1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом адабиёти

Мусулмонларнинг таназзули сабаб дунё нималарни йўқотди? (12)

05:00 / 11.03.2017 3484 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бешинчи боб

Исломнинг оламларга раҳбарлик қилиши

Биринчи фасл

Ислом оламининг уйғониши

 Бутун бошли оламнинг жоҳилиятга юз тутиши:

Биз юқорида зикр қилиб ўтган тарихдаги ақлий ва мажбурий табиий сабаблар туфайли насроний динидаги Оврўпо моддийлашган жоҳилиятга айланиб қолди. Нубувват қолдириб кетган ҳар қандай диний таълимотлар, фазилатли ахлоқлар ва инсоний принсиплардан  ажралиб қолган, ўзининг шахсий ҳаётида лаззат ва моддий манфаатдан бошқа нарсага, сиёсат билан боғлиқ ҳаётида эса куч­ қувват ва ғолибликдан бошқа нарсага, ижтимоий ҳаётида эса ҳаддидан ошган ватанпарварлик ва тажовузкор миллатчиликдан бошқасига  имон келтирмайдиган бўлиб қолган эди. Ва инсонийлик табиати ва ахлоқий принсиплардан ғолиб келгани, воситалар билан   бўлиб ғояларни эътиборсиз қолдиргани, ҳаётнинг мақсадини унутгани, ҳаёт учун узлуксиз кураш олиб боргани, кашфиёт ва янгилик яратиш учун тинимсиз ҳаракат қилгани, шу билан бирга ахлоқни тарбиялаш, руҳга озуқа беришга бепарво қарагани, расуллар келтирган нарсани инкор этгани, моддийликка киришиб кетгани сабабли, ўзининг катта кучи сабабли диний қайтариқ ва ахлоқий тўсиқни йўқотгани туфайли заифларни янчиб, экин ва наслни пайҳон қиладиган қутирган филга айланиб қолган эди. Мусулмонларнинг ҳаёт майдонидан чиқишлари, оламга эгалик қилиш ва халқларга етакчилик қилишдан  чекинишлари, дин ва дунё ишида камчиликка йўл қўйишлари, ўзларига ва одамларга нисбатан жиноят қилганликлари сабабли Оврўпо халқларнинг пешонасидан тутиб олди, мусулмонларнинг ўрнига оламни бошқарадиган бўлдилар. Эгалари ташлаб кетган ҳаёт ва маданиятнинг кемасини юргизадиган бўлдилар. Ана шулар сабабли бутун олам ­ундаги  миллат ва элатлари, маданиятлари билан қўшиб­ жоҳилият ва моддийлик поезди тезлик билан ўз ғояси томонга тортиб кетаётган вагонга ўхшаб қолди. Мусулмонлар эса ­ўзларидан бошқа халқлар сингари­ қўлларидан ҳеч бир иш келмайдиган йўловчиларга айланиб қолдилар. Оврўпо қанчалик кучайиб тезлашар экан, унинг воситалари ва асбоблари ортиб борар экан ана шу кишилик поездининг жоҳилият сарига­ оташ ва ҳалокат, нотинчлик ва антагонизм, ижтимоий анархия ва ахлоқий тубанлик, истиқодий нотинчлик ва маънавий қашшоқлик томонга бўлган юриши тезлашиб кетаверди.   Бугун ана шу Оврўпога энг тез юрар поезд ҳам секинлик қилмоқда ва  улар ўз мақсадларига самолёт тезлигида ҳатто атом тезлигида етишмоқни истаяптилар.

Оврўпоча фалсафанинг оламни эгаллаши:

Бугун ғарбликларнинг ақидалари ва назарияларига хилоф иш қиладиган, уларнинг ҳаракатларини сиқиб қўядиган, уларнинг қаршиларига чиқадиган, уларнинг принсиплари ва жоҳилона фалсафалари, уларнинг иқтисодий тузумлари юзасидан улар билан беллашадиган халқ ёки жамоат ер юзида мавжуд эмас. На Оврўпода ва на Америкада. На Африкада ва на Осиёда. Биз кўриб эшитиб турган халқлар аро баъзи сиёсий қаршиликлар ва курашлар ҳам фақатгина етакчилик қилиш учун рақобатлашишдан бошқа нарса эмас. Ана шу муштарак ғояга етаклаб борадиган киши ким бўлиши борасидаги бир кураш холос. Улар иттифоқдошларнинг узоқ замонлардан бери оламга етакчилик қилган ҳолларида, ер маъданлари, хазиналари, бозорлари ва колонияларини, оламга фақат уларнинг ўзлари хожалик қилишни ўзлаштириб олган ҳолларида қолиб кетишларини истамас эдилар. Шу билан бирга булар ҳам куч­ қудратда, илм­ фанда, тузум, талант ва заковатда улардан қолишмас эди. Эҳтимол улардан ҳам ўтиб кетган бўлсалар керак.  Улар бошқа бир мақсад сарига юришни, Масиҳнинг даъватини ижро этишни, ер юзида адолатни тиклашни, халқларнинг устидан дин ва тақвони етакчи қилиб қўйишни, халқларни моддийликдан маънавият ва ахлоқ томонга етаклашни исташлари ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Ҳайҳот!

 Коммунист россияликлар ҳақида гапирадиган бўлсак у ҳам ғарб цивилизациясининг пишиб етилган самараларидан бири холос. Уларнинг оврўполиклар ва Оврўпо давлатларидан ажралиб турадиган биргина хусусиятлари шуки улар узоқ вақтлардан буён ғарбликлар махфий тутиб келадиган, оврўполиклар ахлоқ ва жамият ҳақида узоқ асрлардан бери эътиқод қилиб келаётган мунофиқлик ва бўҳтон либосларини ечиб ташлаганларидир.  Руслар ана ўша халқлар ва давлатлар олиб бораётган даҳрийлик, динсизлик, тўла эркинлик ва ҳайвонларча моддийлик тузумининг ҳаракатини суст деб билган эдилар. Шунинг учун улар оламга етакчилик қилишни, одамларнинг қўлларидан тутиб ўзлари етишган манзилларга қараб етаклашни истар эдилар.

Осиёдаги халқлар ва давлатлар:

Осиёдаги элатлар, давлатлар ва бахтсиз халқлар цивилизация ва сиёсат борасида оврўполиклар етишган ғоя томонга қараб кетган, ахлоқ­ одоб ва жамият ҳақида ана шу халқлар нимага эътиқод қилсалар шундай эътиқод қилган, ҳаёт ва борлиқ ҳақида қандай ўйласалар худди шундай ўйлаган, уларнинг сийратлари, хулқлари ва тарбиялари билан зийнатланган эдилар. Фақат улар ўзларига бегоналар келиб раҳбарлик қилишларини истамас эдилар. Оврўполиклар келиб буларга соябон бўлишларини қабул қилмас эдилар. Шарқда, Африқо ва Осиёда тенгсиз бўлишни истар эдилар.  Аслида оврўполикларнинг сифатлари буларнинг кўзларига чиройли кўринадиган бўлиб қолган эди.

Ана шу халқлар мустақилликни қўлга киритиш ва ўз ишларига ўзи хўжайин бўлиш фурсати етиб қолган вақтда асл ахлоқлари ва эътиқодлари намоён бўлиб қолди, жоҳилона ҳаёт тарзлари ўзининг соф табиий кўринишида намоён бўлди. Баногоҳ қарасангиз тарихдаги энг хунук ва даҳшатли бир суратни кўрсиз: бағритошлик, одамнинг қонига ташналик, номусларни паймол қилиш, молларни талон тарож қилиш, қатл ва вайронкорликлар. Ана шу Осиё халқларидан айримлари бегона давлатлар қўлидан озод бўлиши билан ваҳший ҳайвонларни ҳам даҳшатга соладиган, қулоқларни кар қилиб қўядиган номаъқул ишларни қилдилар. Ўзларига ватандош бўлган халқларга диний ва сиёсий мутаассиблик билан тарихда мисли кўрилмаган муомалаларни қилдилар. Эмизикли болаларни ўлдириб парча­ парча қилдилар, хотинларни номусларини топтадилар, кейин эса шафқатсизларча ва беҳаёларча уларни қатл қилдилар. Қудуқларни заҳарладилар, уйларни вайрон қилдилар, ўт қўйдилар, гранаталар ташладилар. Қачон бирор қишлоққа бостириб кирсалар ўша қишлоқда бузғунчиликлар қилдилар. Азизларини хор қилдилар ва қиличдан ўткардилар. Ҳайвонлар одамларнинг қонлари ва тана аъзоларини еб бўкдилар, қишлоқлар ҳувиллаб қолди. Қудуқлар ўз номусларининг топталишидан кўра ўлимни ўзларига авло билган аёлларнинг жасадлари билан тўлиб тошди. Бу ҳали тарихда мисли кўрилмаган ваҳшийларча ва шармандаларча қатл қилинган аёллардан ташқариси эди. Мусулмон ва маданиятлашган юртларда яшайдиган одамларнинг ишонгиси келмайдиган булардан бошқа кўплаб ишларни қилдилар.

Булар ҳали ўша тоифаларнинг ўз юртларида туриб бошларидан кечирган диний зуғумлар ва ижтимоий айирмачиликлардан ташқариси эди. Бундан ташқари уларнинг маданиятлари ва динлари ана ўша халқлар тарафидан сиқув остига олингани учун бу халқлар ўзларининг маданият ва тил эркинликларидан маҳрум бўлган эдилар. Кучлилар уларнинг маданият ва цивилизацияларидан бўлган ҳар қандай изни ўчириб ташлашга ва уларга ёлғон­ яшиқлару жиноятларни қўшиб ташлашга уринар эдилар. Ҳар куни бўри билан қўзичоқ қиссасини ўйнар эдилар. Яъни, эркакларини ўзлари ишлаб турган вазифаларидан бўшатиб ташлаш орқали уларнинг тирикчилик, савдо ва касб­ кор эшикларини ёпиб қўяр, уларнинг савдо расталари, тижорат дўконлари ва даромад манбаларини кулгуни қистатадиган арзимас сабаблар ила қулфлаб ташлар эдилар.

Кейин ана шу халқлар дин ва ахлоқ тарафидан жуда ҳам қашшоқлашиб кетдилар. Молу дунё ва матонинг муҳаббати қалбларини эгаллаб олди.  Эгоизм ва очкўзликнинг шайтони уларнинг устидан ҳоким бўлиб олганидан ҳукуматлар ҳам уларнинг дастидан дод дейдиган бўлди. Нарх­ наволар кўтарилиб кетганидан ҳукумат бирор нарх белгиламоқчи бўлса савдо моллари кўздан ғоиб бўлиб қолар, одамлар бирор бир кийим ҳам, егулик ҳам ёки ўзларига керак бўлган эҳтиёжларини ҳам савдогар истаган нархдан бошқасига топа олмайдиган бўлиб қолар эди. Қора бозорнинг ишлари юришиб, жиноятлар, хиёнатлар, порахўрлик ва контрабанда авжига чиқди. Ҳукумат билан савдогарлар мусобақалашаётган иккита отга ёки мадондаги икки рақибга айланиб қолдилар. Ҳар ким ўз рақиби устидан ғолиб келиб ўз мақсадига эришишни истар эди. Одамлар эса тегирмоннинг иккита тоши орасида қолган буғдой донига ўхшаб нима иш қилишларини билмай қолдилар.

Ислоҳотчи ва диёнатли кишилар ана шу халқлар ичига янги бир ҳаётни яратишга, уларнинг ичларига ахлоқ, фазилат, омонат ва иқтисод руҳини барпо этишга уриниб кўрдилар. Аммо бутунлай муваффақиятсизликка учрадилар. Улар умри тугаб ўзаги кесилиб  бўлган бу халқни ислоҳ қилиш ва тартибга олишдан кўра бутунлай бошқа бир халқни яратишлик осон иш эканлигини билдилар.

Ана шу тарзда оламнинг машриқию мағриби тезда чора кўрилиши лозим бўлган маънавий, ахлоқий, ижтимоий ва иқтисодий муаммолар ичида қолиб кетган эди.

Халқаро муаммонинг ягона ечими:

Ягона ечим бу оламга етакчилик қилиш, ҳаётнинг бошқаруви бу ишларни суиистеъмол қилган бесўнақай қўллардан маҳоратли ва покиза қўлларнинг ихтиёрига ўтишидир.

Дунёга етакчилик қилишнинг Британия қўлидан Американинг қўлига, уларнинг ҳар иккаласидан Россиянинг ихтиёрига ўтиши ҳеч қандай самара бермайди ва бирор нарсани ўзгартира олмайди. Зотан бу ўтишлик толиқиб қолган ўнг қўлдаги эшкакнинг чап қўлга ўтишидир.  Модомики эшкак битта бўлар экан ўнг қўлда бўлиши билан чап қўлда бўлишининг фарқи йўқдир. Британия ҳам, Америка ва Россия ҳам ҳаётни идора қилиб турган битта одамнинг навбати билан кемани битта чизиқ бўйлаб битта тарафга юргизадиган қўлларига ўхшайди.

Таъсир кўрсатиши аниқ бўлган ўтишлик бу етакчиликнинг ­Британия, Америка, Россия ҳамда улар сингари шарқ ва Осиё халқларини ҳам ўз ичига қамрайдиган кенг маънода­    моддийлик ва жоҳилликнинг ортидан кетаётган Оврўпонинг қўлидан Саййидимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ўлмас рисолалари ва ҳикматли динлари билан етакчилик қиладиган Ислом оламига ўтишидир.

Тарихнинг юзини ўзгартирадиган, ишларнинг жараёнини бошқа тарафга бурадиган, оламни келажакда кутиб турган даҳшатли соатдан қутқариб қоладиган ўзгариш ана шудир.

Албатта, Ислом оламининг ана шу муҳим мансабни ўзига олиш умидида бўлиши унинг учун вожибдир. Албатта, ҳар қайси исломий мамлакат ва мусулмон халқ ана шу иш учун енгини шимармоғи вожибдир. Албатта, ҳар қандай мусулмон бу йўлда курашмоғи, тоқати етадиган ҳамма ишни қилмоғи вожибдир. Зотан ана шу шарафли вазифанинг муваффақияти дунёга келиб, араб жазирасида униб бошлаган куниёқ  Ислом умматидан умид қилинган ишдир.

Ислом олами Оврўпонинг изидан бормоқда:

Ғалати воқелик шуки кейинги вақтларда мусулмонлар дунёнинг кўп томонларида ҳатто Исломнинг марказлари ва пойтахтларида ҳам оврўпоча жоҳилликнинг иттифоқдошига, уларнинг итоаткор лашкарларига айланиб қолганлар. Ҳатто айрим исломий халқлар ва мамлакатлар бир неча асрлардан бери жоҳилият ҳаракатига етакчилик қилиб келаётган ва унга янгича руҳ пуфлаётган, ўз байроқларини машриқу мағрибларга қадаб қўйган  оврўполикларни мусулмонларнинг ёрдамчилари, кучсиз Исломнинг обрўсини ҳимоя қилгувчилари, дунёда адолатнинг байроғини баланд кўтаргувчилар ва адолатни тикловчилар деб биладилар.

Мусулмонларнинг ҳаммалари исломий қўшинларнинг қўмондони бўлишнинг ўрнига жоҳилиятнинг оддий аскарлари бўлишни ўзларига эп кўрадилар. Жоҳилия ахлоқи, оврўпоча фалсафа асослари худди сувнинг дарахтнинг томирларидаги, электр токининг симнинг ичидаги ҳаракатига ўхшаб уларнинг ичига кириб кетган. Шунинг учун ҳам мусулмон ўлкаларда ғарбона маданиятнинг кўплаб кўринишлари ва аломатларини кўрасиз. Шаҳватларга талпинишларни, охират борлигига ишонмайдиган, ана шу ҳаётдан кейин бошқа бир ҳаётнинг борлигига ишонмайдиган одамлар сингари ҳаётга очликларини кўрасиз. Мартаба ва ифтихор учун ўзаро рақобатлашишни, ана шу ҳаётни ва унинг асбобларини бебаҳо деб қадрлайдиган кишиларга ўхшаб унга ташланишларини кўрасиз. Ҳеч бир китоб ва ҳеч бир набийга имон келтирмайдиган, охиратга ишонмайдиган, ҳисоб китобдан қўрқмайдиган кишиларга ўхшаб шахсий манфаатларини ҳар қандай принсип ва ахлоқлардан устун қўйишларини кўрасиз. Ҳаёти дунёни раъсулмол, орзу­ умидлар ниҳояси деб ҳисоблайдиганларнинг одатига ўхшаб уларнинг ўлимни ёмон кўриб, ҳаётни қаттиқ яхши кўришларини кўрасиз.  Ҳеч қандай ахлоқи ва ҳеч қандай тирик ҳақиқати бўлмаган  моддиюнчи халқларга ўхшаб зеб­ зийнатлар ва қуруқ ташқи кўринишларга мафтун бўлганликларини кўрасиз. Будпарастлар ва мажусийларга ўхшаб инсонга хузуъ қиладиган, подшолар, амирлар, ҳукумат арбоблари ва мансабдор шахсларга итоат қилишларини кўрасиз.

Нуқсонларига қарамай мусулмонлар инсониятнинг бошпанаси ва келажакнинг умматидирлар:

Аммо мусулмонларнинг барча камчиликлари ва заиф томонларига қарамасдан халқларнинг етакчиси бўлиш борасида ғарбликларнинг рақиби бўла оладиган ер юзидаги ягона халқ ана шулардир. Мусулмонлар дунёнинг ҳаракатини назорат қилиб туришлари, халқларнинг ахлоқлари, амаллари ва ҳаракатлари устидан ҳисоб­ китоб қилиб турадиган, уларни фазилат ва тақво сарига етаклай оладиган, икки дунё саодати ва нажотига бошлайдиган, қўлида бор куч­ қудрат ёрдамида улар билан жаҳаннамнинг ўртасига тўсиқ бўладиган, жоҳилия фитратига қайтишларига рози бўлмайдиган ягона халқдирлар.

Оврўпо шарқу ғарб бўйлаб ёзиб ташлаган жоҳилона тузумга қачонлардир хавф солиши ва унинг режаларини чиппакка чиқариши мумкин бўлган халқ ана шулардир.

Исломнинг донишманд шоири (Муҳаммад Иқбол) ўзининг ажоиб қасидаси «Иблис парламенти»да Иблиснинг тили орқали ана шу хатарни тасвирлаб бергандир. Унда зикр қилишича шайтон, Иблиснинг шериклари ва ёрдамчилари шўро мажлисида тўпланиб, дунёнинг жараёни, эртанги куннинг хатарлари ва фитналари ҳақида, ўзларининг иблисона тузумлари ва шайтоний вазифалари учун хатарли деб билган нарсалари хусусида баҳслашибдилар. Шунда улардан бирлари республикачиликни эсга солибди ва бу ишга катта баҳо бериб юборибди. Иккинчиси эса: «Сен у ишдан хавотир олмагин. Чунки у подшолик қилишнинг бир кўриниши холос. Подшоликка республикачилик либосини кийгазганлар бизнинг ўзимиз.  Агар бирор инсон ўзига келиб қолиб ўз улуғлигини ҳис қилганини сезиб қолсак, бизнинг тузумимизга қарши оқибати яхшиликка олиб келмайдиган қўзғолон қилишидан хатарга тушсак бас, биз уни республикачилик ўйинчоғи билан овора қилиб қўямиз. Иш амир ёки султоннинг қўлида эмас. Подшолик подшоликка муносиб бўлган бирор шахснинг борлигига чекланиб қолган эмас.  Подшолик дегани бу инсоннинг ўзидан бошқаларга қарам бўлиб, бошқаларнинг матосига кўз тикиб яшамоғидир. Бунинг халқ ва шахс бўлишида ҳеч қандай фарқ йўқ. сен ғарбликларнинг республикача тузумларини кўрмаганмисан? Ташқариси ёп­ ёруғ, ботини эса Чингизхоннинг ичидан ҳам қорароқ?».

Шунда бошқаси деди: «Агар подшоликнинг руҳияти сақланиб қоладиган бўлса, ҳеч нарса эмас экан. Аммо муҳтарам ноиб Карл Маркс деб аталган ўзи набий бўлмасада муқаддас китобни кўтариб юрадиган бу яҳудий қўзғаган қора фитналар ҳақида нималар дейдилар?  Унинг дунёни остин­ устин қилиб юборганидан, қулларни хожага айлантириб қўйганидан хабарингиз борми?».

Яна бирлари мажлис раисига мурожаат қилиб деди: «Жаноби олийлари, Оврўпо сеҳргарлари агарчи Сизнинг садоқатли муридларингиз бўлсалар ҳам  мен уларнинг фаросатларига унчалик ишонмаяпман. Мана (Форсларнинг коммунист етакчиси бўлган) Маздакнинг бир нусхаси бўлган яҳудий Сомирий ҳам бутун оламга ўзининг қоидаларини олиб келган эди пашша бургутга айланди, қашшоқлар подшолар билан ёнма­ ён ўтирадиган бўлиб қолдилар. Бизлар манави коммунистик ҳаракатга беписанд қараган эдик. Мана бугун унинг шарри бутун оламни эгаллаб олди. Мана бугун ер ҳам эртанинг фитнасидан қўрқиб титрайдиган бўлиб қолди. Жаноби олийлари, сиз бошқараётган олам яқинда Сизга қарши чиқажак. Ана шунда бу тузум дунёни остин­ устин қилиб юборади».

Ана шунда мажлиснинг раиси (Иблис) сўзга кириб деди: «Дунёнинг бошқаруви менинг қўлимда ва мен уни истаганимдек тасарруф қиламан. Яқинда бутун дунё ажоиб ишларнинг гувоҳи бўлади. Мен оврўполикларнинг ўрталарига адоват солиб қўяман ва улар итлар ва бўрилардек бир­ бирларини ғажийдилар. Мен сиёсий раҳбарларнинг, руҳонийлар ва епископларнинг қулоқларига пуфлайдиган бўлсам улар ўз йўлларидан адашиб кетадилар ва мажнунга айланадилар.

Сизларнинг коммунистик тузум ҳақидаги гапларингизга келсак,  шунга амин бўлингки инсонлар билан инсонлар ўртасидаги бўшлиқни Маздакийнинг мантиқи(коммунистик фалсафа) тўлдира олмайди. Бадарға қилинган бу коммунистлар ва аҳмоқ деҳқонлардан менинг қўрқадиган жойим йўқдир.

Мен агар қўрқадиган бўлсам ҳали ҳам ҳаёт ва умид учқуни кулининг остида яшириниб ётган, ичида кечалари ухламай ибодат қилиб чиқадиган, саҳарларда кўз ёшлари тўкадиган одамлари бор бўлган бир умматдан қўрқаман. Фаросати бор одамга коммунизмнинг эмас балки Исломнинг эртанги кун фитнаси экани, келажакнинг фалокати эканлиги сир эмас.

Бу уммат Қуръонни ташлаб қўйгани, молу дунёга алданиб қолгани, бошқа халқларга ўхшаб уни тўплаш ва жамғаришга берилганидан бехабар эмасман. Шарқнинг туни қоп­ қора зулмат эканлиги, Ислом уламолари ва шайхларининг қўлида ўша зулматларни ёритадиган, оламни мунаввар қиладиган ўша оппоқ қўл йўқлигидан хабарим бор. Аммо мени хавотирга солаётган нарса шуки, ушбу асрдаги фалокатлар ва тебранишлар сабабли бу уммат уйғонади ва (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг) шариатига юз тутади. Мен сизларни (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг) динидан огоҳлантираман. У ор­ номус ҳимоячисидир. Ҳақ­ ҳуқуқлар ҳимоячисидир. Улуғлик ва шараф динидир. Омонат ва поклик динидир. Мардлик ва қаҳрамонлик динидир. Кураш ва жиҳодлар динидир. У қулликнинг барча кўринишларини бекорга чиқаради. Инсонга қуллик қилишнинг барча кўринишларини ўчириб ташлайди. Шоҳ билан гадонинг ўртасини ажратмайди. Султонни деҳқондан устин қўймайди. Молу давлатни ҳар қандай кир ва ифлосликдан тозалаб, покиза ва софга айлантиради. Бадавлат ва мулкдор инсонларни ўз молларининг халифаси, Аллоҳнинг аминлари, мол устидаги вакиллари қилиб қўяди. Ер подшолар ва султонларники эмас Аллоҳникидир деб ошкора айтган кунда тафаккур ва амаллар оламида ана шу дин пайдо қилган инқилобдан кўра хатарлироқ нима бор? Бундан кўра оғирроқ қўзғолон қаерда бор?

Шудай экан сизлар ўз меҳнатингизни ана шу динни одамларнинг кўзларидан пана қилишга сарфланг. Мусулмон одамнинг ўзи Роббисига бўлган ишончи кучсиз ва динига бўлган имони заиф экани сизни хурсанд қилайверсин. Шундай экан унинг илми калом ва илоҳиёт билан, Аллоҳнинг Китоби ва оятларини таъвил қилиш билан андармон бўлиб тургани биз учун яхшидир. Сиз мусулмоннинг қулоғига тепинг. Чунки у ўзининг азон ва такбирлари билан бизларнинг дунёга қилиб қўйган сеҳр­ жодуларимизни барбод қилади. Унинг оқшомини узун, саҳарини секин қилиш ҳаракатида бўлинглар. Эй оғайниларим, дунёдаги беллашувда мағлуб қилиш учун жидду жаҳд қилиш билан шуғулланинг. Мусулмон одамнинг бошқа бир кишига қул бўлиб қолгани, бу оламни тарк қилиб узлат қилгани биз учун яхшиликдир. Агар динлари оламни назорат қилишга даъват қиладиган бу уммат  ўз ғафлатидан уйғонадиган бўлса, унда бизнинг ҳолимизга вой бўлгани ва бизнинг шўримиз қуригани шудир».

Ислом дунёсининг рисоласи:

Ислом дунёсини уйғотадиган биргина нарса бор. У ҳам бўлса, унинг асосчиси бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам вакил қилиб қолдириб кетган ўз рисоласини бажариш, унга имон келтириш ва унинг йўлида ўз жонини аяб ўтирмасликдир.  Бу ­ куч­ қудратли, аниқ ва равшан ҳамда ёритгувчи рисоладир. Дунё ҳали ундан кўра адолатлироқ, афзалроқ ва башарият учун ундан кўра баракалироқ рисоланинг гувоҳи бўлган эмасдир.

Айнан ана шу рисолани мусулмонлар илк ғалабалари чоғидаёқ ўз зиммаларига олган эдилар.  Ва бу рисола Эрон шоҳи Яздажирднинг ҳузурида туриб уларнинг элчиларидан бирлари сўзлаган нутқида ўз хулосасини топган эди: «Бизларни Аллоҳ Ўзи истаган кишиларни бандаларга бандалик қилишдан ягона Аллоҳга бандачилик қилишга, дунёнинг торлигидан кенглигига, динларнинг жабридан Исломнинг адолатига  чиқаришимиз учун юборди». Бу­ бирор бир калимаси ўзгартирилиши ва бирор бир ҳарф қўшилиши керак бўлмаган бир рисоладир.  У милодий ўн олтинчи асрга мувофиқ келганидек йигирманчи асрга ҳам худди мусулмонлар дунёни мажусийлик ва жоҳилиятнинг ботқоқликларидан қутқаришлик учун чиққан кундаги ҳайъати каби  тамоман мувофиқ келадиган рисоладир.

Бугун одамлар ҳали ҳанузгача ўзларининг ­ тошдан, ёғочдан ясалган, қабрларга кўмилган ва бир жойга ўрнатиб қўйилган ­ санамларига ибодат қилишда давом этиб келмоқдалар. Ягона Аллоҳга ибодат қилишлик эса ғариб ва мағлублигича қолмоқда. Ҳали ҳанузгача фитна­ ширк ўз оёғида тик туриб олган. Ҳалигача ҳойи ҳавас илоҳига ибодат қилинмоқда. Ҳалигача аҳборлар, роҳиблар, шоҳлар, султонлар, кучлилар, бадавлатлар, раҳбарлар ва сиёсий партиялар Аллоҳнинг ўрнига илоҳ қилиб олинганларки,  уларга атаб қурбонликлар тақдим қилинмоқда, улар учун улушлар ажратилмоқда.

Шунингдек олам ҳам бугун кенглиги, бир жойдан иккинчи жойга бориш учун воситаларнинг мўл­ кўллиги, халқлар ва элатларнинг бир­ бирлари билан алоқалари яқин бўлишига қарамасдан кечагидан кўра торлик қилиб бормоқда. Фақат ўзининг оёқ остига қарайдиган, фақат ўз хожасининг фойдасига имон келтирадиган, шаҳватларга муккасидан берилиш ва ўз зотига сиғинишдан бошқасини билмайдиган моддийлик уни тор қилиб юборган. Битта иқлимда иккита одамнинг яшашига рухсат бермайдиган худбинлик, ҳар қандай бегонага хўмрайиб қарайдиган, унинг ҳар қандай фазилатини тан олмайдиган, ҳар қандай ҳаққини поймол қиладиган тор доирадаги миллатчилик уни бўғиб қўйган.

Кейин эса ҳаёт заруриятларини, ризқ ва озиқ­ овқатни монополия қилиб оладиган сиёсий ҳукмронлар ана шу моддийлик ҳаётининг сиртмоғини яна ҳам қисиб қўйганлар. Улар ана шу ҳаётни ўзлари истаган кишига тор қилиб қўйсалар, ўзлари истаганларга кенг қилиб қўядилар. ­Ўзлари даъво қилганларидек­ кимни истасалар ўшанинг ризқини кенг қиладилар ва кимни истасалар ўшанинг ризқини танг қилиб қўядилар. Натижада эса катта ­ катта шаҳарлар ҳам зоббнинг уясидан кўра торроққа айланиб қолди. Одамлар  ўз ватанларида туриб ҳам аҳмоқ ва етимнинг хонасига ўхшаб кетадиган яримта хонада қолиб кетадилар.  Кенг бўлишига қарамасдан дунё одамларга торлик қиладиган, ўзларига ўз жонлари ҳам кўплик қиладиган бўлиб қолади. Одамлар ҳамма вақт сунъий ва ҳақиқий очликлардан, ички ва ташқи уришлар, ҳафталик ва кундалик иш ташлашлар ва нотинчликлардан хавфсираб яшаганларидан шаҳар ва мамлакат кишанлари ва занжирлари ичида қолиб кетдилар.

Ҳа, динларнинг жабридан Исломнинг адолатига чиқариш учун! Ҳозирги маданийлашган, онгли ва маърифтали асрда ҳам динлар ҳалигача одамларнинг ақлларини ўйин қилмоқда, худди эшаклар ва ҳўкизларга ўхшатиб уларни ўзига бўйинсундирмоқда. Қурбон  ҳайитида сўйиладиган битта сигирни деб ёки қайсидир қишлоқда кесиб ташланган қайсидир дарахтни деб юзлаб одамларни ўлдиришни ўзига эргашганларга зийнатлаб кўрсатмоқда.

Номлари бизга таниш бўлган динлардан бошқа номдаги динлар ҳам бор. Уларнинг нуфузи ва ҳукмронлиги, жабри, адовати ва ўзига эътиқод қилганларнинг ақлларини ўйин қилиши ҳамда ўзининг ажоиботлари билан қадимги динлардан қолишмайди. Улар билан одамлар дин ва рисолатга ишонгандек ишониб келадиган сиёсий тузумлар ва иқтисодий назариялар миллатчилик ва ватанпарварликка, демократия ва социализмга, диктатура ва коммунизмга ўхшайди. Бу динлар ўзига эътиқод қилмаганларни аяб ўтирмайди, уларга меҳр кўрсатай демайди. Жоҳилият давридаги динлардан кўра бағритошроқ ҳам. Бугунги иқтисодий таъқиблар қора асрлардаги диний таъқиблардан ҳам даҳшатлироқдир. Зотан миллий партиялардан бирортаси сайловда ғолиб келса ёки сиёсий принсиплардан бирортасига эгалик қиладиган бўлса, ёхуд сайловда бирор бир гуруҳ ғалаба қозонадиган бўлса ўз рақиблари учун барча эшикларни ёпиб қўяди, уларга энг қаттиқ азобларни беради. Испанияда узоқ вақтлар давом этган, қонлар дарё бўлиб оққан маҳаллий урушнинг, хитойликлардан бўлган республикачилар билан коммунистлар ўртасида бўлиб ўтган Хитой урушининг, жанубий ва шимолий Кореялар ўртасида бўлиб ўтган урушларнинг барчаси сиёсий ақида ва иқтисодий назариялардаги келишмовчиликнинг натижасида келиб чиққан, холос.

   Шундай экан Ислом оламининг рисоласи­ бу Аллоҳга ва Унинг расулига даъват қилиш, Охират кунига имон келтиришга чақиришдир ва унинг мукофоти зулматлардан нурга чиқиш, одамларнинг қули бўлишдан ягона Аллоҳнинг бандаси бўлишга чиқишдир. Тор дунёдан кенг дунёга, динларнинг жабридан Исломнинг адолатига  чиқишдир. Бугунги даврга келиб ана шу рисоланинг фазли ва англаб етишнинг осонлиги ҳар қандай асрдагидан кўра аниқроқ бўлиб қолди. Зотан жоҳилиятнинг камчиликлари одамларга фош бўлиб қолди ва одамлар ундан безиб ҳам бўлдилар. Агар дунё Исломни ғанимат билиб ушбу рисоланинг бутунлай ихлос, ғайрат ва азимат билан ўзига қабул қиладиган бўлса, дунёни парокандалик ва инқироздан қутқара оладиган ягона рисола сифатида унга эътиқод қиладиган бўлса, демак, энди дунёга етакчилик қилиш жоҳилиятнинг қўлидан Исломнинг қўлига ўтиш палласи келибди.

Маънавий ҳозирлик:

Аммо Ислом олами ўзининг рисоласини Оврўполиклар дунёга карам қилган диний кўринишлар билан, моҳир тиллари ва халқларга ҳеч қандай нафи тегмайдиган ҳаёт услублари билан адо этмайди. Шубҳасиз у ўз вазифасини руҳ, Оврўпо кундан­ кунга қашшоқлашиб кетаётган маънавий куч­ қудрат билан адо этади. У иймон билан, ҳаётни менсимаслик ва шаҳватлардан юз ўгириш билан, шаҳидликка бўлган иштиёқ ва жаннатни соғиниш билан, дунё матосига рағбат қилмаслик ва савоб умидида сабр қилган ҳолда Аллоҳнинг Зоти йўлидаги озор­ азиятларга бардош беришлик  билан ғалабага эришади: «У қавмни қувишда бўш келманг. Агар алам чекаётган бўлсангиз, улар ҳам сиз алам чекаётганингиздек алам чекмоқдалар. Сиз эса, Аллоҳдан улар умид қилмаган нарсани умид қилмоқдасиз». Зотан мўминнинг кучи ва ғолиблигининг сирри унинг Охиратга бўлган имонида, Аллоҳнинг савобини умид қилишидадир. Агар Ислом дунёси ҳам Оврўпога ўхшаб фақат осон манфаатни ўйлаганида, унга ўхшаб фақат дунё матосини умид қилганида, унга ўхшаб фақат ҳис қилинадиган ва моддий нарсаларга ишонганида эди Оврўпо ўзининг моддий қудрати сабабли моддий куч­ қудратда ундан жуда ҳам орқада қолиб кетган Ислом дунёсидан кўра нусрат ва хожаликка ҳақлироқ бўлган бўлур ва маънавий куч­ қудратда Ислом дунёси ундан устин бўла олмаган бўлар эди.

Дарҳақиқат Ислом дунёси шундай даврни ўз бошидан кечирдики ўшанда у ана шу маънавий кучга эътиборсизлик қилди, ундан қолганларини ҳам сақлаб қола билмади, уни қувватламади ва ниҳоят қалбидаги маънавий қувват булоғининг суви қуриб қолди. Ислом олами имон, сабр ва матонатга, машаққатлар ва қийинчиликларга бардош беришга муҳтож бўлинадиган урушларга шўнғиб кетгани ҳамда бир оз нотинчлашгани сабабли мусулмонларнинг дилларида яшириниб ётган маънавий қувватдан паноҳ топганида чанқоқ одам уни сув деб ҳисоблайдиган қачонки, унинг олдига келса, ҳеч нарсани топмайдиган    саҳродаги саробга ўхшаб қолган эди. Ана шунда у ана шу маънавий қувватни зое қилишлик билан ўз жонига қаттиқ жабр қилганини билиб олди ва унинг ўрнини тўлдирадиган бирор нарсани излаб топишга муваффақ бўлмади.

Ислом олами нозик урушларга шўнғиб кетди. У мусулмонларнинг  қиёматлари қойим бўлади, улар тезда  Исломни ҳимоя қилиш, ўзларининг муқаддас юртларини қўриқлаш учун чопиб қоладилар, Аллоҳ ва Унинг расули учун, Унинг тақиқлари учун ғазабга минадилар, мусулмонларнинг ҳамияти ва шижоатлари аланга олиб, исломий ўлкаларни ўт қамраб олади, деб билар эди. Бироқ воқеалар Ислом оламига кутилган даражада таъсир кўрсатмади, қарашлар ожизона, ғазаблар ичга ютилган бўлиб чиқди. Ислом дунёси ҳеч нарса бўлмагандек ўз одатига биноан­ куну тунлари­ лаззатлар ва шаҳватларга берилиб кетганича қолиб кетди.  Ана шунда Ислом оламидаги диний ҳамлалар ўз кучини йўқотиб бўлгани, жиҳод алангаси ўчиб  бўлгани ёки ўчай  деб қолгани маълум бўлиб қолди.  Ана шу вақтда одамлар ўз қаршиларида турган Ислом дунёсининг заифлигини, ожизлиги ва хорлигини билиб қолдилар.

Шундай экан мусулмон дунёсининг раҳбарлари, диний ташкилот ва жамиятлари учун, исломий мамлакатлар учун энг асосий иш бу илк исломий даъватлар услубига амал қилган ҳолда мусулмонларнинг қалбларига иймон дарахтини экиш, диний туйғуларни ҳаракатга келтириш, Аллоҳ ва Унинг расулига, Охират борлигига иймон келтиришга даъват қилишдир. Бу ишда кучни аямаслик, қадимги ва янги услубларнинг барчасини ишга солиш, нашриёт ва таълим йўлларидан фойдаланишдир. Масалан, қишлоқ ва шаҳарларга даъватчилар юборилади, нутқ ва маърузалар ташкил қилинади, китоблар ва мақолалар нашр этилади, сийрат ва саҳобаларнинг хабарлари бор китоблар ўрганилади, Исломдаги фатҳлар ва жанглар ҳақидаги асарлар, Исломнинг қаҳрамонлари ва шаҳидлари ҳақидаги хабарлар ўрганилади. Жиҳод ҳақидаги мавзулар музокара қилинади, шаҳидликнинг фазилатлари эслатилади. Ьу ишда радио ва матбуот, адабиёт китоблари, замонавий воситалар ва кучларнинг барчаси ишга солинади.

Қуръони  карим билан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари икки буюк куч бўлиб улар Ислом оламида шижоат ва имон оловини ёқишга, ҳар қандай вақтда жоҳилият даврига қарши улкан инқилобларни пайдо қилишга, тақдирига тан берган, синган ва хор умматни қалбида оташи, шижоат ва ғайрати бор, жоҳилиятни ёмон кўрадиган, золим тузумларга нафрат билан қарайдиган бир умматни пайдо қилишга қодирдир.

Тўғри, Ислом дунёсининг камчилиги бу ҳаёти дунёга рози бўлиш ва ундан таскин топиши, бузуқ вазиятлар, ҳаётда ортиқчалик қиладиган тинчликдан хотиржам тортишидир. Шунинг учун ҳам ҳеч қандай бузғунчилик уни безовта қилмай қўйган, ҳеч бир оғишишлик унинг тинчини бузмай қўйган. Мункар ишдан ҳаяжонга келмайдиган, қорин ва кийимнинг ғамидан бошқаси билан иши бўлмайдиган бўлиб қолган. Аммо Қуръони карим ва сийрати набавия ёрдамида­ агар қалбга йўл топа олсалар,­ имон билан мунофиқликнинг, ишонч билан шубҳага боришнинг, ўткинчи манфаатлар билан охиратнинг, жисмнинг роҳати билан қалбнинг роҳати, бекорчи ҳаёт билан шаҳид бўлиб ўлим топишнинг  орасида    ҳар қайси набий ўз вақтида пайдо қилган курашни вужудга келтира олади. Дунё фақат шу билан ислоҳ бўлиши мумкин. Ана шу вақтда Ислом оламининг ҳар қайси тарафида, ҳатто мусулмон ўлкаларидаги ҳар бир мусулмон оилада: «Роббиларига иймон келтирган, ва Биз уларнинг ҳидоятларини янада зиёда қилиб берган, ва қалбларини мустаҳкамлаган, қачонки улар турар эканлар: «Бизнинг Роббимиз осионлару ернинг Роббидир, Ундан ўзгани ҳаргиз илоҳ дея дуо қилмаймиз, агар шундай қиладиган бўлсак, ноҳақ сўзни айтган бўлурмиз», дейдиган йигитлар»  оёққа турадилар.

Ана ўша вақтда Билол, Аммор, Хубоб, Ҳабийб, Хубайб, Мусъаб ибн Умайр, Усмон ибн Мазъун, Анас ибн Назрларнинг ёди янгиланади. Ана ўша вақтда жаннатнинг бўйлари уфуради, илк асрнинг шамоллари елади. Ҳеч нарсаси эски оламга ўхшамайдиган янги Ислом олами дунёга келади.

Саноат ва ҳарбий соҳадаги тайёргарлик:

Аммо мусулмонларнинг вазифалари шу билан тугаб қолмайди. Агар Исломнинг рисоласини ўз зиммасига олишни, оламга етакчилик қилишни истаса, бас унинг юксак куч­ қудрати, илм­ фан, саноат, савдо ­сотиқ ва ҳарбий санъат борасида тўлиқ тайёргарлиги бўлиши лозим. Ҳаётнинг барча эҳтиёжлари, барча томонлари борасида ғарбдан тамоман беҳожат бўлиши, ўзини ўзи боқиб, кийинтириши, ўз қуролини ўзи ясаши, ҳаётининг ишларини тартибга солиши, ўз замини остидаги хазиналарни қазиб олиши ва улардан фойдаланиши, ўз ҳукуматини ўз одамлари ва моли билан идора қилиши, ўзини ўраб турган денгизларда ўзининг кемаларини юргизиши, ўзининг пороходлари, танкалари, ўз мамлакатининг қурол­ яроқлари ёрдамида    душманга қарши курашмоғи, импорт қилишдан кўра экспортни кенгайтириши, ғарбдан қарз олишга мажбур бўлмаслиги, ғарбнинг байроқларидан бири остидан бошпана излашга, унинг ҳарбий қароргоҳларидан бирортасига қўшилишга муҳтож бўлмаслиги керак.

Аммо модомики мусулмонлар илм­ фан, сиёсат, саноат ва савдо­ сотиқ соҳасида ғарбга қарам бўлиб қолар эканлар, модомики ғарб уларнинг қонларини сўриб яшар экан, заминларини қазиб, унинг ичидаги оби ҳаётларини чиқариб олар экан, савдо моллари билан ҳар куни Ислом оламининг бозорларига, хонадонларига ва чўнтакларига хужум қилар экан, модомики мусулмонлар ғарбдан қарз олар эканлар, ўз ҳукуматларини идора қилиш учун уларнинг одамларидан фойдаланар эканлар, муҳим вазифаларга уларни тайинлаб қўшинларини тайёрлатар эканлар, уларнинг молларини импорт қилар эканлар, уларни ўзлари учун устоз ва  хожа ўрнида кўрар эканлар, уларнинг ижозатларисиз бирор ишга қасд қилмас ва уларнинг фикрларисиз бирор бир қарорга келмас эканлар ғарбликлардан устин келиш ва улар билан беллашиш у ёқда турсин ҳатто уларга қарши чиқишга ҳам асло қодир бўлмайдилар.

Ўтмишда мусулмонлар эътиборсизлик қилган, натижада эса узоқ йиллик қуллик ва хорларча ҳаёт билан жазоланган,  илмий ва синоий тарафлар ана шулардир.   Бунинг натижасида мусулмонларга оламни жаҳаннамга, ҳалокатга, ўзаро қирғинлару ва суиқасдларга қараб етаклайдиган оврўполикларнинг золимона ҳукмронликлари билан мусибатландилар. Чунки, мусулмонларнинг илм­ фан, саноат борасидаги тайёргарликка, ўзларининг ҳаётдаги ишлари борасида мустақил бўлишга иккинчи марта ҳам нуқсонга йўл қўйишлари бутун дунёнинг пешонасига бахтсизликни ёзиб қўйди ва инсониятнинг мусибати ва меҳнати узоққа чўзилиб кетди.

Дунёдаги етакчиликнинг ўз ўрнини топиши:

Мусулмонлар ­араблар билан қўшиб­ узоқ вақтлардан бери илм­  фан ва иршод, мафкуравий мустақиллик борасидаги ўз мавқеидан ўзини четга тортиб келди ва ғарбнинг қўлига қарам бўлиб ғарбнинг кутилмаган меҳмонига айланиб қолди.  Ҳатто араб тили, тил одоби ва илмлари борасида ҳам. Ҳатто тафсир, ҳадис ва фиқҳ сингари диний илмлар борасида ҳам. Шарқшунослар тадқиқот ва изланишлар, ўрганиш ва таълиф борасида ягона муршидга айланиб қолдилар. Исломий ҳукмлар ва фикрлар борасида, илмий­ тарихий назариялар борасида ғоя ҳам манба ҳам улар бўлиб қолдилар. Бировни оқлаш ва қоралаш борасида ҳам ана ўшалар намуна бўлиб қолдилар. Уларнинг каттагина қисми пасторлар, башоратчилар, яҳудийлар ва мутаассиб насронийлар бўлиб, улар ичларида Ислом ва Ислом пайғамбари­ соллаллоҳу алайҳи васалламни ёмон кўрадилар ва нафрат қиладилар, Ислом маданиятини масхара қилиб мазаҳлайдилар. Шаръий иборалар(насслар) ва нақлларга хиёнат қиладилар. Сўзларни ўз ўрнидан ўзгартирадилар.. Уларнинг ораларида араб тилини яхши билмайдиган, унда маҳорати йўқ кишилар ҳам бор. Нассларни англаш ва таржима қилишда қўпол хатоларга йўл қўядилар. Уларнинг фикрлари ва тарғиботлари Ислом оламидаги янги илмий марказларга ҳам кириб борган ва улар динни сиёсатдан ажратишга даъват қилиш, динни шахсий масала, унинг жамиятга алоқадор ери йўқ деган даъвони қилишларида,  дин тушунчаси ва шариат аҳкомларини ғарб цивилизацияси ҳамда фалсафасига асосан ўзгартиришга даъват қилишларида  ва ўз шогирдларини, мусулмон шарқдаги ўзларига эргашганларни даъват қилаётган булардан бошқа фикрларда яққол намоён бўлади.

Шарқнинг мусулмон адиблари ва шарқлик мутафаккирлар ғарб цивилизацияси билан юзма­ юз курашмоқдан, унинг асослари ва қадриятларини танқид қилишдан, қилганда ҳам ҳеч ким кутмаган, мустақил равишда танқид қилишдан ожиз қолган эдилар. Ҳатто айримларининг фикрлаши сустлиги ва тақлидга шўнғиб кетганидан ғарб цивилизациясини кишиликнинг ақли етган энг сўнг нуқта, унинг ортидан бошқа ҳеч қандай манзил йўқ, деган фикрлари ҳам бор. Уларнинг ораларида ғарб цивилизациясини тўлиғича, ҳар қанча нуқсонлари билан қўшиб шарқда татбиқ қилишга даъват қиладиганлар ҳам бор. Ва улар айрим мусулмон ўлкаларни шу ишга, оврўполиклар маданиятининг асли бўлмиш юнонлар цивилизациясига даъват қилганлар.

Ана шу табақанинг ичида ғарб цивилизацияси, ҳаётининг фалсафаси ва қадриятларини  тан олмайдиган, ғарб цивилизациясини ҳамда унинг асосларини ишонч, илм, ақл­ идрок ва аниқлик билан муолажа қиладиган «баҳодирлар» жуда ҳам оз эди. Биз ана шу ҳамманинг ичидан қадимги мусулмонлардан аллома Муҳаммад Иқбол ва Исломга ҳидоя топган оврўполик Муҳаммад Асад кабиларни истисно қилишимиз мумкин.

Агар Ислом дунёси ўз оёғида туриш ва ўз ақли билан тафаккур қилишни истаса, ­ ана шу итоаткорликка қарши курашмоғи, ичида баҳодир уламолари ва маҳоратли адиблари бор бўлиши ҳамда ана ўшалар ғарб цивилизацисини танқид ва муолажа кўзи билан, шарқшуносларнинг асарлари ва қарашларини айблаш ва тузатиш кўзи билан ўрганишлари керак бўлади. Бунинг учун ҳатто Оврўпо ва Америкадаги энг буюк шарқшунослар ҳам уларнинг фикрларидан фойдаланишлари, уларнинг фикрлари ёрдамида ўз қарашлари ва хатоларини тузатиб оладиган даражада исломий илмлар борасида етук бўлишлари, унинг тубигача етиб борган бўлишлари керак бўлади. Илм, таҳқиқ ва олий таълим тадқиқотчилари араб дунёсининг пойтахтлари ва Ислом дунёсининг катта шаҳарларига қараб юришлари керак бўлади. Шунингдек, Оврўпо ва Америка пойтахтларига қараб юришга эътибор беришлари керак бўлади. Зеро Исломий шаҳарлар Ислом маданияти, диний илмлар, араб тили одобларининг маркази бўлишга Оврўпо пойтахтлари ва Оврўпо университетларидан кўра ҳақлироқдир. Илм­ фан ва дин соҳасида энг қадимий бўлган ана шу пойтахтлар ўзининг илмий етакчилиги ва асосий мақомидан воз кечишлиги ҳимматсизлик ва бошқа давлатлар билан қаноатланиб қолишдир.

Янгича илмий интизом:

Ислом дунёси ўз руҳи ва рисоласига мувофиқ келадиган нарсалар билан янги илмий интизомни йўлга қўйишлари лозимдир. Ислом дунёси ўзининг илмий тарафдан етакчилиги сабабли эски дунёга ҳукмронлик қилар эди. Ана шу иши билан у дунёнинг ақлияти ва маданиятига кириб борган, адабиёт ва фалсафанинг ичларига етиб борган эди. Тамаддунга эришган дунё узоқ вақтлар ўз ақли билан фикрлаб, ўз қалами билан ёзиб, ўз тили билан асарлар битиб келдилар.  Эрон, Туркистон, Афғонистон ва Ҳиндистондаги муаллифлар  бирор бир аҳамиятли китоб ёзмоқчи бўлсалар фақат араб тилида ёзадилар. Баъзилари асл нусхани араб тилида ёзиб кейин форс тилида кичикроқ хажмда ёзиб чиқади. Ғаззолий «Киймиёи Саодат» асарини шундай қилган эди.

Аббосийлар давлатининг илк даврларида пайдо бўлган ана шу илмий ҳаракат юнонлар ва ажамлардан таъсирланган, соф исломий фикрат ва исломий руҳда таъсис этилмаган бўлсада, уларда илмий ва диний тарафдан заийфлик ерлари мавжуд бўлган эсада аммо улар ўз кучлари ва фаолиятлари билан бутун оламни эгаллаб олдилар. Қадимги илмий низомлар уларнинг олдида зим бўлиб кетди.

Янги уйғониш бошланиб ўзининг тажрибалари ва илмий танқидлари билан ана шу эски низомни бекорга чиқарди, илм ва сабоқ олиш учун янги бир услубни йўлга қўйди. Бу бекор қилишлик унинг руҳи, ақлияти ва моддий нафсиятига тўғри келадиган эди. Зотан илм толиби уни тугатиб чиқар экан ана шу руҳ билан тўйинган бўлар эди. Олам иккинчи бор ана шу таълим низомига таслим бўлди. Ўзининг табиатидан келиб чиққан Ислом дунёси ҳам ­ агарчи аллақачондан бери илмий таназзул ва мафкуравий фалажлик дардига чалинган, мадад ва ёрдамни фақатгина Оврўподан топаётган бўлсада­  унга бўйинсунди. Бас, у ўзининг барча нуқсонларига қарамасдан ана шу таълим тизимини қабул қилди. Шундай қилиб у мусулмонлар оламининг турли томонларида бугунги ҳукмрон тизим бўлиб қолди.

Ана  шу низомнинг табиий самараси эса исломий нафсият билан­ агар уни атроф­ муҳит ҳалок қилмаган ёш ҳолида қолган бўлса­ янгича нафсиятнинг ўртасида келиб чиққан кураш бўлди.  Исломий ахлоқлар нуқтаи назари билан оврўпоча ахлоқлар нуқтаи назари ўртасидаги кураш бўлди.  Ашёлар ва уларнинг қийматини белгилайдиган эски мезон билан янги мезон ўртасидаги кураш бўлди. Ана шу низомнинг натижаси зиёли табақа ичида нифоқ ва шак­ шубҳани, сабрсизлик, ҳаётга очкўзлик, дунёни охиратдан устин қўйишлик ва оврўпоча маданиятнинг табиатларидан бўлган булардан бошқа нарсаларни пайдо қилиш бўлди.

 Ислом олами ўз ҳаётини янгидан бошламоқчи ва ўзгаларга қарамликдан қутилмоқчи бўлса, етакчиликка умиди бор бўлса, демак у таълим борасидаги мустақилликка эришган бўлиши керак бўлади. Ҳатто илмий соҳада етакчига айланиши лозим. Ва бу осон иш эмас. Бунинг учун чуқур тафаккур керак, асарлар яратилиши ва катта­ катта китоблар ёзилиши, ҳозирги замон илмларини таҳқиқ ва танқид қиладиган даражада маҳорат эгаси бўлиши керак.    Шу билан бирга унинг ўзи Исломнинг руҳидан, унинг асослари ва таълимотларига бўлган мустаҳкам имон билан тўйинган бўлиши керак. Албатта, у катта куч талаб қиладиган вазифадир. Бу иш исломий ҳукуматларнинг иши эканига шубҳа йўқдир. Улар бунинг учун жамиятлар ташкил этиши, унинг учун ҳар бир фан соҳасида маҳорат эгаси бўлган устозларни танлаши, улар эса Китоб ва Суннатдаги ҳукмлар,диннинг ўзгармас ҳақиқатлари билан фойдали замонавий илмлар, тажриба ва текширишларнинг ўртасини жамлайдиган таълим услубини йўлга қўядилар. Мусулмон ёшлар учун Ислом асосларига биноан ва Исломнинг руҳи билан замонавий фанларни дарсликка киритадилар ҳамда у китобларда янги авлодга керак бўладиган ҳамма нарса киритилган бўлади. Яъни, улар ўз ҳаётларини тартибга солишлари учун, ўз жамиятларини асраб­ авайлашлари учун, ғарбдан беҳожат бўлиб уришга тайёргарлик кўришлари учун, ўз заминлари остидаги хазиналарни чиқариб олишлари, ўз юртларидаги бойликлардан фойдаланишлари учун, мусулмон мамлакатнинг иқтисодини тартибга солишлари, ўз ҳукуматларини Ислом таълимотлари асосида идора қилишлари ва мамлакатни бошқаришда исломий тузум билан оврўпоча тузум асосига барпо этилган иқтисодий ишлардаги тартибнинг фарқини кўрсатиб қўйишлари, Оврўпо ҳал этишдан ожиз қолган иқтисодий муаммоларни ҳал қилишлари учун керак бўладиган билимлар ўша дарслик китобларга киритилган бўлади.

Маънавий ҳозирлик, ишлаб чиқариш ва ҳарбий соҳадаги ҳозирлик ҳамда таълим борасидаги мустақиллик Ислом оламини ҳаракатга келтиради. Ва Ислом ўз вазифасини бажариб дунёни ўзига таҳдид солиб турган инқироздан қутқариб қолади. Етакчи бўлиш ҳазил иш эмас. Шубҳасиз у ўта жиддий масаладир. Шунинг учун ҳам меҳнат ва курашни, жиҳод ва қаршиликни ҳамда жуда яхши ҳозирликни талаб қилади.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ушбу ҳадис тўпларини таржима қилиш асносида таржима ва таҳрир ҳайъати аъзоларидан бири Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид .Олтин Силсила, туркумига атаб бир шеър битганлар. давоми...

3004 05:00 / 07.03.2017
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим Аллоҳ таолога беҳисоб ҳамду санолар бўлсин. Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога беадад саловоту саломлар бўлсин. Муҳтарам ўқувчилар, давоми...

4156 05:00 / 11.03.2017
Ҳидоят томини кўтариб турғонЧўнг аркон қулади ndash айвон қулади.Йўқ, аркон демангиз, демангиз айвон,Улкан тоғ қулади ndash осмон қулади.Наҳотки Аллоҳим нафас давоми...

2999 05:00 / 07.03.2017
...Наботот ва жамодот оламида ҳам шу каби ҳистуйғуни топиш мумкин, улар ҳам ўзига хос равишда қайғуради, десам, буни онгли, иймонли кишилар тасдиқлайди. Бунга давоми...

3354 05:00 / 11.03.2017
Аудиолар

118720 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40689 14:35 / 11.08.2021