30 29.04.2017

Муҳаммад алайҳиссаломга эҳтиром кўрсатиш, у зотга нисбатан доимо одобли бўлиш иймон тақозоси ҳисобланади. Шу маънода ҳар бир мўмин киши ушбу одобларни яхши ўрганиши ва ҳаёти давомида уларга риоя этиб яшаши лозим бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан мўминнинг одоблари деганда асосан қуйидаги одоблар тушунилади:

Биринчи одоб: Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтириш

Маълумки киши "ла илаҳа иллаллоҳ Муҳаммадур расулуллоҳ" (Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳнинг элчисидир) дейиш билан мўминга айланади. Ушбу икки калима яъни "ла илаҳа иллаллоҳ" ва "Муҳаммадур расулуллоҳ" калималари бир-бирига чамбарчас боғлиқ бўлганидан Қуръони каримда иккаласи бир ўринда зикр қилинган:

Бас, Аллоҳга ва Унинг уммий набий бўлган Расулига иймон келтиринг .

Яъни, Аллоҳ таолонинг барча халойиққа юборган уммий набий бўлган элчисига иймон келтиринг.

Муҳаммад алайҳиссаломга иймон келтириш барча халойиққа Аллоҳнинг буйруғи бўлганидан бу буйруққа итоат этмаганларнинг ҳоли нима бўлишини у зотнинг ўзлари шундай хабар берганлар:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: Муҳаммаднинг жони унинг қўлида бўлган зотга қасамки, ушбу умматдан бирор яҳудийми, бирор насронийми мен ҳақимда эшитсаю сўнгра мен юборилган нарсага иймон келтирмасдан вафот этса, албатта дўзах аҳлидан бўлади. Муслим ривояти.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтириш деганда у зот ҳақларида қуйидагича эътиқод қилиш тушунилади:

1.    Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг набийси, расули ва танлаб олган бандасидирлар;

2.    Муҳаммад алайҳиссалом яхши кўриладиган ва эргашиладиган инсонларнинг энг улуғидирлар;

3.    Муҳаммад алайҳиссалом Қуръон ва суннатда баён қилинганидек пайғамбарларнинг сўнгисидирлар;

4.    Муҳаммад алайҳиссаломдан кейин пайғамбарлик даъвосини қилган ҳар қандай кимса ёлғончидир. 

Қози Иёз роҳматуллоҳи алайҳ Муҳаммад алайҳиссаломга иймон келтириш ҳақида қуйидагиларни ёзган: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтириш у зотни Аллоҳ таолонинг набийси ва расули деб тасдиқлаш, берган барча хабарларига чин қалбдан ишониш ва у зотни Аллоҳнинг элчиси эканларини тил билан эътироф этиш орқали ҳосил бўлади. Қачон ушбу нарсаларни қалб билан тасдиқлаш ва тил билан эътироф этиш жамланса у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтириш тўлиқ бўлган  бўлади". 

Иккинчи одоб: Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббатли бўлиш

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан муҳаббатли бўлиш мўминлик белгиси ҳисобланади. Бу ҳақида у зотнинг ўзлари шундай хабар берганлар:

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: сизлардан бирингиз токи мен унга фарзандидан, отасидан ва барча инсонлардан севимлироқ бўлмагунимча ҳаргиз мўмин бўла олмайди. Муслим ривояти. 

Яъни кимки Муҳаммад алайҳиссаломни ўзига энг севикли бўлган барча инсонлардан кўра кўпроқ яхши кўрмаса унинг иймони комил бўлмайди.  Маълумки муҳаббат қалбда бўлади. Шунга кўра биров тилида Муҳаммад алайҳиссаломни ҳаммадан яхши кўраман деб ҳар қанча айтса ҳам, қалбида шу туйғу топилмаса комил иймон эгаси бўла олмайди.  

 Уламолар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатни икки даражага ажратганлар: 

1. Фарз даражадаги муҳаббат; 

Яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий билан билдирилган барча шаръий ҳукмларни муҳаббат билан қабул қилиш, ҳар бир мўмин кишига фарз ҳисобланади.

2. Фазилат даражадаги муҳаббат.

Яъни, ейиш-ичиш, кийиниш, муомала ва ҳакозо ҳаётнинг ҳар бир жабҳасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига тақлид қилиб яшашга муҳаббатли бўлиш, ҳар бир мўмин киши учун улуғ фазилат бўлади. 

Учинчи одоб: Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрган барча ишларда у зотга итоатли бўлиш

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилиш Аллоҳ таолонинг буйруғи ҳисобланади:

Аллоҳга ва Расулга итоат қилинг. Бас, агар ортга қайтсангиз, Аллоҳ, албатта, кофирларга муҳаббат қилмас . 

Расулуллоҳ алайҳиссаломга итоат қилиш қанчалар аҳамиятли экани ҳақида шундай хабар берилган: 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: Барча умматларим жаннатга кирадилар, фақат бўйин товлаган кимсагина кирмайди. Улар: эй Аллоҳнинг Расули ким бўйин товлайди, дейишди. У зот: ким менга итоат қилса жаннатга киради, кимки осийлик қилса бўйин товлаган бўлади, дедилар. 

Демак жаннатга киришни хоҳлаган киши Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрган барча ишларда у зотга итоат қилиши лозим.   

Тўртинчи одоб: Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам қайтарган  барча ишлардан қайтиш

Расулуллоҳ алайҳиссалом буюрган нарсани қилиб у зот қайтарган нарсадан қайтиш мусулмон кишининг муқаддас бурчи ҳисобланади. Бу ҳақида Қуръони каримда шундай буйруқ келган: 

Пайғамбар сизга нимани берса, ўшани олинглар ва нимадан қайтарса, ўшандан қайтинглар .

Ушбу оят Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрган нарсаларнинг барчаси хайр барака эканига, у зот қайтарган нарсалар эса яроқсиз бузуқ ишлар эканига ёрқин далилдир. 

Мазкур буйруққа риоя қилиш лозимлигини Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ўзлари қуйидагича баён қилганлар: 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: сизларга ҳавола қилган нарсамда мени тек қўйинглар. Албатта сизлардан олдингилар саволлари ва пайғамбарларига ихтилоф қилганлари сабабли ҳалокатга учраган. Бас, агар сизларни бирор нарсадан қайтарсам ундан тийилинглар, агар сизларни бирор ишга буюрсам имконларинг борича уни адо этинглар. Бухорий ривояти. 

Дунё ва охират саодатидан баҳраманд бўлишни истаган киши албатта ушбу насиҳатларни қабул қилиши ва уларга кўра ҳаёт кечириши лозим. 

Бешинчи одоб: Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш

Қуръони каримда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш Аллоҳ таолони яхши кўриш аломати экани баён қилинган:

Сен: "Агар Аллоҳга муҳаббат қилсангиз, бас, менга эргашинг. Аллоҳ сизга муҳаббат қиладир ва сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қиладир", деб айт. Аллоҳ Ғафур ва Роҳиймдир. 

Ибн Касийр роҳматуллоҳи алайҳ ушбу оятнинг тафсирида қуйидагиларни айтган: "кимки Аллоҳга муҳаббатли эканини даъво қилсаю аммо ўзи Муҳаммад алайҳиссаломнинг йўлларида бўлмаса, токи барча сўзларию феълларида Муҳаммад алайҳиссаломнинг шариатларига эргашмагунича қилган даъвосида ёлғончи эканига ушбу оят ҳукм қилади".

Демак Муҳаммад алайҳиссаломга эргашган кишигина Аллоҳ таолога муҳаббатли ҳисобланади.    

Олтинчи одоб: Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам берган барча хабарларини тасдиқлаш

Мусулмон киши Расулуллоҳ алайҳиссалом ўзларига таълим берилган ваҳийни хабар берганлар, деб эътиқод қилиши фарздир:

У ҳаводан нутқ қилмас. У (Қуръон) ваҳийдан ўзга нарса эмас . 

Шунга кўра ҳар бир мўмин киши динга тааллуқли барча хабарларни Муҳаммад алайҳиссалом ўзларидан гапирмаганларига иймон келтириши лозим. 

Еттинчи  одоб: Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни улуғлаш

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни улуғлаш ибодат ҳисобланади. У зотга нисбатан одобни тарк қилиш эса амалларнинг бефойда бўлиб қолишига сабаб бўлади. Бу ҳақида Қуръони каримда шундай хабар берилган:

Эй иймон келтирганлар! Овозингизни Пайғамбар овозидан юқори кўтарманг ва унга бир-бирингиз ила сўзлашгандек  дағал сўз айтманг, ўзингиз сезмаган ҳолда амалларингиз ҳабата бўлиб қолмасин . 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тириклик чоғларида у зотнинг ҳузурларида овозни баланд кўтариш мумкин бўлмаганидек, кейин ҳам у зотнинг масжидларида, қабрлари ёнида баланд овозда гапирмаслик муҳим одоб саналади. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмлари тилга олинганда "набий" ё "расул" ё шуларнинг маъносига далолат қиладиган бирор сифат билан бирга айтиш ҳам у зот алайҳиссаломга нисбатан одоб ҳисобланади.

Саккизинчи одоб: Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни мадҳ қилишда ғулувга кетмаслик

Дунёда ҳеч бир инсон Расулуллоҳ алайҳиссаломчалик яхши кўрилиб, мақтов билан ёд этилмаган. Чунки у зот "Муҳаммад" яъни "тўхтовсиз мақталган" зотдирлар. Шу биргаликда у зот бошқалар сингари уйланадиган, уй юмушларини бажарадиган, яхши ишлардан хурсанд бўладиган, ёмон ишлардан хафа бўладиган инсон бўлганлар. Бу ҳақида Қуръони каримда шундай хабар берилган: 

Айтгин: "Мен ҳам сизларга ўхшаган башарман. Менга, шубҳасиз илоҳингиз битта илоҳ экани ваҳий қилинди . 

Яъни эй Муҳаммад алайҳиссалом уларга айтинг: мен ҳам сизларга ўхшаган бир башарман. Менда фаришталик ё илоҳлик сифатлари асло йўқдир, мен фақат Аллоҳ таоло билдирган нарсанигина биламан холос. 

Шунга кўра у зотни Қуръон ва суннатда келган сифатлари билан васф қилишнинг ўзи мадҳ ҳисобланади. 

Тўққизинчи одоб: Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари билан хулқланиш

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари мўмин киши учун одоб намунаси ҳисобланади. Қуйидаги одобларга риоя қилиб уларни ўзининг доимий одатига айлантириб олган киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари билан хулқланган бўлади: 

1.    Барча ёмон сўз ва ишлардан тийилиш;

2.     Одамлар билан муомала қилишда овозни баландлатмаслик;

3.    Кечиримли бўлиш;

4.    Зиммадаги вазифани бажаришда сусткашлик қилмаслик;

5.    Кўп кулишдан сақланиш;

6.    Эҳтиёжмандларнинг ҳожатларини раво қилишни ортга сурмаслик;

7.    Аҳли-оиласига уй ишларида кўмаклашиш;

8.    Ҳайитларда, тўйларда энг яхши кийимларини кийиш;

9.    Оз таом билан кифояланиш;

10.     Ортиқча мақтовларга рози бўлмаслик;

11.     Бировга азият бериши мумкин бўлган сўзларни ҳазиллашиб ҳам айтмаслик;

12.     Дўстларининг бирортасига ҳам ёмон кўз билан қарамаслик;

13.     Ширин сўзли бўлиш;

14.     Фақат рост гапни гапириш;

15.     Инсонларга ҳам, бошқа ҳайвонларга ҳам раҳм шафқатли бўлиш;

16.     Бахиллик қилмаслик;

17.     Тунги уйқуда эрта ётиб эрта туриш;

18.     Жамоат намозига кечикмаслик;

19.     Ғазабланмаслик, ғазаби келган пайтда "аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм" дейиш;

20.     Кўп гапиришдан тийилиш;

21.     Қуръони каримни тушуниб, тадаббур билан қироат қилиш ва ўзгаларнинг тиловатларини ҳам тинглаб юриш;

22.     Доимо хушбўйликлар ишлатиб юриш;

23.     Доимо мисвок ишлатиб юриш;

24.     Шижоатли бўлиш, ўзининг зарарига бўлса ҳам ҳақни гапириш;

25.     Инсонларнинг насиҳатларини қабул қилиш;

26.     Аёллари ва фарзандлари ўртасида адолат билан иш юритиш; 

27.     Инсонларнинг азиятларига сабрли бўлиш;

28.     Ўзи учун яхши кўрган нарсани бошқаларга ҳам бўлишини яхши кўриш;

29.     Саломни кўпайтириш;

30.     Кийимлари ва соч-соқолларини доимо ораста тутиш. 

Ўнинчи одоб: Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларини ҳурмат билан тилга олиш

Саҳобалар деганда иймон келтирган ҳолатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан кўришиб, мўмин ҳолида вафот этган кишилар тушунилади. 

Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан Исломни қандай қабул қилиб олган бўлсалар, кейингиларга худди шундай етказиш йўлида молу-жонларини фидо қилган инсонлардир.

Ҳадис илмларига бағишланган китобларда саҳобаларнинг ўн икки табақада эканлари баён қилинган:

1.    Олдиндан Маккада Исломни қабул қилганлар табақаси; 

2.    Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Исломга келганидан кейин исломни қабул қилганлар табақаси. 

3.    Ҳабашистон муҳожирлари табақаси. Мазкур муҳожирлар "Ҳабашистон муҳожирлари" деб аталадиган алоҳида бир табақа саналади;

4.     Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат қилган биринчи ақаба байъатига қатнашган саҳобалар табақаси;

5.     Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат қилган иккинчи ақаба байъатига қатнашган саҳобалар табақаси;

6.     Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага киришларидан олдин ҳижрат қилган саҳобалар табақаси;

7.    Бадрда қатнашган саҳобалар табақаси; 

8.    Бадр ғазотидан кейин ҳижрат қилган саҳобалар табақаси;

9.    Ҳудайбия ғазотидаги "Байъатур ризвон" да қатнашган саҳобалар табақаси; 

10.    Ҳудайбиядан кейин ҳижрат қилган саҳобалар табақаси;

11.    Фатҳ йилида мусулмон бўлган саҳобалар табақаси;

12.    "Фатҳ куни" ва "Ҳажжатул вадоъ"да ёш ва гўдак ҳолида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриб қолиш бахтига муяссар бўлган саҳобалар табақаси.

Саҳабаларнинг барчаларини пайғамбарлардан кейинги инсонларнинг энг афзали деб эътиқод қилиш ва уларни фақат яхши сифатлар билан ёдга олиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан одоб тақозоси ҳисобланади. 

Ўн биринчи одоб: Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ёйиш учун ҳаракат қилиш

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини инсонларга таълим бериб, уларнинг ёйилишига хизмат қилиш, у зотга бўлган муҳаббат ва эҳтиромнинг юксак намунасидир. У зотнинг ўзлари суннатларини аниқлик билан етказганларнинг ҳақларига дуо қилганлар:

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Биздан бир нарсани эшитиб, эшитганидек етказган кишини Аллоҳ неъматлантирсин. Эҳтимол хабар етказилган киши эшитувчидан кўра фаҳмловчироқдир”, деяётганларини эшитдим. Термизий ривояти.  

Шунинг учун ҳар бир мўмин киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу дуоларига эришишга ҳаракат қилиши лозим.               

Ўн иккинчи одоб: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шаънларини ҳимоя қилиш

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳимоя қилиш у зотга бўлган муҳаббатнинг энг улкан аломатларидан ҳисобланади. Тарих китобларида саҳобаларнинг у зотни душман ўқларидан таналари билан тўсганлари баён қилинган. 

Ибн Касир роҳматуллоҳи алайҳнинг "ал-Бидая ван-Ниҳая" асарларида қуйидаги ривоят келтирилган: Мушриклар асирга тушган Зайд ибн Дасина розияллоҳу анҳуни ўлдириш учун ҳарамдан ташқарига олиб чиқдилар. Шунда Суфён ибн Ҳарб у зотдан: эй Зайд сендан Аллоҳ номи билан сўрайман ҳозир сенинг ўрнинга Муҳаммад бўлиб биз уни ўлдиришимизни , сен эса уйингда бўлиб қолишни хоҳлайсанми, деди. У зотнинг жавоблари шундай бўлди: "Аллоҳга қасам ичиб айтаманки, Муҳаммад алайҳиссалом ҳозир ўз ўринларида бўлиб у зотга азият берадиган бир тикан қадалиши эвазига ҳам уйимда ўтирган бўлишимни истамайман"! Шунда Абу Суфён: Муҳаммаднинг саҳобалари уни яхши кўрганларидек, бирор инсоннинг бировни яхши кўрганини учратмаганман, деган.   

Ҳа, саҳобаи киромлар бошқа ишларда бўлгани сингари бу одобда ҳам барчага ўрнак бўлганлар.

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан кейин эса душманларнинг бўҳтонларидан у зотнинг пок сийратларини ҳимоя қилиш ҳар бир мусулмонга лозим бўлади.

Ўн учинчи одоб:  Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли оилаларини яхши кўриш

Ҳар бир мусулмон киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли оилаларига нисбатан юксак эҳтиромда бўлиши, уларнинг номларини доимо ҳурмат билан тилга олиши лозим. Чунки уларни ҳурмат қилиш Расулуллоҳ алайҳиссаломга нисбатан одоб тақозоси бўлса, уларни эҳтиром қилмаслик у зот алайҳиссаломга азият беришдир. 

Ўн тўртинчи одоб: Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиб юриш

Мўмин кишининг муҳим одобларидан бири доимо Расулуллоҳ алайҳиссаломга салавот ва салом айтиб юришидир. Чунки бу мўминларга Роббиларининг буйруғидир: 

Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Набийга салавот айтурлар. Эй, иймон келтирганлар! Сиз ҳам унга салавот айтинг ва салом юборинг .   

"Яъни Аллоҳ таоло Ўзининг Набийсига раҳматини юборади ва ундан рози бўлади. Фаришталар у зотга мағфират ва шаънлари юксалишини сўраб дуо қиладилар. Шунинг учун сизлар ҳам эй Аллоҳ ва Унинг Росулига имон келтирган мўминлар, "Аллоҳумма солли ва саллим ала Муҳаммад" денглар, яъни, сизлар ҳам Муҳаммад алайҳиссаломни улуғлаб дуо қилинглар."  

Аллоҳ таолонинг, фаришталарнинг ва одамларнинг салавот айтишлари деганда қуйидаги маънолар тушунилади: 

1. Аллоҳнинг салавот айтиши – у зотга раҳмат юбориши;

2. Фаришталарнинг салавот айтиши – у зот учун истиғфор айтишлари;

3. Одамларнинг салавот айтиши – у зотнинг ҳақларига дуо қилишлари. 

Аллоҳ таоло барчаларимизни ушбу одоблар билан хулқланишга муваффақ қилсин.  

Оламлар Роббисига ҳамду санолар, У зотнинг элчиси бўлган саййидул башарга салавот ва саломлар бўлсин. 


Абдулқодир Абдур Раҳим