1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Муаллимларнинг фазли ҳақида

10:05 / 24.03.2017 2610 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳақ йўлида ким санга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила

Айламак бўлмас адо онинг ҳақин минг ганж ила


Ҳа, азизлар, Ҳазрат Навоийнинг бу сўзларида ҳеч қандай муболаға йўқ. Дарҳақиқат, устозларимизнинг ҳақлари беқиёс. Улар маънавият боғининг боғбонларидирлар. Дунё уларнинг меҳнатлари эвазига ободдир. Охират зулматлари уларнинг қалблари таратган зиё туфайлигина бартараф бўлиши мумкин. Бинобарин, биз уларни қанча кўп улуғласак, эъзоз қилсак, шунча оз. 

Инсон ким бўлишидан қатъий назар, қайси соҳа вакили бўлмасин, билим олиш учун устозга муҳтож. Шоҳу гадо, яхшию ёмон қачонлардир муаллим остонасининг соили бўлган. Пайғамбарлардан бошқа ҳамма инсонлар илм ҳосил қилиш учун муаллим остонасини ўпган. Инсоният тарихида фақат пайғамбарларгина муаллим ҳузурида дарс олмаганлар. Чунки уларнинг илмлари ваҳий асосида ҳосил бўлгандир. Агарчи пайғамбарларга замондош бўлган жоҳиллар ва кейинги айрим илмни даъво қилувчи кишилар, пайғамбарларнинг таълимотлари олдида ожиз қолганларидан, уларнинг, жумладан, Аллоҳнинг охирги элчиси Муҳаммад алайҳиссаломнинг кимдандир дарс олганликларини исботлашга ҳаракат қилган бўлсалар­да, буни илмий асосда тушунтириб бера олмаганлар. Уларнинг сўзлари туҳмат, фараз ва хомҳаёлдан нарига ўтмаган. 

Ўрни келганда шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, устоз деганда фақатгина дийний билмларни таълим берган кишиларни эмас, балки, ҳар қандай фойдали илм ўргатувчи шахс назарда тутилишини ҳам унутмаслигимиз лозим. Чунки муқаддас динимиз ‒ Исломда илмлар диний­дунявийга ажратилмайди. Балки, фойдали ва фойдасизга тақсимланади. 

Инсоният учун фойдали бўлган ҳар қандай илм Исломда ардоқланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир нечта оятларида инсониятни дунёни обод қилиш учун яратганини баён қилган ва кишиларни борлиқ ҳақида тафаккур қилишга, уни ўрганишга тарғиб қилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ҳадисларида илмга тарғиб қилар эканлар, илмни умумий маънода ишлатганлар. Керак бўлган ўринда диний билмларни номлаб айтганлар. Ўзларининг ҳаётлари мобайнида саҳобаи киромларни, уларнинг иқтидорларига қараб, ўша даврдаги илмнинг турли соҳаларига йўналтирганлар. Шу боис, ҳар бир мусулмон банда дунёда яхши ҳаёт кечириши учун ундаги нарсаларнинг илмини ўзлаштириши, охиратда саодатга эришиши учун унга тааллуқли бўлган билмларни ўрганиши лозим. 

Шу билан бирга, ҳар бир фойдали илм дунявий ва ухравий манфаатларга эга. Унинг қайси тарафининг устун келиши эса, инсоннинг ўзига, ниятига боғлиқдир. 

Имом Ғаззолий ўзларининг машҳур «Иҳйаау улумиддин» китобларида шундай дейдилар: «Муаллим, яъни дунёни эмас, охиратни қасд қилувчи охират ёки дунё илмлари муаллими доимий ухравий ҳаётга манфаат келтирувчи кишидир. Аммо дунё мақсадида таълим бериш бу ‒ ҳалокатдир ва ҳалокатга улоқтиришдир».

Демак, инсониятга манфаатли ҳар қандай билм ўргатувчи киши муаллим деб эътибор қилинади ва динимизда кўрсатилган ҳақ­ҳуқуқ ва эъзозларга сазовор ҳисобланади. 

Имом Суютий «Жомиъус сағийр»да келтиришича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалам: «Илм олинглар ва илм учун виқор ва сокинликни ўзлаштиринглар ҳамда муаллимларингизга тавозеъли бўлинглар», деган эканлар. Бу ҳадисни Имом Табароний ва Ибн Адийлар Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилган.

Аллома Муновий ушбу ҳадиснинг шарҳида жумладан шундай дейдилар: «Чунки илмга тавозеъ ва қунт ила тинглаш орқали етилади. Толиби илмнинг устозга тавозеъси олийликдир, унга бўлган хокисорлиги иззатдир, унга бўйин эгиши фахру ифтихордир». 

Уламолар илмни сувга ўхшатишади: илм ҳам сув каби инсон учун ҳаёт манбаидир. Шу биларга, илм ҳам фақат пастга оқади, юқорига оқмайди. Бинобарин, илм доимо ўзини паст олган тавозеъли кишигагина юқади, муткаббир, димоғдорга илм нафъ бермайди.

Али розияллоҳу анҳу айтадилар: «Қуйидагилар муаллимнинг ҳақларидан ҳисобланади: одамларга умумий салом бериб, унга хоссатан салом беришинг; унинг рўпарасида ўтиришинг, унинг ҳузурида қўл билан ишора қилмаслигинг ва кўз қисмаслигинг; фалончи сиз айтган гапнинг хилофини ‒ тескарисини айтди, демаслигинг; унинг олдида бировни ғийбат қилмаслигинг; унинг олдида ҳамнишининг билан маслаҳатлашмаслигинг;  у ўрнидан турганида кийимидан тортмаслигинг; у чарчаган вақтда бирор нарса талаб қилмаслигинг; унинг суҳбатидан юз бурмаслигинг».

Улуғ муҳаддис, ҳофиз Шайх Айдарус ибн Умар ал­Ҳазрамий ўзининг «Уқудул лаал фи асаанидир рижаал» номли китобида шундай дейдилар:

«Машойихларимиз айтар эдилар: «Кимга Аллоҳ таоло устозлардан таълим олиш неъматини насиб этса, унга уларни доимо ёдда тутиш, уларнинг фазилатларини ва фойдаларини оммага етказиш, ҳақларига дуо қилиш, Аллоҳдан улар учун розилик сўраш каби ишлар билан шукр бажо келтириш лозим бўлади. Бу – шогирд зиммасидаги энг муҳим вазифалардандир. Зотан, устоз унга отаси бергандан кўра афзалроқ бўлган абадий саодатга етказувчи нарсани тақдим этгандир. Бинобарин, устознинг ҳурмати отанинг ҳурмати каби, балки ундан­да юксакроқдир. Шу боис ҳар бир толибдан устозини ва унга тааллуқли барча нарсаларни эҳтиром қилиши, улуғлаши ва унга нисбатан уламоларимиз баён қилган одоблар билан муносабатда бўлиши талаб қилинади». 

Устознинг ота­онадан юқори қўйилиши ҳеч қандай муболаға эмас, ‒ дейди уламолар, ‒ чунки ота­она инсоннинг осмондан ‒ руҳоний оламдан ерга тушишига сабаб бўлган бўлса, устоз унинг ердан осмонга ‒ юксак даржаларга, жаннатга етишиши учун меҳнат қилади.

Ислом маданияти бу борада фақатгина назарий кўрсатма ва тавсиялар тақдим этибгина қолмай, юксак даражадаги амалий намуналарни ҳам кўрсатиб берган.

Қуръони Каримда «Каҳф» сурасида Мусо алайҳиссалом билан Хизр алайҳиссалом ўртасида бўлиб ўтган қисса ҳикоя қилинади. Унда илм олиш шартлари ва муаллимга нисбатан шогирддан талаб қилинадиган одоблар жуда ҳам гўзал суратда баён қилинган. Аввало толиб илм учун сафар қилиши, меҳнат қилиши ва бунинг учун керакли чораларни кўриши лозимлиги уқтирилади. Кейин толиби илм муаллимга нисбатан одобда бўлиши, илм ўргатишини илтимос қилиши, унинг шартларига рози бўлиши ва бу йўлда сабр қилиши ўргатилади. Шунингдек, муаллимдан зуруратсиз савол сўрамаслиги, уни тафтиш қилмаслиги лозим экани айтилади ва агар ушбу шартларга амал қилмаса, илмдан маҳрум бўлиб қолиши мумкинлиги баён қилинади.

Қуръони Карим мусулмонларнинг илк авлоди ‒ саҳобаи киромларга юқоридаги каби зарбулмасаллар ёрдамида ва бошқа очиқ­ойдин оятлар билан илм олиш одбларини ўргатди: энг улуғ муаллим Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан қандай муносабатда бўлишлари лозимлигини баён қилди, уларни ер юзида энг одобли ҳалқ этиб тарих саҳнасига тақдим этди.

«Бақара» ва «Нисо» сураларида илм олиш жараёнида устозга мурожаат қилишда муносиб сўз танлашга ўргатилган. «Нур» сурасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бошқаларга қилингандек мурожаат қилмасликка, «Ҳужурот» сурасида у зотнинг ҳузурларида овозни кўтармасликка, «Мужодала» сурасида у зотга беҳуда саволлар бермасликка амр қилинган ва бошқа бир нечта сураларда ушбу маънодаги оятлар баён қилинган.

Илм олиш одобининг муҳимлигидан, Аллоҳ таолонинг таъимотларини инсониятга етказиш вазифасини адо этувчи фаришта ‒ Жаброил алайҳиссалом Муҳаммад алайҳиссалом бошлиқ мусулмонларга таълим олиш одобларини фақат назарий кўрсатма тарзида етказибгина қолмай, бошқа ҳукмлардан фарқли равишда, амалий суратда ҳам кўрсатиб берган. 

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу шундай ривоят қиладилар: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида эдик. Бирдан устимизда оппоқ кийимли, сочлари қоп-қора одам пайдо бўлди. Унда сафарнинг асари кўринмас эди. Уни бирортамиз танимас ҳам эдик. У келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўғриларига ўтирди. Икки тиззасини у зотнинг икки тиззаларига тиради. Икки кафтини сонлари устига қўйди...»

Бошқа бир ривоятда келишича, ушбу келган одам биринчи бўлиб киришга изн сўрагани ҳам айтилган. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу мазкур нотаниш кишининг бир қанча савол­жавоблардан сўнг қайтиб чиқиб кетганини айтиб, ҳикояни шундай тамомлайдилар: 

«Сўнгра у қайтиб кетди. Бас, мен бирмунча вақт жим бўлиб қолдим. Сўнгра у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: 

«Эй Умар, сўровчи кимлигини билдингми?», ‒ дедилар. 

«Аллоҳ ва Унинг Расули билувчироқ», ‒ дедим. 

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Албатта, у Жаброилдир. Сизларга динлари¬нгиздан таълим бергани келибди», ‒ дедилар».

Ушбу воқеада фаришта Жаброил алайҳиссалом мусулмонларга бир қанча шаръий аҳкомларни ўргатиш билан бирга, таълим олиш одобини ҳам кўрсатиб берганлар ва Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам буларнинг ҳаммасини қўшиб бир қилиб «дин» деб атаганлар, дейди уламоларимиз.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йўлга қўйган ушбу таълимот у зотнинг издошлари ‒ саҳобаи киромлар ва шу кунгача уларга меросхўр бўлиб келаётган уламоларимизнинг ҳаётларида гўзал суратда акс этиб келмоқда.

Улуғ саҳоба, етук олим Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумо юксак мартабага эга бўлиб, Расулуллоҳга яқин қариндош бўлишига қарамай, Зайд ибн Собит разияллоҳу анҳуга отининг узангини тута туриб, «Уламоларимизга шундай эҳтиромда бўлишга амр қилинганмиз», ‒ дедилар. Шунда Зайд ибн Собит разияллоҳу анҳу Ибн Аббос разияллоҳу анҳунинг қўлларини ўпди ва: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаламнинг аҳли байтига шундай муомалада бўлишга буюрилганмиз», ‒ дедилар.

Муваффақ Хоразмийнинг «Имом Абу Ҳанифа маноқиблари» номли китобида келтирилади: «Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи: «Мен устозим Ҳаммоднинг ҳурматидан унинг уйи томонга ҳеч ҳам оёғимни узатмадим. Унинг уйи билан менинг уйим орасида еттита кўча бор эди. Ҳаммод вафот этгандан буён қачон намоз ўқисам, албатта, отам билан унинг ҳаққига истиғфор айтаман. Зотан мен доимо менга таълим берган ёки бирор нарса ўргатган киши учун истиғфор айтаман», деган эканлар. 

Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳи: «Мен ота­онамдан олдин Абу Ҳанифанинг ҳаққига дуо қиламан», дер эдилар. 

Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳи: «Мен Моликнинг ҳузурида унга шақирлаши эшитилмасин деб китобни оҳисталик билан варақлар эдим», деганлар. 

Имом Шофеъийнинг шогирди Робийъ раҳматуллоҳи алайҳи: «Аллоҳга қасамки, Шофеъий қараб турган бўлса, сув ичишга журъат қила олмадим», деган эди.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи шундай деган эдилар: «Ўттиз йилдан бери Шофеъийнинг ҳаққига дуо қилиб, истиғфор айтмай туриб уйқуга ётмадим».

Улуғ муҳаддис, ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалоний доимо устозининг исмини айтмай, уни «Имомлар имоми», «Буюк устоз» каби номлар билан тилга олар эди.

Ҳа, азизлар, Ислом тарихининг олтин саҳифаларига зархал ҳарфлар билан битилган бу сатрлар афсона эмас, балки айни воқеий ҳақиқатдир. Шу билан бирга, бу айтганларимиз уммондан бир қатра, холос. Агар бу мавзуда мисоллар келтиришда давом этадиган бўлсак, сўзимиз достон бўлиши турган гап.

Минг афсуски, бугунги кунда айрим кишилар, хусусан баъзи ёшлар орасида муаллимларга паст назар билан қараш, уларни камситиш ҳолатлари ҳам учраб туради. Бу, албатта, маърифатсизлик, ахлоқсизлик, динимиз таълимотларидан узоқликнинг натижасидир.

Муаллимларни илмни қадрламаган, унга муҳаббат қилмаган, ўзини унутган кишиларгина беҳурмат қилиши мумкин. Қердаки илм қадрланса, у ерда муаллимлар ардоқланади. Қаерда муаллимлар ардоқланса, у ерда илм­фан ривож топади. Қаерда илм­фан ривожланса, у ерда жамият фаровон бўлади, давлат мустаҳкам бўлади. Бу ҳақийқатни бугунги кундаги ривожланган ва ривожланаётган давлатлар эришаётган ютуқлар мисолида ҳам кўришимиз мумкин.

Илм­маърифатсиз ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Бунинг учун, маънавий­ахлоқий тарғиботлар билан бир қаторда, моддий  чоралар ҳам кўриш лозим. Ислом тарихида бу борада ҳам кўплаб яхши ишлар олиб борилганини эслаб ўтиш жоиз.

Учинчи халифа Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу бир куни Мадийна кўчаларида ўйнаб юрган ёш болачаларни кўриб қолдилар. Шунда: «Бундан кўра улар илм ўқишса бўлмайдими?!», дедилар­да, уларга таълим берадиган муаллимларни тайёрлаб, уларга давлат хазинасидан маош ажратдилар. Шу билан бирга, шаҳарлардаги волийларга ҳам мактуб ёзиб, илм таълимида турган муаллимларнинг маошини кўтариш ҳақида буйруқ бердилар.

Маълумки, ҳазрат Навоий ўзларининг раҳбарликлари асносида уч юздан ортиқ масжид­мадрасага асос солганлар. Бир куни мадрасалардан бирида дарс бераётган устозлардан бири у кишининг олдига кириб, уй­жой масаласида муаммоси борлигини, агар бу муаммо хал бўлмаса, ўз юртига кетишга мажбурлигини айтди. Аммо Навоийнинг ҳузурида унга ўхшаш мурожаатлар билан келган кишиларнинг сон­саноғи йўқ эди. Ҳалиги муаллим ўзича «Навоий менинг гапимга «ҳа» деб қўйди­ю, шунча одамнинг ичида менинг муаммойим унинг эсида қолармиди», деб ҳисоблади. У ўз масканига бориб, мана шу фикрда, уйқуси қочиб, маҳзун бўлганча ўйга толиб ўтирган эди, бирдан эшик таққиллаб қолди. Қараса, Навоийнинг хизматкориларидан бири. У ҳазрат Навоий муаллимни чақираётганини айтди. Навоий муаллимга ажойиб бир шинам ва кўркам ҳовлини тортиқ қилди. У бундай шоҳона бино кимники экан, деб суриштирган эди, ҳовли Алишер Навоийга қарашли бўлиб чиқди. Ўша вақтда Астрободда ҳоким бўлиб турган буюк шоир мадрасада илм таҳсилига футур еткандан кўра, ўз ҳовлисини бўшатиб беришни афзал кўрган экан.

Ўрни келганда шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, муаллимлар юқорида айтилган иззат­эҳтиромларга сазовор бўлишлари учун, динимизда талаб қилинган меъёрлага қатъий амал қилишлари, яъни ўзларининг масъулиятларини чин дилдан, виждонан адо этишлари лозим. Зеро, толиби илмларнинг бирор муаллимга нисбатан эъзозда бўлишларида ўша устознинг шахсияти ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шу боис, ҳар бир устозлик мартабасига эга бўлган шахс ўз ҳаёт тарзини, талим услубини энг буюк муаллим ‒ Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига, таълим соҳасидаги сийратларига мувофиқ қилишга ҳаракат қилмоғи лозим. Аммо агар муаллимннинг ўзи ҳали ахлоқан камолот касб этмаган бўлса, инсоний фазилатларни ўзлаштирмаган, нафсини тарбия қила олмаган бўлса, Аллоҳдан қўрқиш ҳиссидан йироқ бўлса, кийиниш, юриш­туриш, гап­сўз, муомалада одоб, иффат тушунчаларидан, динимиз кўрсатмаларидан узоқлашган бўлса, у ҳолда, бундай устоз ҳақиқий муаллим ва мураббий бўла олмаслиги аён, у фақатгина қандайдир маълумотлар шаҳобчаси ҳисобланади, холос. Зотан, ҳали ўзини тарбия қила олмаган, ўз шахсиятини тўғри шакллантира олмаган инсон қандай қилиб бошқаларни тарабия қила олади? Қандай қилиб буюк шахсларни етиштира олади? Бугунги кунда биз мусулмонлар мана шу ҳақиқатларни яхши англаб етишимиз лозим.

Сўзимизни имом Ғаззолийнинг қуйидаги гаплари билан тамомлаймиз: «Таълим олиб, унга амал қилиб, сўнг уни бошқаларга таълим берган киши осмонлар узра буюклик номини олади. Зеро, у худди Қуёшга ўхшайди: бошқаларни ҳам ёритади, ўзи ҳам порлоқдир; у худди мушкка ўхшайди: бошқаларни хушбўй қилади, ўзи ҳам хушбўйдир. Аммо таълим олиб, унга ўзи амал қилмаган киши худди дафтарга ўхшайди: бошқага фойда келтиради, ўзи эса илмдан холи; у худди чархга ўхшайди: бошқани ўткирлайди­ю, ўзи ўткир бўлмайди; у худди игнага ўхшайди: бошқани кийинтиради­ю, ўзи доимо ялонғоч; у худди пиликка ўхшайди: бошқларни ёритади­ю, ўзи куйиб битади. Модомики, киши таълим билан шуғилланар экан, батаҳқиқ, у жуда ҳам буюк, хатарли ва улкан ишни ўз зиммасига олибди, энди у таълимнинг одоб ва вазифаларига қатъий риоя қилсин».

Аллоҳ таолодан ўтган азизларимизни Ўз раҳматига олишини ва бизларни уларга муносиб авлод бўлишимизни насиб этишини сўраб қоламиз.


Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

Имом Бухорий номидаги Тошкент

Ислом институти 4­босқич талабаси



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло инсонларни яратган экан, уларнинг барча эҳтиёжларини ҳам Ўзи қондиради. Шунинг учун ҳам доим Унинг ўзигагина сиғиниш ва Ўзидангина ёрдам сўрашга давоми...

3730 14:05 / 24.03.2017
Мустақил диёримизда 1997 йилдан бери ҳар бир йилга жамият ҳаётининг алоҳида соҳаларида ислоҳотларни амалга ошириш мақсадида ном берилиб келинади1. Жорий йилнинг 5 давоми...

3041 15:49 / 22.04.2017
Мусулмонлар Мадинаи мунавварага келганларида ҳануз азон машруъ бўлмаганди. Намоз вақтини билишда қийналишарди. Гоҳида эрта келиб қолар ва намозни узоқ муддат давоми...

3249 15:26 / 24.03.2017
Фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг ибратли ҳаёт йўли ҳақида ҳикоя қилувчи .Ҳазратни хотирлаб, кўрсатувининг навбатдаги ғолиби давоми...

819 10:33 / 25.10.2023
Аудиолар

118800 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40750 14:35 / 11.08.2021