171 11.03.2017

Тўртинчи фасл
Расул қандай қилиб жоҳил одамларни ажоиб инсонларга айлантира олдилар?

Ана шу чуқур ва бепоён иймон, мустаҳкам набавий таълим билан, ана шу ҳикматли ва нозик тарбия, ўзларининг нодир шахсиётлари билан, ана шу ажоиботлари ниҳоя билмас мўжизали самовий китоб фазли билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам маданиятлашаётган инсониятга янги бир ҳаётни уйғотдилар.

У зот бир уюм хом ашёга ўхшаб турган башарият захирасига азм қилдиларки ҳеч ким унинг кўплигини ва қаердалигини билмас эди. Жоҳилият, куфр ва ақл уни ерга зое қилиб юборган эди. Бас, у зот Аллоҳнинг изни билан унда иймон ва ақидани пайдо қилдилар, янги руҳ уйғотдилар. Унинг учқунларини аланга олдирдилар. Кейин эса ҳар бирини худди  ўша учун яратилган каби ўз ўрнига қўйдилар. Гўёки макон бўш-у, уни кутмаётган ва кўз тутмаётгандек эди. Жонсиз эди-ю, унадиган жисмга, тасарруф қиладиган инсонга айлангандек эди. Гўёки ўлик эди-ю, оламни бошқарадиган тирик жонга айлангандек эди. Гўё кўзи ожиз бўлиб йўлни кўра олмас эди-ю, энди халоиқларни йўлга бошлайдиган кўзи ўткир етакчи одамга айлангандек эди. 

 “Аввал ўлик бўлган одамни тирилтириб, унга одамлар орасида юрадиган нурни бериб қўйган бўлсак, у билан зулматлар ичида ундан чиқа олмай юрувчи одам ўхшаш бўладими?” (Анъом:122)

Ўзлигини йўқотган араблар миллатига ва улардан бошқа одамларга азм қилдилар. Натижада олам улар орасидан замонанинг ажоиб инсонларидан бўлган иқтидор эгаларини кўрди. Зеро, отаси Хаттобнинг туяларини боқиб ва сўйиб юрган, куч- қувватда Қурайшнинг аълоларидан бўлган, улар орасида юқори мартаба эгаси бўлмаган ва тенгқурлари у билан ҳисоблашмайдиган Умар бир пайт ўзининг қаҳрамонлиги ва куч-қуввати билан оламни ларзага солиб қўйди. Кисро ва Қайсарни ўз таҳтларидан узоқлаштирди. У иккаласининг мамлакатини бирлаштирган, бошқарувда улардан аъло бўлган ва низом услуби гўзал тузилган бир исломий давлатга асос солди. Бу ҳали ундаги парҳезорлик, тақво ва барҳаёт масал бўлиб қоладиган адолатидан ташқариси эди.

Ибнул-Валид Қурайшнинг қаҳрамон йигитларидан бўлиб унинг ҳарбий иқтидори тор доираларда чегараланиб қолган эди. Қурайш улуғлари қабилалараро урушларда ундан фойдаланар, у эса уларнинг ишончларини оқлаган ва мақтовларига сазовор бўлган эди. Жазира атрофларида унча юқори бўлмаган шуҳрат эгаси бўлган эди.  Баногоҳ у ҳам нимага тегса кесадиган илоҳий қиличга айланди. Рум ва форслар устига чақмоқ каби ёғилди.



Тарихда ўлмас из қолдирди.

Абу Убайда эзгулик, омонатдорлик ва юмшоқкўнгиллик билан танилган эди. Мусулмонларнинг ҳарбий гуруҳларига бошчилик қилиб юрар эди. У ҳам мусулмонлар учун буюк раҳбарликни бошқарадиган бўлди. Шом ерларидан Ҳирақлни қувиб чиқарар экан Сурия билан видолашиб: “Сурияга қайта кўришмайдиган саломлар бўлсин!”, деган эди. 

Амр ибн Ос Қурайшнинг оқил одамларидан бири бўлган. Уни муҳожир мусулмонларни қайтариб олиб келиш учун Ҳабашистонга элчи қилиб юборишганида ноумид бўлиб қайтиб келган эди.  У ҳам Мисрни фатҳ қилиб буюк эътибор эгаларидан бирига айланди. 

Саъд ибн Абу Ваққосни Исломдан олдинги арабларнинг тарихида бирор бир қўмондон ёки бошлиқ сифатида эшитмаганмиз. У киши ҳам Мадоинни фатҳ қилиб Ироқ ва Эроннинг забт этилиши у кишининг номлари билан алоқадор бўлиб қолди. 

Салмон Форисий форс қишлоқларидан бирида яшовчи Мувбизоннинг ўғли эди. Қулликдан қулликка, зулмдан зулмга ўтиб яшаб юрди. Баногоҳ у ҳам кеча оддий фуқароларидан бири бўлган форс империясининг пойтахтига ҳоким ўлароқ ўз халқига рўбарў келди. Ҳаммасидан ажоиби шуки бу вазифа унинг зоҳидлиги ва тарки дунё қилиб яшашига халақит бермади. Зеро одамлар уни оддий бир кулбада яшагани ва бошида юк кўтариб юрганини кўрар эдилар.

Билол ал-Ҳабашийнинг фазли ва салоҳияти шу даражага етдики, мўминлар амири уни саййид деб атайдиган бўлди. 

Абу Ҳузайфанинг мавлоси Солимни Умар халифа бўлишини истар эди. “Агар тирик бўлганида эди албатта, уни ўзимдан кейин халифа қилиб қолдирган бўлар эдим”, дейди. 

Зайд ибн Ҳориса Маута жангида мусулмонларнинг раҳбари бўлган. Ваҳоланки улар орасида Жаъфар ибн Абу Толиб, Холид ибн ал-Валид каби инсонлар ҳам бўлган. Унинг ўғли Усома эса таркибида Абу Бакр ва Умар каби инсонлар бўлган бир қўшинни бошқарган.

Абу Зарр, Миқдод, Абу Дардо, Аммор ибн Ёсир, Муоз ибн Жабал ва Убай ибн Каъбларга Исломнинг шамоли тегиб саноқли зоҳидлар ва атоқли уламоларга айланиб қолдилар. 

Али ибн Абу Толиб, Оиша, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Зайд ибн Собит ва Абдуллоҳ ибн Аббослар уммий Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг давраларида оламнинг уламоларига айландилар. Уларнинг илмлари дарё мисоли эди. Тилларидан чиққан сўзлари ҳикмат эди. Энг меҳрибон қалбли, энг кўп илмли ва энг оз такаллуфли эдилар. Улар тилга кирсалар замон сукут сақлар эди. Улар нутқ қилсалар тарихнинг қалами ёзиб борарди. 


Интизомли халқ:

Бир оз ўтмасдан маданийлашаётган оламда ўз замонасининг халқлари беқадр билган ва қўшни мамлакатларга масхара бўлган ана шу тарқоқ хом ашёдан кишилик тарихи ундан кўра интизоми чиройлироғини кўрмаган бир халқ пайдо бўлди. У худди бўшаб кетган занжирга ўхшаб учи билинмасди ёхуд боши ёки охиридан қайсиниси яхшироқ экани номаълум бўлган ёмғирга ўхшарди. Бу халқда инсониятнинг барча қирралари мужассам эди. Бу халқ учун оламнинг кераги йўқ аммо оламга бу халқ керак эди. Ўзининг маданиятини йўлга қўйди, ўтмишида мавжуд бўлмаган ўз ҳукуматига асос солди. Бу ишда бирор бир миллатнинг вакилига муҳтож бўлмади ёки уни бошқаришда бирор бир ҳукуматдан фойдаланмади. Ҳудудлари икки қитъанинг кенг майдонларига қадар чўзилган, кўзи тўқ, диёнатли, кучли ва омонатли одамлар билан бутун оламни тўлдириб юборадиган бир ҳукуматга асос солди. Турли томонлара етиб борган ушбу ҳукумат пайдо бўлдию, барчаси жиҳод, ҳимоя, қаршилик ва курашлардан иборат бўлган бир озгина давр ўтган ёш миллат иқтидорли кишилардан бири билан унга мададга келди. Шундай қилиб бу миллатдан адолатли раҳбар, ишончли хазинабон ва адолатли қози, ибодатли етакчи, тақводор волий ва парҳезкор аскарлар чиқдилар. Буларнинг бари ҳали давом этиб келаётган диний тарбиянинг хизмати билан эди. Барчаси ҳали ҳаракатда бўлган исломий даъватнинг фазли ила бўлган эди. Бу миллат ҳидоятни солиқ йиғишдан устун қўядиган, салоҳият ва ўзни  тийишнинг ўртасини ўзларида жамлаган кишилари билан ҳукуматни қувватлаб келди.  Ана шунда ислом маданияти ўзининг соғлом кўриниши билан намоён бўлди. Диний ҳаёт инсоният тарихида мисли кўрилмаган хусусиятлари билан жилва қилди.

Дарҳақиқат, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам нубувват калити билан инсониятнинг табиатидаги қулфини очиб ундаги бор хазиналар, ажоиботлар, қувват ва иқтидорларни кашф қилган эдилар. Бу билан жоҳилиятнинг нақд жон томирига болта урдилар. Аллоҳнинг қуввати ила қайсар дунёни янги томонга юришга ва бахтли даврни бошлашга мажбур қилдилар. Тарих  саҳифаларига зийнат бўлиб қолган исломий давр ана ўша эди.