1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Нақлиёт воситалари одоблари (2-қисм)

20:48 / 30.06.2017 3760 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Нақлиёт воситаларидан фойдаланиш одоблари бир неча қисмга бўлинади. Бу одобларнинг биринчи қисми нақлиёт воситаларини бошқариш, ҳайдовчилик қилиш ҳаққини берадиган қуйидаги шартлардан иборатдир:

Нақлиёт воситаси ҳалол йўл билан қўлга киритилган бўлиши керак.

Бошқача қилиб айтганда, улов ўз пулига сотиб олинган, эгаси рози бўлиб берган ёки уни ҳайдовчилик ишига олган шахс ёки муассаса рухсат берган бўлиши лозим.

Нақлиёт воситасини ҳайдашдан мақсад шариат рухсат берган иш бўлиши лозим.

Бунда ҳаром-ҳариш, душманчилик, бузғунчилик, гуноҳ ишларни қилиш нияти бўлмаслиги керак.

Нақлиёт воситаси расмий техник кўрикдан ўтган бўлиши лозим.

Бу иш ҳайдовчининг ўзи ва бошқа инсонлар саломатлиги ҳамда нақлиёт воситаси талофатга учрамаслиги учун зарурдир.

Нақлиёт воситасини бошқаришда йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш.

Йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмаслик кишиларга, молу мулкка зарар етказиши мумкин. Ўзига ва ўзгаларга зарар етказиш эса Исломда ҳаром қилинган.

Нақлиёт воситасини сотиб олишда ниятни яхши қилиш.

Бунда мазкур воситани сотиб олишда Аллоҳ таолонинг ибодатига, яхши, савобли ишларга, оила ва яқинларнинг хизматига ишлатаман, деган гўзал ниятни қилиш керак. Шунда нақлиёт сотиб олган киши савоб ҳам олади, мақсадига ҳам эришади.

Нақлиёт воситасини сотиб олаётганда фойдалисини, яхшисини, тежамлисини сотиб олиш керак.

Манманлик, мақтаниш ва одамларга кўз-кўз қилиш каби шариатга хилоф ният ва амалларни кўзламаслик лозим.

Нақлиёт воситасини Аллоҳ таолонинг неъмати деб билиш ва унинг шукрини қилиш зарур.

Зотан, мусулмон инсонга етган ҳар бир яхши нарса Аллоҳ таолонинг неъматидир. Нақлиёт воситаси ҳам ўша неъматлардан биридир. Бу неъматнинг шукри уни тўғри йўлда ишлатиш билан юзага келади.

Нақлиёт воситасини покиза, яроқли ва бўлар-бўлмасга уринтирмаган ҳолда тутиш.

Шунда мазкур восита кўпга етади, унинг хизматидан унумли фойдаланилади. Акс ҳолда, у тезда яроқсиз ҳолга келиши, эгаси ундан маҳрум бўлиши мумкин.

Нақлиёт воситасидан фойдаланиш давомида унга нисбатан авайлаб, эҳтиёткорона муносабатда бўлиш керак.

Масалан, эшикларини очиб-ёпишда, ҳайдаш давомида, сақлаш, техник қаров ва ҳоказоларда шундай йўл тутилади.

Нақлиёт воситасини минишда кўрсатилган дуони ўқишни зинҳор унутмаслик керак.

Чунки инсон бошқа барча ҳолатларда бўлгани каби, нақлиёт воситасини минишда ҳам Парвардигорининг мадади ва ҳимоясига ҳамиша муҳтождир.

Аллоҳ таоло Зухруф сурасида марҳамат қилади:

«У барча жуфтларни яратган ва сизга кемалар ҳамда чорва ҳайвонларидан минадиган нарсаларингизни қилган Зотдир. Токи, сиз улар устига ўрнашгайсизлар, сўнгра, уларнинг устига ўрнашиб олгач, Роббингизнинг неъматини эслаб: «Бизга буни хизматкор қилиб қўйган Зот покдир. Бунга қодир эмас эдик. Ва, албатта, биз Роббимизга қайтгувчилардирмиз», дегайсиз» (12-14-оятлар).

Инсон маркабга минганда, ўзида аллақандай бир кўтаринкилик, ғурур ва манманлик пайдо бўлганини сезади. Ана шундай ҳолатда дарҳол унга маркаб миниш имконини берган Зотни, яъни Аллоҳ таолони эсласа, Унга шукрона ўлароқ юқоридаги оятда келган дуони ўқиса, ҳамма нарса ўрнига тушади.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарга чиқиб, туяларига минганларида уч марта такбир айтар ва: «Субаҳаналлазии саххоро ланаа ҳааза. Ва маа куннаа лаҳу муқринийн ва иннаа ила роббинаа ламунқалибун. Аллоҳумма! Иннаа насъалука фии сафаринаа ҳааза ал-бирра ват-тақва ва минал амали маа тарзо. Аллоҳумма! Ҳаввин алайнаа сафарана ҳааза ватвиъ аннаа буъдаҳу. Аллоҳумма! Антас-соҳибу Фис-сафар вал халифату фил аҳл. Аллоҳумма! Иннии аъуузу бика мин ваъсаис сафари ва каобатил манзари ва суъил мунқалаби фил мали вал аҳли», дер эдилар.

Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насаий ривоят қилганлар.

Дуонинг маъноси: «Бизга буни бўйсундирган Зот покдир. Биз бунга қодир эмас эдик. Ва албатта, биз Роббимизга қайтгувчилардирмиз». Аллоҳим! Албатта, биз ушбу сафаримизда яхшиликни, тақвони ва Ўзинг рози бўладиган амални сўраймиз. Бизларга бу сафаримизни осон қилгин. Аллоҳим! Сен сафарда соҳибсан ва аҳлда халифа – ўринбосарсан. Аллоҳим! Сендан сафарнинг машаққатидан, аҳл ва молда маҳзун бўлиб қайтишдан ҳамда ёмон манзара бўлишидан паноҳ сўрайман!»

Нақлиёт воситасини миниб бораётган киши Аллоҳ таолонинг зикрини қилиб бориши юксак одобдир.

Аллоҳ таолони зикр қилишни ҳеч қачон тарк этмаслик керак. Аммо нақлиёт воситаларида кетаётган кишилар учун зикр алоҳида аҳамият касб этади.

Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Қай бир улов минган киши Аллоҳ ва Унинг зикри ила машғул бўлса, албатта, унга фаришта мингашади, шеър ва шунга ўхшаш нарса ила машғул бўлса, шайтон мингашади».

Тобароний ривоят қилган.

Нақлиёт воситасининг эгаси уни лаёқатсиз кишиларга ва ёш болаларга бермаслиги керак.

Нақлиёт воситасини мазкур тоифадаги кишиларга бериш оқибатида жон ёки мол талофатига учраб қолиш эҳтимоли ва хавфи кўп.

Нақлиёт воситасига юк ортганда, бошқаларга зиён етмаслиги чорасини кўриш лозим.

Агар бу маънода йўл қўйилган эътиборсизлик оқибатида бирор кишига ва нарсага зарар етса, нақлиёт воситасининг эгаси тўлаб беради.

Нақлиёт воситасини ҳайдовчи киши белгиланган тезликка риоя қилиши лозим.

Зотан, ноўрин шошилиш шайтондандир. Бундай ҳолатларда шошилиб, тезликни ошириш кўпчиликка зарар етказиши, одамларнинг асабини бузиши, Аллоҳ кўрсатмасин, ҳатто бахтсиз ҳодисаларга, йўл фалокатларига сабаб бўлиши ҳам мумкин.

Нақлиёт воситасини ҳайдовчи ўзидан бошқаларга халал бермаслиги одобдандир.

Баъзи ҳайдовчилар ўз ҳамкасбларига халал берадиган ишларни ўйламай-нетмай қилаверишади, бу ғирт беодобликдир. Бошқаларнинг йўлини тўсиш, қизил чироқда ўтиб кетиш, уловни бепарволик ва қўполлик билан бошқариш, ўзга ҳайдовчиларнинг юришига халал берувчи бошқа ҳаракатларни қилишдан сақланиш лозим.

Нақлиёт воситасини ҳайдовчи киши огоҳлантирувчи овоз чиқарувчи мосламани иложи борича чалмасликка ҳаракат қилиши зарур.

Баланд ва кутилмаган овоз кўпчиликка озор бериши, асабини бузиши, йўлдан чалғитишини унутмаслик керак. Бундай овоз воситалари билан автоуловларни жиҳозлашдан мақсад, зарурат юзасидан ишлатиш учундир. Бировларни безовта қилиш, чўчитиш ва норозилик уйғотиш учун эмас.

Нақлиёт воситасини ҳайдовчидан доимо ҳушёр бўлиши талаб этилади.

Албатта, бусиз мумкин ҳам эмас. Аллоҳ таоло кўрсатмасин, эҳтиёткорлик бир зум унутилса, эътибордан четда бўлинса, бирор кор-ҳол бўлиши эҳтимоли кучаяди. Шунинг учун ҳайдовчининг ҳар тарафлама эҳтиёт чораларини кўриб бориши жуда муҳим.

Нақлиёт воситасини ҳайдовчи бошқа ҳайдовчилар билан ҳам, йўловчилар билан ҳам хушмуомалада бўлишга ҳаракат қилади.

Бу иш юксак одобдир. Мусулмон одам доимо хушмуомала бўлиши керак. Аммо бу сифат ҳайдовчилар учун айниқса жуда зарур. Баъзи тажанг ҳайдовчиларнинг ўз ҳамкасблари билан ҳам, йўловчилар билан ҳам ғижиллашиб туриши, бўлар-бўлмасга асабийлашавериши ҳеч кимга зийнат ҳам, одобдан ҳам эмас.

Нақлиёт воситасини ҳайдовчи ўз маркабини тақиқланган жойларда тўхтатмаслиги ҳам юксак одобдир.

Бу иш жамоатчилик одобларининг кўзга кўринганларидан биридир. Зотан, тўхташ тақиқланган жойга автоуловни тўхтатиш катта беодоблик, бошқаларга ҳурматсизликдир. Бу иш билан ҳайдовчи кўпчиликни беҳурмат қилган ва уларга ноқулайлик туғдирган бўлади.

Нақлиёт воситасини ҳайдовчи автоуловни рухсат берилган жойга ҳам бошқаларга халақит бермайдиган қилиб тўхтатиши лозим.

Баъзи ҳолатларда бошқа нақлиёт воситалари ўта олмай қоладиган даражада тўхтатиб қўйилган автоуловлар кўпчилик учун ноқулайлик туғдиради, бундан кўчалар тўсилиб қолиши, иши зарур киши юмушига кечикиши каби ҳолатлар ҳам вужудга келади. Бу эса мазкур халақит бераётган автоулов эгасининг беодоблиги сабабидан вужудга келади. Мусулмон инсон учун бу каби беодобликка йўл қўйиш катта айб ҳисобланади.

Нақлиёт воситасини ҳайдовчи бирор иш билан автоуловини қолдириб кетадиган бўлса, уни яхшилаб қулфлаб, барча эҳтиёт чораларини кўриб кетиши керак.

Аксинча, пала-партишлик ва эҳтиётсизлик қилса, ўзига зарар етиши мумкин бўлади. Кўча тасодифларга тўла, ўзини билмаганлар автоуловни олиб қочиши ёки бирор жойига зарар етказиши, унинг ичидаги нарсаларни, эҳтиёт қисмларини ўғирлаб кетиши мумкин.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир киши:

«Эй Аллоҳнинг Расули, (уловимни) тушовлаб туриб таваккал қилайми ёки қўйвориб таваккал қилайми?» деди. Шунда у зот:

«Уни тушовлаб туриб, кейин таваккал қил», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ижтимоий одоблар китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .У киши хўшбўй нарсани қайтармас эди ва Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хушбўй нарсани қайтармас эдилар, деган даъвони давоми...

3041 05:00 / 02.03.2017
Жобир ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ҳар бир яхшилик садақадир,, ndash дедилар,. Шарҳ Яхшилик, у қандай бўлмасин ndash каттами, давоми...

3144 05:00 / 04.03.2017
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир ароқ ичган кишини олиб келишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга дарра уришни буюрдилар. давоми...

1676 13:00 / 15.11.2021
Ражаб ойи Аллоҳ таоло Қуръони Каримда хабар берган тўрт ҳаром ойнинг биттасидир. Бу ойларда қабилалар ўртасида уруш, йўлтўсарлик, қон тўкиш каби тажовузкорлик давоми...

6474 21:00 / 11 январь
Аудиолар

118776 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40727 14:35 / 11.08.2021