1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Лавҳ, қалам ва тақдирининг ўзгармаслигига иймон

23:32 / 02.12.2016 7727 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

  Лавҳ ва қаламга, унга чизилган жамийки нарсага иймон келтирамиз. 

  Шарҳ: Лавҳдан мурод, Аллоҳ таоло халойиқнинг тақдирларини ёзган нарсадир. Қаламдан мурод, Аллоҳ таоло яратган ва у билан мазкур лавҳга қадарларни ёзган қаламдир.
Бас, лавҳга, қаламга ва қалам билан лавҳга ёзилган нарсага иймон келтириш лозимдир.
Далиллар:
1. «Балки у Қуръони мажиддир. Лавҳи маҳфуздадир» («Буруж» сураси, 1-оят);
2. «Нун. Қалам билан ва сатрларда ёзиладиган нарса билан қасам» («Қалам» сураси, 1-оят).
3. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, Аллоҳ Лавҳул маҳфузни оқ дурдан яратгандир. Унинг саҳифалари ёқутдандир. Қизилдир. Қалами нурдир. Китоби нурдир. Унда ҳар куни Аллоҳ учун уч юз олтмиш лаҳза бор. Унинг кенглиги осмон билан ернинг орасича. Ҳар куни унга уч юз олтмиш марта назар солади. Халқ қилади. Ризқ беради. Ўлдиради. Тирилтиради. Азиз қилади. Хор қилади. Хоҳлаган нарсасини қилади», деганлар.
(Тобароний «Муъжамул Кабийр»да ривоят қилган).
4. Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ биринчи халқ қилган нарса қаламдир. Бас, унга: «Ёз!»–деди. У: «Эй Роббим, нимани ёзай?»–деди. У зот таборака ва таоло «Қиёматгача бўладиган ҳар бир нарсанинг тақдирини ёз»,–дедилар. (Абу Довуд Убода ибн ас-Сомитдан ривоят қилган.)
Аллоҳ энг аввал халқ қилган нарса сувдир, кейин эса Аршдир. Бунинг далили имом Муслимнинг «Саҳиҳ»ида собит бўлган ҳадисдир.
Бу ҳадисда Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, Аллоҳ халойиқнинг тақдирларини осмонлару ерни яратишдан эллик минг йил аввал ёзгандир. Ўшанда Арши сув устида эди», деганлар.
Шундан очиқ-ойдин кўриниб турибдики, тақдирни ёзиш Аршни халқ қилгандан кейин бўлган. Шунингдек, сувни ҳам халқ қилгандан кейин бўлган. Бу билан баробар Қуръонда сувни яратиш, Аршни яратишдан олдин бўлгани очиқ-ойдин айтилган.
Аллоҳ таоло «Ва Арши сув устида эди», демоқда («Ҳуд» сураси, 7-оят).
Имом Аҳмад ва Термизий Абу Розий ал-Уқайлийдан ривоят қилган ҳадисда: «Албатта, сув Аршдан олдин халқ қилингандир», дейилган.
Агар халойиқнинг ҳаммаси жамланиб, Аллоҳ «бўлади» деб ёзиб қўйган нарсани бўлмайдиган қилишга уринсалар ҳам, унга қодир бўлмаслар. Агар уларнинг ҳаммаси жамланиб, Аллоҳ ёзмаган нарсани бўлдиришга уринсалар, унга ҳам қодир бўлмаслар. Қиёмат кунигача бўладиган нарсани қалам ёзиб бўлган.
Шарҳ: Бу жумлалардаюқорида зикр қилинган, ҳар бир нарса лавҳга ёзиб қўйилгани ҳақидаги маъно майдалаб тушунтирилмоқда.
Яъни, Аллоҳ бўлишини тақдир қилиб қўйган ишни борлиқдаги ҳамма халойиқ бўлдирмасликка ҳаракат қилсалар ҳам, албатта бўлади. Шунингдек, Аллоҳ лавҳга ёзмаган нарсани бўлдиришга уринсалар ҳам, бўлмайди. Чунки, тақдир қалами қиёматгача ҳар бир бўладиган ва бўлмайдиган нарсани ёзиб бўлган. Унинг сиёҳи қуриб бўлган.
Далиллар:
1. «Аллоҳ одамларга очган раҳматни тутиб қолувчи йўқ. У зот тутган нарсани эса, Ундан кейин юборувчи йўқ» («Фотир» сураси, 2-оят).
2. Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ё Аллоҳим! Сен берган нарсани манъ қилувчи йўқ. Сен манъ қилган нарсани ато қилувчи йўқ. Бойга сенинг ҳузурингда бойлиги наф бермас», деганлар. (Бухорий, Муслим)
3. Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Йўқ! Балки, қаламлар қуриган ва тақдир жорий бўлган нарсададир», деганлар. (Муслим Жобирдан ривоят қилган.)
4. Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ибн Аббос розияллоҳу анҳуга ўргатган нарсалари:
«Сен Аллоҳни муҳофаза қил: У сени муҳофаза қилади. Сен Аллоҳни муҳофаза қил, Уни қАршингда топасан. Қачонки, сўрасанг Аллоҳдан сўра. Қачонки ёрдам талаб қилсанг, Аллоҳдан ёрдам талаб қил. Билки, агар умматнинг ҳаммаси жамъ бўлиб, сенга бирор наф бермоқчи бўлсалар, Аллоҳ ёзган нарсадан бошқа нарсада ёрдам бера олмайдилар. Агар сенга бирор зарар етказиш учун жамъ бўлсалар, Аллоҳ ёзган нарсадан бошқа нарсада зарар етказа олмайдилар. Қаламлар кўтарилиб, саҳифалар қуригандир». (Термизий)
Бандадан адашган нарса, унга мусийбат бўла олмас, Унга етган мусийбат ундан адашиб кетмас.
Шарҳ: Бу ҳам тақдир қилинган нарса бўлмасдан қолишининг иложи йўқлигини баён қилишдир. Яъни, бандага етмай, ундан адашиб кетган бало ва мусийбатлардан Аллоҳ уни сақласа, ҳеч ким унга ўша бало ва мусийбатларни етказа олмайди. Унга етган бало ва мусийбатларни эса, ҳеч ким ундан арита олмайди. Чунки, Аллоҳнинг ҳукмини рад қилувчи ва Унинг қазосини манъ қилувчи ҳеч ким йўқ. У зот нимани тақдир қилса, бўлади. Нимани тақдир қилмаса, бўлмайди.
Далиллар:
1. «Сизга ер юзида ва ўз жонингизда нимаики мусийбат етган бўлса, уни яратишимиздан олдин китобда бордир. Албатта, бу Аллоҳ учун осондир. Қўлингиздан чиққан нарсага куймаслигингиз ва қўлингизга тушган нарсада қувонмаслигингиз учун» («Ҳадид» сураси, 22-оят).
2. «Қайси бир мусийбат етган бўлса, фақат Аллоҳнинг изни биландир» («Тағобун» сураси, 11-оят).
Бандага, албатта, Аллоҳнинг илми Унинг мавҳумотларида бўладиган ҳар бир нарсани аввалдан билишини, бас, ўша нарсани мустаҳкам ва ниҳоий равишда тақдир қилганини, халойиқнинг ичида на осмонларда ва на ерда Уни рад қилувчи, йўқ қилувчи, ўзгартирувчи, камайтирувчи ва зиёда қилувчи йўқ эканини билмоғи лозим. Бу, иймон тугунларидандир. Маърифат аслларидандир. Аллоҳ таолонинг тавҳиди ва Робблигини эътироф қилишдандир. Аллоҳ таоло Ўз китобида: «Ва У зот ҳар бир нарсани яратди ва унинг тақдиринии белгилади» («Фурқон» сураси, 2-оят), деган. Бошқа бир оятда: «Аллоҳнинг иши белгиланган қадар бўлган» («Аҳзоб» сураси, 38-оят), дейилган. Бас Аллоҳга қадарда хусуматчи бўлган, унга назар солиш учун маразли қалб ҳозир қилган, ўз ваҳмича ғайбни текширишга, беркитган сирни очишга уринган ва у ҳақда айтган гапи ила уйдирмачи – гуноҳкор бўлган кимсага ҳалокат бўлсин.
Шарҳ: Бу гап олдин зикр қилиб ўтилган, Аллоҳнинг илми коинотлардан олдин эканлиги, У зот уларни халқ қилишдан олдин тақдирларини белгилаб қўйганлиги ҳақидаги гапга биноан бўлмоқда.
Бу маъно, имом Муслим Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган қуйидаги ҳадисда ҳам келгандир: «Аллоҳ халойиқнинг тақдирларини осмонлару ерни халқ қилишдан эллик минг йил олдин белгилагандир. Ўшанда Унинг Арши сув устида эди».
Шундан билинадики, албатта, Аллоҳ таоло Ўзининг болиғ ҳикмати ила нарсаларнинг ўз вақтида вужудга келишини билган. Худди У зот билгандек бўлган. Чунки, махлуқотларнинг ғаройиб ҳикматлари ила ҳосил бўлишини фақат уларни мавжуд бўлишидан олдин билган зотгина тасаввур қила олиши мумкин.
Далиллар:
1. «Халқ қилган зот билмасмиди?! У дақиқ нарсаларни билувчи ва ўта хабардор зотдир» («Мулк» сураси, 14-оят);
2. «У зот сизларни яратди. Бас сизлардан кофир бор ва сизлардан мўмин бор. Аллоҳ нима амал қилаётганингизни кўриб-билиб турувчи зотдир» («Тағобун» сураси, 2-оят);
3. «У ҳар бир махлуқни ўта билувчи зотдир» («Йаасийн» сураси,79-оят);
4. «У ўта яратувчи, ўта билувчи зотдир» («Йаасийн» сураси, 81-оят).
Муаллифнинг:
«Бу–иймон тугунларидандир. Маърифат аслларидандир. Аллоҳ таолонинг тавҳиди ва Робблигини эътироф қилишдандир» деганларининг шарҳи: «Бу» билан қадарга иймонга ва Аллоҳнинг илми бўладиган нарсалардан олдин эканлигига иймонга ишора қилинмоқда. Яъни, иймон фақат қадарга таслим бўлиш ва Аллоҳнинг илми бўладиган нарсаларнинг яратилишидан ҳам олдин эканлигига таслим бўлиш билангина тўғри ва соғлом бўлади.
Шунингдек, тавҳид ҳам ва Аллоҳ таолонинг Робблигига иқрор бўлиш ҳам Аллоҳнинг мазкур сифатларига иймон келтириш билангина батамом бўлади. Ким Аллоҳдан бошқа яратувчи бор, деган даъвони қилса, мушрик бўлади. Бас, шундоқ экан, ҳар бир одам ўз амалини ўзи яратади, деб даъво қилган кимса ким бўлар эди?! Шунинг учун ҳам, Қадария мазҳабидагилар ушбу умматнинг мажусийларидир. Уларнинг ушбу умматнинг мажусийлари эканига далолат қилувчи ҳадислар «Сунан» китобларида ривоят қилингандир.
Далиллар:
1. «Ва У зот ҳар бир нарсани яратди ва унинг тақдирини белгилади» («Фурқон» сураси, 2-оят);
2. «Аллоҳнинг иши белгиланган қадар бўлган» («Аҳзоб» сураси, 38-оят).
Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг Жиброилнинг иймон ҳақидаги саволига жавоб бериб:
«Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, набийларига, қиёмат кунига иймон келтирмоғинг ва қадарга: яхшисию, ёмонига иймон келтирмоғинг», деганлар.
Билки, яратиш тақдирни ўз ичига олади. У икки қисмдан иборат бўлади:
1. Бир нарсани вужудидан олдин тақдир қилиш.
2. Ўша нарсанинг ўлчовини ва сифатини тақдир қилиш.
Яъни, Аллоҳ таоло унга белгили ўлчов қилади. Бунга, ушбу оятларда ишора қилинган:
«Бас, Аллоҳ ҳар бир нарсага қадар(ўлчов) қилгандир» («Талоқ» сураси, 3-оят) ва
«Ўлчовли қилган ва ҳидоятга солган зот» («Аъла» сураси, 3-оят).
Яъни, ҳар бир нарсанинг миқдорини ва кайфиятини ўлчовли қилди. Сўнгра, уни ўзи учун тақдир(ўлчов) қилинган нарсага ҳидоят қилди.
Муаллифнинг: «Бас, Аллоҳга қадарда хусуматчи бўлган, унга назар солиш учун маразли қалб ҳозир қилган, ўз ваҳмича ғайбни текширишга, беркитган сирни очишга уринган ва у ҳақда айтган гапи ила уйдирмачи гуноҳкор бўлган кимсага ҳалокат бўлсин», деган жумласининг шарҳи:
Яъни, кимки, қадар масаласида Аллоҳ таолога қАрши чиқса, хусумат қилса, талашиб-тортишса, тақдир ҳақида баҳс қилиш учун шак-шубҳа дардига чалинган қалби ила келса, унга ҳалокат ва залолат бўлсин. Чунки, у ўзининг нотўғри гумони ила, халойиқдан ғойиб бўлган қадарни текшириши ила, Аллоҳ таоло беркитган сирни очишга уринди. У ғайбни билмагани учун бу уриниши ила уйдирмачи, яъни гуноҳкор бўлди.
Билки, қалбнинг ҳам ҳаёти ва ўлими, беморлиги ва шифоси бор. Бу нарсаларнинг қалбдагиси бадандагисидан улкан бўлади.
Аллоҳ таоло:
«Аввал ўлик бўлган одамни тирилтириб, унга одамлар орасида юрадиган нурни бериб қўйсак, у билан зулматлар ичида ундан чиқа олмай юрган одам ўхшаш бўладими?» деган («Анъом» сураси, 122-оят).
Яъни, куфр ила ўлик эди, бас, уни иймон ила тирилтирдик, деган.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Шофеъий мазҳаби уламолариўн бешинчи мақолаИбн Сурайжҳ.306м.918Ибн Ҳиббонҳ.354м.965Ибн Фуракҳ.406м.1015Ибн Асокирҳ.571м.1175Ибн Муқрийҳ.837м.1433Ибн Касирҳ.774м.1372Ибн Қози давоми...

2324 14:00 / 31.08.2021
23. Абу Зарр Fифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ҳузуримга Жаброил алайҳиссалом келди. У менга.Умматингдан ким Аллоҳга ҳеч давоми...

8425 21:12 / 22.07.2017
Иймон Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, набийларига, охират кунига, қадарнинг яхшиёмони, шириначчиғи Аллоҳ таолодан эканлигига бўлади.Шарҳ Бу ерда давоми...

4687 18:06 / 28.10.2019
Аллоҳнинг борлигига ишонган одам У Зотни яхши таниши ҳам керак. Ақоид илми истилоҳи билан айтганда, маърифат ҳосил қилиши лозим. Бу маърифат эса Аллоҳ таолонинг давоми...

6515 14:00 / 21.01.2019
Аудиолар

118720 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40689 14:35 / 11.08.2021