973 17.10.2017

Золим харидорга ёрдам бермаслик

 – Савдогарларнинг муҳим одобларидан бири золим харидорга ёрдам бермасликдир. 

«Золим харидор» сотиб олган нарсасини ҳаром ва гуноҳга ишлатадиган харидордир. Харидорнинг ҳаром ва гуноҳ ишлар учун нарса сотиб олиши маълум бўлса, билатуриб унга мол сотган савдогар гуноҳкор бўлади. Мусулмон савдогар халққа, элга, ватанга зарар келтирадиган нарсаларини ўзи ҳам қилмаслиги ва ўзганинг қилишига ёрдамчи ҳам бўлмаслиги керак.

Харидор билан гўзал муомалада бўлиш

 – Савдогарларнинг муҳим одобларидан бири харидор билан гўзал муомалада бўлишдир. 

Бунга харидорни яхши сўз ва муомала билан кутиб олиш, уларга ширинсухан бўлиш, нархини келишишда бағрикенг, ҳимматли бўлиш, баҳони талаб қилишда ҳам одобли бўлиш кабилар киради. Мусулмон одам доимо карамли, саховатли бўлиши керак. Айниқса, олди-сотди ва ҳақни талаб қилиш пайтида. Бундай пайтда мумсиклик қилиб, тийиннинг устида етти думалаб туриб олиш барака келтирмайди. Балки сахийлик, очиқлик, баҳосидан бир оз ўтиб бериш Аллоҳнинг раҳматига, хайру баракага сабаб бўлади.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:

«Агар ночор бўлса, бойи­гунича кутишдир. Садақа қилмоғингиз, агар билсангиз, ўзингиз учун яхшидир» (280-оят).

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сотганда, сотиб олганда ва ҳаққини талаб қилганда карамли бўлган одамни Аллоҳ раҳм қилсин», дедилар».

Бухорий ва Термизий ривоят қилишган.

Қалбаки пулларни ишлатмаслик

 – Савдогарларнинг алоҳида аҳамият беришлари лозим бўлган ишларидан бири қалбаки пулларни муомалага киритмасликдир. 

Гоҳида савдогарнинг қўлига қалбаки, ишлатилиши бекор қилинган, бошқа юртнинг кераксиз пулига ўхшашлар тушиб қолади. Ҳалол-пок тожир бундай пулларни муомалага киритиб юбормаслиги вожибдир. Агар у ушбу ишни қилса, бошқаларга зарар келтирган бўлади. Модомики ўша пул одамлар орасида юрар экан, тожирнинг гуноҳи кўпайиб бораверади.

Айниб қолган харидорга ёрдам бериш

 – Савдодан айниб қолган харидорга ёрдам бериш ҳам савдогарларнинг гўзал одобларидандир. 

Баъзи ҳолатларда харидор бир нарсани сотиб олганидан кейин турли сабабларга кўра айниб қолади. Савдогарга савдо молини қайтариб бериб, пулини олишни истайди. Бундай ҳолатда мазкур харидорга ёрдам бериш савобли иш ҳисобланади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким мусулмоннинг (савдодаги) қайтишини кечирса, Аллоҳ унинг қоқилишини кечиради», дедилар».

Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилишган.

Бир одам ўзига керак бўлган нарсани сотиб олганидан сўнг ўша нарса ёқмай қолиб ёки унга ҳожати йўқлиги маълум бўлиб қолиб, қайтариб олиб келганида уни кечириб, қайтариб олган тожирнинг гуноҳини Аллоҳ таоло кечирар экан.

Кишилар ва уларнинг ҳолатлари турлича бўлади. Шу билан бирга, турли кутилмаган вазиятлар ҳам рўй бериб туради. Чунки одатда харидордан кўра тожирнинг имкониятлари кўп бўлади. Қайтариб олган нарсасини ўша заҳоти бошқа харидор сотиб олиши мумкин. Харидорнинг эса имкони оз, агар тожир қайтариб олмаса, моли зое бўлиши ҳам мумкин. Умуман олганда, тижорий ва бошқа молиявий, иқтисодий муомалаларда ўта кечиримли, сахий ва хушмуомалалик керак бўлади. Мусулмонлик одоби шу. Дарҳақиқат, яхши мусулмон тожир, яхши мусулмон ходим ҳамдир. Ҳозирги кунимизда Индонезия, Малайзия, Фаластин, Сингапур ва бошқа томонларда юз миллионлаб мусулмонлар яшамоқда. Уларнинг юртлари мусулмон бўлишига асосан содиқ ва омонатли мусулмон тожирлар сабаб бўлишган. Тижорат билан бориб, омонат билан муомала қилганларини кўриб, ерлик аҳоли бу фариштасифат одамлар қандай одамлар эканига қизиққанлар. Тожирлар эса ўзларида қай бир яхшилик бўлса, динлари – Исломдан экани, агар хоҳласа, ҳар ким ҳам шундай бўла олишини айтишган. Шунда уларнинг харидорлари ҳам мусулмон бўлишган.

Яхши мусулмон тожир Ислом дини ҳақида бошқаларда яхши таассурот қолдирганидек, мусулмонча ном билан аталган ёмон одам Ислом ҳақида ўзгаларда ёмон таассурот қолдириши турган гап. Бу ҳақиқатни ҳар бир тожир англаб етмоғи лозим.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Бозор ва унга боғлиқ масалалар китобидан)