1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Набий алайҳиссаломнинг таомдаги ахлоқлари

20:03 / 28.04.2017 3460 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қачон бирингиз таом еса, Аллоҳнинг исмини зикр қилсин. Агар аввалида Аллоҳнинг исмини зикр қилишни унутиб қўйса, «Бисмиллаҳи аввалаҳу ва охираҳу» десин», – дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.


Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам олтита саҳобалари билан таом емоқда эдилар. Бир аъробий келиб, икки марта олиб ҳаммасини еб қўйди. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аммо, у тасмия айтганида, ҳаммангизга етар эди», – дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қачон бирингиз еса, ўнг қўли билан есин. Қачон бирингиз ичса, ўнг қўли билан ичсин. Чунки, шайтон чап қўли билан еб, чап қўли билан ичади», – дедилар».

Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон, ҳеч қандай таомни айбламадилар. Агар иштаҳалари тортса, ердилар. Кўнгиллари тусамаса, тарк қилар эдилар», – деди».

Учовлари ривоят қилишган.


Абу Жуҳайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мен ёнбошлаган ҳолимда емайман», – дедилар».

Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган.


Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг орқаларини ерга текказиб чўнқайиб ўтириб, хурмо тановул қилаётганларини кўрдим».

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.


Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тик туриб ичишдан қайтардилар. 

«Ейиш-чи?» – дейилди.

«У яна ҳам ашаддийроқ», – дедилар».

Термизий ва Муслим ривоят қилган.

Муслимнинг лафзида:

«У яна ҳам ёмонроқ ёки чиркинроқ», дейилган.


Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қачон бирингиз таом еса, лаганнинг уст томонидан емасин. Лекин паст томонидан есин. Чунки, барака унинг уст томонидан нозил бў-лур»,– дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Термизийнинг лафзида:

«Барака таомнинг ўртасидан нозил бўладир. Бас, уни атрофидан енг. Ўртасидан еманг», де-йилган.


Амр ибн Умайядан ривоят қилинади:

«У Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўлларидаги қўй курагини пичоқ билан кесиб еяётганларини кўрган экан. Бас, намозга чақирилди. Ул зот уни ҳам, пичоқни ҳам ташлаб, турдилар ва намоз ўқидилар. Тоҳарат қилмадилар».

Икки Шайх ва Термизий ривоят қилишган.


Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам учта бормоқлари билан ер эдилар ва қўлларини артишдан олдин ялар эдилар».

Муслим ривоят қилган.


Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, шайтон сизларнинг ҳар бирингизнинг ҳар бир ишида ҳозир бўлади; таомига ҳам ҳозир бўлади. Қачон бирингиздан луқма тушса, ундаги нолойиқ нарсани кетказиб, кейин есин. Уни шайтонга тарк қилмасин. Агар фориғ бўлса, бармоқларини яласин. Чунки, у таомининг қаерида барака бўлишини билмас», – дедилар».


Бошқа бир ривоятда:

«Ул зот лаганни бармоқларимиз ила сидириб ялашга амр қилдилар ва:

«Албатта, сизлар таомингизнинг қаерида барака бўлишини билмассиз, – дедилар», дейилган.

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.


Сувайд ибн Нуъмон розияллоҳу анҳу:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Хайбарга чиқдик. Саҳбога етганимизда у зот таом чақирдилар. Фақатгина талқон келтирилди. Бас, едик. Сўнг у зот намозга тураётиб оғизларини яхшилаб чайдилар. Биз ҳам чайдик».

Бухорий ривоят қилган.


Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қачон бирингиз таом еса, қўлини яламай ёки ялатмай туриб артмасин», – дедилар».

Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.


Анас розияллоҳу анҳу:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга эскиб қолган хурмо келтирилди. Бас, у зот уни текшириб, қуртини чиқара бошладилар», – деди».

Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилишган.


Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қачон кечки таом қўйилганда намозга иқомат айтилса, кечки таомдан бошланглар», – дедилар».

Бошқа ривоятда:

«Қачон намозга иқомат айтилганда кечки таом ҳозир бўлса, кечки таомдан бошланглар», дейилган.

Учовлари ривоят қилишган.


Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қачон бирингиз ичса, идиш ичига нафас олмасин», – дедилар».

Бухорий, Муслим ва Насаий ривоят қилишган.


Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Туянинг ичишига ўхшаб бир мартада ичманглар. Икки марта, уч мартада ичинглар. Қачон сизлар ичсангиз, тасмия айтинг. Қачон ичиб битирсангиз, ҳамд айтинг», – дедилар».

Термизий ривоят қилган.


Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сут ичдилар ва ундан оғизларини чайқадилар ҳамда:

«Унинг мойи бор», – дедилар».

Бухорий ривоят қилган.


Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон дастурхонлари йиғиштирилса:

«Аллоҳга кўп, пок, муборак ҳамд бўлсин. Ундан ўзга кифоячи йўқ. У тарк қилинган ҳам эмас. Ундан беҳожат ҳам бўлинмас. Роббимиз», – дер эдилар».

Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган.


Бухорийнинг ривоятида:

«Бизга кифоя қилган ва бизни қондирган, Ундан ўзга кифоячи йўқ ва инкор ҳам қилинмаган Аллоҳга ҳамд бўлсин», дейилган.


Муслим ва Термизийнинг ривоятида:

«Албатта, Аллоҳ бандасининг таомни еб, унинг учун У зотга ҳамд айтмоғидан ва шаробни ичиб, унинг учун У зотга ҳамд айтмоғидан рози бўлур», дейилган.


«Сунан» соҳибларининг ривоятида:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон ўз таомларидан фориғ бўлсалар:

«Бизни таомлантирган, сероблантирган ва мусулмонлардан қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин»,– дер эдилар», дейилган.


Абу Довуд ва Насаийнинг ривоятида:

«Қачон есалар ёки ичсалар:

«Таомлантирган, сероблантирган, уни сингдирган ва унга чиқиш қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин»,– дер эдилар», дейилган.


Бир жамоа одамлар:

«Ё Расулуллоҳ, биз еб тўймаймиз», дейишди. 

«Эҳтимол, тарқоқдирсизлар?» дедилар.

«Ҳа», – дейишди.

«Таомингизга тўпланинглар ва Аллоҳнинг исмини зикр қилинглар. Шунда сизларга унда барака берилур», – дедилар».

Абу Довуд ривоят қилган ва:

«Бир маросимда бўлсанг, таом қўйилса, уй эгаси изн бермагунча ема», деган.


Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир тикувчи одам таом тайёрлаб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни чақирди. Мен ҳам у зот билан бирга бордим. Бас, у арпа нон ва қуритилган гўштли, ошқовоқли шўрва қўйди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг лаган атрофидаги ошқовоқни териб еяётганларини кўрдим. Ўша кундан буён ошқовоқни яхши кўраман».

Бешовлари ривоят қилишган.


Абдуллоҳ ибн Жаъфар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳўл хурмони тарра билан тановул қилаётганларини кўрдим».

Тўртовлари ривоят қилишган.


Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қовунни ҳўл хурмо билан ер эдилар ва:

«Бунинг иссиғини мана бунинг совуғи ила кесамиз, бунинг совуғини мана бунинг иссиғи ила кесамиз», – дер эдилар».

«Сунан» эгалари ривоят қилишган.


Юсуф ибн Абдуллоҳ ибн Салламдан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир бурда нонни олиб, унинг устига бир дона хурмони қўйдилар ва:

«Бу, мана бунинг хурушидир», – дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.


Бусрнинг икки ўғли–Суламийлар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Ҳузуримизга Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кирдилар. Бас, биз у зотга сарёғ ва хурмо тақдим қилдик. Ул зот сарёғни ва хурмони яхши кўрар эдилар». 

Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилишган.


Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз аҳлларидан хуруш сўрадилар. 

«Бизда сиркадан бошқа ҳеч нарса йўқ», – дейишди. 

Бас, у зот уни келтиришни сўрадилар ва ундан еб туриб:

«Сирка қандай ҳам яхши хуруш! Сирка қандай ҳам яхши хуруш!» – дедилар».

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.


Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мени уйларига олиб бордилар ва:

«Тушликка бирор нарса борми?» – дедилар.

«Ҳа», – дейишди. Сўнг учта нон келтирилди. 

Бас, у зот битта нонни олиб, олдиларига қўйдилар. Бошқасини олиб, менинг олдимга қўйдилар. Учинчисини олиб, синдириб, ярмини ўз олдиларига, ярмини менинг олдимга қўйдилар. Сўнгра:

«Хуруш борми?» – дедилар.

«Йўқ. Фақат озгина сирка бор», – дейишди. 

«Уни келтиринглар. У қандай ҳам яхши хуруш!» – дедилар».

Муслим ривоят қилган.


Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ширинлик ва асални яхши кўрар эдилар».

Бухорий, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
84. Жобир розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимга хачир ҳам, ажамий от ҳам минмай келдилар,.Бухорий ривоят қилган. 85. Анас давоми...

5535 15:00 / 22.12.2018
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Умматимнинг барчаси жаннатга кирар, лекин бош тортганларгина кирмас,, дедилар..Эй давоми...

2686 12:16 / 02.04.2019
360. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким яхшилаб таҳорат қилсаю, сўнгра жумага бориб тингласа, жим ўтирса, давоми...

1571 19:00 / 26 январь
338. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рукуъ ва саждаларида .Субҳанакаллоҳумма Роббинаа ва биҳамдика. давоми...

1198 19:00 / 16.12.2023
Аудиолар

118745 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар