асор" асарида: Абу Ҳанифа→Ҳаммод→Иброҳим ан-Нахаъий тариқида мана бу ривоятни келтирган:
محمد قال: أخبرنا أبو حنيفة عن حماد عن إبراهيم قال:
أربع يخافت بهن الإمام : سبحانك اللهم و بحمدك و التعوذ من الشيطان وبسم الله الرحمن الرحيم وأمين
"Тўрт нарсани имом махфий ўқийди: "Субҳонака Аллоҳумма ва би-ҳамдика ...", "Аъузу биллоҳи мин аш-шайтони-р-рожим", "Бисмиллоҳи-р-роҳмани-р-роҳим" ва "Омин" (1/83).
Ушбу ривоят Абу Юсуф (р.ҳ.)нинг "Китоб ал-Асор"ида (1/106) ҳам келтирилган (Абу Юсуф. Китоб ал-Асор. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1355. – Б. 21-22). Уни Ибн Абу Шайба (р.ҳ.) ва Абдурраззоқ ҳам ривоят қилганлар (Ибн Абу Шайба, 2/8940-8945; Абдурраззоқ, 2/2596).
Тобеъинларнинг улуғларидан бири Иброҳим ан-Нахаъийнинг фатвосига кўра "Омин"ни махфий айтиш керак экан. Ҳанафийлардан бошқалар тобеъинларнинг фатвосини ҳужжат сифатида қабул қилмайдилар. Ҳанафийлар эса агар тобеъин улуғ ва машҳур олимлардан бўлса, шунингдек у саҳобалар даврида фатво бериб, саҳобалар даврида яшаган бўлса, унинг фатвоси қабул қилинади, деганлар. Чунки, агар унинг фатвоси нотўғри бўлганида, саҳобаларнинг бирортаси уни инкор ва рад қилган бўларди. Иброҳим ан-Нахаъий (р.ҳ.) эса 47-50 ҳижрийда туғилган ва саҳобалар даврида 95-96 ҳижрийда вафот қилган буюк тобеъин эди.
Хуллас, бирорта фақиҳ ва буюк саҳобанинг "Омин"ни доимо ошкора айтганлиги тўғрисида саҳиҳ ривоят йўқ.

Абдуллоҳ ибн аз-Зубайр (р.а.) "Омин"ни ошкора айтганми?!
Фақат Абдуллоҳ ибн аз-Зубайр (р.а.) ўзининг озгина муддат халифа бўлиб турганида, "Омин"ни ошкора айтганлиги ва шу билан масжид титрагани борасидаги ривоят мавжуд. Уни биз Имом Бухорий (р.ҳ.)нинг саҳиҳ тўпламида "Оминни ошкора айтиш" бобида таълиқан келтирилган ривоят орқали биламиз (Бухорий, 1/780 ҳадис олдидан).
Манбалардан маълумки, Абдуллоҳ ибн аз-Зубайр (р.а.) даврида одамлар "Омин"ни ошкора айтиш бидъат, гуноҳ деб билиб қолган экан. Аслида у гуноҳ эмас, балки жоиз амал ҳисобланади. Фақат ундан кўра махфий айтиш афзал. Одамларнинг ушбу номуносиб ва билимсизлик натижасида келиб чиқарган эътиқодларини тўғрилаш мақсадида Абдуллоҳ ибн аз-Зубайр (р.а.) "Омин"ни ошкора айтган эканлар. Чунки, унинг "Бисмиллоҳ"ни ҳам намозда ошкора айтганлиги ҳақидаги ривоятлар мавжуд. У одамларга нисбатан бундай тарзда مَا يَمْنَعُهُمْ مِنْهَا إِلاَّ الْكِبْر – "Уларни фақат кибргина "Бисмиллоҳ"ни ошкора айтишдан ман қилади" деб баҳо берган эди (Байҳақий, 2/2504; Ибн Абу Шайба, 1/4179). Ҳолбуки, энг машҳур ва таниқли, улуғ, фақиҳ саҳобалар "бисмиллоҳ"ни махфий айтар эдилар. Ибн аз-Зубайр (р.а.)нинг "бисмиллоҳ"ни ошкора айтишдан мақсади унинг суннатда борлигини, уни гуноҳ ва бидъат деб билмаслик кераклигини билдириш эди. Яъни, у одамларга мана шу нозик нуқтани тушунтириш мақсадида ошкора айтган. Унинг "Омин"ни ошкора айтиши ҳам шу тариқада бўлган.
Анваршоҳ Кашмирий айтишича, Абдуллоҳ ибн аз-Зубайр (р.а.)нинг "Омин"ни ошкора айтиши "Фотиҳа" сурасидан кейин эмас, қунут дуосидан кейинги "Омин" бўлиши ҳам мумкин экан. (Қаранг: Анваршоҳ Кашмирий. Файз ал-Борий шарҳ Саҳиҳ ал-Бухорий. 3-жилд. // ал-Мактабат аш-шомила, 2006. – Б. 60). Чунки, ҳанафийлар қабул қилмаган бўлса-да, бироқ, қунут дуосидан кейин "Омин" айтиш ҳақидаги ривоятлар ҳам мавжуд.
Лекин, унинг қилмиши Ҳазрати Умар (р.ҳ.) ва Ибн Масъуд (р.ҳ.) каби буюк саҳобаларнинг қилганига қарши далил бўла олмайди.
Хуллас, Воил ибн Ҳужр (р.а.) ва Абдуллоҳ ибн аз-Зубайр (р.а.)дан бошқа саҳобалардан на феълий ва на қавлий саҳиҳ ривоят ва ҳадислар йўқ. Бу икки ривоят ҳам бир қанча эҳтимоллари бор ҳадислар бўлиб чиқди.

Ато ибн Абу Рабоҳ (р.ҳ.)нинг ривоятларини қандай тушунамиз?
"Омин"ни ошкора айтишни афзал дегувчилар тобеъинларнинг улуғларидан Ато ибн Абу Рабоҳ (р.ҳ.)нинг гапларини ҳам далил сифатида келтирадилар. У бундай деган:
عن عطاء قال أدركت مئتين من أصحاب النبي صلى الله عليه و سلم في هذا المسجد إذا قال الإمام غير المغضوب عليهم ولا الضالين سمعت لهم رجة بآمين 
"Мен ушбу масжидда Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг саҳобаларидан икки юз нафарини топдим, имом қачон "ғойри-л-мағзуби ъалайҳим ва ла-з-золлин"ни айтган бўлса, улардан "Омин"ни титратиб айтганларини эшитганман" (Бухорий, ат-Таърих ал-кабир, 6/2999; Байҳақий, 2/2286).
Масжид "Омин" айтилганида титраб кетиши ҳақидаги Ато (р.ҳ.)нинг гапини Имом Бухорий ўзининг саҳиҳ ҳадислар тўпламида ҳам таълиқан келтирган. Таълиқ дегани асосий саҳиҳ ҳадислар жумласига кирмайди. Бинобарин, уламо ва ҳадисшунослар унга танқидий кўз билан қарашга ўрганиб қолганлар.
Анваршоҳ Кашмирий (р.ҳ.) унга жавоб излаб, ушбу ривоятнинг иллатли эканини аниқлаган. Чунки, Ато (р.ҳ.) икки юз нафар саҳобани кўрганлиги аниқ эмас экан (Муҳаммад Юсуф Баннурий. Маориф ас-сунан. 2-жилд. – Покистон: Каротши, 1413. – Б. 418-419).
Масалан, Ҳасан Басрий (12-110; 89)нинг ёши Ато (27-114)дан катта эди. Шундай бўлса-да, Ҳасан Басрий (р.ҳ.) бир юз йигирма нафар саҳобани кўрганлиги маълум (Бу ҳақида қаранг: Ибн Ҳиббон. Китоб ас-сиқот. 4-жилд. – Ҳайдаробод ад-Дакан: Матбаа Мажлис Доират ал-маориф ал-усмония, 1978. – Б. 123).
Энг машҳур, улуғ саҳобалар – Ҳазрати Умар (р.а.), Ҳазрати Али (к.в.) ва Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.а.) кабилардан "Омин"ни махфий айтганлари ривоят қилинган. Уларнинг аъмолларига Ато (р.ҳ.)нинг гапи ва номаълум саҳобаларнинг қилгани қарши тура олмайди.

Хулоса
Юқоридаги ихтилофлар "Омин"ни қандай айтиш борасида эмас. Чунки, бутун ислом уламолари иттифоғига кўра "Омин"ни айтиш суннат, уни хоҳ ошкора ва хоҳ махфий айтиш жоиз. Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ҳамда айрим саҳоба ва тобеъинларнинг "Омин"ни ошкора айтганларини инкор қила олмаймиз. Фақат уларни таълим учун ва бошқа хайрли мақсадда бир муддат шу ишни қилганларини таъкидлай оламиз, холос. Далилларни пухта ва изчил ўрганиб чиқилса, "Омин"ни ошкора қилмасдан, махфий қилиб айтиш афзал экани маълум бўлади. "ал-Жавҳар ан-нақий"да айтилишича, Ибн Жарир ат-Табарий (р.ҳ.) салафи солиҳинларнинг кўпчилиги "Омин"ни махфий айтардилар, шунинг учун уни махфий айтиш суннат, ошкора айтиш эса суннат бўлмаган жоиздир, деган.
Юқоридаги далиллар ва маълумотларга биноан ҳанафий олимлари ўз китобларида, жумладан "Муҳит ал-Бурҳоний" ва "Бадойеъ ас-санойеъ"да "Омин"ни махфий айтишни суннат дейилган (Бурҳониддин Бухорий. Ал-Муҳит ал-бурҳоний. 2-жилд. – ал-Мактабат аш-шомила, 2006. – Б. 26; Абу Бакр Косоний. Бадойеъ ас-санойеъ фий тартиб аш-шаройеъ. 1-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, (йили кўрсатилмаган). – Б. 207). Шунинг учун "Муҳит ал-Бурҳоний" ва "Фатовойи Оламгириййа (Ҳиндиййа)" кабиларда "Омин"ни ошкора айтишни макруҳ, ҳатто "Фиқҳи Кайдоний"да ҳаром дейилган (Бурҳониддин Бухорий. Ал-Муҳит ал-бурҳоний. 2-жилд. – ал-Мактабат аш-шомила, 2006. – Б. 59; Шайх Низом. Фатовойи Ҳиндиййа. 1-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмиййа, 2000. – Б. 119; Лутфуллоҳ Насафий. Фиқҳи Кайдоний (матн, таржима). – Тошкент, 2010. – Б. 62).
Аслини олганда, бу гаплар фақат "Омин"ни ошкора айтиш афзалми ёки уни махфий айтиш афзалми, деган масала устида бўлиб, унинг махфийлиги ва ошкоралиги масаласини ихтилофлар ва низо-жанжаллар манбаси қилиб олиш мутлақо мумкин эмас! Ихтилофдан сақланиш, одамларни фитнага, иккиланишларга қўйиш асло жоиз эмас! Абдулҳай Лакнавий (р.ҳ.): "Бизнинг асримизда бу ва шунга ўхшаш масалаларда илмлилар ва авомлар орасида жанжал узоқ давом этди, ҳар бир тоифа бошқаларнинг келтирган далилларини мутлақо инкор қилдилар ва ўзлари ҳам адашдилар, ўзгаларни ҳам адаштирдилар. Аллоҳ бизни ўшандан сақласин!", деб ёзган эди (Абдулҳай Лакнавий. Умдат ар-риоя фий ҳалли Шарҳ ал-Виқоя. 1-жилд. – Лакнау: Юсуфий, 1327. – Б. 136). Демак, фитналардан омонда бўлиш учун махфий ўқиладиган ўлка ва масжидларда "Омин"ни махфий айтавериш лозим!

Ҳамидуллоҳ Беруний

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Намоз ўқиш олдидан кийимларни, намоз ўқиш жойларини нажосатифлосликлардан тозалаш, баданни ғусл, таҳорат ёки таяммум кабилар билан поклаш намознинг асосий давоми...

17077 05:00 / 09.01.2017
Ассаламу алайкум азизлар. Ислом.уз саҳифаси кўриниши янгиланганлиги сабабли намоз вақтларини чоп этиб берувчи .тақвиминформер, дастури қайта созланди. давоми...

50631 15:00 / 14.03.2017
Бизларга Исломни дин деб танлаган, Исломни эса поклик устига бино қилган Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсинОламларга раҳмат қилиб юборилган, Ҳабибимиз давоми...

4959 09:38 / 09.01.2017
.Шарт, сўзи луғатда .аломат, маъносини билдиради.Шаръий истилоҳда эса, бир нарсанинг ҳақиқати ва моҳиятидан ташқари бўла туриб, ўша нарсанинг вужудга келиши учун давоми...

5602 09:42 / 09.01.2017
Аудиолар

118750 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40709 14:35 / 11.08.2021