540 03.12.2016

Араб тилида «саловот» сўзи «салот»нинг жами бўлиб, дуо маъносини англатади. Арабчада намоз ҳам «салот» дейилади. Чунки намозда ҳам дуо маъноси бор. Аммо «салот» Аллоҳ таоло томонидан бўлганида «дуо» маъносини йўқотади.

Аллоҳ таоло: «Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Набийга саловот айтурлар. Эй, иймон келтирганлар! Сиз ҳам унга саловот айтинг ва салом айинг», деган.
Ушбу ояти карима Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қадр-қимматлари Аллоҳ таолонинг ҳузурида қанчалар улуғ эканини яна бир бор кўрсатмоқда. Бошқа биров эмас, Аллоҳ таолонинг Ўзи Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиши таъкидланмоқда.
Араб тилида «саловот» сўзи «салот»нинг жами бўлиб, дуо маъносини англатади. Арабчада намоз ҳам «салот» дейилади. Чунки намозда ҳам дуо маъноси бор. Аммо «салот» Аллоҳ таоло томонидан бўлганида «дуо» маъносини йўқотади.
Аллоҳ таолонинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтишининг маъноси, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга Ўз раҳматини юбориши, улуғлаши, мақомларини кўтариши ва фаришталар ҳузурида шаънларига мақтовлар айтишини англатади.
Фаришталарнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтишлари, у зоти бобаракот ҳақларига дуо қилишлари, истиғфор айтишлари маъносида бўлади.
Мўмин-мусулмонларнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтишлари эса, улар томонидан бўлган дуо ва улуғлаш маъносидадир.
Демак, Аллоҳ таоло доимо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга Ўз раҳматини юбориб, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан рози эканини билдириб, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга мақтовлар айтиб турар экан.
Фаришталар ҳам у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳдан раҳмат, саломатлик, розилик сўраб, дуо қилиб туришар экан.
Ояти каримада таъкидли хабардан кейин мўминларга:
«Эй, иймон келтирганлар! сиз ҳам унга саловот айтинг ва салом юборинг», деб амр қилинмоқда.
Бу амрга биноан ҳар бир мўмин учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиш ва салом юбориш фарз бўлиб қолади. Бу хусусдаги баҳсларда уламоларимиз, умрда бир марта ёки ҳар бир мажлисда бир марта ёки у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг номлари ҳар зикр қилинганида бир марта саловот айтиш керак, деганлар.
Амалда эса, охиргиси, ҳар номлари зикр қилинганида саловот айтиш урф бўлган. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтишни амр қилган экан, бу саловот қандай қилиб айтилади, деган савол пайдо бўлиши табиий. Жумладан, худди шу савол ушбу оят нозил бўлганидан кейиноқ саҳобаи киромларда пайдо бўлган.
Баъзи кишиларда, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ таолонинг Ўзи саловот айтиб турса, Унинг фаришталари саловот айтиб турса, мўминларнинг саловотига нима ҳожат бор, деган савол пайдо бўлиши мумкин.
Бу муҳтамал саволга жавоб шулки: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўминлар саловотига эҳтиёжлари йўқ. Балки мўминлар у зотга саловот айтишга муҳтождирлар. Улар ушбу саловотлари ила Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни улуғлаб, савоб оладилар. Дуолари қабул бўлади. Муродларига етадилар.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва Имом ибн Можалар ривоят қилган. ҳадисда Омир ибн Робиъанинг оталари қуйидагиларни айтадилар:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Ким менга саловот айтса, фаришталар унга ҳам менга айтган саловотининг баробарида саловот айтиб турадилар. Банда саловотни хоҳласа, оз айтсин, хоҳласа кўп», деганларини эшитдим».
Қуръон тиловати ва Аллоҳнинг зикридан кейин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиш энг савобли ишлардан ҳисобланади. Чунки бу нарса Аллоҳ таолонинг амри. Шунинг учун ҳам намознинг ташаҳҳудида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтилади.
Имом Шофиъий:
«Ташаҳҳудда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтилмаса, намоз намоз бўлмайди», деганлар.
Имом Насаий ва имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган. ҳадисда Абу Толҳа розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:
«Бир куни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам юзларидан қувонч балқиган ҳолда келдилар. Биз: «Юзингизда қувонч кўрмоқдамиз!» дедик.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Чунки ҳузуримга фаришта келиб: «Эй, Муҳаммад, албатта, Роббинг айтурки: «Ким сенга саловот айтса, албатта, Мен унга ўн марта саловот айтишим, ким сенга салом айтса, Мен унга ўн марта салом айтишим сени рози қилмайдими?» деди», деб хабар бердилар.
Ушбу маънодаги ҳадиси шарифлар жуда ҳам кўпдир. Асрлар давомида мусулмонлар ушбу оятга ва ҳадисларга чин ихлос билан амал қилиб келмоқдалар. Намозларида ўз Пайғамбарлари соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтмоқдалар. У зоти бобаракотнинг номи шарифлари зикр этилиши билан саловот айтишга шошиладилар. Аҳли солиҳ кишиларнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтишдан иборат кундалик вазифалари ҳам бор.
Аксинча, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг номлари зикр қилинса-ю, у зотга саловот айтилмаса, мусулмонларнинг надоматга йўлиқишларига сабаб бўлади. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари Имом Термизий ва Имом Насаийлар ривоят қилган. ҳадисда:
«Кимнинг ҳузурида мен зикр қилинсам-у, у менга саловот айтмаса, ўша одам бахилдир», деганлар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак номлари зикр этилганида, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтмаслик шунчалик ёмон ишдир.

 Абу Ҳумайд ас-Соъидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Баъзи одамлар:
«Эй, Аллоҳнинг Расули, сизга нечук саловот айтамиз?» дедилар.
Шунда у зот: «Аллоҳумма солли ала Муҳаммадин ва азвожиҳи ва зурриятиҳи, кама соллайта ала оли Иброҳийм. Аллоҳумма барик ала Муҳаммадин ва азвожиҳи ва зурриятиҳи, кама барокта ала оли Иброҳийм. Иннака ҳамийдум-мажийд», деб айт», дедилар. Учовлари ривоят қилган.

   Абдурроҳман ибн Абу Лайла розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мени Каъб ибн Ужрани учратиб қолиб: «Сенга бир совға берайми? Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизни олдимизга чиқдилар. Биз у зотга «Эй, Аллоҳнинг Расули, сизга салом беришни-ку биламиз, аммо сизга саловот айтиш қандай бўлади?» дедик.
«Аллоҳумма солли ала Муҳаммадин ва ала оли Муҳаммадин, кама соллайта ала оли Иброҳийм. Иннака ҳамийдум-мажийд. Аллоҳумма барик ала Муҳаммадин ва ала оли Муҳаммадин, кама барокта оли Иброҳийм. Иннака ҳамийдум-мажийд», деб айтинглар», дедилар». Тўртовлари ривоят қилган.

  Бухорийнинг ривоятида: «Аллоҳумма солли ала Муҳаммадин ва ала оли Муҳаммадин, кама соллайта ала Иброҳийма ва ала оли Иброҳийм. Иннака ҳамийдум-мажийд. Аллоҳумма барик ала Муҳаммадин ва ала оли Муҳаммадин, кама барокта ала Иброҳийма ва ала оли Иброҳийм. Иннака ҳамийдум-мажийд», дейилган.
Шарҳ: Айнан имом Бухорийнинг ушбу ривоятлари намозлардаги саловот ўқиш учун олинган. Бошқа ҳадисларда ҳам бир оз фарқли сийғалар келган. Шундан кўриниб турибдики, бир хил сийғада саловот айтиш шарт эмас. Турли сийғада айтса ҳам, бўлаверади. Энг муҳими, айтиш керак.

  Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Эй, Аллоҳнинг Расули, сизга салом беришни-ку биламиз, аммо сизга саловот айтиш қандай бўлади?» дедик. «Аллоҳумма солли ала Муҳаммадин абдика ва расулика, кама соллайта ала Иброҳийма Ва барик ала Муҳаммадин ва ала оли Муҳаммадин, кама барокта ала Иброҳийма ва ала оли Иброҳийм», денглар», дедилар». Бухорий ривоят қилган.

  Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бизга, аҳли байтга саловот айтганда унга тўлиқ ўлчов ила ўлчаб берилишидан масрур бўлса «Аллоҳумма солли ала Муҳаммадин набиййи ва азвожиҳи уммуҳотил мўминийн ва зурриятиҳи ва аҳли байтиҳи. Кама соллайта ала оли Иброҳийма. Иннака ҳамийдум-мажийд» десин», дедилар». Абу Довуд ва Насаий ривоят қилган.

  Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким менга бир марта саловот айтса, Аллоҳ унга ўн марта саловот айтади», дедилар». Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.

  Ҳусайн ибн Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимнинг ҳузурида мен зикр қилинсам-у, у менга саловот айтмаса, ўша одам бахилдир», дедилар».

  Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен олдида зикр қилинганимда менга саловот аймаган одамнинг бурни ерга ишқалсин. Унга рамазон келиб кетса-ю мағфират қилинмай қолган одамнинг бурни ерга ишқалсин. Ота онасини катта ёшдаги ҳолда топса ҳам иккилари уни жаннатга киритмаган одамнинг бурни ерга ишқалсин», дедилар».

  Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Кечанинг учдан иккиси кетганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўринларидан туриб:
«Эй, одамлар! Аллоҳни зикр қилинглар! Аллоҳни зикр қилинглар! Рожифа келди. Унинг ортидан родифа келадир. Ўлим ўз нарсалари билан келди. Ўлим ўз нарсалари билан келди», дер эдилар.
«Эй, Аллоҳнинг Расули! мен сизга саловотни кўп айтаман. Ўз саловотларимдан қанчасини сизга қилай?» дедим.
«Ўзинг истаганингчани», дедилар.
«Тўртдан бириними?» дедим.
«Ўзинг истаганингчани. Агар зиёда қилсанг, ўзингга яхши бўлади», дедилар.
«Яриминими?» дедим.
«Ўзинг истаганингчани. Агар зиёда қилсанг, ўзингга яхши бўлади», дедилар.
«Учдан иккисиними?» дедим
«Ўзинг истаганингчани. Агар зиёда қилсанг, ўзингга яхши бўлади», дедилар.
«Саловотимнинг ҳаммасини сизга қиламан», дедим.
«Ундоқ бўлса, ғамингдан қутиласан ва гуноҳларинг мағфират қилинасан», дедилар». Учовини Термизий ривоят қилган.

   Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қиёмат куни менга энг яқин кишилар, албатта, менга кўп саловот айтганлардир», дедилар». Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Бас, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга кўпроқ саловот айтишга ҳаракат қилайлик.

  ХУЛОСАЛАР

  Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам солавот ва салом айтиш Аллоҳ таолонинг амри ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тарғиби бўлгани учун мусулмонлар доимий равишда бу ишга мисилсиз эътибор билан ёндошганлар. Барча ҳадис ва тасаввуф китобларида бу мавзуга алоҳида боблар бағишланган. Бу мавзуга бағишланган бутун бошли китоблар ҳам жуда кўп. Мазкур боб ва китобларда келган маълумотлардан баъзиларни эътиборингизга ҳавола қилишга ижозат бергайсиз.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга солавот айтиладиган ҳол ва жойлар.

 

 1. Намознинг охирги ташаҳҳудида.
2. Намознинг биринчи ташаҳуддида.
3. Жаноза намозининг иккинчи такбиридан кейин.
4. Ийд, Жума намозлари хутбасида ва бошқа хутбаларда.
5. Муаззиннинг азонига жавоб бераётганда.
6. Иқомага жавоб берилаётганда.
7. Дуо пайтида.
8. Масжидга кираётганда ва чиқаётганда.
9. Сафо ва Марвада.
10. Одамлар тўпланганда ва тарқалганда.
11. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак номлари зикр қилинганда.
12. Лаббайкани тамомланганда.
13. Ҳажарул Асвадни истилом қилганда.
14. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрлари ёнида.
15. Бозорга ёки бирор жойга чиққанда.
16. Качасиги уйқудан турганда.
17. Қуръони Каримни хатм қилгандан кейин.
18. Жума куни.
19. Мажлсдан турганда.
20. Масжидларни кўрганда ва уларнинг олдидан ўтганда.
21. Ғам ғуссага ботганда.
22. Бошига мушкил тушганда
23. Мағфират сўралганда.
24. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг номлари ёзилганда.
25. Одамларга илм етказилганда.
26. Наҳорнинг аввали ва охирида.
27. Гуноҳдан кейин каффорот исталганда.
28. Фақрлик ва ҳожатмандликка тушганда ёки хавфи бўлганда.
29. Совчилик қилинганда.
30. Акса урганда.
31. Таҳорат қилиб бўлганда.
32. Манзилга кираётганда.
33. Аллоҳнинг зикрига жамланиладиган жойларда.
34. Унитган нарсасини эсламоқчи бўлганда.
35. Ҳожатмандлик ориз бўлганда.
36. Қулоқ чинқирганда.
37. Намозлардан кейин.
38. Сўйиш сўйганда.
39. Сдақага моли йўқ одам саловат айтса, садақа бўлади.
40. Уйқудан олдин.
41. Аҳамиятли гапни бошлашдан олдин.
42. Ийд намози жараёнида.
43. Таяммум ва ғуслдан кейин.
44. Тонг отгандан ва кун ботгандан кейин.
45. Тенги намозга турганда.
46. Таҳажжуд намозини ўқиб бўлганда.
47. Мактуб ёзганда ва бошқалар.

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтишнинг фоида ва самаралари.

 

 1. Аллоҳ таолонинг амрига бўйсуниш.
2. Аллоҳ таолонинг саловотига мувоиқ иш қилиш.
3. Фаришталарнинг саловотига мувофиқ иш қилиш.
4. Бир саловот учун Аллоҳ таолодан ўн саловот олиш.
5. Бир саловот учун ўн даража кўтарилиши.
6. Бир саловот учун ўн ҳасанот ёзилиш.
7. Бир саловот учун ўн ўн гуноҳ ўчирилиши.
8. Дуонинг қабул бўлиши.
9. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларига мушарраф бўлиш.
10. Гуноҳларнинг мағфират қилиниши.
11. Ғам ғуссадан фориғ бўлиш.
12. Қиёмат куни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга яқин бўлиш.
13. Камбағал учун саловот садақа ўрнига ўтиши.
14. Ҳожатларнинг раво бўлиши.
15. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтган одамга Аллоҳ таоло ва Унинг малоикалари саловот айтадилар.
16. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтувси покланади.
17. Саловот айтиш бандага жаннат башоратини беради.
18. Қиёмат куни даҳшатларидан нажот беради.
19. П-с. саловот айтувчига жавоб берадилар.
20. Бандага унитган нарсани эслатади.
21. Мажлисни поклашга сабаб бўлади.
22. Саловот фақирликни кетказади.
23. Саловот бандадан бахиллик сифатини кетказади.
24. Саловот дуои баддан қутилишга сабаб бўлади.
25. Саловот ўз эгасини жаннат йўлига элтади.
26. У ўз эгасини мажлис нохушлигидан сақлайди.
27. Ҳамда сано билан бошланган дуони тамомлайди.
28. Банданинг сиротдаги нурини тўлиқ қилади.
29. Банда у билан жафодан чиқади.
30. Саловот баракага сабаб бўлади.
31. У Аллоҳ таолонинг раҳматига эриштиради.
32. Саловот Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатни бардавомлигининг сабабчисидир.

  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтишнинг ҳукмлари.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга умрда бир марта саловот айтиш фарздир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга намознинг охирги ташаҳҳудида саловот айтиш суннатдир.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга намоздан ташқарида барча вақтларда саловот айтиш мустаҳабдир.
Уламолар барча анбиёларга саловот айтиш жоизлигини таъкидлаганлар.
Пайғамбарлардан бошқаларнинг ўзларига саловот айтиб бўлмайди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиб туриб ортидан у зотни оли, асҳоблари ва атбоъларига айтиш мумкин.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ таолонинг энг мукаммал ва батамом саловотлари бўлсин!