326 19.04.2017

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм!

Алҳамдулиллаҳи Роббил Аъламин, вассолату вассаламу аъла хойри холқиҳи Муҳаммад ва ъала алиҳи ва асҳабиҳи ажмаъин!

Амма баъд!

Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳ!

Узун бўлсада, эринмай ўқиб чиқасиз деган умиддаман. Сабаби, буни ёзиш учун улуғ Рамазоннинг қимматли вақтларини ажратдим.

Сиз азизларга бугунги кунда мусулмонларни қийнаб келаётган муаммолардан бири ҳақида гапирмоқчиман.

Тасаввур қилинг, бир танишингиз бор, ўзи мусулмон, лекин ибодат қилмайди. Эрталаб уйғонади, ювиниб овқатланишга ўтиради. Поклик иймоннинг ярми бўлгани учун юз-қўлини ювмайди, шунчаки бу ота-боболарининг қон-қонига сингиб кетган бир набавий суннат. Қилинадиган иш беният бўлганидан кейин, оддийгина одат ҳисобланади. Бебисмиллоҳ овқатланиб бўлганидан сўнг ундан қўл ювишини кутманг, ахир "топ-тозаку". У шундай кейин кийиниб, ишга ёки ўқишга отланади. Йўлда, бемаҳрамлар-у, беҳаё кийим кийганлардан кўзни тийиш йўқ, имконини топса, гап ҳам отади. Хуллас, ишга ёки ўқишга етиб келди, бир амаллаб, тушлик вақти ҳам бўлди. Энди, шошилмасдан ишхонадаги ёки курсдош қизлар билан бир соатлик тушлик. Ва шу зайлда кун ҳам ўтиб, уйига қайтади. Кечки овқат телевизор олдида ейилади, энди ухлагунча телевизор ёки интернет. Шу билан куни ўтади. Пешинда уйғониб, ярим тунгача дўстлари билан сайрни ҳисобга олмаганда дам олиш кунлари ҳам шу зайлда ўтади!

Сиз унга таъсирли мавъизалар қилиб, намоз ҳақида гапирдингиз. Жуда ҳам таъсирли гапирганингиздан, унинг қалби эриб, намозга мойил бўлади. Озгина вақтдан кейин қарабсизки, танишингиз беш вақт намоз ўқияпти. Кейин эса, Рамазон кириб келади, рўза ҳақида гапирасиз, бу ойги фарз ҳам бажарилади. Кейин эса, закот масалалари... Кейин эса, ҳаж?! Йўқ, асло, сиз ҳали шошмай туринг!

Бу биродарингиз (энди сиз уни биродар дейсиз), сафарга чиқди, таъассуфки намозлар қазо бўла бошлади. Сабаби сўрасангиз, “Э, дўстим, сафар машаққатларини биласан-ку, янги жойлар, таҳорат олишга ўзим истаган шароит йўқ, бунинг устига қийинчилиг-у, чарчоқлар”. 

Ёки тўйга борди. Ароқ қўйилган тўйга бормайман дейишга ҳали иймони етмайди. Асрдан сал аввал бошланган тўйга боради, стол устига қўйилган нарсалар ҳақида суриштириш йўқ, бемалол танаввул қилаверади. Ўртада азиз меҳмон - ароқ ҳам бор! Кейин ўзингиз тасаввур қилиб турган кийимларни кийган аёлларга сурканиб ўйин кулгу бошланади. Хуфтондан кейин тўй тугаб, уйга келган дўстингиз, агар ўйнаб чарчамаган бўлса, намозини ўқийди ёки бугунги 3та намози насияга қолади, агар эртага бомдодга тура олса уларнинг сони 3тадан ошмайди!

Рўзалар ҳам тутилмай қолади. Сабабини сўрасангиз, "Э, дўстим, янги ишга ўтдим, ишим оғир. Рўза тутсам, қийналиб қоламан" ёки "Доктор айтди, гемоглобиним пасайиб кетибди, бақувват овқатланишим керак экан" ё оддийгина ошқозон баҳона бўлади. Агар мол-давлати кўпайса, закотга ажратиладиган миқдор кўзига кўп кўриниб кетади-ю, ундан ҳам воз кечади. Ҳажга келсак, Хайрулла Ҳамидов айтганидай, бу энди зинадан кўтарилиш эмас, пастга қараб қулаш бўлади. Пора билан борилади. Баъзида қулоққа ҳам чалиниб қолинади, "Фалончи ҳожи ота бари" ёки ичида ароқ ҳам сотиладиган дўкони, жуда бўлмаса, тарозидан уриб қоладиган яна бир ширкати.

Хўш нега бунақа бўлди?!

Чунки, аввалда битта хато кетди. Ҳаммаси иймоннинг устига қурилиши керак эди. Бу худди, асоссиз - пойдеворсиз уйга ўхшаб қолди. Сиз бу уйни қанча безаманг, ромларини чиройли қилманг, у барибир қулаб тушади. Ёки сиз илдизсиз дарахт кўрганмисиз?! Аллоҳ қозиқ қилиб қўйган улкан тоғларнинг ҳам илдизи бор, баландлигидан бир неча баробар чуқурроқ илдизи бор! Эътибор беринг, исломнинг аввалги даврларида кишилардан иймон талаб қилинган. Маккий сураларнинг Маданийларидан фарқи нимада эди?! Маккий суралар асосан эътиқодий: Аллоҳнинг бир-у борлигига, Холиқлигига ва шунга ўхшаш бошқа масалаларга қаратилган эди. Рўза, Ҳаж, Талоққа оид ҳукмлар асосан “Бақара” сурасида келади. Бу сура Маккада эмас, Мадинада нозил бўлган. Унинг ичидаги ислоҳ қилинган масаларни кўринг, кейин эса, Маккада нозил бўлган “Ихлос” сурасини ўқинг. Намоз ҳижратдан аввалроқ, Исро кечасида, Рўза ва Закот иккинчи ҳижрий санада, Ҳаж эса тўққизинчи ҳижрий санада фарз бўлган. Қаранг, исломнинг аввалида мусулмонлар динни намоздан бошламадилар, аввал яқин иймон, тавҳидга эътибор қаратилди!

Бизнинг мисолда, бу биродаримизга иймон ҳақида ким кенгроқ тушунчаларни берди? Уни эҳсон даражасига олиб чиқишга ким ҳаракат қилди? Тавҳид ҳақида, Аллоҳга таваккул қилиш ҳақида ким маъруза қилди?

Ҳавқаланинг (яъни, лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ) маъносини биламиз-у, тўлиқ тушуниб етмаймиз, амалга келганда, жуда ҳам сустмиз. Бу ҳақида атрофимиздаги китоблардан маълумот топиш қийин, анча изланиш керак бўлади. Ҳадисларда унинг энг енгили ғам бўлган тўқсон тўққиз дардга даво бўлиши айтилган. Хўш, нега биз бунга эриша олмаймиз, гарчи бу калималарни айтсак ҳам. Чунки, уни айтаётганда қалбимиз ғофил, ўзимиз эса унинг моҳиятини тўлиқ тушуниб етмаганмиз. Тилимиздагини дилимиз тасдиқламагани учун, ёлғончи бўлиб қолганмиз. Тасбеҳларғ-у, такбирлар айтамиз, лекин, хаёлимиз паришон, тилимизда Аллоҳу, фикримиз дунё билан машғул! Бошимизга мушкул иш тушса, нимагадир ён атрофдаги инсонлардан ёрдам кутамиз. Ахир буни бизга синов қилган Аллоҳ эмасми? Ундан ёрдам сўрашимиз керак эмасми? Таваккул қаерда қолди? Нимага ноумидликка тушганда, бошқалардан ёрдам бўлмагандагина Уни эслаймиз? Ҳавқала қаерда қолди?!

Солиҳ йигит уйланишидан олдин нима қилади? Аввалгидан кўра кўпроқ ўзини ўнглашга ҳаракат қилади, уйланиш бобида илм олади, кейин эса, солиҳа қиз қидиради. Сўнг оилавий ҳаёт. Буларнинг ҳаммаси ҳали фарзанди туғилмасидан аввалги, унинг солиҳ бўлиши учун ҳаракатлар. Ёшлигидан Аллоҳни танитади. "Ойингни кўпроқ яхши кўрасанми ёки дадангни?", деган саволига, "Иккалангизни, лекин Аллоҳни иккалангиздан ҳам кўпроқ яхши кўраман" деса, боши осмонга етади. Эътибор беринг, унга тарбияни балоғатга етганидан кейин намоз ўқишдан бошламади. Иймон руҳида тарбиялаганидан кейин, отаси уйда бўлмаса ҳам, намозини ўқийверади.

Бир биродаримиз бир ҳужжатини йўқотиб қўйибди. Шу аҳволга тушган танишларидан сўраса, улар масъул ходимга "озгина пул" бериб, тезда қайта тиклаб олишган экан. Уларга етган хабар бўйича, аслида 20 кунлар ичида амалга ошадиган ишни бир неча кун ичида арзимаган пул билан битириб олишибди. Энди, бу биродаримиз, пора бергиси келмай, керакли жойга мурожаат қилса, катта миқдорда жарима белгилаймиз дейишибди. Ёки ўшанча қийматга эга фалон фалон нарсаларни олиб келиб берасан, бўладими, дейишибди. Унда унча пул йўқлигини айтганида, "буюрилган нарсалар" сони икки марта камайтирилибди. Бошқа қотган биродаримиз, "кейинроқ келаман", деб чиқиб кетибди, Нима қилишини билмас эмиш, "Агар айтилган нарсани олиб келсам, пора бўладими? Қуръондан пора ҳаром қилинган оятни ёдлаганим менга қарши ҳужжат бўлмасмикан? Лекин, идора учун ишлатиладиган нарсаларни айтди-ку, уйига олиб кетмас". Хуллас, нима қиларини билмай, пешинга масжидга кетди, Намоз ўқиб, Аллоҳга ялиниб дуо қилиб сўрабди, Аллоҳ, менга тўғри йўлни кўрсат, ҳаққа мойил қилиб қўй, менга Ўзинг ёрдам бер!" Кейин, имом ноибидан шу ҳақда сўраса, "Айтилган нарсани олиб бораверинг", деган жавобни олибди. Бунга қаноатланмаган бошқа илмли биродарига телефон қилиб сўрабди, у ҳам аниқ жавобни билмай, "Жаримани тўлаб қўя қолинг", дебди. Охири, уйга бориб, отасидан “Менга шунча пул беринг, шундай иш бўлиб қолди", дея айтилган пул миқдорини олибди. Идорага борса, масъул ходим:

- Айтилган нарсани олиб келдингми?

- Йўқ, қиммат бўлса ҳам, жарима тўлайман. Квитанция ёзиб беринг.

- Ҳа, майли, ўзинг биласан. Менга тўлайвер. Овора бўлиб юрасанми?

- Йўқ, мен кассага тўлайман.

- Унда кутиб тур.

Икки соатча кутиб, охири квитанция ёзиб беришди. Қараса, айтилган миқдорнинг ўндан бири! Машааллоҳ! Охири, танишларининг тиклашга кетган муддатдан тезроқ ва кетган ҳаражатларидан камроқ чиқим билан вазиятдан чиқиб кетибди.

Ҳар бир ишда Аллоҳдан қўрқиб, унинг розилигини кўзлаб иш юрита оламизми? Ёки ўзимизга осон, "яхши" бўлиб кўринган йўл билан ишимизни битирамизми? Аллоҳ бир ишни ҳаром қилса, бўлди, у ҳаром, уни қилиш керак эмас. Аллоҳ бир ишни яхши дедими, у сиз учун икки дунёда фойдадир. Гарчи ўз қаричингиз билан ўлчаганингизда сизга ундай туюлмаса-да! Эсланг, Румнинг ғалабаси ҳақидаги оятлар тушган пайт, Абу Бакр розияллоҳу анҳу бу ҳақда шакка бормадилар. Ўша вазиятдаги сабаблар эътиборидан, Аллоҳнинг каломи кўпчиликка ғариб туйилган эди.

Энди биз ҳам Аллоҳга тўлиқ таслим бўлиб, Унинг амрларига бўйсунайлик!

Саодат асри ҳақида кўп ўқиймиз, ҳавасимиз келади. Лекин, нимага уларга ўхшай олмаймиз?!

Чунки, етарлича рағбат йўқ, билганимизга амал қилиш йўқ. Қуръон ва ҳадисларни ўқиймиз, билганларимиз ҳам кам эмас. Лекин амалга келганда сустмиз. Мисол учун, "Қуръонни қанчада хатм қилиш керак?", деган саволга деярли ҳаммамизда жавоб бор: оддий инсон камида бир ойда бир, энг тези 3 кунда бир марта. Лекин, қайси биримиз шунга амал қиляпмиз? Таниган ва танимаганга салом бериш фазилати ҳақида ўзимизнинг суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларини эшитганмиз, лекин, нимагадир амал қилишга келганда, шижоат етишмайди. Диндан йироқ одамларнинг ола қарашидан қўрқиб, танимаганга салом бермай, таниганга эса, салом бермасангиз маломат қилишидан қўрқиб, салом бериб ўтиб кетасиз! Бунга ўхшаган мисоллар жуда кўп, ёқса қиламиз, қийин туюлса, ташлаб қўямиз. Худди маълумотлар базасига ўхшаб қолганмиз, нима ҳақда сўрасангиз жавоб тайёр, керак бўлса, талашиб-тортишамиз, "Ҳақ мен томонда", деб ўйлаймиз. Фарз, вожиблар қолиб кетиб, мустаҳаб (!) устида баҳс юритамиз. "Намозда ундай қилиш керак, бундай қилиш керак, униси хато, буниси тўғри". Шу инсонга, "Намозда хушуъ - вожиб", десангиз, сизга ҳеч нарса демайди. Чунки у ҳақда тортишиб бўлмайди, амал қилиш эса, амри маҳол! Саҳобалар аввал фарзни бажаришар, кейин секинлик билан бошқа амалларни қилишарди. Ҳаммасини қилиб бўлгандан сўнг, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга, кўпроқ савоб умидида, яна нима қилсам бўлади деб юзланардилар.

Бир ҳикматли гап бор, ҳамма шунга амал қилганда, Роббиси билан бандалари, инсонлар ораси ислоҳ бўлармиди?! "Ким ўз нафси билан машғул бўлса, одамлардан ҳолий бўлибди, ким Аллоҳ билан машғул бўлса, одамлардан ҳам, нафсидан ҳам ҳолий бўлибди". Хулоса чиқариш ўзингиздан!

Менинг бир дўстим бор, Аллоҳ унга кучли хотира ва иқтидор берган. Деярли ҳамма соҳада етарлича маълумотга эга. Тарих, кимё, биология, тиббиёт, математика, физика, механика, компютер-у телефон, машина-ю самалётлар, дунёнинг охирги янгиликлари-ю кашфиётлари, ҳамма-ҳаммасини икир-чикиригача билади. Икки оёқда юрадиган википедиа энциклопедияси. Мен ва бошқа дўстларим унга кўп мурожаат қиламиз, саволларимизга ҳар доим жавоб тайёр. Ҳар биримиз билан ўзимизнинг мутахассислигимиз бўйича бемалол гаплаша олади, юзаки эмас, балки, сизни зериктириб қўймайди. Чунки унда етарлича маълумотлар бор. Викториналарда доимо ғолиб, биринчи ўринда! Бир нечта тилларни билади, билганда ҳам, дақиқ жойларигача. Бир куни бошқа дўстим у ҳақда, "У шу тилда деярли хато қилмайди", деганида "Мен бу тилда умуман хато қилмайман", деган эди. Бу мақтаниш, кибр эмас, шунчаки Аллоҳ унга берган неъмати. Биз каби грамматика орқали қийналиб тил ўрганмайди, у тўғридан-тўғри қабул қилиб олади. Ўзи ҳақида, "Мен аниқловчи, тўлдирувчиларни билмайман, лекин, гапни жуда аниқ хатосиз туза оламан", дейди. Лекин, дин соҳасида оқсоқ. У билан танишганимда, ҳали балоғатга етмаган ёш бола эдим. Намоз ўқишимни билиб, менга, "Намозда фалон-фалон амаллар макруҳ", деган эди. Мен яқинда китоб титиб, унинг гапи тўғрилигини билдим, шу пайтгача қидириб топа олмагандим. Яқинда, бошқа бир дўстим мендан "Нимага ҳожатхонага бош кийим билан кирасан?", деб сўраб қолди. У мендан олдин "Чунки, шунақа қилиш керак", дея жавоб берди. Кўрдингизми, жуда кўп нарсаларни билади, лекин... Мен уни маълумотлар базасига ўхшатаман, мурожаат қилганингизда, ундан жавоб топасиз. Худди ёқилғиси йўқ қиммат машина каби. Унга "Мен сенга ҳавасим келмайди, ўхшашни ҳам истамайман. Озгина нарса бўлса ҳам, фойда берадиган нарсаларни билишни истайман. Сен билганинга амал қилмайсан. Булардан ўз нафинг учун фойдаланмайсанми?", дедим. Ҳасад қилиб эмас, ачинганимдан шундай дедим. Ўзингиз ўйлаб кўринг, ҳало одобларини билгани-ю, намоздаги кўпчилик билмайдиган макруҳ амалларнинг билганидан нима фойда?! Уни ўн йилдан кўпроқ биламан, лекин, намоз ўқишни хаёлига ҳам келтирмайди! Биз ҳам унга ўхшаб қолмайлик. Бир ҳадисни билдикми, ундан манфаат олайлик! Юқорида айтганимдек, орамиздагилардан қанчамиз Китобни бир ойда камида бир марта хатм қиламиз, шулардан қанчамиз бу билан устимиздаги масъулиятимиз ошганини, агар амал қилмасак, бизга қарши ҳужжат бўлишини ҳис қиламиз?!

Бир дўстимнинг бир гапи ҳеч ёдимдан кўтарилмайди. "Қуръон ёдлаяпсанми?", деб сўрасам, "Йўқ, ҳозир тўхтаб турибман, амал қиладиган жойи келиб қолди", дея жавоб берган эди.

Аллоҳнинг раҳматидан умидворлик, унинг азобидан қўрқиш, У биз учун ҳаммадан маҳбуб бўлмас экан, шундай суст бўлиб, амал қилишга қийналиб қолаверамиз. Номаҳрамлардан кўзимизни, лағв сўзлардан тилимизни тийишга, қийин вазиятдан ёлғонсиз чиқиб кетишга, шубҳани тарк этишга ва ҳоказо. Иймонимиз мукаммал бўлмас экан, намоздаги хушуни ҳам, Аллоҳ учун бир инсонни яхши ёки ёмон кўришни ҳам, тунларни савоб умидида бедор ўтказишни ҳам, ҳақиқий таваккулни ҳам умид қилмай қўяверинг!

Бир толиби илм дўстига куннинг охирига бориб, кучи қолмаётганидан шикоят қилганида, дўсти - "Биз ҳам саҳобалар каби намозда роҳат олишни ўрганишимиз керак", дебди. Чунки, куни билан илм талабида юриб, дам олишга вақти йўқ толиби илмларнинг фақат намоздагина роҳат олиб, яна илм учун куч ва ғайрат йиғиб олишлари мумкин. Шунда, таровиҳ намозларида сизни уйқу босмайди, қиёмлар узун туйилмайди.

Иймонимизни мукаммал қилишга ҳаракат қилайлик. Аллоҳ иймонимизга яраша синов беради. Бир биродаримиз бор, беш вақт намозни жамоат билан ўқийди. Таҳажжуд, нафл рўзаларига ҳам эътиборли. Аллоҳ унга ўз фазлидан ўзига етарлича бойлик берди. У эса, шукр билиб, кўпроқ фойда келтирадиган шубҳаларни тарк этиб, ҳалоллигига ишончи комил бўлган озгина киримга ҳам рози бўлиб юрарди. Оддий машинаси бор, мени ҳам шу машинасида масжидда олиб борарди. Чунки масжид бизнинг уйдан анча узоқда эди. Бир куни имом ноиби ҳазиллашиб, "Шу машинангизни менга сотинг", деб қолди. У ҳам ҳазил аралаш, "Қанча берасиз?", деса, машинанинг асл нархидан камроқ бўлган миқдорни айтиб, "Шунча" дебди. "Сиздан машина айлансин", олинг дея ҳазил-ҳазил билан, суҳбат тугаб, уйга борса, ҳалиги ноиб айтилган пулни аёлига ташлаб кетибди. Энди нима қилади? Арзонига бўлса ҳам, машинани бериш керак, айтилган гап отилган ўқ. Хуллас, машинасиз қолди. Пиёда масжидда борадиган бўлди. "Олдин машинам йўқ эди, пиёда борардим, кейин Аллоҳ машина берди, энди яна ўз оёқларимда боравераманда", деб қўйди. Бир неча кундан кейин, унинг дўсти ҳамманинг орзусида бўлган бир машинани унга арзон нархга таклиф қилиб қолди, ҳозир унча пулим йўқ дейишига қарамасдан, кейинроқ берасан деб, машинасини унга сотиб кетди. Оддий маркаб эди, энди эса, кенг, шинам, қулай, янги маркаб! Машааллоҳ! Ризқи ҳам кенг! Кейин эса, бир нечта эркак ва аёллар унга ҳасади келиб, туҳмат қилиб, устидан арз қилишди. Энди унинг бошига балолар ёғила бошлади, жуда катта жарима белгиланди, савдо моллари тортиб олинди. Мол эгаларига пулини тўлаш учун машинасини сотди, у ҳам етмади. Қийналиб қолди. Энди, жарима! Бутун уй-жою, дўконларини сотса ҳам жариманинг бир қисмини қоплашга етмайди. "Бу ҳам бир синовда, Аллоҳ иймонимизга яраша синов беради. Саҳобаларга синов келмаса, "Аллоҳ бизни унутиб қўйдими?" дейишар экан. Суйган бандасига берар экан, ҳаммага ҳам эмас", дер эди. Намозини ташлаб қўймади, жамоатни ҳам унутиб қўймади, нафл ибодатларига ҳам путур етмади. Яна пиёда масжидга қатнар эди. Шом билан хуфтоннинг орасида вақт оз бўлгани учун уй бориб келишга сал шошар эди, биродарлари уни ёлғизлатиб қўймади, уйга элтиб қўйишарди. "Бергани ҳам, олганига ҳам Аллоҳники, мени дуо қилиб тур, ишим судга оширилибди, зора жаримани бекор қилишса!", деди менга. Устидан арз қилган одамларнинг олдига бориб, муддаоси нима эканлигини сўрабди. У бадбахтлар, "Сени шу аҳволга тушириш учун, қизимни узатишга йиққан ҳамма пулимни ишлатдим", деган жавобни беришибди! "Ақли жойида бўлган одам шу гапни айтадими? Мен билан нима иши бор, бўйи етган қизини узатмайдими? Шу гапидан кейин, унга гап таъсир қилмаслигини билиб, чиқиб кетдим", деди. Охири Аллоҳ ишини ўнглаб, жаримадан ҳам қутилди. Ҳали ҳам машинасиз юрибди-ю, лекин, Аллоҳ бераман деса, бир пастда бўлади! Эътибор беринг, у сиз-у биз каби олим киши эмас, лекин, озгина билганига амал қилади. "Иннаа лиллаҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун"нинг маъносини тушиниб, ҳаётига тадбиқ қилган. Оёққа тикан ҳам Аллоҳнинг изнисиз кирмаслигини ўзига ақийда қилиб олган! Сиз ҳам ўшандай бўла оласизми?! Ўша масжиднинг ёнида сомсахона бўларди, ишлар яхши, эгаси масжидда жамоат билан намоз ўқийди. Синов келди-ю, сомсахона ёпилди, эгаси жамоатдан узилиб қолди. Орадиги фарқни сезаяпсизми? Четдан туриб гапириш осон, аммо ўша вазиятга тушгандан кейин, аҳвол бошқача бўлади, васвасачи сизни бошқа томонга етаклайди, илмингиз эса бошқа томонга. Охири занглаган қалб сизни ё у ёққа, ё бу ёққа олиб боради!

Яна бир тақводор инсонни биламан, юқоридаги биродаримиздаги хислатлари қўшимча, илмга рағбатлари катта. Биз ёшлар билан илм олар, у кишига анча қийин бўлар эди, Сабаби, хотираси яхши бўлмагани учун ўзлаштиришлари қийин кечарди. Лекин, сабр билан ҳаракат қиларди. Бизга кўп насиҳат қилар, ҳеч қачон жаҳл билан эмас, билакс, табассум билан гапирар эди. Биздан хатолик ўтса, динимиз ё дунёмизга алоқадор бўлмаган сўз ёки ишлар устида кўрса, чиройли маъруза қилардилар. Уларга аввалги биродаримизга етган синовданда катта синов келганига қарамасдан, у кишининг тақволари зиёда бўлиб борарди. У киши бир ҳадис айтсангиз, уни чуқур ўрганиб амал қилар эди. У киши билан кўп юравериб, охири "Ҳамма катта ёшдаги ибодатда юрган кишилар шундай бўлар экан", деган хаёл пайдо бўлиб қолди. Кейинчалик худди шу ёшдаги бир намозхон кишига ҳадис билан ҳужжат келтириб, олимларнинг бир иш ҳақида, ҳозирги кундаги изланишлари билан чуқур ўрганиб айтган фикрларини айтсам, у биродар уни айланиб ўтиш йўлларини қидира кетди. "Аллоҳ мўминга фаросат бериб қўйган. Шуни ишга солиш керак", эмиш. "Ахир у олимлар ўзларидан олиб гапиришмаяпти, фаросатлари бизникидан дақиқроқ", деган гапларим ҳам беҳуда кетди. Зоҳирида амаллари бир хил кўрингани билан, ихлос ҳар хил бўлар экан. Ҳалим Абу Бакрга шижоат бағишлаган, Халифа Умарни бир шамни ўчириб иккинчиси ёқишга мажбур қилган, Зуннун дуоси нозил бўлганда Усмонни саломни ҳам эшитмайдиган қилиб қайғуга ботирган, юзига туфлагани учун Алини душманини ўлдирмай ташлаб кетишга ундаган туйғу - иймон, ихлос ва тақво эди. Сиз уларга иймонингизни мукаммал қилишга илтилмай туриб ўхшамоқчи бўлсангиз, фақат зоҳирингизда ҳаракат қилибсиз. Намозда такбирни айтганда, икки ёнга салом берганда хаёлингиздан нималар ўтади. Аллоҳнинг улуғлиги ҳақида фикр юритасизми? Икки фариштага чин дилдан саломнинг маъносини билиб "Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳ", дейсизми? Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам айтилган саловат чин қалбингизда чиқяптими? Улуғлардан бири "Дуода ҳаддан ошиш - бу дуо пайтида қалбнинг ғофил қолиши", деган эканлар. Дуоларимиз ҳокисорлик билан, қалб тўримиздан отилиб чиқяптими? Ёки уларнинг оддий калималардан фарқи қолмаяптими?

Бир биродаримнинг бошига кўп қийинчиликлар тушди. Лекин у ҳам шукр қилиб, жамоат билан намозини ўқирди, Қуръонни канда қилмай ёдлар эди. Одамлар у ҳақда, "Агар беш дақиқа топса, Қуръон ўқийди", дейдиган бўлишди. Юзаки ёдламас эди, тафсирларини чуқур ўрганиб, амал қилишга ҳаракат қилар эди. Охири ҳижрат қилишига тўғри келиб қолди. Ҳижратидан аввал менга шундай деди:

- Иймонимизга яраша синов келади. Мен маҳзун бўлиб:

- Мен шу пайтгача қийинчилик кўрмадим, Аллоҳ сўраган-у, сўрамаган ҳамма нарсамни берди.

- Демак, сиз ҳали иймонингиз устида ишлашингиз керак. Аллоҳдан қўрқинг, бу яхшилик аломати эмас.

Мен у билан Қуръон ёдлашда мусобақалашар эдим, энди эса, сараги саракка, пучаги пучакка ажралди. Ноумид шайтон. Яхши ниятдаман, лекин барибир иймони кучлилар биздан ўзиб кетишди.

Ишнинг аввалида унинг оқибатини ҳам ўйлаб кўрайлик, енгил томонга эргашиб кетавермайлик. Аллоҳдан қўрқайлик, ахир, эртага жавоби бор. Унинг амри қолиб, ҳавои нафсимизга эргашиб, осий қолмайлик!

"Одамлар шундай иш қилишяпти, бу – хатоку! Уларга шу китобни берсам, бошқа ҳужжат қолмас", десам, устозим бу тоифа инсонларни яхши билганлари туфайли "Фойдаси йўқ, Ҳақ келганда, ундан юз бураверганидан одамларнинг қалбида парда пайдо бўлади, кўрмайди, эшитмайди, англамайди. Кейин эса, унга ҳеч нарса: Қуръон ҳам, ҳадис ҳам таъсир қилмайди. Ундан ҳужжат келтирсанг ҳам", деб менга баъзи мисолларни келтирдилар. Қалбимиз қорайиб кетмасин! Тозалаб турайлик!

Аллоҳга ким бир қарич яқинлашса, Аллоҳ унда бир аршин яқинлашади, ким Аллоҳ томон юриб келса, Аллоҳ у томон югуриб боради. Икки кунимиз бир хил ўтишдан сақланайлик. Зеро, биз ё Аллоҳга яқинлашамиз ёки узоқлашамиз. Раҳмати ҳамма нарсадан кенг бўлган Зот томонга ташлаётган қадамларимиз тўхтаб қолмасин!

Сўзим охирида, Бишри Хофий раҳматуллоҳи алайҳининг ҳикматиларини эслатиб ўтмоқчиман: "Инсонлар Аллоҳнинг азамати ҳақида фикр юритганларида Унга осийлик қилмасдилар".

Келинг, биз ҳам Унинг азамати ҳақида фикр юритайлик!

Аллоҳ юқорида айтилганларга амал қилишни менга ва сизларга насиб этсин! Амин!

Вассалому алайкум ва роҳматуллоҳ!