1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом адабиёти

Мусулмонларнинг таназзули сабаб дунё нималарни йўқотди? (6)

05:00 / 11.03.2017 5107 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Учинчи фасл

Усмонийлар бошқарувининг даври

Тарихнинг  саҳнасида Усмонийлар:

Ана ўша пайтда тарих саҳнасида усмонли турклар пайдо бўлишди. Муроднинг ўғли бўлган Муҳаммад иккинчи йигирма тўрт ёшида 753 ҳижрий йили (1453 м.) Византия давлатининг мустаҳкам пойтахти бўлмиш буюк Константинополни фатҳ қилди. Натижада Исломнинг умиди янгиланди. Мусулмонларнинг дилларида умид уйғонди. Турклар Усмон аҳли бошчилигида Ислом умматига раҳбарлик қилишни ишониб топширса бўладиган, мусулмонларга дунёдаги ўз мавқелари ва куч- қудратларини қайтариб беришига ишонса бўладиган эдилар. Саккиз аср давомида мусулмонларга бўйинсунмай келаётган Константинополни фатҳ этишлари (арабларнинг ҳарбий флоти милодий 664, ҳижрий 44 санада Буср ибн Артоа бошчилигида Константинополга юриш қилган. Язид ибн Муовия милодий 672, ҳижрий 52 санада Константинополни қамал қилган. Ана ўшандан сўнг араблар уни энг камида тўрт марта қамал қилишган. Унинг мустаҳкам бўлганлиги учун фатҳ қилиша олмаганлар.) уларнинг куч- қудратлари ва етукликларининг, ҳарбий соҳада ижтиҳод қилиш даражасига етганликларининг, ҳарбий соҳада гўзал етакчиликларининг, ҳарбий қурол- яроқлар ва уларни илм ва амал кучи билан ўз мақсадлари йўлида ишлатиш борасида ўзларига замондош бўлган халқлардан илгарилаб кетганларининг далил- исботи эди. Ана шу ишларнинг барчаси бу уммат учун жуда муҳим эди.

Муҳаммад Фотиҳнинг ҳарбий санъатдаги устунлиги:

Муҳаммад Фотиҳ –Драбир айтганидек, - риёзиёт илмларидан хабардор бўлган ва уни ҳарбий санъатда усталик билан татбиқ қиган. У ана шу юриш учун бор тайёргарлигини кўрган, ўз давридаги ҳарбий асбоб- ускуналар ва қурол- яроғларнинг барчасидан фойдаланган.

Барон “Карадфур” (Barron Carra de vaux) ўзининг “Исломдаги мутафаккирлар” номли китобининг биринчи жузида Муҳаммад Фотиҳнинг ҳаёт йўли ҳақида гапириб шундай ёзган:

“Дарҳақиқат, Муҳаммад Фотиҳнинг ушбу ғалабаси тўсатдан бўлиб қолган эмас. Византия давлатининг заифлашувининг ўзи билан ҳам эришган эмас. Балки ушбу Султон  ўзи учун лозим бўлган тайёргарликларни олдиндан кўриб қўяр эди. Бунинг учун ўзи яшаб турган даврда мавжуд бўлган барча илмнинг кучидан фойдаланар эди. Ўша пайтларда тўплар эндигина ихтиро қилинган бўлиб Султон ўша вақтда яратиш мумкин бўлган энг катта тўпларни яратиш устида иш олиб борди. Шунинг учун ҳам отадиган ўқининг вазни 300 кг лик бўлган ва бир милдан узоқроққа отадиган тўпни яратган муҳандисни шу ишга жалб қилди. Айтишларича ана шу тўпни ўз ўрнидан силжитиш учун етти юз киши, уни ўқлаш учун икки соатга яқин вақт керак бўлар экан. Муҳаммад Фотиҳ Константинополни фатҳ этиш учун юриш бошлаганида унинг қўли остида уч юз минг аскари ва жуда катта артиллерияси бўлган. Шаҳарни денгиз тарафидан қамал қилиб турувчи денгиз флотида 120та ҳарбий кемаси бўлган. У – ўзининг қобилияти билан- флотнинг бир томонини қуруқликдан кўрфазга олиб чиқишни ўйлаган ва ёғ- мой  суртилган ёғочлар ёрдамида етмишта кемани денгизнинг Қосим пошшо тарафидан сувга туширган”. (Амир Шукайб Арслоннинг “Ислом оламининг бугуни” китобига ёзган иловаларидан).

Туркий халқларнинг ўзига хос томонлари:

Оли Усмоннинг бошчилиги остида мусулмон турк халқлари ўша вақтдаги исломий умматлар орасидан ўзига хос хусусиятлари билан ажралиб турган ва бу билан мусулмонларга бошчилик қилишга ҳақли бўлганлар:

Биринчидан: ичида жиҳод руҳи бўлган бу халқ фаол, ғайратли интилувчан бўлган. –Келиб чиқиши, фитратга яқинлиги ва ҳаётдаги оддийлиги сабабли ҳам- шарқдаги исломий умматларнинг нақд жон томирига теккан ижтимоий ва маънавий иллатлардан соғлом бўлишган.

Иккинчидан: Исломнинг моддий ва маънавий  ҳукмронлигини кенг тарқатишга, адоват ва рақобатда бўлган халқларнинг зулмини қайтаришга, оламга йўлбошчилик қилишга имкон берадиган ҳарбий куч- қудрат уларда етарли бўлган. Усмонийлар ўз ҳукмронликларининг аввалидаёқ ҳарбий қурол-яроғлардан, айниқса, ўқ отар қуроллардан фойдаланиш пайида бўлганлар. Улар артиллерияга диққат қаратиб ҳарбий анжомларнинг энг замонавийларини қабул қилганлар. Ҳарбий санъатга, қўшинни тартибга солиш ва уларни сафарбар этишга эътибор қаратганлар. Ҳатто улар ҳарбий синоат борасида Оврўпо учун ҳеч бир шубҳасиз етакчига, баркамол намуна ва йўлбошчига айланишган эдилар.

Улар учта қитъада: Оврўпо, Осиё ва Африқода ҳукмронлик қилар, Форсдан то Марокашга қадар Ислом шарқига эгалик қилар эдилар. Кичик Осиёни ўзларига бўйсундириб Оврўпогача кириб бордилар. Ҳатто “Вена” деворларига қадар етиб бордилар. Улар, шубҳасиз, ўрта ер денгизининг ҳам хожалари эдилар. Уни ҳам атрофларида бошқалар учун ҳеч бир таъсир бўлмаган усмонлиларга тегишли деб билар эдилар. Пётр I нинг ишонган одамининг унга ёзишича Султон Қора денгизни ўзининг шахсий саройи сифатида билади ва бошқаларнинг унга киришига ижозат берилмайди. Улар Оврўпо қаршилик қила олмайдиган даражада улкан флотни тузганлар. Ҳатто 945 ҳижрий- 1547 милодий йилда уни бу ердан қувиб чиқариш учун Рим, Венеция, Испания, Португалия ва Малта давлатларининг флотлари бирлашган. Бироқ, уларнинг кўпликлари уларга ҳеч бир фойда бермади.

Усмонийлар салтанати Сулаймоннинг бошқаруви даврида ҳам қуруқлик ва ҳам сувдаги хожаликнинг, сиёсат ва диндаги ҳукмронликнинг ўртасини ўзида жамлаган эди.

Сулаймон шоҳнинг даврида усмонийлар давлатининг ҳудудлари шимолда Туна ва Сава дарёларигача, жанубда Нилнинг боши ва Ҳинд океанигача, шарқда Кавказ тоғ тизмаларигача, ғарбда Атлас тоғларигача етиб бориб 400 минг мил км. дан зиёда келар эди.

Усмонлиларнинг флоти 2000 мингдан ошиқ ҳарбий кемадан ташкил топган эди. Сефид денгизи, Адриатик денгизи, Мармара, Азақ, Қора ва Қизил денгизлари ҳам Форснинг шарқий қисми унинг тасарруфи ва ҳукмронлиги остида эди.

Биргина Римдан ташқари кўҳна дунёнинг барча машҳур шаҳарлари усмонийлар империясининг ҳудудига кирди. (Фалсафатут-тарихил- усмоний: 280-281саҳ.). Бутун Оврўпо  улардан қалтираб турар, катта- катта шоҳлари усмонли шоҳларнинг ҳимоясига кирар, юртларига турклар ташриф буюрадиган бўлсалар уларнинг ҳурматлари учун черковларининг қўнғироқларини жаранглатмасдан турар эдилар. Муҳаммад Фотиҳнинг вафот этгани хабари қулоғига етганида Папа уч кун давомида шукрона ибодатларини адо этишни ва байрам қилишни буюрган.

Учинчидан: улар халқаро бошқарув учун энг муносиб ўринда жойлашган эдилар. Осиё ва Оврўпога қараб турган томонлари билан Болқон ярим оролига ўхшаб кетар эдилар. Уларнинг пойтахтлари икки денгизлар- Қора ва Қизил денгизлар ўртасида жойлашган, икки қуруқлик- Осиё ва Оврўпонинг ўртасини боғлаб турар эди. Осиё, Оврўпо ва Африқога ҳукмронлик қиладиган энг буюк давлатнинг энг яхши пойтахти эди. Ҳатто Наполеон: “Агар ягона давлат бўладиган бўлса, унинг пойтахти бўлиш учун энг муносиб шаҳар Константинополь бўлар эди”, деган.

Оврўпони яқин келажакда улкан хатар ва буюк бир шаън кутар эди. Унда Оврўпода ҳаётийлик кучлари жўш урадиган, қалбида тараққиёт омиллари уйғонадиган эди. Шунинг учун ҳам турклар – агар Аллоҳ муваффақият берганида эди- илм ва ақл майдонида илгарилаб кетишлари, Оврўпонинг насроний халқларидан ўзишлари, оламнинг пешволарига айланиб дунёнинг тизгинини оврўполиклар ўз қўлларига олиб дўзахга ва харобга сари етаклашларидан олдинроқ уни ҳақиқат ва ҳидоятга сари етаклашлари мумкин эди.

Туркларнинг ахлоқан тубан кетишлари, илм ва ҳарбий синоат борасида музлаб қолишлари:           

Бироқ, -туркларнинг бахтларига қаршилигидан ташқари- мусулмонларнинг бахтига қарши турклар таназзулга юз тутиб пастлашишни бошладилар. Уларга ҳам ўзларидан олдинги умматларнинг касали: ҳасад, буғзу- адоват, подоларнинг зулму истибдоди, жабру жафолари, бузуқ тарбия, ахлоқсизлик, амирларнинг хоинлиги, халқни алдаш, халқнинг роҳат- фароғатга берилиши ва булардан бошқа таназзулга юз тутган халқларнинг ахлоқларидан турклар билан боғлиқ тарих китобларида баён қилинган нарсалар  секин- аста кириб борди. Ҳозир у гаплардан батафсил сўзлашиладиган маврид эмас. Уларга етган энг ёмон нарса уларнинг илмда, ҳарбий синоатда ва қўшинларни сафарбар этишда қотиб қолишларидир. Улар  Аллоҳ таолонинг: “Улар учун қўлингиздан келганича куч-қувват ва эгарланган отларни тайёр қўйингиз, бу билан Аллоҳнинг душманини, ўз душманингизни ва улардан бошқа ўзингиз билмайдиганларни қўрқитасиз. Уларни Аллоҳ биладир. Аллоҳ йўлида нимани сарф қилсангиз, сизга тўлиқ қайтарилур. Сизга зулм қилинмас”, деган сўзини, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ҳикмат Мўминнинг излаб юрган нарсасидир. Уни қаерда топса, бас, у ўша нарсага энг ҳақли кимсадир”, сўзларини ёддан чиқариб қўйган эдилар. Улар – ўзларини Оврўпо давлатлари билакдаги билакузукдек ўраб турган ҳолларида ўзларининг сиёсий ва жўғрофий жойлашувларидан келиб чиқиб ҳам, -Исломнинг буюк саркардаси Амр ибн Ос розияллоҳу анҳунинг Мисрда мусулмонларга қилган ушбу васиятини доимо ёдда тутмоқлари лозим эди:

“Хабарингиз бўлсинким, атрофингиздаги душманларнинг кўплиги, уларнинг диллари сизга ва сизнинг юртингизга талпиниб тургани туфайлидан Қиёмат кунига қадар хавфу хатарда бўласизлар”.  Аммо турклар қотиб қолиб замон илгарилаб кетди. Улар орта қолиб Оврўпо халқлари ўзиб кетдилар.

Туркиядаги илмий турғунлик:

Ёзувчи Холида Адиб хоним Туркиядаги ушбу илмий турғунликни шундай тавсифлаб берганки, шу жойда уни нақл қилсак мақсадга мувофиқ бўлур эди. У шундай дейди:

“Дунёни мутакаллимларнинг фалсафаси назорат қилиб турар экан Туркиядаги Ислом уламолари ўзларининг вазифаларини жуда ҳам чиройли қилиб бажариб юрдилар. Илм даргоҳларидан “Сулаймония” ва “Фотиҳ”лар ўша замондаги етакчи илм- фанларнинг маркази бўлган. Лекин Ғарб илоҳий фалсафанинг ва диндаги каломга доир баҳс- мунозараларнинг чангалидан халос бўлганларида янгича илм- фан ва янгича ҳикматга асос солиб дунёда инқилоб яратдилар. Уламолар жамоаси таълимнинг қийинчиликларини ўз зиммаларига олиш ва муаллимларнинг мажбуриятларини адо этишнинг уддасидан чиқа олмадилар. Уларнинг эътиқод қилишларича илм  милодий ўн учинчи асрда бўлгани каби ҳозирги мавқеидан ўтиб илгарилаб кета олмас эди. Ана шу нотўғри фикр милодий ўн тўққизинчи асрга қадар улардаги таълим тизимида ҳукмрон бўлиб келди”.

“Зотан, Туркия ва бошқа мусулмон юртлардаги уламоларнинг ушбу фикрларининг динга умуман алоқаси йўқдир. Илоҳий фалсафа ёки мусулмонларда ёхуд насронийларда мавжуд бўлган илми калом шубҳасиз грекларнинг фалсафасига асосланган эди. Унда мажусий файласуф бўлмиш Арастунинг фикрлари кўпчиликни ташкил қилар эди. Шу жойда мен масиҳий уламолар билан мусулмон уламоларнинг ақлий даражалари ўртасини қисқача қилиб солиштирсам яхши бўлар эди”.

“Қуръони Карим оламнинг табиий яралиши масаласига батафсил тўхталмаган. Ундаги таълимотнинг кўпроқ қисми ва энг катта эътибор ҳаётнинг маънавий- ижтимоий тарафларига қаратилган. Унинг энг катта мақсади гўзаллик билан қабоҳатнинг, яхши билан ёмоннинг ўртасини ажратиб беришдир. У оламга шариатни олиб келган. У ҳар қачон метафизика ёхуд маънавий билимлардан бирор бир масалани зикр қилар экан биз унда чигаллик ёки мушкулликни жуда ҳам оз учратамиз. Албатта, ундаги асосий таълимот тавҳиддир. Бинобарин Ислом оддийлик ва бағрикенглик динидир. У бошқа динлардан кўра табиий олам ҳақидаги янги назариялар учун бағри очиқроқдир. Лекин янги илмий таҳқиқларда кўмак берадиган ана шу бағрикенглик ва ана шу оддийликнинг умри мусулмонларнинг ҳаётида кўп ҳам узоққа чўзилмади. Ҳижрий тўққизинчи асрга келиб уламолар ва мутакаллимлар – фиқҳ у ёқда турсин – илоҳиётни занжирлар ва кишанлар билан қайдлаб ташладилар. Ижтиҳод ва таҳқиқлар эшигини маҳкам қилиб ёпиб ташладилар. Ана ўша вақтда Арастунинг фикрлари исломий фалсафага қўшилиб аралашиб  кетди”.

“- Роҳиб Павлнинг дини деб номланса яхшироқ бўладиган- масиҳий динида иш тамоман бошқача эди. Чунки, “Яратишнинг бошланиши” китобида табиий олам ҳақида батафсил сўз юритилади. Насронийлар уни Аллоҳнинг каломи деб имон келтирар эканлар унинг тўғри эканлигини ҳам эътироф этишлари керак эди. Қачонки кузатувлар уларнинг ушбу таъвилларини тасдиқламагач улар далил излашга мажбур бўлдилар ва Арастуга ёпишиб олдилар. Чунки унинг нутқи сеҳрнинг ишини бажарар эди”.

“Ғарбликлар табиатни мушоҳада, тажриба, анализ ва қисмларга ажратишлар ёрдамида ўрганишни бошлаганларида иш черков вакилларининг қўлларига тушди.  Уламолар амалий йўллар ёрдамида муҳим кашфиётларга эришганларида насронийликнинг уламолари черковнинг ҳукмронлиги инқирозга юз тутишидан хавфсираб қолдилар. Натижада дин билан илмнинг орасида қақшатқич кураш бошланди. Ўз ўрганишлари ва таҳқиқотларига берилиб кетган табиат уламоларининг улуғлари ўз илмларининг қурбонларига айландилар”.

“Насроний ибодатхонаси дин билан илмнинг ўртасидаги қонли урушлардан сўнг воқеълик билан рўбарў келишга мажбур бўлиб табиат илмларини ўз илм даргоҳлари ва куллиётларининг дастурларига киритди. Кечагина мусулмонларнинг билим даргоҳларидан фарқ қилмай турган дорулфунунлари табиий фанлар ва янги илмларнинг марказига айланди. Шу билан бирга ўз фалсафасидан воз кечмади. Бунинг оқибати шу бўлдики, черковнинг бошқаруви бир гуруҳ зиёли табақанинг қўлига ўтди. Католик ва протестантларнинг руҳонийлари янги илмларда шерик эдилар. Улар ҳар бир мавзуда янгилик излашга қодир эдилар”.

“Усмонли Туркиядаги  уламолар эса бунинг акси эдилар. Зеро улар янги илмларни эгаллашга аҳамият бермадилар. Ҳатто янги фикрларнинг ўз минтақаларига кириб келишига қаршилик қилдилар. Улар мусулмон умматнинг таълим бошқарувини ўз тасарруфларида сақлар эканлар янги нарсаларни ўзларига яқин келишига ижозат бермас эдилар. Чунки, турғунлик улардаги таълим тизимида устунлик қилар эди. Уларнинг сиёсат билан боғлиқ ишлари таназзул даврида ҳаддидан ошиб кетган эди. Кузатув ва тажриба машаққатларини ўз зиммаларига олиш учун уларга ижозат берилган эди. Улар эса Арастунинг фалсафасига осилишдан нарига ўтмадилар ва ўз билимларини дедукция асосига барпо этдилар. Шунинг учун милодий ўн тўққизинчи асрдаги мусулмон билим даргоҳлари милодий ўн учинчи асрдаги ҳолатича қолиб кетаверди”.(Шарқ ва Ғарбнинг Туркия учун кураши: 40-43бетлар).  

Тафаккур ва илмнинг оммавий таназзулга юз тутиши:

Илмдаги турғунлик ва тафаккурдаги хорғинлик Туркия ва унинг илмий- диний соҳаларидагина чекланиб қолган эмас эди. Балки Ислом дунёси шарқидан тортиб ғарбигача илмий томондан қурғоқчиликка ва бир оз фикрий фалажликка мубтало бўлган эди. Уни ҳолсизлик ва мадорсизлик ушлаган ва мудроқ босган эди. Эҳтимол тўққизинчи аср- агар саккизинчи аср демасак – дин ва илмда, адабиёт ва шеъриятда ҳамда ҳикматда фаоллик, яратувчилик ва ижодкорликнинг сўнги асрлари бўлган бўлса, ўнинчи аср ҳаракатсизлик, тақлидчилик ва ўхшатишликнинг сўнги асри бўлган бўлса  ажаб эмас. Ана шу ҳаракатсизлик диний билимлар, адабий фанлар, шеърий маънолар, ижод, тарих ва таълим системаларининг барча- барчаларини кенг қамраб олганлигини кўришингиз мумкин. Зеро сиз кейинги асрларда ёзилган биографик асарларда жуда иқтидорли, даҳо ёки ҳеч бўлмаганда муҳаққиқ каби унвонлар берилган шахсларни топмайсиз. Ёки шариат ва илоҳий билимлар борасида ўлмас рисола соҳиби шайх Аҳмад ибн Абдул Аҳад Сарҳандий (1024 милодий), “Ҳужжатуллоҳил болиға”, “Изолатул- хафо”, “ал- Фавзул- Кабир” ва “Рисолатул- Инсоф” китоблари муаллифи шайх Валиюллоҳ ибн Абдур Раҳим Деҳлавий (1176 милод.) ва унинг ўғли “Таквийнул- Азҳон”, “Асрорул- Маҳаббати” ларнинг муаллифи шайх Рафийъуддин (1233 милод), “Мансабул- имомати вал- абақот” ва “Сиротул- Мустақийм”лар муаллифи шайх Исмоил ибн Абдул Ғаний ибн Валиюллоҳ Деҳлавий каби Ислом дунёсининг қайсидир тарафларида яшаб ўтган айрим шахсларни истисно қилганда бирор бир илмда янгилик яратган ёхуд яхши қўшимчалар киритган кимсаларни учратмайсиз.

Биз ана шу сўнги асрларнинг шеъриятида агарчи кўплаб шеърлар битилган бўлсада хотирага ўрнашиб қоладиган бирор бир табиий шеърни ёки кўнгилга сурур берадиган ижодий асарни ўқимаймиз. Сўзни безашдаги нозиктаблик, лафз ва маънолардаги бўрттириш ва муболаға, ҳаддидан ошириб мақташ, шеърда эркакка нисбатан ошиқона муносабатда бўлиш,  ҳатто биродарлар ўртасидаги ёзишмалар ва табиий мақсадларда ҳам такаллуф ҳамда аҳмоқона қофияли насрлар бузиб юборган маза- матраси йўқ бўлган адабиётни кўрасиз. Бундай ишлар ҳатто тарих ва биографик асарларда ҳам кўп учрайди.

Худди шунга ўхшаб таълим соҳасидан ҳам мутақаддиминларнинг китоблари олиб ташланган ва уларнинг ўрнига сохтакор мутааххиринларнинг китоблари киритилган эди. Муаллифлари қоғозни қизғониб атайлаб чигал ва ноаниқ қилиб ёзган ҳошиялар, қарорлар, хулоса ва матнлар билан тўлиб тошган эди. Улар ўша асарлари худди стенография йўли билан ёзилганга ўхшаб кетар эди. Ана шуларнинг барчаси Ислом дунёси бошидан кечираётган илмий- ғоявий таназзулдан дарак бериб турар эди.

Усмонлиларнинг шарқдаги замондошлари:

Усмонийлар империяси шарқда иккита кучли давлат билан бир замонда яшар эди. Биринчиси темурийлардан бўлган Бобур (933 ҳижр.- 1546 милод.) асос солган мўғуллар салтанатидир. Бу салтанат султон Салим I билан замондош бўлган. Уни мусулмонларнинг энг кучли, энг мағрур, ҳарбий салоҳияти кучли ва мамлакати кенг бўлган подшолар кетма –кет бошқариб келдилар. Уларнинг энг улуғи Аврангзеб бўлиб у қудратли темурий шоҳларнинг энг сўнгиси, салтанати энг каттаси, энг кўп ғалаба қозонгани, энг мустаҳкам диёнатлиси Китоб ва Суннатни энг яхши билгувчироғи эди. У тўқсон йилдан кўпроқ умр кечирган ва эллик йил подшолик қилиб 1118 йилда вафот этган. Яъни милодий ўн саккизинчи асрнинг аввалида. Бу аср Оврўпонинг тарихида жуда ҳам муҳимдир. Бироқ у ҳам, ундан олдин ўтганлари ҳам Оврўпода кечаётган жараёнлар, унда пайдо бўлаётган улкан янгиликлар, унинг кўксида қайнаётган тараққиёт ва тикланиш омиллари билан мутлақо алоқаси бўлмаган. Улар ўз юртларига қатнайдиган оврўполик савдогарлар ва табибларга ёки – ана шу олис юртлардан келадиган оз сонли бўлганлари ҳолда - Оврўпо давлатларининг элчиларига паст ва менсимаслик назари билан қараганлар.

Улар Афғонистонда сафавийлар давлати билан яқин муносабатда бўлганлар. Бу давлат маданийлашган ва илғор эди. Бироқ ўзининг шийъапарастлиги билан, гоҳ усмонлилар империясига ҳужум қилиш гоҳида эса ўзини ҳимоя қилиш билан машғул бўлиб қолган эди.

Бу икки империя ўзи тарафлари билан чекланиб қолган, ғарб у ёқда турсин ҳатто яқин шарқда, бегона ўлкалар у ёқда турсин ҳатто мусулмон ўлкаларда бўладиган воқеалардан узоқда эди. Ўзаро бирлашиш ва жипслашиш ҳақида тўхталадиган бўлсак улардан ҳеч кимнинг хаёлига бу нарсалар келмас эди. Бу нарса шарқда жойлашган давлатларнинг ва шахсий ҳукуматларнинг табиатида бор бўлган ва ота- боболари васият қилиб кетган ишлардан эди. Худди шунингдек Оврўподаги илмий ва ҳарбий вазиятларни ўрганиш, хориждан илму фанларни ва саноатни ўзлаштиришлик ўша асрда ҳеч бир инсоннинг ақлига келмас эди.

Илмсиз Оврўпонинг уйғониши ва табиий фанлар ҳамда саноат борасида жадаллашуви:

Милодий ўн олти- ўн еттинчи асрлар келажаги бор бўлган инсоният тарихининг энг муҳим даври бўлди. Бу пайтда Оврўпо ўзининг узоқ муддат давом этган уйқусидан уйғонди. Ғафлат ва илмсизликда ўтган замонини ўзлаштириб олиш ва ўз мақсадига тез фурсатда балки унга томон бор қанотлари билан учиш учун ўз уйқусидан қутурган ҳолда турди. Табиат кучларини бўсундириб, коинотдаги сирларни аниқлаб, авваллари номаълум бўлган қитъалар ва денгизларни кашф қилиб, ҳар бир илм- фанда ва ҳаётнинг барча жабҳаларида янгича ғалабаларга эриша бошладилар. Ана шу қисқа муддат ичида барча илм ва иқтидор борасида Коперник, Бруней, Галилео, Кеплир ва Нютон кабилар ва бошқалар етишиб чиқиб эски низомни бекор қилиб янгисига асос солдилар. Илм билан оламларни кашф этдилар. Кашфиётчи кимсалар Колумб, Васко Дагама ва Меглин кабилар эдилар. Ушбу даврда халқларнинг тарихи қолибларга солиб қуйилаётган эди. Халқлару элатларнинг юлдузлари баъзиси чиқаётган бўлса яна баъзилари ботиб бораётган эди. Уларнинг ботаётганлари чиқаётган ва чиқаётганлари ботиб бораётган эди. Ўша вақтда бир соат бир кунга ҳатто бир неча кунга баробар келар, бир кун бир йилга ҳатто бир неча йиллар билан баробар эди. Шунинг учун ҳам бир соатни зое қилган киши бутун бир замонни зое қилган бўлар эди.

Мусулмонларнинг ҳаётдаги қулайликлар борасида ортда қолишлари:

Аммо мусулмонлар нафақат соат ва кунларни балки асрлар ва авлодларни зое қилдиларки унда оврўполиклар ҳар бир дақиқа ва ҳар бир сонияни ғанимат билдилар, ҳаётнинг барча жабҳасида жадаллик билан ҳаракат қилиб бир неча йилда бир неча асрлик масофани босиб ўтдилар.

Туркиянинг илм- фан ва саноат майдонида қанчалик турғунликда қолганини кемасозлик саноатининг Туркияга фақатгина милодий ўн олтинчи асрда кириб келгани кўрсатиб беради. Фақатгина  ўн саккизинчи асрга келиб босмахоналар пойтахтга ва шифохоналар бу давлатга кириб келган. Шунингдек ҳарбий билим юртлар ҳам Оврўпоча услубда бўлган. Ана шу асрнинг охирига келиб Туркия саноатсозлик ва кашфиётлардан узоқда қолиб кетди. Ҳатто пойтахтнинг тепасида учиб юрган ҳаво шари- аэростатни кўриб сеҳргарлик ва кимёгарликнинг ишларидан бири деб ўйлаганлар. Фаровон турмуш ва маданият қулайликлари борасида Оврўпонинг энг кичик давлатлари ҳам Туркиядан илгарилаб кетган бўлган. Ҳатто Миср ҳам темир йўллардан фойдаланиш ва поездларни йўлга қўйишда ундан тўрт йилга, почта маркаларини ишлатишда бир неча ойга илгарилаган бўлган.

Уларнинг ҳарбий саноат борасида ортда қолишлари:

Мусулмонлар нафақат назарий, ҳуқуқий ва маданий фанларда таназзулга юз тутдилар балки бу таназзул кенгқамровли эди. Ҳатто улар кейинги замонларда турклар муаллифи ва манбаи бўлган ҳарбий саноат борасида ҳам Оврўподан ортда қолиб кетдилар. Уларнинг бу борадаги фазллари ва машҳурликларини дунё эътироф этган эди. Бироқ Оврўпо ўз ихтиролари, ишлаб- чиқариш кучи ва яхши йўлга қўйилганлиги билан улардан ўзиб кетди. Ҳатто уларнинг қўшинлари 1774 милодий санада усмонлилар қўшинини қақшатқич мағлубиятга учратиб, ўзининг жанг майдонидаги пешқадамлигини яна бир бор намоён қилганида усмонлилар империяси сал- пал ўзига келган эди. Қўшинни тартибга солиш ва аскарларни тайёрлаш учун Оврўполик моҳирларни чақириб ишга солган эди. Ўн тўққизинчи асрнинг бошларида султон Салим учинчи ислоҳотларни бошлаб юборади. У –ўзидан аввалгилардан фарқли ўлароқ- сарой ташқарисида униб- ўсган ва таълим олган катта иқтидор эгаси эди. У янги билим даргоҳлари барпо этади. Унинг ўзи ҳам ҳандаса (геометрия) фанлари билим даргоҳида таълим берган. У янгича услубда бир қўшин тузади. Сиёсий тузумга ўзгартиришлар ва такомиллаштиришларни киритади. Халқ ҳамма нарсада чўққи даражада қотиб қолган ва эскиликни жуда ҳам асраб- авайлар эди. Охири  аввалги қўшинлар унга қарши қўзғолон қилиб хоинлик билан уни қатл қилишади. Унинг ўрнига милодий 1807 дан 1839 га қадар ҳукмронлик қилган Маҳмуд Иккинчи ўтиради. Ундан кейин Абдулмажид Биринчи 1839- 1851 йилларда раҳбарлик қилади. Шундай қилиб бу иккаласи Салим Учинчининг мақсад ва вазифасини давом этдирадилар ва Туркия бир оз тараққийлашади.

Тараққиёт ва юксалиш майдонида мусулмон Туркия босиб ўтган ушбу қадамлар билан ўн саккиз- ўн тўққизинчи асрларда Оврўпо босиб ўтган қадамларни муқояса қилиб кўрсангиз каттагина фарқни кўрасиз. Унинг бу майдондаги ҳатти- ҳаракати тошбақа билан қуённинг беллашувидан бошқа нарса эмасди. Бироқ қуён ўз иши учун хушёр ҳаракат қилса тошбақани уйқу босиб пинакка кетиб қолади.

давоми бор...

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
mdash Маллим, Фазлиддин рўза тутибди, mdash деди Сарвигул синфга кириб келган синф раҳбарига.mdash Рўза тутибди Саккизинчи синф ўқувчиси я mdash деди раҳбар Қўчқоров. mdash давоми...

3040 05:00 / 07.03.2017
.Ҳилол, журналининг ўтган сонларида каминанинг битиклари чоп этилган эди. Орадан вақт ўтиб, журнал таҳририяти томонидан унинг 50сони тақдимотига таклиф қилиндим. давоми...

1001 11:17 / 08.11.2023
АЖАБ САОДАТ...Уларнинг жисмлари ҳибсда. Руҳлари эса озодликда. Ҳозир ўқлар узилади. Бедор юраклар уришдан тўхтайди. Жисм ҳаёт чоғида агар юрак фақат қон ҳайдаш давоми...

3529 05:00 / 07.03.2017
Холид ибн Кийсондан ривоят қилинади .Абдуллоҳ ибн Умарнинг ҳузурида эдим. Шунда Иёз ибн Ҳайсама ўрнидан туриб .Эй Форуқнинг ўғли Сенга ўз шеърларимдан айтиб давоми...

2919 05:00 / 07.03.2017
Аудиолар

120149 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41811 14:35 / 11.08.2021