66 18.04.2017

Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога У зотнинг улуғлиги ва поклигига хос ва мос ҳамду санолар ҳамда мақтов ва олқишлар бўлсин!

Оламларнинг сарвари, Набийларнинг афзали Муҳаммад Мустафога мукаммал ва давомли саловоту саломлар бўлсин!

Ҳадиси шарифга боғлиқ илмларга асос солган азизларимизнинг барчаларидан Аллоҳ таолонинг Ўзи рози бўлсин!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига хизмат қиладиган илмларга ўзини бағишлаган олимларимизнинг барчасини Аллоҳ таоло Ўз раҳматига олган бўлсин!

Исломнинг Қуръондан кейин иккинчи масдари – манбаъи Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари эканига ҳеч шак-шубҳа йўқ. Шунинг учун ҳам, ушбу суннатни ўрганиш ҳар бир мусулмон инсоннинг зиммасидаги муқаддас бурчдир. Чунки, Суннатни – Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари, амаллари ва иқрорларини – билмай туриб, «Исломни билдим, унга амал қилдим», дейиш қийин.

Суннат Ислом учун, мусулмонлар учун ўта муҳим манбаъдир. Чунки, у Ислом Набийи Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, Аллоҳ таолонинг охирги ва мукаммал дийнини ўз ҳаётларида тўлиқ татбиқ қилиб кўрсатган муборак зотнинг гаплари, ишлари, маъқуллашлари, халқий, хулқий сифатлари ва таржимаи ҳоллари тўпламидан иборатдир.

Суннатнинг Ислом шариатида иккинчи масдар эканини Аллоҳ таолонинг Ўзи ва Унинг Расули Муҳамммад соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган. Суннатни ўрганиш ва унга амал қилиш мусулмонларнинг асрлар оша иттифоқ ўлароқ амал қилиб келаётган ишидир. Бу, соғлом ақл ва тафаккур тақозосидир.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг кўпгина оятларида мўминларни аввало Ўзига итоат қилишга амр қилганидан сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам итоат қилишга буюрган. Қуръони Каримда: 

«Эй, иймон келтирганлар, Аллоҳга итоат қилинглар ва Расулига итоат қилинглар» ояти такрор-такрор келган.

Аллоҳга итоат қилиш Қуръонга итоат қилиш билан бўлади. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилиш тирикликларида шахсларига итоат қилиш билан бўлса, у зотнинг вафотларидан кейин суннатларига амал қилиш билан бўлади. 

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатлари поклигини сақлаб қолиш, унга сохта нарсаларни аралаштириб юбормаслик масаласи мусулмон уммати учун доимо муҳим ишлардан бири бўлиб келган. Ҳадис билан таниш кишилар учун ҳақийқий ҳадис билан сохтасини фарқлаб олиш қийин эмас эди. Аммо, авом халқ, янги мусулмон бўлганлар ва келажак авлодларга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини бузилмаган, асл ҳолида етказиш учун катта илмий иш лозим бўлади.

Бу муборак ва масъулиятли ишга алоҳида ҳимматли уламолар бел боғлаб, енг шимариб ишга тушдилар. Улар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ишончли, адолатли ривоятлардан олишни, Суннати Набавийя пок, соф эканини исбот қилишни ўзларига вазийфа қилиб олдилар. Улар бу мақсадга эришиш йўлида инсоният тарихида мисли кўрилмаган улкан ва нозик, ишончли ва покиза илмий иш олиб бордилар. 

Муҳаддис уламоларимизнинг бу илмий жасоратлари бирнеча илмларга асос бўлди. Жумладан, бугунги кунда бутун дунё «инсоний (гуманитар) илмлар» деб атаётган илмларга асос солинишига сабаб бўлди. 

Инсоният тарихида ўзининг кенг кўламлилиги, ихлослилиги, поклиги, аниқлиги ва бошқа жиҳатлари билан мисли кўрилмаган бу илмий ҳаракатга Аллоҳ таоло улкан самаралар берди. Бу самаралар фақат мусулмонлар учун эмас, балки бутун дунё учун ҳам фойдали экани кундан-кунга равшанлашиб бормоқда.

Мазкур илмий ҳаракатнинг самараларидан бири ««Мусталаҳул ҳадис»» илмининг пайдо бўлиши бўлди. Бу илм ривоят қилинган хабарнинг тўғри ёки нотўғри эканини аниқловчи илмдир. Тўғри бўлса, қай даражада тўғри, нотўғри бўлса, қай даражада нотўғри эканини яхшилаб баён қилиш қоидаларини ўз ичига олган илмдир. Бу илм дунёдаги хабар ва ривоятларнинг тўғрилигини аниқлашдаги энг ишончли услуб ва йўлларни ишлаб чиқаришдан иборатдир. Бу улкан ҳақийқатни барча, ҳатто Ислом душманлари ҳам тан олгандир. Муҳаддисларнинг бу илмга асос солишлари бошқа илмлар ривожига ҳам сабаб бўлди. Тафсирчилар, тарихчилар, фақиҳлар, луғат ва адабиёт олимлари ҳам бу услубдан кенг фойдаланишга ўтдилар. Ўз соҳаларида қилинган ривоятларнинг тўғрилигини аниқлашда муҳаддисларнинг услубидан фойдаландилар.

Бизнинг муҳаддисларимиздан олдин керакли инсонларнинг ижтимоий ўрни ва салоҳиятини алоҳида ўрганиб, ўша ўрганилган нарсаларни илмий равишда қайд қилиб, китоб шаклига келтирган халқ бўлмаган. Ровийларнинг ишончли ёки ишончсиз эканини, уларнинг ёд олишларининг қувват даражасини ва бошқа нарсаларни ўрганиш учун олиб борилган изланишлар натижасида мазкур жуда катта ва буюк илм юзага келган. 

Ҳозирда, бизнинг шароитимизда бу илмни тўлиқ ўрганиб, унга мутахассис бўлиб, ўтган қадимги уламоларнинг қилган ишини айнан такрорлаш имкони йўқ бўлса ҳам, ҳадис ўрганиш, ҳадис билан муомалада бўлиш, унинг ҳақийқатини билиш, ўқиётганда баъзи бир эсдан чиқиб қоладиган истилоҳларни ёдга олиш мумкин бўлади. Бошқача қилиб айтганда, дийний хизматда юрган кишиларнинг вазийфа доирасидаги нарсаларни ўрганиш имкониятига эга бўлинади. Баъзи жойларда китоб ўқилаётганда ушбу илмга оид ибора чиқса ёки савол берилса, буни ўқиганимиз йўқ эди, дейилмайди-да, фалон ерда ўқиган эдик, бунинг маъноси мана бундай эди, деган фикрларни билдириш мумкин бўлади. Ўтган улуғ муҳаддис уламоларимиз қилган илмий баҳсларни давом эттира олмасмиз, эҳтимол, лекин бугунги кундаги илм соҳиби эканини даъво қилаётган одам билиши мумкин бўлган маълумотларни ушбу китобда баён этишга ҳаракат қиламиз.