1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Меҳмондорчилик

12:00 / 23.05.2021 4488 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Шурайҳ ал-Каъбий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, меҳмонини икром қилсин. Унинг мукофоти бир кечаю бир кундуз. Меҳмонлик уч кун. Ундан кейингиси садақадир. Унга токи уни (мезбонни) тангликка солгунча турмоғи ҳалол бўлмас», дедилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда меҳмонни иззат-икром қилиш зарур эканлигини таъкидлаш билан бирга, меҳмонга кўрсатиладиган меҳмондўстлик қандай бўлиши ҳақида ҳам маълумотлар берилмоқда. Аввало, гап меҳмоннинг икроми лозимлиги ҳақидаги таъкид билан бошланмоқда.

 «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, меҳмонини икром қилсин».

Яъни кимнинг Аллоҳ таолога иймон келтирганлиги ҳақида, охират кунига иймон келтирганлиги ҳақида даъвоси бўлса, буни ўз меҳмонини икром қилиш билан тасдиқласин.

«Унинг мукофоти бир кечаю бир кундуз».

Яъни меҳмонни алоҳида икром билан ортиқча иззатлаш, одатдагидан ташқари таомлар билан зиёфат қилиш бир кечаю бир кундуз давомидадир. Ўша нарса меҳмоннинг ҳаққи ҳисобланади.

«Меҳмонлик уч кун».

Бу уч куннинг ичида юқорида зикри келган бир кунлик мукофот куни ҳам бор. Меҳмон бир кун одатдагидан ташқари таомлар билан изззат-икроми жойига қўйилганидан кейин зиёфат деб номланган, мукофотдан бир даража паст бўладиган икки кун қолади. У икки кунда мезбон меҳмонга ўзи одатда тановул қиладиган таомидан бериши меҳмоннинг ҳаққи ҳисобланади. Агар мезбон ортиқча таом берса, ўзининг ҳимматига боғлиқ. Лекин меҳмонга ўзи одатдаги тановул қиладиган таомидан оз беришга унинг ҳаққи йўқ.

«Ундан кейингиси садақадир».

Яъни уч кунлик зиёфатдан кейин мезбон томонидан меҳмонга бериладиган нарса садақадир. Садақа бериш садақа берувчининг ихтиёрида бўлганидек, мезбон меҳмонга уч кундан кейин хоҳлаганича беради. Бермаса ҳам, ҳеч ким уни маломат қила олмайди.

Бу қоида тариқасида айтилган гап. Аммо воқеликда мусулмонлар ўз меҳмонларини олий даражада, кун санамай, таом миқдорини ўлчамай, ўта сахийлик билан зиёфат қиладилар.

«Унга токи уни (мезбонни) тангликка солгунча турмоғи ҳалол бўлмас».

Яъни меҳмон учун токи мезбонни тангликка солгунча унинг уйида меҳмон бўлиб туриши ҳалол бўлмайди. Меҳмон ҳам ўз иззати чегарасини билиши керак. У меҳмонликда узоқ қолиб кетиб, мезбонга танглик туғдириб қўймаслиги лозим.

Бизлар хоҳ меҳмон бўлайлик, хоҳ мезбон бўлайлик, динимиз кўрсатмаларига тўлиқ амал қилиб, бу борада исломий одоб доирасида бўлмоғимиз даркор.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

(Ҳадис ва ҳаёт китобидан)


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
bull Вафот этган инсонни барча сизлаб, ҳурмат билан тилга олади. .Ундай қилардилар, бундай кулардилар, дейилади. Аммо ўша инсон тириклигида ҳурмат қилинмайди.bull давоми...

1996 11:30 / 29.10.2021
Ислом ndash инсонни икки дунё саодатига эриштирувчи диндир. Икки дунё саодатига эришиш учун эса бу дунёда Аллоҳни таниб, У Зотга ибодат қилиб яшаш лозим. давоми...

6594 09:57 / 22.07.2017
Инсон истеъмол қиладиган маҳсулотларнинг асосий қисми ndash 65 фоизини мева ва сабзавот, шунингдек, ҳар хил дондундан тайёрланган нон ва бўтқалардан иборат бўлиши, 13 давоми...

3308 11:51 / 18 февраль
1965 йили вa ундaн олдинги йиллaри кaпитaлистик Aмерикa вa коммунистик Русия одaмлaри фaзогa сaфaрлaр қилганларида ҳaмдa Ер aтрофини aйлaнгaнлaридa, яхши умидлaримни эсдалик давоми...

1046 13:33 / 05.04.2023