1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савдо, тижорат

Мусулмон савдогар одоблари (2-қисм)

21:38 / 21.05.2017 3630 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Нархни кўп оширмаслик

 – Нархни ҳаддан ташқари ошириб юбормаслик ҳам мусулмон савдогарнинг юксак одобидир.

Баъзи савдогарлар иложи борича қиммат қилиш пайидан бўладилар. Бу одат ҳам яхши эмас. Унда одамларнинг ҳожатмандлиги юзасидан осон бойиш истаги бор. Мусулмон савдогар доимо бойиш билан бирга, ўз халқига хизмат қилиш ниятида бўлади. Бунинг учун эса мол-дунё орттириш мақсадини халқ эҳтиёжини қондириш ва унга хизмат қилиш бурчи ва масъулияти билан баробар қўйиши керак бўлади.

Инсофли савдогарлар ушбу ҳолатни қалблари ила сезадилар. Улар уламолардан сармоянинг устига қанча нарх қўйиш ҳақида сўрайдилар. Уламоларимиз эса маслаҳат тариқасида: «Савдо моли таннархининг учдан бирини фойдага қўйса, одоб ва инсоф юзасидан яхши бўлади», дейишган.

Шубҳали нарсалардан йироқда бўлиш

 – Савдогар киши шубҳали нарсалардан йироқда бўлиши жуда ҳам зарурдир. 

Тижоратда кўп учраб турадиган шубҳали, ноаниқ, аслини билиб бўлмайдиган, шунинг билан бирга, шариатдаги ҳукми ноаниқ бўлган савдо молларидан узоқда бўлиш тожир учун ўта муҳимдир. Мусулмон тожир бундай нарсаларнинг ҳукмини биладиган олимлардан сўраб олиб, кейин сотса, ҳаромдан сақланган бўлади.

Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, ҳалол очиқ-ойдиндир. Албатта, ҳаром очиқ-ойдиндир. Ва икковлари орасида шубҳали нарсалар бордир. У (шубҳали нарса)ларни одамларнинг кўплари билмаслар. Бас, ким шубҳалардан сақланса, дини ва обрўси учун покланган бўлади. Ким шубҳаларга тушса, ҳаромга тушади», дедилар».

Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насоий ривоят қилишган.

Ушбу ҳадиси шариф энг улуғ ҳадислардан ҳисобланади. Уламоларимиз: «Бу ҳадис Исломга мадор бўлган учта ҳадиснинг биридир, шунинг учун уни Исломнинг учдан бири десак бўлади, де­йишган.

Бу ҳадиси шарифнинг улуғлиги шундаки, Пай­ғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унда таом, ичимлик, кийим, никоҳ ва бошқа ҳамма соҳалардаги нарсаларнинг ҳалол бўлиши қоидасини баён қилиб берганлар.

Шунингдек, у зот бу ҳадисда ҳаром нарсаларни ҳам баён қилиб, кишиларни ҳалолга уриниб, ҳаромдан ҳазар қилишга чақирадилар. Шу билан бирга, ҳалол билан ҳаромнинг ўртасида шубҳали нарсалар борлигини, дини ва обрўсини пок сақлашни истаган одам шубҳали нарсалардан эҳтиёт бўлиши лозимлигини таъкидладилар. Шубҳали нарсаларга яқинлашиш худди подшоҳ ўзи учун хос қилган қўриқхона ёнида ҳайвон боқишдек хатарли эканини баён қиладилар.

Сўнгида эса бу жабҳада энг муҳим масала қалб масаласи эканини, ҳалол-ҳаромда қалб солиҳ бўлиши лозимлигини тушунтирадилар.

Имом Ибн Арабий:

«Биргина ушбу ҳадиснинг ўзидан ҳамма аҳкомларни чиқариб олиш мумкин», деганлар.

Имом Қуртубий эса:

«Бу ҳадис ҳалол ва бошқа нарсаларни батафсил равишда ҳамда барча амаллар қалбга боғлиқ эканини ўз ичига олгандир. Шунинг учун ҳам барча аҳкомларни унга қайтариб, солиштириб кўриш мумкин», деганлар.

хайр-эҳсон қилиб туриш

 – Савдогарларнинг одобларидан бири савдо молидан хайр-эҳсон қилиб туришдир.

Қайс ибн Абу Ғарза розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида даллол деб номланар эдик. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг олдимиздан ўтдилар ва бизларни ундан яхшироқ исм билан номладилар: «Эй тожирлар жамоаси! Албатта, савдода беҳуда нарса ва қасам ҳозир бўлади. Бас, уни садақа ила аралаштиринглар», дедилар».

«Сунан» эгалари ривоят қилишган.

Тожирлар иш давомида билиб-билмай турли беҳуда гап-сўзларни айтиб ёки ишларни қилиб қўйишлари, ҳатто қасам ичишлари ҳам мумкин. Шунинг учун улар тез-тез садақа бериб туришлари, яъни бу ишларини ювиб туришлари керак.

Яхшилаб эслаб қолиш керакки, мазкур садақа фа­қатгина беҳуда гап-сўз ва қасамлар эътиборидан, холос. Тожирнинг қилган садақаси унинг алдам­чи­ли­гини, ҳаромхўрлигини ювиб юбормайди. Бу ҳа­қиқатни ҳар бир тожир яхши англаб етмоғи зарур.

Закотни вақтида адо этиш

 – Савдогар киши тижорат молларидан закот фарзлигини зинҳор унутмаслиги ва бу молиявий ибодатни вақтида адо этиб туриши лозим.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:

«Эй иймон келтирганлар! Касб қилган нарсаларингизнинг покизаларидан… нафақа қилинглар» (267-оят).

Мужоҳид: «Ушбу оят тижорат ҳақида тушган», деган. Бу ояти карима тижорат молларидан закот бериш вожиб эканига далилдир.

Самура ибн Жундуб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Аммо баъду, шубҳа йўқки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларни савдо учун тайёрлаб қўйган нарсаларимиздан садақа чиқаришимизга амр қилар эдилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амр қилишлари ҳам савдо молларидан закот бериш фарз эканига далилдир.

Ҳамкасблар билан яхши алоқада бўлиш

 – Мусулмон савдогар ўзининг ҳамкасблари билан яхши алоқада бўлади. 

Бу ҳам тижорат одобларининг энг муҳимларидан биридир. Мусулмон савдогар бошқа савдогарлар билан доимо яхши алоқада бўлади. Бир савдо моли ўзида йўқ бўлса, харидорларни шундай моли бор савдогарларга йўллаб қўяди. Асл савдогар ҳамкасбларининг муваффақиятидан хурсанд, уларнинг ташвишига эса шерик бўлади. Бошқа савдогарларга келган фойдадан ўзига фойда келгандек мамнун бўлади.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Бозор ва унга боғлиқ масалалар китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
quotКифояquot китобиданҒасб сўзи луғатда бир нарсани зулм ила куч ишлатиб тортиб олишга айтилади. Шаръий истилоҳда эса Арзугулик ва муҳтарам молни эгасининг давоми...

3280 05:00 / 17.02.2017
Сохр алҒомидий ривоят қилади Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Эй Аллоҳим, умматимнинг барвақт қилган ишларида барака бергинrdquo деб дуо қилдилар. У зот қўшинни давоми...

3820 05:00 / 17.02.2017
Алло таоло .Ва У сени камбағал ҳолда топиб, бой қилмадими, деган Зуҳо, 8.Ҳақиқатда, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч нарсаси йўқ камбағал одам эдилар. Аллоҳ у давоми...

3089 05:00 / 17.02.2017
Cавдода ёлғон гапириш ҳаромndash Тожир савдо молини мақташ учун ёлғон гапириш ҳаром эканини зинҳор унутмаслиги зарур.Шунингдек, ваъдага вафо қилмай, сўнг ёлғон давоми...

3340 05:00 / 06.03.2017
Аудиолар

118810 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40755 14:35 / 11.08.2021