28 19.04.2017

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен икки Забиҳуллоҳ (яъни, Аллоҳ учун қурбонликка аталган икки киши)нинг ўғлиман”, деган ҳадиси шарифларини биринчи бор эшитган одам таажжубланиб, ўзига: “Ким экан у икки Забиҳуллоҳ, у зот нега бундай деган эканлар” деган саволни бериши табиий.

Унга жавоб қуйидагича бўлади: Икки Забиҳуллоҳдан мурод Исмоил алайҳиссалом билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оталари Абдуллоҳдир. Чунки Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак насаблари Исмоил ибн Иброҳим алайҳиссаломларга бориб тақалади. Лекин Исмоил алайҳиссалом Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оталари эмас, балки (тахминан) олтмиш биринчи боболаридир.

Бу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Исмоил алайҳиссаломни ўзларига жуда яқин олганларидан иккисининг ҳам ўғлиман, деган маънодаги иборани қўллаганлар.

Иккинчидан, уларни Забиҳуллоҳ деб аталишининг сабаби ҳам ҳаммани қизиқтириши аниқ. Бунинг сабаби: Аллоҳ таоло Ҳазрат Иброҳим алайҳиссаломни синаш учун туш орқали ўғли Исмоил алайҳиссаломни қурбонлик қилишга буюрган. У зот буйруқни ўғлига айтганида, Исмоил алайҳиссалом: “Эй отажон, буйруқни бажараверинг, иншааллоҳ, мен сабр қиламан”, дейди. Қурбонлик қилишга тайёргарлик кўриб, пичоғини ўткирлаб, ўғли Исмоил алайҳиссаломнинг бўйнига тортсалар, пичоқ умуман кесмай қолади. Чунки Аллоҳ таолонинг ҳикмати Исмоил алайҳиссаломни қурбон қилиш эмас, балки халили Иброҳим алайҳиссаломни имтиҳон қилиш эди. Шунинг учун пичоққа “кесма” деб буюрган эди. Иброҳим алайҳиссалом имтиҳондан муваффақиятли ўтдилар. У зотга Аллоҳ таолонинг ўзи фаришта Жаброил алайҳиссалом орқали жаннатдан бир қўчқор тушириб, Исмоил алайҳиссаломнинг ўрнига уни қурбонлик қилишга буюрган. Мана шундан жонлиқ (қўй, қорамол ва туя кабилар)ни қурбонлик қилиш жорий бўлган. Шу сабаб, қурбонлик қилиш Иброҳим халилуллоҳнинг суннати дейилади.

Забиҳуллоҳларнинг икинчиси Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оталари Абдуллоҳдир. Бунинг тафсилоти қуйидагича: Пайғамбаримизнинг боболари Абдулмутталибга тушларида Замзам қудуғининг кўмилган жойи аниқ билдирилганидан сўнг, у ўша жойни топиб ёлғиз ўғли Ҳорис билан бирга кавлаб очади. Абдулмутталиб Замзам қудуғини топиб кавлагани ва яна Замзам суви чиққанидан хабар топган Қурайш зодагонлари унинг олдига келиб: “Замзамга эгалик қилишга бизни ҳам шерик қиласан”, деб можаро қилишади. Абдулмутталиб эса: “Йўқ, унга эгалик қилиш менинг ўзимга тегишли, холос. Орага кимни ҳакам қилиб қўйсангиз қўяверинг, мен розиман ва бемалол ўзимни ҳақ эканимни исботлаб бераман”, дейди. Талашувчилар Замзамга эгалик қилиш Абдулмутталибга хос иш эканига далолат қиладиган баъзи аломатларни кўришгач, бу мақсадларидан қайтишади.

Бу тортишув пайтида қийналган ва ҳимоячилари йўқлигидан ўксиган Абдулмутталиб, “Агар менга ҳам Аллоҳ ўн нафар фарзанд бериб, улар мени мана шу (мухолиф)лардан ҳимоя қила оладиган ҳолга етсалар, улардан бирини Аллоҳ йўлида Каъбанинг ёнида қурбонлик қиламан”, деб назр қилади. Аллоҳ бериб, ўнта фарзандли ҳам бўлади. Улар катта бўлиб оталарини ҳимоя қила оладиган бўлганларида, уларга назрини айтади. Фарзандлар рози бўлишади. Уларни Каъбанинг ичига олиб кириб, ҳар бири ўз исмини ёзиб, бир идишга солиб, идишни қуръа ташлайдиган кишига беришади. Қуръа Абдуллоҳга чиқади. У Абдулмутталибнинг Фотима исмли хотинидан учинчи фарзанди эди. Абдулмутталиб ханжарини қайраб, қурбонликка тайёргарликни бошлаб юборади. Хабар бутун атрофга тарқалади: “Эшитдиларингми, Абдулмутталиб ўғли Абдуллоҳни қурбонлик қилармиш”... Қурайш қабиласи ўзини қўярга жой тополмай қолади. Абдулмутталибга нима бўлди, агар у фарзандини қурбонлик қилса, одам сўйиб қурбонлик қилишга ҳамма одатланиб қолмайдими?... Унга ҳаммалари қарши чиқиб, бир овоздан: “Уни сўймайсан”, деб қаттиқ туриб оладилар. Абдулмутталиб эса: “Назрим борку, уни нима қиламан”, дейди. Улар: “Назрингни бажармасликка узр ахтар”, дейишади. Кейин Абдулмутталиб бир “аррофа” аёлдан маслаҳат сўрайди (“аррофа” (عرافه) – сўровчининг гап-сўзлари, хатти-ҳаракати ёки ҳол-аҳволини ўрганиш орқали хулоса чиқариб, турли сабаб ва ишоралар билан баъзи ишларни билишни даъво қиладиган одам. Аррофлар одатда ўғирланган ёки йўқолган нарсаларнинг қаердалигини айтиб бериш даъвосини қилишади). Аррофа унга бир томонга Абдуллоҳни иккинчи томонга ўнта туяни қўйиб қуръа ташлашни, агар қуръа туяларга чиқса, уларни қурбонлик қилишни, борди-ю Абдуллоҳга чиқса, яна ўнта туя қўшишни маслаҳат беради. (Ўша вақтда бир одамнинг хуни (жон ҳаққи) ўнта туя эди). Абдулмутталиб аррофанинг айтганини қилиб, қуръа ташлатади. Қуръа яна Абдуллоҳга чиқади. Ўнта туя қўшиб, қайта ташлатади. Қуръа яна Абдуллоҳга чиқади. Яна ўнта туя зиёда қилади. Иш шу йўсинда давом этиб, охири туялар сони юзга етганда, қуръа туяларга чиқади. Абдулмутталиб ишонмай яна уч бор такрорлатади. Уч сафар ҳам туяларга чиққач, кўнгли таскин топади, (ана энди Аллоҳ юз туяга рози бўлди, деган фикрга келади) ва юзта туянинг барчасини қурбонлик қилиб, халққа тарқатиб юборади. Шундан сўнг бир одамнинг хуни юзта туяга чиқади. Кейин уни Ислом ҳам тасдиқлайди. Шунча ишларни бошидан ўтказган Абдуллоҳга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ота бўлиш насиб этади. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оталарини ҳам “Забиҳуллоҳ” деб атаганлар.


Тошкент ислом институти талабаси

Баҳодир Бахромжон ўғли тайёрлади