1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Муҳаммад алайҳиссаломни яхши кўришнинг аҳамияти

14:13 / 27.03.2017 2857 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўриш ҳақида сўз кетар экан, аввало бу муҳаббат, иймон тақозоси экани таъкидланади. Яъни, Ислом динини бино деб тасаввур қилинадиган бўлса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўриш ўша бинони тутиб турадиган пойдевор мақомидаги тушунча ҳисобланади. Бу ҳақида у зотнинг ўзлари шундай хабар берганлар:

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم لاَ يُؤْمِنُ أَحَدُكُمْ حَتَّى أَكُونَ أَحَبَّ إِلَيْهِ مِنْ وَلَدِهِ وَوَالِدِهِ وَالنَّاسِ أَجْمَعِينَ.  رواه مسلم

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Сизлардан бирингиз токи мен унга боласидан, отасидан ва барча инсонлардан севикли бўлмагунимча мўмин бўла олмайди". (Муслим ривояти) 

Дунёда ҳеч бир инсон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламчалик яхши кўрилиб, мақтов билан ёд этилмаган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг доимий мақталган, улуғланиб мадҳ этилган зот эканлари Муҳаммад деб номланишларида ҳам ўз аксини топган. У зотни Аллоҳ таолонинг Ўзи улуғлаб мадҳ этган, фаришталар ҳам, пайғамбарлар ҳам мадҳ этганлар, ер юзидаги барча ақли бор инсонлар доимо у зотни мақтаб мадҳ этиб келганлар. Чунки у зотнинг сифатлари дўсту душман ҳамманинг ҳузурида энг мақтовли сифатлар бўлган.  Бу ҳақида у зотнинг ўзлари шундай хабар берганлар:

عَنْ أَبِى سَعِيدٍ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم أَنَا سَيِّدُ وَلَدِ آدَمَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ وَلاَ فَخْرَ      رواه البخاري

Абу Саъийддан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Ўзини мақташ эмасу, мен қиёмат кунидаги Одам боласининг саййидиман ". (Бухорий ривояти)

Уламолар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатни икки даражага ажратганлар: 

1. Фарз даражадаги муҳаббат; 

2. Фазилат даражадаги муҳаббат.

Фарз даражадаги муҳаббат деганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий билан билдирилган барча ҳукмларни рози бўлиб, улуғлаб ва тўлиқ таслим бўлиб, қабул қилиш тушунилади. Яъни, у зотнинг Аллоҳ таоло ҳузуридан келтирган барча шаръий ҳукмларини муҳаббат билан қабул қилиш, ҳар бир мўмин кишига фарз ҳисобланади.

Фазилат даражадаги муҳаббатда эса, мусулмон кишининг барча ишларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига тақлид қилиб яшашни яхши кўриши тушунилади. Яъни, ейиш-ичиш, кийиниш, муомала ва ҳакозо ҳаётнинг ҳар бир жабҳасида у зотнинг кўрсатмаларини ўрнак қилиб яшашга муҳаббатли бўлиш, ҳар бир мўмин киши учун улуғ фазилат бўлади. 

Маълумки киши "Ла илаҳа иллаллоҳ Муҳаммадун расулуллоҳ" (Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳнинг элчисидир) дейиш билан мусулмонга айланади. Муҳаммад алайҳиссаломни "Аллоҳнинг элчиси" деб эътироф этишнинг ўзи у зотнинг буйруқларига бўйсунишни, берган хабарларини тасдиқлашни, Аллоҳга у зотнинг кўрсатмаларига кўра ибодат қилишни тақозо қилади. Шу маънода у зотни яхши кўриб улуғлаш, ибодат ҳисобланади. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳақиқий таниш орқали у зотга нисбатан қалбда муҳаббат юзага келади. Шу муҳаббат туфайли киши у зотни ҳамма инсонлардан яхши кўрадиган бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни энг яқиндан таниган зотлар, яъни саҳобалар у зотни улуғлаб яхши кўришда ҳам бошқаларга намуна бўлганлар.

"Шарҳу шифо" асарида қуйидаги ривоят келтирилган: 

Али розияллоҳу анҳудан Расулуллоҳга бўлган муҳаббатларингиз қандоқ эди, деб сўраганларида у зот: "Аллоҳга қасамки, у зот бизга молларимиздан ҳам, болаларимиздан ҳам, оталаримиздан ҳам, оналаримиздан ҳам, чанқоқ кишига салқин сувдан ҳам маҳбуброқ эдилар", дея жавоб берганлар.  

Ибн Касир роҳматуллоҳи алайҳнинг "ал-Бидая ван-Ниҳая" асарларида қуйидаги ривоят келтирилган: Мушриклар асирга тушган Зайд ибн Дасина розияллоҳу анҳуни ўлдириш учун ҳарамдан ташқарига олиб чиқдилар. Шунда Суфён ибн Ҳарб у зотдан: эй Зайд сендан Аллоҳ номи билан сўрайман ҳозир сенинг ўрнинга Муҳаммад бўлиб биз уни ўлдиришимизни , сен эса уйингда бўлиб қолишни хоҳлайсанми, деди. У зотнинг жавоблари шундай бўлди: "Аллоҳга қасам ичиб айтаманки, Муҳаммад алайҳиссалом ҳозир ўз ўринларида бўлиб у зотга азият берадиган бир тикан қадалиши эвазига ҳам уйимда ўтирган бўлишимни истамайман"!

 Шунда Абу Суфён: Муҳаммаднинг саҳобалари уни яхши кўрганларидек, бирор инсоннинг бировни яхши кўрганини учратмаганман, деган.  

Ҳа, Муҳаммад алайҳиссалом ана шундай яхши кўрилишга ҳақли зотдирлар.

Уламолар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўриш ва у зотни улуғлашнинг асосларини умумий саккиз қисмга ажратганлар:

1.    Набий алайҳиссаломни барча инсонлардан афзал билиш. 

Яъни, ҳар бир мусулмон киши Муҳаммад алайҳиссаломни инсониятнинг энг афзали, деб эътиқод қилиши лозим. 

2.    Набий алайҳиссалом ҳақларида доимо одобга риоя қилиш.

Набий алайҳиссалом ҳақларида одобга риоя қилиш, деганда асосан қуйидаги кўрсатмаларни яхши кўриб бажариш тушунилади:

А) Набий алайҳиссалом ҳақларида одобга риоя қиладиган киши, Қуръонда буйюрилганидек у зотга доимо салавот ва салом айтиб юриши керак: Қуръонда у зотга салавот ва салом айтишга буйруқ келган: 

   إِنَّ اللَّهَ وَمَلَائِكَتَهُ يُصَلُّونَ عَلَى النَّبِيِّ يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا صَلُّوا عَلَيْهِ وَسَلِّمُوا تَسْلِيمًا

Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Набийга салавот айтурлар. Эй, иймон келтирганлар! Сиз ҳам унга салавот айтинг ва салом юборинг .

Уламолар умр давомида бир марта салавот ва салом айтиш фарзлиги ушбу оят билан собит бўлганини, аммо у зотнинг номлари зикр қилинган пайтда, ё ҳар бир мажлисда, ё ададга чекламасдан доимий равишда салавот ва салом айтиб юриш вожиблиги ҳадислар билан собит бўлганини айтганлар. Салавот айтишнинг аҳамияти ҳақида у зотнинг ўзлари шундай деганлар:

   عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم: رَغِمَ أَنْفُ رَجُلٍ ذُكِرْتُ عِنْدَهُ فَلَمْ يُصَلِّ عَلَىَّ    رَواه الترمذي

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: Унинг олдида мен ёдга олинганимда менга салавот айтмаган кишининг бурни ерга ишқалсин". (Термизий ривояти)

Эътибор берадиган бўлсак, ташаҳҳудда, хутбада, жаноза намозида, азондан кейин, дуо қилаётган пайтда ва ҳакозо кўплаб ибодатларда у зотни улуғлаб салавот айтиш жорий қилинган.

Б) Набий алайҳиссалом ҳақларида одобга риоя қиладиган киши, у зотни кўпроқ ёдга олишга ҳаракат қилиши керак: Муҳаммад алайҳиссаломни кўпроқ ёдга олиш, инсонларга у зотнинг суннатларини таълим бериш, мартабалари ва ҳақларини билдириш каби ишлар билан амалга оширилади. 

В) Набий алайҳиссалом ҳақларида одобга риоя қиладиган киши, у зотнинг номларини ҳамиша ҳурмат билан тилга олиши керак:  яъни, у зотнинг исмларини айтишда, пайғамбарликларини ифодаловчи "набий" ё "расул" сифатлари билан бирга айтиш керак. 

 Г) Набий алайҳиссалом ҳақларида одобга риоя қиладиган киши, у зотнинг масжидларига алоҳида ҳурмат кўрсатиши керак: яъни, у зотнинг масжидларида, қабрларининг ёнида шовқин-сурон қилмаслик ва баланд овозда гапирмаслик лозим бўлади.

Д) Набий алайҳиссалом ҳақларида одобга риоя қиладиган киши, у зотнинг шаҳарлари Мадинаи мунавварага алоҳида ҳурмат кўрсатиши керак: яъни, Мадинаи мунавварада яшовчиларга ва унга кирган барча мусофирларга Муҳаммад алайҳиссаломнинг шаҳарлари ҳурматини сақлаш вожиб бўлади. 

Е) Набий алайҳиссалом ҳақларида одобга риоя қиладиган киши, у зотнинг ҳадисларини улуғлаши керак: Ҳадиси шарифларни айтаётган вақтда ёки эшитиш пайтида Расулуллоҳнинг сўзларига ҳурмат кўрсатиш керак. Ҳурмат кўрсатиш деганда асосан қуйидаги ишларга риоя этиш тушунилади:

1. Ҳадисларни ўрганишда холис Аллоҳ розилигини кўзлаш;

2. Ҳадисларни ёйиб савоб олишни умид қилиш; 

3. Эшитган ҳадисларига амал қилиш;

4. Ҳадиси шарифларни ривоят қилишда виқор билан ўтириш;

5. Ҳадис дарслари учун алоҳида хушбўйланиш.

3.    У зотнинг берган хабарларини тасдиқлаш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг берган хабарларини тасдиқлаш ва у зотни ёлғон гапиришдан пок, деб билиш иймон рукнларидан ҳисобланади.

4. У зотнинг кўрсатмаларига эргашиш.  

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббатли бўлиш  у зотнинг феъллари ва сўзларига эргашишни тақозо қилади. Зеро у зотга эргашиш иймоннинг асли экани ва жуда улкан бахту-саодатга сабаб бўлиши Қуръони каримда баён қилиб қўйилган:

قُلْ إِنْ كُنْتُمْ تُحِبُّونَ اللَّهَ فَاتَّبِعُونِي يُحْبِبْكُمُ اللَّهُ وَيَغْفِرْ لَكُمْ ذُنُوبَكُمْ وَاللَّهُ غَفُورٌ رَحِيمٌ 

Сен: "Агар Аллоҳга муҳаббат қилсангиз, бас, менга эргашинг. Аллоҳ сизга муҳаббат қиладир ва сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қиладир!, деб айт .

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмаларига эргашиш аслида у зотга бўлган муҳаббатнинг самарси ҳисобланади. Бу ҳақида шоирлардан бири шундай ҳикматли шеър ёзган:

تعصي الإله و أنت تظهر حبه     هذا محال في الفعال بديع

لو كان حبك صادقا لأطعته     إن المحب لمن يحب مطيع 

Даъвойинг муҳаббат, қилмишинг исён

Кўрдим бу ишингда ёлғону ғалат.

Аллоҳга қуллик қил, эй саркаш инсон,

Муҳаббат тоатни қилади талаб.

Яъни Аллоҳга муҳаббатли бўлиш, У зотга итоат этишни вожиб қилганидек, Расулуллоҳни яхши кўриш ҳам у зотнинг кўрсатмаларига эргашишни тақозо қилади.  

5.    Пайдо бўлган масалаларни у зотнинг суннатларига асосан ҳал қилиш. 

Мўминлар ораларида чиққан келишмовчиликларда Расулуллоҳни ҳакам қилишлари лозимлигини Аллоҳ таолонинг Ўзи буюрган: 

فَلَا وَرَبِّكَ لَا يُؤْمِنُونَ حَتَّى يُحَكِّمُوكَ فِيمَا شَجَرَ بَيْنَهُمْ ثُمَّ لَا يَجِدُوا فِي أَنْفُسِهِمْ حَرَجًا مِمَّا قَضَيْتَ وَيُسَلِّمُوا تَسْلِيمًا

Йўқ, Роббингга қасамки, сени ўз ораларида чиққан келишмовчиликларга ҳакам қилмагунларича, кейин, чиқарган ҳукмингга дилларида танглик топмасдан, бутунлай таслим бўлмагунларича, зинҳор мўмин бўла олмаслар! 

Шунинг учун пайдо бўлган масалаларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмаларига кўра ҳал қилиш иймон тақозоси ҳисобланади. 

6.    У зотни ҳимоя қилиш. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳимоя қилиш у зотга бўлган муҳаббатнинг энг улкан аломатларидан ҳисобланади. Тарих китобларида саҳобаларнинг у зотни душман ўқларидан таналари билан тўсганлари баён қилинган. У зот вафотларидан кейин эса душманларнинг бўҳтонларидан у зотнинг пок сийратларини ҳимоя қилиш ҳар бир мусулмонга лозим бўлади.  

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳимоя қилиш тушунчаси бир қанча ишларни тақозо қилади:  

А) Расулуллоҳни ҳимоя қилиш у зотнинг саҳобаларини ҳам ҳимоя қилишни тақозо қилади; Саҳобаларни пайғамбарлардан кейинги инсонларнинг энг афзаллари, деб эътиқод қилиб, уларни фақат яхши сифатлар билан ёдга олиш лозим. 

Б) Расулуллоҳни ҳимоя қилиш у зотнинг аёлларини ҳам ҳимоя қилишни тақозо қилади;

Яъни, Расулуллоҳнинг аёлларини Аллоҳ таоло охири замон пайғамбарига жуфт бўлишини ихтиёр қилган энг афзал аёллар, деб эътиқод қилиш ва улар ҳақидаги турли бўҳтонларни рад қилиш лозим.

7. У зотнинг суннатларини ҳимоя қилиш.

Расулуллоҳнинг суннатларини ҳимоя қилиш, деганда уларни ёдлаш ҳамда бузғунчи ва жоҳилларнинг нотўғри талқин қилишларига қарши курашиш тушунилади. 

8.  У зотнинг суннатларини ёйиш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини инсонларга таълим бериб, уларнинг ёйилишига хизмат қилиш, у зотга бўлган муҳаббат ва эҳтиромнинг юксак намунаси ҳисобланади. У зотнинг ўзлари суннатларини аниқлик билан етказганларнинг ҳақларига дуо қилганлар:

عَن ابْنِ مَسْعُودٍ  قَالَ : سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ  يَقُولُ: نَضَّرَ اللهُ امْرَأً سَمِعَ مِنَّا شَيْئاً ، فَبَلَّغَهُ كَمَا سَمِعَهُ ، فَرُبَّ مُبَلَّغٍ أوْعَى مِنْ سَامِعٍ    رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Биздан бир нарсани эшитиб, эшитганидек етказган кишини Аллоҳ неъматлантирсин. Эҳтимол хабар етказилган киши эшитувчидан кўра фаҳмловчироқдир”, деяётганларини эшитдим. (Термизий ривояти)                                            

Хулоса қилиб айтганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари ва суннатларини муҳаббат билан ўрганиш, асосий мақсадга элтувчи восита ҳисобланади. Асосий мақсад эса ўрганган суннатларни  ҳаётга татбиқ этиш ва одатга айлантириб олишдир. Аллоҳ таоло ҳаммамизга мақсадларимиз йўлида собитқадам бўлишимизни насиб қилсин. 

Оламлар Роббисига ҳамду санолар, У зотнинг элчиси бўлган саййидул башарга салавот ва саломлар бўлсин.


Абдулқодир Абдур Раҳим



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Изоҳ Муроқаба киши Аллоҳ уни кўриб, ундан хабардор бўлиб турганлигини билмоқ. Мақом ҳолнинг доимо давоми...

2242 09:56 / 25.03.2017
...Тўйларимиз таърифга муҳтож эмас. Дастурхонга оқсариқ сақичларгача етиб келаяпти. Яқинда овқатни ҳазм қиладиган дорилар, бўкиб қолганни даволайдиган давоми...

5902 09:14 / 24.03.2017
Ривоят қилинишича Умар ибн Хаттоб р.а. Шомга келганларида унинг олдига қора кийим кийган ёшлари улуғ қария роҳиб келади. Умар р.а. уни кўриб йиғлайди. Шунда Умар давоми...

2853 15:35 / 22.04.2017
Қуръони Каримда quotҚариндошнинг ҳаққини адо эт, мискинбечоралар, йўловчимусофирларга ҳам мурувват кўрсат. Лекин сира исроф этма, зеро, исроф қилувчилар Шайтоннинг давоми...

2824 13:53 / 24.03.2017
Аудиолар

118745 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40706 14:35 / 11.08.2021