366 11.03.2017

Учинчи боб
Ислом даври
Биринчи фасл
Исломий раҳбарлик даври


Мусулмон раҳбарлар ва уларнинг хусусиятлари:

Мусулмонлар пайдо бўлиб оламнинг бошқарувини қўлларига олдилар ва ҳаста миллатларни ўз вазифаларини суиистеъмол этганлари учун инсониятга етакчилик қилишдан четлатдилар. Ўзлари эса инсониятни адолат, интизом ва жадаллик билан йўлга бошладилар. Уларда дунё халқларига етакчилик қилиш учун уларни тайёрлайдиган, уларнинг соялари остида ва раҳбарликлари билан халқларнинг саодатли ҳаёт кечиришларига кафил  бўладиган сифатлар мавжуд эди.  



Биринчидан: уларга Китоб нозил қилинган ва илоҳий шариат эгаларидирлар. Шундай бўлгач улар қонун- қоидаларни ўзларича тўқиб чиқармайдилар. Чунки бу иш айни жаҳолат, хато ва зулмдир. Улар ўз ҳаёт тарзлари ва сиёсатларида, одамлар билан қилаётган муомалаларида кўр-кўрона иш тутмайдилар. Аллоҳ уларга одамлар орасида юришлари учун нур ато этгандир. Аллоҳ уларга одамлар орасида ҳукм чиқаришлари учун шариатни бергандир: “Аввал ўлик бўлган одамни тирилтириб, унга одамлар орасида юрадиган нурни бериб қўйган бўлсак, у билан зулматлар ичида ундан чиқа олмай юрувчи одам ўхшаш бўладими?” (Анъом:122). Аллоҳ таоло марҳамат қилиб: “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳ учун ҳақда туринг, адолатли гувоҳ бўлинг. Бир қавмни ёмон кўришингиз сизни уларга нисбатан адолат қилмасликка олиб бормасин. Адолат қилинг. Бу тақвога оид ишдир. Аллоҳга тақво қилинг. Албатта, Аллоҳ қилаётган амалингиздан харабдор зотдир”, дегандир. (Моида:8).

Иккинчидан: улар ўтмиш ва ҳозирдаги  бошқа кўпгина халқлар, шахслар ва ҳукумат арбоблари сингари ахлоқий тарбия ҳамда нафсни покламасдан туриб ҳукумат ва уни бошқаришни қўлга олган эмаслар. Балки улар узоқ вақт Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тарбияларини олдилар, кузатувлари остида турдилар. Уларни покладилар, одоб бердилар, зоҳидлик, вараъ, поклик, омонатдорлик, ўзгаларни устун қўйиш, Аллоҳдан қўрқиш, раҳбарликка талпинмаслик ва унга ҳарис бўлмасликка ўргатдилар. Пайғамбар алайҳиссалом: “Биз албатта, Аллоҳга қасамки ушбу амални уни сўраган ёки унга ҳарис бўлган кимсага  ҳаргиз топширмасмиз!”, дейдилар. Аллоҳ таолонинг: “Ўша охират диёрини Биз ер юзида такаббурлик ва бузғунчиликни истамайдиганлар учун қилурмиз. Оқибат тақводорларникидир”,  деган қавли доим уларнинг қулоқлари остида жаранглаб туради учун ҳам улар зиёга талпинган парвоналарга ўхшаб мансабларга талпинмайдилар. Аксинча улар ўзларини раҳбарликка номзод қилиб кўрсатиш, ўзларини мақтаб ташвиқот олиб бориш, мансабни қўлга киритиш учун молу дунёни сарфлаш у ёқда турсин амалга ўтиришда сенсола қиладилар ва уни зиммаларига олишга иккиланадилар. Бордию одамларнинг бирор бир ишларига раҳбарликни зиммаларига олсалар ҳам сарфлаган моллари ёки қилган меҳнатларининг ўрнини қопласин учун уни ғанимат билмайдилар. Балки уни ўз зиммаларидаги омонат ва Аллоҳ таоло тарафидан юборилган бир имтиҳон деб ҳисоблайдилар. Улар Роббилари ҳузурида туришлари, катта- кичик ишлари юзасидан саволга тутилишларини биладилар ва  Аллоҳ таолонинг: “Албатта, Аллоҳ сизларга омонатларни ўз аҳлига эриштиришни ва агар одамлар орасида ҳукм қилсангиз, адолат ила ҳукм қилишни амр қиладир. Аллоҳ сизларга қандай ҳам яхши ваъз қилур! Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчи зотдир”, “У сизларни ер юзида халифалар қилган ва Ўзи берган нарсаларда сизни синаш учун баъзингизнинг даражасини баъзингиздан устун қилган зотдир. Албатта, Роббинг иқоби тез зотдир. Ва, албатта, у мағфират қилувчи ва раҳмлидир»”, деган сўзларини доим ёдда тутадилар. 

Учинчидан: улар бирор бир миллатнинг хизматкорлари, бирор бир халқ ёки ватаннинг элчилари эмасларки фақатгина унинг гуллаб яшнаши ва манфаати йўлида саъй қилиб юрган бўлсалар. Уни барча халқлар ва ватанлардан кўра шарафли ҳамда буюк деб инонсалар. Улар фақатгина раҳбар бўлиш учун яратилган ҳам эмаслар. Раҳбарлик ҳам фақат уларники бўлиш учун яратилмаган. Улар араб империясини яратиб унинг соясида роҳат фароғатда яшаш, унинг ҳимояси остида кеккайиш ва ғурурланиш, одамларни Рум ҳамда Форс империясидан чиқариб олиб арабларнинг, ўзларининг ҳумронликларига ўтказиш учун яратилган эмаслар. Уларнинг бирдан бир мақсадлари барча одамларни одамларга қуллик қилишдан ягона Аллоҳга қуллик қилишга олиб чиқиш бўлган. Бу ҳақда мусулмонларнинг Яздажирдга юборган элчилари Рибъий ибн Омир: “Аллоҳ Ўзи истаган кимсани бандаларга қуллик қилишдан Аллоҳнинг ибодатига чиқаришимиз учун, тор дунёдан кенг дунёга, динларнинг жавридан Исломнинг адолатига бошлашимиз учун бизларни юборди”, деган эди. Демак ҳамма халқлар уларнинг наздида тенгдирлар. Одамлар ҳам тенг. Ҳамма одамлар Одамдан таралган. Одам эса тупроқдан яралган. Агар тақвоси бўлмаса, арабнинг ажамдан ва ажамнинг арабдан устунлиги йўқдир: “Эй одамлар! Биз сизларни бир эркак ва аёлдан яратдик ва сизларни ўзаро танишишингиз учун халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлигингиз энг тақводорингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир” .

Умар ибнул- Хаттоб Мисрнинг ҳокими Амр ибн Осга- унинг ўғли бир мисрликни уриб ота-боболари билан мағрурланганида ундан мисрликнинг қасосини олиб бериб,- шундай деганлар:  “Сизлар оналари ҳур қилиб туғган инсонларни қачон қул қилиб ола қолдингизлар?!”, деган. Демак, ўша одамлар ўзларидаги дин, илм ва тарбияни ҳеч кимдан қизғонмаганлар. Ҳукмда, амирлик ва фазлда насаб, ранг ва ватанни эътиборга олмаганлар. Балки улар барча ўлкаларга бирдек таралган ва барча одамларни ўз ичига қамраган булут каби эдилар. Ўзининг қабул қилиши ва салоҳияти миқдорига қараб одамлар ва диёрларга манфаати етадиган, пастликлару баландликлар миннатдор бўлган ёмғирли булутлар эдилар.(Абу Мусо Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: У зот: “Аллоҳ мен билан юборган ҳидоят ва илм худди ерга тушган ёмғирга ўхшайди. У ернинг баъзиси сувни қабул қиладиган тозадир учун кўплаб ўт-майсалар униб чиқади. У ернинг баъзиси сувни тутиб қоладиган унумсиздир учун Аллоҳ у билан одамларга фойда еткиради. Ундан ичадилар, чорваларини суғорадилар ва зироаткорлик қиладилар. Яна улардан бошқа шундай бир ерга тушганки, у теп-текис бўлиб сувни ҳам тутиб  қолмайди, ўсимлик ҳам ундирмайди. Бу худди Аллоҳнинг динида фақиҳ бўлган ва Аллоҳ мен билан юборган нарсадан фойда топиб ўзи ҳам ўрганган ва бошқаларга ҳам ўргатган одамлар билан мен пайғамбар қилиб юборилган ҳидоятни қабул қилмаган ҳамда унга бурилиб ҳам қарамаган одамлар кабидир”, дедилар). Бухорий ривояти.

Ана ўша одамларнинг соялари ва раҳбарликлари остида халқлар ва элатлар- ҳатто уларнинг авваллари энг зулм остида бўлганлари ҳам,- дин, илм, тарбия ва ҳукуматдан ўз насибасига эга бўла олди. Янги дунёни барпо этишда араблар билан теппа- тенг хизмат қила олди. Балки уларнинг кўплари айрим фазилатлар борасида араблардан ҳам ўтиб кета олдилар. Уларнинг ичларидан арабларнинг бошига тож бўладиган имомлар чиқдилар. Имомлар, фақиҳлар ва муҳаддислардан иборат мусулмонларнинг буюклари етишиб чиқдилар. Ҳатто Ибн Халдун шундай деган эди: “Ғароиб иш шуки, ислом миллатидаги олимларнинг кўплари ажамлар – араб бўлмаган халқлардир. Бу борада шаръий илмлар билан ақлий илмлар баробардир. Миллат араб тилида, шарийъат соҳиби (яъни, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам) араб  бўлишларига қарамасдан агарчи уларнинг ичида насаби араб бўлганлари бор бўлса-да, тили, тарбияси ва устозлари ажамдир”. Исломнинг ўтган даврларида ушбу халқларнинг ичларидан шундай етакчилар, шоҳлар, вазирлар ва фозил инсонлар етишиб чиқдиларки, улар ердаги юлдузлар ва инсониятнинг буюклари, ададини Аллоҳдан ўзгаси билмайдиган  даражада оламга яхшилик, мурувват, қаҳрамонлик, диёнат ва амалларни тақдим қилган кишилардилар.

Тўртинчидан: инсон жисм ва руҳдан иборатдир. Унда қалб, ақл, ҳис-туйғу ва аъзолар бор. Унда ана шу қувватларнинг барчаси ўзига мос ва лойиқ тарзда унмагунига ва соғлом озуқа олмагунига қадар бахтли бўла олмайди, нажот топа олмайди, адл ва интизом билан юксала олмайди. Албатта, соғлом маданиятни пайдо қилиш учун инсон ўзининг инсонийлик нуқтаи назаридан камолига осонлик билан ета олишига имкон берадиган дин, ахлоқ, ақл ва жасад билан боғлиқ томонлар  кучлилик қилиши керак бўлади. Тажрибалар шуни кўрсатдики бу нарсага эришмоқлик учун руҳ ва моддага ишонадиган, ҳаётда диёнат ва ахлоқ тарафидан намуна бўладиган, соғлом ва вазмин ақл, фойдали ва тўғри илм эгалари бўлган кишилар ҳаётни бошқариш ва маданиятни идора қилишни албатта ўз қўлларига олишлари керак. Чунки уларнинг ақидаларида ёки тарбияларида нуқсон бўлса ўша нуқсон катта тус олиб уларнинг маданиятларига таъсир қилади ва кўпгина кўринишлар ҳамда шаклларда пайдо бўла бошлайди. Борди-ю, агар фақатгина моддага, унга алоқадор бўлган лаззатга, ҳиссий манфаатларгагина ишонадиган, фақатгина ушбу ҳаётга имон келтириб ҳисс доирасидан ташқарисига инонмайдиган жамоат ғолиб келадиган бўлса, унинг табиати, эътиқоди ва майллари маданиятни пайдо қилишда ва уни ташкил этишда таъсир кўрсатади. Уни ўз қолипига солади ва ўз андозаси билан тузади. Ана шунда инсоният учун баъзи томонлар мукаммал  бўлса ҳам ундан кўра муҳимроқ бўлган бошқа томонлар нуқсонли бўлиб қолади. Бундай маданият   гипс ва ғиштларда, варақ ва матоларда, темир ва қўрғошинларда яшайди. Уруш майдонлари ва жангларда, маҳкамаларда, лағв бўладиган жойларда, фужур бўладиган йиғинларда унумдор бўлади. Диллар ва руҳларда, хотиннинг ўз эри билан, боланинг ўз отаси билан, отанинг ўз боласи билан, аканинг ўз укаси билан, кишининг ўз дўсти билан бўладиган муомаласида “ўлик” бўлади. Маданият ўзининг баҳайбат гавдаси билан кўзни ҳайбатга соладиган, қалбидаги оғриқ ва аламдан, саломатлиги бузилганидан шикоят қиладиган жисмга ўхшаб қолади.

Агар моддани инкор қиладиган ёки унинг бирор жабҳасига бепарво қарайдиган, фақатгина руҳга ва ҳиссдан, табиатдан ташқаридаги нарсага эътибор қиладиган, ушбу ҳаётни ўзига душман билиб унга қарши курашадиган бир  жамоат ғолиб келадиган бўлса, маданиятнинг ғунчаси қурийди, инсоний қувватлар чекинади, одамлар- ана шу етакчиликнинг таъсири остида- саҳроларга ва хилватларга бориб яшашни шаҳарларда яшашадан афзал кўрадиган, уйланмасдан ўтишни оила қуриб яшашдан кўра маъқул кўрадиган, жисмларига азоб бериб ҳатто руҳиятни поклашлик учун уни кучсизлаштирадиган, яшагандан кўра  ўлимни устун қўядиган бўлиб қоладилар. Токи улар модданинг мамлакатидан руҳнинг иқлимига ўтиб ўша ерда ўзларининг баркамолликларига эришсинлар. Чунки уларнинг эътиқодларича моддий оламда етукликка эришиб бўлмайди. Бунинг натижаси эса маданиятнинг ўтроқлашиши, шаҳарларнинг харобага айланиши, ҳаётнинг низоми бузилишидир. Ана шу нарса фитратга терс бўлгани учун ҳам қасос олишга ўтиш, ҳайвонийлик моддияти билан руҳиятни ва ахлоқни кечириб бўлмайдиган даражада интиқом олиш пайига ўтиб олишга олиб боради. Шундай қилиб инсонийлик синади, унинг ўрнини эса ҳайвонийлик, инсонийлиги ўзгартирилган ёвузлик эгаллайди. Ёки ана шу тарки дунёчи жамоатга кучли моддиюнчи жамоа хужум қилади ва ўзи табиатан заиф бўлгани учун ҳам унга қарши кураша олмасдан унга таслим бўлади ҳамда итоат қилади. Ёки унинг ўзи – дунё ишларини муолажа қилиш йўлидаги қийинчиликлардан қочиш билан – илгарилаб кетади-да, моддиёт ва моддийюнчилардан ёрдам сўрайди, сиёсат ишларини уларнинг қўлларига топшириб қўйиб ўзи ибодатлар ва диний ананалар билан чекланиб қолади. Дин билан сиёсатнинг ўртасида ажралиш пайдо бўлиб руҳонийлик ва ахлоқ зим бўлади, сояси кесилади, кишилик жамияти ва амалий ҳаёт устидаги салтанати йўққа чиқади. Ҳатто хаёл ва тасаввурга ёки ҳаётга таъсири йўқ бўлган илмий назарияга айланиб қолади. Ҳаёт фақат моддийликдан иборат бўлиб қолади. Ҳаётда етакчиликни қўлига олган жамоаларнинг барчасида ҳам ана шу нуқсонларнинг бўлмаслиги жуда кам ҳолдир. Шунинг учун ҳам маданият ҳайвонийликка хос моддийлик билан руҳонийлик ва роҳибликнинг ўртасида тебраниб келмоқда ва доим изтиробдадир.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари ўзларининг диёнат ва ахлоқ, куч- қудрат ва сиёсатнинг ўртасини ўзларида мужассам қилганликлари билан ажралиб турадилар. Инсонийликнинг барча томонлари, дунёдаги етакчиларга тарқалган барча эзгуликлар уларда намоён бўлиб турарди. – Ўзларининг ахлоқ ва руҳий томонлама олган юксак тарбиялари, кишига камдан кам бериладиган ғароиб мўътадилликлари, руҳ билан жисмнинг манфаатларини жамлаганликлари, ўзларидаги моддий ва етук истеъдодлари ҳамда кучли ақллари билан- улар халқларни руҳий, ахлоқий ва моддий тарафдан инсонийликнинг энг намунали чўққисига қадар олиб боришлари мумкин эди.

Хулафои рошидинларнинг даври энг зўр маданиятнинг тимсолидир:

Шундай ҳам бўлган эди. Тарихда ана шу жиҳатларнинг барчасида ўша давр- хулафои рошидинларнинг даврларидагидан кўра кўркамроқ, етукроқ ва гўзалроқ бир давр бор бўлганлигини билмаймиз. Зеро, ўша даврда руҳ, ахлоқ, дин, илм ва моддий асбоблар баркамол инсонни ҳамда соғлом маданиятни яратиш йўлида бир- бирларига ҳамкор кучга айланган эдилар. Дунёдаги энг катта ҳукуматлардан бирига, ўз замонасидаги барча қудратдан ҳам кучли турадиган моддий ва сиёсий кучга айланган эдики, уни этиканинг юксак намунаси бошқариб туради, одамларнинг ҳаётидаги ва ҳукумат низомидаги фазилатли ахлоқларнинг меъёрларини мустаҳкамлайди. Унда ахлоқ ва фазилатлар тижорат ва саноат билан бирга ривожланиб боради. Ахлоқ ва руҳий жиҳатдан юксалиш фатҳ этилган маконлар кенгайиб маданият ривожланиб бориши билан қадамма- қадам юради. Натижада эса жиноятлар камаяди, мамлакат ҳудуди, аҳоли сонига нисбатан агарчи омиллар ва сабаблари мавжуд бўлсада қонунбузарликлар озайиб боради. Шахснинг шахсга, жамоатга муносабати, жамоатнинг шахсга муносабати яхшиланади. Айни шу етуклик даври бўлиб инсоният ҳали ундан кўра юксакроғини орзу қилган эмас ва тахминчилар ундан кўра гўзалроғини тахмин ҳам қилган эмаслар. Бундай давр ҳукуматни бошқариб турадиган, маданиятни назорат қилиб борадиган кимсаларнинг сийратлари, уларнинг эътиқодлари, тарбиялари, ҳукуматни бошқариш ва сиёсатларидаги юриш туришлари билангина амалга ошади. Зеро улар диёнатли, қаерда бўлмасинлар олийжаноб хулқ эгалари бўладилар. Улар покдомон, ишончли, худотарс ва ҳокисор бўладилар. Бунда улар раҳбар бўладиларми ёки оддий фуқаро, миршаб бўладиларми ёки оддий аскар, барибирдир. Румнинг кекса аъёнларидан бири мусулмонларнинг аскарларини тавсифлаб шундай деган: “Улар тунлари ибодат қиладилар, кундузлари рўза тутадилар. Аҳдларига вафо қиладилар, яхшиликларга буюриб ёмонликлардан қайтарадилар, бир – бирлари билан холис ва самимий муносабатда бўладилар”. Бошқа бирови эса: “Улар кундузлари аскар, тунлари роҳиб. Ўз вазифаларида ҳам пулини бермасдан емайдилар. Қаерга кирмасинлар албатта, салом берадилар. Улар билан уруш қилганларни ҳали олдига келмасдан туриб мағлуб қиладилар”, деса, яна бири бундай ёзади: “Тунлари бўлса роҳиб бўладилар. Кундузлари эса аскарга айланадилар. Улар овозларини баландлатиб Қуръон ўқийдилар ва зикр қиладилар учун ҳам ёнингда ўтирган кишига гапирсанг эшитмайди”.  Мадоин жангида аскарлар Кисронинг юз минглаб динорга баҳоланадиган тожи ва гиламини қўлга киритганларида ҳеч бир қўл уни ушлаб ҳам кўрмади, бирор бир шахс уни қизғангани ҳам эмас. Шундоққина олиб уни  амирга топширганлар, у эса мусулмонларнинг халифасига юборади. Халифа бу ишдан таажжубга тушиб “Албатта, бу ишни адо этганлар шубҳасиз ишончли одамлардирлар!”, дейди.

Исломий раҳбарликнинг жамоат ҳаётига таъсири:

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тобеълари бўлган ушбу халқ ўз соясида ва ҳукми остида инсониятни бахтли қилишга, уни тўғри мақсад билан тўғрича юриш орқали тўғри йўлга етаклашга, ўз даврида оламни обод этиб унга хотиржамлик ато этишга, заминни гуллатиб яшнатишга муносиб эдилар. Чунки улар инсониятнинг манфаати йўлида жон куйдирадиган ва уни ҳимоя қиладиган эдилар. Темир қафасга ёки гардандаги ғуллга ўхшайдиган ушбу ҳаётга қарамасдилар. Шунинг учун ҳам уни дўст тутишмас, қайта такрорланмайдиган фурсатни ғанимат билиб унинг неъматлари, ўйин- кулгулари ва лаззатларини ўйламас эдилар. Уни деб бир озгина бўлсада вақтни сарфламаганлар. Унинг яхши нарсаларидан жамғариб қўймаганлар. Шунингдек улар ҳаётни азоб деб, қайсидир гуноҳнинг жазоси деб билмайдиларки, ундан қутулиш пайида бўлсалар. Улар дунёга тўшаб қўйилган бир дастурхон сифатида эътибор бермайдилар учун ҳам унга ташланмайдилар. Ердаги неъматлар, хазиналар ва бойликларга эгаси йўқ молга қараган каби қараб уни деб бир- бирлари билан уришмайдилар. Кучсиз халқларга ўлжага қарагандек қараб уни қўлга киритиш учун ким ўзарга ўйнашмайдилар. Аксинча улар ушбу ҳаётни Аллоҳнинг неъмати деб биладилар. Зотан у ҳар бир яхшиликнинг асли ва ҳар бир хайрлик ишнинг сабабидир. Уни қилиб Аллоҳга яқинлик ҳосил қиладилар ва улар учун белгиланган инсоний баркамолликка эришадилар. Яна бу ҳаётни амал ва жиҳод учун қайта берилмайдиган бир фурсат деб биладилар: “У ўлим ва ҳаётни сизларнинг қайсиларингиз амалда яхшироқ эканлигингизни синаш учун яратгандир. У азиз ва ўта мағфиратлидир”, “Биз ер юзидаги нарсаларни, уларнинг қайсилари гўзалроқ амал қилишини синаш учун, зебу зийнат қилиб қўйганмиз”

Бу оламни Аллоҳнинг мулки, -энг аввал- унда бизни Ўзининг халифаси қилиб қўйган, чунки У аслида инсонни ердаги халифаси бўлиши учун яратган эди: “Мен ер юзида халифа қилмоқчиман”, “У сизлар учун ер юзидаги барча нарсани яратган зот”, “Батаҳқиқ, Биз Бани Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик ва уларни қуруқлигу денгизда (улов-ла) кўтардик ҳамда уларни пок нарсалар ила ризқлантирдик ва уни Ўзимиз яратган кўп нарсалардан мутлақо афзал қилиб қўйдик”.

-Иккинчидан- у Аллоҳнинг амрига таслим бўлган, Унинг ҳукмига бўйинсунгани учун ҳам уни Аллоҳ Ердаги Ўзининг халифаси қилган ва ундаги одамларни унга топширган деб билади: “Аллоҳ сизлардан иймон келтириб, солиҳ амалларни қилганларга уларни ер юзида худди улардан олдин ўтганларни халифа қилганидек халифа қилишни, улар учун Ўзи рози бўлган динни мустаҳкамлашни ва уларнинг хавф-хатарларидан сўнг омонликни бадал қилиб беришни ваъда қилди. Менгагина ибодат қилурлар ва Менга ҳеч нарсани ширк келтирмаслар”.

Аллоҳ уларга Ердаги бор яхшиликлардан исроф қилмаган ҳолда баҳраманд бўлиш ҳуқуқини берган: “У сизлар учун ер юзидаги барча нарсани яратган зот”, “Еб-ичинг ва исроф қилманг. Чунки У зот исроф қилувчиларни севмас”, “Сен:«Аллоҳ Ўз бандаларига чиқарган зийнатларни ва покиза ризқларни ким ҳаром қилди?!» деб айт. «Улар ҳаёти дунёда иймон келтирганларга, қиёмат кунида эса фақат ўзларига хосдир»”, деб биладилар. Ердаги халқлар ва кишилик жамоалари устидан назорат қилиб турадиган қилиб қўйганки улар халқларнинг юриш-туришини, ахлоқию хоҳишларини кузатиб борадилар. Ана шунда адашган кимсани тўғри йўлга бошлаб юборадилар, туғёнга кетганни қайтарадилар, бузилганни тузайдилар, эгрини тиклайдилар. Кучлидан кучсизнинг ҳақини ундириб берадилар. Золимдан мазлумнинг қасосини олиб берадилар. Ер юзида адолатни ўрнатадилар ва оламга тинчликнинг қанотини ёзадилар: “Сиз одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлдингиз. Амри маъруф қиласиз, наҳйи мункар қиласиз ва Аллоҳга иймон келтирасиз”, “Эй иймон келтирганлар! Адолат ила туринг ҳамда агар ўзингиз, ота-онангиз ва қариндошларингиз зиддига бўлса ҳам, Аллоҳ учун тўғри гувоҳлик берувчи бўлинг”.

Исломни қабул қилган олмониялик олим Исломга жуда ҳам дақиқ тавсиф бериб шундай деган эди:

“Ислом- Насронийликда бўлгани каби,- оламга қора туйнукдан боқмайди. Аксинча у бизларга Ердаги ҳаётни баҳолашда ҳаддан ошмасликни, унга ҳозирги ғарбликларнинг маданияти берган каби ҳаддан ортиқ қадр бермасликни таълим беради. Масиҳийликда Ердаги ҳаёт қораланиб мазаммат қилинади. Ҳозирги Ғарб эса – насронийлик руҳига хилоф тарзда- очкўз одамнинг овқатга бўлган очкўзлиги сингари ҳаётга оч кўз билан қарайди. У ҳаётни ютиб юборади. Аммо унинг учун заррача қадри бўлмайди. Ислом эса аксинча, ҳаётга хотиржам ва эҳтиром ила боқади. У ҳаётни узоқлатмайди. Аксинча уни юксак бир ҳаётга олиб борадиган йўлдаги бир марҳала деб ҳисоблайди. У марҳала бўлгани учун ҳам  инсон учун Ердаги ҳаётининг қийматидан кўра беқадр ёки ҳақирроқ бўлмаслигининг иложиси йўқ. Ҳаёт йўлида бу оламда уни босиб ўтиш лобуддир. Бу Аллоҳнинг белгилаб қўйган тақдиридир. Зеро инсоннинг ҳаёти бебаҳодир. Аммо биз унинг бир восита ва сабаб эканлигини, унинг баҳоси ана шу восита ва асбобларга қараб белгиланишини унутмаслигимиз даркор. Ислом “Албатта, Менинг ушбу оламдан ўзга мулким йўқ”, дейдиган материалистик назарияга рухсат бермайди. Ҳаётга туҳмат қилиб “Бу олам менинг мулким эмас”, дейдиган масиҳийча назарияга ҳам ижозат бермайди. Ислом бу иккисининг ўртасини танлайди. Қуръон бизга: «Роббимиз, бизга бу дунёда ҳам яхшиликни, охиратда ҳам яхшиликни бергин ва бизни дўзах олови азобидан сақлагин», дея дуо қилишимизни таълим беради. Демак, бу олам ва ундаги ашёларнинг баҳоси бизнинг серҳосил руҳий меҳнатларимиз йўлидаги тўсқинлик эмас экан. Моддий юксалиш аслида ғоя бўлмасада исталган ишдир. Бизларнинг меҳнатимиз ғояси ана шу принсипга мувофиқ тарзда инсондаги ахлоқий қувватни юксалтирадиган шахсий ва ижтимоий қулайликлар ва вазиятларни бунёд қилиш,- агар мавжуд бўлса уларни асраб-авайлаш- бўлмоғи лозим. Ислом одамларни катта бўлсин ёки кичик ҳар қандай амалида ахлоқан масъулликни ҳис қилишга бошлайди. Шубҳасиз дини Исломдаги тартиб “Шоҳникини шоҳга, Аллоҳникини Аллоҳга беринг!”, дейдиган Инжилнинг фармонига ўхшаган гапларга асло ижозат бермайди. Чунки Ислом ҳаётимиздаги эҳтиёжларни амал ва ахлоққа тақсимламайди. У ерда фақатгина битта ихтиёр бор- ҳақ билан ботилнинг ўртасини танлашдаги ихтиёр. Уларнинг ўртасида ҳеч қандай восита йўқдир. Шунинг учун ҳам у амалга ундайди. Чунки амал ахлоқнинг ажралмас қисмидирки усиз иложи йўқ. Ҳар бир мусулмон шахс ўзини ўраб турган муҳит ҳақида ва атрофида бўладиган ҳар қандай иш хусусида шахсан масъул деб, ҳақни қарор топтириш ва ботилни йўқотиш учун ҳамма вақт ва ҳамма жиҳатдан маъмур деб билиши лозим. Чунки Қуръон: “Сиз одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлдингиз. Амри маъруф қиласиз, наҳйи мункар қиласиз ва Аллоҳга иймон келтирасиз”, демоқда. Исломдаги жиҳод, фатҳлар ва босиб олишларни ахлоқий асослари ана шулардир. Зеро Ислом агар шу таъбир лозим бўлса мустамлакачидир. Аммо бу кўринишдаги мустамлакачиликка ҳукумат ва эгалик қилишга бўлган муҳаббат ундаган эмас. Халқнинг иқтисодиётини ўйлаб қилинган иш ҳам эмас. Илк мужоҳидларни жиҳодга ундаган нарса бошқа одамларнинг ҳисобидан эмин-эркин маийшат умиди бўлмаган. Ундан кўзда тутилган ягона мақсад инсоннинг руҳий камолотига мумкин қадар энг яхши муҳитни яратиб бериш бўлган. Кишига фарз бўлган Ислом таълимотига кўра фазилатдан хабардор бўлиш фазилатларга амал қилишга сабаб бўлади. Ислом Афлотунча ажримга, яхшилик билан ёмонликнинг ўртасини фақатгина назарий жиҳатдан фарқлашга асло рози бўлмайди. Аксинча инсоннинг ҳақиқатни юксалтириш ва ноҳақликни йўқ қилиш йўлида кураш олиб бормасдан туриб ҳақ билан ботилнинг ўртасини назарий жиҳатдан ажратиб олишини  шармандачилик ва разолат деб билади. Чунки яхшилик –Исломда айтилганидек, - агар инсон уни Ер юзида ҳукмрон қилиш учун ҳаракат қилса тирик бўлади ва агар уни хўрласа, унга ёрдам беришга дангасалик қиладиган бўлса ҳалок бўлади”.  (Mohammad Asad "Leopold Weiss " , Islam At The Cross Roads Fifth Edition p . 29 )


Ислом маданияти ҳамда  унинг инсонлар дунёқарашидаги таъсири:

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижратларининг илк асрида ўз руҳи ва ташқи кўриниши билан исломий маданиятнинг вужудга келиши, ўзининг шаклу шамоили ва тузими билан исломий давлатнинг пайдо бўлиши динлар ва этика тарихида янги бир саҳифа бўлган бўлса, сиёсий ва ижтимоий оламда янги бир ҳодиса бўлди. У сабабли маданият ўзининг йўналишини бошқа томонга буриб юборди. Дунё эса янги бир тараф сарига йўналди. Зеро аввалги анбиёлар Исломга даъват қилишар, башоратчилар унинг башоратини беришар ва мухлис бандалар унинг йўлида кураш олиб боришар эдилар-у, аммо у даъватчилар ўз асосига барпо этилган ва ўз бошқарув услубига эга бўлган бир ҳукуматни бино қилиша олишмаган эдилар. Шу гал эришганлари сингари ўз аҳкомлари асосига барпо этилган бир маданиятни яратишга эришмаган эдилар. Ана шу даъват ва бу йўлдаги ҳаракатлар ниҳоят Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамда у зотнинг рошид халифаларининг қўлларида киритган муваффақиятни қўлга кирита олмаганди. Зеро Исломнинг ушбу аниқ ғалабаси жоҳилият учун аввал бошидан кечирмаган ва ундан қутилишнинг чорасини билмаган янги бир мусибат эди. Аввалига уни оддийгина бир руҳий ва диний даъват деб кузатган бўлди. Баногоҳ у нажот, саодат, руҳ, модда, ҳаёт, қувват, маданият, жамият, ҳукумат ва сиёсатга даъват бўлиб чиқди.   Хом хаёллар, хурофотлар ва афсоналарга нисбатан барчаси ҳикмат ва бадоҳатдан иборат бўлган маъқул ва мақбул дин эди бу. Одамларнинг тажрибалари, қонунлари ва мезонларига нисбатан илоҳий қонун ва самовий ваҳий эди бу. Деворлари мустаҳкам, пойдевори бақувват гўзал бир маданият бўлиб унда тақво, иффат ва омонатдорлик ҳукмронлик қиладиган бир дин эди бу. Унда фазилатли ахлоқлар ўз қадрини топган, молу дунё ва мартабадан устун турар эди. Руҳ эса қуруқ ташқи кўринишдан тепада эди. Ундаги одамлар фақатгина ўзларидаги тақво билан бир бирларидан афзал бўлишлари мумкин эди. Одамларнинг ғамлари охират бўлгани учун ҳам нафслар хотиржам, қалблар қўрқувда эди. Ушбу ҳаётнинг асбоблари учун беллашиш оз, дунё матоҳини деб итдек ташланиш йўқ эди. Бир-бирларига нисбатан адоват ва нафрат оз эди бу маданиятда. Ана шуларнинг барчаси деворлари омонат, арконлари қимирлаб турган, катталари кичикларига зулм қиладиган, кучлилари кучсизларининг ҳақини ейдиган, лаҳвни деб, фужурни деб мусобақалашадиган, мартаба, молу давлат йўлида, роҳат ва лаззат асбобларини деб беллашадиган, ҳатто дунёнинг турган турмиши уруш жанжал бўлиб қолган маданиятнинг рўбарўсида турар эди. Бундай маданият ундагилар учун дўзахга айланиб қолган эди. Ўз фуқароларини бир кўзда кўрадиган, кучлидан кучсизнинг ҳақини олиб берадиган, одамларнинг ахлоқини худди уларнинг уй-жойлари ва молларини асраган каби асрайдиган, уларнинг қонлари ва обрўларини ҳимоя қиладиган, энг яхшилари раҳбарлари, ҳаётдаги энг зоҳидлари ўз асбобларига эгалик қиладиган ва унга қодирроқлари бўлган адолатли бир ҳукумат зулму-ситам ва зўравонлик билан тўлган, кишилари хиёнат ва зулм қилишга тил бириктириб олган, одамлари инсонларнинг молларини ейиш, номусларини топташ ва қонларини тўкишда беллашадиган, одамларнинг ахлоқларини ўзларининг зарбул-масал бўлган ахлоқлари билан бузадиган, ёмонлари раҳбарлари ва шоҳлари бўлган, фуқаролари қолиб отлари ва итлари қорин тўйдирадиган, одамлар яланғоч қолиб ўз уйлари пардалар билан безалган бир ҳукуматнинг қаршисида турар эди. 

Шундай қилиб одамлар ўзларини Исломдан тўсадиган монеликни топмайдиган, Исломни қабул қилиш йўлида қийинчилик ва машаққат учратмайдиган, жоҳилиятнинг ҳеч бир манфаати ва устинлигини кўрмайдиган бўлиб қолдилар. Киши Исломга кирар экан ҳеч нарсасини йўқотмас ва ҳеч бир зарар кўрмайди. Қалбида ишонч шабадасини ва имон ҳаловатини ҳамда Исломнинг қудратини ҳис қилади. Фахр қилса арзийдиган қудратли бир давлатни, ўз жонлари ва молларини фидо қиладиган тарафдорларни кўради. Хотиржам нафс ва ўлимдан кейинги ҳаётга бўлган ишончни учратади. Шундай қилиб одамлар ўз хоҳишлари билан жоҳилиятнинг майдонидан Исломнинг майдонига кўчиб ўта бошладилар. Жоҳилиятнинг майдони унинг чет томонларидан камайиб, Исломнинг калимаси юксалиб сояси узая бошлади. Ҳатто фитна кўтарилиб дин-ибодат фақатгина Аллоҳга қилинадиган бўлди.

Ана шу ўзгаришлар катта таъсир кўрсатди. Зеро авваллари жоҳилият кучли ва Ислом ғариб бўлган бир пайтда Аллоҳга олиб борадиган йўл хатарларга тўла оғир ва машаққатли бўлган бўлса энди осон, тинч ва эмин бўлиб қолган эди. Инсон жоҳилона шароитда Аллоҳга итоат қилиши қийин бўлган бўлса энди исломий шароитда Аллоҳга исён қилиш унга шунча қийинлик қиладиган бўлади. Куни кеча очиқ ойдин дўзахга даъват қилиб турилган бўлса бугун овози пасайиб синиб қолди. Аллоҳнинг ғазаби ва Унга исён сабаблари ошкора ва мўл-кўл бўлган бўлса, яна қайтиб парда ортига кирди ва камайиб кетди. Аллоҳ яратган замин устида яшаб туриб Унга даъват қилиш жиноят ҳисоблангани боис махфий ва сир тарзда амалга оширилар эди. Энди эса очиқ, баралла, бирор бир эътиборли одамнинг қаршилигидан қўрқмаган ҳолда эмин эркин даъват қилиш мумкин бўлиб қолди. Бу даъват соҳиблари энди эътиқод йўлида ситамларга учрашдан ва янги динни тарқатиш йўлида азобга қолишдан хавф қилмайдиган бўлиб қолдилар.

Сиз ер юзида оз сонли, заифҳол бўлиб, одамлар сизни тутиб олишидан қўрқиб юрган ҳолингизни эсланг. Бас, У зот сизга жой берди, Ўз нусрати ила қўллади ва сизларга пок нарсаларни ризқ қилиб берди

Бу даъват соҳиблари яхшиликка буюриб ёмонликдан қайтарадиган бўлиб қолдилар. Одамларнинг табиатлари ва онглари баҳор фасли келиши билан инсонларнинг табиатлари ва наботот олами ўзгарганига ўхшаб ўзлари сезган ва сезмаган жиҳатлар билан Исломдан таъсирланиб ўзгарадиган бўлиб қолди. Осий ва қотган қалблар юмшаб қўрқувга кела бошлади. Исломнинг асосий арконлари ва ҳақиқатлари дилларнинг туб-тубига сингиб ғалаён кўтара бошлади. Одамларнинг нигоҳларида нарсаларнинг қиймати ўзгара бошлади, эски мезонлар алмаштирилиб ўрнига янгилари қўлланила бошлади. Жоҳилият энди ортга қайтаришга уриниш қотиб қолганлик ва аҳмоқлик ҳисобланадиган бир ҳаракатга чиқиб қолди. Ислом эса замонлар оша тараққий топиб бораётгани сабабли уни қабул қилиш ва унинг кўринишларида намоён бўлишлик донолик ва оқиллик ҳисобланадиган бўлиб қолди. Халқлар, ҳаттоки Ер аста-секин Исломга яқинлашиб бораётган эди. Курраи замин аҳли ўзларининг қуёш атрофида айланаётганларини сезмаганлари сингари Исломга қараб ҳаракат қилаётганларини сезмас эдилар. Бу нарса уларнинг фалсафалари, динлари, адабиётлари ва маданиятларида ўзини намоён қилади. Уларнинг ботинлари ва виждонлари бу хусусда сўзлаб беради. Ҳатто мусулмонлар таназзулга юз тутганларидан кейин ҳам уларда зоҳир бўлиб турган ислоҳотга оид ҳаракатлар шунинг дарагини беради.

Ислом яккахудолик динини олиб келар экан мажусийлик ва ширкнинг умри ниҳоясига етгани ҳақидаги хабар билан келди. Шундай қилиб ўша кундан эътиборан ширк мушрикларнинг кўзларига ҳақир ва эътиборсиз бўлиб кўрина бошлади. Мушриклар ширкдан хижолат чекадиган, ундан ўзларини олиб қочадиган ва уни эътироф этмайдиган бўлиб қолдилар. Ваҳоланки, авваллари улар ширкнинг ғолиб келиши йўлида курашар, уни ҳимоя қилиш учун жонларини жабборга беришар эди. Ҳар қайси дин вакиллари ўзларининг диний низомларидаги ширк ё ширк ва мажусийликнинг кўринишини, унинг қонунлари ва ананаларини таъвил қилиш йўлига ўтиб олдилар. Ҳамда ана шуни тилларидан қўймай Исломдаги тавҳидга яқин бўлган ёки ўхшайдиган иборалар билан ифодалашга тушиб қолдилар.

Устоз Аҳмад Амин шундай дейди: “Насоролар орасида Исломдан таъсир олгани намоён бўлиб турган фикрлар пайдо бўлиб қолди. Шулардан бири шуки, милодий саккизинчи асрда яъни, ҳижрий иккинчи ва учинчи асрларда Септиманияда попларнинг олдида бўладиган эътирофни ҳамда уларнинг бу ишга ҳақли эканликларини инкор этишга, инсон ўзи қилиб қўйган гуноҳларини кечиришини фақатгина ягона Аллоҳдан сўраши кераклигига тарғиб қиладиган  ҳаракат пайдо бўлди. Исломда поплар, роҳиблар ва руҳонийлар йўқ. Шундай экан унда эътироф мавжуд бўлмаслиги табиий нарса эди”. (Септимания- Франциянинг жанубий ғарбида қадимда мавжуд бўлган бир вилоятдир).

Насронийликда диний мазмундаги сурат ва тимсолларни майдалаб ташлашга ундайдиган ҳаракат ҳам худди шу сингари пайдо бўлган эди. Яъни, милодий саккиз-тўққизинчи, ҳижрий учинчи-тўртинчи йилларда ўша сурат ва тимсолларнинг муқаддаслаштиришни рад этадиган насроний секта пайто бўлди. Рим императори Лев III 726 милодий санада сурат ва тимсолларни муқаддаслаштиришни тақиқлаб фармон чиқаради. 730 милодий санада яна бир фармон чиқариб бу ишларни қилишни мажусийлик деб ҳисоблайди. Шунингдек, Константин V ва Лев IV лар шундай иш тутганлар. Ваҳоланки ўша пайтда Папа Григорий II ва III лар, Константинополнинг Патриархи Германиус ва Император Ириналар суратларга ибодат қилишнинг тарафдорларидан бўлишган. Бу икки гуруҳлар ўртасида батафсил гапириб ўтиришга ўрин йўқ бўлган даражада қаттиқ келишмовчилик бўлиб ўтган. Биз айтиб ўтмоқчи бўлган бор йўғи гапимиз шуки айрим тарихчилар суратлар ва иконаларни инкор этишга бўлган даъват Исломдан таъсир олганлигини зикр қилиб шундай дейдилар: Ҳақиқатда, Туриннинг (828 милодийда тайинланиб 213 ҳижрийда четлатилган), суратлар ва ҳочларни ёқиб юборган ҳамда ўзининг Епископлик даврида уларга ибодат қилишни тақиқлаган Епископи Клавдио Ислом динидаги Андалусияда туғилиб тарбия топган бўлган. Исломда суратлар ва иконаларнинг мумкин эмаслиги маълум нарса. Бухорий ва Муслимлар Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилишларича у киши шундай деганлар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафардан қайтдилар. Мен ўзимнинг деразамга тимсоллари бор бўлган бир чойшабни парда қилиб осган эдим. Бас у зот уни кўргач ранглари ўзгариб уни юлиб ташладилар. “Эй, Оиша, дедилар  у зот, қиёмат кунида одамларнинг энг қаттиқ азоб тортадиганлари Аллоҳнинг халқ қилганига ўхшатадиган кимсалардир”.”  Оиша дедилар: “Бас биз уни парчалаб ундан битта ёки иккита естиқ ясаб олдик”. Бу хусусда кўплаб ҳадислар келгандир.

Шунингдек, насронийлардан яна бир тоифа чиқиб “Уч”лик ҳақидаги эътиқодни ваҳдониятга яқин келадиган қилиб шарҳлаган ва Масиҳ алайҳис саломнинг илоҳликларини инкор этган.

Оврўпонинг дин билан боғлиқ тарихини ва насронийликдаги черковларга оид тарихларни ўқиган киши ўша пайтларда ҳукмрон бўлиб турган епископлик тузумига қарши чиқувчилар ва ислоҳотчиларнинг ҳаракатларида Исломнинг ақлий томондан таъсирини кузатиши мумкин бўлади. “Лусир”нинг ислоҳотларга оид катта даъватига тўхталадиган бўлсак –нима бўлганда ҳам- тарихчиларнинг эътироф этганларидек, Исломдан ва унинг баъзи ақидаларидан таъсирланиш туфайли бўлган эди.

Шу сингари Исломдаги ақлий камолот ва Исломдаги шариатнинг насроний Оврўпо ҳамда мажусий Ҳиндистондаги халқларнинг Ислом ғалабасидан кейин ўзларининг жамиятлари ва қонунларини ислоҳ қилганликларидаги таъсирини ҳам кўрасиз. Уларда тавҳидга томон йўналишда, аёлларга ва уларнинг ҳуқуқларига эҳтиром кўрсатиш борасидаги ҳаракатларда, башариятнинг барча тоифалари тенгҳуқуқли эканлиги ҳақидаги принсипни эътироф этишда ва бу борада Ислом анча илгарилаб унинг шариати ҳамда маданияти юқорилаб кетган бошқа жабҳаларда кузатишингиз мумкин бўлади.

Ҳиндистоннинг Мисрдаги собиқ элчиси машҳур ҳинд тадқиқотчиси (k. M. panikkar) ҳинд халқининг ақлий камолоти ва диёнатида Исломдаги якка худолик эътиқодининг таъсири ҳақида сўз юрита туриб шундай дейди: 

“Шу нарса аниқ ва муқаррарки, Исломнинг Ҳиндукийлик динига таъсири ана шу исломий даврда жуда кучли бўлган эди. Ҳақиқатда, Ҳиндукийлардаги Аллоҳга ибодат қилиш ҳақидаги мафкура Исломда диний ақида ҳисобланади. Ушбу асрдаги тафаккур ва диёнат етакчилари гарчи ўз олиҳаларини турли хил номлар билан атасаларда Аллоҳга ибодат қилишга даъват этишган ва илоҳнинг ягона эканлигини, ибодатга фақат У ҳақли эканлигини, нажот ва саодат Ундан сўралишини очиқ-ойдин ифодалашган. Ушбу таъсир Ислом даврида Ҳиндистонда пайдо бўлган "Bhagti" дини ва “Кабир” даъвати сингари диёнат ва даъватларда намоён бўлгандир”.

Ҳиндистоннинг Бош вазири Жавоҳарлаал Неру ўзининг Discovery of India номли китобида шундай ёзади: “Ҳиндистоннинг шимоли ғарбидан ғозийларнинг ҳамда Ислом динининг кириб келиши Ҳиндистон тарихида катта аҳамиятга эгадир. Ҳақиқатда бу иш ҳиндукийлик жамиятида кенг тарқалган бўлган фасодни очиб ташлаган эди. Табақалараро бўлиниш ва “Худонинг даргоҳидан қувилганлар”ни, ҳиндлар ўзлари яшаб турган оламда тарки дунё қилишга бўлган муҳаббатни фош этди. Исломдаги биродарлик ва мусулмонлар ўзлари имон келтирган ва ҳаёт кечирган тенглик ҳиндларнинг онгига чуқур таъсир кўрсатди. Ана шу таъсирга энг кўп берилганлар ҳинд жамиятида тенглик ва инсонийлик ҳуқуқларидан фойдаланиш тақиқлаб қўйилган ночорлар бўлди”.

Замонанинг улуғ ёзувчиларидан N. C. Mehta ўзининг “Ҳинд маданияти ва Ислом” номли китобида қуйидагиларни ёзади: 

“Ҳақиқатда Ислом Ҳиндистонга ойдин машъала олиб келган эди. У сабабли эски маданиятлар таназзул ва тубанликка оғиб кетаётган бир даврда кишилар ҳаётини қамраб олган зулматлар кўтарилди. Олий мақсадлар мафкуравий ақидаларга айланди. Ислом бошқа қитъаларда бўлгани каби сиёсат майдонидан кўра тафаккур оламида кенгқамровли ва буюкроқ ғалабаларни қўлга киритди. Ушбу ўлка(Ҳиндистон)да Исломнинг тарихи тассуфки ҳукуматнинг раъйи билан боғлиқ бўлиб қолган. Шунинг учун ҳам Исломнинг моҳияти парда остида қолиб кетмоқда. Унинг гўзалликлари ва яхшиликлари назарлардан четда қолиб кетмоқда”.

Ҳеч бир дин ва ҳеч бир маданият озми-кўпми Исломдан ва мусулмонлардан таъсирланмаганлигини ушбу обод ва цивилизациялашган оламда даъво қилиб яшай олмайди.

(Robert Briffault) ўзининг (The Making of Humanity)  номли китобида шундай ёзади: 

“Оврўподаги тараққиётнинг қайси бир жабҳасини олиб қараманг албатта унда Ислом маданиятининг буюк хизмати ва катта таъсир кўрсатган ҳал қилувчи осорлари бордир”.

Бошқа бир ўринда қуйидагиларни ёзади:

“-Бу борадаги хизматлар арабларга тааллуқли бўлган- табиий фанлар­ ана ўшалар Оврўпони ҳаётга қайтарди. Лекин Ислом маданияти Оврўпонинг ҳаётига ўзининг илк шуълаларини юборган вақтдан бошлаб жуда катта ва хилма-хил таъсирлар кўрсатиб бўлганди”.

Бас, агар ишлар шу зайлда кетаверганида ва халқлар етакчи қилиб яратилган жамоанинг етакчилиги остида яшаб юрганларида, сувлар ўз оқиш жойидан оқайверганида эди инсониятнинг тарихи учун зилзилалару бахтсизликларга тўла ҳамда инсониятнинг узоқ вақт бало-ю мусибатларда яшагани ҳақида сўзлагувчи ҳозирги тарихдан бошқа бир тарих бўлган бўлур эди. Ҳар қандай инсон ҳавас қилса бўладиган ва кўзни қувонтирадиган гўзал ва буюк бир тарих бўлур эди. Бироқ тақдир бошқача бўлиб чиқди ва мусулмонларнинг ўзларининг ичларида таназзулга юз тутиш бошланди.