1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Кун ҳадиси

Мусулмон – мусулмонлар унинг тилидан ва қўлидан саломат бўлган одамдир

02:50 / 23.04.2017 5100 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмон – мусулмонлар унинг тилидан ва қўлидан саломат бўлган одамдир. Муҳожир – Аллоҳ қайтарган нарсадан узоқда (ҳижратда) бўлган одамдир», дедилар».

Бешовлари ривоят қилганлар. 

Термизий ва Насаийлар: 

«Мўмин – одамлар унга қонлари ва молларини ишонган одамдир» жумласини зиёда қилганлар.

Шарҳ: Бу ҳадисни Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳу ривоят қилганлар. Келинг, у киши билан танишиб олайлик.

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс тақво ва зуҳдлари билан машҳур саҳобалардан эдилар. У киши оталари Амр ибн Оссдан аввал Исломга кирдилар. Абдуллоҳ ибн Амр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суҳбатларида бардавом бўлиб, у зотга нозил бўлаётган оятларни ёдлабгина қолмай, ёзиб ҳам олар эдилар.

Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Амрга: «Сени кундузларни рўза тутиб, кечаларни намоз ўқиб ва Қуръонни хатм қилиб ўтказишингдан хабарим бор. Умринг узайиб, ёшинг улғайиб, буларга тоқат қилолмай қолишингдан қўрқаман. Ойда уч кун рўза тут, бир марта Қуръонни хатм қил», дедилар. Абдуллоҳ:

«Эй Расулуллоҳ, бундан ҳам кўпроғига қудратим етади», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Бўлмаса, ҳафтада икки кун рўза тутиб, Қуръонни ўн кунда бир хатм қил», дедилар. Абдуллоҳ: 

«Бундан ҳам зиёдасига қурбим етади», деди. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Унда рўзадорларнинг саййиди Довуд алайҳиссалом рўза тутганидек рўза тут. У киши бир кун рўза тутиб, бир кун тутмасдилар. Ҳар уч кунда Қуръонни хатм қил», дедилар. 

Абдуллоҳ ибн Амр ёшлари ўтиб қолганига қарамай, бу амалларида бардавом қолдилар.

Абдуллоҳ ибн Амр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан мингга яқин ҳадис ривоят қилганлар. Бу киши ривоят қилган ҳадисларни уч «Саҳиҳ» соҳиблари ўз китобларига киритганлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадис ривоят қилишда мендан Абдуллоҳ ибн Амр ўзиб кетди», дер эдилар.

Абдуллоҳ ибн Амр ҳижратнинг 93-йили вафот этдилар.

Ушбу ҳадисда ҳамда унга Термизий ва Насаийлар ривоятидаги қўшимчада учта муҳим масала, учта муҳим таъриф келмоқда. Яъни бу ҳадисда ҳақиқий афзал мусулмон, афзал муҳожир ва афзал мўмин ҳақида баҳс юритилмоқда. Ушбу ҳадисда келган мусулмон, муҳожир ва мўминларнинг таърифи афзаллик таърифидир. Мисол учун, 

«Мусулмон – мусулмонлар унинг тилидан ва қўлидан саломат бўлган одамдир» деган жумладан «мусулмонларга тили ва қўли билан озор етказган одам мусулмон бўлмайди» деган маъно чиқмайди. Бу таърифлардаги гаплар «фалончини одам деса бўлади», «фалончи – ҳақиқий одам» қабилидаги гапга ўхшайди. Исломнинг беш рукнларига амал қилган одам мусулмон ҳисобланаверади. Аммо мусулмонларга озор бермаган, уларга тили ва қўли билан зарар етказмаган одам афзал мусулмон бўлади. 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг афзал мусулмонни бундай таърифлашларида оз сўз билан улкан маънони англатиш, луғат бойликларидан усталик билан фойдаланишнинг олий мақомлари ўз аксини топгандир.

«Ислом», «мусулмон» сўзлари «саломатлик», «тинчлик» маъноларини ифода этади. Шунинг учун мусулмон–ўзга одамлар унинг ёмонликларидан тинч ва саломат бўлган шахс, дейилмоқда. 

«Тилидан ва қўлидан» дейилганда фақат шу икки аъзо кўзда тутилган эмас. Одатда, одамларга кўпинча тил ва қўлдан зарар, озор етади. Аммо бундан бошқа услуб ва йўллар билан ҳам озор бериш яхши эмас. Ким бу ишни қилса, мусулмонлик фазлини йўқотади. 

«Муҳожир» ҳижрат қилувчи (бошқа жойга кўчувчи) деганидир. Ҳижрат Аллоҳнинг йўлида, дину диёнат йўлида элу юртининг фироқига учрашдир. Бу улуғ мақом Исломда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ мусулмонлар мушрикларнинг тазйиқи туфайли она юртлари Маккаи Мукаррамани ташлаб, Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилганларидан бошланган. 

Расулуллоъ соллаллоъу алайъи васаллам «Муҳожир – Аллоҳ қайтарган нарсадан узоқда (ҳижратда) бўлган одамдир», демоқдалар. Бу таъриф ҳам худди аввалги таърифда зикр қилинган нарсаларни ўзида мужассам қилгандир. Ъижрат сўзининг луғавий маъноси ватан, элу юрт ҳижрони бўлса-да, Аллоҳ қайтарган нарсалардан узоқда бўлиш ҳам ҳижрат ҳисобланар экан. Дину диёнат учун ватанидан, яқин қариндошларидан узоқда бўлиш муҳожирлик деб аталади. Шу боис, Аллоҳ қайтарган ишлар-гуноҳлардан узоқда бўлиш ҳам дин-диёнатга амал қилиш учун бўлганлиги туфайли муҳожирлик деб аталмоқда.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Азонни эшитганингларда муаззин нима деса, ўшани айтинглар,, дедилар.Муттафақун алайҳ.

3101 12:05 / 05.03.2018
Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадиРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Эй одам боласи, агар заруратингдан ортиқчасини эҳсон қилсанг, ўзинг учун яхши. давоми...

3175 06:10 / 05.09.2018
Ибн Умарга .Биз томонларда бир тоифа одамлар чиқди Қуръон ўқийдилар, илмни титкилаб талаб қиладилар,, дейилди. Ва гапирувчи уларнинг қадар йўқлигини, ишлар ўз давоми...

2453 17:06 / 28.07.2017
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Шаъбоннинг ўртасидаги кеча келса, унинг тунини бедор ўтказинглар, кунининг рўзасини тутинглар. Чунки ўшанда Аллоҳ қуёш давоми...

5112 09:00 / 07.05.2022
Аудиолар

120141 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41805 14:35 / 11.08.2021