636 12.08.2017

316. Абу Дардодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Лаънатловчилар қиёмат куни гувоҳ ҳам, шафоатчи ҳам бўла олмайдилар», дедилар». 

Шарҳ: Қиёмат куни лаънатловчи одам олий мартабага эриша олмас экан. Бу дунёда беодоб, бадхулқ киши сифатида ном қозонган, обрўсини йўқотган одамларнинг аҳволи у дунёда яна ҳам оғирроқ бўлиб, қиёмат куни на шафоати, на гувоҳлиги қабул бўлмайди. 

Аллоҳ таоло бундай ҳолатдан Ўзи сақласин.

317. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сиддиқ киши лаънатловчи бўлмайди», дедилар». 

Шарҳ: Лаънатловчи киши сиддиқ бўла олмайди. Сиддиқлик ниҳоятда улуғ, юксак мартаба. Ҳар бир мўмин учун ғоятда улуғ бу мартаба лаънатловчи одамга насиб қилмас экан.

Шунинг учун бировни сўкиш, лаънатлаш ишларидан йироқ бўлишга интилиш лозим.

318. Ҳузайфадан ривоят қилинади:

«Қайси қавм бир-бири билан лаънатлашса, икковига ҳам лаънат вожиб бўлади».

Шарҳ: Бир-бири билан уришиб, ёвлашиб, лаънат айтган қавмнинг икковига ҳам лаънат юқар экан.

 

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Одоблар ҳазинаси китобидан)