1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Намоз

Масжидлар ва уларга бориш фазли

05:00 / 04.01.2017 5104 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ жалла шаънуҳу: «Албатта, Аллоҳнинг масжидларини Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирганларгина, намоз ўқиб, закот берганларгина ва фақат Аллоҳдан қўрққанларгина обод қилурлар. Шояд, ана ўшалар, ҳидоят топганлардан бўлсалар», деган.


Шарҳ: Ушбу оят масжидлар ва уларни обод қилиш ўта фазилатли иш экани, бу ишни ҳақиқий мўмин-мусулмон кишигина қилишини ифода қилмоқда.

Масжидларнинг ободлиги ҳақида сўз кетганда аввал маънавий ободлик, кейин эса, моддий ободлик кўзда тутилади.

Маънавий ободлик-масжидларда намоз ўқиш, илм ўрганиш, тиловат ва зикр қилиш каби ишлардан иборатдир.

Моддий ободлик эса, масжидларни қуриш, ислоҳ қилиш, керакли жиҳозлар билан жиҳозлаш ва покиза тутиш каби ишларни ўз ичига олади.

Ушбу ишларнинг мажмуасини эса, Аллоҳга ва охират кунига ҳақиқий иймони бор, Аллоҳнинг амрига таслим бўлиб, намозини вақтида ўқиб, закотини жойида бериб юрган ҳамда тақводор бўлиб, фақат Аллоҳ таолонинг Ўзидангина қўрқиб, бошқадан қўрқмайдиган кишиларгина қилади.

Демак, масжидни обод қилиш иши шарафли иш, бу ишга ҳамма ҳам муяссар бўлавермайди.


Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким Аллоҳнинг розилигини тилаб бир масжид қурса, Аллоҳ жаннатда унга ўшанинг мислини қуриб беради»-деганларини эшитганман». Бошқа бир ривоятда:

«Жаннатда бир уй», дейилган. Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.

Шарҳ: Ушбу ҳадисда бу дунёда масжид бино қилиш учун уринган ҳар бир кишининг қилган иши охиратда Аллоҳ томонидан муносиб тақдирланиши таъкидланмоқда.

Шунинг учун, жаннатда алоҳида, муҳташам уйга эга бўлмоқчи бўлган одам бу дунёда масжид қуриши ёки бу ишда қурби етганича иштирок этиши керак.


Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Баъзи намозларингизни уйларингизда ўқинг, улар ни қабр қилиб қўйманг», дедилар». Бешовлари ривоят қилган.

Шарҳ: Демак, намоз ўқилмаган жой қабристон билан баробар экан. Намоз билан ҳар бир уй қабристонликдан чиқади. Маълумки, Ислом уммати учун ер юзининг ҳаммаси масжид қилиб қўйилган.

Фақат баъзи жойлар намоз ўқиш шартларига, нажосат ва бошқа сабаблар туфайлигина салоҳиятсиз бўлиб туради. Ўшандоқ жойлардан бири қабрдир. Шундоқ экан, намоз ўқилмаган уй қабрга, унда яшаётган одам ўликка тенг.

Ушбу ҳадисда зикр қилинаётган намоз эркак кишилар учун нафл намоздан иборатдир. Чунки, эркак киши фарз намозларни жамоат билан масжидда ўқийди.

Ушбу ҳадисга ҳаётимизда амал қилишимиз зарур. Ўйлаб кўрайлик. Қанчадан-қанча уйларимиз қабрга айланиб ётибди. Улар қанчалик ҳашаматли бўлмасин, қанчалик безатилмасин, қанчалик қиммат баҳо гиламлар тўшалмасин, уларда эгалари ҳар куни намоз ўқиб турмасалар, улар қабристондир. Ундоқ уйларда яшаб турган кишилар моддий жиҳатдан тирик бўлсалар ҳам, маънавий жиҳатдан ўликдирлар. Безатилган уйлари ўзлари учун қабрдир, холос.


Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳовлиларда масжидлар қуришга, уларнинг тозаланишига ва хушбўй қилинишига амр қилдилар». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Бу маънони маҳалла масжидлари маъносида тушуниш мумкин. Мусулмонлар намозга жамланишлари осон бўлиши учун яшаш жойларига, ҳовлиларига яқин жойларда масжид бино қилишлари матлубдир.

Бу амрга мусулмонлар қадимдан улкан аҳамият бериб келганлар. Қаерда мусулмонлар тўплансалар, ўша ерда масжид пайдо бўлаверган. Мусулмонман, деган одам ўз ҳаётини, маҳлласини, қишлоқ ёки шаҳарини масжидсиз тасаввур қила олмаган. Ҳатто кофирлар ҳам бу нарсага кўникканлар. Мусулмон бор жойда масжид ҳам бўлиши керак, деган тасаввур уларда ҳам бўлган. Шунинг учун ҳам, бу нарсани оддий ҳақиқат, деб қабул қилганлар.

Ҳозирги кунларда ҳам ривожланган номуслмон юртларда масжидлар кўпайиб бориши шу сабабдандир. Фақат кофирлик даражасидан ҳам чиқиб, одамийлик сифатини йўқотган ваҳшийларгина масжидларни бузганлар, уларни ибодат қилишдан ман қилганлар, масжид қуришга монеълик қилганлар.

Ушбу ҳадисда зикр қилинган нарсалардан иккинчиси масжидларни озода тутишдир.

Бу нарсага ҳам мусулмонлар доимо амал қилиб келишган ва келишмоқда. Энди шу одатни яна ҳам яхшилаб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу борадаги амрларига яна ҳам яхшироқ амал қилишимиз зарур.

Бу ҳадиси шарифда келган учинчи амр масжидларнинг хушбўй ҳолда сақлашликдир.

Бу ишга амал қилиш бир жойда кўнгилдагидек бўлса ҳам, бошқа жойларда унчалик эмаслиги маълум. Ҳар жойда ҳам ўз шароитидан келиб чиқиб масжидларни хушбўй қилиб, кирган кишининг баҳри дили очиладиган, чиққиси келмайдиган ҳолда тутишга ҳаракат қилиш керак.


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Анбиёлардан олти нарса ила афзал қилиндим; Менга жамловчи калималар берилди. Менга қўрқинч ила нусрат берилди, ўлжалар ҳалол қилинди, ер покловчи ва масжид қилинди, барча халойиққа Пайғамбар этиб юборилдим ва мен ила набийлар хатм этилди», дедилар». Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.

Шарҳ: Ушбу ҳадис маъносидаги ҳадис «Иймон» китобида ҳам ўтган. Бу маънодаги ҳадисларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг афзалликлари беш нарсада эканлигини зикр қилганлари ҳам бор. Шунингдек, бу ерда зикр қилинган нарсалардан бошқа нарсалар, мисол учун «шафоат»-зикр қилингани ҳам бор. Бу бир-бирига хилоф эмас, балки, бир-бирини тўлдириб келувчи нарсалардир.

Энди ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган нарсаларни қисқача кўриб чиқайлик:


1. «Анбиёлардан олти нарса ила афзал қилиндим; Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни бошқа Пайғамбар алайҳиссаломларга нисбатан афзалликлари борлиги.

2. «Менга жамловчи калималар берилди».

Яъни, оз сўз ила кўп ва улкан маъноларни жамлаб келтириш, имкони берилди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини ўрганиш давомида, бу гапга ўзимиз шоҳид бўлиб турибмиз. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир-икки оғиз сўзларини шарҳлаш учун гоҳида бир-икки ёки ундан ҳам кўп саҳифа керак бўлмоқда. Ушбу ҳадиси шарифнинг ўзи ҳам, бунинг ёрқин мисолидир.

3. «Менга қўрқинч ила нусрат берилди».

Яъни, Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг душманлари қалбига ғайбдан қўрқинч солиш ила У зотга нусрат берган. Бошқа ривоятларда бир ойлик масофадан душман кўнглига қўрқинч тушиши айтилган. Бу ҳолат айниқса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам нинг ғазавотларини ўрганилганда яна ҳам яққол намоён бўлади.

4. «ўлжалар ҳалол қилинди».

Аввалги Пайғамбар алайҳиссаломларга дин душманлари билан бўлган урушларда тушган ўлжалар ҳалол эмас эди. Улар бу ўлжалардан фойдалана олмас эдилар. Аллоҳ таоло бундоқ ўлжаларни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳалол қилди. Қуръони Каримда ўлжаларни қандоқ тақсим қилиш кераклигини Ўзи кўрсатиб берди. Ҳатто, Қуръоннинг сураларидан бири «Ўлжалар» – «Анфол» деб номланади.

5. «ер покловчи ва масжид қилинди».

Ер покловчи эканлигини «Поклик» китобида яхшилаб ўргандик. Нажосатларни поклашда сув билан бирга ер ва ер жинси покловчи вазифасини ўташини батафсил тушундик.

Шунингдек, сув бўлмаганда пок тупроқ жинси ила таяммум қилиш таҳорат ва ғусл ўрнига ўтишини ҳам англаб етдик.

Бошқа Пайғамбарларга бу имконият берилмаган эди.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошқа Пайғамбар алайҳиссаломлардан афзалликларининг энг кўзга кўринган томонларидан бири бутун ер-юзининг У кишига ва умматларига масжид қилиб қўйилганлигидир.

Бу ҳадиси шарифни ушбу бобда келтиришдан асосий мақсад ҳам шу. Бошқа Пайғамбарлар ва уларнинг умматларига бутун ер юзи масжид қилиб берилмаган. Улар фақат маълум жойлардагина ибодат қилиш имконига эгадирлар. Лекин, Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни шарафлаб, У зотга ва умматларига бутун ер юзини масжид қилиб қўйган. Уларга қаерда намоз вақти етса, ўша ерда ибодат қилиши мумкин. Бу Аллоҳ таоло томонидан берилган буюк енгиллик ва улкан шарафдир.

Шу билан бирга, бу, Аллоҳ таоло томонидан мусулмонларга юклатилган улкан масъулият ҳамдир. Аллоҳ осон қилиб имконият яратиб берганидан кейин, унга шукр қилиб, ибодатни ўз вақтида қилиш керак.

Мусулмонман, деган одамга намоз ўқиш учун керак бўлган барча енгилликлар яратилган, узр учун ҳеч қандай мажол қолмаган.

6. «ва барча халойиққа Пайғамбар этиб юборилдим».

Олдинги Пайғамбарлар маълум қавмга, маълум муддатга Пайғамбар қилиб юборилганлар.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам эса, ҳамма халқларга, қиёматгача Пайғамбар қилиб юборилганлар. У кишининг даъватлари етиб борган инсон, ким бўлишидан қатъий назар, У зотга иймон келтириши, шариятларига амал қилиш лозим.

7. «ва мен ила набийлар хатм этилди».

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ томонидан юборилган охирги набий-Пайғамбардирлар. У зотдан кейин набий юборилмайди. Бунга эътиқод қилмаган киши мусулмон бўла олмаслиги ва шунга ўхшаш бошқа масалалар «Иймон» китобида ўрганилди.


Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳга энг маҳбуб юртлар, масжидлардир. Аллоҳга энг мағзуб юртлар, бозорлардир», дедилар». Муслим ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдаги масжидлар ва бозорларга нисбатан айтилган васфлар одатда уларда содир бўладиган ишлар юзасидан айтилгандир.

Одатда, масжидларда Аллоҳга ибодат қилинади, тиловоту зикр, ваъз-насиҳатлар бўлади. Илм ўрганилади. Мусулмонларнинг ахлоқ-одоби, тарбияси, руҳий-маънавий ҳолатини яхшилаш чоралари кўрилади. Умуман икки дунё фойдасига оид ишлар бўлади.

Шунинг учун ҳам, масжидлар, Аллоҳ энг яхши кўрган масканлардир.

Шунинг учун ҳам, масжидни Аллоҳнинг уйи, дейилади.

Ҳар бир нарсанинг шарафи эгасининг шарафига қараб бўлади. Аллоҳнинг уйи бўлишдан ортиқ шараф бўлиши мумкинми?

Ҳадиси Қудусийда Аллоҳ таоло қуйидагиларни айтади:

«Еримдаги уйларим, масжидлардир. Ундаги Менинг зиёратчиларим, масжидларни обод қилувчилардир. Бас, ўз уйида таҳорат қилиб, Мени Ўз уйимда зиёрат қилган бандага хушҳоллик бўлсин. Зиёрат қилинган зиёрат қилувчини икром қилиши ҳақдир».

Демак, масжидларга кўрпоқ боришимиз, уларда кўпроқ ибодат қилишимиз, Аллоҳга қурбат ҳосил қилишимиз лозим.

Масжидга бормаслик улкан бадбахтлик эканини тушуниб етмоғимиз керак.

Масжидга бориб унда кўзда тутилган нарсадан бошқа нарса билан машғул бўлиш ҳам катта бадбахтлик эканини билиб олишимиз зарур.

Масжидда ношаръий ишлар, гап-сўзлар умуман бўлмаслиги учун ҳаракат қилмоғимиз шарт.

Бозорларнинг Аллоҳ таоло энг ёмон кўрган жойлар бўлиши, одатда, уларда ёлғон, алдамчилик, бировнинг молини ҳаромдан ейиш содир бўлиб туришидандир.

Исломда савдо-сотиқ ишларида ҳалол-пок бўлишлик қаттиқ тарғиб қилинади. Алдамчилик, бировнинг молини ҳаромдан ейишлик, савдо-сотиқдаги қаллобликлар қаттиқ қораланади.

Ушбу ҳадисда бозорларни Аллоҳ энг ёмон кўрган жой экани айтилиши ҳам шу жумлага киради. Бозор бозор бўлгани учун эмас, унда ҳаром хариш, ношаръий иш кўп бўлгани учун шундоқ васфга эга бўлгандир. Шунинг учун, мусулмон одам бозорда доимо эҳтиёт бўлиши керак. Бозорга киришда ҳам Аллоҳдан паноҳ сўраб кириш керак, юришда ҳам паноҳ сўраб юриш керак.


Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким эртами кечми масжид томон борса, Аллоҳ таоло унга ҳар эрта ва кеч юрганида жаннатдан манзил тайёрлайди», дедилар». Икки шайх ривоят қилганлар.

Шарҳ: Демак, инсоннинг жаннатдаги манзили, мартабаси масжидга боришга қараб бўлади. Инсон ҳар бир масжидга боргани сабабидан, Аллоҳ таоло унинг учун жаннатда манзил тайёрлайди. Масжидга ҳар борганда банданинг жаннатдаги мартабаси ортиб бораверади. Масжидга оз борган одамнинг жаннатдаги мартабаси оз бўлади. Масжидга бормаганнинг эса...

Шунинг учун, эртаю кеч масжидга кўпроқ боришга, унда жамоат билан намоз ўқишга ҳаракат қилишимиз керак.


Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло етти кишини Ўз соясидан бошқа соя йўқ Кунда соясига олур; Одил Имом, ўз Роббиси ибодатида ўсган ёш, қалби масжидларга боғлиқ киши, Аллоҳ йўлида бир-бирини яхши кўриб, Аллоҳ учун жам бўлиб, Аллоҳ учун ажрашадиган икки киши, мансаб ва жамол эгаси бўлган аёл ўзига чақирганда, мен Аллоҳдан қўрқаман деган одам, садақани махфий қилиб, ҳатто чап қўли ўнг қўли қилган нафақани билмай қолган одам ва Аллоҳни холий қолиб эслаганда кўзидан ёши оққан одам», дедилар». Бешовлридан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.

Шарҳ: Аллоҳнинг соясидан ўзга соя йўқ кун–Қиёмат кунидир.

Қиёмат куни шиддатли иссиқ бўлиб ҳамма ўзи учун соя излаб қолади. Ўшанда Аллоҳнинг соясидан ўзга соя бўлмайди. Аллоҳнинг соясига эса, ҳамма ҳам ўзини ола биламайди. Аллоҳ Ўзи хоҳлаган бандаларгина Ўз соясига олур.

Ушбу ҳадисда, ўша даҳшатли қиёмат кунида Аллоҳ Ўз соясига оладиган одамлардан етти тоифасининг зикри келмоқда:

1. «Одил Имом».

Намозда имом бўлган шахсни имом дейилиши ҳаммага маълум. Исломий истилоҳда намознинг имомлиги, кичик имомлик, дейилади. Катта имомлик эса, Ислом давлати бошлиғи ҳисоблади.

Ислом давлати бошлиғи, халифага ҳам, имом, дейилади. Ўз навбатида Ислом динида Имомнинг, ҳокимнинг адолатли бўлиши ҳам талаб қилинади. Ҳар бир ишни адолат ила қилишга ҳукмдорларни тарғиб қилинади.

Ушбу ҳадис ҳам ўша тарғиблардан бир намунадир. Адолат ила ҳукм юритган мусулмон ҳукмдор қиёмат куни, Аллоҳнинг соясидан бошқа соя бўлмаган пайтда, Аллоҳ Ўз соясига оладиган бахтиёр кишилардан бўлиши таъкидланмоқда.

Бу маъно давлат бошлиғидан ташқари ҳар бир мусулмон жамоага бошлиқ бўлган шахсга ҳам тегишлидир. Кишилар ҳаётида раҳбарликнинг тутган ўрни муҳимлигидан ушбу етти тоифа ичидан биринчи бўлиб Одил Имом зикр қилинмоқда. Ҳукмдорнинг тасарруфи жамоатнинг ҳамма аъзоларига таъсир қилади.

Ҳукмдор одил бўлса, золимлар, жиноятчилар, ёмонларга у жамиятда ўрин қолмайди. Имоми одил бўлган жамиятда тинчлик, омонлик, яхшилик, фазилат ҳукм суради.

Ҳокими золим бўлган жамиятда золимлар, ўғри-муттаҳамлар, ёмонлар, бетавфиқлар иззат-ҳурмат топадилар. Мўмин-мусулмон, яхши, тақводор кишилар зулмга, азоб-уқибат га ва қувғинга учрайдилар. Оқибатда, дину-диёнат ҳам, ҳаёти дунё ҳам расво бўлади.

Шунинг учун ҳам, Исломда ҳукмдорларнинг одил бўлишларига алоҳида эътибор берилади. Бу масалага Аллоҳ хоҳласа, «Имомат» китобида муфассал равишда эътибор берамиз.

2. «Ўз Роббиси ибодатида ўсган ёш».

Инсоннинг ёшлигида қилган тоат ибодати алоҳида таҳсинга сазавордир. Қариб-ҳориб ҳеч нарсага ярамай қолганда, ноилож қолиб ўзини ибодатга уриш осон нарса. Аммо, ёшлик ғурурини енгиб, турли орзу-ҳавас ва шаҳватларни ҳамда ҳавойи нафсни енгиб ёшликдан тоат-ибодатни тўла қилиб ўсиб бориш ҳақиқий қаҳрамонликдир.

Асл тақводор, асл фарҳезгор ёшликдан ҳалол-поклик ва тоат ибодат ила ўсган шахсдир. Ёшлигида қиларини қилиб олиб, қариганда сўфий бўлганларнинг тақводорлиги ямоқ солинган чопонга ўхшаган бўлади.

Шунинг учун ҳам Исломда ёшликдан тоат-ибодат билан ўсишга қаттиқ аҳамият берилади. Болаларни балоғатга етмай туриб ибодатларга ўргатиш тарғиб қилинади.

Ушбу ҳадиси шарифда ёшлигидан Аллоҳнинг ибодати ила ўсган шахсларга қиёмат куни Аллоҳнинг соясидан жой ваъда қилиниши ҳам мазкур тарғибнинг бир туридир.

Демак, қиёмат куни, Аллоҳнинг соясидан бошқа соя йўқ куни, Аллоҳ таолонинг соясидан жой олишни хоҳлаганлар ёшлигида, Аллоҳнинг ибодатини канда қилмай борсинлар. Ота-оналар ўз фарзандларига яхшиликни раво кўрсалар, уларни ёшликларидан Аллоҳнинг ибодатида ўстирсинлар.

3. «Қалби масжидга боғлиқ киши».

Ушбу ҳадиси шарифнинг бу ерда келтиришнинг асосий сабаби айнан ушбу жумладир. Бунда масжидларга кўнгли боғлиқ бўлиш қанчалар фазилатли иш эканини баён қилинмоқда. Кўнгли масжидларга боғлиқ бўлишлик, қалбида масжидларнинг муҳаббати бўлишликдир. Бундоқ одам доимо масжидга бориш, унда ибодат қилиш билан ҳаёт кечиради ва шу ишқ билан юради. Бир марта бориб намозини ўқиб чиққандан кейин янаги намоз вақти қачон бўладию, қандоқ қилиб тезроқ масжидга бораман, деган фикрни қалбига жо қилиб юради.

Ана шундоқ васфга эга бўлган одам катта шарафга эга бўлади. Қиёмат куни, Аллоҳнинг соясидан бошқа соя қолмаган куни, Аллоҳ таолонинг соясидан паноҳ топиши бахтига муяссар бўлади.

Бу бахтга эришиш қийин эмас. Масжидларга қалбни боғланса бўлди. Доимо жамоат намозларига қатнаб, масжидни маънавий одоб қилувчилардан бўлиб турилса бўлди. Ушбу ҳадиси шарифга биноан, Аллоҳ таоло ундоқ кишини албатта қиёмат куни Ўз соясига олади.

4. «Аллоҳ йўлида бир-бирига муҳаббат қўйиб, Аллоҳ учун жам бўлиб, Аллоҳ учун ажрашадиган икки киши».

Дунёда кишилар ўртасидаги ўзаро муҳаббат, дўстлик-биродарлик турли нарсалар учун бўлди. Кимлардир шахсий манфаатлар, кимлардир иш, ҳизб, молу дунё, дунёвий ва бошқа манфаатлар. Яна бошқа сабаблар ҳам бўлиши мумкин.

Аммо Исломда ҳақиқий биродарлик, ўзаро муҳаббат Аллоҳ учун бўлади.

Мусулмон инсон ўз биродарига Аллоҳ учун муҳаббат қилади. Ундаги Аллоҳнинг амрига бўйсиниш сифатларини тақдирлайди.

Мусулмон инсон ўз биродарини Аллоҳ учун севади, Аллоҳ учун ҳурмат қилади, Аллоҳ учун қадрлайди. У билан бўладиган ҳар бир иш Аллоҳ учун бўлади.

У ўз биродари билан Аллоҳ учун жам бўлади. Аллоҳ учун ажрашади. Агар икки мусулмон ана ўша мазкур ҳолатда бир-бирига муҳаббат қилса, уларнинг бу муҳаббатлари охиратда улкан бахтга эриштиради. Қиёмат куни уларни ҳар иккиси ҳам Аллоҳ таоло соясидан паноҳ топишга муяссар бўлди.

Шунинг учун ҳам биз, мусулмон кишилар ўзаро Аллоҳ учун муҳаббат қилишга одатланишимиз керак. Бир-биримиз билан Аллоҳ учун жам бўлиб, Аллоҳ учун ажрашишимиз лозим.

5. «Мансаб ва жамол эгаси бўлган аёл ўзига чақирганда, мен Аллоҳдан қўрқаман, деган одам».

Аллоҳ таолодан қўрқиб ўз шаҳватидан кечиш улкан фазилатдир. Гуноҳ ишдан қўрқиб ўзини четга олиш, охират азобидан қўрқиб, ўзининг оний лаззатидан воз кечиш катта жасоратдир. Аллоҳ таоло бундоқ бандани муносиб равишда мукофатлайди. Мансаб ва жамол эгаси бўлган аёл ўзи чақириб турганда, унинг чақириғига рад жавоб беришга фақатгина Аллоҳ таолодан қўрқиш монеъ бўлганда, дарҳақиқат, улкан қаҳрамонлик содир этилган бўлади.

Аллоҳ таоло Ўзи учун кечилган оний ҳаром лаззатни, жаннатдаги доимий ҳалол лаззатга алмаштиради. Бунинг учун мазкур қаҳрамонликни қилган одамни аввало қиёмат куни Ўз соясига олади.

Биз мусулмонлар бу ишни қилишга тайёр бўлишимиз керак, ёшларимизни ҳам шу руҳда тарбияламоғимиз зарур.

6. «Садақани махфий қилиб, ҳатто чап қўли, ўнг қўли қилган нафақани билмай қолган одам».

Исломда хайри садақа қилишга, шу йўл билан бева-бечора, етим-есирларга иқтисодий ёрдам беришга қаттиқ тарғиб қилинади. Шу билан бирга садақанинг махфий бўлиши марғуб бўлади. Ана ўшанда садақа холисона бўлади, риё ва хўжакўрсинликдан сақланади. Энг муҳими садақани қабул қилиб олаётган кишининг хижолат бўлмаслиги таъминланади, садақа Аллоҳ таолонинг розилиги учунгина бўлгани исботланади.

Шу маънода садақани махфий қилиш катта ўрин тутади. Ҳадиси шарифда бу маънони ажойиб услуб ила биён қилинмоқда, чап қўли ўнг қўли қилган нафақани билмай қоладиган одам, дейилмоқда. Бу эса садақа қанчалик махфий бўлса шунчалик яхши эканига далолат қилади.

Аввалги мусулмонлар ҳақиқатга шундоқ қилганлар. Мискинлар, камбағаллар, бева бечоралар ўзларига хайр-садақа қилинганидан хурсанд бўлганлару Аллоҳга шукр қилиб, ким садақа қилган бўлса, Аллоҳ унга мукофотини берсин, деб дуо қилганлар. Чунки, садақа қилган ким эканини била олмаганлар.

Бизлар ҳам ана ўшандоқ бўлишга ҳаракат қилишимиз керак. Хайр-садақа Аллоҳ учун бўлганидан кейин, Аллоҳ ҳар қанча махфий равишда садақа қилинса ҳам билиб олади. Ушбу ҳадиси шарифга қараганда, Аллоҳ таоло садақаннинг махфийсини яхши кўради. Махфий садақанинг мукофоти улкан бўлади. Қиёмат куни Аллоҳ таолонинг соясидан паноҳ топиш бўлади. Ана шу бахтга муяссар бўлай, деган одам қиладиган садақасини ўта махфий қилишга ҳаракат қилсин. Бу махфийлик чап қўли ўнг қўли қилган садақани билмай қоладиган даражада бўлса, яна ҳам яхши бўлади.

7. «Аллоҳни холий ҳолида эслаганида кўзидан ёш оққан одам».

Бу жумлада тақводорликда риёкорликдан холий бўлиш ҳақида сўз кетмоқда. Кишилар кўзига тақводор бўлиб кўриниш жуда ҳам осон. Кўпчилик олдида Аллоҳни эслаб кўзидан дув-дув ёш тўкадиганлар ҳам оз эмас. Лекин ҳақиқий тақводор хўжакўрсинга эмас, ёлғиз ўзи қолганда Аллоҳдан қўрқиб кўзидан ёш тўкадиган одамдир. Ана ўшандоқ даражага етган одамгина ҳақиқий тақводор ҳисобланади. Ўша даражага етган одамгина ушбу ҳадисда ваъда қилинаётган улкан даражага эришилади.

Қиёмат куни ана ўша даражага етган шахсгина Аллоҳ таолонинг соясидан паноҳ топиш бахтига муяссар бўлади.

Аллоҳ таоло бизларни ҳам ўшандоқ бандалар қаторида бўлишимизни насиб этсин.

Ушбу ҳадиси шарифда зикр этилган сифатларга соҳиб бўлишимизни насиб айласин.


Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Модомики, сиздан бирингиз ўзининг намоз ўқиган намозгоҳида, таҳорати кетмай турган бўлса, фаришталар унга саловот айтур: «Эй, бор Худоё уни мағфират қил. Эй, бор Худоё, уни раҳм қил», дерлар», деб айтдилар». Тўртовлари ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда намозгоҳда-масжидда ҳеч нарса қилмай, фақат таҳорат билан ўтириб ҳам улуғ мақомга эришиш мумкинлигини баён қилинмоқда.

Энди, ўшандоқ ҳолда, намоз ўқилса, зикр қилинса ёки тиловати Қуръон бўлса, илм мажлиси ўтказилса қанчалар савоб, қанчалар улуғ мартаба ва даражаларга эришиш мумкинлигини билиб олаверса бўлади.

Демак, масжидда кўпроқ бўлишга ҳаракат қилайлик. Ўзимиз учун фаришталарнинг саловотини олишнинг пайидан бўлайлик. Фаришталар бизнинг ҳақимизга Аллоҳга ёлбориб,

«Эй, бор Худоё уни мағфират қил. Эй, бор Худоё унга раҳм қил» дейишларига мушарраф бўлайлик.


Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Масжиддан қанча узоқ бўлганнинг ажри шунча улуғ бўлар», дедилар». Абу Довуд ва Муслим ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ҳадис уйининг масжиддан узоқлигини баҳона қилиб масжидга қатнамай юришга журъат этадиган кишилар мутлақо нотўғри йўлда эканликларининг кўрсатади. Уйи масжиддан узоқ одам, ўзига берилган фурсатдан унумли фойдаланиб кўпроқ ажр савоб ишлаб қолишга ҳаракат қилмоғлари лозим. Масжидга жамоат намози ва бошқа савобли ишлар учун келган одамларнинг ичида энг кўп савобга эришадигани уйи масжиддан энг узоғи бўлганидир.


Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ўз уйида таҳорат қилиб, Аллоҳнинг уйларидан бир уйга Аллоҳнинг фарзларидан бир фарзни адо этиш учун юриб борса, унинг икки қадамидан бири ила хатоси ўчади, бошқаси ила даражаси кўтарилади», дедилар». Муслим, Насаий ва Термизийлар ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда, яхши ният билан масжид томон босилган ҳар бир қадам беҳуда кетмаслигини, ажойиб услуб ила васф қилинмоқда.

Эҳтимол, масжидга, жамоат намозига қатнайдиган ҳар бир киши ҳам, ўзининг қилаётган амалини нақадар улканлигини тасаввур эта олмас. Агар ҳақиқатда тасаввур эта олмаса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадиси шарифлари ила яхшилаб танишиб олсин. Ундоқ одам масжидга жамоат намози ўқиш учун бориш ниятида таҳорат қилиб биринчи қадамни босиш билан бир гуноҳи ювилади, иккинчи қадамни босиши билан даражаси бир поғана кўтарилади. Масжидга етиб боргунича ҳар қадамда шундоқ бўлиб боради. Таҳорати ва намоз учун бериладиган савоблар, кечириладиган гуноҳлар алоҳида бўлади. Шунингдек, даражалар масаласи ҳам ўзига яраша бўлади.

Демак, фарз намозларни доимо масжидда, жамоат ила адо қилишга уринишимиз, иложи борича масжид томон босадиган қадамларимизни кўпайтирайлик.


Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким яхшилаб таҳорат қилиб борсаю, одамларни намоз ўқиб бўлганларида топса, Аллоҳ азза ва жалла унга ўша намозга ҳозир бўлиб, уни ўқиганларнинг ажрича ажр берур. Бу уларнинг ажрларидан бирор нарсани кам қилмас», дедилар». Абу Довуд ва Насаий ривоят қилган.

Шарҳ: Баъзи вақтларда баҳона ахтариб, кеч қолдим, борсам масжидда жамоат намозига ета олмасам керак, деб жамоатдан қоламиз. Ушбу ҳадиси шариф мазкур қилмишимиз мутлақо нотўғри эканини кўрсатиб турибди. Яхши ният ила жамоат намозига эришаман, деб боравериш керак. Агар намоздан кеч қолинса ҳам, Аллоҳ таоло ўша намозни ўқиган одамга берган ажри савобчалик савобини намозга кеч қолган бандага ҳам бераверади. Аллоҳ таолонинг даргоҳи кенг ўша кеч қолган одамга бериладиган савобни намозхонларнинг савобидан олиб эмас, балки, алоҳида Ўз даргоҳидан беради. Шунинг учун кеч қолдим, етаманми йўқми, деб ўтирмай жамоатга бораеверишимиз керак экан.


Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ҳовлиларимиз масжиддан узоқ эди. Масжидга яқин бўлиш мақсадида уйларимизни сотмоқчи бўлдик. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизни наҳий қилиб: «Албатта, сизга ҳар бир қадамингиз учун даража бўлур», дедилар».

Бошқа бир ривоятда: «Эй, Бани Салама, ҳовлиларингизни лозим тутинглар. Изларингиз ёзилур», дедилар. Улар:

«Биз кўчганимизда бунчалик сурур бағишламас эди», дедилар». Икки шайх ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда масжиддан узоқ уйни масжиддан узоқ, деб сотиш яхши эмаслиги ҳақида сўз кетмоқда. Чунки, бу иш сабабидан масжидга кўп қадам босиб келиб топадиган савобдан маҳрум бўлинади. Чунки, мусулмон инсон жамоат намозига бориб келгунча изи доимо ёзилиб турилади. Ҳар бир қавм Жобир розияллоҳу анҳунинг қавмлари Бани Салама қабиласига ўхшаб масжиддан узоқ ҳовлиларини сотмаганларидан хурсанд бўлиб юришлари керак.


Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Масжидларга зулматларда юриб борувчиларга қиёмат куни тўлиқ нур бўлишининг башоратини бер», дедилар». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Масжидга бормаслик учун қилинадиган баҳоналардан бири қоронғуда қийналишдир. Бу айниқса қадим замонларда кучли баҳона бўлиб кўринган. Лекин, бу нарса учун алоҳида мукофот борлигини ушбу ҳадиси шарифдан билиб оламиз. Бу дунёда масжидга бориш учун қоронғуда қийналганликнинг муокофоти, қиёмат зулматида бериладиган тўлиқ нурдир.

Ким қиёмат куни зулматда қолиб шарманда бўлмай, деса, бу дунёда қоронғуда масжидга борсин.


Саъид ибн Мусаййиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ансорийлардан бир киши ўлими олдидан: «Мен сизга бир ҳадис айтурман. Бу ҳадисни сизга фақат савоб умидадигина айтурман. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Қачонки, бирингиз яхшилаб таҳорат қилса, сўнгра намозга чиқиб, ўнг қадамини кўтариши билан Аллоҳ азза ва жалла, албатта, унга бир яхшилик ёзади, чап қадамини қўйиш билан Аллоҳ азза ва жалла, албатта, унинг бир ёмонлигини ўчиради. Бас, бирингиз хоҳласа яқин бўлсин, ёки узоқ бўлсин. Агар масжидга келиб жамоат билан намозини ўқиса, уни мағфират қилинур. Агар масжидга келганида намознинг баъзисини ўқиб бўлишган, баъзиси қолган бўлсаю, етган жойидан ўқиш ҳам ўшандоқ бўлади. Агар масжидга келганида намозни ўқиб бўлишган бўлсалар ҳам ўшандоқ бўлади», деганларини эшитганман», деди». Абу Довуд ривоят қилган.

Шарҳ: Аввало ҳадиснинг ровийлари Саъид ибн Мусаййиб розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик:

Саъид ибн Мусаййиб (634-713 милод) ибн Ҳазн ибн Абу Ваҳб Махзумий ал-Қурайший, кунялари Абу Муҳаммад.

Бу зот тобеинларнинг саййиди, Мадинадиги еттита фақиҳ имомларидан бири эдилар.

Саъид ибн Мусаййиб, Умар ибн Хаттобнинг халифалик давларини 2-йилида таваллуд топдилар. Ҳадисларни Абу Бакр, Умар, Усмон, Абу Ҳурайра, Зайд ибн Собит, Оиша онамиз розияллоҳу анҳумларда ва бошқа кишилардан ривоят қилдилар.

У кишидан Салим ибн Абдуллоҳ, Зуҳрий, Қатода, Шурайҳ, Абу Занод ва бошқалар ривоят қилишди.

Улуғ зотлардан Макҳул: «Илм талаб қилиб кўпгина ерларни айланиб чиқдиму, лекин Саъид ибн Мусаййибдан кўра олимроқ кишига йўлиқмадим», деб айтадилар.

Саъид ибн Мусаййибда фиқҳ, тақво, зоҳидилк мужассам бўлган эди. Ҳаётлик давларида ёғ савдоси билан шуғулланиб, инсонлардан ҳеч бир нарса сўрамасдан, касблари орқасидан рўзғор тебратдилар.

Ҳижратнинг 93-йили Мадинада вафот этдилар.

Ушбу ҳадиси шарифда олдинги ҳадислардаги маъно кенгроқ баён қилинмоқда.

Жамоат намози ўқиш учун масжидга бориш кенгроқ тарғиб этилмоқда. Масжидга томон босилган ҳар-бир қадам беҳуда кетмаслиги ифодали равишда баён қилинмоқда.

Жамоатга қўшилиб масжидда намоз ўқиш учун чиққан одам бир қадамини қўйса, албатта, бир яхшилик ёзилар, иккинчи қадамини қўйса, албатта, бир гуноҳи ўчирилар экан. Намозни ўқилганда эса гуноҳлари тамоман мағфират қилинар экан.

Бунда жамоат намозини тўла ўқиши шарт эмас экан. Жамоат намозининг баъзисига етиб, қолганини ўзи ўқиб олган одамга ҳам уни тўлиқ ўқиган одамга берилган мартаба берилар экан.

Шунингдек, намозни жамоат билан ўқишдан кеч қолиб, ўзи ёлғиз ўқиб олган одамга ҳам нияти эътиборидан намозни жамоат билан тўлиқ ўқиган одамнинг мартабаси берилар экан.

Шунинг учун ҳам доимо жамоат намозини масжидда ўқишга ҳаракат қилишимиз керак. Намозни аввалидан жамоат билан ўқиганимиз жуда яхши. Аммо, кеч қолиб баъзисини ёки ҳаммасини ўзимиз ўқиган чоғимизда ҳам савобини тўлиқ олишимиз, мағфиратли илоҳийга сазовар бўлишимиз шубҳасиз эканига тўлиқ ишончимиз бўлиши керак.


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон жаннат боғлари ёнидан ўтсангиз сайл қилинг»-дедилар. Мен: «Эй, Аллоҳнинг Расули, жаннат боғлари нимадир?»-дедим. У зот: «Масжидлар», дедилар.

Мен: «Сайл нимадир, Эй, Аллоҳнинг Расули?» дедим.

«Субҳаналлоҳу вал ҳамду лиллаҳи ва лаа илаҳа иллалоҳу валлоҳу акбар», дедилар».

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифдан масжидлар фазли очиқ-ойдин кўриниб турибди. Масжидлар оз эмас, кўп эмас жаннат боғлари, деб аталамоқда.

Демак, ким ёруғ дунёда масжидга кирса жаннат боғига кирган бўлади. Ким масжидга кириб, юқоридаги зикрни қилса жаннат боғида сайл қилган бўлади. Мўмин банда учун ҳар куни камида беш марта жаннат боғига кириш, унда сайл қилиш имкони берилган экан. Бу имкониятдан тўлиқ фойдаланишимиз лозим. Масжидда ҳар бир киришимиз, жаннат боғига кириш эканини англаб етмоғимиз керак. Ўша ўзимиз кирган жаннат боғида кўпроқ сайл қилиб қолишга ҳаракат қилишимиз керак. Бу фазилатга таниш-билишларни, ёру-дўст, бола-чақаларни ҳам чорлашимиз лозим.


Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон Бомдодни ўқисалар, то қуёш чиққунча намозгоҳларида ўлтирар эдилар».

Шарҳ: Бомдод намози ва ундан кейин қуёш чиққунча бўлган вақт қанчалар фазилатли вақт эканини олдинги ўрганган ҳадисларимиздан ҳам билиб олдик.

Бу пайт ер юзида фаришталарни алмашиш учун жам бўладиган пайтларидир.

Бу пайтда нима қилинса, ўша жам бўлган фаришталар гувоҳ бўладилар.

Бу пайтда ризқ улашилади. Ана шундоқ пайтни намоз ўқиган жойида зикр қилиб ўтириб ўтказиш катта аҳамиятга эгадир.

Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу вақтни ўшандоқ қилиб ўтказганлар. Биз ҳам шунга одатланмоғимиз лозим.

Кун тартибимизни шунга мосламоғимиз керак. Апил-тапил намозни ўқиб қайта уйқуга ётиб оладиган кун тартибидан, Бомдодни ўқигандан кейин намоз ўқиган жойимизда қуёш чиққунча зикр қилиб ўтиришга одатланмоғимиз керак. Бу нарса ўзимиз учун фойдали бўлади.

Ушбу фаслда масжидларнинг фазли ва уларга қатнаб туришнинг аҳамияти ҳақида бир қанча ҳадисларни ўргандик. Энди уларга амал қилишимиз керак.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида масжидлар мусулмонларнинг ибодат, маданий, илмий, ижтимоий марказлари бўлган. Ислом жамиятининг барча муаммолари айнан масжидларда ҳал қилинган. Ҳар бир мусулмон шахс масжид орқали Ислом жамиятига қўшилган ва унда ўз обрўсини топган. Масжидга қатнамайдиган мусулмон бўлиши мумкинлиги аввалгиларнинг хаёлларига ҳам келмаган. Ҳар бир мусулмонман, деган шахс масжиднинг фазлидан фойдаланиб қолишга уринган.

Биз ҳам ана ўша ҳолатга қайтишга уринишимиз керак. Масжидга бориш учун қилинаётган тағиб қаршисида масжидга бормаслик қанчалар ёмон иш эканини баён қилиш ҳам борлигини унитмаслигимиз лозим. Масжидга бориб бир вақт жамоатга иштирок этиш қанчалар савоб эканини билиш билан бирга, ўша бир вақт жамоатга узрсиз бормай қолиш қанчалар ноқулай эканини ҳам билишимиз керак.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
23МатнҚачон хотиржам ҳолда ўтириб, аъзолари таскин топгач такбир айтиб иккинчи бор сажда қилардилар. Қачан саждадан фориғ бўлсалар икки оёқларида турардилар, давоми...

3329 05:00 / 09.01.2017
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Умму Фазл у кишининг .Вал мурсалати урфа,ни қироат қилаётганини эшитиб.Эй, ўғлим, Аллоҳга қасамки, ушбу сурани қироат давоми...

3337 05:00 / 04.01.2017
Бизда .такбир айтиш, деб одатланиб қолган, намозхонларни сафга туришга чорлаш учун айтиладиган махсус нарса .иқома,, дейилади.Аллоҳ таоло .Эй, иймон келтирганлар, давоми...

67159 05:00 / 04.01.2017
Бир йигит айтади .Отам мени намозга жуда гўзал тарзда шижоатлантирар эдилар. Отам .Ким кун бўйи масжидда намоз ўқиса, унга совға бераман, деб айтар эдилар. Менга давоми...

1449 10:43 / 12.12.2021
Аудиолар

120124 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41790 14:35 / 11.08.2021