7822 20.10.2017

Бир‑бирига қучоқ очиб турган икки ўғлонга қараб, чуқур ўйга толдим...

Кўз ўнгимда гўзал хотиралар жонланди. Кўнгил ажиб ҳисларга чулғанди.

Икки буюк инсоннинг ўғиллари. Гарчи иккисининг миллати, вазифаси, шахси, Ватани бир‑бириникидан йироқ бўлса‑да, кўнгиллари яқин, дардлари бир. Улар кўп кўришмасалар-да, ўртада руҳий робита, ўзаро англашиш бор. Нигоҳлари туташганда маънолар тўкилади, юрак юракка текканда бир‑бирига далда беради. Бу ҳолатлар улуғ инсонларнинг фарзандларига хосдир.

Азиз меҳмон Рамазон Қодиров юртимизга ташриф буюриб, ташрифини Ҳазратимизни зиёрат қилишдан бошлаганида, табиийки, баъзи хотиралар эсимга тушди.

Либияда истиқомат қилган кезларимиз. Падари бузрукворимиз волидамиз билан кенжа синглимизни олиб, тез-тез сафар қилиб туришарди. У пайтда ёшроқ бўлганимизгами, қайси юртга бориб келишганига қизиқсак ҳам, кимлар билан учрашишгани, нима суҳбатлар бўлганига унча аҳамият бермасдик.

Сафарларнинг биридан қайтгач, волидамиз ўзларига берилган ҳадяни – гўзал, бежирим пойафзални кўрсатиб, уни совға қилган одамнинг исмини айтиб фахрланганлари эсимда. Ҳадя ҳақиқатдан ҳам гўзал эди. Кейинчалик ўша одамнинг шаҳид бўлгани, ота-онамнинг бу фожеадан қаттиқ қайғурганлари ҳам эсимда. Вақт ўтиши билан ўша одам Чеченистон президенти, муфтий Аҳмад Қодиров эканини билдим, аста‑секин бу одамни тобора яқинроқ таниб бордим.

Рамазон Қодировнинг ташрифидан сўнг ўша пойафзални эслаб, волидамиздан Аҳмад Қодиров ҳақида сўрай бошладик. «У кишини кўрганмисиз? Қандай инсон эди? Нималар деган эди?» каби саволларга кўмдик. Меҳрибонимиз қуйидагиларни айтиб бердилар:

«Раҳматли Аҳмад Қодиров бизни Москвага таклиф қилганди. Биз унинг таклифини қабул қилиб, йўлга отланганмиз. Бир хонадонда истиқомат қилган эдик. Ўша кезларда Аҳмад ҳожи Чеченистон президентлигига сайланиш арафасида эди. Ҳазратимиз Аҳмад ҳожининг устози бўлганлари учун, маслаҳатларига муҳтож бўлиб, чақирган экан. Икковлари узундан узоқ суҳбатлашишар эди. Орада баъзи кишилар келиб‑кетиб турарди. Чечен халқи жар ёқасига келиб қолган, вазият анча нозик эди. Президент бўлиш ҳақида қарор қабул қилиш Аҳмад ҳожи учун жуда оғир кечган, чунки бу билан у ҳаётини хавф остига қўйган эди. Шундай бир хатарли дамларда Ҳазратимиз Аҳмад Қодировнинг ёнида ҳам устоз, ҳам маслаҳатчи, ҳам яқин дўст, сирдош, дардкаш бўлиб турганлар. Аҳмад ҳожи Ҳазратнинг маслаҳатларини Россия президенти Путинга айтганида у киши: «Устозинг ниҳоятда ақлли одам экан, мендан салом айтгин», деган экан.

Устоз ва шогирд сайлов арафасида доим бирга бўлишар, барча муҳим масалаларни муҳокама қилишарди. Мен эса уларга ўзимизнинг ош, сомса ва шўрва каби миллий таомларимиздан ҳозирлардим. Аҳмад ҳожи эса уларни суюб тановул қилганди. Учрашувлардан бирига кетаётганида у кишининг кийимларига дазмол уриб берганман.

Аллоҳ насиб қилиб, Аҳмад ҳожи президентликка сайланди. Эсимда, ўшанда мажлисларнинг бирида Аҳмад ҳожи бошига миллий телпагини киймагани учун қавми чакана тўполон қилмаган.

Аҳмад ҳожи ҳақиқий мусулмон эди, кўнгли ҳам, қўли ҳам очиқ ажойиб инсон эди. Москва шаҳрида сайр қилгани чиққанимизда баъзи нарсаларни харид қилаётсам, раҳматли бир қанча ҳадялар олиб берган. Ўша сизлар эслаган пойафзал, русларнинг миллий «матрёшка» ўйинчоғи, ёғоч қошиқ, Оминахонга эса яна бир ўйинчоқ олиб берганди. Мен хижолат бўлсам: «Олавер. Мендан сизларга эсдалик бўлиб қолади. Эртага борманми, йўқманми?», деган эди. Аллоҳ раҳмат қилсин, қандай ишни бўйнига олганини ўзи жуда яхши англаб турган экан. Кўп ўтмай, ростдан ҳам суиқасддан ҳалок бўлди».

Бу буюк инсон жонини хатарга қўйиб, мусулмонлар учун, тинчлик учун шу қарорни қабул қилган ва унга мардларча амал қилган экан. Ватани учун ўзини қурбон қилган бу инсон ҳақида қанча гапирсак ҳам оз.

Шайх ҳазратлари шундай ҳикоя қилиб берганлар: «Аҳмад Қодиров президент бўлганидан кейин анжуман ўтказиш учун Грознийга борсак, уруш дастидан бирорта бутун бино қолмабди. Вайроналар ичида чодир қуриб, ўша ерда мажлис қилганмиз. Бир айланиб кейинги сафар борганимда эса шаҳар анча обод бўла бошлаган экан. Бу гал конференцияни яхши бир бинода ўтказганмиз».

Рамазон Қодиров ўзининг кечаги ташрифида, зиёрат асносида айтиб ўтганидек, Ҳазратимиз чечен халқининг тинчлиги йўлида, Аҳмад ҳожини қўллаб-қувватлаш йўлида ўқлар тинмай учиб турганини, ҳалокатли ҳолатлар рўй беришини ҳам писанд қилмаганлар. Бу икки инсоннинг тутган йўллари айрича бўлса ҳам, ниятлари, мақсадлари бир бўлган.

Аҳмад Қодиров ғоятда қалтис вазиятда халқини асраб қолиш учун жонини фидо қилган бўлса, Ҳазратимиз ҳам қаламларини ишга солиб, она халқини жаҳолатдан маърифатга олиб чиқдилар, ихтилоф ва фирқачиликка барҳам бердилар, бутун умрларини шу буюк хизматга бағишладилар. Шунинг учун бўлса керак, уламоларнинг қалами мужоҳидларнинг қиличига, уларнинг сиёҳи мужоҳидларнинг қонига қиёс қилинади.

Аҳмад Қодиров ва у каби фидокорларнинг ҳаёти эвазига Чеченистонда тинчлик қарор топди. У ҳақ йўлда қурбон бўлгач, ўғли Рамазон отасининг ишини давом эттирди. Отасининг ўрнини эгаллаганида Рамазон жуда ёш эди. Шунга қарамай, юртида тинчликни таъминлай олди, бебошлик ва ихтилофга қарши курашди.

Исмоилжон ҳам ота ишини давом эттиришда имкон қадар саъй-ҳаракат қилмоқда.

Исмоилжон домланинг бир гапи ҳеч ёдимдан чиқмайди. Кувайт элчихонасидаги вазифасини тўхтатганида ва у кишига карьерани ривожлантиришни тавсия қилишганида, у: «Мен ҳаётимни ҳазратга ва у кишининг ишларига тикдим», деган эди. Исмоилжон  ҳозиргача шу сўзини тутиб келмоқда.

Мана шулардан келиб чиқиб айтамизки, бу икки ўғлон буюк оталарнинг залворли юкини кўтариб улғайгани, улар билан баравар заҳмат чеккани, буюк оталарнинг хизматида эркинликдан чеклангани, отадан жудоликнинг оғирлиги ва ота вафотидан кейин елкасига улкан масъулият юклангани жиҳатидан бир‑бирларига ниҳоятда ўхшашдир.

Яна бир ўхшашлик шуки, халқ бу ўғлонларнинг айнан оталари каби бўлишларини кутади ёки улардан ўз тасаввурида чизиб олган нарсаларни талаб қилади. Билмайдики, бундай буюкларнинг ўғли бўлишнинг ўзи, оталарининг фироқлари, масъулиятнинг оғирлиги одатда уларнинг қаддини букиб, қалбини чок-чокидан сўкиб юборган бўлади.

Тарбия борасидаги мутахассисларнинг тавсиясига кўра, улуғ инсонларнинг фарзандлари ота‑оналаридан йироқда таълим‑тарбия кўриши мақсадга мувофиқ экан. Чунки машҳур ва буюк инсонларнинг юки фарзандларни эзиб қўйиш эҳтимоли катта экан.

Устозларимиздан бирининг зиёратига борганимизда бир биродаримиз «Исмоилхон домла маъруза қилсалар бўларди, дарс берсалар бўларди» деган маънода таклиф айтиб қолди. Шунда устоз: «Исмоилнинг кўрганини сен кўрмагансан. Унинг кечинмаларини сен кечирмагансан. Уни ўз ҳолига қўй. Вақти келганда керак ишни ўзи қилиб олади», дедилар.

Шу буюк зотлар ҳурматидан уларнинг фарзандларини эъзозлашимиз зарур. Аммо ношукр инсонлар буюкларнинг буюклигини унутиб, уларнинг фарзандларини истаганларича муҳокама қилишади. Бу ўғлонлар эса ҳар гал ўзларига озор етганида, дарров оталарини эслайдилар, оталарининг шаънига гап тегишидан оғринадилар. Шундай ҳолатда оталари озорланганини эслаб, ичларидан зил кетадилар.

Биз бир неча кунлик хотирани бир олам ҳис-ҳаяжон билан ёдга олдик. Аммо бу ўғлонлар умрлари давомида бундай ҳолатларнинг қанчасига гувоҳ бўлишган. Балки бутун ҳаётлари ана шундай ҳис-ҳаяжонлардан иборат десак ҳам бўлаверади. Биз мўмин-мусулмонлар бу борада ўзимизча фикр-мулоҳаза қилиб, турли гап-сўзларни кўпайтирмай, Қуръонга амал қилиб қўяверишимиз керак.

Қуръони Каримдаги Каҳф сурасида, Хизр ва Мусо алайҳимассаломнинг қиссаларида айнан мана шу нарсага ишора бор. Икки етимнинг оталари солиҳлиги ҳурматидан то улар вояга етгунларича хазиналарини девор тагида сақлаб бериш Аллоҳ таолонинг раҳмати экани зикр қилинган. Бу раҳмат уларга оталарининг солиҳлиги ҳурматидандир. Аллоҳ таоло бандасига шундай муносабатда бўлса, нега биз ожиз бандалар солиҳларга, фидойи инсонларга, қаҳрамонларга беҳурматлик қиламиз? Буюкларни қадрлаш шуми? Уларнинг зурриётининг эҳтироми йўқми? Билиб-билмай улуғларимизнинг фарзанди аржумандларини муҳокама қилаётганлар шу ояти карималарни бир тадаббур қилиб кўришсин.

Ҳазратимиз вафот этганларида Рамазон Қодиров ҳақиқий мўмин, чинакам мусулмоннинг ишини қилди – юртида таъзия эълон қилди. Хонадонимизга таъзия ҳайъатини юборди, улардан энг яхши дуо ва тасаллиларни эшитдик. Мана энди Устознинг ҳурматларини ўрнига қўйиб, суннат амалини бажарди.

Ибн Умардан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Яхшиликларнинг яхшиси кишининг отаси яхши кўрган одамларга силаи раҳм қилишидир», дедилар».

Эҳтимол, Рамазон Қодиров Шайх ҳазратларининг қабрини зиёрат қилганида  қалбидан ана шундай ҳиссиётлар кечгандир?

Сўзим сўнгида аввало дин учун, ватан, халқ учун умрини фидо қилган икки қаҳрамонимизнинг ҳақларига энг афзал дуоларни қиламан. Мазкур ояти каримага мувофиқ бу солиҳ зотларнинг зурриётларига оталарининг ҳурматларидан икки дунёда ҳам энг яхши мақомни ато этишини Роббимдан сўрайман.

Волидамиз ҳам ҳамиша офиятда бўлиб, мана шундай гўзал хотираларини халқимизга етказиб беришларида Аллоҳ таолодан тавфиқ тилайман.

Яна бир муҳим мулоҳаза шуки, ўзбек халқи Рамазон Қодировни дин йўлида қилаётган ишлари, мард ва жасурлиги учун яхши кўради. Чечен халқининг муносиб фарзанди миллионлаб мусулмонларнинг қалбидан чуқур ўрин олган устозимизни зиёрат қилиб, халқимизнинг янада кучлироқ ҳурмат-эътиборига сазовор бўлди, иншааллоҳ.

Одинахон Муҳаммад Содиқ.