1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Масжид вазифалари

13:38 / 20.09.2017 5142 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ашраф Ҳумайса

Шубҳа йўқки, биз мусулмонлар жамиятга тааллуқли ишларни ислоҳ этишда асосий маънавий кучга эгамиз. Ақли расо киши яхши англаб етадики, ҳар бир мўмин ҳаётида масжид билан боғлиқ бир вақт бўлади. Масжид – саҳоба розияллоҳу анҳумлардек зотлар етишиб чиққан илк мадраса, илм даргоҳидир. Улар илм, даъват, ҳукм, одоб ва бошқа барча нарсаларда ибратли ҳаёт йўлини босиб ўтганлар ҳамда улкан мерос қолдирганлар. Чунки масжид Исломнинг аввалги даврида нафақат намоз адо этиш жойи, балки мусулмонлар жамланадиган, элчилар юбориладиган ҳамда кутиб олинадиган марказ сифатида намоён бўлган. Бутун ер юзи бўйлаб тарқалиб, инсонларга яхшиликларни ўргатишни ирода этган Ислом даъватчилари масжидлардан йўлга чиққанлар. Афсуски, эндиликда масжидлар музейларга ўхшаб қолмоқда. Аслида, масжид вазифалари ҳамда ушбу йўқолаёзган вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш вожиб эди. Хусусан, мусулмонлар турли воситалар ҳамда саноқсиз услуб ва баҳоналар орқали бир-бирлари билан уришаётган пайтда биз ўша вазифаларни тирилтиришга мажбур ва ҳақли эдик. Чунки булар каби Ислом ҳидояти ва умумий қоидалардан узоқ бўлган воситалар орасида ҳам амалий ишларни қилиш ва масжид рисоласини тирилтиришга қодирмиз. Зеро, амалий ишлар ҳамда масжид вазифаларини ўрганмаслик мусулмоннинг фосид ва шубҳали нарсаларга оғиши сабабидандир. Булар эса анархия, ҳокимиятсизлик, товламачилик, ёшларни адаштириш ва уларни динидан узоқлаштириш, разолат ботқоғига ғарқ қилишдан иборат. Бу йўлда турли воситалар, ҳар хил эълонлар, алоқа тармоқлари ва ижтимоий фаолликлардан фойдаланилади.

Шундай экан, биз бундай разилликларга қарши нималар қилишимиз лозим? Бунинг учун масжид вазифаларини ҳаётга фаол татбиқ этиш воситаларини қўллаш даркор.

Биринчи вазифа: кучли илм соҳиби ва ислоҳ этиш қобилиятига эга бўлган имом ҳамда воизларни тайинлаш. Чунки масжиддаги амалий ишлар учун зикр қилинган воситаларнинг барчаси Аллоҳ уйи хизматида қоим бўлувчиларнинг табиатларига боғлиқ бўлади. Буларнинг аввалида имом-хатиб ва муаззин туради. Масжид хизматида қоим бўлувчи ушбу шахсларга боғлиқ ишлар аҳамиятли экани боис алоҳида китобларда ёзиб қолдирилган. Шайх Хайриддин Вонилий айтадилар: “Инсонларнинг турли йўлларга оғиб, адашиб кетишларига қаршилик қилиш учун масжид имкон топа олмайди, аммо масжидга масъул инсонларнинг исломий маданияти, жасорати ва ҳушёрлиги олий даражада бўлса, буни амалга ошириш мумкин. Ҳар бир масъул Аллоҳ ризоси учун ўз вазифасини юксак даражада амалга оширса, жуда улкан манфаатларга эришилади”.

Масжид масъулларини тайёрлашдаги янги услублар уларнинг тайёргарлик давраларига боғлиқдир. Хусусан, имомларга масжидга хос бўлган ҳукмларни ўргатиш ва у ҳақдаги маълумотларини ошириб боришдан иборатдир. Бундай таълим-тарбия эҳтиёж тушиб турадиган  нарсалардандир. Акс ҳолда, бепарво бўлиб қўлдан бой берувчи ҳар нарсадан бебаҳра қолади. Чунки масжидда қоим турувчилар энг илмсиз ва тақвосиз бўлса, қандай қилиб масжид вазифаларини адо этишни умид қила оламиз?

Иккинчи вазифа: шаръий дарс ва илмий давралар ташкил этиш.  Бу эса ақида, фиқҳ, ҳадис, тафсир ва бошқа шаръий илмларда пешқадам бўлган олим ва шайхларнинг билвосита иштироки билан айни пайтда ва бошқа ҳар қандай вақтда, хусусан, бўш вақтларда амалга оширилади. Масжид ана шундай илмлар бешиги бўлганига далолат қилувчи ҳадисни келтириш ўринлидир: “Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Мадина бозори олдидан ўтаётиб у ерда тўхтадилар ва: “Ҳой бозордагилар, бунчалар ожизсизлар?” – дедилар. Улар эса: “Бу нима деганингиз, эй Абу Ҳарайра”, – дейишди.

У ёқда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мерослари тақсимланяпти, сизлар эса бу ёқдасизлар. Бориб ўз насибангизни олмайсизларми?!

Мерос қаерда?

Набий алайҳиссаломнинг масжидларида.

Улар шошганча масжидга бордилар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу эса ўша жойда қолдилар. Бироздан сўнг ортларига қайтиб келишди. Шунда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: “Ҳа, тинчликми, сизларга нима бўлди?” – дедилар. Улар: “Эй Абу Ҳурайра, айтганингдек, масжидга бориб унинг ичига кирдик, аммо у ерда тақсимланаётган бирор нарсани кўрмадик”, – дейишди.

Масжидда бирорта ҳам кишини кўрмадингизми?

Кўрдик, бир гуруҳ инсонлар намоз ўқиётган эдилар. Баъзилари Қуръон ўқишмоқда. Қолганлар эса ҳалол ва ҳаром тўғрисида суҳбатлашмоқдалар.

Тўғри, ўша Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меросларидир. Шу сабаб ҳам салафлардан бирор киши илм олишни ирода этса, аввало, Аллоҳнинг уйига юзланар эди, дедилар”.

Сафвон ибн Ассол розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир куни Набий алайҳиссаломнинг ҳузурларига бордим. У зот масжидда қизил бурдларида ёнбошлаб ўтирган эканлар. Мен у зотга: “Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, илм излаб келдим”, – дедим. У зот алайҳиссалом: “Марҳабо, эй толиби илм. Илм талаб қилувчини фаришталар қанотлари ила ўраб олади. Сўнг улар устма-уст бўлиб, кўпликларидан дунё осмонига қадар етиб қоладилар”, – дедилар”.

Энг афзал илмий дарс – бу ёшлар учун Қуръон ёдлатиш тўгаракларидир. Мусулмон масжидалари қадимдан ана шундай эътиборга молик ишлар туфайли обод бўлиб келмоқда. Унда не-не Қуръон ҳофизлари етишиб чиқмади дейсиз!

Учинчи восита: лекция ва илмий форумлар ташкил этиш. Айни дамда мусулмонларнинг эҳтиёжи тушиб турган бундай форумлардан мақсад, олдингилардан фарқли ўлароқ, жамиятдаги муайян бир қатлам вакилларини эмас, балки барчани қамраб олишдир – эркак ёки аёл бўладими, таълим олувчи ёки акси бўладими, қатъи назар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Албатта, Аллоҳ ва фаришталар, само ва ер аҳли, ҳатто, инидаги чумоли ва денгиздаги балиқлар ҳам инсонларга яхшилик таълимини берувчига саловат айтадилар”. Инсонларнинг барчаси эҳтиёж сезадиган энг муҳим нарсалар – бу диннинг беш аркони баён этиб берилишидир. Уларнинг энг улуғи эса намоздир. Инсонларни жамоат билан намоз ўқишга қизиқтириш, хусусан, бомдод намозига, албатта зарур. Зеро, масжидлар намоз ва Аллоҳнинг зикри учун бино қилингандир.

Бу ўринда таълим беришга энг муносиб нарсалардан яна оилага, хонадонга, ёшларнинг тарбиясига, никоҳ ва талоқ масалаларига, ижтимоий муаммоларга, мусулмон оилалари мустаҳкамлигига путур етказаётган муаммоларга тааллуқли нарсаларни ўргатишдир.

Тўртинчи восита: улуғ устоз ва олимлар орқали қисқа ваъз-насиҳатларни халққа етказиш. Бундан эса масжидга келувчиларнинг барчаси манфаат оладилар. Бунда муносиб вақтга риоя этиш талаб қилинади. Шунда инсонларга малол келмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўллари шундай эди.

Бешинчи восита: самимийлик билан шаръий мухолифларни рад этиш. Бу жамоатдан бирор инсоннинг масжидга кириш одобларига хилоф иш қилганга ўхшаш ишларда намоён бўлади. Масжидда қилинмайдиган ишлардан қайтарилгани ҳақидаги ҳадислар ворид бўлган. Худди масжидда савдо қилиш, овозни баланд кўтариш, намоз ўқувчининг олдидан ўтиш каби ишларда ўз ифодасини топган.

Олтинчи восита: бидъат-хурофотларни кетказиш ва Суннатни ҳаётимизга татбиқ этиш. Бидъатларга қарши туришда ўзаро ҳамкорлик қилиш, сўнг эса Суннатларни адо этишга киришиш вожиб бўлади.

Еттинчи восита: хайр-эҳсон ва садақаларни муҳтожу фақирлар учун жамлаш. Бундан мақсад маҳалла ва қишлоқларда истиқомат қилувчи муҳтож оилаларга бериладиган молиявий кўмак ҳисобланади. Шунингдек, бу маблағлар яхши ишларга ва мусулмонларнинг муҳим муаммоларини ҳал этиш учун сарфланади. Бу эса Набий алайҳиссаломнинг суннатлари, тутган йўллари эди. Ана шундай ишлар масжиднинг ўрни не чоғли аҳамиятли экани ва мусулмонларинг иқтисодий ҳолатлари борасида муносиб ўринга эгалигидан далолатдир.

Шуни ишонч билан айтишим мумкинки, ҳар бир масжид мана шу томонларга эътибор берса ва буни секин-аста бўлса-да амага ошириб борса, дастлабки даврларда бўлгани каби, ўз вазифасини мукаммал адо этишда қоим бўлса, албатта, бу ерда жамиятдаги инсонлар эҳтиёж сезиб турган яхши ўринларга хайр-эҳсон ва садақаларни сарфласа, кўплаб муҳтож инсонлар манфаат оладилар. Натижада ҳаёт тарзи мўътадиллашиб, адашиш ва оғишлар, жамиятдаги бузғунчилик ва жиноятлар камаяди.

Саккизинчи восита: масжид барпо этиш ва таъмирлаш. Масжид бино қилишнинг фазилати ҳақидаги ҳадислар жуда ҳам кўпдир. Унинг машҳурларидан бири Усмон розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятдир: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким Аллоҳ розилигини истаб масжид бино қилса, Аллоҳ унинг учун жаннатда бир уй барпо этади”. Бошқа бир ривоятда: “Аллоҳ у учун жаннатда у қургандек уй бино қилади”, – дейилган.

Тўққизинчи восита: масжидни ҳиссий обод этиш. Шубҳа йўқки, масжидларни обод этишга бўлган эътибор Аллоҳнинг шиорларидандир. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

(У) бир уйлардаки, Аллоҳ уларнинг кўтарилишига ва уларда Ўз исми зикр қилинишига изн бергандир” (“Нур” сураси, 36-оят).

Қатода айтадилар: “Бу шундай масжидларки, Аллоҳ таоло уларни бино этишга, обод этишга, поклашга буюргандир”. Ушбу оятни Мужоҳид масжид биносини кўтариш деб тафсир қилганлар. “Масжидларнинг кўтарилиши”га бино қилиниши, супуриб-сидириш, нажосатлардан ва озор берувчи нарсалардан поклаш тушунилади. Ҳиссий обод этишга бўлган эътибордан доимо пок тутиш ва хушбўйлантириб туриш назарда тутилади.

Масжидларни обод этиш, яъни пок тутиш ва хушбўйлантиришга бўлган буйруқларни ўз ичига олган кўплаб ҳадислар ворид бўлган. Бу ҳолатни инсонлар масжидга намоз вақтларида, жума кунларида, рамазон ойида ва шу каби мунособатлар билан йиғилган ҳолатларда кўриш мумкин. Улар ташрифининг ўзи масжиднинг ҳиссий обод бўлишидир.

Ўнинчи восита: масжид кутубхонасини ташкил этиш. Масжид ичида ёки ёнида фойдаланиш ва мутолаа учун кутубхона барпо этиш илмий дарслар ва шаръий ҳукмларнинг ривожига улкан ҳисса қўшади. Албатта, бу масжид имомининг ва иқтидорли, тажрибали толиби илмнинг назорати ҳамда бошқаруви остида бўлади. Шубҳасиз, масжидга келаётган фарзандлар ишончли китобларни мутолаа қилиш имкониятига эга бўладилар. Натижада залолатга элтучиларнинг ҳамда бидъатчиларнинг китобларидан сақланиш учун ўзларида кучли иммунитет ҳосил қиладилар. Масжид аҳлини кутубхонани кўришга ва фойдали мутолаа билан машғул бўлишга қизиқтириш вожиб бўлади. Зеро, бу нарса кутубхоналар ташкил этишдаги асосий мақсаддир.


Ҳасанбой Эргашов таржимаси

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Куфа бозорини айланган ҳазрат Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу бир сотувчининг олдида тўхтадилар Бу зирҳ совутни кимдан ва қаердан олдингиз дедилар. Бу менга давоми...

2939 09:13 / 10 февраль
Аллома Ибн Абдулбарр ўз санади билан Ғолиби Қаттон роҳматуллоҳи алайҳнинг бир воқеасини ҳикоя қилиб беради. Бундан уларнинг қанчалик илмга муҳаббатли ва илм давоми...

1898 14:00 / 27.04.2023
Инсон бутун танага қон етказиб берадиган қалбдан ташқари руҳий қалбга ҳам эгадир. Бу руҳий қалб моддий қалбга олий даражада боғлиқ. Бу руҳий қалб воқеликда нафс давоми...

2778 16:42 / 04 март
.Яхшилик юзингизни машриқ ёки мағриб томонга буришингиз эмас. Лекин яхшилик қилувчи ndash Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобга, набийларга иймон келтирган давоми...

18937 20:19 / 10.05.2018
Аудиолар

118758 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40717 14:35 / 11.08.2021