110 28.04.2017

Муҳаддис, фақиҳ, усулий, мантиқий, мутакаллим, тарихчи, тадқиқотчи, танқидчи олим, шайх Абулҳасанот Муҳаммад Абдулҳай ал-Ансорий ал-Лакнавий ал-Ҳиндий бўлиб, аллома Муҳаммад Абдулҳалим ал-Ансорий ал-Лакнавий ал-Ҳиндийнинг ўғилларидир.

Бу зотнинг насаблари саҳоба Абу Айюб ал-Ансорийга бориб тақалади.
Абдулҳай Лакнавий жаноблари 1264-ҳижрий, 26-зулқаъда ойининг сешанба куни (1848/10/23-мелодийда) Ҳиндистоннинг Бонда шаҳарчасида дунёга келдилар. Ёшлари бешга етганида, Қуръони Каримни ёдлашга киришиб, 10 ёшга етганларида, уни тўлалигича ёд олдилар. Ҳатто 40 ёшга етганларида ўзлари ҳақида гапириб, ёшлик пайтимданоқ менга ёдлаш қобилияти ато қилинди. Мен гувоҳ бўлган нарсаларимни барчасини дарров ёд олиб қолар эдим, дедилар. Оталарида биринчи ўқиган нарсалари баъзи форсий китоблар, иншо ва ҳуснихат эди. Ушбу билимларни Қуръонни ёд олиш асносида ўзлаштирдилар.
Буларни барчасидан фориғ бўлгач, шаръий ва унга тегишли бўлган илмларни қўлга киритишга киришдилар. Улар сарф, наҳв, балоғат, мантиқ, ҳикмат, тиб, фиқҳ, усул фиқҳ, илми калом, ҳадис, тафсир ва бундан бошқа илмлар эди. Буларнинг аксариятини оталаридан қўлга киритдилар. Оталаридан кейин эса тоғалари шайх Муҳаммад Неъматуллоҳдан риёзиёт илмини қўлга киритдилар.
Бу зот ёшлик даврлариданоқ дарс бериш ва китоб ёзишга қалбларида муҳаббат уйғонган эди. Бирор китоб ўқисалар албатта ортидан ўша китобни шогирдларга дарс бериб, ўқитардилар. Шундай қилишлари, илмни фаҳмлаб, уни қамраб олишда асқотарди.

Шайх жаноблари устозларидан Тусийнинг “Шарҳул ишорот” ва “Қонун ат-Тиб”, “Илмул аруз” ва бундан бошқа китобларни ўқиб, ўтказдилар. У киши ўқитган дарсларидан талабалари қаноат ҳосил қилиб, бутун атрофга овозалари тарқади. Оталари вафотидан кейин у кишининг мансабларига яъни, Ҳайдарободдаги шаҳарни тартибга солиш бошқармасидаги мансабга таклиф қилишди. Лекин бу зот ундан бош тортиб, узр айтдилар. Чунки мансаб, дарс бериш ва китоб таълиф этишдан ман қилар эди. Озгина нафақага рози бўлиб, хурсанд ҳолатда таълим бериш, тасниф этиш ва Аллоҳ розилиги учун илм тарқатишга юзланган эдилар.
Бу зотга маҳбуб бўлган илм ҳадиси шариф, унинг фиқҳи ва унга олиб борувчи нақлий илмлар эди. Шу билан бирга ақлий илмларда ҳам пешқадамликлари бор эди. У зот ўзлари ҳақларида гапириб: “Ҳадиси шариф ва унинг фиқҳида шундай бир лаззат ва сурурни ҳис этаманки, бундан бошқа илм ва фанларда ундай лаззатни ҳис эта олмайман. Аллоҳ мени ифрот ва тафрийт, яъни, ҳаддан ошиш ва камчиликка йўл қўйиш орасидаги ўрта йўлга муваффақ қилди. Бирор масала чиқиб қолса ўртадаги васатийя йўлига илҳомлантирди. Шаръий далилларга хилоф бўлганида ҳам фақиҳлар сўзини тарк этмайдиган соф тақлидчилардан ҳам эмасман. Фақиҳлар сўзини рад қилиб, фиқҳдан четлашганлардан ҳам эмасман. Агар сариҳ ва саҳиҳ ҳадиснинг хилофи бўлган масалалар бўлса, уни тарк қилдим. Бу масалада фақиҳни узрлик, балки ажрга эришган, деб биламан. Лекин жониворлар каби бўлган авомни ташвишга солувчи фикрларни айтмайман. Балки одамларни ақли кўтарган нарсаларнигина гапираман”, деб айтдилар.
Аллоҳ бу зотга Ўзини мукаррам уйида ҳаж қилишни икки марта насиб қилди.

Биринчиси, 1279-ҳижрий санада оталари билан бирга, иккинчиси оталари вафотларидан кейин 1292-ҳижрий санада.
Ушбу икки муборак сафарда Ҳарамайн уламоларидан кўпгина илмий фойдаларни, хусусан юриб ўтган мамлакатлардан нодир қўлёзма ва тошбосма китобларни олиб қайтдилар.

Агар кўп китоб таълиф этганлар зикр этиладиган бўлса, муболағасиз имом Абдулҳай Лакнавий уларни аввалидан ўрин эгаллайдилар. У зот таълиф этган китоблар 110 дан зиёдроқдир. Энди ушбу 110 дан кўпроқ ёзилган китобни бир томонга қўйиб, кўрган 39 ёш умрларини бир томонга қўйсак, жуда ҳам кўп китоб таълиф этганлари аён бўлади. У зот таълиф этган кўп китобларини ўқиб бўлдим. Қолганларини ўқиш жараёнидаман. Мақсадим ёзган саҳифаларни кечирган умрларига ҳисоблаб, санаб чиқишдир. Шунда у зотнинг қай даражада етук талант соҳиби эканлари аён бўлади. Тахминимча, у киши қисқа умрда ёзган саҳифалари имом Ибн Жарир Табарий ва Ибн Жавзий каби кўп таълиф этиш билан ном чиқарганлардан ҳам ўтиб кетади.
Биринчидан ўша кўп ёзган олимлар кўп умр кўришган.
Иккинчидан улар аввалги илм ҳиммати олий бўлган асрларда яшаб ўтишган.
Имом Лакнавий эса қисқа умр кўриб, кейинги қолоқ асрда ижод қилдилар.
Машҳур китобларидан Марғинонийни “Ҳидоя” китобларига ёзган ҳошияларидир. У Покистон ва Ҳиндистондаги институтларда дарслик қилиб ўқитилади.

Яна машҳур китобларидан;

“Таълийқул мумажжад ъала муваттои имаму Муҳаммад”
“Умдатур риъоя ъала шарҳил виқоя”
“Тазкиратур рошид бирадди табсиратин ноқид”
“Тарбул амасил фий тарожумил афозил”
“Фаваидул баҳийя фий тарожумил ҳанафийя”
“ар-Рофъу ват такмийлу фил жарҳи ват таъдийли”
“ал-Осорул марфуъа фил ахбарил мавзуъа”
“Зафарул аманий фий шарҳи мухтасарил журжоний”
“Туҳфатул ахёр фий иҳяи суннати саййидил аброр”

Бу зот 1304-ҳижрий сана, Рабийъул аввал ойидан бир кеча қолганида, қирқ ёшга етмасдан Лакнау шаҳрида вафот этдилар. Аллоҳ бу зотдан рози бўлсин.