1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга солавот айтиш

05:00 / 03.03.2017 8762 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо алайҳисаломга саловот айтишга Аллоҳ таолонинг Ўзи Қуръони Каримда амр этгандир.

Аллоҳ таоло: «Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Набийга саловот айтурлар. Эй, иймон келтирганлар! Сиз ҳам унга саловот айтинг ва салом айтинг», деган.
Ушбу ояти карима Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қадр-қимматлари Аллоҳ таолонинг ҳузурида қанчалар улуғ эканини яна бир бор кўрсатмоқда. Бошқа биров эмас, Аллоҳ таолонинг Ўзи Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиши таъкидланмоқда.
Араб тилида «саловот» сўзи «салот»нинг жами бўлиб, дуо маъносини англатади. Арабчада намоз ҳам «салот» дейилади. Чунки намозда ҳам дуо маъноси бор.
Аммо «салот» Аллоҳ таоло томонидан бўлганида «дуо» маъносини йўқотади.
Аллоҳ таолонинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтишининг маъноси, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга Ўз раҳматини юбориши, улуғлаши, мақомларини кўтариши ва фаришталар ҳузурида шаънларига мақтовлар айтишини англатади.
Фаришталарнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтишлари, у зоти бобаракот ҳақларига дуо қилишлари, истиғфор айтишлари маъносида бўлади.
Мўмин-мусулмонларнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтишлари эса, улар томонидан бўлган дуо ва улуғлаш маъносидадир.
Демак, Аллоҳ таоло доимо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга Ўз раҳматини юбориб, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан рози эканини билдириб, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга мақтовлар айтиб турар экан.
Фаришталар ҳам у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳдан раҳмат, саломатлик, розилик сўраб, дуо қилиб туришар экан.
Ояти каримада таъкидли хабардан кейин мўминларга:
«Эй, иймон келтирганлар! сиз ҳам унга саловот айтинг ва салом юборинг», деб амр қилинмоқда.
Бу амрга биноан ҳар бир мўмин учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиш ва салом юбориш фарз бўлиб қолади. Бу хусусдаги баҳсларда уламоларимиз, умрда бир марта ёки ҳар бир мажлисда бир марта ёки у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг номлари ҳар зикр қилинганида бир марта саловот айтиш керак, деганлар.
Амалда эса, охиргиси, ҳар номлари зикр қилинганида саловот айтиш урф бўлган. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтишни амр қилган экан, бу саловот қандай қилиб айтилади, деган савол пайдо бўлиши табиий. Жумладан, худди шу савол ушбу оят нозил бўлганидан кейиноқ саҳобаи киромларда пайдо бўлган.
Баъзи кишиларда, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ таолонинг Ўзи саловот айтиб турса, Унинг фаришталари саловот айтиб турса, мўминларнинг саловотига нима ҳожат бор, деган савол пайдо бўлиши мумкин.
Бу муҳтамал саволга жавоб шулки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўминлар саловотига эҳтиёжлари йўқ. Балки мўминлар у зотга саловот айтишга муҳтождирлар. Улар ушбу саловотлари ила Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни улуғлаб, савоб оладилар. Дуолари қабул бўлади. Муродларига етадилар.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва Имом ибн Можалар ривоят қилган. ҳадисда Омир ибн Робиъанинг оталари қуйидагиларни айтадилар:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Ким менга саловот айтса, фаришталар унга ҳам менга айтган саловотининг баробарида саловот айтиб турадилар. Банда саловотни хоҳласа, оз айтсин, хоҳласа кўп», деганларини эшитдим».
Қуръон тиловати ва Аллоҳнинг зикридан кейин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиш энг савобли ишлардан ҳисобланади. Чунки бу нарса Аллоҳ таолонинг амри. Шунинг учун ҳам намознинг ташаҳҳудида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтилади.
Имом Шофиъий: «Ташаҳҳудда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтилмаса, намоз намоз бўлмайди», деганлар.
Имом Насаий ва имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган ҳадисда Абу Толҳа розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:
«Бир куни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам юзларидан қувонч балқиган ҳолда келдилар. Биз: «Юзингизда қувонч кўрмоқдамиз!» дедик.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Чунки ҳузуримга фаришта келиб: «Эй, Муҳаммад, албатта, Роббинг айтурки: «Ким сенга саловот айтса, албатта, Мен унга ўн марта саловот айтишим, ким сенга салом айтса, Мен унга ўн марта салом айтишим сени рози қилмайдими?» деди», деб хабар бердилар.
Ушбу маънодаги ҳадиси шарифлар жуда ҳам кўпдир. Асрлар давомида мусулмонлар ушбу оятга ва ҳадисларга чин ихлос билан амал қилиб келмоқдалар. Намозларида ўз Пайғамбарлари соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтмоқдалар. У зоти бобаракотнинг номи шарифлари зикр этилиши билан саловот айтишга шошиладилар. Аҳли солиҳ кишиларнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтишдан иборат кундалик вазифалари ҳам бор.
Аксинча, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг номлари зикр қилинса-ю, у зотга саловот айтилмаса, мусулмонларнинг надоматга йўлиқишларига сабаб бўлади. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари Имом Термизий ва Имом Насаийлар ривоят қилган. ҳадисда:
«Кимнинг ҳузурида мен зикр қилинсам-у, у менга саловот айтмаса, ўша одам бахилдир», деганлар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак номлари зикр этилганида, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтмаслик шунчалик ёмон ишдир.

Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қайси бир мусулмон кишининг берадиган садақаси бўлмаса, дуо қилаётган пайтда «Эй Аллоҳим! Ўзингнинг банданг ва Расулинг Муҳаммадга салавот юборгин, мўмин-мўминаларга, муслим-муслималарга ҳам салавот юборгин», десин. Бу унга закот ўрнига ўтади», дедилар».
Шарҳ: Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтишнинг мақоми ана шундай улуғ экан.
Ҳамма садақа қилиб савоб олиш орзусида бўлади. Аммо бу нарса ҳаммага насиб бўлавермайди. Баъзи кишилар садақа қиладиган нарса топа олмайдилар. Улар садақа қила олмасликдан маъюс бўлишлари турган гап. Аммо уларнинг бу ҳолатларини яхшиликка буришнинг осон йўли бор экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтсалар, садақанинг ўрнига ўтар экан.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким «Аллоҳумма солли ала Муҳаммадин ва ала Аали Муҳаммад. Камаа соллайта ала Иброҳийма ва Аали Иброҳийм. Ва баарик ала Муҳаммадин ва ала Аали Муҳаммад. Камаа барокта ала Иброҳийма ва Аали Иброҳийм. Ва тароҳҳам ала Муҳаммадин ва ала Аали Муҳаммад. Камаа тароҳҳамта ала Иброҳийма ва Оли Иброҳийм», деса, мен қиёмат кунида унга гувоҳ бўлиб, шафоатчи бўламан», дедилар
».
Шарҳ: Демак, бу дунёда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиб юрган одамларга у Зоти бобаракот соллаллоҳу алайҳи васаллам гувоҳлик бериб, шафоат қилар эканлар, дўзахдан қутулиб, жаннатга киришига сабаб бўлар эканлар.
Шунга ўхшаш саловотни намозда ҳам айтилади. Кўпинча нима учун Иброҳим алайҳиссаломга ўхшаш саловот сўралади деган савол хаёлдан ҳам ўтади.
Бу маънода уламоларнинг мулоҳазалари бор.
Аввало бу саловотдаги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Иброҳим алайҳиссалом ораларидаги ўхшашлик қадрда эмас, саловотнинг аслида экан.
Шу билан бирга бу ердаги ўхшатиш сўровни таъкидлаш учун экан.
Бошқа пайғамбарларни айтмасдан айнан Иброҳим алайҳиссаломни айтишнинг сабаби учта экан.
1. У зот Меърож кечасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга «Умматингга мендан салом етказ» дея бизга салом юборганлари учун.
2. У зот бизни мусулмонлар деб атаганлар. Шунинг учун биз ҳам у кишини шу тарийқа улуғлашимиз яхшидир.
2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтишимиздан мақсад Аллоҳ таоло У зотни халийл тутишидир. Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳнинг халийлидирлар.

Салама ибн Вардондан ривоят қилинади:
«Анас ва Молик ибн Авс ибн Ҳадасонларнинг қуйидагиларни айтганларини эшитдим:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат ушатгани чиқдилар. Орқаларидан ҳеч ким эргашмади. Умар сопол парчасини ёки покловчи нарсани олиб эргашди. У зотни хурмо атрофига уни суғориш учун қилинган ҳовузчада сажда қилган ҳолда кўрди. У нарироқ бориб орт томонларига ўтирди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бошларини кўтариб туриб:
«Эй Умар, саждада турганимни кўриб, нари кетиб яхши қилдинг. Жаброил келиб, менга: «Эй Муҳаммад! Сенга ким бир марта салавот айтса, Аллоҳ унга ўн марта салавот айтади ва унинг даражасини ўн марта кўтаради», деб айтди», дедилар
».
Шарҳ: Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бир мартагина салавот айтсак, Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таоло бизга ўн марта салавот айтар экан, даражамизни ўн баравар кўтарар экан, иншааллоҳ.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
Таҳорат ушатмоқчи бўлган одам чет жойларга чиқиши кераклиги.
Ҳурматли зотлар таҳорат ёки шунга ўхшаш ишларга уринганларида ёрдам хизматига шай бўлиш кераклиги.
Катта кишилар шахсий амал билан машғул бўлганда нарироқ бориб туриш одобдан экани.
Улуғ кишилар одоб намунасини кўрсатганларга миннатдорчилик билдириб қўйишлари.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтишнинг фазли Жаброил алайҳиссалом томонидан келтирилган хабар экани.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ким бир марта салавот айтса, Аллоҳ унга ўн марта салавот айтиши.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ким бир марта салавот айтса, Аллоҳ унинг даражасини ўн марта кўтариши.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким менга бир марта салавот айтса, Аллоҳ унга ўн марта салавот айтади ва ўнта хатосини ўчиради», дедилар
».
Шарҳ: Аввалги ҳадисда салавот айтган кишининг даражаси ўн баравар кўтарилиши айтилган эди. Бу ҳадисда ўнта гуноҳи ҳам кечирилиши айтилмоқда.
Буларнинг ҳаммаси Парвардигори оламнинг жуда катта марҳаматидир. Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмларини эшитганимизда, ўзимиз зикр қилганимизда, китобларда ўқиганимизда, намозлардан фориғ бўлганимизда, дуоларимизнинг охирида – доимий равишда салавот айтиб юришимиз керак.
Мана шу ваъдалардан умидвор бўлиб, тасаввуф аҳлининг кўпчилиги салавотни ўзларига вирд қилиб, вазифа қилиб ҳам олганлар. Бу ниҳоятда яхши амалдир.

НАБИЙ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ ЗИКР ҚИЛИНГАНДА САЛАВОТ АЙТМАГАН КИШИ

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам минбарга кўтарилдилар. Биринчи зинага чиққанларида «Омийн» дедилар. Кейин иккинчи зинага кўтарилдилар ва «Омийн» дедилар. Сўнг учинчисига кўтарилдилар ва «Омийн» дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули! Уч марта «Омийн» деганингизни эшитдик?» дейишди.
«Биринчи зинага кўтарилганимда, ҳузуримга Жаброил алайҳиссалом келиб: «Бир банда Рамазонни топса, лекин шу Рамазондан мағфират топмай чиқиб кетса, у бадбахт бўлди», деди, мен «Омийн» дедим.
Сўнг у: «Бир банда ота-онасини ёки икковларидан бирини топса ва икковлари уни жаннатга киритмаса, у бадбахт бўлди», деди, мен «Омийн» дедим.
Кейин у: «Агар сиз зикр қилинганингзда, салавот айтмаган банда ҳам бадбахт бўлди», деди, мен «Омийн» дедим», дедилар
».
Шарҳ: Демак, банда Рамазон келганда мағфират қилиниши учун ҳаракат қилиб қолиши, рўзани ихлос билан тутиши, кечалари қоим бўлиши, шу қулай фурсатдан гуноҳларини Аллоҳ мағфират қиладиган тарзда фойдаланиб қолиши керак экан.
Рамазонга бепарво бўлиб, гуноҳлари мағфират бўлмай қолиб кетса, бу банданинг бадбахт бўлгани экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шу гапга «Омийн», дебдилар.
Ҳар бир банда ота-онаси ёки икковларидан бирлари ҳаётлигида уларнинг хизматини қилиб, розилигини, дуоларини олса, жаннатга сазовор бўлар экан. Агар шу имкониятдан фойдалана олмай қолса, бу унинг бадбахтлиги экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу гапга ҳам «Омийн», дебдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак исмлари қаерда зикр қилинса, буни айтган одам ҳам, эшитганлар ҳам дарҳол «соллаллоҳу алайҳи васаллам», «алайҳиссолату вассалам» ёки «алайҳиссалам» деб салавот айтмаса, уларнинг бадбахтликлари экан.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмларини айтган, эшитган, кўрган, ўқиган – хуллас, салавот айтиш лозим экан, эшитиб туриб бепарво бўлса, демак бу бадбахт одам. Буни Жаброил алайҳиссалом таъкидлабдилар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари эса «Омийн» дебдилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким менга бир марта салавот айтса, Аллоҳ унга ўн марта салавот айтади», дедилар
».
Шарҳ: Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтишдан ўзимиз манфаатдор бўлар эканмиз. Биз у Зотга битта салавот айтсак, Аллоҳ Таоло бизга ўн марта салавот айтар экан.
Салавот хайрли дуодир. Агар банда салавот айтса, бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яхшилик тилаб қилинган дуо бўлади.
Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таолонинг биз, бандаларга салавот айтиши эса Унинг раҳмати бўлар экан.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам минбарга чиқаётиб «Омийн», «Омийн», «Омийн» дедилар. У зотга:
«Эй Аллоҳнинг Расули! Нега бундоқ қилдингиз?» дейилди.
«Жаброил менга: «Ота-онасини ёки иккисидан бирини топиб, жаннатга кирмаган банданинг бурни ерга ишқалансин», деди, мен «Омийн» дедим.
Кейин у: Рамазонга етиша туриб, мағфират қилинмай қолган банданинг бурни ерга ишқалансин», деди, мен «Омийн» дедим.
Сўнгра у: «Ҳузурида сиз зикр қилинганингизда, сизга салавот айтмаган юанданинг бурни ерга ишқалансин», деди, мен «Омийн» дедим», дедилар
».
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шариф билан 644 рақамли ҳадиснинг орасидаги фарқ жуда ҳам оз.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу Жувайрия бинти Ҳорис ибн Абу Зирор розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг олдиларидан чиқдилар. Унинг исми Барра эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам исмини ўзгартириб, Жувайрия деб номладилар. Бас, чиқдилар ва кирганларида исми Барра бўлишини ёқтирмадилар.
Кейин унинг ҳузурига наҳор кўтарилганда қайтиб келдилар. У ўтирган ерида эди. У зот:
«Ҳалиям жойингда ўтирибсанми? Мен сенинг олдингдан чиққандан кейин тўртта калимани уч марта айтдим. Агар тарозуга солинса, мен айтган калималар мен сенинг олдингдан кетгунча айтиб ўтирган калималарингдан оғир чиқади. Аллоҳни Ўзи яратган маҳлуқларнинг ададича, Ўзи рози бўлгунича, Аршининг оғирлигича, Калимасининг ададича поклайман», дедилар
».
Шарҳ: Демак, зикр қилганда савоби кўп, улуғ мартабаларга сазовор қиладиган мазкур калималарни айтиш ниҳоятда яхши бўлар экан.
Ушбу ҳадиси шарифнинг маъноси бир оз бошқача иборалар билан келгани ҳам бор. Улар бир-бирларини тўлдирадилар.
Жувайрия розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг олдидан эрталаб Бомдодни ўқиганларидан кейин чиқдилар. Ўшанда у ўз намозгоҳида ўтирган эди. Кейин чошгоҳда келсалар ҳам у ўтирган экан. Шунда у зот:
«Мен сени тарк қилган ҳолда бардавоммисан?» дедилар.
«Ҳа», деди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:
«Мен сендан кейин тўрт калимани уч марта айтдим. Агар уларни сен бугун айтган нарсалар ила тарозуга солинса, оғир келади. Субҳаналлоҳи ва биҳимдиҳи, адада холқиҳи ва ризо нафсиҳи ва зината аршири ва мидада калимаатиҳи», дедилар».
Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Бу ривоятда келганга ўхшаш зикрларни жамловчи зикр дейилади. Унда зокир ўз зикрини кўп сон билан ёки катта миқдор билан васф қилади.
Уламолар ушбу ҳадис жамловчи зикрга бошқа зикрларга берилмайдиган савоб бўлишига далилидир, дейдилар.
Шавконий, бу ҳадисда ким, фалон адад ёки фалон вазн деб айтган бўлса, унга ўшанча савоб берилшига далил бор, деган.
Аммо бундан майдалаб санаб ўтиргандан кўра бир оғиз билан айтиб қўйган афзал экан-да деган хаёлга бормаслик лозим. Бу Аллоҳ таоло бандаларига очиб қўйган бир эшик, холос.
Аҳмад ибн Абдулазиз ан-Нувайрий, гоҳида оз амал кўп амалдан кўра афзал бўлади. Мисол учун сафардаги киши намозни қаср қилиб ўқиши тўлиқ қилиб ўқишидан афзалдир.
Аммо бир киши ўн марта «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи»ни айтишни назр қилган бўлса, албатта, ўн марта такрор-такрор айтмоғи шарт. Бир лафз билан «ўнта Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи» деса бўлмайди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳдан жаҳаннамдан, қабр азобидан, масийҳи дажжолнинг фитнасидан, ҳаёту мамотнинг фитналардан паноҳ сўранглар», дедилар
».
Шарҳ: Демак, мўмин-мусулмонлар жаҳаннамдан, қабр азобидан, дажжолнинг ва ҳаёт-мамот фитналаридан паноҳ беришини сўраб, Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таолога ёлворишлари, дуо қилишлари лозим экан.
Уламоларимиз, ҳадиси шарифда қабр азоби билан масийҳи дажжолнинг фитнаси кетма – кет зикр қилиниши бежиз эмас, бошқа ривоятларда қабрда ҳам Дажжолнинг фитнаси бўлиши ҳақида хабар келган, дейдилар.
Ҳаётнинг фитнасидан мурод инсон ҳаётида бўладиган маъсият ва мусийбат фитналарига ўхшаш фитналардир.
Мамотнинг фитнасидан мурод эса, Мункар Накийрнинг саволи ва қабр азобидир.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Садақа, сўзи луғатда бировни икром қилиш нияти ила эмас Аллоҳ таолога қурбат нияти ила бериладиган нарсадир. Бу мано закот ва ихтиёрий садақани ўзи ичига давоми...

17095 05:00 / 03.03.2017
Унинг тиллодан бўлиши ҳаром, кумушдан бўлиши мустаҳабБу фаслда эркак кишиларнинг узуги ҳақида сўз кетади. Аёлларга тилло узук ва бошқа тилло тақинчоқлар ҳалол давоми...

5733 05:00 / 03.03.2017
Ахлоқ ҳақида суҳбатлар Кўпинча ўзаро суҳбатлар чоғида ҳозирги пайтдаги Ислом оламининг таназзули, мусулмонларнинг тараққиётдан орқада қолиб кетаётгани, давоми...

7574 10:40 / 04.08.2020
Собиқ ҳиндуий, брахман Муҳаммад Умар Раонинг ҳидоят қиссаси Мусулмонларга нисбатан бўлган кучли адовати сабаб, Муҳаммад Қуръони Каримни Исломни рад этиш давоми...

2451 17:00 / 17.06.2022
Аудиолар

120087 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41755 14:35 / 11.08.2021