1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мавлид

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг насаблари

18:03 / 21.11.2017 6452 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

2666. «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам­нинг насабларига келсак, у зот – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ибн Абдуллоҳ ибн Абдулмуттолиб ибн Ҳошим ибн Абдуманоф ибн
Қусой ибн Килоб ибн Мурра ибн Каъб ибн Луъай
ибн Fолиб ибн Феҳр ибн Молик ибн ан-Назр ибн Кинона ибн Хузайма ибн Мудрика ибн Иляс ибн Музар ибн Низаар ибн Маъдд ибн Аднан».

Бухорий ривоят қилган.

Шарҳ: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг насаблари бўйича барча тарихчилар ва насабчилар иттифоқ қилган боболар шулардир. Кейинги насаблари Исмоил алайҳиссаломга бориб тақалиши ҳам аниқ.

Ривоятларда келишича, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам ушбу силсилани зикр қилиб, кейин бир оз сукут қилганлар ва: «бундан кейин насабчилар агар ростни айтсалар ҳам ёлғондир», деганлар.

Ушбу ривоятда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг боболаридан йигирма кишининг номлари зикр қилинмоқда. Аввал ўрганганимиздек, у зотнинг насаблари олий насабдир. Аллоҳ таолонинг инояти ила пок сақланган насабдир. Энди ўша олий насаб силсиласига аввал бошидан бир назар солиб чиқайлик.

1. Аднан.

Мазкур йигирма бобонинг биринчиси бўлган бу зот бошқалари каби, Маккаи Мукаррамада истиқомат қилганлар. Чунки у киши ҳам Каъбаи Муаззаманинг қурувчиси – Исмоил алайҳиссаломнинг сулоласидандир.

Аднаннинг икки ўғли бўлган экан. Бири Маъдд, иккинчиси Акк. Иккинчи ўғил Яманнинг ашъарийлар қабиласидан уйланиб, аёли билан унинг оталари юртига – Яманга кетган экан.

2. Маъдд.

У эса отаси Аднан билан Маккаи Мукаррамада истиқомат қилган. Маъдднинг ўғилларидан бирининг исми Қузоъа бўлган. Ўша ўғилдан машҳур Қузоъа қабиласи тарқалган.

Маъдднинг отасининг ўрнини босиб, Маккаи Мукаррамада истиқомат қилиб қолган ўғли Низаар эса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг боболари силсиласига кириш бахтига муяссар бўлган.

3. Низаар.

Низаарнинг Робийъа, Анмар ва Ияд исмли ўғиллари кейинчалик ўз номлари билан аталадиган қабилаларга ота бўлганлар.

Унинг Маккаи Мукаррамада истиқомат қилиб, отасининг эшигини очиб қолган ўғли Музар ҳам ўз номи билан аталадиган қабилага ота бўлиш билан бирга, Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг боболари силсиласига кириш бахтига ҳам муяссар бўлган.

4. Музар.

Бу кишининг икки ўғли бўлиб, бири Иляс, иккинчиси Fойлан бўлган.

Бу икки ўғилдан Иляс яхши бўлган. Шунинг учун ҳам Иляс Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг насаб силсилаларидан ўрин олган.

5. Иляс.

Иляснинг вақтида одамларнинг Иброҳим ва Исмоил алайҳимуссаломнинг шариатларидан оғишлари пайдо бўлган экан. Шунда Иляс уларни бу но­тўғри йўлдан қайтариб қолган экан.

Иляснинг учта ўғли бўлиб, улардан бирининг исми Омир экан. Бир куни Иляснинг туялари қочиб кетибди. Уларни топа олмай, жуда қийналибди. Охири туяларни топиб келиш учун ўғилларини юборибди. Икки ўғил ҳеч нарса топа олмай, қайтиб келибдилар. Омир эса ҳамма туяларни топиб, отасининг олдига ҳайдаб келибди.

Шунда Омирга Мудрика, яъни Топқир деган лақаб беришибди. Кейинчалик унинг лақаби исмидан ғолиб бўлган. У ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг насаб силсилаларидаги боболари сафидан ўрин олиш бахтига муяссар бўлган.

6. Мудрика.

Мудриканинг Хузайма ва Ҳузайл исмли ўғиллари бўлган. Улардан Хузайма Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга бобо бўлиш бахтига эришган.

7. Хузайма.

Хузайманинг тўрт ўғли бўлиб, улар Кинона, Асад, Асада ва Ҳавн деб номланишган.

Уларнинг ичидан Кинона Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг боболари силсиласига қўшилиш бахтига муяссар бўлган.

8. Кинона.

Кинонанинг ҳам бир неча ўғиллари бўлган. Аммо Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга аждод бўлиш бахтига сазовор бўлгани Назр деб номланган.

9. Назр.

Назрнинг ҳам ўғиллари кўп бўлган. Аммо уларнинг ичида энг яхшиси Молик эди. Ана шу Молик Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга бобо бўлди.

10. Молик. Моликнинг куняси Абу Ҳорисдир. Онаcи Отика бинту Удвон ибн Амр ибн Қайс ибн Айлондир. Моликнинг ўғли Феҳрдир. Ибн Исҳоқ Моликнинг  Феҳрдан  бошқа  ўғли  борлигини  зикр қилмаган. Феҳр Муҳаммад мустафо  соллаллоҳу  алайҳи  васалламга  аждод бўлиш бахтига сазовор бўлган.

11. Феҳр.

Қурайш қабиласининг асосчиси мана шу Феҳр ҳисобланади. Унинг яна бир исми Қурайш эди.
У олий ахлоқли, ҳикматли бир киши бўлган. У ўз вафоти олдидан ўрнига қабила бошлиғи бўлиб қо­ладиган ўғли Fолибга ажойиб насиҳатлар қилган.

12. Fолиб.

Fолиб ҳам отаси каби ҳикмат соҳиби эди. У ўз қабиласига ҳикмат ила раҳбарлик қилди. Унинг ўғилларидан Луъай ҳам отаси ва бобосига ўхшаган фарзанд чиқди. У ёшлигиданоқ ҳикмат соҳиби эканлигини намойиш қилди. Fолиб билан ўғли Луъайнинг ҳикмат бобида қурган суҳбатлари ривоятларда сақланиб қолган. Луъай Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга бобо бўлиш бахтига ҳам сазовор бўлди.

13. Луъай.

У эр киши мақомига етганда ўз отасининг ўрнини эгаллади. Луъайга Аллоҳ таоло бир неча фарзандлар ато қилди. Уларнинг ичида Каъб ҳаммасидан ақлли ва афзали эди. У ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга бобо бўлди.

14. Каъб.

Каъб ҳам худди оталари каби, ҳикмат соҳиби бўлди. Унинг кишиларга сўзлаган ваъз-насиҳатларини ривоятчилар ҳозиргача етказиб келганлар.

Каъбнинг болалари ичидан Мурра исмли ўғли Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга бобо бўлди.

15. Мурра.

Мурра Қурайш қабиласининг фахрига айланган кишилардан бири эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мурранинг ўғилларидан Килобнинг сулбига ўтдилар.

16. Килоб.

Килоб ҳам ўз вақтининг етук кишиларидан эди. У икки ўғилнинг отаси бўлди. Унинг ўғиллари ичида энг яхшиси, кўзга кўрингани, сўзга устаси ва уддабурони Қусой эди. Иккинчи ўғил эса Зуҳра эди. Буларнинг иккиси ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга бобо бўлдилар. Зуҳра она тарафдан бобо бўлгани боис, Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оналари Омина аз-Зуҳрия деб номланадилар. Қусой ибн Килоб Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга ота томондан бобо бўлди.

17. Қусой.

Қусой болалик чоғини онасининг ҳузурида – Қузоъа қабиласида ўтказди. У кучли, карамли ва номусли йигит бўлиб етишди. Кунлардан бир куни у ўзи тенги бир йигит билан олишувда ғолиб келди. Енгилган йигит аччиғига чидай олмай, Қусойга:

«Сен биздан эмассан, ўз қавмингга кетсанг бўлмайдими?!» деди. Бу гап Қусойнинг жон-жонидан ўтиб кетди. Ўша пайтгача у ўзининг бегона эканлигини билмаган эди. У онасининг ҳузурига бориб, бу ҳақда шикоят қилди. Онаси унга:

«Болам, Аллоҳга қасамки, сен ота жиҳатидан ҳам, насаб жиҳатидан ҳам, шарафу мартаба жиҳатидан ҳам ундан кўра яхшисан. Сен Ибн Килоб ибн Мурра ибн Каъб ибн Луъай ибн Fолиб ибн Феҳр ибн Малик ибн Назр ибн Кинона Қурайшийсан. Сенинг қавминг Маккада, Байтул Ҳаромнинг ҳузури ва атрофида. Барча араблар у ерга зиёратга боради», деди.

Шунда Қусой сафарга чиқишга қарор қилди. Онаси унга:

«Болам, шошмай тур, шаҳрул ҳаром кирсин, ўшанда араб ҳожилар билан кетасан. Бўлмаса, йўлда сенга бир нарса бўлишидан қўрқаман», деди.

Шаҳрул ҳаромда Қусой ҳаж сафарига чиқди ва бориб, отасининг қавмига қўшилди. У кучли ва келишган қоматли эди. Кўп ўтмай, Байтул ҳаромнинг мутасаддилигини эгаллади. Ундан олдин бу шарафли иш қурайшликларга эмас, қузоъаликларга насиб этган эди. Қусой ўзининг ўткир идроки, тадбиркорлиги ва қувватини ишга солиб, ҳаж ишларига ҳам бошлиқ бўлиб олди.

Шундай қилиб, Қусой ҳамма шарафли ишларни ўзиники қилиб олди. У Байтуллоҳга мутасадди бўлди. Бу улуғ даргоҳ учун нима иш қилинадиган бўлса, фақат у билан битадиган бўлди. Қусой Макканинг амири ҳам эди. Каъбаи Муаззаманинг калитларига ҳам соҳиб бўлди. Каъбаи Муаззамани фақат угина очар эди. Шунингдек, ҳожиларга сув бериш шарафи ҳам Қусойга ўтди. Ҳожиларнинг муҳтожларини боқиш иши – рифода ҳам Қусойнинг ихтиёрига ўтди. Бунинг учун у ҳар йили қурайшликлардан харож олар ва таом тайёрлаб, ҳожиларга тутар эди. У бу ҳақда қурайшликларга қуйидаги хутбани қилган эди:

«Эй Қурайш жамоаси! Албатта, сизлар Аллоҳнинг қўшнисисизлар! Унинг аҳли байтисизлар! Аҳли ҳарамсизлар! Албатта, ҳожилар Аллоҳнинг меҳмонлари ва У зотнинг уйининг зиёратчиларидир. Улар муҳтарам меҳмон бўлиш учун энг ҳақли одамлардир. Бас, улар учун қайтиб кетгунларича таом ва шароб ажратинг!»

Шунингдек, Қурайш қабиласи бирор уруш учун байроқ тикмоқчи бўлса ҳам фақатгина Қусой тикиши мумкин эди. Яъни ҳамма нарса унинг қарори билан бўлар эди.

Арабларнинг доруннадваси, яъни маслаҳат кенгаши ҳам Қусойнинг уйида бўлар эди. Қусойнинг асл исми Зайд бўлиб, Қусой унинг лақаби эди. Кейинчалик лақаби исмидан ғолиб бўлиб кетган. Қусой вафотидан олдин ҳамма ишларини ўз ўғли Абдуддорга топширди.

Шу ерда Қусой ота-боболаридан кўра бошқача иш тутди. Аввал танишиб ўтганимиздек, бу силсиладаги барча оталар раҳбарликни ўзининг энг қобилиятли ўғлига топшириб келган эдилар. Аммо Қусой икки ўғлидан қолоқроғига бошлиқликни топшириб, нотавон ўғлининг шаънини бир оз кўтармоқчи бўлди. Чунки бошқа ўғли Абдуманоф отасининг тириклигидаёқ юқори даражаларга эришиб бўлган эди. Худди мана шу Абдуманоф Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга бобо бўлди.

18. Абдуманоф.

Аллоҳ таоло Абдуманофга тўрт ўғил берди. Улар: Абдушшамс, Ҳошим, Муттолиб ва Навфаллар эди. Бу тўрт ўғилнинг барчаси шарафли ва ўз қадрини билган кишилар эди. Улар боболари Қусойнинг амакилари Абдуддорга бошлиқликнинг ҳаммасини топшириб қўйишига индамай, қараб туришмади. «Бу ишларда бизнинг ҳам ҳаққимиз бор «деб талаша бошладилар. Орада уруш чиқиш хавфи туғилди. Шунда баъзилар сулҳ орқали келишувга чақирдилар. Узоқ тортишувлардан кейин мансаблар орада тақсим қилинди. Абдуманофнинг болалари чекига ҳожиларга шароб ва таом бериш тушди. Каъбанинг калити, байроқ ва доруннадва Абдуддорнинг болаларига тегди.

Ҳошим Абдуманофнинг ўғиллари ичида энг яхшиси бўлиб, унинг обрўси араблар ичида жуда ҳам юқори эди. У ҳам Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга бобо бўлиш шарафига эришди.

19. Ҳошим.

Ҳошимнинг ўрнига унинг ўғли Абдулмуттолиб қолди.

20. Абдулмуттолиб.

Абдулмуттолибнинг онаси ясриблик бўлиб, Бану Нажжор қабиласига мансуб аёл эди. Абдулмуттолиб ҳам ўша шаҳарда ўсиб, тарбия топди. Кейинчалик амакиси Муттолиб уни Маккага олиб келиб, ўз тарбиясига олди. У доимо амакиси ва тарбиячиси Муттолиб билан бирга юргани учун Абдулмуттолиб деб номланиб қолди.

Абдулмуттолиб ўз шахсининг кучлилиги, ҳусни хулқи ва кечирувчанлиги билан Қурайш қабиласини ром этди. Аста-секин уларга раис бўлди. У қабиланинг ёшларига ота, қариларига биродар бўлди. Абдулмуттолибсиз Маккада бирор иш бўлмайдиган, бирор қарор қабул қилинмайдиган ҳолга келди.

Бир вақтлар Журҳум қабиласи Маккага ҳужум қилиб, Замзам қудуғини кўмиб ташлаган, қудуқ узоқ йиллар кўмилган ҳолида қолиб кетган эди. Абдулмуттолиб ўша қудуқни қайта ковлаб, сув чиқарди. Бу ишни қилишига эса Аллоҳ таолонинг Ўзи илҳом берган эди. Абдулмуттолиб бир куни Каъбаи Муаззаманинг ёнида ухлаб ётганида тушида биров келиб:

«Тийбани ковла», деди.

«Тийба нима?» деди Абдулмуттолиб.

Сўнгра ҳалиги овоз эгаси ғойиб бўлди. Эртасига яна ўша жойда ухлаб ётганида кечаги кимса тушига кириб:

«Баррани ковла», деди.

«Барра нима?» деди Абдулмуттолиб.

Сўнгра ҳалиги овоз эгаси ғойиб бўлди. Эртасига яна ўша жойда ухлаб ётганида кечаги кимса тушига кириб:

«Мазнунани ковла», деди.

«Мазнуна нима?» деди Абдулмуттолиб. Сўнгра ҳалиги овоз эгаси ғойиб бўлди. Эртасига яна ўша жойда ухлаб ётганида кечаги кимса тушига кириб:

«Замзамни ковла», деди.

«Замзам нима?» деди Абдулмуттолиб.

«У ҳеч қуримас ва ёмонланмас. Кўп ҳожиларни суғорур. У тезак ва қон бор жойда. Қарға ер чўқиётган жойда. Чумоли бор жойда», деди.

Абдулмуттолиб уйқусидан туриб бориб, одамлар ҳайвонларини сўядиган жойни – ҳозирги Замзам қудуғи ўрнини топди. У ерда қарға ер чўқиб турар, чумоли ғизиллаб юрар эди.

Абдулмуттолиб ўша ерни қазий бошлади. Ўша пайтда фақат биргина ўғли – Ҳорис бор эди. Оғир ишни амалга оширишда ўзи ёлғиз жуда қийналди. Лекин бор кучини ишга солиб, жон-жаҳди билан ер қазиди. Унинг учун бу ишнинг охири кўриниши, сув чиқиши қийинга ўхшаб кетди.

Ўшанда ўзига ёрдам берадиган ўғиллари йўқлигидан ўксиди. «Агар Аллоҳ таоло менга ўнта ўғил берса, улардан бирини Унинг йўлида қурбонлик қиламан», деб назр атади.

Абдулмуттолиб азиматли инсон эди. У мақсади йўлида ҳар қандай ишни қилишга, ҳар қандай машаққатга дош беришга одатланган эди. Шунинг учун ҳам унга ўзининг ёлғизлиги ҳам, ишнинг оғирлиги ҳам таъсир қилмади. Ҳеч бўшашмай, ер ковлашда давом этди. Қурайшликлар эса «Қани, нима бўлар экан», деб, узоқдан кузатиб турар эдилар.

Абдулмуттолиб сувни кўрганда «Аллоҳу акбар!» деб такбир айтди. Қурайшликлар унинг мақсадига эришганини англадилар. Абдулмуттолиб қазишда давом этиб, қудуқ атрофидан Исмоил алайҳиссаломдан қолган табаррук нарсаларни ҳам бирин-кетин топа бошлади. У ҳар бир нарсани топганда такбир айтар, қурайшликлар эса бундан унинг яна бир нарсага эришганини англашар эди.

Абдулмуттолиб Замзамни қайта ковлаб, битирганидан кейин қурайшликлар унга эгалик қилишда шерик бўлмоқчи бўлдилар. Улар Абдулмуттолибга:

«Бу Исмоилнинг қудуғи, шунинг учун унга эгалик қилишда биз ҳам сенга шерик бўлишимиз керак», дедилар.

Абдулмуттолиб эса бўш келмади:

«Буни мен ўзим қазидим, ўзим эгалик қиламан», деди.

Қурайшликлар Абдулмуттолибнинг яхшилигини билганлари, Замзамдан ўзларига ҳам фойдаланишга ижозат беришига ишонганлари учун гапларидан қайтдилар.

Дарҳақиқат, ҳаммалари Замзам сувидан ичиб, баракасидан баҳраманд бўлдилар. Ҳаммалари бу ишдан хурсанд бўлдилар, ўзларига иззат ва каромат қайтиб келганидан мамнун бўлдилар. Чунки Замзам Исмоил алайҳиссалом, у кишиниг оталари Иброҳим алайҳиссалом ва оналари Ҳожарга тегишли нарса эди, у зотлар эса арабларнинг фахри бўлган.

Шундай қилиб, Абдулмуттолибнинг обрў-эътибори кундан-кунга ортиб бораверди. Аллоҳ таоло унга кўп нарсаларни, жумладан, ўнта ўғил ато қилди. Ўғиллар кўзга кўриниб қолганда Абдулмуттолиб ўзи қилган назрга вафо қилишни, ўғилларидан бирини қурбонликка сўйишни ирода қилди.

Лекин ўн ўғилдан қайси бирини сўйишини билмай, қийналди. Охири қуръа ташлаб, кимга чек тушса, ўшани қурбонлик қилишга қарор қилди. У ўғилларини бир жойга жамлади. Уларга ўзининг атаган назри ҳақида хабар берди. Қуръа улардан кимга чиқса, ўшани қурбонликка сўйишини айтди. Болалари итоат ила рози бўлишди.

Абдулмуттолиб уларнинг ҳаммасини Каъбаи Муаззаманинг ичига олиб кирди. Ҳар бирига бир варақдан қоғоз бериб, «Ҳар ким ўз исмини ёзсин», деди. Ўғиллар оталарининг амрини бажардилар.

Сўнгра Абдулмуттолиб қуръа ташловчи мутахассисни чорлади. У келиб, қуръа ташлаган эди, Абдуллоҳнинг чеки чиқди.

Абдуллоҳ Абдулмуттолиб учун ўғиллари ичида энг эркаси ва энг маҳбуби эди. Лекин шундай бўлса ҳам, қуръа Абдуллоҳга чиққанидан кейин отаси уни сўйишга тайёрлана бошлади.

Бу хабар зудлик билан атрофга тарқалди. Макка аҳли етиб келганларида Абдулмуттолиб ўғлини сўйиш учун астойдил пичоқ қайрамоқда эди. Қавм унга юзланиб:

«Нима қилмоқчисан, эй Абдулмуттолиб?!» деб қичқирди.

«Уни сўймоқчиман», деди пичоқни қайрашда давом этиб, Абдулмуттолиб. Одамларнинг эс-ҳуши учиб кетди. Абдулмуттолибнинг ўғиллари ҳам унга бўлган итоатларидан айниб, кўпчиликка қўшилдилар. Лекин бир сўзлилиги билан ном қозонган қайсар чол ўз ниятидан қайтгиси йўқ эди. Охири қурайш­ликлар ва улар билан бирга Абдулмуттолибнинг ўғиллари «Уни сўймайсан», деб қасам ичдилар. Бу иш кўпгина ёмонликларга сабаб бўлишини айтиб, туриб олдилар. Улар:

«Уни зинҳор сўймайсан. Назрингга амал қилмасликка узр ахтар. Агар сен бу ишни қилсанг, бошқалар ҳам ўғлини қурбонликка сўйишга одатланади. Унда одам қолмайди, ахир!» дедилар.

Абдулмуттолибнинг синглисининг қизи ҳам унга:

«Аллоҳга қасамки, уни сўймайсан! Назрингга амал қилмасликка узр ахтар. Агар унинг ўрнига фидя бериш лозим бўлса, молу мулкимизни унинг учун фидо қиламиз», деди.

Шундан кейингина Абдулмуттолиб бир оз юмшади. Ҳижоз аҳлидан бўлган бир фолбин аёлнинг олдига бориб, маслаҳат сўрадилар. У ўнта туяни бир томонга, Абдуллоҳни бир томонга қўйиб, қуръа ташлашни, қуръа туяларга чиқса, уларни сўйишни, Абдуллоҳга чиқса, яна ўнта туя зиёда қилиб, қайта қуръа ташлашни, то қуръа туяларга чиқмагунча, уларнинг сонини ўнтадан ошириб, қайтадан қуръа ташлайверишни маслаҳат берди.

Бу маслаҳат қавмга ёқиб тушди. Абдуллоҳни бир томонга, ўн туяни бир томонга қўйиб, қуръа ташладилар. Қуръа Абдуллоҳга чиқди. Туяларнинг сонини ўнтага ошириб, қайта қуръа ташладилар. Қуръа Абдуллоҳга чиқди. Туяларнинг сонини яна ўнтага ошириб, қайта қуръа ташладилар. Қуръа яна Абдуллоҳга чиқди. Шундай равишда давом этиб
бориб, туяларнинг сони юзтага етганда қуръа туяларга чиқди. Қурайш­ликлар хурсанд бўлиб:

«Эй Абдулмуттолиб, Роббинг фидяга рози бўлди», дейишди.

Абдулмуттолиб эса ишонмай, яна қайтадан қуръа ташлатди. Яна қуръа туяларга чиқди. Учинчи бор ҳам қуръа туяларга чиққандагина Абдулмуттолибнинг кўнгли жойига тушди. У юзта туяни сўйиб, элга тарқатди.

Пайғамбар алайҳиссаломга ота бўлажак Абдуллоҳнинг номи шу тариқа эл-юртга тарқалди.

21. Абдуллоҳ.

Макка аҳлининг барчаси ҳимоясига турган Абдуллоҳ номли йигит ким ўзи? Макка аҳли бор будини унинг учун фидо қилишга тайёрлигини эълон қилган Абдуллоҳ исмли йигит ким ўзи?

Абдуллоҳ Қурайшнинг бошлиғи Абдулмуттолибнинг Ҳорис, Зубайр, Ҳамза, Зирор, Абу Толиб (Абду­маноф), Абу Лаҳаб (Абдулуззо), Абдулкаъба, Муғийра ва Навфал исмли ўғилларидан кейин туғилган энг кенжа, эрка ва маҳбуб ўғлидир.

У Қурайшнинг ёшлари ичида энг кўркам ва маҳбуби эди. Абдуллоҳ хушхулқли ва вазмин йигит бўлиб ўсди. У отасидан турли қийинчиликларга доим тайёр туришни ўрганди. Шунинг учун ҳам назр­га вафо қилиш учун отаси уни сўядиган бўлиб қолганда бу ишни бемалол қабул этди. Бу ишда у ўзининг катта бобоси Исмоил алайҳиссаломдан ўрнак олди. Ўзидаги олиймақом сифатлари туфайли Абдуллоҳ ҳамманинг муҳаббатини қозонган эди. Шунинг учун ҳам отаси уни қурбонликка сўймоқчи бўлганда ҳамма бу ишга қарши чиқиб, уни ҳимоя қилди.

Абдуллоҳнинг ишқида қавмининг қизлари куйиб­-ёнар эдилар. Баъзи шошганлари унинг йўлини тўсишдан ҳам тоймас эдилар. Аммо Абдуллоҳ ҳаром ишга мутлақо яқинлашмас, у доимо пок яшашни хоҳлар эди. У келажакда сулбидан охири замон пайғамбари Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқиши лозим бўлган зот эди.

Абдуллоҳ вояга етганда отаси унга муносиб келин топиш пайига тушди. У ўғлига қаллиқ излаб, Маккадаги оилаларнинг қизларини саралай бошлади. Охири ўз хотинларидан бири Ҳоланинг (Ҳамзанинг онаси) амакисининг қизи Оминани маъқул топди.

Абдуллоҳнинг отаси Абдулмуттолиб Бану Қусойнинг улуғи бўлганидек, Оминанинг отаси Ваҳб ҳам Бану Зуҳранинг улуғи эди.

Омина одобли, сабрли ва гўзал бир қиз эди. Унинг ҳақидаги хабарларга қараганда, Омина худди Биби Марямнинг сифатларига эга эди. Қисқа­си, Омина ўша вақтнинг ҳамма жиҳатдан устун бўлган қизи эди.

Аллоҳ таоло Ўзининг охирги пайғамбарини ана шундай ажойиб васфга эга бўлган икки улуғ ва пок наслнинг вакили ва вакиласи бўлган ота ва онадан дунёга келишини ирода қилди. Абдуллоҳ ва Оминанинг оила қуришларини таъминлади.

Бу икки ёшнинг тўйларидан кўп ўтмай, янги куёв ўз қавмига керакли хизмат юзасидан, хурмо олиб келиш учун отасининг тоғалари юрти – Ясрибга жўнаб кетди. Кўп ўтмай, Абдуллоҳ ўша ерда вафот этди.

Ўша пайтда Оминанинг ҳомиладор бўлганига кўп бўлмаган эди. Ўн гулидан бир гули очилмаган ёш келин ҳомиладор ҳолида маҳбуб эридан ажраб, бева қолди.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижратнинг ўн биринчи йили рабиъул аввал ойининг ўн иккинчи куни, чошгоҳ ва пешин ўртасида бу ўткинчи дунёни тарк этдилар давоми...

1772 16:18 / 03.10.2023
Оламларнинг Роббиси Аллоҳ таолонинг ҳабиби, оламларга раҳмат қилиб юборилган, суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллуд давоми...

2101 11:30 / 07.10.2021
2670. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қавмнинг ичида ўрта бўйли новча ҳам эмас, пакана ҳам эмас, тиниқ рангли ndash ўта давоми...

2764 17:29 / 29.11.2017
Биз нима қилишимиз керакМавлид ҳақидаги хилофлар оз бўлса да, айрим кишилар ўртасида ҳануз бор. Мавлид ҳақиқатан ҳам бидъатмикин ёки жоиз, савобли амалмикин, давоми...

1225 16:50 / 11.10.2021
Аудиолар

120092 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41763 14:35 / 11.08.2021