49 28.04.2017

Мотуридия мазҳабининг ривожланиб тараққий этишига жуда кўплаб уламолар хизмат қилганлар. Уларнинг айримлари қуйидаги машҳур уламолардир:

1)  Абул Муин Насафий. Ҳижрий 438 йилда туғилган. Абул Муин Насафий мотуридия мазҳабининг тараққий этишига энг кўп ҳисса қўшган олимлардан ҳисобланади. Абул Муин Насафийнинг машҳур асарлари:

-         “Табсиротул адиллату фи усулид дин” (“Усулуд дин”даги далилларни тушунтириш);

-         “Баҳрул калом” (Калом денгизи);

-         Тамҳид лиқоваидит тавҳид ( Тавҳид қоидаларини енгиллаштириш).

Булардан ташқари “Шарҳу жомиъил кабир лишайбоний”, “Ийзоҳул маҳажжа ликавнил ақли ҳужжа” ва “манаҳижул аимма” каби китоблари ҳам бўлган. Абул Муин Насафий раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 508 йилда вафот этган.

2)  Абулюср Муҳаммад ибн Муҳаммад Паздавий. Бу зот ҳижрий 421 йилда туғилган. Самарқандда қози бўлган. Мартабаси юқори бўлганидан Қози Содр лақаби билан аталган. Абулюср Паздавийнинг машҳур асарлари:

- “Усулуд дин” (Диннинг асослари). Бу китоб Имом Мотуридийнинг “Тавҳид” китобини енгил услубда тушунтириш учун ёзилган;

- “Мураттоб” (Янгиланган). Бу китоб Имом Муҳаммаднинг “Жомиус соғир” китобига ҳошия қилиб ёзилган;

- “Воқеот” (Воқеалар);

- “Мабсут” (Батафсил баён қилинган). Ушбу охирги икки китоб ҳам фиқҳ илмига тааллуқли бўлган.    

Абулюср Паздавий раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 493 йилда Бухорода вафот этган.

3)  Абу Ҳафс Нажмиддин Умар Насафий. Бу зотнинг тўлиқ исмлари Умар ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Исмоил ибн Муҳаммад ибн Али ибн Луқмон Насафий Самарқандийдир. Ҳижрий 461 йилда Насаф шаҳрида таваллуд топган. Бу зот тафсир, ҳадис, фиқҳ, усул, тарих, наҳв каби кўплаб илмлар бўйича етук олим бўлиб, “Имомус сақолайн” лақаби билан машҳур бўлган. Имом Насафийнинг машҳур асарлари:

-       Назму жомиъис сағир фи фиқҳил ҳанафий” (Ҳанафий фиқҳи ҳақидаги “Жомиъус сағир”нинг назмий баёни);

-       “Қанд фи уламаи Самарқанд” (Самарқанд уламолари ҳақида “қанд”) яъни қанддек ширин китоб;

-       “Тариху Бухоро” (Бухоро тарихи);

-       “Тилбатут талаба” (Талабалар излаган маълумотлар);

-       “Хосоисул луғат” (Луғат хусусиятлари);

-       “Манзуматул хилофиёт” (Мунозаралар ҳақидаги манзума). Сирожиддин Ўший шу китобга шарҳ ёзган.

Умар Насафий юзга яқин асарлар ёзиб қолдирган.

Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 537 йилда Самарқандда вафот этган ва Чокардиза қабристонига имом Абу Мансур Мотуридий ёнига дафн этилган.

4)  Нуриддин Аҳмад ибн Абу Бакр Собуний Бухорий. Туғилган йили аниқ маълум эмас. Совун таёрлаш ёки уни сотиш билан шуғуллангани учун Собуний нисбати берилган. Нуриддин Собунийнинг машҳур асарлари:

-       “Бидая фи усулид дин” (“Усулид дин”га киришиш);

-       “Ҳидоя фи илмил калом” (Калом илмидаги тўғри йўлга бошлаш);

-       “Кифоя фил ҳидоя” (Тўғри йўл топиш ҳақида етарли “калом”).

 Нуриддин Собуний раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 580 йилда Бухорода вафот этган.

5)  Камол ибн Ҳумом. Бу зотнинг тўлиқ исмлари Муҳаммад ибн Абдулвоҳид ибн Абдулҳамид бўлиб, Камолиддин бу зотнинг лақаби бўлган. Камол ибн Ҳумом ҳижрий 788 йилда Румнинг Сивас шаҳрида туғилган. Шунинг учун бу зотга Сивасий нисбаси ҳам берилган. Ибн Ҳумомнинг машҳур асарлари:

-       “Фатҳул қадир лиложизил фақир” (Мен ожиз фақирга Ал-Қодир зотнинг фазлу марҳамати).  Бу шарҳ тугалланмай қолган. Чунки “Ваколат боби”га етганда муаллиф вафот этган. Кейинчалик Аллома Қозизода бу шарҳни ниҳоясига етказиб қўйган ва “Натаижул афкор фи кашфи румуз вал асрор” деб номлаган.  

-       “Мусаяро фи ақоиди мунжия фи охира” (Охиратда нажот топишга сабаб бўладиган ақидаларга мувофиқ бўлиш);

-       “Задул фақир фил фуруъ” (Эҳтиёжманд кишининг фиқҳий масалалардаги озуқаси); 

-       “Рисала фил эъроби “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи ва субҳаналлоҳил азим” (“Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи ва субҳаналлоҳил азим”нинг эъроби ҳақида рисола).

Камол ибн Ҳумом раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 861 йилда Қоҳирада вафот этган.   

 6) Мулла Али Қори. Бу зотнинг исми шарифи Али ибн Султонмуҳаммад бўлиб, Ҳирот шаҳрида туғилган. Туғилган йили аниқ маълум эмас. Макка шаҳрига сафар қилиб бориб умрларининг охиригача ўша ерда яшаб қолган. Шунинг учун туғилган жойи эътиборидан Ҳиравий ва асосий яшаган жойи эътиборидан Маккий нисбалари берилган. Энг машҳур қорилардан бўлгани учун Мулла Али Қори номи билан машҳур бўлган.  Мулла Али Қори тафсир, ҳадис, ақоид, фиқҳ ва сийрат каби турли илм соҳаларига оид юз элликдан ортиқ асарлар таълиф этган бўлиб, уларнинг энг машҳурлари қуйидагилардир:

- “Мирқотул мафотиҳ шарҳу мишкатил масобиҳ” (“Мишкатул масобиҳ” шарҳи калитларига олиб борувчи зиналар). Бу асар Хатиб Табризийнинг “Мишкатул масобиҳ” (Чироқлар токчаси[1]) номли машҳур ҳадис китобига ёзилган шарҳ бўлиб, ҳадислар ҳанафия мазҳабига кўра шарҳланган;

“Фатҳу бабил иная фи шарҳи Нуқоя” (Нуқоя[2] шарҳи тўғрисида иноят эшигини очиш). Бу асар Содруш шариа Убайдуллоҳ ибн Масъуднинг “Нуқоя” асарига ёзилган шарҳдир;

- “Шарҳу Шамоил” (“Шамоил”нинг шарҳи). Бу асар имом Термизийнинг “Шамоили Муҳаммадия” (Муҳаммад алайҳиссаломга хос хусусиятлар) асарига ёзилган шарҳдир;

- “Шарҳу Айнил илм (“Айнул илм” шарҳи).  Бу асар Муҳаммад ибн Усмон Балхийнинг “Айнул илм ва зайнул ҳилм” (Илм булоғи ва ақл зийнати) асарига ёзилган шарҳ бўлиб, одоб-ахлоққа тааллуқли мўътабар асар ҳисобланади;

- “Зовъул маолий либадъил амолий” (“Бадъул амолий”нинг улуғворлик ёғдуси. Бу асар Сирожиддин Али ибн Усмон Ўшийнинг “Бадъул амолий” асарига ёзилган шарҳдир.

“Минаҳул фикрия шарҳу муқаддиматил Жазария” (“Муқаддиматул Жазария”нинг шарҳи бўлган фикрий ҳадялар). Бу асар тажвид илми бўйича энг машҳур ва мўътабар асарлардан бири саналадиган имом Жазарийнинг “Муқаддиматул Жазария” асарига ёзилган шарҳдир.

-       “Минаҳу ровзил азҳар шарҳу фиқҳил акбар” (“Фиқҳул акбар”нинг шарҳи бўлган чаманзор ҳадялари).  Бу асар имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг “Фиқҳул акбар” асарига ёзилган энг саломоқли шарҳларидан бири ҳисобланади.   

Мулла Али Қори раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 1014 йилда Маккада вафот этган ва Масжидул ҳаромдан унча узоқ бўлмаган “Муалло” қабрситонига дафн этилган.

Аллоҳ таоло барча уламоларга мўл-кўл ажру мукофотлар ато этиб, ётган жойларини жаннат боғларидан қилган бўлсин.  

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога  ҳамда у зотнинг аҳли оилаларию саҳобаи киромларига салавот ва саломлар бўлсин.

Абдулқодир Абдур Раҳим

 

[1] “Мишкат” сўзи луғатда “Бирор нарса қўйса бўладиган девор каваги”, “чироқ қўйиладиган токча” маъноларини англатади. Муаллифнинг китобини бундай номлашининг сабабини қуйидагича тушуниш мумкин: чироқ ёқилса хонанинг барча тарафига нур таратади. Худди шунингдек ҳадиси шарифларга ҳам амал қилинса, ҳаётнинг барча тарафи нурафшон бўлади. Токча хонани ёритувчи чироқни тутиб турганидек, ушбу китоб ҳам ҳаётни нурафшон қилувчи ҳадиси шарифларни ўзида жамлаб турибди. 

[2] Нуқоя луғатда “саралаш”, “танлаш” каби маъноларни англатади. “Нуқоя” китобини Убайдуллоҳ Содруш шариа ўзининг бобоси Маҳмуд ибн Содруш шариа қаламига мансуб бўлган “Виқоятур ривоя фи масаилил ҳидоя” асаридан қисқартириб саралаб олган. Бу китоб асл номи бўлган “Нуқоя”дан кўра  “Мухтасарул Виқоя” (Виқоядан саралаб олинган) номи билан машҳур бўлган.