1445 йил 8 шаввол | 2024 йил 17 апрель, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Муроқабанинг иккинчи мақоми

05:00 / 01.03.2017 3284 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Банда ҳар бир солиҳ амал учун жаннатда ҳузур-ҳаловат ва қабрда роҳат борлигини, ишонч ила билади. Сен учун гўзал амал ва Аллоҳни холис таниганинг учун жаннатда мақом бордир. Бу дунёда қилинган амаллар эвазига туҳфа қилиниши учун охиратда яхшиликдан (мукофатдан) бир жуз тақсимлангандир.  


Банда ҳар бир ёмон амали, қабиҳ жаҳолати учун охиратда азоб, қабрда машаққат ва дўзахда ёмонликдан мақом борлигини ишонч ила билади. Бу дунёдаги ёмон амал учун охиратда ёмонликдан (азобдан) бир жуз тақсимлангандир. Аллоҳ яхшилик ва ёмонликдан иборат бўлган охиратдаги ўша жуз (мукофот ва азоб)ни махфий қилди.

Изоҳ: Банда қилган яхши амалига мукофот ва ёмон амалига азоб берилишини бу дунёда кўрмайди, унга махфийдир.  


Яхшилик ва ёмонлик амалини икки ҳукм учун зоҳир қилди. 

Изоҳ: Аллоҳ таоло Ўз шариатида яхши ва ёмон амални бандага билдириб қўйди. Яхшилик ва ёмонлик туфайли жаннат ва дўзахга олиб борадиган икки йўлни Аллоҳ ўз ҳикмати билан кўрсатиб қўйди. Сўнг Аллоҳ бандани имтиҳон қилиши, Ўз фазли ила ҳар бир жон ҳаракат қилган амалига кўра мукофатланиши учун, Яхшилик ва ёмонлик амалларини бу дунёда бандага билдирди. Яхшиликни савобини, ёмонликни жазосини охиратга кечиктирди.


Аллоҳ қилган иши тўғрисида сўралмайди. Чунки у борлиқнинг Эгаси, Қаҳҳор, Ғолиб ва Жаббор зотдир. Бандалар қилган ишлари тўғрисида сўраладилар. Чунки улар Аллоҳнинг бўйсундирилган қулларидир. Аллоҳ бирор нарсада бандаларга ўхшамайди. Аллоҳ ҳужжат ва ўткир қудрат соҳибидир. Ҳеч нарсада унинг ўхшаши йўқ. Дарҳақиқат Аллоҳ истаги  ва ишларида Ўзи яккаю ягонадир. Аллоҳ Ўзига ширк келтиришдан, бошқани Аллоҳга ўхшатишдан, ҳукмларда Аллоҳ билан бандани тенглаштиришдан қайтаргандир.


Аллоҳга ширк келтириш, бошқани Аллоҳга ўхшатиш, ҳукмларда Аллоҳ билан бандани тенглаштириш, Аллоҳнинг неъматини инкор қилиш ва Аллоҳнинг мулкида унга ширк келтиришдир. Бу ҳақда Аллоҳ мушриклар ҳукмларда Аллоҳ билан бандани тенглаштиргани сабабли ўзлари очиқ адашиб, ўзгаларни ҳам адаштирганларини хабар беради.


Айтилдики: Бу оятлар Қадарийларга нозил бўлгандир. Чунки улар ёмонликдаги куч-қувватни бандага боғлаб, банда билан Аллоҳни тенглаштириб қўйишди. Ваҳоланки Аллоҳ: 

96. “Ҳолбуки, сизни ҳам, қолган нарсаларингизни ҳам Аллоҳ яратган-ку?!” деди.

Аллоҳ уларнинг амалларини ҳам, уларнинг ўзларини яратгани каби яратганлигини баён қилади. Улар мужримлар бўлиб, улар ҳақида ушбу оят нозил бўлган. Бу оятда Қадарийлар зикр қилинган. 

47. “Албатта, жинояткорлар адашувда ва олов-оташдадирлар”.

48. “Юзтубан дўзахга судраладиган кунларида: “Жаҳаннам азобини татиб кўринг!” (дейилур).

49. “Албатта, Биз ҳар нарсани ўлчов билан яратдик”.


Улар ўз тобеъларини адаштирган мужримлар бўлиб, улар ўз тарафдорлари билан жаҳаннамга ағдарилади. Аллоҳ таоло бешта оятда биз зикр қилган гапларни қувватлайдиган сўзларни келтиради. 


Биринчи оят: “Аллоҳ ризқда баъзингизни баъзингиздан афзал қилди. Бас, афзал қилинганлар ўз ризқларини қўлларида мулк бўлганларга, ҳамма тенг бўлсин, деб берувчи эмаслар-ку. Аллоҳнинг неъматини инкор қиладиларми?!” (“Наҳл” сураси, 71-оят)

Яъни: Хўжайинлар ўз қулларига, ҳамма тенг бўлсин, деб берувчи эмаслар-ку.


Иккинчи оят: “У сизга ўзингиздан мисол келтирди. Сизларнинг қўлингиздаги (қулларингиз)дан Биз сизга ризқ қилиб берган нарсада шерикларингиз бор-у, сизлар у(ризқ)да тенг бўлиб, улар ҳақида ҳам ўзингиздан ҳаққингизда қўрққанингиздек қўрқасизми?! Ақл юритадиган қавмлар учун оятларни ана шундай муфассал қилиб борурмиз”. (“Рум” сураси, 28-оят)

Изоҳ: Биз ризқ қилиб берган неъматга қулингиз ҳам сизга шерик бўлишини хоҳлайсизми? Йўқ. У қулни мазкур молу-мулкингизнинг бир қисми ҳисоблайсиз. Унинг мол-мулкингиздан чиқиб кетишини ҳам хоҳламайсиз. Аллоҳ берган ризққа ўз қулингиз шерик бўлишини хоҳламас экансиз, қандай қилиб Аллоҳга Унинг Ўзи яратган махлуқотларини шерикликка раво кўрасиз? Шерик бўлиш осон бўлибдими? Сиз ўз ҳаққингиз зое бўлишидан қўрққанингиз каби, унинг ҳаққи зое кетишидан ҳам қўрқишингиз мумкинми? Ҳеч мумкин эмас. Шундай экан, нима учун Аллоҳ таолога Унинг Ўзи яратган махлуқотларни шерик қиласиз? Ушбу тафсилотларни тўғри тушунган одамлар Аллоҳга ширк келтиришнинг асосий сабабини англаб оладилар.


Учинчи оят: “Аллоҳ ҳеч нарсага қодир бўлмайдиган мамлук-қул билан Биз уни яхши ризқ ила ризқлантирган ва ўшандан махфий ва ошкоро инфоқ қиладиган кимсани зарбул масал қиладир. Улар тенг бўладиларми? Ҳамду сано Аллоҳгадир. Лекин кўплари билмаслар”. (“Наҳл” сураси, 75-оят)

Изоҳ: Ушбу мисол ояти карима нозил бўлган жойдаги араб жоҳилий жамияти воқеилигидан олингандир. Исломни инкор этиб, Аллоҳга ширк келтираётганларнинг бошлиқлари Қурайшнинг зодагон-бойлари эди. У даврдаги бойларнинг мамлук-қуллари бўларди. Бу қуллар эгасига мулк, ўзлари ҳеч нарсага ҳақсиз бир жонзот эди.

Кўп ризқу-рўзга эга бўлиб, ҳаммага ҳайру эҳсон қилаётган хўжайин билан унинг ҳеч нарсаси йўқ мамлук қули тенг бўладими? Албатта, тенг эмаслар. Демак, ҳамманинг холиқи ва розиқи Аллоҳ таоло билан ҳеч нарсага қодир бўлмаган, мушриклар ибодат қилаётган бутлар ҳам тенг бўла олмайдилар.


Тўртинчи оят: “Аллоҳ икки кишини зарбул масал келтирди. Бири соқов, ҳеч нарсага қодир бўлмайдир. У ўз хожасига юкдир. Қаерга юборса ҳам, яхшилик келтирмайдир. Ўша одам билан ўзи тўғри йўлда туриб, бошқаларни адолатга амр қиладиган киши баробар бўларми?” (“Наҳл” сураси, 76-оят)


Бешинчи оят: Бунда Аллоҳ ўзига ўхшатишдан қайтаргандир.  “Аллоҳга зарбул масал келтирманглар! Албатта, Аллоҳ биладир. Сизлар эса, билмайсизлар”. (“Наҳл” сураси, 74-оят) 

Аллоҳ ўз илмини ҳақлиги ва бандалар ниҳоятда илмсизлигини таъкидламоқда. Буни эса келгуси оят билан қувватламоқда. 


 “У қилган нарсасидан сўралмас. Ҳолбуки, улар сўралурлар”. (“Анбиё” сураси, 23-оят)

“Унинг етти эшиги бордир. Ҳар бир эшик учун улардан тақсимланган бўлаги бордир” деди. (“Ҳижр” сураси, 44-оят)

Изоҳ: Баъзи ривоятларда келишича, жаҳаннам етти қаватдан иборат бўлиб, ҳар қаватининг алоҳида эшиги бўлар, ҳар қавати бир-биридан ашаддийроқ бўлар экан. Чунки гумроҳлик, хатокорлик ҳам ҳар хил бўлади. Қилган гуноҳи даражасига қараб кофирлар турли қаватларга киритилади.


Шайтонга эргашган гумроҳлар тақсимлаб, бўлиб-бўлиб, гуруҳларга ажратиб қўйилган бўлади. Ўша мазкур етти эшикдан гуноҳининг кўп-озлигига қараб бирин-кетин киритилаверадилар.


Баъзи уламолар айтади: Аллоҳга қасамки жаннатда бирор қаср, анҳор ёки бирор неъмат бўлса, албатта унда ўз соҳибининг исми ва у мукофатга сабаб бўлган амалнинг номи ёзилгандир. Шунингдек, жаҳаннам, ундаги кишан ва занжир бўлса, унда  шу жазога сабаб бўлган амалнинг сифати ҳамда у азоб соҳибининг исми ёзилгандир. 


Уламолар айтади: Аллоҳ бандалар унга итоат қилишларидан олдин уларни жаннатга киргизган ва осий бўлишларидан олдин уларни дўзахга киргизгандир.                                                


Баъзи орифлар айтганлар: Аллоҳ кимни яхши кўрса, Ўзига осий бўлишни ёмон кўрсатиб, рози бўладиган амалларни яхши кўрсатиб қўяди. Лекин адамда(йўқликда, яралишидан олдин) бир қавмга ғазаб қилди, уларни бу дунёда яратгандан кейин ғазаб диёрига (дўзахга) тушишлари учун ғазаб аҳлини амалини қилдирди. Бир қавмдан эса рози бўлди, уларни бу дунёда яратгандан кейин ризо диёрига(жаннатга) тушишлари учун ризо аҳлини амалини қилдирди.


Баъзи аҳли маърифатлар айтдилар: Аллоҳ бандаларни адам дунёсида(ал-мийсоқда зарра кўринишида) яратганда, уларга иқтидорни берди. Сўнг уларга амалларни кўрсатиб, ихтиёрни берди. Ҳар бир банда ихтиёри билан амалларни танлади.  Уларни бу дунёда яратганида ақл билан уларни тўсиб қўйди. Бандаларга ихтиёрларини ўзларига топширди. Шунинг учун бу дунёда уларни Аллоҳга берган аҳдларини тўсиб қўйган ақлни охиратда олганда, бу нарса уларни зарарига ҳужжат бўлади.

Изоҳ: Аллоҳ таоло Ўзига маълум бўлган бир пайтда, қиёматгача дунёга келадиган барча одамларни оталарининг сулбидан уруғликларни чиқариб олган ва ўша уруғликларга “Роббингиз эмасманми?!” деб савол берган. Мазкур илоҳий саволга ҳамма зурриётлар “Худди шундай”, яъни, албатта, сен Роббимизсан, “гувоҳ бўлдик”, деб жавоб беришган. Шунга биноан инсон дунёга келганда Аллоҳнинг Робб эканлигини эътироф этгувчи табиат соҳиби бўлади. Ташқи омиллар туфайли бу табиатини унутиб қўяди. Охиратда эса, мана шу ал-мийсоқга содиқ қолганлиги ёки хиёнат қилганига кўра ҳисоб –китоб   қилинади. 


Аҳли маърифатларнинг баъзиларини сўзи менга айтилди: Менда қадар тўғрисида бир савол жавобсиз қолган эди. Буни уламолардан менга тушунтириб беришларини сўрар эдиму, ҳеч жавобдан қониқмас эдим. Аллоҳ абдоллардан(Аллоҳнинг валий бандалари) бири билан учрашишни насиб қилиб қолди ва мен ундан тушунтириб беришини сўрадим. У: Сени қара-ю, ҳужжат талаб қилиб нима қиласан, бизларга осмон ва ер мулкларининг сири билинади. Тоатлар осмондан сурат кўринишида тушиб, бир қавмни тана аъзоларига ўрнашади, улар ўша тоатлар билан ҳаракат қиладилар. Гуноҳлар ҳам сурат кўринишида тушиб бир қавмнинг тана аъзоларига ўрнашади, улар ўша гуноҳлар билан ҳаракат қилади, деди.

Изоҳ: Абдоллар: яхши фазилатли одам, олам ҳеч қачон уларсиз бўлмайди, агар улардан бирор киши вафот этса, Аллоҳ уни бошқаси билан алмаштиради.


Баъзи обидлардан ҳикоя қилиб айтиб беришди: Саҳар тонгда икки ракъат намоз ўқидим, сўнг мудраб қолибман. Тушимда бир баланд қасрни кўрдим, худди юлдуздек порлоқ эди. Тасаннолар айтдим. Бу қаср кимники? деб сўрасам, икки ракъат ўқиган намозимни мукофоти экани айтилди. Бундан хурсанд бўлиб, атрофини айлана бошладим, бир томонидаги айвони тушиб ҳуснини бузиб турган экан. Афсусланиб, эссиз, агар мана бу айвон юқорида бўлганида, қасрнинг гўзаллиги мукаммал бўлар эди, дедим. Ўша ердаги бир бола: бу айвон сиз айтган жойда эди, лекин сиз намозда ёнингизга қараганингизда тушиб кетди, деди.                                  


Баъзи зоҳидлардан ривоят қилиб айтишганки, уни жаннатдаги мақоми кўрсатилганда, ҳури аъйнларни ҳам кўрибди. Улар, “биз сени жуфти ҳалолларингмиз” дебди. У ердан чиқаётганда бир ҳур унга осилиб, Аллоҳга сени мақтаб ашула айтай! Амалларингни гўзал қил! Ҳар сафар амалингни гўзал қилганингда бизни ҳуснимиз зиёда бўлади, неъматларимиз кўп бўлади, дебди.


Робиаътул адавия роҳматуллоҳи алайҳо айтди: Бир куни тонг саҳарда бир неча бор тасбеҳ айтдим. Сўнг ухлаб тушимда бир дарахтни кўрдим. Уни катталигини ва гўзаллигини сифатлаб бўлмайди. Устида уч хил оқ, қизил, сариқ меваси бор экан. Дунё меваларини ичида бунга ўхшаши йўқ. Улар дарахт яшиллигини орасида худди ой ва қуёшдек ялтираб турибди. Тасаннолар айтдим. Кимникилигини сўраганимда, боя айтган тасбеҳларимнинг мукофоти эканлигини айтишди. Дарахтнинг атрофини айлана бошладим, остида тилло рангида бир нечта мевалар ёйилиб ётибди. Агар бу мевалар ҳам дарахтдаги мевалар билан бирга бўлганида эди, жудаям гўзал бўлар эди дедим. Шунда бир киши: бу мевалар дарахтда эди, лекин сен тонг ортирганингда хамирим кўпирдими йўқми деб, фикр қилганингда тушиб кетди, деди.                  


Бу ҳикояларда ақл эгалари учун ибрат, тақво ва зикр аҳли учун мавъизалар бордир.


“Қалблар озуқаси” китобидан

Ҳ.Қодиров



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
6. Сабр қилиш.....йўқчилик, қийинчилик ва шиддат вақтида сабр қиладиганлар...,Фақирлик, бечоралик пайтида, касаллик, беморлик вақтида, уруш, душманлар билан тўқнашув давоми...

3953 10:10 / 22.03.2019
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Қачон бирингиз таом еса, Алоҳнинг исмини зикр қилсин. Агар аввалида Аллоҳнинг исмини давоми...

2941 05:00 / 28.02.2017
Нақшбандия тариқатидаги соликларнинг тўпланиб адо этадиган зикрлардан бирининг номи .хатми хожагон,дир. Бу хатм силсилаи шарифдаги Боязид Бистомий, Абул Ҳасан давоми...

6932 16:10 / 10.06.2019
Турли одамлар билан муомала одоби Турли кишилар билан гўзал тарзда яшашга интилган одобли мусулмон дўстга ҳам, душманга ҳам ўзини хор тутмасдан, уларнинг давоми...

8382 18:21 / 14.03.2017
Аудиолар

119979 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41662 14:35 / 11.08.2021