340 03.12.2016

  Бу масала жуда ҳам нозик ва хатарлидир. Айниқса, ҳозир ақоид илми билимдонлари кам, уни излаганлар ундан ҳам кам, бўлган-бўлмаган нарса учун кўпчиликни кофир ёки мушрикка чиқариб юборадиганлар кўпайган бир пайтда. Албатта, ҳар бир ижтимоий муаммонинг ўз сабаблари ва омиллари бўлгани каби, одамларни осонликча кофирга ёки мушрикка чиқариб юборадиганлар кўпайишининг ҳам ўзига яраша сабаб ва омиллари бор. Уларни батафсил ўрганишни мутахассисларга ҳавола қилиб, биз ўзимизга тегишли жойини баён қилишга ўтамиз. Ислом борасидаги кўпгина хатолар қатори бу масаладаги хато ҳам асосан кишиларнинг диний билим савиясининг йўқлиги ёки хатолигидан келиб чиқади. Энг ёмони ўша камчиликни тўғрилашга ҳаракат қилмасликдир.
Ушбу маънода кишиларга айтиб юрган маълумотларимизни ёзиб ҳам қўйишга қарор қилдик.

Бу масалада «Шарҳи ақийдатут Таҳовия» китобида қуйидагилар айтилади:
«Аҳли қиблалардан бирортасини гуноҳ туфайли кофир қилмаймиз. Модомики, ўшани ҳалол ҳисобламаса». 
Бу каби масалаларда «аҳли қибла»дан мурод, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган жами нарсаларга иймон келтириб, диннинг асосий нарсаларидан бирортасини инкор қилмаганлар кўзда тутилади.
Демак, аҳли қиблалардан бирортасини гуноҳ туфайли кофир қилмаймиз» дегани, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган жами нарсаларга иймон келтириб, диннинг асосий нарсаларидан бирор нарсани инкор қилмаган одамни гуноҳи кабира ёки гуноҳ туфайли кофир, деб ҳукм чиқармаймиз, деганидир.
Аммо гуноҳ ишларни қилган одамни кофир бўлди дейдиганлар ўзларининг оят ва ҳадисларга амал қилиб иш тутаётганларини даъво қиладилар ва далиллар келтирадилар.
Қуръони Карим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларида куфр деб номланган гуноҳларга мисоллар қуйидагилар: 

 

 1. «Кимки, Аллоҳ нозил қилган нарса ила ҳукм қилмаса, бас, ана ўшалар кофирдирлар» (Моида: 44).
2. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмонни сўкмоқлик фисқдир. У билан уруш қилмоқ куфрдир», деганлар. Бухорий ва Муслим ривоят қилган.
3. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мендан сўнг баъзингиз баъзингизнинг бўйнингизни чопиб, кофир бўлманг», деганлар. Бухорий ва Муслим ривоят қилган.
4. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмон билан куфрнинг ўртасида, намозни тарк қилиш бордир», деганлар. Муслим ривоят қилган.
5. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳдан ўзга ила қасам ичса, батаҳқиқ кофир бўлибди», деганлар. Имом ал-Ҳоким ривоят қилган. 

  Бу масалада аҳли сунна ва жамоа айтган хулоса шулки, мўмин одам гуноҳи кабира қилиши билан кофир бўлиб қолмайди. Фақат ўша ишни ҳалол санаса, кофир бўлади. Мисол учун ароқ ичган одам уни ҳалол деб эътиқод қилса, кофир бўлади. Ароқни ҳалол деб эътиқод қилмаса-ю, уни ичса осий бўлади.
Аҳли сунна ва жамоа ҳаммалари гуноҳи кабира қилган мўмин бутунлай миллатдан чиқиб кетадиган кофир бўлмаслигига иттифоқ қилганлар. Чунки куфр иккига бўлинади. Эътиқодий куфр ва амалий куфрга. Бошқача қилиб айтганда исломдан чиқарадиган куфр ва мажозий куфрга.
Баъзи бир гуноҳларни оят ва ҳадисларда куфр деб аталиши айнан амалий – мажозий куфрдир.
Агар гуноҳи кабира билан диндан бутунлай чиқадиган бўлса, гуноҳкор муртад бўлиб уни ўлдириш вожиб бўлар эди. Унинг ҳақида афв қабул қилинмас эди. Қасос ҳам олинмас эди. Зино, ўғрилик, ароқхўрлик ва бировни зинода айблашда ҳадд (шаръий жазо)лар жорий қилинмас эди.
Шариат ҳукмида эса мазкур гуноҳларни қилган одамлар муртад деб эмас, жазога лойиқ жиноятчи деб топилган. Бизнинг мисолимиздаги ароқхўрга дарра уриш тайин қилинган. Агар ароқ ичган одам диндан чиқиб кофир бўладиган бўлса, уни муртад сифатида қатл қилиш лозим бўлар эди.
Баъзи гуноҳларни қилганлар диндан чиқадиган даражада кофир бўлмасликларига ояти карималардан далил бор:
Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида қуйидагиларни айтади: «Эй, иймон келтирганлар! Сизга ўлдирилганлар учун қасос фарз қилинди: ҳурга ҳур, қулга қул, аёлга аёл. Кимга ўз биродаридан бир нарса афв қилинса, бас, яхшилик ила сўралсин ва адо этиш ҳам яхшиликча бўлсин», (178 - оят).
Лекин ояти каримага биноан, одам ўлдирган шахсни қасос учун албатта, ўлдириш шарт эмас, балки ўликнинг эгалари кечиб юборса, ўлдирмай қўйиб юборса, ўрнига хун пули олса ҳам бўлади. Бунда ўлик эгаси ҳақини яхшилик билан сўраши лозим, айбдор тараф ҳам уларнинг ҳақини яхшилик билан адо этиши зарур: «Кимга ўз биродаридан бир нарса афв қилинса, бас, яхшилик ила сўралсин ва адо этиш ҳам яхшиликча бўлсин».
Модомики, ўликнинг эгалари мардлик қилиб, жиноятчи қотилни афв этиб, уни ўлдиришни талаб қилмадиларми, охиригача мард бўлиб, хун пулини ҳам уруш-жанжалсиз, яхшиликча, розилик ва мулойимлик билан сўрасинлар. Жиноятчи ёки унинг одамлари ҳам нариги тарафга етган мусибат, жудолик ва қалб жароҳатини унутмай, уларнинг кўнгилларига таскин бериб, ғирромлик қилмай, кечга сурмай, хунни яхшилик билан адо этсин.
Аллоҳ ушбу оятда бировни қасддан ўлдирган одамни иймонлилар жумласидан чиқармади. Балки, уни қасос эгасига биродар, деб атади.
Агар мўмин-мусулмонни ўлдирган одам кофир бўлади деган ҳадисдаги куфр мажозий бўлмай, исломдан чиқарадиган куфр бўлганида одам ўлдирган кишини муртад сифатида албатта, ўлдириш керак бўлар эди.
Аллоҳ таоло «Ҳужурот» сурасида: «Агар мўминлардан икки тоифа урушиб кетса, бас уларнинг орасини ислоҳ қилинг», (9-оят) деб туриб, охирида: «Албатта, мўминлар биродардир. Бас, икки биродарингиз орасини ислоҳ қилинг», деган (10-оят).
Машҳур саҳиҳ ҳадиснинг маъносига қараганда бир бирига қарши қурол кўтарган мусулмоннинг иккиси ҳам кофир бўлиши лозим эди. Аммо ўша ҳадисдаги куфр сўзи мажозий бўлганидан бу оятда урушиб турганлар мўмин дейилмоқда ва биродарларингиз орасини ислоҳ қилинг дейилмоқда, уларни диндан чиққан кофир сифатида қатл қилинг дейилгани йўқ.
Шунингдек, Қуръон ва Суннат ҳамда ижмоъда келган матнлар зинокор, ўғри ва бошқа катта гуноҳларни қилганларни ўлдирмасликка, балки уларга ҳадд (шаръий жазо) жорий қилишга далолатлар келган. Бу эса уларнинг муртад эмасликларини тақозо қилади.
Аммо бундан гуноҳларни қилаверса бўлар экан, деган фикрга бориш керак эмас. Бу маънода жуда эҳтиёт бўлмоқ лозим. Гуноҳни қилавераса бўлар экан дейишнинг ўзи куфрга олиб боради.
Гап бир одамни кофирга чиқариб юбориш осон эмаслиги ҳақида бормоқда. Шунинг учун ҳам жуда эҳтиёт бўлиш зарур. Афсусуки, аввалда ҳам, ҳозирда ҳам кишиларни кофирга чиқаришга ишқибозлар етарли бўлган ва бўлмоқда.
Ҳолбуки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари юқоридагига ўхшаш ишларга қарши бўлганлар.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Лаа илаҳа иллаллоҳу» деган кимсага тегмаслик: Гуноҳи туфайли уни кофирга чиқармаймиз. Амали туфайли уни Исломдан чиқармаймиз», дедилар». Абу Довуд ривоят қилган.
Бу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уч муҳим масалани баён қилмоқдалар.
1. «Лаа илаҳа иллаллоҳу», деган кимсага тегмаслик».
Яъни, калимаи шаҳодатни айтиб, ўзининг мусулмонлигини билдириб турган кишига тегмаслик, унинг жонига, молига зарар етказмаслик зарур. Зоҳирида мусулмон бўлиб кўриниб, Исломнинг зоҳирий амалларини қилаётганлар билан мусулмонча муомала қилинаверади. Кишиларнинг ички сирлари ва ҳисоб-китоблари Аллоҳнинг Ўзига ҳавола!
2. «Гуноҳи туфайли уни кофирга чиқармаймиз». 
Яъни, «Лаа илаҳа иллаллоҳу»ни айтиб, зоҳирида мусулмон бўлиб кўринган одамни қилган гуноҳ иши туфайли кофирга чиқармаймиз. У кофир эмас, осий мўмин бўлади.
3. «Амали туфайли уни Исломдан чиқармаймиз».
Яъни, калимаи тавҳидни айтиб, Исломни зоҳиридан кўрсатиб турган одамни амали туфайли Ислом дини, Ислом миллатидан чиқармаймиз. Бундай одамларга амалига яраша тайин қилинган шаръий жазо берилади. Эътиқоди бузилмаса, Исломдан чиққан ҳисобланмайди. Умумий қоида – шу!
Шундоқ бўлганидан кейин бировни кофирга чиқаришга зинҳор шошилмаслик керак. Модомики Аллоҳ таолога ширк келтирмаган экан бировни кофир дейиш осон иш эмас, зеро Аллоҳ таоло ширкдан бошқа гуноҳларни кечириши мумкинлигини Ўзи айтган.
Мужтаҳид имомларимиз фарзлиги ва ҳаромлиги ҳақида ихтилоф қилган ва Қуръони Карим ҳамда суннатда қатъий далили йўқ нарсаларни инкор қилишлик куфрга олиб бормайди.
Бировни кофир дейишлик осон иш эмас. Чунки бу ишнинг орқасидан келиб чиқадиган ҳукмлар ҳам ўта хатарлидир.
Аввало имом Бухорий Ибн Умар ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумолардан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Қачон киши ўз биродарига «Эй, кофир» деса, икковларидан бири ўшандоқ бўлади», деганлар.
Яъни, ҳалиги одам кофир бўлмаса, уни кофир деган одамнинг ўзи кофир бўлади. Чунки мусулмонни кофир дейишнинг ҳукми шу. Бас, бировни кофир дейишдан олдин бу гап ўзига қайтиши мумкинлигини ўйлаб қўйиш керак бўлади.
Иккинчидан бировни кофир деб ҳукм чиқарилса ва ўшандоқ бўлса, ортидан ўта хатарли ишлар содир бўлиши лозим.

 

 1. У билан хотини орасидаги никоҳ бузилади.
2. Болалари унинг қарамоғидан чиқади.
3. Жамият аъзолигидан маҳрум бўлади.
4. Уни маҳкамага бериб муртад деган ҳукм чиқарилади.
5. У ўлса ювилмайди, кафанланмайди, жанозаси ўқилмайди, мусулмонлар қабристонига кўмилмайди ва меросдан маҳрум бўлади.
6. Ўша ҳолида ўлса жаҳаннамий бўлади.

  Шунинг учун ҳам тақводор ва мутамаккин уламолар бировни кофир дейишни ўзларига эп кўрмайдилар. Баъзилари эса аввал бу ишни қилган бўлсалар, кейин бу маънодаги фатволарини бекор қиладилар.
Ҳанафийларнинг машҳур уламоларидан бўлмиш 970 ҳижрий санада вафот этган, «ал-Баҳрур Роиқ» номли китобнинг муаллифи Ибн Нажим раҳматуллоҳи алайҳи худди шундоқ қилганлар ва «агар бу масалада кофир дейиш учун тўқсон тўққизта далили бўлса-ю, кофир демаслик учун биргина далил бўлса, тўқсон тўққизни қўйиб, ўша бир далилни олиш керак» деган.
Баъзи вақтларда куфр ҳақидаги умумий фатвони якка шахсларга татбиқ қилиб юбориш орқали хатога йўл қўйилади. Мисол учун «фалон тоифага мансуб кишилар кофир бўлади» деган фатво чиққан. Бу ўша тоифага мансуб ҳар бир киши кофир дегани эмас. Якка шахсларга нисбатан куфр фатвосини беришдан олдин сўраб суриштириш, аниқлаш ва унинг ўзи билан баҳс олиб бориб бўйнига қўйиш лозим бўлади.
Бу ҳақда ақоид илми уламолари қуйидагиларни айтадилар:
«Баъзи бир гап куфр бўлиши мумкин. Ўша гапни айтган кофир бўлади, деган ҳукм чиқиши мумкин. Аммо мазкур гапни айтган муайян шахсни, ҳужжат ва далил билан тасдиқланмагунча, кофир деб ҳукм чиқарилмайди».
Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида қуйидагиларни айтган: «Албатта, етимларнинг молини зулм ила еганлар, қоринларида оловни еган бўлурлар. Ва, шубҳасиз, дўзахга кирурлар», (10 - оят).
Ушбу ояти каримадаги ва шунга ўхшаш бошқа қўрқитишлар ҳақдир. Аммо аниқ бир шахсга келганда, бу одам, мана шу оятга биноан, албатта, дўзахга тушади деган қатъий гапни айтиб бўлмайди. Аҳли қибладан бўлган муайян шахснинг дўзахга киришига гувоҳлик бериб бўлмайди. Чунки у мазкур оят маъносини ва ҳукмини билмаслиги, тавба қилишлиги, ўша гуноҳни ювадиган яхшилик қилиши, шафоатчининг шафоатидан манфаат олиши ёки бошқа сабаблардан фойдаланиб қолиши эҳтимоли бор.
Бир одам куфр гапни айтди ва уни қозининг олдига келтирилди. Шунда қози ундан гувоҳлар даъво қилаётган масала – куфр гапни айтгани ҳақида сўрайди. У ўша гапни айтганидан тонса, қўйиб юборилади. Чунки гапидан тонишининг ўзи тавба ҳисобланади.

Агар айбдор, мен бу гапнинг куфр эканини билмасдим, деса унга тушунтирилиб, иккинчи бор ҳушёр бўлиш таъкидланиб, уни қўйиб юборилади.
Агар ўша одам, мен бу гапни билиб айтдим, динимдан қайтдим, деса, уни тавба қилишга чорланади. Тавба қилгунича қамаб қўйилади.
Куфр гапни айтиб турган одамга шу муомала бўлганидан кейин, мўминлигини айтиб, унга амал қилиб турган одамни турли гаплар туфайли кофирга чиқариб юборавериш мутлақо нотўғри бўлади. Шунинг учун бу ишда ўта ҳушёр бўлиш лозим.