157 11.03.2017

Тўртинчи боб
Оврўпо асри
Биринчи фасл
Моддиюнчи Оврўпо


Ғарб цивилизациясининг табиати ва тарихи:

Дунёнинг ақл тарзи, халқлар ва элатларнинг ахлоқи, маданият, жамият, инсоний қарашлар ва майллар борасидаги етакчиликнинг мусулмон халқларнинг қўлларидан оврўполикларга ўтиши қандай таъсир қилгани, унинг инсониятга қандай самара бергани, унинг фойдаси зарари ва офатидан кўп бўлганмиди ёки аксинчами эканини кўриб чиқишдан аввал биз ғарб цивилизациясининг табиати, унинг тузилиши, руҳиятини, бу халқларнинг ҳаёт фалсафаси ва қандай келиб чиққанлигини билиб олишимиз зарур бўлади.


Йигирманчи асрдаги ғарб цивилизацияси Оврўпонинг зулматли асрларидан кейин келган ана шу сўнги асрларда пайдо бўлган эмас. Ёки кўп одамлар хаёл қилганларидек янги пайдо бўлган ҳам эмас. Йўқ, унинг тарихи бир неча минг йилликларга бориб тақалади. Зотан у рум цивилизацияси бўлмиш юнон цивилизациясининг давомичиси бўлиб бу иккисининг сиёсий, интеллектуал ва маданий меросида унинг изидан бораётган, у иккиси қолдириб кетган мулк, сиёсий низом, ижтимоий фалсафа, интеллектуал ва илмий мерос унга қолган эди. Рум ва Юноннинг майллари, хусусиятлари ва ўзига хосликлари унда муҳрланган эди. Йўқ, ҳатто қонига синган эди. Дарҳақиқат, Юнон цивилизациси – уни биз учун тарих сақлаб қолган – Оврўпонинг ақлий камолотининг ажоиб илк кўриниши бўлган, Оврўпонинг шахсияти тажалли қилган Оврўпо фалсафасига асосланган- тарих қайд этиб қўйган – илк ҳазора эди. Унинг вайроналари устига қад кўтарган Румнинг цивилизацияси битта руҳият- Оврўпо руҳиятининг эгаси эди. Оврўполик халқлар унинг фалсафаси, илм- фанлари, этикаси ва мафкурасининг давомчиси бўлган ҳолда асрлар давомида унинг хусусиятлари ва табиийлигини асраб- авайлаб келди. Ҳатто ўн тўққизинчи асрда – ўзининг таровати ва рангларининг порлоқлиги билан- янги тўқилган бўлса керак деган хаёлга олиб борадиган ялтироқ либосда намоён бўлди. Бироқ унинг арқоқи ва ўриши юнонликлар ва румликларнинг тўқималаридан эди.

Демак биз энг аввало юнон ва рум фалсафаси билан танишмоғимиз, у иккаласининг ўзига хосликларию руҳиятини билиб олмоғимиз  тўғри иш бўлади. Токи ғарб цивилизациясини танқид қилишнинг ва йигирманчи асрда унинг устидан ҳукм чиқаришнинг уддасидан чиқайлик.

Грек маданиятининг ўзига хос тарафлари:

Юнонлар иқтидорли халқ. Дунёдаги энг қобилиятли, заковатли, илм ва адабиётга энг кўп истеъдодли, энг онгли ва ақлли халқлардандир. Улар ўзларининг фалсафа ва  адабиётлари билан, асарлари дунё кутубхоналарини тўлдириб юборган   уламолари, ҳакимлари ва даҳоларининг кўплиги билан оламда ўлмас ролни ўйнаб берганлар.

Ҳозир бизнинг мақсадимиз бу улар яратган ҳазоранинг табиати билан танишишдир. Бас агар биз унга таҳлил ва танқид назари билан қарайдиган бўлсак, бошқа цивилизациялар билан муштарак бўлган томонларига нигоҳ солмасак, унинг табиати ва ўзига хос томонлари ҳақида баҳс юритадиган бўлсак, бошқа маданиятлардан – айниқса шарқдаги маданиятлардан- уни ажратиб турадиган қуйидаги хусусиятларни кўрамиз:

1.ҳис қилинадиган нарсага ишониш ва ҳисдан ташқари нарсаларни рад 

 этиш;

2. диёнат ва тавозенинг озлиги;

3. ҳаётга қаттиқ ҳозирлик кўриш, унинг манфаатлари ва лаззатларига 

ортиқча  эътибор қаратиш;

    4. миллатчилик;

    Биз ана шу турлича кўринишларни битта калимага- “моддийюнчилик”га чегаралашимиз мумкин. Чунки юнон фалсафасининг шиори “моддийюнчилик” бўлган. Юнонлар билан боғлиқ маданият, илм, фалсафа, шеърият ва диёнатларнинг ҳар бири ўшанга ишора қилади. Шунинг учун уларнинг кучлари Аллоҳнинг сифатлари ва қудратини ўз қўллари билан ясаган, улар учун ибодатхоналар қуриб ҳайкаллар ўрнатиб олган олиҳалари шаклидагина тасаввур қилишга етди. Ризқ учун битта илоҳ, раҳмат учун битта илоҳ, қаҳру ғазаб учун битта илоҳ. Сўнгра ўша олиҳаларга моддий жисмга хос бўлган ҳамма нарсани нисбат бердилар ва улар ҳақида афсоналар ва хурофотларни тўқиб чиқардилар. Қуруқ маъноларни тасвирладилар ва уларни жисмлар ва шакллар сифатида тасаввур қилдилар. Муҳаббат учун бир илоҳ, гўзаллик учун бир илоҳ. Арастунинг фалсафасидаги ақлларнинг ўнта низоми ва тўққиз фалаклар юнон табиатида мавжуд бўлмаган ана шу моддиюнчиликнинг томчиларидан бир томчидир, холос.

Оврўполик олимлар юнон цивилизациясида моддийлик устун туришини тан олганлар. Улар бунга ўзларининг китоблари ва илмий баҳсларида ишора қилиб ўтганлар. Олмониялик олим доктор Haas Женева шаҳрида “Нима у Оврўпо маданияти?” номли учта маъруза қилган. У ғарб цивилизацияси шарқдан таъсир олмаган, унинг ўзи алоҳида бир маданиятдир дейдиган олимлар сирасидандир. Шу ўринда биз гапираётган мавзу ҳақида унинг гапидан бир парча келтирсак:

“Юнон маданияти бу ҳозирги маданиятининг марказидир. Инсондаги қувватларнинг муносиб  тарзда ўсиб бориши бу маданият вакиллари учун муҳим эди. Ҳар томонлама мутаносиб чиройли жисм улар учун етук намуна бўлган. Бунинг сабаби ҳис қилинадиган нарсаларга катта эътибор қилганлари бўлган. Улар кўпроқ бадантарбияга, спорт ўйинларига, рақс ва бошқаларга диққат қаратганлар. Шеър, қўшиқ, драма, фалсафа ва табиий фанларни ўз ичига қамраган ақлни чархлашлик махсус чегарадан ошиб кетмаган бўлган. Токи ақлнинг ўсиши жисмнинг ҳисобига бўлиб қолмасин. Дин маънавий руҳиятдан маҳрум бўлган. Унда дин илми ҳам дин арбобларининг табақаси ҳам бўлмаган. Аммо “Oszews” ва бошқаларнинг ананаларидаги маънавий рангларга келсак улар шарқдан олинган бўлиб уларни Юнон цивилизациясига мансуб дейишлик тўғри бўлмайди”.

Оврўпонинг кўплаб олимлари Юнонлардаги диннинг кучсизлигини, тавозеънинг озлигини, ўз ишларида жидду- жаҳд қилмасликларини, ҳаётларида ўйин- кулгуга кўп берилганликларини мулоҳаза қилганлар. Леки ўзининг “Оврўпо этикасининг тарихи” китобида шундай ёзади: “Юнонларнинг ҳарактлари фақатгина ақлий ва зеҳний бўлган. Мисрдаги ҳаракат эса унинг тескариси: ботиний ва руҳий бўлган. “Апулис” Римлик муаллифнинг: “Мисрликлар олиҳаларини тазарруъ ва йиғи- сиғи билан улуғлар эдилар. Юнонликлар бўлса ўз олиҳларини рақс ва ашула билан улуғлар эдилар”, деган сўзини нақл қилади ва унга қуйидаги сўзларини қўшимча қилади: “Юнон тарихи бу гапни тасдиқлаши ва қувватлашига шубҳа йўқ. Зеро биз қалбида қўрқув ва хавфсираш бўлгани ҳолда шоду ҳуррамлик, байрамлар ва ўйин кулгуларнинг кўплигида юнонларнинг дини ва ананалари билан рақобат қиладиган бирор динни билмаймиз.  Юнонликлар Аллоҳ таолони ўз улуғлари ва оқсоқолларини улуғлаган сингари улуғлар эдилар. Улар Уни улуғлашда ва поклашда оддий расм- русумлар ва жорий ананалар билан кифояланар эдилар”.”

Юнонларнинг илоҳий фалсафа ва ақоидлари бор бўлиб улар билан бир вақтда Аллоҳга итоат этиш, Унга ибодат қилиш, тазарру ва илтижолар қилиш, остонасига йиқилишлик ақлга сиғмас эди. Чунки кимда ким Аллоҳнинг сифатларини инкор этса, Уни сифатларсиз қолдирса, Ундан ушбу борлиқдаги ихтиёр, афъоллар, халқ қилишлик ва амр беришликни нафий қилса ва бу оламни “фаол ақл ва фалакларнинг ҳаракатлари” деб атаётган нарсаларига боғлайдиган бўлса бас у ана шу ақиданинг табиати билан ўзининг амалий ҳаётида Аллоҳни фақатгина тақлид юзасидан қасд қилган бўлади. Ундан қўрқмаган, Ундан хавфсирамаган, Уни севмаган, Унинг буюклиги қошида тиз чўкмаган, ўзига етган мусибат вақтида Ундан ёрдам сўрамаган, ҳамд айтиш билан Уни покламаган, қул сингари эмас-у, илоҳ сингари яшаган бўлади. Агар  биз: юнонлар Аллоҳга итоат этмаганлар, уларнинг ибодатлари ва диний амаллари руҳсиз жасадлардек бўлган. Улар  Аллоҳни ўз улуғлари ва катталарини улуғлагандек улуғлаганлар, деб эшитсак, шубҳасиз бундан ажабланмаймиз. Бунинг аксини эшитадиган бўлсак ажабланамиз холос. Ҳаёти дунёга қаттиқ қизиқишлик ва уни баҳолашда муболағага боришлик, шунингдек юнонлар чиройли санъатлар деб атайдиган ҳайкаллар, сувратлар, ашула ва мусиқага қаттиқ меҳр қўйишлик, адиблар ва муаллифларнинг чекловни билмайдиган ва ҳаддида турмайдиган шахс эркинлиги ҳақида жавраб юришлари юнонларнинг ахлоқи ва жамиятига ёмон таъсир қилди. Оқибатда ахлоқсизлик кенг тарқалди ва барча низомга қарши инқилоблар вужудга келди.  Республикачи кишининг шиори (ва у озодлик ва маърифатдан киноядир) ўткинчи шаҳватлар ортидан югуриш, шодликларни талон тарож қилиш, ҳаётга еб тўймас очкўз одамдек ташланишлик бўлиб қолди. Суқрот – Афлотун ўзининг “ал- Мамлакат” китобида ундан нақл қилганидек – республикачи кишига баҳо берар экан худди ушбу асрнинг танқидчиларидан бири ғарбдаги пойтахтлардан биридаги йигирманчи аср ўспиринига баҳо бергандек қилган:

“Агар унга: Баъзи хурсандчиликлар покиза бўлган истаклардан кейин бўлади ва бу эҳтиромга лойиқ бўлади. Яна баъзилари нопок бўлган шаҳватлар ортидан бўлади. Биринчисининг тақозоси билан амал қилиш ва унга эҳтиром кўрсатиш мумкин. Кейингисидан эса тақиқланмоқлик ва монеликлар йўлга қўйилмоқлиги лозим бўлган ишлардандир, дейилса бу киши ана шу тўғри қонунни қабул қилмайди ва эшитишни ҳам истамайди. Агар ана шу ҳақиқатларни унга рўбарў қилсанг масхараомуз тарзда сенга бошини сарак- сарак қилиб қўяди ва шаҳватларнинг барчаси ҳам баробардир, уларнинг ўртасини ажратмаган ҳолда эҳтиром кўрсатилмоғига арзийди, деб таъкидлайди. У худди шу ҳолда яшайди ва баъзи вақтларда топадигани шаҳватларидан рози бўлган ҳолда кунларини ўтказади. Бир куни қарабсизки у маст- аласт ҳолда ашула эшитиб юрган бўлади. Бошқа куни эса оддийгина сув билан кифояланиб  таом емасдан юрган бўлади. Баъзида бадантарбия машғулотларини бошлайди ва баъзида ҳамма нарсага беэътибор дангаса бекорчи бўлади. Гоҳо файласуфларга ўхшаб ҳаёт кечиради. Гоҳида сиёсатга аралашиб қолиб вақтнинг тақозоси билан оёғда туриб нутқлар сўзлайди. Баъзан ҳарбий доира вакилларидан айримларини мақтайди ёки сердаромад тижоратчига ҳаваси келганидан савдо-сотиқ билан шуғулланишга бошлайди. Ҳаёти бетартиб ва қоидасиз. Шундай бўлсада у ана шу ҳаётни бахтиёр, шоду- ҳуррам ва фароғатли деб ҳисоблайди ҳамда охирига қадар шундай давом этади”. 

Миллатчилик  ҳақида гапирадиган бўлсак бас бу оврўполиклар табиатининг таркибий қисмларидан биридир. Бу хислат Осиёдан кўра Оврўпода кучлироқ ва зоҳирроқдир. Уларни бу ишга уларнинг жўғрофик хусусиятлари илҳомлантирган. Чунки Осиёдаги табиий минтақалар жуда кенг, кўпмиллатли инсонлар, тоғликлар ва мўътадил иқлимларни ўз ичига олади бу қитъа.  Унда тирикчилик воситалари бой ва серҳосилдир. Зеро Осиё қитъасидаги мамлакатнинг ҳудудлари табиатнинг ҳукми билан кенг ва умумийдир. Унинг ерларида тарихда машҳур энг буюк мамлакатлар вужудга келган ва гуллаб –яшнаган. Оврўпода эса иморатларнинг зичлиги, минтақаларнинг торлиги ва тирикчилик воситаларининг озлиги сабаб бу ерларда қолиб ҳаёт кечириш  учун қаттиқ курашлар доим давом этиб турган. Тоғу тошлар ва дарёлар оврўполикларни доимий табиий доира ичида қамал қилиб қўйган. Айниқса Оврўпонинг ғарбий ўрта ва жанубий қисмларида улкан ва кенг мамлакатларни барпо этишнинг имкони йўқ. Ушбу қитъанинг табиати кичик ва тор шаҳарларнинг замини бўлишини истаган. Шунинг учун аввалдан Оврўподаги сиёсий тасаввур  жуда- жуда тор доирада чегараланиб қоладиган шаҳарсозликдан нарига ўтмас эди. Ана шу тасаввурнинг энг катта кўриниши тарихнинг авалидан бошлаб мустақил ва кичик- кичик  ўнлаб шаҳарлар  вужудга келган Юнон заминидир.

Шунинг учун ҳам юнонликлар миллатчиликка эътиқод қилишларидан ажабланмаслик керак. У.И.Х. Леки миллатчиликлик мафкураси юнонлардаги ҳукмрон мафкура эканини тан олган. Суқрот ва Анаксагор сингари айрим донишмандлари тилга олган оламшумул мафкура юнонлар тарафидан қўллаб қувватланмаган ёт мафкура эди. Зеро Арастунинг ахлоқий низоми юнонлар билан юнон бўлмаганларнинг ўртасини ажратишга асосланган эди. Юнон ҳакимлари ҳамфикр бўлган олийжаноб ахлоқлардан кўра миллатчиликлик олдин турар эди. Арасту фақатгина миллатчилиги ва унга садоқатлилиги билан кифояланиб қолмасдан аксинча шундай деган: “Юнонлар бошқалар билан ҳайвонларга муоамала қилгандек муомала қилмоқлари лозим бўлади”!. Ана шу тор доирадаги миллатчилик мафкураси юнонлар ичида авж олиб кетди ва дилларини ғалаёнга келтирди. Ҳатто бир файласуф мен фақат ўз ватандошларимга эмас балки барча юнонликларга яхшилик қиламан деганида одамлар унга ажаб билан қараб ёв қараш қилганлар.

Рим цивилизациясининг ўзига хос тарафлари:

Юнонликлардан сўнг румликлар келиб куч- қудратда, мамлакатни бошқаришда, давлатнинг кенглиги ва ҳарбий кучларнинг сифатида улардан ўзиб кетдилар. Лекин илм- фан, фалсафа, адабиёт, шеърият, таълим- тарбия, одоб- ахлоқ, грекларнинг хизмати синган ва ўзи билан замондош барча халқлардан, ҳанузгача ўзларининг ҳарбий бошқарувларида давом этиб келаётган Румдан илгарилаб кетишган маданият борасида ҳали ҳам уларга ета олмаган эдилар. Шунинг учун ҳам улар илмий тарафдан уларга қарам, уларнинг дастурхонига ўтирган текинхўр, илмлари, фалсафалари ва фикрларига эгалик қилиб ётар эдилар. 

У.И.Х. Леки шундай дейди:

“Юнонларнинг ўзлари ишлаб чиқарган ва асрлар давомида унга қўшимчалар қилган улкан илмий мерослари бор эди. Ҳали ҳам ўзининг ҳарбий босқичида келаётган Рум ҳеч қандай адабий ёдгорликларга эга эмас эди. Ҳатто унинг сўз бойлиги фикрларни ва юксак маъноларни ифодалашга қосирлик қилар эди. Шунинг учун римликлар илм- фандаги қосирликлари ва ортда қолганликлари сабабли мағлуб бўлдилар, фуқаролари сиёсат борасида мағлуб бўлган юнонликлар цивилизациясининг қаршисида бўйин эгиб қолдилар. Илм- фаннинг барча соҳаларида уларнинг сеҳрларига мафтун бўлиб қолган эдилар. Римнинг қадимги тарихчилари ўзларининг асарларини юнон тилида ёзар эдилар. Юнон тили римнинг шоирлари лотин тилида шеърлар ёзишни бошлаганларидан сўнг илм- фан ва ижод қилиш тили бўлиб бўлиб қолди”.

Ана шу қарамлик нафақат ижод ва адабиёт оламига хос бўлиб қолганди балки грек маданияти ахлоқ, феъл- атвор, муомала, жамият, ҳис- туйғулар ва мойиллик борасида, оммавий ҳаётнинг барча жабҳаларида  рим маданиятидан устун бўлиб қолган эди. Римликлар грекларга тақлид қилиб бу билан ўзларини тарбияли ва ақлли қилиб кўрсатадиган бўлиб қолган эдилар.

Юнонликларнинг фалсафаси ва маданияти ҳатто шахсияти римликларга шу тарзда кўчиб ўтиб уларнинг руҳлари ва қонлари ўрнида оқар эди.  Римликлар – оврўполикларга оид табиатлари билан- туғма хусусиятлар борасида юнонликлардан кўп ҳам орқада қолаётган эмас эдилар. Аксинча бу икки халқ ўртасида буюк ўхшашлик: ҳис қилинадиган нарсага ишониш, ҳаётни ҳаддан ортиқ баҳолаш, диндаги шак- шубҳа, ишончнинг заифлиги, ақиданинг беқарорлиги, диний тартиб- қоида ва расм- русумларни менсимаслик, ўз миллати билан мағрурланиш ва унга мутаассиблик, ҳаддан ошиқ миллатчилик  бор эди. Буларнинг барчасининг ёнига ўз кучига бино қўйишлик, уни ибодат ва муқаддас билиш даражасига қадар етадиган қилиб ошиқча эҳтиром кўрсатишликни ҳам қўшиб қўйинг. 

Тарихдан кўриниб турибдики римликлар ўз динларига қаттиқ ишонмаганлар. Мен уларни бу борада айбламайман. Чунки Византияда ҳукмронлик қилаётган хурофотларга тўла ва мажусийлик мазмунидаги диний тузум ўз табиати билан шак- шубҳа, беқарорлик ва заиф имонлиликни тақозо этар эди. Зеро, улар илм- фанда илгарилаб онглари ошиб борган сари бу тузумни кўп менсимай борайвердилар. Биринчи кунданоқ олиҳалар уларнинг сиёсат ва дунё ишларига аралашмайдилар деб қарор қилиб қўйган эдилар.

Сисеро шундай дейди:

“Театрларда актерлар олиҳаларнинг дунё ишларига дахллари йўқ деган мазмундаги ашулаларни куйлаганларида одамлар уларни бутун рағбатлари билан тинглаган эдилар”.

Роҳиб Августо (Auguostine) шундай дейди:

“Мажусий римликлар ибодатхоналарда ўз олиҳаларига ибодат қилар ва театрларда эса уларни масхара қилар эдилар”. Дарҳақиқат, римнинг дини унга эътиқод қилувчиларнинг устидан маънавий ҳукмронлигини қўлдан бериб бўлган, одамларнинг дилларида дин билан боғлиқ ҳис- туйғулар совуб бўлган эди. Ҳатто одамлар олиҳаларга журъат қилиб баъзи пайтларда уларни хорлар эдилар. Император Августонинг бир флоти ғарқ бўлганида ғазабидан ёниб денгиз илоҳи бўлмиш Нептуннинг ҳайкалини парчалаб ташлагани, Germanicus вафот этганида одамлар (ўзлари қурбонликлар атаб юрган) олиҳаларнинг ҳайкалларини тош бўрон қилганликларини бизга тарихнинг ўзи сўзлаб беради. (Оврўпо этикасининг тарихи). 

Халқнинг ахлоқи, сиёсати ва жамиятида диннинг таъсири йўқ эди. Уларнинг шуъурлари, майлларига эгалик қилмас, уларнинг ахлоқлари ва интилишларини назорат қилмас эди. Руҳнинг устидан сўзи ўтадиган қалбнинг тубидан чиқадиган даражада мустаҳкам дин эмасди.  Балки оддий урф- одатлардан бири бўлиб қолган эди. Сиёсат гарчи исм ва расм билан бўлсада унинг боқий бўлишини тақозо этар эди. Леки шундай дейди:

“Римдаги дин худбинликка асосланган эди. Унинг мақсади фақатгина шахсларнинг роҳат- фароғати, уларнинг машаққат ва мусибатлардан саломат бўлишлари бўлиб қолган эди. Византияда юзлаб қаҳрамонлар ва буюкларнинг пайдо бўлгани аммо тарки дунё қилган ва ҳаётнинг лаззатларидан юз ўгирган биттагина одамнинг пайдо бўлмагани бунинг шоҳидидир. Римнинг тарихида фидокорлик ва альтруизм ҳақидаги қайси мисолни эшитманг унда диннинг таъсири йўқлигини бироқ миллатчиликка асосланган эканлигини учратасиз”.

Римликларни Ердаги ўзлари билан замондош бўлган ҳатто улардан кейинги бошқа халқлардан фарқлатиб турадиган кўриниш, унинг учун эътиқод қиладиган дини ва у билан таниладиган шиори бўлиб қолган нарса – бу мустамлакачилик руҳи ва ҳаётга фақат моддиюнчилик нуқтаи назари билан қарашларидир. Ҳозирги Оврўпо ўзларининг римлик аждодларидан мерос қилиб олган ва давом этдираётган нарсалар ана шулардир.

Олмониялик мусулмон олим профессор Муҳаммад Асад  ўзининг “Ислом йўл чорраҳасида” номли ажоиб китобида буни жуда ажоиб қилиб тавсифлаган. У шундай дейди:

“Рум императорлигидаги ҳукмрон мафкура бу куч- қудратни ўзи учун монополиялаштириш, фақат рум юртига хизмат қилсин учун бошқа халқларни эксплуатация қилиш эди. Ундаги арбоблар ва ҳокимлар қайсидир олий табақанинг хотиржам яшашларига эришиш йўлида ҳеч қандай бағритошлик ва зулмдан тап тортмайдиган кимсалар эдилар. Румликларнинг адолатлари ҳақида айтилган машҳур гаплар эса фақатгина румликларга хос эди. Албатта, бундай сийрат ҳаёт ва маданиятни фақатгина моддий тарафлама идрок қилиш асосига барпо бўлиши мумкин эмас. Уларнинг моддиюнчиликлари агарчи ақлий завқ билан тартибга солинган бўлсада бироқ у маънавий қадриятларнинг барчасидан жуда ҳам олисда эди. Румликлар динга ҳеч хам жиддий тарзда ишонмаганлар. Уларнинг анъанавий олиҳалари грекларнинг афсоналари ва хурофотларига тақлид қилишнинг ўзи эди. Улар ана шу руҳларга уларни бирлаштириб боғлаб турган ижтимоий алоқани сақлаб қолиш учун ишонган эдилар. Зеро улар ана шу олиҳаларнинг ўзларининг амалий ҳаётларига аралашишларига йўл бермас эдилар. Олиҳаларга ғайб ишлари ҳақида гапириш –агар шу ҳақда сўралсалар, албатта, - коҳинларнинг тили орқали сўзлашга ижозат берган эдилар-у, бироқ одамларнинг зиммасига ахлоқий нормаларни фарз қилиб қўйишларига ҳеч қачон рухсат бермаганлар”.


Рум жумҳуриятининг ахлоқан паст кетишлари:


Жумҳуриятнинг даври интиҳо топаётган вақтда Румни ахлоқан тубанлик ва ҳайвонийлик сифатлари сел бўлиб оқизиб кетди. Ҳаётда маийшатпарастлик ва исрофгарчиликнинг денгизи улкан тўлқинлар бўлиб тошиб кетди-  румликлар унинг тубигача шўнғидилар, румлар танилган ахлоқий нормалар бадавлатлик сингари унинг селига қўшилиб оқиб кетди. Жамиятнинг биноси чайқалиб ҳатто қулаб тушишга яқин келиб қолган эди. Америкалик “Жон Уильям Дрейпер” ўзининг фасоҳатли қалами билан буни шундай тасвирлаган:

“Рум империяси ҳарбий куч- қудрат ва сиёсий нуфуз борасида ўзининг авжига етганида, маданият ҳам энг чўққисига етиб борганида ахлоқнинг бузилиши, диёнат ишлари ва тартибнинг таназзулга учрашида энг паст даражага тушиб кетди. Румликлар ўз ҳаётларига ношукурчилик қилдилар. Бутунлай ерга эгилиб қолиб жуда ҳам ахлоқсиз бўлиб кетдилар. “Ҳаёт- бу лаззат олиш учун берилган имкониятдир. Унда инсон роҳатдан фароғатга, ўйин- кулгудан лаззатга кўчиб юради”, деган эътиқодда эдилар улар. Уларнинг айрим вақтлардаги рўзалари ва зоҳидликлари ҳам янада кўпроқ таом ейишга сабаб бўлсин учун эди. Уларнинг мўътадилликлари эса лаззатнинг умри узун бўлсин учун эди. Уларнинг дастурхонлари гавҳарлар билан безатилган тилло ва кумушдан ясалган идишлар билан тўлиб- тошар эди. Атрофларида эса чиройли ва мафтункор либослар кийган хизматкорлар, Румнинг гўзал ёш қизлари, шарму- ҳаёсиз ярим- яланғоч кийинган қўшиқчи аёллар нозу- истиғнолар қилиб айланиб юрар эдилар. Ҳашаматли ҳаммомлар, ўйин кулгу учун белгиланган кенг майдонлар, паҳлавонлар бир- бирлари ёхуд йиртқичлар билан жанг қиладиган, токи  жанг қилаётган икки рақиблардан бири қонига беланган ҳолда ерга йиқилмагунича жанг тўхтатилмайдиган жангоҳлар уларнинг роҳатлари устига роҳат берар эди. Дунёни забт этган ана ўша фотиҳларнинг идрок қилишларича ибодат қилинишга мустаҳиқ бирор бир нарса бор бўладиган бўлса, у ҳам куч- қудрат эди. Чунки инсон ана шу куч- қудрат билан пешона терини тўкиб, қўли қавариб тўплайдиган бойликка эришади. Агар инсон жанг соҳасида ўзининг билак кучи билан ғолиб келадиган бўлса, демак ана шундагина у молу- мулк ва ерларни ўзиники қилиб олиши, давлатга тушадиган даромадларни оширишга фойдаси тегиши мумкин бўлади. Рум империясининг Бошлиғи ана шу енгилмас кучнинг рамзи эди. Шунинг учун Румнинг маданий тузуми императорнинг тантанаворлигида намоён бўлар эди. Бироқ у биз таназзул даврини сураётган Юнон цивиллизациясида гувоҳи бўлганимиздек, алдамчи бўёқлар эди”.

Румнинг ғалаба қозониши:

Бу ерда буюк бир ҳодиса борки тарихчи уни қайд этиши ва эслаб ўтиши керак бўлади. Бу ҳодиса Румдаги мажусийлик тахтини эгаллашидир. Бу воқеа насронийлик динидаги Константиннинг 305 милодийда императорлик тахтига ўтириши билан бўлиб, натижада насронийлик мажусийликнинг устидан ғолиб келган, тушига ҳам кирмаган кўп ерларни ва катта давлатларни бирданига қўлга киритди ва ҳамманинг устидан сўзини ўткарадиган бўлди. Константин бу тахтга насронийларнинг жасадлари, уни ҳимоя қилиш ва унга ёрдам бериш йўлида тўкилган дарё- дарё қонлари эвазига эришгани учун ҳам уларнинг бу яхшиликларини унутмади, уларни қаноти остига олди ва ўз мулкининг калитларини уларга топшириб қўйди.

Насронийликнинг ўз давлати ичида туриб мағлуб бўлиши:

Аммо жангу- жадал соҳасида ғолиб бўлган насронийлар динлар майдонида ортга чекиндилар. Улар улкан давлатга эга бўлдилар-у улуғ динни қўлдан бой бердилар. Чунки Румдаги мажусийлик Масиҳнинг динини, унга эътиқод қиладиганларни ўзгартириб юборган эди. Энг катта ўзгариш ва бузилиш Насронийликнинг ҳимоячиси ва байроғини тик кўтаргувчиси бўлган Константин I билан содир бўлди.

“Дрейпер” шундай дейди:

“Рум империясидаги юқори мансабларни ва муҳим вазифаларни эгаллаб олган ўзларини насроний қилиб кўрсатиб юрган мунофиқларнинг таъсири остида насронийлик динига мажусийлик ва ширк аралашиб кетди. Улар диннинг амрига беэътибор эдилар. Бир кунгина бўлса ҳам дин учун холислик қилмадилар. Шунингдек Константин ҳам ўз умрини зулм ва маъсиятда ўтказди. Охирлаб қолган умрининг(337милодий) бир озини ҳисобга олмаганда черковнинг диний амрларини бажармади.

Насронийлар жамоаси Константинни тахтга ўтқазиб қўядиган даражада куч- қудратга эга бўлган бўлса ҳам мажусийликни таг томири билан қирқиб ташлашга унинг қурби етмади. Бундай курашларнинг натижаси эса мажусийликнинг асосий принсипларининг унга аралашиб кетиши бўлди. Бунинг ортидан насронийлик билан мажусийлик баробарига намоён  бўладиган янги бир дин юзага келди. Исломнинг насронийликдан фарқланадиган жойи ҳам ана шундадир. Чунки Ислом ўзи рақиби(мажусийлик)нинг устидан батамом ғалаба қозонган ва ўзининг соф ақидаларини ҳеч бир хиёнатсиз тарзда тарқатиб бўлган эди. 

Дунёнинг қули бўлган ва диний эътиқоди бир пулга арзимайдиган ана шу император ўзининг шахсий манфаати учун, бир- бирига рақиб икки гуруҳ – насронийлик ва мажусийлик – нинг манфаатлари учун у иккисини бирлаштириш фикрига келди. Ҳатто эътиқоди мустаҳкам насронийлар ҳам унинг ушбу режасига қаршилик қилмадилар. Улар янги дин қадимий мажусийлик дини билан эмланадиган бўлса равнақ топади, бу ишнинг оқибатида насронийлик дини мажусийликнинг кирлари ва ифлосликларидан қутулади деган эътиқодда бўлган бўлсалар эҳтимолдан йироқ эмасди.”

Қутирган  роҳиблик:  

Бироқ ўз руҳини ва гўзаллигини йўқотиб бўлган мажусийлик билан эмланган ана шу майиб насронийлик Румнинг тубанликка кетган ҳаёт тарзини ўзгартиришга, уларда янгича ҳаётни- покиза соф диний ҳаётни уйғотишга, Румнинг тарихида равнақ топган бир даврни очиб беришга қурби етмади. Аксинча у инсоният ва маданият учун мажусий Румнинг ҳайвонийлигидан кўра ёмонроқ бўлса ҳам эҳтимоли бор бўлган роҳибликни пайдо қилди. Ана шу роҳибликнинг жунуни насроний дунёсини ўраб олиб, чегарасидан ошиб кетди. Биз Оврўпонинг тарихи китобидан баъзи бир намуналарни келтирамиз. У ҳам бўлса кўпнинг ичида жуда ҳам озлик қилади:

“Роҳибларнинг сони жуда ҳам кўпайиб кетди. Уларнинг шонлари юксалди, ишлари жиддий тус олди, нигоҳларни ўзларига жалб қилиб одамларни тўсиб қўйдилар. Ҳозир уларнинг сонларини аниқ айтишнинг имкони йўқдир. Аммо уларнинг кўпликлари ва роҳиблик ҳаракатининг кенг тарқалганлигига ёрқинлик киритадиган нарса бу тарихчиларнинг Пасха байрамида эллик минг роҳиблар тўпланишларини, милодий тўртинчи асрда битта роҳиб беш минг нафар роҳибнинг устидан назорат олиб боришини ривоят қилган эканликларидир. Роҳиб Серафин ўн минг роҳибга бошчилик қилар эди. Тўртинчи асрнинг охирига келиб уларнинг адади Мисрликларнинг ададига етиб борди”.


Роҳибларнинг ғалати ишлари:

Икки асрга қадар дин ва ахлоқ ишларида жисмга азоб бериб қийнашлик етук бир намуна бўлиб келди. Тарихчилар бу ҳақида қизиқ ишларни ривоят қилганлар. Масалан роҳиб Макариус ҳақида ҳикоя қилишларича у ўзининг яланғоч баданини заҳарли пашшаларга чақтириш учун олти ой давомида балчиқ ичида ухлаган. У доим бир қинтор темирни елкалаб юрган. Унинг шогирди Евсевий эса икки қинтор келадиган темирни елкалаб юрган. У уч йил давомида суви лойқа қудуқ ичида яшаган. Роҳиб Ёҳан эса уч йил бир оёғида туриб ибодат қилган. Ана шу вақт ичида ухламаган ва ўтирмаган ҳам. Қаттиқ чарчаб қолганида ҳам орқасида турган харсанг тошга суянган. Айрим роҳиблар умуман кийим киймаганлар. Ўзларининг узун сочлари билан ўралиб юрганлар холос. Ҳайвонлар сингари қўллари ва оёқлари билан юришган. Уларнинг кўплари йиртқичларнинг ғорларида, лойқа сувли қудуқларда ва қабристонларда яшар, кўплаб ўт-ўланларни еб юрардилар. Улар жисмнинг пок бўлиши руҳнинг софлигига зид келади деб ҳисоблашар, аъзоларни ювишни гуноҳ дейишарди. Уларнинг фикрларича энг зоҳид ва энг тақводор инсон покликдан энг йироқда юрган, энг нопок ва ифлос бўлиб юрадиганларидир. Роҳиб Афанасий роҳиб Антонининг бутун умри давомида оёқларни ювишликдек гуноҳ ишга қўл урмаганини айтади. Роҳиб Абраҳам эллик йил давомида юзига ҳам оёқларига ҳам сув текизмаган. Роҳиб Александр бир қанча вақтдан сўнг ачиниш билан: “Эҳ афсус! Бир вақтлар юзни ювмоқни ҳаром деб ҳисоблар эдик. Энди бўлса, ҳаммомларга кириб юрибмиз”, деган эди. Роҳиблар шаҳарлар ичида кезиб болаларни ўғирлашар ва уларни саҳролару адирларга олиб қочар эдилар. Болаларни ўз оналарининг қучоқларидан юлиб олиб, уларга роҳибона таълим тарбия беришар эди. Ҳукуматнинг қўлидан ҳеч нарса келмасди. Жумҳур ва оломон уларни қўллар, ўз ота-оналарини ташлаб роҳибликни танлайдиган кимсаларни маъқуллар ва уларнинг исмларини тилга олиб бақирар эдилар. Энг катта роҳиблар ва насронийликнинг тарихидаги машҳурлар яширин тарзда олиб қочишлик билан танилган эдилар. Ҳатто оналар роҳиб Ambroseни кўрганларида ўз болаларини уйлар ичига беркитиб қўйганлар. Оталар ва валийлар ўз фарзандларига ҳеч нарса қила олмасдилар. Уларнинг нуфузлари ва валийликлари роҳиблар ҳамда руҳонийларнинг ихтиёрига ўтиб кетган эди. (Лекининг “Оврўпо ахлоқининг тарихи” китобини ўқинг)

Роҳибликнинг Оврўполиклар ахлоқига таъсири:

Ана шу роҳибликнинг пироварди шу бўлдики футувват ва мурувватнинг фазилат  ҳисобланган хислатлари яна қайтиб нуқсон ва ахлоқсизликка айланиб қолди. Одамлар очиқюзлилик, руҳан енгиллик, олийжаноблик, очиқкўнгиллик, шижоат ва журъатдан воз кечиб юбордилар. Роҳибликнинг энг асосий самараси ҳаётнинг уй- жой билан боғлиқ устунларини тебратиб юборгани, қариндошларга нисбатан бағритош бўлиш ҳамда бахтсизликнинг оммавийлашганидир. Зеро қалблари меҳр- шафқат билан тўлиб ётган, кўзларидан ёш тўкиб юрган роҳибларнинг қалблари ва кўзлари  ота- оналар ва фарзандларга қолганда қотиб қолар эди. Шунинг учун ҳам улар оналарни боласиз, хотинларни бева, болаларни эса одамларга тиламчилик қиладиган, саҳроларга бош олиб чиқиб кетадиган ҳеч вақосиз етимга айлантирар эдилар. Уларнинг ягона мақсадлари ўлсалар ҳам қолсалар ҳам Охиротда ўз жонларини қутқаришлик эди. Леки ўшалар ҳақида кўзларни йиғлатадиган, дилларни ғамга чўмдирадиган ҳикояларни айтиб беради.

Улар аёлларнинг соясидан ҳам ўзларини олиб қочар, уларга яқин бўлишлик ёки улар билан бир жойга ўтиришликни гуноҳ санар эдилар. Уларнинг эътиқод қилишларича кўча- кўйда уларни тасодифан учратиб қолиш ва улар билан сўзлашиш гарчи улар ўз оналари, хотинлари ёки туғишган сингиллари бўлса-да, амалларини ва диний меҳнатларини йўққа чиқаради. Леки ҳам кулгили ҳам кишини йиғлатадиган ана шундай ҳикоялардан жуда кўпини келтириб ўтади.

Роҳибликнинг қайсар моддийликни ўзгартиришдан ожиз қолгани:

Ана шу ҳаддидан ошган роҳиблик румнинг моддиюнликка бўлган очкўзлигини ўзгартиргани, унинг тизгинини ўз қўлига олгани, унинг ҳайвоний эҳтироси ва шаҳватини тийиб қўйганини ҳеч ким хаёлига келтирмайди. Чунки бу иш бўлмаган ва бўлмаса ҳам керак. Уни инсоннинг фитрати қабул қилмайди ва тарих уни ёлғонга чиқаради. Чунки мўътадилликни вужудга келтирадиган, ҳаддидан ошган моддийликни шаштини босадиган, ундан мўътадил бир ҳаётни яратадиган нарса бу инсоннинг соғлом фитратига мувофиқ келадиган оқилона тарзда тузилган диний- маънавий тузумдир. Бундай тузум инсоннинг фитратини йўққа чиқарадиган эмас балки унга фойдали йўналиш берадиган бўлади. Ана шунда у завол топмайди бироқ ёмонликдан яхшилик тарафига мойил бўлади. Ислом худди шу тарзда йўл тутди. Жанобимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шу тартибда иш юритдилар. Зотан у арабларнинг шижоатини қабилалараро низолар ва жангу жадаллардан, интиқом олишлик ва эски гина кудуратлардан Аллоҳнинг йўлида, Аллоҳнинг Сўзини юксалтириш йўлида жиҳод қилишга буриб юборди. Уларнинг исрофлари ва қўли очиқликларини Аллоҳнинг йўлида инфоқ қилишга буриб юборди. Ислом дини билан уларни жаҳолатдан тўсиб қўйди. Бир нарсани олиб бошқа бир нарсани берди. Нафсга  ўзининг фаоллиги ва дам олишлиги каби ҳақларини берди. Чунки нафс мусулмон олимларидан бирлари айтганлари каби бир нарсани бермасанг бошқасидан воз кечмайдигандир. Чунки нафслар ишлаш учун яратилган, тарк қилиниш учун эмас. (шайхул Ислом Ибн Таймиянинг «Иқтизоус сиротол мустақим ва мухолафату асҳобил жаҳийм» асарида айтган гапидан) Анбиёлар фитратни ўзгартириш ва бошқасига алмаштириш учун эмас уни такомиллаштириш ва қайталаш учун юборилгандирлар.(Ибн Таймиянинг «Нубувват» асаридан)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида уларнинг ўйин кулгу қиладиган икки кунлари бор экан. Шунда у зот: «Бу икки кун қандай кун?» дедилар. Улар: «Биз бу икки кунда жоҳилият даврида ўйин кулгу қилар эдик», дедилар. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳақиқатда, Аллоҳ бу икки куннинг ўрнига улардан кўра яхшироғини алмаштириб берди: қурбон ҳайити куни ва Рамазон ҳайити куни», дедилар. (Абу Довуд Анасдан, Аҳмад ва Насоийлар ривоят қилишган)

Оиша розияллоҳу анҳо дедилар: «Менинг ҳузуримда ансорийларнинг икки жорияси Буос кунида ансорлар қўшиқ қилиб айтган сўзларни қўшиқ қилиб ўтиришганида Абу Бакр кириб келдилар. Оиша дедилар: «Ҳолбуки у иккиси қўшиқчи эмас эдилар». Шунда Абу Бакр: «Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг уйларида шайтоннинг қўшиғими?» дедилар. Бу ийд куни эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Эй Абу Бакр, ҳар битта қавмнинг ўз байрами бўлади. Бу бизнинг байрамимиздир». Бошқа бир ривоятда у зотнинг: «Уларни тек қўй эй Абу Бакр, чунки бу байрам кунидир», деганлар. (Муттафақун алайҳи)

Румлик насронийлар эса ана шу фитратни ўзгартириш ва уни йўқотиш учун бекорга уриндилар. Улар инсоннинг фитрати тоқат қила олмайдиган ва қабул қилмайдиган низомни олиб келдилар. Нафсларни тоқати етмайдиган ишларга мажбур қилдилар. Нафслар уни ўзлари истамаган ҳолда зиммасига олди. Кейин эса ундан халос топиб унга қарши чиқди. Насронийлик дини – роҳиблик ва таркидунёчиликда, фитрат ва воқеъликка қарши ҳаракат қилишда ҳаддан ошганлигига қарамай одамларнинг бузилиб бўлган ахлоқлари ва одатларини ўзгартиришга, чоҳга қулаб бораётган шаҳарнинг қўлидан ушлаб қолиб унга қулашдан  қайтаришга қурби етмади. Насроний ўлкада фисқу фужур ва тўла эркинлик ҳаракати билан таркидунёчилик ва роҳибликда ғулув кетиш ҳаракати ёнма – ён юрар эди. Йўқ, тўғрироғи роҳиблик ҳаётнинг устидан бошқарувга кучи етмаганидан саҳролар ва кимсасиз ерларга қисилиб чиққан эди. Ахлоқсизлик ва тўла эркинлик ҳаракати шаҳарлар ва марказларни тўлдириб юборган эди.

Қутирган роҳиблик ва қайсар моддийлик ўртасида:

Леки ўша даврда насроний олами роҳиблик билан фужурнинг ўртасида омонат бўлганлигини тасвирлаб, шундай дейди:

«Густоҳлик ва ахлоқий тубанлик одамларнинг ахлоқи ва жамиятларида ўзининг чўққи даражасига етган эди. Ахлоқсизлик, фужур, ҳашаматга берилиш, шаҳватларга муккасидан кетишлик, шоҳларнинг ҳузурида, бойлар ва амирларнинг мажлисларида лаганбардорлик қилиш, чиройли либослар, зеб- зийнатлар борасида кимўзарга ўйнаш ўзининг энг кучли ва авж нуқтасига етган эди. Дунё бир пайтнинг ўзида максимал роҳиблик билан максимал фужурнинг ўртасида тебраниб турар эди. Қайси шаҳарларда тарки дунёчилик кўпроқ авж олган бўлса, ахлоқсизлик ва фисқу фужур энг авж олган жой ўша ер бўлар эди. Ана шу асрда инсоннинг шарафи ва улуғлигига душман бўлган фужур ва адашишлик жам бўлган эди. Жумҳурнинг фикри заифлашиб қолганидан одамлар шу ҳолга келишган эдики инсонлар ўртасида бўладиган уятсиз сўзлар ва ёмон суҳбатларга эътиборсиз қарар эдилар. Инсонийлик виждони худди диндан, унинг ваийдидан қўрққандек кўринсада бироқ тинч ва хотиржам эди. Негаки у ўзи қилаётган дуолар ва бошқалари инсоннинг барча амалларига каффорат бўлади деган эътиқодда эди. Макру хийла ва алдамчиликнинг бозори авж олиб кетиб ана шу асрга келиб бу борада императорларнинг асридагидан ҳам ошиб тушди. Лекин фикрий эркинлик ва миллий жонланиш таназзулга юз тутганига қарамай зулм, адоват, шафқатсизлик ва ахлоқсизлик оз эди».

Диний доираларнинг бузилиши:

Роҳиблик ва пассив диний тузум фитрат билан тўқнаш келишдан бошқа нарса эмас эди. Шунинг учун ҳам янги диний омиллар, уларнинг маънавий ҳукмронлиги ва булардан бошқа омилларнинг кўмаги сабабли мағлублигича қолиб кетаверди. Кейин табиат ғолиб келиб диний доираларга аста -секинлик билан заифлик ва оғишишлар кириб келди. Ҳатто дунёвий доиралар билан рақобатлаша бошлади. Ахлоқнинг бузилиши, уятсизлик ва фисқу фужурда ундан ўзиб кетган бўлса ҳам эҳтимол. Шунинг учун ҳукумат масиҳийларнинг ўртасида дўстлик ва биродарлик битимини кўзда тутадиган диний адабиётларни, ахлоқсизлик ва фужур ишлар учрайдиган шаҳидлар ва авлиёларнинг байрамларини ҳамда юбилейларини тақиқлаб қўйди. Руҳонийларни катта ва мункар жиноятларни қилганликда айблади.

Роҳиб «Jarum» шундай дейди:

«Руҳонийларнинг маъийшатларию роҳат- фароғатлари амирлар ва ҳашаматга берилган бойларнинг фаровон турмушларини обрўсизлантирар эди. Папаларнинг ахлоқи жуда ҳам тубанлашиб кетган эди. Очкўзлик, молу дунё муҳаббати уларни асир олган ва улар ҳадларидан ошиб кетган эдилар. Ҳатто мансаб ва вазифаларни ҳудди мато сингари ким ошди савдосига қўйиб сотар эдилар. Жаннат  ерларини хужжатлар, чеклар ва кечирилгани ҳақидаги чипталар эвазига ижарага берар эдилар. Қонунни бузишга изн берар эдилар.  Дўзахдан нажот топгани ҳақидаги шаҳодатномаларни берар эдилар. Ҳаром қилинган ва тақиқланган ишларни қилишга пул ва маркаларга ўхшаш ижозатномаларни берар эдилар. Пора олишар, судхўрлик қилишар эдилар. Молу дунёни жуда ҳам қаттиқ совурганларидан ҳатто Папа Иннокентий VIII папалик тожини гаровга қўйишга мажбур бўлган эди. Лью X Папа ҳақида гапирар экан унинг ўзидан олдинги Папа қолдириб кетган бойлик ва молу дунёни ишлатиб, ҳатто ўз улуши ва даромадигача тугатиб юборганини зикр қилади. Ҳатто ўзидан кейин келадиган ўринбосарининг маошини ҳам олдиндан олиб ишлатиб юборади. Ҳикоя қилишларича Франция мамлакатининг даромади Папаларга нафақа бериш ва уларнинг шаҳватларини рози қилишга кифоя қилмас экан».

Папалик билан императорлик ўртасидаги ўзаро кураш:

Ўн биринчи асрга келиб папалик билан императорлик ўртасида кучли низо ва келишмовчилик бошланди.  Бу курашда биринчи сафар папалик ғолиб келади ҳатто императорликнинг вакили Гейнрих IV милодий 1077 йилда Канусо қалъасидаги папалик қароргоҳига таслим бўлган ҳолда келишга мажбур бўлади. Папа эса ўртага баъзи арбоблар аралашмагунларича қалъага кириши учун унга изн бермайди. Ана шундагина ўзининг олдига киришга ижозат беради. Император ялангоёқ,  бўйин эгган ва устига жундан бўлган кийим кийган ҳолда кириб унинг қўлида тавба қилади. Папа эса унинг хатосини кечириб юборади. Ана ўшандан сўнг папалик билан императорлик ўртасидаги бу курашда папалик ўз кучини йўқотгунига қадар гоҳ у томоннинг ва  гоҳ бу томоннинг қўли баланд келиб турди. Ана шу узоқ вақт мобайнида одамлар диний ва дунёвий икки омил ўртасида талаш бўлиб қолдилар. Императорлик ва папаликнинг зулму истибдоди  остида азоб чеккан ҳолда яшадилар.

Ўша ўрта асрларда папаларнинг нуфузи жуда катта, шоҳлар ва императорларда мавжуд бўлмаган улкан салтанат уларнинг ихтиёрида эди. Улар дин сояси остида Оврўпони илм ва маданият борасида илгарилатиб юборишлари мумкин эди. Чунки уларнинг ноибларию вакиллари Оврўподаги юртларни кезиб юрар, улардаги аҳоли учун қадрли меҳмон бўлар эдилар. Улар билан битта тилда ўзаро тушунтиришлар олиб боришар эдилар. Сиёсатнинг муҳим ишларига аралашар эдилар. Ҳар ерда улар ўзлари учун битта тилда сўзлашадиган ва давлатнинг ишларида уларга мадад бўладиган фикр ва сиёсат эгаларидан бўлган тарафдорларни топишлари мумкин эди.

Дин арбоблари сабаб Оврўпонинг бахтсизлашуви:

Аммо насронийлар ва насронийликни қабул қилган бошқа халқларнинг бахтларига қарши дин арбоблари ана шу улкан салтанатни суи истеъмол қилдилар. Улар ўзлари, нуфузлари ва обрўлари учун диндан фойдаландилар. Оврўпо эса нодонлик, хурофот ва таназзул зулмати ичра тентираганча қолаётган эди. Уларнинг ҳукмронликлари ва роҳибликлари сабаб маданиятнинг виждони азоб чекар эди. Шунинг учун ҳам Оврўпо қитъасининг аҳоли сони минг йил давомида ўсишдан тўхтаб қолди. Англия аҳолиси беш юз йил давомида кўпаймади. Руҳонийлар  ва роҳибларнинг одамларга чиройли қилиб кўрсатаётган ва унга тарғиб қилаётган уйланмаслик ҳаёти бунинг сабабларидан бири эканлиги ҳеч бир шубҳасиздир. Коҳинлар ва епископлар табибларнинг ўзлари учун етарли шароитлар яратиб олишларига  ҳисса қўшмаганлари учун ҳам бутун қитъа бўйлаб ваболар ва касалликлар кенг тарқалиб кетди. Кейинроқ “Pus the Second” дея танилган Эней Сильвийнинг тахминан 1430 м.йилларда Британияга қилган сафари орқали сиз ўша вақтларда бу давлатнинг қанчалар умидсизлик, маданият борасида тубанлашиш ҳамда фақирликда яшаганини билиб оласиз.


Дин арбобларининг диний китобларга нисбатан жиноятлари:


Лекин Оврўподаги дин арбобларининг энг катта хатолари, ўзларига нисбатан, ўзлари намоёндалари бўлган бир динга нисбатан энг катта жиноятлари бу уларнинг муқаддас самовий китобларга башарият томонидан киритилган билимларни, ўша асрларда эришишлари мумкин бўлган энг илғор илмлардан иборат тарих, жўғрофия ва табиий фанлар ҳақидаги асоссиз қоидаларни қўшиб юборганларидир. Улар  ўша аср кишилари шак шубҳага бормайдиган муқаррар ҳақиқатлар эди.  Лекин у илмлар инсон ўз илми билан қўлга киритадиган ютуқларнинг энг чўққиси эмасди. Қайси бир асрда башариятнинг илми етишган ғоя ўша бўлган бўлса, бас унинг ўзгариш ва қарама- қаршиликка учрашдан эминлик жойи йўқ эди. Зотан инсоннинг илми доимий ўсиш ва тараққиётдадир. Шундай экан кимнинг дини ўшанга асосланган бўлса, демак у улкан қум тепалик устига қаср барпо қилган бўлибди.  Эҳтимол улар бу ишни яхши ният билан қилгандирлар. Бироқ бу иш ўзлари ва динга нисбатан энг катта жиноят эди. Негаки ўша иш дин, ақл ва илм ўртасидаги машъум курашга сабаб бўлган эди. Зеро бу курашда ичида ҳақиқат ва ботил, холислик ва сохтакорлик мавжуд бўлган башарнинг илми аралашган ўша дин қаттиқ мағлубиятга учради. Дин арбоблари қайтиб оёққа тура олмайдиган даражада йиқилдилар. Шуларнинг барчасидан ҳам ёмонроғи Оврўпонинг динсиз бўлиб қолгани эди.

Дин арбоблари ўзларининг муқаддас китобларига киритган қўшимчалари билан чекланиб қолмадилар. Аксинча  Таврот ва Инжилнинг айрим шарҳловчилари ва муфассирлари томонидан зикр қилинган жўғрофий, тарихий ва табиий маълумотлардан тилларда кўчиб юрган, одамлар орасида машҳур бўлган ҳамма нарсани муқаддаслаштириб юбордилар. Уларга диний тус бердилар ва диннинг эътиқод қилиниши лозим бўлган таълимотлари ҳамда асосларидан деб ҳисобладилар. Уларга зид келган барча нарсани ортга ташладилар ва бу ҳақда китоблар ва асарлар яратдилар.  Аллоҳ тарафидан ҳеч қандай ҳужжат нозил қилинмаган ана шу жўғрофияни масиҳийликка мансуб жўғрофия «Christian  Topography» деб атадилар ва уни маҳкам тутдилар ҳамда унга ишонмаган ҳар кимсани кофирликда айбладилар. 


Черковнинг илмга нисбатан репрессияси:

Оврўпода ақлий етуклик вулқони отилиб табиат ва фанлар уламолари диний ананалар занжирларини барбод қилган бир асрда ана шу иш содир бўлди. Зеро улар ушбу китобларда келган ана шу жўғрофий назарияларни сохталаштирдилар, уларни кескинлик ва аниқлик билан танқид остига олдилар. Уларга эътиқод қилмаслик ва иймон келтирмасликка унинг ғайб эканини важҳ келтирдилар. Улар ўзларининг илмий кашфиётлари ва тажрибаларини очиқчасига бошлаб юбордилар. Ана шунда черковнинг қиёмати бошланиб кетди. Черковнинг Оврўпо бўйлаб бошқарув қўлида бўлган вакиллари оёққа турдилар, уларни кофирга чиқариб масиҳий дини йўлида уларнинг молу жонларини ҳалол деб фатво бердилар. – Папа айтганидек, - шаҳарлар, уйлар, ер ости лаҳмлари, ўрмонлар, ғорлар ва далаларга тарқалиб кетган ўша мулҳидлар ва зиндиқларни жазога тортадиган тафтиш маҳкамаларини барпо қилдилар. Ўз ўрнида бу маҳкама ўз ишини бажариш учун астойдил жидду жаҳд қилди. Насронийлик дунёсида черковга қарши чиқадиган ҳеч бир тирик жонни тирик қолдирмаслик ҳаракатида бўлди. Бутун мамлакат бўйлаб ўз жосусларини тарқатиб юборди, одамларнинг оғизларини пойлаб юрдилар. Ҳатто бир насроний олими: «Киши масиҳий бўла туриб ўз ажали билан ўлиши мумкин эмас», деган эди. Ана шу маҳкамалар жазога тортган одамларнинг адади уч юз минг нафарга етиши айтилган. Шулардан ўн икки минг нафари тириклай ёқиб юборилган эди. Машҳур табиатшунос олим Бруно ҳам шулар жумласидан эди. Черков унинг оламларнинг тааддуди ҳақидаги фикрлари учун интиқом олиб уни ўлимга маҳкум қилган эди. Унинг бир томчи қони ерга тўкилмасин деган таклифни ўртага ташлади. Бу  уни тириклай гулханда ёқиб юбориш дегани эди. Ва иш шундай бўлди ҳам.

Ер Қуёшнинг атрофида айланади деган эътиқодда бўлгани учун машҳур табиатшунос олим Галилеонинг ҳаёти ҳам худди Бруно сингари ўлим билан якун топди. 

Жадидчиларнинг  инқилоби:

Шу пайтга келиб зиёли жадидчиларнинг сабр косалари тўлиб қолди ва дин арбоблари, черков вакиллари ҳамда эскиликнинг тарафдорларига қарши уруш эълон қилдилар. Улар билан алоқадор ва уларга мансуб бўлган ҳар қандай ақида, маданият, илм, ахлоқ ва одоблардан нафратландилар. Биринчи ўринда масиҳий динини, иккинчидан эса мутлақ динни ёмон кўрдилар. Илм ва рационализм етакчилари билан масиҳий динининг етакчилари ўртасидаги уруш илм билан барча динлар ўртасидаги урушга айланиб кетди. Инқилобчиларнинг таъкидлашларича илм билан дин иккаласи кундошлар бўлиб, ҳеч қачон келиша олмайди, ақл билан диний тузум ҳар иккиси бир бирига зид бўлиб, ҳеч қачон бирлашмайди. Шундай экан кимда ким улардан бирини ушласа бошқасидан юз ўгиради, кимда ким биринчисига ишонса, иккинчисини инкор этади. Ҳар қачон дин ҳақида сўз кетганида илм ва таҳқиқ йўлида тўкилган ўша бегуноҳ қонларни, руҳонийларнинг истибдодлари ва васвасаларининг қурбонига айланган ўша бегуноҳ жонларни ёдга олар эдилар. Уларнинг кўзларига қовоқлари осилиб ҳўмрайган юзлар, буришган пешоналар,  ўт сачратиб турган кўзлар, тор кўнгиллар, балид ва енгилтак ақллар гавдаланар эди.  Шунинг учун уларнинг қалблари нафратга тўлиб ўша одамларни ва уларни ёдга соладиган ҳамма нарсани ёмон кўришга қасам ичдилар. Бир бирларига шу ишни тавсия қилиб, ўз авлодлари давомида боқий қоладиган сўз қилиб қолдирдилар.

Қўзғолончиларнинг камчиликлари ва матонатсизликлари:

Ана ўша қўзғолончиларда дин билан унга раҳнамоликни монополия қилиб олган арбоблари ўртасини ажратиб олиш, диннинг иши  бўлган масъулият ва мажбурият билан черков вакилларининг иши бўлган турғунлик ва нодонликнинг, истибдод ва ёмон вакилликнинг ўртасини фарқлаб олиш учун ўрганиш ва фикр юритишга сабр матонат, мулойимлик ва босиқлик, ақл ва ижтиҳод  мавжуд эмас эди. Агар мавжуд бўлганида эди улар динни данакни улоқтиргандек улоқтириб ташламаган бўлар эдилар. Бироқ кўплаб замонлар ва маконлардаги кўплаб инқилобчиларга ўхшаб улардаги адоват, дин арбобларига нисбатан нафрат ҳамда шошқалоқлик диннинг ишига бир назар солиб кўришга, у ҳақда  шошма шошарлик қилмасликка изн бермади. 

Уларда тўғри талаб, ўзлари ва  халқлари учун самимият ва бағри кенглилик мавжуд эмас эдики уларни ўзлари билан замондош халқлар эътиқод қиладиган Ислом динига, уларни ана шу нохуш вазиятдан холос қиладиган ва «уларни яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарадиган, уларга покиза нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни ҳаром қиладиган, устиларидаги юкни енгиллатиб, кишанларни ечадиган» динга бир назар солишга ундаса. Лекин жоҳилиятнинг ҳамияти, масиҳий ғарб билан мусулмон шарқнинг ўртасида бўлиб ўтган салбчилар юриши барпо этган тўғонлар, Исломга, унинг пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши черков вакиллари ҳамда коҳинлар тарафидан олиб борилган ташвиқотлар, ўрганиш ва бир оз меҳнатдан ўзни олиб қочиш, охиратда дўзах оташидан нажот топишга бўлган интилиш ва ўлимдан кейинги ҳаётга эътиборнинг озлиги, бундан ташқари Исломни Оврўпога тарқатишда мусулмонларнинг оқсоқланишлари – ана шуларнинг барчаси заҳарланган одамнинг заҳарга қарши дорига бўлган эҳтиёжи сингари улар ҳам Исломга муҳтож бўлиб турган бир соатда уларни Ислом динига мурожаат қилиб, уни қабул қилишдан қайтариб турди.


Ғарбнинг материализм сари юзланиши:

Нима бўлганда ҳам қўрқилган иш воқеъ бўлиб бўлди. Ғарбнинг фикри барча моддиюнчиликнинг барча маънолари сари юзланиб бўлди. Ана шу калима ичида мужассам бўлган ақида, нуқтаи назар, руҳият, рационализм, ахлоқ, жамият, илм, адабиёт, сиёсат ва бошқарувни қабул қилиб бўлди. Бу иш аста секин амалга ошди. Биринчи оҳиста ва шошмасдан, аммо куч ва қатъийлик билан бўлди. Зеро файласуфлар ва табиатшунослар борлиққа унинг холиқи йўқ, тадбир қилиб тургувчиси ҳам, амр қилгувчиси ҳам йўқ, табиат ва модданинг ортида ушбу оламни тасарруф қилиб турадиган, унинг устидан ҳукм юритадиган, ишларини тадбир қиладиган ҳеч қандай куч йўқ деган фикрга асосланган қараш билан қарашга тушдилар. Улар ана шу табиий оламни, ундаги ҳодисалар ва ҳаракатларни фақат механик йўл билан содир бўлади деган хужжатни келтирар эдилар. Ва буни соф илмий назария деб атадилар. Илоҳнинг борлигига эътиқод қиладиган, унга имон келтирадиган ҳар қандай изланиш ва тафаккурни уларнинг фикрларича илм ва ҳикматга асосланмаган кўр - кўрона тақлид деб номладилар, унинг устидан кулиб масхара қилдилар. Кейин эса уларнинг ўзлари танлаган йўллари, изланишларию қарашлари уларни шу ҳолга олиб келдики улар ҳаракатланмайдиган ва модда бўлмаган ҳар қандай нарсани инкор қиладиган бўлиб қолдилар. Ҳис ва тажрибанинг самараси бўлмаган, ўлчов, саноқ ва масофанинг остига дохил бўлмайдиган нарсаларнинг ҳеч бирига ишонмадилар. Оқибатда эса – табиатнинг ҳукми, лозимликнинг йўли билан -   Аллоҳга ва табиатдан ташқари бўлган нарсаларга иймон келтириш ақл қўллаб- қувватламайдиган, илм исботламайдиган фаразлар жумласидан бўлиб қолди.

Албатта, улар узоқ вақт Аллоҳни инкор этган эмаслар ва динга бўлган адоватларини ошкора ҳам этганмаслар. Уларнинг ҳаммалари Уни инкор этмадилар. Аммо улар танлаган фикрлаш услуби, изланиш ва қарашда тутган мақомлари ғайбга иймон келтириш асосига барпо бўлган, асоси ваҳий ва нубувват бўлган, унга даъват қиладиган ва охиратдаги ҳаёт ҳақида сўзлайдиган дин билан тўғри келмас эди. Улардан бирортаси улар айтган ҳис ва тажрибанинг остига дохил бўлмайди, вазн, саноқ ва масофа уни тасдиқламайди. Шунинг учун ҳам уларнинг диний ақидалар борасида шак- шубҳалари ҳар куни зиёда бўлиб бораверди.

Сўнги вақтга келиб материализмнинг фош бўлиши:

Бироқ Оврўподаги уйғониш тарафдорлари асрлар бўйи моддийликка асосланган ҳаёт ва моддийликка асосланган динсиз қараш билан масиҳийликдаги диний расм- русумларни бир жойга жамлаган ҳолда давом этдилар. Бунга сабаб ҳали ҳам насронийлик дунёсидаги муҳитнинг таъсири ва тақлид ёхуд агарчи исми билан бўлсада халқни бирлаштириб турадиган, уни анархиядан сақлайдиган диний тузумнинг боқий қолишини тақозо этадиган ижтимоий- ахлоқий манфаатлар эди. Бу иш моддийликка асосланган маданиятнинг ҳаракати тезлашгани сабабли дин ва ананаларнинг ортда қолиши, у билан ёнма- ён юришдан ожиз қолиши туфайли дин билан моддийликнинг ўртасини жам қилиш қийинлашиб охири фош бўлгунига қадар давом этди. Яна бу иккиси ўртасини жамлашда машаққат, вақтни бекорга сарфлаш ва уларга ортиқчалик қиладиган оғирлик бор эди. Шунинг учун ҳам улар ҳурмат – иззатни бир четга суриб қўйдилар ва мунофиқликнинг либосини ечиб ташладилар.

Материализмнинг қўшинлари ва ташвиқотчилари:

Котиблар, ижодкорлар, адиблар, ўқитувчилар, жамиятшунослар ва сиёсатчилар Оврўпонинг турли томонларидан материализмнинг сувратини шиширишни, ўз қаламлари билан унинг захарларини оломоннинг онги ва қалбига пуфлашни бошлаб юбордилар. Ахлоққа материализм нуқтаи назаридан шарҳ беришар,  гоҳида  манфаат билан боғлиқ фалсафани ва гоҳида эпикулярча лаззат фалсафасини тарқатар эдилар.

Макиавелли флорентийской (1469- 1527) сингари сиёсатчилар аввалроқ динни сиёсатдан ажратишга, ахлоқни шахсий ва ижтимоийга тақисм қилишга чақиришган, дин –агар лозим бўлса – сиёсат ва давлат ишларига дахли бўлмаган шахсий масаладир, деган қарорга келишган эди. Уларнинг фикрларича давлат ҳамма нарсадан кўра қадрлироқ ва муҳимроқдир, насронийликнинг мавзуъси охиратдаги ҳаёт билан боғлиқ холос, диндорлар ва солиҳларнинг борликлари гарчи черков учун фойдали бўлсада, давлатга бирор бир фойда келтирмайди, чунки улар дин аҳкомлари билан чекланиб қоладилар, чунки улар зарурат тақозо қилган вақтда диннинг аҳкомлари ва ахлоқ асосларидан ташқарига чиқа олмайдилар, шоҳлар ва амирлар тулкиларнинг ахлоқи билан хулқланишлари, давлатга озгина бўлса ҳам фойдаси тегадиган бўлса аҳдни бузиш, ёлғон сўзлаш, хиёнат қилиш, фирибгарлик ва мунофиқликдан тортиниб ўтирмасликлари ва ҳоказолар қилишлари керак бўлади. Ана шу даъват муваффақият қозонди ва унга қадимги диёнатдан қолиб кетган ватанпарварлик ва миллатчиликдан иборат кўпгина омиллар кўмак берди. 

Адиблар, ижодкорлар, иқтидор, қобилият ва заковат эгалари, айниқса Франция инқилоби ва ундан кейинроқ қадимги ахлоқлар ва ижтимоий тузумларга қарши инқилоб ясадилар, одамларга гуноҳни зийнатлаб кўрсатдилар, тўла эркинликка, табиатларни ҳар қандай чекловдан, шахсни ҳар қандай масъулиятдан озод этишликка даъватни кенг тарқатдилар. Ҳайвонларча яшашга, шаҳватларни қондиришга, яхши нарсаларни кейинга сурмасликка даъват қилдилар. Ана шу ҳаётнинг қийматини баҳолашда жуда ҳам ошириб юбордилар ва чуқур кетдилар. Нақд лаззатдан бошқа, фойдаси зоҳир бўлиб турган моддадан бошқа ҳамма нарсани инкор қилдилар.


Юнон цивилизациясининг  ҳақиқий нусхаси:

Ўн тўққиз- йигирманчи асрларга келиб Оврўподаги ҳаёт Юнон ва Румдаги мажусий ва жоҳилона ҳаётнинг ҳақиқий нусхасига айланиб қолди ва (шарқдаги насронийликка мағлуб бўлган ) оврўпоча табиат таг- туги билан қайтиб келди. 

Бундан ажабланмаса ҳам бўлади. Зотан бугунги оврўполиклар ўша юнонликлар билан румликлардан тарқалишгани шубҳасиздир. Оврўподаги бошқа силсилаларда эса доктор “Ҳас” Юнон цивилизацияси ҳақидаги сўзларида мулоҳаза қилгани сингари руҳиятдан холи бўлган динни кузатиш мумкин бўлади.

Уларнинг ишларида диёнатсизлик, итоатсизлик ва жидду жаҳднинг камлигини, ҳаётда эса “Леки” Юнон цивилизацияси ҳақида айтиб ўтгани каби ўйин- кулгу ва хурсандчиликнинг кўплигини кўрасиз. Бу Оврўпо эришган диний вазиятнинг самарасидир. Зеро у Аллоҳдан қўрқиш, Унга ибодат қилишга ҳаракат қилиш билан мувофиқ келмас эди. Оврўподаги табиат ва ҳикмат уламолари эришган ҳамда эълон қилган ўша назариялару ғояларнинг натижаларини омма халқ қабул қилдилар ва улар учун диннинг ўрнида бўлиб қолди.

Шунингдек уларнинг қаттиқ чанқаган одамнинг сувга ташланганию шапалакнинг оловга талпингани каби ҳаёт лаззатларига ташланганларини, ҳаётнинг нозу неъматларини қўшқўллаб йиғиштиришга бўлган очкўзликларини ҳам кўрасиз. Суқрот ўз замонасидаги юнонлик республикачи кишини ана шундай сифатлаган эди.

Шунингдек маданиятлашиб бўлганидан кейинги Румда кўрганингиз каби динда шак- шубҳа қилиш, эътиқодда қатъиятсизлик, диний низомни, унинг расм- русумлари ва ананаларини менсимаслик кабиларнинг ҳам гувоҳи бўласиз.


Бугунги Оврўпонинг дини насронийлик эмас балки моддиюнчиликдир:

Шу нарса аниқки бугунги оврўполикларнинг қалблари, ҳис- туйғуларини эгаллаган ва руҳларини бошқариб турадиган дини насронийлик эмас моддиюнчиликдир. Бу нарсани оврўполикларнинг психологисини яхши билган, улар билан китоблар орқали эмас яқиндан –ҳатто китоблар орқали ҳам- алоқада бўлган, давлатнинг обрўсини ошириб турадиган ва халқ унда ўз нафси учун роҳат ва ҳар хиллик топадиган   диний кўринишларга алданмаган, уларнинг ибодатхоналарга қатнаб туришларию диний маросимларга ташриф буюришларига алданмаган ҳар қандай киши билади.

Бу нарсани юқорида номи зикр қилинган олмониялик мусулмон профессор Муҳаммад  Асад ўзининг «Ислом йўл чорраҳасида» китобида очиқ – ойдин баён қилган:

«Ғарбда диний услубда фикрлаб яшайдиган, маданиятларининг руҳи билан ўз эътиқодларини татбиқ этишга ҳаракат қиладиган шахслар ҳали ҳам бор эканлигига шубҳа йўқ. Аммо улар озчилик. Оврўподаги оддий одам демократ бўладими ёки фашист, капиталист бўладими ёки социалист, ишчи бўладими ёки мутафаккир, фақатгина битта динни билади. У  ҳам бўлса моддий юксалишга ибодат қилиш ва ҳаётдаги ягона мақсад ва ғоя  инсонни ҳар қандай чекловлардан бутунлай озод қилишдир деган эътиқоддир. Бироқ бу (дин)нинг ибодатхоналари улкан заводлар, кинотеатрлар, кимёвий лабаротирялар, рақс хоналари, электростанциялардир. Ундаги руҳонийларга келсак бас банкларнинг бошлиқлари, муҳандислар, санъаткорлар, киноюлдузлар, тижорат ва саноат лидерлари, учувчилар, рекорд ўрнатувчи спортчилардир. Куч- қудратга бўлган ана шу очкўзлик ва лаззатга ўч бўлишнинг натижаси агар истаклари ва манфаатлари тўқнаш келадиган бўлса, бир- бирларини йўқ қилиб юборишга ҳозир бўлган тиш- тирноғига қадар қуролланган ва ҳарбий тайёргарлик кўрган бир- бирига рақиб тоифаларнинг вужудга келишини лозим тутадиган натижадир. Маданият тарафидан бўладиган натижа эса амалий манфаатни фазилат деб эътиқод қиладиган, унинг учун идеал бўлган,  яхшилик билан ёмонликнинг ўртасини фарқлаб бергувчи нарса бу фақатгина моддий тарафдан муваффақият бўлиб қолган».

«Ғарб цивилизацияси Аллоҳни очиқ- ойдин ва шиддат билан инкор этмайди. Бироқ унинг мафкуравий низомида ҳақиқатда Аллоҳга ўрин йўқ, унинг бирор бир фойдаси бор деб билмайди ҳам ва унга муҳтожлик ери ҳам йўқдир». (Иқтибос тугади)

Эҳтимол юқоридаги сатрлар муаллифининг насронийликдан Исломга, Оврўподан мусулмон шарқига кўчиб ўтганлиги диннинг оврўполиклар ҳаётида тутган ўрни ва таъсир кучи ҳақидаги ушбу гувоҳликларининг кучини камайтириб юборар. Расмий диннинг Оврўпонинг энг катта марказларида зим бўлиб кетгани, оврўполикларнинг бу динга мансуб бўлишдан жирканишларига Лондондаги катта ўқитувчилардан ва Англиянинг машҳур адибларидан бирига тегишли мана бу гувоҳлик юқоридагидан кўра аниқроқ ва энг ишончлироқдир.

Лондон дорулфунунидаги фалсафа ва психология бўлими бошлиғи «Joad» ўзининг « Guide to Modern Wickedness » китобида шундай деган:

«Мен эндигина йигирма ёшга қадам қўйган йигирма нафар талаба ва ўқувчилардан: уларнинг қайсилари бирор бир маънода масиҳий эканликлари ҳақида сўрадим. Шунда улардан фақат уч нафари «ҳа» деган жавобни берган бўлса, етти нафарлари ўзларининг бу масалада ҳеч ҳам ўйлаб кўрмаган эканликларини айтдилар. Қолган ўн нафарлари эса очиқдан очиқ масиҳий динини ёмон кўришларини айтдилар.  Менинг ўйлашимча ушбу ўлкаларда масиҳийликка ишонадиган ва унга эътиқод қиладиганлар билан унга ишонмайдиганлар ўртасидаги бу нисбийлик ғайриоддийлик ҳам ғайритабиий ҳам эмасдир. Тўғри, агар ана шу савол бундан эллик ёки йигирма йил олдин ана шу жамоага берилганида  жавоблар турлича бўлар эди. Шунга биноан «Canon Barry»нинг фикрига қўшилиб масиҳийликнинг катта уйғониши оламни қутқариши мумкин дея даъво қиладиганларнинг сони жуда ҳам оз бўлади. Чунки мен унинг фикрини қўллаб – қувватлайдиган бирдан – бир нарса унинг рағбати ва истагидир, деган фикрдаман. Негаки  истаклардан кўпинча фикрлар яралсада бироқ шоҳидликлар ва хужжатлар пайдо бўла олмайди. Бу ўлкадаги вазиятлар ва асарлар насроний черковлари келгуси асрда ўлиб кетишини кўрсатиб турибди. Мен бу фикримнинг тасдиғи учун кундалик газетадан сизга нақл келтираман:

Бир одам етмиш етти ёшида муқаддас китобларнинг қадимий нусхаларини милтиқлар учун ўқ – дори, сунъий ипак, пластмасса ва нақд пул қоғозларига айлантирадиган  услубни ихтироъ қилди. Унинг бу асбоби «Cardiff Factory» ва ундан бошқа яна саккизта фабрикага ўрнатилди. Бу асбоб Тавротнинг эски нусхаларидан ҳарбий қурол – яроғлар ясайди. Олдинлари ночор аҳволда яшаган ихтирочи ўз асбоби туфайли улкан давлатнинг эгасига айланди.

Профессор Канон Берри ва бошқалар сингари  руҳонийлар ва дин арбобларига хитоб қилиш учун ўзининг ушбу мақоласини Тавротдан олинган бир жумла билан ниҳоялайди.  «Бас, кимнинг қулоғи бор бўлса қулоқ тутсин»».

Ана шу муаллиф ўзининг иккинчи китоби «Philosophy for our Times» да шундай ёзади:

«Бир қанча асрлардан бери инглизларнинг ақлини молу- давлат ва бой бўлишга бўлган оч кўзлик эгаллаб келаётган эди. Бадавлат бўлишга бўлган иштиёқ мамлакат ҳаётидаги энг кучли омил, ишлаш учун энг катта сабаб эди. Чунки бадавлатлик мулкдор бўлиш учун воситадир. Унинг катталиги ва кўплиги инсоннинг иқтидори учун мезондир. Одамлар йиллар ва ойлар бўйи сиёсат, адабиёт, театр, кино ва радиолар орқали, баъзи пайтларда черковдаги минбарлар орқали молу давлат тўплашга тарғиботларни, маданиятлашган халқда очкўзлик ва мулкдорлик ҳисси юқори бўлишига ишонтиришларни тинглаб келдилар. 

Бойликка бўлган ана шу ибодат бизнинг диний ақидамизга тўғри келмайди. Чунки дин фақрликни мақтаб бойликни мазаммат қилади. Бой одамдан кўра фақир одам яхши бўлишга қодирроқдир дейди. Бундан ташқари ҳикмат билан диний фароғат фақрликнинг Аллоҳга ибодат қилиш ва жаннатга киришни осонлаштиргувчироқ эканлигини тасдиқлайди. Бироқ одамлар диннинг бу даъватини тасдиқлашга ва унинг аҳкомлари билан иш юритишга рағбат қилмадилар. Нақд бўлиб турган бойликни жаннатда ваъда қилинган неъматдан устин қўйишда давом этдилар. Улар худди банкларда омонат қўйилган бойликлари ортидан бу дунёдаги ютуқнинг эгалари бўлганимиздек умримиз охирлаб қолган чоғда тавба қиладиган бўлсак охиратдаги ютуқни ҳам қўлга киритамиз деган хаёлда юрган бўлсалар ҳам ажаб эмас.

Уларнинг бундай фикрларини Самуэл Батлер ўзининг китобида қуйидаги сўзлари орқали ифода қилади: «Айрим ижодкорлар айтадиларки бизлар бир пайтнинг ўзида ҳам Аллоҳга ва ҳам бойликка ибодат қила олмас эканмиз. Мен ҳам иш осон эмаслигини тан оламан. Аммо бу дунёнинг ишлари қачон ҳам осон бўлган экан? 

Биз принсиплар борасида ҳар қанча ихтилоф қилмайлик аслида ҳаммамиз ҳам Батлер ва унинг издошларига қаттиқ тақлид қиламиз. Зотан биз ҳам бойликни яхши кўрамиз,  шахс билан ҳукуматнинг буюклиги учун тўғри мезон бу бойлик эканига ишонамиз ва бу улкан тарихий аҳамиятга эга бўлган иккита принсипнинг пайдо бўлишига сабаб бўлган:

Биринчиси: ўн тўққизинчи асрда ҳукмрон бўлган иқтисодий дахлсизлик принсипи. Бу принсипнинг эгалари инсон ўз амалини ўзига келадиган энг катта манфаат асосига барпо этади, ишлашга ундайдиган омил қалбдаги ҳиссиётлар билан лаззатланиш эмас балки бойликдан лаззатланишдир деган даъвони қиладилар.

Йигирманчи асрда ҳукмронлик қилган принсип – Марксга мансуб бўлган иқтисодий тартиб – қоидалар принсипи. Бу принсип шу нарса устига барпо этилганки шубҳасиз инсоннинг иқтисодий низоми унинг молиявий эҳтиёжларига асосланган бўлади. Ва бу низом одоб – ахлоқни, диёнатни, мантиқ ва ҳукуматнинг низомини яратади. Бу икки принсиплар агар мамлакатимизда одамларнинг бойликка қаттиқ меҳр қўйишлари ва унга ортиқча эътибор қаратишлари бўлмаган тақдирда эришадиган розиликка эришиш учун яратилган эмасдир.»»

Шу китобнинг бошқа бир жойида шундай дейди:

«Шубҳасиз ҳозирги даврда ҳукмрон бўлган ҳаёт назарияси бу ҳар қандай масала ёки ишга ошқозон ва чўнтак тарафидан назар солишдир. (stomach and pocket view of life).

Америкалик машҳур журналист Jhon Gunther ўзининг «Оврўпонинг ичида» (Inside Europe) номли китобида ана шу руҳиятни қуйидаги сўзлари билан жуда яхши қилиб ифодалагандир:

«Инглизлар ҳафтанинг олти куни  Англия банки (Bank of England)га ибодат қиладилар ва еттинчи куни черковга қараб юрадилар».»


Оврўподаги табиат ҳодисалари:

Бошқа бир ҳаёт борлигига ишонмайдиган, ҳаётдан баҳра олиб лаззатланиш ва Ер юзида такаббурлик қилишдан кўра буюкроқ ғоя борлигига эътиқод қилмайдиган, Аллоҳни жуда кам ёдга оладиган, Унинг азаматини ўйлаб кўрмайдиган ана шу кимсаларнинг ўзларига мусибат етган вақтда Аллоҳга тазарруълар қилишлари ва ана шундай пайтларда Аллоҳга ишониб қоладиган мушриклар ҳақида Аллоҳнинг Ўзи зикр қилиб берганидек хавфу хатарга қолган пайтларида Унга қайтиб тавбалар қилишларини қаердан ҳам кутса бўларди: «Қачон уларни тоғ каби тўлқин ўраб қолса, Аллоҳнинг динига ихлос этароқ, дуо қилурлар. Нажот бериб, уларни қуруқликка чиқарса, баъзилари тежамкор бўлур. Бизнинг оятларимизни фақат ўта хоин ва ўта кофирларгина инкор этурлар» «У сизларни қуруқликда ва денгизда юргизадиган зотдир. Токи сизлар кемада бўлганингизда ва у(кемалар) яхши еллар ила уларни олиб кетганида ҳамда улар бундан хурсанд бўлганларида, қаттиқ шамол келур ва уларга ҳар томондан тўлқин келур. Ўзларининг қуршовда қолганларини англаганларида Аллоҳга чин ихлос билан: «Агар бизни мана шундан қутқазсанг, албатта, шукр келтирувчилардан бўламиз», деб дуо қилурлар»

Аммо бу кимсалар – моддийликка берилиб кетганлари, зоҳирий сабабларни ушлаб олиб улар билан овуниб қолганликлари ҳамда ўзларини Аллоҳдан беҳожат тутганликлари сабаб -  шу даражада қалблари қотиб ғафлатга қолиб кетган эдиларки Аллоҳнинг ушбу сўзлари уларга тўғри келар эди: «Батаҳқиқ, Биз сендан олдинги умматларга ҳам Пайғамбарлар юборганмиз. Сўнгра, шояд тазарруъ қилсалар, деб уларни бало ва зиёнларга тутганмиз. Бизнинг баломиз уларга етганда, тазарруъ қилсалар эди! Лекин қалблари қаттиқ бўлди ва шайтон уларга қилаётган ишларини зийнатлаб кўрсатди» «атаҳқиқ, Биз уларни азоб ила тутдик, бас, улар Роббиларига бўйин ҳам эгмадилар, тазарруъ ҳам қилмадилар»

Шунинг учун ҳам Оврўподаги раҳбарлар ва вазирларнинг нутқларида қалбнинг юмшоқлиги ва синиқлигини, урушнинг энг оғир паллаларида ҳам Аллоҳга илтижо қилишларини деярли ҳис қилмайсиз. Халқнинг  ахлоқида, ҳатти – ҳаракатларида ва ҳурсандчиликларида ҳам шу нарсаларнинг гувоҳи бўлмайсиз. Бу нарсага Ғарбнинг мутафаккирлари ва адиблари сабр- бардошлилик, қалбнинг бақувватлилиги ва адолатсизлик билан келишмаслик сифатида қарайдилар. Инглиз раҳбарларидан, Англия парламентидаги сиёсатчиларнинг катталаридан бири инглиз халқининг табиий ҳодисалар ва офатларга енгилмасликлари билан фахрланиб гапирган эди. Ўзининг бу гапига Сингапурда ўйин – кулгу билан банд бўлиб турганлар японларнинг самолётлари шаҳарга бомбалар ёмғирини ёғдирганида ҳам ўз ўринларини тарк этмаганлари,  рақс ва ашулаларини кейинга сурмаганликларини хужжат қилиб келтирган эди. Бир ҳиндистонлик ўзи гувоҳи бўлган кеча ҳақида гапириб шундай дейди: «Биз ўйинга тушиб турган пайтимизда тўсатдан ҳаво ҳужуми ва биз турган жойда нотинчлик бошлангани ҳақидаги сиренани эшитдик. Кейин ўтирганлардан бир: «Нима дейсиз? Ўйинни давом этдирамизми ёки кейинга қолдирамизми?» деди. Бир йигит: «Йўқ, ўйинни давом этдирамиз», деди. Шундай ҳам бўлди. Биз турган клуб у ёқда турсин ҳатто маҳаллани ҳам қўшиқлар жаранги босиб кетди».». Яна  шундай дейди: «Кино театрларда: «Ҳаво ҳужуми бошланади. Аммо фильм давом этаверади. Ким ўзини пана жойга олмоқчи бўлса, пастдаги чап йўлакка қараб юрсин» дейиш ҳар кунлик одатга айланиб қолган эди. Бироқ одамлар ўз ўрниларида ўтирар, ҳеч ким ўз жойидан жилмас ва фильм бошланар эди». 1942 – йил 24 – январда Ҳиндистондаги инглизларнинг энг йирик кундалик газетаси (Statesman) да чоп этилган бир сувратга инглиз ёзувчиси илова қилиб шундай дейди: «Шу нарса қизиқки, энг чиройли спектакллар тарихдаги катта урушлар вақтида вужудга келган. Бугун Британиядаги ҳолат ҳам худди шундай. Зеро ён – атрофга қараган одам урушдан олдин кўрмаган энг гўзал ва қизиқ ўйинлар, кинолар, спектакллар ва сувратларни кўради. Томоша қиламан деган одам Лондондаги томошагоҳларда ўзини овутадиган, завқига ўтирадиган барча нарсани учратади». Ана шу газетанинг 1943- йил 15 – декабр сонида эса: « Лондон, Лиссабон ва Москва шаҳарларида фильмлар ишлаб чиқариш тараққий топиб гуллаб - яшнамоқда», дейилади. Энг оғир дақиқаларда ва умрнинг сўнги сонияларида ана шундай сабр – бардошлилик, лаззатланиш ва ўйин – кулгуга ўчликнинг ўхшашини сиз фақатгина қадимги тарихдаги римликлар ва юнонларда учратасиз.

Рейтр ахборот агентлигининг мухбири Британиянинг Бош вазири жаноб Черчилльнинг қандай қилиб янги йилни кутиб олганию ўтаётган йил билан видолашганини ҳикоя қилган. Бу воқеа урушнинг оғир кунларида -  кишини Аллоҳга илтижо қилишга шошилтирадиган, сархуш одамнинг эсини киритиб қўядиган, қалби қотганнинг қалбига қўрқув соладиган кунларда бўлиб ўтган эди. Мана сизга ўша телеграмманинг матни: 

«Вашингтон. 1942 йилнинг биринчи январи. Эски йил кетиб янги йил бошланадиган оқшом. Бош вазир Жаноб Черчилль расмий поезд билан Канададан Қўшма штатларга сафар қилаётган эди. Бош вазир тўсатдан Сер Чарльз Портел ҳамроҳлигида чиқиб оғзида сигарета ва қўлида бир стакан шампан виноси билан поезднинг ошхонасига кирди. У билан бирга юрган мухбирлар жаноб Черчилльнинг юзида табассум билан: «1941 йилнинг номи билан. Бу кураш, машаққат ва ғалабага етакловчи йилдир», деганча қадаҳни сипқорганидан ажабланишди. Худди ўша вақтда эски йилнинг охирги лаҳзаси тугаб янги йил бошланган, соат ҳам унинг ташрифини эълон қилган, журналистлар ва поезд раҳбарлари жаноб Черчиллни табриклашган эди. Бош вазир бир қўли билан Сер Чарльз Портелнинг қўлидан ва иккинчи қўли билан эса  Карбурл Гарнернинг қўлидан тутиб олган, ҳамма бир – бирининг қўлидан ушлаб олган, ўйин тушганча ашула айтишни бошлаб юборишган эди. Жаноб Черчилль эшик олдига бориб: «Ҳаммангизни табриклайман. Илоҳим бизга ғалаба берсин», деди. Атрофдагилар қарсак чалиб жўшқинлик билан қўшиқ айтишни бошлаб юбордилар. Бош вазир V ҳарфини чиздида шоду ҳуррам бўлганча ўзининг вагонига қайтиб кетди».

Урушлар ва хавфу хатарлар вақтида моддиюнча ана шу табиат билан диний руҳиятнинг, диний таълимотнинг, диндорларнинг ҳатти – ҳаракатларию ўзларини тутишларининг ўртасини солиштириб кўринг. Зеро Қуръонда: «Эй иймон келтирганлар! (Кофир) жамоатга рўбарў келганингизда, саботли бўлинг ва Аллоҳни кўп зикр қилинг, шоядки нажот топсангиз», дейилади. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни бирор иш ташвишга соладиган бўлса, намоз ўқишга шошилар эдилар. Ибн Ҳишомнинг “Сийрат”ида катта Бадр воқеаси бобида Ибн Исҳоқ шундай дейди:  «Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафларни ўзгартириб чодирга қайтдилар. Унинг ичида у зот билан Абу Бакр розияллоҳу анҳудан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Роббидан Унинг Ўзи у зотга ваъда қилган ғалабани сўрадилар. У зотнинг сўзлари ичида қуйидагилар бор эди: «Эй Аллоҳим! Агар ушбу жамоатни бугун ҳалок этсанг Сенга ибодат қилинмайди».»

 Табиий, тарихий ва илмий муқаррар сабаблар туфайли моддийлик ғарб цивилизацияси ва ғарбдаги ҳаётнинг тарихдаги қадим даврлардан буён шиорига айланиб қолган бўлган. Оврўподаги сиёсий ва илмий уйғониш ҳамда янги авлод бу моддийликнинг куч-  қудратини ва авжини зиёда қилди, холос. Ана шу фарқни Ғарб ва Шарқдаги кўпгина уламолар мулоҳаза қилганлар. Шарқнинг ана шундай олимлардан бири узоқни кўра биладиган зийрак профессор сайёҳ Абдурраҳмон Кавокибий  «Табоиул - истибдод» китобида шундай деган: 

«Ғарб кишиси – ҳаёти моддиюнча, муомаласи қўпол, нафси кучли, бой бўлишга ҳарис, ўч олишга ташнадир. Шарқдаги масиҳийлик унга нақл қилган буюк ҳислар юксак принсиплардан унда бирор нарса йўқдек гўё. Масалан, немис миллатига мансуб кишининг табиати қаттиқ, одамлар ичидан бечораҳол яшайдиганларини ўлимга мустаҳиқ деб билади. Ҳамма фазилат, ҳамма куч – қудрат унинг фикрича бойликдадир. Шунинг учун у илмни яхши кўради. Лекин бой бўлиш учун. Шон – шарафни яхши кўради. Аммо бой бўлиш учун. Лотин миллатига мансуб одам эса табиатан худбинлик ва енгилтакликка мойил. Унинг учун ақл эркинликда, ҳаёт ахлоқсизликда, улуғлик зеб- зийнат ва либосларда, азизлик эса одамлар устидан эгалик қилишдадир». 

Бу Оврўпоча табиатнинг реал тасвири ва ғарбча психологиянинг тўғри таҳлилидир. Биз раҳматли Кавокибийнинг лотинлар ва олмонлардан бошқалар ҳақида сўз юритмаганлигини машаққатга тушиб қолишдан ўзини сақлаш учун деб ўйлашимиз керак. Зотан у киши олмон ва лотинларни бошқа оврўполиклар учун мисол қилиб келтиргандир.


Илмий маънавий ҳаракатларнинг моддий ғоялари:

Ана шу моддийлик руҳини ҳозирги замондаги оврўполиклар ўйлаб чиқарган ёки янгилаган сиёсий, ижтимоий ва ахлоқий тузумларининг барчасида гувоҳи бўласиз. Ҳатто кейинги вақтларда Оврўподаги одамларни жуда банд қилиб қўйган маънавий ҳаракатнинг руҳи ҳам моддиюнчиликка асосланган бўлган. Шунинг учун ҳам у Оврўподаги бошқа саноатлар ва фанлар сингари саноат ва фанга айланиб қолган. Унинг мақсади руҳнинг ажоиботларини кузатиш ва унинг сир – асрорларидан хабардор бўлиш, ўлганларнинг руҳи билан сўзлашиш, нафсга ором бериш ва ўйин – кулгудир. Унинг мусулмон шарқидаги тасаввуф ҳамда маънавий ҳаракатларга хилоф ўлароқ нафсни поклаш, қалбни сайқаллаш, Аллоҳдан қўрқиш, эзгу амал, ўлимга ҳозирлик кўриш, ҳаётнинг қийинчиликларига сабр – бардош қилиш ва нафсни тийиш билан ҳеч ҳам алоқаси йўқ эди. Ғарбда одамлар ўз жонларини қурбон қиладиган амаллар ҳам Аллоҳнинг розилиги учун қилинадиган амаллардан фарқли ўлароқ худди шулар сингари яхши ном қолдириш, шон – шуҳрат топиш, тарихда номини қолдириш, одамларга ўзини кўрсатиш, қилган иши билан ўз халқига мақтаниш, ватанини улуғлаш ва шодланиш каби моддий мақсадларга бориб тақалади. Зотан мусулмон одам ўзининг амалига бир оз бўлсада риё ва шуҳратпарастлик аралашиб қолишидан қўрқади учун ҳам уни беркитади. У Аллоҳ таолонинг: «Сен:«Сизга амаллари юзасидан энг зиёнкорларнинг хабарини берайми? Улар бу дунё ҳаётидаёқ сайъи-ҳаракатлари ботил бўлган, ўзлари эса, гўзал иш қиляпман, деб ҳисоблайдиганлардир», дегин. Ана ўшалар Роббилари оятларига ва унга рўбарў келишга куфр келтирганлардир. Бас, уларнинг амаллари ҳабата бўлди. Қиёмат куни уларга ҳеч қандай вазн бермасмиз», яна: «Ва қилган амалига келиб, уларни тўзон каби сочиб юборурмиз» деган сўзларини эшитган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бири мардлик ва бошқаси риё учун жанг қилаётган кишилар ҳақида: «Уларнинг қайси бири Аллоҳнинг йўлида?» деб сўрадилар. Бас Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимда ким Аллоҳнинг калимаси юксак бўлсин учун жанг қилса ана ўша Аллоҳнинг йўлидадир», дедилар. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўз дуосида: «Эй Аллоҳим, амалимнинг барчасини солиҳ қилгин, унинг барчасини Сенинг Юзинг учун холис қилгин, унда Ўзингдан бошқаси учун ҳеч бир насиба қилмагин», дер эди. Бу умматнинг солиҳларнинг ўз ибодатларини ва садақаларини махфий қилишга бўлган уринишлари тарих ва сийрат китобларида маълум ва машҳурдир.


Ғарбдаги моддиюнча тасаввуф ва иқтисодий ваҳдатул вужуд:

Оврўпода моддийлик назарияси ҳамда моддийлик мафкураси унга шўнғиш ва фано бўлиш, моддиюнча қадриятлардан бошқа ҳамма нарсани унутиш даражасигача етиб борди. Бунга биз коммунистик фалсафанинг асосчиси бўлмиш Карл Маркс (1818 -1883м)ни мисол қилиб келтиришимиз мумкин.

Карл Маркснинг фикрича иқтисодий тузум бу жамиятнинг руҳидир, дин, маданият, ҳаёт фалсафаси ҳамда чиройли фанларнинг ҳаммаси ана шу иқтисодий тузумнинг аксидир. У шундай дейди: Тарихдаги ҳар бир давр ва ҳар бир асрнинг саноат ишлаб чиқариши учун ўзига хос йўли бордир ва ижтимоий алоқалар ана шунга қараб таъйин қилинади. Бироқ бир оздан сўнг ана шу ижтимоий алоқалар ишлаб чиқариш йўлларига мувофиқ ва муносиблигича қолавермайди ва айрим одамлар ана шу алоқаларни янгидан йўлга қўйиш учун курашадилар. Бу – ўша тарихда инқилоблар ва революциялар дея танилган нарсалардир. Тарихчи унинг моҳиятини билмайди бироқ бунинг қизиқ ери йўқ. Зеро ана шу инқилобларда иштирок этадиганларнинг ўзлари нима учун жанг қилаётганларини сезмасликлари ҳам мумкин. Лекин бизда ана шу муаммонинг ечимини ечиш, сиёсий юксалиш, сиёсий тузумлардаги ўзгартиришлар ва яхшилашлар ҳамда унинг бошига тушган ўзгартириш ва тараққиёт ижтимоий алоқаларнинг янги сувратларидан бошқа нарса эмас эканлигини, ана шу сувратлар ўша алоқаларни ишлаб чиқаришнинг янги йўлларига янгидан муносиб ва мувофиқ қилиш учун намоён бўлишини билиш имкони бордир. Саноат ишлаб чиқариш йўллари билан унга асосланган ижтимоий алоқалар ўртасида ихтилофлар доимий бўлгани учун уларни татбиқ этиш учун бўладиган кураш ҳам доимий бўлади. Энди қачонки ихтилофдан ўтиб кучаядиган бўлса инқилоб шаклида намоён бўлади. Лекин биз – ихтилофлар очиқ – ойдин бўлмаган вақтда – унинг борлигини инкор этишимиз мумкин эмасдир. Саноат ишлаб чиқариши услублари билан ижтимоий алоқалар ўртасидаги ихтилоф табақалар урушида аниқ намоён бўлади. Карл Маркс бу нарсадан шундай хулосага келадики башариятнинг ҳаёти ҳали болалик даврида бўлган давридан ташқари кишилик тарихи турли хилдаги ижтимоий табақалар урушининг қиссасидан бошқа нарса эмасдир. 

Бу одам ана шу тарзда башариятнинг иқтисодий тарафидан ташқари барча томонларини инкор қилади. Ундан бошқасига ҳеч бир эътибор қаратмайди. Дин, ахлоқ, руҳ, қалб ва ҳатто ақлга ҳам ҳеч бир вазн ва баҳо бермайди. Улардан бирортасини тарихнинг омилларидан бири экани, тарихдаги барча урушлару қўзғолонлар  бир уруғнинг бошқа бир уруғдан интиқоми эканини, иқтисодий тузум ва саноат ишлаб чиқариш соҳасининг янги бир тартиби йўлидаги кураш эканини эътироф этмайди. Ҳатто  диний урушлар ҳам унинг фикрича табақаларнинг иқтисодий уруши бўлиб у табақалардан бири бойликнинг манбалари ва воситаларини, ишлаб чиқариш йўлларини ўзлаштириб олган ва бошқа бир табақа эса у билан улуш талашиб ёки янгидан тартибга солиш учун кураш қилган. Натижада ўртада уруш келиб чиққан. «Бадр», «Уҳуд», «Аҳзоб», «Қодисия», «Ярмук» ва тарихда сақланиб қолган воқеа ва урушлар ҳам унинг фикрича  худди шу сингари бўлиши керак бўлади. Бу – кўриб турганингиздек, - Ғарбнинг моддиюнча тасаввуфидир. Мана шу – ўша ваҳдатул вужуд ваҳдатул иқтисоддир. Шарқликлардаги диний руҳият ва илоҳиёт кучли бўлганидан уларнинг илоҳиётчилари ва мағлублари Аллоҳдан ташқари ҳамма нарсанинг борлигини нафий қилдилар. Ўзлари сарҳуш бўлиб ҳол кучли келган вақтда: «Аллоҳдан ўзга мавжудот йўқ!» деб ҳайқирдилар. Ғарблик мутафаккирларда моддиюнчилик кучлилик қилганидан иқтисодий тарафдан бошқа ҳамма нарсани нафий қилиб: «Қорин ва ошқозондан бошқа мавжудот йўқ!» деб ҳайқирдилар. Шарқнинг сўфийлари инсонни парвардигорнинг сояси деб билар эдилар. Ғарбдаги моддиюнчилар эса уни ҳайвонларга ўхшаган оддий бир жонзот деб биладилар, холос.


Дарвиннинг назарияси, унинг фикрлар ва маданиятга таъсири:


Инсонга тегишли масалаларнинг барчасидаги уларнинг ана шу нуқтаи назарлари борасида инсоннинг эволюцияси, инсоннинг ўзидан бошқа ҳайвонлардан тараққий топган бир ҳайвон экани ва ана шу ҳайвон минг йиллар давомида ўзининг наслий сафарида босқичма- босқич давом этгани, бир турдаги ҳайвондан бошқа бир турдаги ҳайвонга, амёба(Amoeba)дан маймунга, маймундан инсонга айлангунича ўзгариб келгани ва ниҳоят ўзининг наслий баркамоллик даражасига етгани  ҳақидаги ўн тўққизинчи асрда пайдо бўлган назария уларга ёрдамга келди ва  шундоқ ҳам лойқа сувни янада лойқалатиб юборди. Ана шу назариянинг асосчиси ва қаҳрамони Чарльз Дарвин бўлиб унинг «Турларнинг келиб чиқиши» (Origin of species) китоби 1859 йилда ёзилган ва кенгашлар, йиғинлар ва билим даргоҳларининг дув – дув гапи бўлган ва одамларни ташвишга солиб қўйган. Инсон  ва унга тааллуқли масалалар борасида ўтмишда учрамаган ана шу янги назария фикрлар йўналишини тескари қилиб, инсон билан боғлиқ масалалар ва тарихи борасида тўғри йўл ахтариб изланиш олиб боришда кишининг назарини инсондан ҳайвонга буриб юборар эди. У инсонни ана шу коинотнинг ҳеч бир илоҳий иноятсиз ва қандайдир ғайри табиий кучнинг аралашувисиз ҳаракатланиб турган, коинотда табиий қонунлардан бошқа иллат йўқ, мавжудотлар ҳаётнинг илк босқичларидан то юқори босқичига қадар ақл ва ҳикматдан холи тарзда аста- секин табиий равишда кўтарилиб борган, инсон ҳам ундан бошқа ҳайвон турлари ҳам қандайдир ҳикматли яратгувчининг иши эмаслиги балки у табиий қонунларнинг натижаси ўлароқ ҳис – туйғуси бор нутқ эгаси бўлган бир инсонга айланган деган эътиқодга олиб борар эди.  

Бу назариянинг принсиплар, ғоялар, мафкуравий ва ахлоқий натижалар ҳамда уларнинг амалий таъсирлари борасида динга ҳам ақлга ҳам тўғри келмаслиги очиқ – ойдин, албатта. Ҳатто бу назария қадимий динни таг – томири билан қўпориб ташлаб унинг ўрнини эгаллаган янги бир дин бўлган эди. Ана шундай пайтда дин арбобларининг бу нарсадан изтиробга тушишлари, Оврўпода диннинг келажаги ҳақида қайғуришлари тeрган гап эди. Профессор Э. М. Жоуд ўз китобида шундай дейди:

«Дарвиннинг «Турларнинг келиб чиқиши» китоби пайдо бўлган вақтда, натижалар Дарвиннинг ушбу Ер сайёрасидаги ҳаётнинг эволюция жараёни амёба ва медузалар ўзларининг энг биринчи шаклидан то ўзининг энг юқори сўнги шаклида намоён бўлганига қадар узлуксиз давом этиб келганини, ва бу ҳаётнинг энг ривожланган ва юқорилаган шакли бўлгани, эволюция жараёни амёбадан ўзимизнинг ҳозирги кўринишмизга келгунимизга қадар тўхтамай давом этиб келганини исботлаган –ёхуд исботлаган, деган гумонда бўлинган- эканини кўрсатган вақтда ота – боболаримизнинг бу нарсадан қандай даҳшат ва ҳайратга тушганликларини ҳозир идрок қилишимиз осон эмас».

«Бунинг тамоман акси ўлароқ Виктория асрида яшаганлар инсоннинг мустақил бир яралмиш бўлиб, аслида у номукаммал малак бўлган деган фикр билан чиқдилар. Аммо агар Дарвиннинг сўзи тўғри бўладиган бўлса,  демак инсон тараққий топган бир маймун бўлади. Инсоннинг  номукаммал малак бўлишидан кўра тараққий топган маймун бўлиши Виктория асридагилар учун оғир келади ва бу назария уларга маъқул келмайди. Улар инсон ҳақидаги ана шу эътиқод туфайли инсонларга етадиган ҳақоратдан уларни қутқаришга ҳаракат қилдилар ва бунинг учун бир қанча фикрларни ўртага ташладилар».


Омманинг эволюция назариясига юзланиши:

 Лекин кўпчилик одамлар –унинг илмий нуқтаи назардан заиф ва нуқсонли эканига қарамасдан-ана шу назарияни –тушуниб - тушунмай- қабул қилдилар. Гўёки уларнинг онглари ана шу сингари назария учун яратилгандек, гўёки одамлар унда дин ва дин вакилларига қарши рақибни учратгандек эдилар. Одамларнинг фикрлари ва мойилликларидан иборат ана шу бузуқ йўналишга қарши, варақалар ва маърузалар селига қарши курашиш дин арбобларига оғир бўлгани учун черков ўзининг бу урушини тўхтатди. Ҳатто 1883 йили Дарвин вафот этганида инглизлар черкови уни бир инсонга берадиган энг буюк шараф - Дарвиннинг дин арбоблари дафн этиладиган Вестминистрда дафн этилишига ижозат бериш билан сийлади.  

Ана шу назариянинг тафаккур, маданият, адабиёт ва сиёсатдаги таъсири кучли бўлгани одамларнинг ахлоқида, фитратга қайтиш, фитратга биноан ҳур ва яланғоч яшаган даврга қайтишга бўлган ҳаракатларда, идеал инсонни таъйин қилишда, инсоннинг ривожланган ҳайвондан бошқа нарса эмаслигига таслим бўлингандагина содир бўладиган барча амаллар ва ахлоқларда, инглиз олимларидан бири жаноб Чипард ўзининг: «Аглияда турар жой қилиб ҳаёт кечиришни умуман билмайдиган, ҳайвонлар ва подаларнинг ҳаётидан бошқачасини бехабар бўлган одамлар авлоди пайдо бўлган» деган сўзлари билан ифодалаган турар жой билан боғлиқ ҳаётнинг бузилганида сезилиб турар эди. 


Материализмнинг жиноятлари:

Ана шу бузуқ материализмнинг, ичида ахлоқ – одоб, Буюк ва Қудратли Аллоҳдан қўрқиш ҳамда охиратга иймон келтириш учун насиба мавжуд бўлмаган динсизликча тарбиянинг натижалари шу бўлдики, катта – катта марказларнинг эгалари, сиёсатчилар ва масъуллар баъзи вақтларда энг катта жиноятчилар ҳам ўзига эп билмайдиган жиноятларни қилар эдилар. Улар бундай ишларни ўз мамлакатлари ва халқларининг сиёсат билан боғлиқ ваҳмий манфаати учун, қайсидир шахснинг обрўси ёки молиявий фойда учун қилар эдилар. Кишилик тарихида ривоят қилинган энг ғайри оддий зулм ва шафқатсизлик шуки, инглизлар Бенгалия(Ҳиндистон)да табиий бўлмаган сунъий очарчиликни йўлга қўйганлар. Чунки улар одамларнинг гуруч –Бенгалиянинг озуқаси гуручдир-  ҳосилини йиғиштиришда ишлатадиган қайиқларини бермадилар. Катта миқдордаги дон – дунни қўшинлар учун сақлаб қўйдилар ва ундан одамларга бермадилар. Ҳатто у бузилиб зоеъ бўлиб кетди ва юз минглаб одамлар очликдан вафот этдилар. Ваҳоланки мамлакатда буғдой мўл, транспорт алоқалари йўлга қўйилган, поездлар қатнаб турган эди. Ҳиндистон ўзидан бошқа юртларни ҳам боқишга қурби етадиган серҳосил давлатдир. Инглизларнинг бу ишни қилишларига сабаб одамлар ҳарбий хизматга кирсинлар, мамлакатни идора қилишдаги автономликнинг барбод бўлиши йўлида гаров бўлсинлар учун эди.

1947 йилда Ҳиндистоннинг Бош Губернатори Лорд Мовант Пейтон Делҳи ва шарқий Панжобдаги мусулмонларни ўлдириш борасидаги тадбирдан ўзини бехабар қилиб кўрсатган эди. Зеро ушбу минтақадаги мусулмон халққа қарши тузилаётган режалар ва келишувларнинг хабари унга етиб борган, агентлар диний гуруҳлар аро катта тўқнашув бошланиши ҳақида уни хабардор қилган эдилар. У эса мусулмонлар уни Ҳиндистонликлар сингари Покистоннинг Бош Губернатори қилиб сайламаганлари эвазига улардан интиқом олиш учун ана шу ишларнинг барчасидан кўзини юмган эди. Бунинг яна бир сабаби шу эдики ана шу динлараро тўқнашувлар ва маҳаллий урушлар мамлакат аҳолисининг мустақилликка муносиб эмаслигига хужжат бўлсин, тинчлик ва тузум борасида инглизларга қарам бўлиб қолсинлар. Бунинг оқибати эса ўша кишилик тарихида ҳали бунақаси бўлмаган катта хунрезликлар бўлди.

Ҳиндистондаги икки гуруҳ Панжобнинг айрим шаҳарлари Ҳиндистон ёки Покистонга қўшилиши масаласида ҳакам қилиб танлаган (Редклав)нинг золимона ҳакамлик қилгани ҳам шулардан биридир. Ўша ҳукмнинг оқибати ўлароқ мусулмонлар Верзобор ва Кордаспурдан ҳайдаб чиқарилдилар, молу жонлари борасида катта йўқотишлар ва улкан машаққатларга дучор бўлдилар. 

Трумэннинг саҳюнийларни, Фаластиндаги Исроил давлатини қўллаб – қувватлаши, ҳеч қандай ноаниқлиги бўлмаган араблар масаласига қаршилик қилиши ҳақида тўхталадиган бўлсак у бу ишни яҳудийларнинг меҳрини қозониш, уларнинг сиёсий, молиявий ва матбуотга оид нуфузларидан фойдаланиш, ўзининг сайланишига эришиш учун қилган эди. Араб давлатларининг ёрқин хужжатларига кўз юмиши, Франциянинг Жазоирда қилган  ваҳшийликларига Американинг сукут сақлаши ва мусулмон араб жазоири масаласида ана шу золим давлатнинг ёнида туриши, гуноҳ ва тажовузда унга ҳамкорлик қилиши – Оврўпо ва Америка раҳбарларининг ахлоқи сустлиги, сиёсий ҳаётни принсиплар эмас фойдалар эвазига айланишига далолат қилади.


давоми бор...