1258 19.09.2017

1696. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир яҳудийдан нархини кейин беришга таом сотиб олдилар ва темир совутни гаровга қўйдилар».

Икки шайх ва Насаий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Fайридийн одам билан савдо қилиш жоизлиги.

2. Нархини кейин беришга таом сотиб олиш мумкинлиги.

3. Бир одамни унга ҳаққини қайтариб беришга ишонтириш учун ўз нарсасини гаровга қўйиш мумкинлиги.

4. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг содда ҳаёт кечирганликлари. Ҳатто, таом сотиб олишга пуллари бўлмай, яҳудий одамдан нархини кейин бериш эвазига савдо қилганлари шуни кўрсатади.

Бизда буни «Қарзга таом олиб турди», дейилади. Лекин луғавий жиҳатдан бу жумла тўғри эмас. Бундай иш қарз олиш бўлмай, балки нархни кейин бериш савдосига киради. Чунки нархи белгиланган таом олинади, фақат харидорда ўша вақтнинг ўзи­да бериш учун пули йўқ бўлганлиги учун пулни кейин олиб келиб беришга ваъда қилади. Демак, нақд пулни кейин бериш шарти билан савдо қилса бўлади. Аммо рибовий молларни бир-бири билан алмаштиришда қўлма-қўл бўлиши шарт эканлигини олдин ўрганиб чиққанимизни унутмаслигимиз керак. 

 

1697. Яна ўша кишидан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг устиларида иккита қалин қитрий кийимлари бор эди. Қачон сафар қилиб терласалар, иккови у зотга оғирлик қилиб қолар эди. Фалончи яҳудийга Шомдан кийим келди. Мен: 

«Унга одам юбориб, кейин тўлаб беришга иккита кийим сотиб олсангиз, яхши бўларди», дедим. У зот унга одам юбордилар. У эса:

«Ҳа, нимани кўзлаётганингни билдим. Молимни еб кетишни кўзлаяпсан, холос», деди. 

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ёлғон айтибди. Батаҳқиқ, у менинг Аллоҳга энг тақводор ва омонатни энг адо этувчи эканлигимни билади», дедилар». 

Насаий ва Термизий ривоят қилганлар. Термизий саҳиҳ, деган.

Шарҳ: «Қитрий» кийим – Ямандан келтириладиган чопон.

Ҳадисдаги «илал майсиро» жумласини «кейин тўлаб беришга» деб таржима қилдик. Бу ерда молнинг нархини кейинроқ, енгиллик бўлиб, имконият топилганда тўлаб бериш тушунилади.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг камтарона яшаганликлари. Кийиб, сафарга чиқсалар, терлаб, оғирлашиб қоладиган Ямандан келтирилган кийимни кийиб юришлари бунга яна бир далилдир.

2. Аёл киши эрининг кийимларидан хабар олиб, унга маслаҳатлар бериб туриши кераклиги. Оиша онамизнинг ўзларини тутишлари бунга мисолдир.

3. Эркак киши ўз аёлининг маслаҳатларига амал қилиши яхши эканлиги. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нақд пуллари бўлмаса ҳам, Оиша онамизнинг маслаҳатларига биноан, кейин бериш шарти билан яҳудий савдогардан кийим олиб келишга одам юборганлари шуни кўрсатади.

4. Маълум нарсани сотиб олиб келиш учун одам юбориш жоизлиги.

5. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида яҳудийларнинг мусулмонлар ичида тижорат билан шуғулланганликлари.

6. Яҳудийларнинг ғаламислиги. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур тожир яҳудийдан кийимни олиб туриб, нархини кейин бермоқчи бўлганларида унинг дарҳол «Сен менинг молимни еб кетмоқчисан», дейиши бунга далилдир. Ҳолбуки, у Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ким эканликларини ва сифатларини яхши билар эди.

7. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳга энг тақводор банда эканликлари.

8. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг омонатни энг яхши адо этувчи киши бўлганликлари.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)