751 09.06.2017

Мўмин Аллоҳ таолога,  Унинг Китобига иймон келтирган, Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссалом  суннатларига эргашган киши бўлиб,  у Аллоҳ таолони барча нолойиқ ва номуносиб сифатлардан пок санайди. Қалби эса иймон, ишонч, хотиржамлик ва У Зотга боғланиш билан лиммо-лим тўлган.

У ягона Аллоҳ таолонинг Ўзига тавба ва инобат қилган. У Аллоҳ таолога ибодат қилган ва бу ибодатларини  Ўзига ихлос билан, савобини умид қилган ва азобидан қўрққан ҳолда қилган кишидир.

У Аллоҳ таолонинг давомли неъматларига ва улкан инъому эҳсонларига дили, тили ва барча аъзолари билан шукр бажо келтирувчи ва ҳамма вақт Унинг зикри билан банд кишидир.

У шу неъматдан улуғроқ неъмат ва бу кароматдан улуғроқ каромат бор деб билмайди.

У Аллоҳ таолога тавба ва инобат қилиш  ҳамда  ягона Зотгагина иқбол қилиш лаззатига нисбатан бу дунёнинг моддий лаззатларини жуда ҳақир санайди. Шу билан бирга, у ҳаёт лаззатларидан ҳам тўла-тўкис баҳраманд бўлади. Улардан кофирлар ёки ғофиллар ҳузурланганидек эмас, балки Аллоҳ таолонинг ҳақларини ва бандаларнинг ҳақларини адо этишда шу билан ёрдамланиш нуқтаи назаридан фойдаланади.  Бу иши билан савобдан умидвор бўлиши билан унинг лаззатлари комил бўлади, қалби роҳатланади, кўнгли хотиржам бўлади, ишлар, агар у истамаган кўриниш олса ҳам, хафа бўлмайди.

У Аллоҳ таоло унга дунё ва охират саодатини жамлаб қўйган ҳақиқий мўминдир.

Кофир ва ғофил кимса унинг тамомила аксидир. Бу кимсалар борлиги ва комил зот эканига ақлий ва нақлий далил-ҳужжатлар, зарурий ва ҳиссий илмлар далолат қилиб турган улуғ Роббисини инкор қилди, буларнинг баридан кўз юмди. Аллоҳ таолони эътироф этиш ва Унга ибодат қилишдан узилгач, табиатни худо санаб, унга сиғинди, қалби ҳайвонларнинг қалби билан бир хил бўлди.

Унинг моддий ишлар билан ҳузурланишдан бошқа ғами йўқ. Қалбида хотиржамлик йўқ, суйганларини йўқотишдан қўрқади, бошига кўнгилсизликлар етишидан хавфда юради. Унинг қийинчиликларини енгиллатадиган, мусибатларига малҳам бўладиган иймони йўқ.

 У иймон лаззатидан, Аллоҳ таоло билан яқинлашиш ҳаловатидан, иймоннинг нақд (дунёвий) ва насия (ухровий) самараларидан маҳрум. Савоб умид қилмайди, азобдан қўрқмайди, бор қўрқув ва умиди арзимас моддий, дунёвий нафс майл-истакларига боғланган.

Мўмин Ҳаққа ва халққа тавозелидир. Аллоҳ таолонинг турли тоифа ва даражадаги бандаларига тили билан ҳам, дили билан ҳам, амали билан ҳам холис насиҳат қилади.

Кофир эса Ҳаққа ва халққа кибрли, ўзига бино қўйган, бировга холис насиҳат деган эътиқодга эга эмас.

Мўминнинг дили алдов, хиёнат, гина-ю кудуратдан саломат. У ўзи учун яхши кўрган нарсани бошқалар учун ҳам яхши кўради, ўзи учун ёмон кўрган нарсани улар учун ҳам ёмон кўради, кучи етганича уларнинг манфаатини кўзлаб ҳаракат қилади, халқларнинг озорига сабр қилади, уларга ҳеч бир кўринишда зулм қилмайди.

Кофирнинг қалби ғиллу ғашлик ва ҳиқду адоват билан қайнайди. Модомики, ўзининг бирон дунёвий ғарази бўлмас экан, бировга яхшилик ва манфаат истамайди. Қодир бўлса, ўйлаб ҳам ўтирмасдан халқларга зулм ўтказади. Ўзи эса бировларнинг озорларига сабр қила олмайди.

Мўмин тўғрисўз, гўзал муомала соҳибидир. Ҳалимлик, оғир-босиқлик, сакинат, раҳмдиллик, сабру тоқат, вафо, бағрикенглик, олижаноблик унинг сифатидир.

Кофирнинг сифати эса енгилтаклик, бераҳмлик, жазавакорлик, ваҳимачилик, ёлғончилик, бевафолик, ахлоқсизликдан иборат.

Мўмин фақат Аллоҳ таоло  учун ўзини хору зор тутади, Роббисидан ўзгага хорланишдан ўзини ва обрўсини сақлайди.

Иффат, куч-қувват, шижоат, саховат, мурувват  унинг сифатидир, у фақат ҳалол-пок нарсани ихтиёр қилади.

Кофир эса бунинг тамомила аксидир. Унинг қалби махлуқларга боғланган, уларнинг зарар етказишидан хавф қилади, улардан фойда умид қилади, керак бўлса, уларга тиз чўкади, обрўсини тўкади. Унда на иффат, на қувват, на шижоат бор, бўлса ҳам, ўзининг паст-тубан ғаразлари учун ишлатади. У мурувват ва одамгарчиликдан маҳрум, топганини қўйнига уради, покми, нопокми, фарқи йўқ.

Мўмин киши фойдали сабабларни қилишга уриниш билан Аллоҳ таолога таваккул қилиш ва Унга ишониш ҳамда барча ишларида Ундан мадад сўраш ўртасини боғлаган. Аллоҳ таоло унинг мададкоридир.

Кофир эса таваккул деган нарсани билмайди. Унинг назари фақат ўзининг тубан ва заиф нафсигагина қаратилган. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло уни ўзи йўл олган томонга йўллаб қўйгандир ва талаб-истакларида Аллоҳ таоло унинг мададкори эмасдир. Агар ўзи истаган ва яхши кўрган нарсалари унга берилган бўлса, бу у учун истидрождир (яъни азоб сари аста-секин етишига йўл қўйиб беришдир).

Мўминга агар неъмат келса, уни шукр билан қабул қилади, уни ўзи учун фойдали ва савобли ўринларга сарфлайди.

Иймонсиз кимса эса неъматни кибр ва туғён билан қабул қилади, неъмат билан машғул бўлиб, уни инъом этувчини танимайди, шукрини адо этмайди, уни тубан мақсад ва ғаразларига сарф қилади. Шундай бўлгач, неъматнинг заволи тез, ундан айрилиш фурсати яқиндир.

Мўминга мусибатлар етса, уларни сабру матонат билан кутиб олади, улар ортидан ажру савоблар кутади, уларнинг тезроқ бошидан аришини умид қилади. Натижада, бунинг эвазига қўлга киритган хайру савоблари йўқотган  маҳбубидан ё ўзига етган ёмонликдан кўра каттароқ ва яхшироқ бўлади.

Иймонсиз кимса эса мусибатни дод-фарёд ва жазава билан қарши олади, натижада унинг мусибати яна ҳам кучайиб, ташқи алам-аччиққа қалбидаги оғриқ ҳам қўшилади. У сабрдан маҳрумдир, ажру савобдан умидвор ҳам эмасдир.

Мўмин киши барча пайғамбарларга иймон келтириш, уларни улуғлаш, уларнинг севгисини бошқа жамики халқлар севгисидан устун қўйишни диндан деб билади. Халқларга то қиёматгача етадиган барча яхшилик ва хайротлар уларнинг қўллари билан ва ҳидоятлари сабабли эканини эътироф этади. Халқлар бошига келадиган барча ёмонлик ва зарарлар сабаби пайғамбарларга мухолиф бўлиш, деб ишонади. Улар халқларга яхшиликлари энг кўп сингган зотлардир, хусусан, уларнинг имомлари ва сўнгилари бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни Аллоҳ таоло бутун оламга раҳмат қилди, бутун борлиқнинг салоҳияти, ислоҳи ва ҳидояти учун юборди, деб эътиқод қилади.

Иймонсиз кимсалар эса, бунинг акси ўлароқ, пайғамбарларнинг душманларини улуғлашади. Уларнинг сўзларини эҳтиром қилишади, ўз аждодларига ўхшаб, пайғамбарлар олиб келган динларни масхара қилишади. Бу эса  уларнинг ақллари пастлиги ва ахлоқлари тубандан ҳам тубан эканига далолатдир.

Мўмин киши саҳобаларга, мусулмонларнинг йўлбошчилари ва ҳидоят имомларига муҳаббат қўйишни Аллоҳ таолонинг динидан деб билади.

Динсиз кимса эса бунинг аксидир.

Мўмин киши Аллоҳ таолога ихлоси кучли бўлганидан кўплаб яхшиликлар қилади.

Иймонсиз кимса эса, бор иш-амалини тубан ғаразларига эришиш учунгина амалга оширади.

Мўмин қалби фойдали илм, саҳиҳ иймон, Аллоҳ таолога иқбол қилиш, Уни зикр этиш, халқларга яхшиликлар қилиш билан ёришган, юраги тубан ва жирканч сифатлардан саломат кишидир.

Кофир ва диндан ғофил кимса эса, кўнгил ёришиши сабабларидан маҳрум бўлгани боис, бунинг тамомила аксидир.