1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Мусулмонларнинг азобланиши

05:00 / 06.01.2017 3696 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аммо ҳамма мусулмонлар ҳам ҳимоя остида эмас эдилар. Айниқса заифҳол мусулмонлар ўта ҳимоясиз эдилар. Исломнинг ривожланиб бораётганидан жазавага тушган мушриклар ўшандоқ ҳимоясиз, заифҳол мусулмонларни диндан қайтариш мақсадида турли азобларга дучор қила бошладилар.

Макка кофирлари оз сонли мусулмонларни мисли кўрилмаган қийноқларга, азоб-уқубатларга солдилар. Кофирларнинг бу ишлардан кўзлаган бирдан-бир мақсадлари мўминларни иймондан қайтариб яна кофир қилиш эди.
Аммо мусулмонлар бу азобларга сабр қилиш билан инсоният тарихи саҳифаларига олтин ҳарфлар билан ёзиладиган намуналар кўрсатдилар.
Мушриклар Ҳазрати Билол розияллоҳу анҳуни турли йўллар билан азобладилар. Улар у кишини шиддатли иссиқ пайтида чалқанча ётқизиб, кўксиларига кун иссиғида қизиб турган оғир харсанг тошлар қўйиб, ё диндан қайтишни, ёки шу ҳолатда ўлиб кетишни таклиф этдилар. Ҳазрати Билол эса: «Аҳад, Аҳад» деган сўзларни такрорладилар, холос.
Шунингдек, бошқа мусулмонлар ҳам қаттиқ қийноқларга чидадилар.
Мушриклар саҳобалардан Аммор ибн Ясир розияллоҳу анҳу ва у кишининг оталари Ясир розияллоҳу анҳу ҳамда оналари Сумаййа розияллоҳу анҳоларни ҳам тутиб келиб, диндан қайтариш учун қаттиқ азобладилар. Улар азобларга чидам билан сабр қилиб, иймонларидан қайтишга кўнмадилар. Сумаййа розияллоҳу анҳонинг икки оёқларини қозиққа боғлаб, аврат жойларига найза санчдилар. Сўнгра Амморнинг отаси Ясир розияллоҳу анҳуни ҳам ўлдирдилар.
Бу икки улуғ инсон–эру хотин Ислом йўлида, иймон учун биринчи шаҳидлар бўлиш шарафига эришдилар. Амморнинг кўз ўнгида ҳам онасини, ҳам отасини ўлдирган мушриклар уни ҳам ўлдиришга қасд қилганларида унинг оғзидан кофирларни рози этадиган гап чиқди. Шунда мушриклар уни ўлдирмадилар. Одамлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Эй, Аллоҳнинг Расули, Аммор муртад бўлди», дедилар. Бунга жавобан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Йўқ! Аммор бошидан товонигача иймонга тўлиқдир. Иймон унинг этига ҳам, қонига ҳам сингиб кетгандир», дедилар.
Аммор ибн Ясир розияллоҳу анҳунинг ўзлари ҳам йиғлаган ҳолда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, бўлиб ўтган ишларни айтиб:
«Энди нима бўлади?» деб сўрадилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига:
«Қалбингни қандоқ сезмоқдасан?» дедилар.
Аммор розияллоҳу анҳу:
«Иймонга оромли», деди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Агар улар такрорласалар, сен ҳам такрорлагин», дедилар.
Мусъаб ибн Умайр Макканинг энг гўзал ва энг эрка йигити эди. Ота-онаси уни яхши кўрар ва у билан фахрланар эдилар. Унинг онаси жуда ҳам бой аёл эди. У ўз ўғли Мусъабга энг яхши кийимларни сотиб олиб берар эди. Мусъаб юрган жойдан атр ҳиди келиб турар эди. Қисқасини айтадиган бўлсак, Маккада Мусъаб ибн Умайрга ўхшаш эрка ва нозу неъматга кўмилган эркатой йигит йўқ эди.
Ана ўша йигит Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ал-Арқам ибн Аби ал-Арқамнинг уйида Исломга даъват қилаётганлари ҳақида эшитиб қолди. Пойлаб туриб, ҳеч кимга кўринмай ўша ерга кириб борди ва Исломга кирди. Аммо қавмидан, хусусан, онасидан қўрқиб иймонини беркитди.
Кунлардан бир кун Мусъабнинг намоз ўқиётганини Усмон ибн Толҳа кўриб қолди. У дарҳол хабарни Мусъабнинг қавмига ва онасига етказди. Мусъабнинг онаси забардаст хотин бўлиб ундан эркаклар ҳам ҳайиқар эдилар. Ўша забардаст аёл ўзининг эркатой ўғли мусулмон бўлганига чидай олмади. Уни қамаб қўйди ва ҳамма нарсадан маҳрум қилди. Қамоқ қийноқлари ва маҳрумлик азобларини бошидан ўтказган Мусъабни кўрган одам йиғлаб юборар эди. Лекин у ҳамма қийноқларга бардош берди ва Исломнинг мўъжизаларидан бирига айланди.
Усмон ибн Мазъун, Усмон ибн Аффон, Хаббоб ибн ал-Арт каби бошқа мусулмонларга нисбатан ҳам мушриклар турли азоб чораларини қўлладилар. Мусулмонлар эса бу азобларни мардонаворлик ила енгар эдилар.

РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМГА ЕТГАН ОЗОРЛАР

Оддий мусулмонларга анвои азоблар бериб ўз мақсадларига эриша олмаган кофирлар уларнинг сардори Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга озор беришга ўтдилар.
Дастлаб улар ўзларининг эсипастларини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни ёлғончи, сеҳргар, шоир, коҳин ва мажнун деб озор беришга киш-кишладилар.
Улар Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга озор бериш учун ҳар қандай пасткашликдан қайтмадилар.
Бир куни мушрикларнинг бошлиқлари каъбаи муаззаманинг ёнида гаплашиб ўтирар эдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб Байтуллоҳни тавоф қила бошладилар. Кофирлар эса У зотни масхара қилиб устиларидан кула бошладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тўхтаб қаттиқроқ гап айтган эдилар, улар бемазагарчиликларини йиғиштирдилар.
Эртасига яна ўша ерда ўтирган эдилар, Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб қолидлар. Шунда кофирлар бирдан ёпирилиб туриб у зотни ўраб олдилар. Улардан бири Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёқаларидан тутиб судрай бошлади. Шунда Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўртага тушдилар ва йиғлаб туриб:
«Аллоҳ Роббим, дегани учун бир одамни ўлдириб юборасизларми?» деб ажратиб олдилар.
Аммо кофирлар Абу Бакрнинг ўзининг бошини ёрдилар ва соқолидан ушлаб тортдилар.
Бу дегани Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошқа мусулмонларга кофирлар тегмай қўйди, дегани эмасди. Бошқа мусулмонларга нисбатан ҳам улар ашаддийлашиб борар эдилар.
Бир куни Абу Бакр одамларни Аллоҳ таолонинг динига даъват қилаётган эди. Мушриклар бирдан унинг устига ёпирилдилар. Улар Абу Бакр розияллоҳу анҳуни оёқлари остига олиб тепкилай кетдилар. Аёвсиз калтаклардилар. Утба ибн Робийъа бўлса икки кавуши билан у кишининг юзига тушира бошлади. Оқибатда Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг юзини таниб бўлмайдиган ҳолга келди.
Қариндошлари келиб у кишини кўтариб кетишаётганда ўлганига шубҳалари йўқ эди. Аммо кун кечқурганда Абу Бакр розияллоҳу анҳу хушларига келдилар. У киши хушларига келишлари билан:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нима бўлди?» деб сўрадилар. Қариндошлар бу гап учун Абу Бакрни маломат қилдилар ва сўкдилар. Шуда мусулмон аёллардан Умму Жамил у кишига яқинроқ келди. Абу Бакр ундан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида сўради. У бўлса:
«Мана, онанг, сенинг гапларингни эшитиб турибди», деди.
«У билан ишинг бўлмасин», деди Абу Бакр.
«Саломатлар. Тинчлар», деди Умму Жамил секингина, Абу Бакрнинг ўзи эшитадиган қилиб. У орадаги сирни кофир қариндошлар билиб қолмаслиги учун тиришар эди.
Абу Бакр бўлса:
«Аллоҳ учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларга бормагунимча таом ҳам емайман, шароб ҳам ичмайман», деди.
Икки аёл қулай пайт пойлаб турдилар. Одамлар тарқалиб, атрофга сукунат ҳоким бўлганда икки томонидан суяшиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб боришди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакрнинг ҳолини кўриб кўп ачиндилар ва унинг ҳаққига ҳам, онасининг ҳаққига ҳам дуо қилдилар. Онасини динга даъват қилган эдилар, у аёл иймонга келди.
Бунга ўхшаш ҳолатлар борган сари кофирларнинг ҳайратини ошириб борар эди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши ташвиқот ишлари олиб бориш ҳақида маслаҳатлар қилишар эдилар.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
иккинчи мақола Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари иккига бўлинади1. Аллоҳ таолодан фаришта Жаброил алайҳиссалом орқали ваҳий қилинганлари.Жаброил давоми...

691 14:01 / 21.08.2023
АББОСИЙЛАРНИНГ МУҲИМ ВАЗИФАСИ. Аббосийларнинг давлат ичида низолар чиқаришга, ҳокимлар обрўйини тўкишга, қимматчиликка, араблар билан мусулмонлар, яъни давоми...

7725 05:00 / 24.02.2017
Ислом дини жорий этила бошлаган дастshyлабки пайтда яҳудийлар Ясриб Мадина шаҳрида, шунингдек, Хайбар, Фадак ва бошқа шаҳарларда истиқомат қилишар давоми...

1824 15:00 / 05.01.2021
Пайғамбарларнинг машҳурларидан бўлмиш Лут алайҳиссалом Иброҳим алайҳиссаломнинг акалари Ҳороннинг ўғли эдилар. Яъни Иброҳим алайҳиссалом Лут алайҳиссаломга давоми...

5572 18:00 / 14.02.2019
Аудиолар

118784 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40734 14:35 / 11.08.2021