1445 йил 17 шаввол | 2024 йил 26 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мавлид

Мавлид ҳақида ўйлар (тўртинчи мақола)

09:15 / 01.10.2021 3401 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мавлид ҳақида эътибор бериш керак бўлган нуқталар

Мавлид ҳақидаги тушунчамиз тугал бўлиши учун бу борадаги айрим хатоларни алоҳида таъкидлаб ўтиш муносибдир.

1.    Мавлид ақидага боғлиқ амал эмас. Яъни мавлид қилишни жоиз ёки ножоиз дейиш кишининг ақийдасини белгиламайди. Мавлидни жоиз ёки ножоиз дейиш кишини Ислом миллатидан ёки аҳли суннанинг сафидан чиқармайди. Мавлидни жоиз ёки ножоиз деб билган кишини турли лақаблар билан аташ, ҳақорат қилиш, камситишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ, бу мутлақо дуруст эмас. Шаръий мезон шуни тақозо қилади. Чунки айрим олимларнинг ижтиҳодлари бу ишни жоиз дейишга ундаган бўлса, айримларнинг ижтиҳоди уни ножоиз дейишга олиб келган бўлиши мумкин. Ҳар икки тарафда ҳам аҳли суннанинг йирик уламолари бор. Муҳими, бу масалада ихтилоф қилмаслик, балки мақсадларни бирлаштириш лозим. 

2.    Мавлид фиқҳий мазҳабларга ҳам боғлиқ эмас. Яъни тўртала фиқҳий мазҳаб уламолари ичида мавлидни ёқлаганлар ҳам, ёқламайдиганлар ҳам бор. Аммо ёқлайдиганлар доимо кўпчиликни, асосий қисмни ташкил қилиб келган. 

3.    Мавлид маросими маълум бир асарга боғлиқ эмас. Ҳа, мавлид йиғини маълум бир китобга қайдланган мажлис эмас. Уламоларимиз мавлид маросимларида маълум бир мавлид асарига чекланмасликни маслаҳат берадилар. Чунки одамлар мавлид деса фақат ўша фалончининг асари ўқилиши керак, деган тушунчага бориб қолишлари ёки ўша асарни муқаддаслаштириб юборишлари, Қуръонга ўхшатиб қўйишлари мумкин. Буларнинг барчаси шариат ҳазир бўлишни талаб қиган ишлардир.

4. Мавлид фақатгина жамоавий равишда, масжид мадраса ёки бошқа жамоатчилик жойларида ўтказиладиган иш эмас. Мавлидни ҳар бир хонадон аҳли уй ичида, оила доирасида ҳам ўтказишини йўлга қўйиш керак. Бу албатта келажак авлоднинг таълим тарбиясида муҳим аҳамият касб этади. Бу ойнинг кириб келганини фарзанд набираларимизга билдиришмиз, севикли Ҳабибимиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам шу ойнинг душанбасида таваллуд топганларини ва ушбу таваллуднинг аҳамиятини уқтиришимиз, бу ойда сийратни ўрганишга алоҳида эътибор беришмиз жуда ҳам зарур. Шу баҳона уларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўпроқ таништириб оламиз. Чунки бугунги кунда аксар мусулмон фарзандлари мусулмон бўлмаган халқларнинг матбуот маҳсулотларини истемол қилишмоқда. Турли мультфилим ва бошқа томошалар орқали бўлмағур, афсонавий қаҳрамонларни таниб, ўшалардек бўлишга интилмоқда. Аслида эса ҳар қандай инсон учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўра афзал намуна йўқлиги аниқ, бўлиши мумкин ҳам эмас. Аллоҳ  таолонинг Ўзи инсониятга намуна қилиб шу зотни танлаган. Бизнинг қанайдир сохта қаҳрамонларга ҳожатимиз йўқ. Бизнинг Набийимиз бор, Саййидимиз – Муҳаммадимиз бор, Ҳидоятчимиз ва Шафоатчимиз бор. Бизнинг Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ воқеъий қаҳрамонларимиз етарли ва беҳад кўпдир.

Мавлид маросимларидаги хатолар

Юқоридаги сатрларда мавлид маросимларида мавжуд бўлган бир қатор хато камчиликларга ишора қилиб ўтилди. Шу билан бирга, уларга қўшимча равишда яна айрим хатоларни алоҳида эсга олиб ўтиш даркор. Биз ҳозир ана шундай хатолардан ўз минтақамизга тегишли бўлганлари ҳақида тўхталиб ўтамиз.

1.    Мавзуъ – тўқима маълумотларни айтиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким менга қасддан ёлғон тўқиса, дўзахдан ўрнини олаверсин!» деганлар.

Мавлид маросимларидаги суҳбатларда тўқима, уйдирма гапларни айтиш ҳали ҳам учраб туради. Мисол учун, мавлиднинг фазилати ҳақида имом Шофеъий, Ҳасан Басрий ва яна бошқа мутақаддим уламоларга нисбат берилган гаплар. Баъзилар шу маънода ҳадислар ҳам айтиб юборишади. Буларнинг ҳаммаси ёлғон. Чунки у азизларимизнинг даврларида мавлид маросими қилиш деган гап ҳеч қаерда бўлмаган, бировнинг хаёлига ҳам келмаган. Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламиннг сийратларига тегишли асоссиз, тўқима ривоятлар ҳам бор. Айниқса, аёллар ўртасида бу ҳолат янада кўпроқ урчиган. Мисол учун, «Туркий мавлид» номи билан танилган мавлид асаридаги кўп ҳикоялар мавзу гаплардир. Муаллиф, Аллоҳ мағфиратига олсин, эҳтимол бу гапларни қайсидир манбадан олиб, уни рост деб ўйлагандир, ёки бошқа бир сабаблар бордир. Аммо омонат юзасидан, илмий масъулият юзасидан айтиш керакки, асардаги кириш ва дуоларидан фойда олиш мумкин бўлса да, ундаги аксар маълумотлар, жумладан, «Лочин ва чумчуқ воқеаси» каби ҳикоялар умуман асоссиз гаплардир. Бу  гап муаллиф раҳматуллоҳи алайҳ ва яна бошқа айрим катталаримизга нисбатан беодоблик эмас, балки бу баён қилиниши, очиқ айтилиш лозим бўлган илмий омонатдир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга туҳмат қилишдан оғир ва хатарли гуноҳ йўқ. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламни қандай бўлган бўлсалар, шундай танишимиз даркор. Қандайдир афсонавий шахсга айлантириб юбориш мутлақо ножоиз, диннинг офатидир. Тўғри, улуғларимиз бош устига, аммо динимиз ундан да қадрли. Уламоларимиз биз учун азиз, аммо Расулимиз ҳаммадан ҳам азиз. 

Имом Бухорий, Муслим, Термизий раҳматуллоҳи алайҳим каби улуғ муҳаддисларимиз ҳадисларни саралаш учун ровийларнинг айбу камчиликларини ҳам баён қилиб, китобларга туширганлар ва ўша ровийларнинг ҳадисларини қабул қилмаганлар. Бир куни буюк муҳаддислардан бири Яҳё ибн Саъидга Абу Бакр ибн Халлод: «Сен ҳадисларини олмаётган мана бу кишилар қиёмат куни Аллоҳнинг ҳузурида сенга даъвогар бўлиб қолишларидан қўрқмайсанми?» деди. Шунда у: «Уларнинг менга даъвогар бўлишлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Нега менинг ҳадисимдан ёлғонни аритмадинг?» дея даъво қилишларидан кўра мен учун яхшидир», деди. Абу Туроб Нахшабий Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳга: «Олимларни ғийбат қилма!» деди. Шунда у киши: «Шўринг қургур! Бу холисликдир, ғийбат эмас», деди. Бир сўфи Ибн Муборакка: «Ғийбат қиласанми а?» деган эди, у: «Жим бўл! Агар мен баён қилиб бермасам, ҳақни ботилдан қандай ажаратасан?» деди.

Ислом уламоларининг тутган йўллари мана шудир. Улуғларимизнинг тариқатлари шу, динмизнинг талаби шу. Зотан, диннинг софлиги, яроқлилигини сақлаш учун шундай йўл тутиш лозиму лобуддир, бошқа илож йўқ. Ана шу эътибордан хусусан мавлид маросимларида етказиладиган маълумотларнинг саҳиҳ, асосли бўлишига алоҳида эътибор бериш керак. Манбаси номаълум, далили аниқ бўлмаган гаплардан узоқ бўлиш лозим.

2.    Мавлидга шариат жорий қилган амал тусини бериш. Мавлидни диний амр ёки шариат жорий қилган амал деб тушуниб қолинишига йўл қўйиш бугунги кундаги энг нозик хатолардан бири ҳисобланади. Айрим саҳобаи киромлар рўза тутиш фазилатли саналган кунларда баъзан атайлаб рўза тутишмас эди. Гоҳида мустаҳаб амалларни қасддан тарк қилишар эди. Бунинг сабаби сўралганда «Одамларга бунинг мустаҳаб амал эканини уқтириш учун шундай қилдим, токи буни вожиб деб ўйлаб қолишмасин», деб жавоб беришар эди. Шариатда асли кўрсатилган амалларда гап шу бўлгач, мавлид каби кейин жорий бўлган одатларда бунга янада хушёр бўлиш лозим. Бу хатонинг хатари даставвал билинмаслиги мумкин, аммо вақт ўтиши билан унинг зарари тепчиб чиқа бошлайди. Бунинг олдини олиш учун мавлиддан кўзланган мақсадларни рўёбга чиқариш, мавлид одобларига амал қилиш лозим. 

3.    Араб тилидаги мавлид асарларини Қуръонга ўхшатилиши, тенгаштиришига сабаб бўлиш. Бу ҳам кўпчилик пайқамай, эътибор бермайдиган хатолик. Шу боис, мавлидни Қуръонга хос бўлган тажвид қоидаларига солмасдан ўқиш керак. Ҳарфларни махражидан чиқариш, арабий талаффуз этиш, арабча оҳангда ўқиш матлуб, маъноларни яхши сингишига хизмат қилади. Аммо мад, ғунна каби Қуръони Каримга хос бўлган қоидаларга қатъий риоя қилишга ўтмаслик лозим. Акс ҳолда илмсиз, жоҳил кишилар мавлидни ҳам ана шундай Қуръонга ўхшатиб ўқиш керак экан, деган тушунчага бориб қолиши ҳеч гап эмас. Бу эса дин қатъий огоҳлантирган хатолардан биридир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари бунга алоҳида эътибор берганлар. Даставвал ҳадисларни ёзишдан қайтарганлари ҳам шу мақсадга қаратилган эди.

4.    Мавлиддан кўзланган мақсадларни тамоман унутилиб қолиши. Бугунги кунимиздаги мавлид маросимларимиз қониқарли, мақтарли даражада эмас. Мавлиддан кўзланган мақсадлар тамом униталёзган, десак, муболаға бўлмайди. Мисол учун, умуман араб тилидан бехабар одмаларга фақат арабча мавлид ўқиб бериб, унинг мазмун моҳияти ҳақида лом мим демай кетавериш мавлид мақсадларига тамоман зиддир. 

5.    Мавлид маросимларининг зиёфатхўрликка айланиб қолиши. Ҳа, бу ҳам ҳозирда кенг ёйилган иллатлардан биридир. Мавлид қилаётган ҳам, унга кетётган ҳам асосий эътиборини об таомга, егуликларга, қандай насиба ўлашилишига, мажлис пировардига қаратади, мавлиддан кўзланган мақсадлар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатни ўстиришни, у зот алайҳиссаломнинг сийратларини ўрганишни ҳеч ким ҳаёлига ҳам келтирмайди, бу ҳақида ҳеч ким қайғурмайди ҳам. 

6.    Мавлиднинг айримлар назидида даромад ёки шуҳрат топиш манбаига айланиб қолиши. Афсуски, бу ҳолат ҳам кам бўлса да, баъзи жойларда учраб туради. Ўзларининг мавлидхонлигини намойиш этадиган айрим кишилар мавлид маросимини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини ўрганиш, у зотга бўлган муҳаббатни қайраш, улашиш ўрни деб эмас, шунчаки одат, «томорқа» деб тушуниб олишган. Улар қайсидир мавлид асаридан бир икки бандни чала пича ёдлаб олиб, шу билан мавлид маросими битади деб ўйлашади. Улар гоҳо «Левага кетяпмиз», «Сезон келиб қолди» деганга ўхшаш беўхшов гаплар билан мақсадларини изҳор ҳам қилиб қўйишади. Гарчи бу гаплар ҳазилга йўйилса да, унинг тагида «зил»и ҳам бор.

Мавлидни йўлга қўйган уламолар уни бунинг учун жорий қилишмаган. Аксинча, улар мавлид маросимларида энг кўп хайру эҳсон қиладиган кишилар бўлишган. Мақсадлари халққа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни танитиш, у зотни севишни ўргатиш бўлган. Тўғри, бадавлат инсонлар мавлид маросимларида халққа хизмат қилиб, илм маърифат улашган кишиларга кўнгилдан чиқариб ҳадя улашса, совғалар берса, бу уларнинг иши, ҳиммати, иншоаллоҳ, ниятга яраша савоб олади. Аммо бу нарса мавлидхонларнинг мақсади бўлмаслиги керак. Улар мавлид маросими ҳақида ана шундай нотўғри тушунча келиб чиқишига йўл қўймасликлари лозим.

Аслида эса, мавлид маросимини ўтказиш катта масъулиятдир. Мавлид маросимидан кўзланган мақсадларга эришиш шу йиғинга келган кишиларнинг ҳаққидир. Ушбу ҳақдорларга ҳақларини бериш мавлидхонларнинг бурчидир. Бунинг учун мавлидхонларимиз ўзлари сийратни яхши билган бўлишлари керак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларини чуқур ўрганган бўлишлари керак, у зотга муҳаббатли, итоатли бўлишлари керак. Бу бурчларни адо этишга тоқати келмайдиган, имконияти йўқ кишилар одамларнинг вақтини, зеҳн хотирасини исроф қилиб, мавлид маросимиларига бош бўлмасликлари даркор. 

Мавлид одоблари

Мавлид маросимлари ўтказишни мустаҳаб деб айтган уламоларимиз қадимдан бу ишнинг жоиз бўлиши, савобли бўлиши учун бир қатор шартларга, одобларга амал қилиш лозимлигини таъкдилаганлар. Айниқса, мавлид маросимлари ўтказиш кенг урф бўлиб, уларда турли тасарруфлар юзага келгач, айрим уламолар ушбу йиғинларни ўтказишга доир одоб-ахлоқларни баён қилишга жиддий ҳаракат қилишган ва бу ҳақда алоҳида рисолалар ҳам ёзишган. Биз ҳозир улардан ўз минтақамизга тегишли масалаларни эслаб ўтмоқчимиз. 

1.    Мавлид қилишда ниятни тўғри қилиш керак. Шуҳратпарастлик, кўнгилхушилик ёки яна қандайдир манфаатлар бўлмаслиги лозим. 

Мавлидни уюштирувчи ҳам, ўтказувчи ҳам, унда қатнашувчи ҳам ниятни тўғри қилиши керак, мавлид мақсадларини қасд қилиши керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини ўрганиш, у зотнинг илоҳий туҳфа ўлароқ инсониятга берилган буюк неъмат эканларининг шукронасини ва шодлигини изҳор этиш лозим. Бу маънода айниқса мавлидчилар пешқадам бўлишлари, бош бўлишлари керак. Зеро, мажлисда улардаги руҳият ҳукм суради. Уларнинг ниятлари соф бўлса, мақсадлари юксак бўлса, қалблари турли ғилли ғашлардан пок бўлса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббат билан тўлиб тошиб турса, ана шунда мавлид маросимлари ниҳоятда гўзал ўтади, мақсадлар ҳосил бўлади.

2.    Мавлиддан кўзланган мақсадни рўёбга чиқариш. Уларнинг асосийларини юқорида санаб ўтилди. Ҳар бир мажлиснинг шароити ўзига хос бўлади. Мавлидни ўтказувчилар ҳар бир мажлисда у ердаги вазиятдан, имкониятдан келиб чиқиб, мавлиддан кўзланган мақсадларни рўёбга чиқаришлари лозим. Мисол учун, мавлид асарларидаги маъноларни йиғин қатнашчиларига етказиш каби.

3.    Мажлисни Қуръон тиловати билан очиш ва мажлис асносида кўпроқ салавот айтишга интилиш. 

4.    Турли лағв ва бўлмағур одат, гап-сўзлардан сақланиш лозим. Имкон қадар мусиқа араштирмаслик, хусусан эркаклар йиғинларида.

5.    Ўқиладиган мавлид китоби ёки шеърлар масжлис қатнашчилари тушунмайдиган тилда бўлса, мавлидхонлар уларнинг таржимасини қилиб бериши керак. Чунки мавлид марсимларидан кўзланган мақсад ўзи шу. Зотан, Қуръондан бошқа ўқилишининг ўзига савоб бериладиган калом йўқ. Шу боис, мавлидни керакли савияда ўтказиш лозим. 

Аввалги даврларда ҳамма масжид мадрасларга қатнаб, Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларни, араб тилини ва бошқа диний илмларни ўрганар эди. Шу боис, халқнинг катта қисми араб тилини жуда чуқур билмаса ҳам, озими  кўп бохабар бўлган. Қолаверса, мавлид маросимларида асосан билимли, саводли кишилар иштирок этганлар. Шунинг учун у пайтларда арабий мавлидни ўқишга одатланилган ва бу ўша даврда ўзини оқлаган. Аммо бугун шароит тамоман бошқача. Мавлид эшитаётганлар у ёқда турсин, уни ўтказаётганлар ҳам, ҳатто ўқиб бераётганлар ҳам араб тилини билишмайди. Улар учун арабча мавлид ўқишда ёқимли овозлардан, гўзал оҳанглардан баҳра олишдан бошқа фойда йўқ. Шу боис, бугун мавлид маросимларида арабча айтилган мавлид ва нашидаларнинг мазмунини таржима қилиб бериш, шу билан бирга, ўзбекча наътлардан эшиттиришни кенгроқ жорий қилиш лозим. Агар қалбларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббати жўш урган шоир, адибларимиз ушбу мавзуда янги асарлар битсалар, яна ҳам гўзал иш бўлади.

6.    Мавлидни Қуръон тиловати билан бир хил ижро этмаслик керак, фарқли бўлиши лозим. Акс ҳолда вақт ўтиши билан саводсиз одамлар уни Қуръон билан бир хил нарса деб тушуниб қолишлари мумкин. Бу эса хатарли ҳолатдир. Бунга йўл қўйиш мумкин эмас.

7.    Мавлид асарларининг айримларини: назм, шажъ – қофиядош сўзлар билан якунланган насрий жанрдагиларини гўзал оҳангда ижро этиш ҳам мавлиддаги маъноларнинг қалбларга кириб боришига, зеҳнга яхши сингишига, мавлид йиғинига ўзга руҳ бахш этишга хизмат қилади. Мисол учун, шунчаки бир гапни оддий сўзлашув услубида етказилгандан кўра оҳанг билан ижро қилинса, таъсирлироқ бўлиши ҳеч кимга сир эмас. Бу инсоний табиат, Аллоҳ яратган хилқатдир. Қуръони Каримни оҳанг билан ўқишга тарғиб қилинишининг замирида шу ҳикмат ҳам бор.

8.    Мавлид маросимини ранг баранг суратда ўтказиш. Уни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларига бағишланган, у зотга бўлган шавқу завқнинг намунаси бўлган, иймону муҳаббатни чархлайдиган турли шеърлар, мақолалар, ваъзлар билан ўтказилса, мақсадга мувофиқ бўлади. Хусусан, кишилар зерикмасликлари учун маросимни ҳар гал турлича ўтказиш керак. Шеър, мақола ҳамда ваъзлар мажлис қатнашчиларининг тилида янграса, янада манфаатли бўлади.

9.    Мавлид йиғинида тиловат ҳам, суҳбат ҳам, қасида ва шеърлар ҳам сийратга оид бўлиши, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат изҳори бўлиши мақсадга мувофиқ. 

10.    Ортиқча такаллуфлардан, сарфу харажатлардан сақланиш керак. Мавлид шарофатига ёзилган дастурхонлар ҳам бетакаллуф, ими жимида бўлиши, дабдабали бўлмаслиги лозим. Чунки ортиқча сарф харажат исроф ҳисобланади, мавлидни илмий мажлисликдан овқатхўрлик зиёфатига айлантириб юборади ва ўрта ҳол кишиларнинг мавлид маросимлари ўтказишларига халал беради. 

Хулоса қилиб айтганда, мавлид йиғинларида қуйидагиларга алоҳида эътибор бериш лозим:

1.    Мавлид маросимини ўтказишдан кўзланган мақсадларни унутмаслик.

2.    Малид ойини сийратни ўрганиш ойи, суннатни тиклаш ойи қилиб олиш.

3.    Мавлид маросимларини ўзгача бир кўтаринки руҳда, шодиёналикда ўтказишга алоҳида эътибор қаратиш.

4.    Мавлид хурсандчилиги учун ҳадялар улашиш, бева-бечоаларнинг ҳолидан хабар олиш;

5.    Мавлид маросимларида болаларга алоҳида эътибор бериш, уларнинг қалбларига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан муҳаббат ўйғотишга хизмат қиладиган ишларни амалга ошириш. Масалан, уларга алоҳида совғалар ташкиллаштириш, сийратни ўргатадиган, суннатни таълим берадиган мултфилм, китоб ва бошқа воситаларни намойиш этиш, тарқатиш.

Аллоҳ талодан камчилик хатоларимизни афв этиб, ҳолимизни ислоҳ этишини, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга чин уммат бўлишимизни насиб қилишини сўраймиз. 

(Давоми бор)


Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид


Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Биз нима қилишимиз керакМавлид ҳақидаги хилофлар оз бўлса да, айрим кишилар ўртасида ҳануз бор. Мавлид ҳақиқатан ҳам бидъатмикин ёки жоиз, савобли амалмикин, давоми...

1229 16:50 / 11.10.2021
Бисмиллаҳир Роҳманир РоҳимЎзининг сўнги Расулини оламларга раҳмат қилиб юборган Аллоҳ талога ҳамду санолар бўлсинИнсониятнинг саййиди, фахри коинот, Расулимиз давоми...

32123 05:00 / 14.03.2017
Само чокчокидан сўкилди гўё,Ёшу қари бирдек бўлмишди карахт. Мадина зор йиғлаб тўлғонар гирён,Жанобим Ёрига айламиш риҳлат. Чиройда мислсиз гўзал гул юзим,Бани давоми...

859 09:03 / 12.10.2023
2687. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гапни сизларга ўхшаб шошилиб гапирмас эдилар,. Икки шайх ва Термизий ривоят давоми...

3234 19:16 / 01.12.2017
Аудиолар

120439 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42066 14:35 / 11.08.2021