3844 21.06.2017

Аллоҳ жалла шаънуҳу:

«Албатта, Биз у(Қуръон)ни Қадр кечасида туширдик. Қадр кечаси нима эканлигини сенга нима билдирди? Қадр кечаси минг ойдан яхшидир. Унда фаришталар ва Руҳ Роббилари изни билан барча ишлар учун тушадир. У то тонг отгунча салом (тинчлик)дир», деган («Қадр» сураси, 1-5-оятлар).

Шарҳ: Ушбу суранинг номи биринчи оятидаги «Лайлатул Қадр» калимасидан олинган.

Бу муборак кеча икки хил маънода «қадр», деб аталади. Биринчиси – «қадр», яъни қадри улуғ, иккинчиси – «қадар», яъни бандаларнинг қадарини белгилашдир.

Чунки Қадр кечаси қадри улуғ кечадир. Қадр кечасида бандаларнинг бир йиллик қадарлари – тақдирлари белгиланади ва сураи карима бошидан охиригача муборак Қадр кечасига бағишлангандир.

Барча халқларда ўтган улуғ кишиларни, маш­ҳур кунлар, дастурлар ёки бошқа муносабатларни байрам қилиш одат тусига кирган. Улар ана шу байрамларда еб-ичиш, ўйнаб-кулиш, ароқхўрлик, турли фисқу фужурни хоҳлаганча қилишга қулай фурсат топадилар.

Исломда эса байрам ўзига хос бўлади. Илоҳий дастур байрами бўлмиш Қадр кечаси шулардан биттасидир.

Чунки худди шу кечада Қуръони Карим нозил этила бошлаган. Бу байрамда қалбни поклаш, виждонни сайқаллаш имкони бор. Аллоҳга яқинлик ҳосил қилиш учун ҳам бу кечада бедор бўлиб, ухламасдан ибодат қилинади.

Қадр сурасида Аллоҳ таолонинг мусулмонларга Ўзи берган улкан неъмати – уларни зулматдан нурга олиб чиққан Қуръони Каримни нозил қилганини эслатиши бежиз эмас.

Шу ўринда сиз азизларга «Қадр» сурасининг батафсил шарҳини баён этишни лозим топдик.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

1. «Албатта, Биз у(Қуръон)ни Қадр кечасида туширдик».

Бу ояти каримада зикр қилинаётган Қуръони Каримнинг туширилиши унинг Лавҳул Маҳфуздан бу дунё осмонига туширилишидир.

Бу маъно Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда келтирилган. Ана шу ҳодиса Қадр кечасида содир бўлганлигини ушбу ояти карима очиқ баён этиб турибди.

Қуръони Карим Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бу дунё осмонидан бўлиб-бўлиб, йигирма уч йил давомида туширилган.

Демак, бу ояти кариманинг маъноси «Биз Қуръонни Лавҳул Маҳфуздан бу дунё осмонига Қадр кечасида туширдик», дегани бўлади.

2. «Қадр кечаси нима эканлигини сенга нима билдирди?»

Яъни унинг ҳақиқатини, фазлини тўла тушунишинг қийин. Шунинг учун уни Ўзимиз айтиб берамиз.

3. «Қадр кечаси минг ойдан яхшидир».

Чунки бу кечада Қуръон нозил бўлган ва бу кечадаги ибодатнинг фазли минг ойлик ибодатдан афзал.

Мана шу оятнинг тафсирида аллома Ибн Касийр жумладан қуйидагиларни ёзганлар:

«Бир кишининг силоҳ олиб, Аллоҳнинг йўлида минг ой жиҳод қилганлиги ривоят қилинди. Расу­лул­лоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва мусулмонлар бундан ажабландилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларига ҳам шундай бўлишини орзу қилиб:

«Эй Роббим, менинг умматимни умматлар ичида умри қисқа, амали оз қилдинг!» дедилар.

«Лайлатул Қадр сенга ва умматингга ўша одам жиҳод қилган минг ойдан яхшироқдир», деди Аллоҳ таоло».

Қадр кечасининг яна бир фазийлати қуйидаги оятда баён қилинади:

4. «Унда фаришталар ва Руҳ Роббилари изни билан барча ишлар учун тушадир».

Бу оятдаги «Руҳ»дан мурод Жаброил алай­ҳиссаломдир. Қадр кечасида Жаброил алайҳиссалом бошчиликларида фаришталар Аллоҳ таоло келаси йилгача тақдир қилган ишлар билан тушадилар. Бу ҳам Қадр кечасининг шарафини оширади.

Қадр кечасининг учинчи фазийлати қуйидаги ояти каримада баён қилинади:

5. «У то тонг отгунча салом (тинчлик)дир».

Яъни Қадр кечаси тонг отгунча салом ва тинч­лик-омонлик кечасидир. Унда фаришталар мўминларга салом берадилар. Унда Аллоҳ таоло инсонларга фақат тинчлик-омонликни тақдир қилади.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки Қадр кечасини иймон ва савоб умидида бедор ўтказса, унинг барча гуноҳлари кечирилади», деганлар.

Бу кечани бедор ўтказиш эса намоз ўқиш, дуо қилиш, истиғфор айтиш ва Қуръон қироати билан бўлади.

1283. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким Лайлатул Қадрни иймон ва савоб умидида қоим бўлиб ўтказса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинур», дедилар».

Бешовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: «Қоим» лафзи луғатда «тик туриш» маъносини англатади. Истилоҳда эса, кечани ибодат билан ухламай ўтказишга айтилади.

Қадр кечасини бедор ўтказиш қандай бўлади?

Бу саволга уламоларимиз батафсил жавоб берганлар.

Аввало, бу кечани қоим бўлиб ўтказиш учун ўша кеча Хуфтон ва Бомдод намозларини жамоат билан ўқиш керак. Чунки бир ҳадисда «Ким Хуфтонни жамоат билан ўқиса, кечанинг ярмини бедор ўтказган бўлади», дейилган.

Бошқа бир ҳадисда эса «Ким Бомдод намозини жамоат билан ўқиса, кечанинг яримини бедор ўтказган бўлади», дейилган.

Қолаверса, кечанинг қолган қисмида нафл намоз ўқиб, Қуръон тиловат қилиб, зикр ва дуо қилиб чиқиш лозим.

Ана шунда кечани бедор ўтказган бўлади ва ҳадисдаги Қадр кечасини иймон ва ихлос билан қоим бўлиб ўтказганларга қилинган ваъда – ўтган гуноҳларнинг мағфират қилинишига эришилади.

1284. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ривоят қилинади:

«У зотга ўзларидан аввалги одамларнинг умрлари ёки шундан Аллоҳ хоҳлаганича кўрсатилди. У зотга умматларининг умри улардан бошқалар умрлари узунлиги ила етган нарсага амал билан ета олмайдиган (даражада) қисқа кўринди. Аллоҳ таоло у зотга минг ойдан яхши бўлган Лайлатул Қадрни ато этди».

Имом Молик ривоят қилган.

Шарҳ: Аввал ўтган умматларнинг умрлари узун бўлганлиги учун улар кўп солиҳ амаллар қилиб, кўп савоб олишга муяссар бўлганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам буни билганларидан кейин, у зотга умматларининг умри қисқа кўриниб кетган. Узун умрли умматларга ҳавас қилгандек бўлганлар. Ўз умматларининг умри ҳам узун бўлишини, улар ҳам кўп яхши амал қилиб, кўп савобларга эришишларини орзу қилганлар. Ана шунда Аллоҳ таоло у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга Қадр кечасини берган.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг умматларига берилган Қадр кечаси аввалги умматларнинг минг ойидан кўра яхши қилиб берилган. Яъни Муҳамммад уммати биргина Қадр кечасида ибодат қилиш билан бошқа умматларнинг минг ой қилган ибодати савобидан кўпроқ савоб олиш имконига эга бўлдилар.

Уламоларимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматига Қадр кечасининг берилиши ва Қадр сурасининг нозил бўлишига оид бир қанча ривоятларни келтирганлар. Биз ҳам ана шулардан баъзиларини эслаб ўтсак, фойдадан холи бўлмас.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни саҳобаи киромларга қуйидаги ривоятни айтиб берибдилар:

«Аллоҳ таоло ўтган подшоҳлардан бирига минг­та ўғил берган экан. У ўғилларидан бирини жиҳодга тайёрлар ва жангга юборар эди.

Ўғил чиқиб, бир ой жиҳод қилиб, шаҳид бўлар эди. Сўнгра подшоҳ бошқа ўғлини жиҳодга юборар эди. У ҳам чиқиб, бир ой жиҳод қилгандан сўнг шаҳид бўлар эди.

Шундай қилиб, ҳаммалари шаҳид бўлибди. Подшоҳнинг ўзи эса тоат-ибодатда бардавом бўлиб, Аллоҳга ҳамд айтиб, шукр қилар экан. У катта лашкар тўплаб, ўзи бошлиқ бўлиб, жиҳодга чиқибди. Ва ниҳоят ўзи ҳам шаҳид бўлибди».

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу қиссани эшитган саҳобалар ҳалиги подшоҳга ҳавас қилибдилар. Ўшанга ўхшаш улуғ ишлар қилишни хоҳлабдилар. Шунда Аллоҳ таоло уларга минг ойдан яхши қилиб, Лайлатул Қадрни берди.

Ибн Абу Ҳотим қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни Бани Исроил пайғамбарларидан тўрттасини: Айюб, Закария, Ҳузайқийл ва Юшаъ ибн Нун алайҳиссаломларни эсладилар. Улар Аллоҳга саксон йил ибодат қилганлар. Бир кўз очиб, юмгунча ҳам осий бўлмаганлар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари бундан ғоятда ажабландилар. Шунда у зотнинг ҳузурларига Жаброил келди ва:

«Умматинг шундан ажабландими? Аллоҳ таоло сизларга ундан кўра яхшисини нозил қилди», деди. Ва у зотга «Иннаа анзалнаҳу фии лайлатил Қадр»ни тиловат қилиб берди. Сўнгра:

«Бу сенинг умматинг ажабланган нарсадан афзалдир», деди. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зот билан бирга одамлар ҳам масрур бўлдилар».

Имом Байҳақий ва Ибн Абу Ҳотимлар қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Бани Исроилдан бир кишини зикр қилдилар. У одам Аллоҳнинг йўлида минг ой силоҳ кўтарган экан.

Мусулмонлар бундан ажабландилар. Шунда Аллоҳ Қадр кечасини нозил қилди. У минг ойдан яхшидир. Бу иш уларнинг умрлари қисқа бўлганининг эвазигадир. Бас, шу билан олдингиларга етиб олурлар. Батаҳқиқ, улардан ўзиб ҳам кетдилар».

Демак, Қадр кечасини топишга жиддият ила ҳаракат қилмоғимиз лозим. Хўш, у кеча қайси кечадир?

У РАМАЗОННИНГ ОХИРГИ ЎН КЕЧАСИДА

1285. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон (охирги) ўнлик кирса, белни маҳкам боғлаб, кечани тирилтирар ва аҳлларини уйғотар эдилар».

Бешовлари ривоят қилганлар.

Термизийнинг лафзида:

«Охирги ўнликда ундан бошқада қилмаган ижтиҳодни қилар эдилар», дейилган.

Шарҳ: Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Рамазоннинг охирги ўн кечасида белни маҳкам боғлаб, тунни бедор ўтказишлари, аҳли аёлларини ҳам уйғотиб, ибодатга чорлашлари, ўша кечаларнинг фазли улуғлигидан, уларнинг ичида Қадр кечаси борлигидандир.

Биз ҳам севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олиб, мазкур кечаларда астойдил бўлиб, бедорлик билан ибодат қилишимиз, аҳли аёл ва атбоъларимизни ҳам Рамазоннинг охирги ўн кечасининг ибодатига чорлаб, уларни ҳам хайру барака ва савобдан баҳраманд бўлишга даъват қилишимиз лозим.

1286. Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазоннинг охирги ўн кунида эътикоф ўтирар эдилар ва:

«Қадр кечасини Рамазоннинг охирги ўнлигидан изланглар», дер эдилар».

Икки шайх ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Пайғамбар алайҳиссаломнинг мазкур ўн кунликда эътикоф ўтиришлари уларда Қадр кечаси борлиги учундир. Чунки ўн кечаю кундуз узлуксиз масжидда эътикоф ўтирган одам Қадр кечасини топиши муқаррар.

Шунинг учун ҳам ҳозирда аҳли солиҳ кишилар доимо Рамазони шарифнинг охирги ўн кунлигида эътикоф ўтиришга ҳаракат қиладилар. Ҳар бир имкони бор киши бу ишни қилса, жуда ҳам яхши бўлади.

1287. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан баъзилари тушларида Қадр кечасининг охирги етти (кеча)да эканлигини кўрдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Тушингиз охирги етти кечага мувофиқ келаётганини кўрмоқдаман. Ким у(кеча)ни излайдиган бўлса, уни охирги етти (кеча)да изласин», дедилар».

Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Мўмин кишининг туши ваҳий кабидир. Азоннинг саҳобалар кўрган тушлари сабабли шариатга киритилганини аввал ўрганиб ўтган эдик. Мана энди саҳобаи киромларнинг тушлари Қадр кечасини аниқлашга ёрдам бермоқда. Аввалги ҳадисларда айтилган ўн кеча етти кечага қисқартирилиб, Қадр кечасини ана шу етти кечадан излашга тарғиб қилинмоқда.

1288. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қадр кечасини Рамазоннинг охирги ўн (кечаси)нинг тоқ (кеча)ларида изланглар», дедилар».

Икки шайх ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифга биноан, Қадр кечасини Рамазони шарифнинг йигирма биринчи, йигирма учинчи, йигирма бешинчи, йигирма еттинчи ва йигирма тўққизинчи кечаларида излаш керак бўлади.

1289. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қадр кечасини Рамазоннинг охирги ўн(кечаси)да изланглар: тўққиз (кеча) қолганида, етти (кеча) қолганида, беш (кеча) қолганида», дедилар».

Учовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ривоятга биноан, Қадр кечасини йигирма биринчи, йигирма учинчи ва йигирма бешинчи кечаларда излаш керак бўлади.

1290. Абу Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазоннинг аввалги ўн (кунлик)да эътикоф ўтирдилар. Сўнгра ўрта ўн (кунлик)да эшиги бўйрадан бўлган кичик қубба ичида эътикоф ўтирдилар. Кейин бўйрани қўллари билан олиб, қуббанинг бир томонига сурдилар-да, бошларини чиқариб, одамларга гапирдилар. Улар у зотга яқинлашдилар. Шунда у зот:

«Мен ушбу кечани излаб, аввалги ўн (кунлик)да эътикоф ўтирдим. Сўнгра ўрта ўн (кунлик)да эътикоф ўтирдим. Кейин менга келинди ва «У (кеча) охирги ўн (кунлик)дадир», дейилди. Бас, сиздан ким эътикоф ўтирмоқчи бўлса, ўтирсин», дедилар.

Шунда одамлар у зот билан эътикоф ўтирдилар. У зот:

«Менга тушимда унинг тоқ кеча эканлиги ва унинг тонгида лой ва сувга сажда қилишим кўрсатилди», дедилар.

Бас, йигирма биринчи кеча тонги отиб, Бомдод намози бўлганида осмондан ёмғир ёғди. Масжидга чакка ўтди. Лой ва сувни кўрдим. Бас, у зот масжиддан пешоналари ва бурунларининг учи лой ва сув бўлган ҳолларида чиқдилар. Қарасам, у охирги ўн (кунлик)даги йигирма биринчи(кеча) экан».

Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.

Бошқа бир ривоятда:

«Менга Лайлатул Қадр кўрсатилди. Сўнгра эсимдан чиқарилди. Унинг тонгида лой ва сувга сажда қилаётганимни (тушимда) кўрдим», дедилар. Йигирма учинчи кечада ёмғир ёғди», дейилган.

Шарҳ: Одатда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам масжиднинг бир бурчагида бўйраларни тиклаб, бир кишилик қубба ясаб олиб, эътикоф ўтирганлар. Жамоат намози вақти бўлганда чиқиб, намозга ўтганлар ва яна қуббага кириб, ибодатда давом этганлар.

Ушбу ривоятда келишича, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бир йили кичик қубба ичида Рамазоннинг биринчи ва иккинчи ўн кунликларида эътикоф ўтирганлар. Учинчи – охирги ўн кунлик келганда эса қуббанинг бўйрадан бўлган эшигини очиб, бошларини ташқарига чиқарганлар. Масжидда ўтирган кишилар бу ҳолни кўриб, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга яқин келдилар.

Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Қадр кечасини излаб, Рамазоннинг аввалги ва ўрта ўн кунликларида эътикоф ўтирганлари, аммо тушларида у кеча охирги ўн кунликда эканлиги, ўша кечанинг аломати ўлароқ, у зот тонгда лой ва сувга сажда қилишлари кўринганлигини сўзладилар. Сўнгра одамларни ҳам эътикоф ўтиришга тарғиб қилдилар.

Бир куни тонгда ёмғир ёғди. Масжиди Набавий­нинг томи хурмо шохлари билан ёпилган эди, холос. Ёққан ёмғирнинг кўп қисми масжиднинг ерига тушар эди. Бомдод намози ўқилганда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак пешоналари ва бурунлари учига лой ва сув тегди. Кишилар дарҳол Қадр кечасининг аломатини эсладилар. Қарашса, йигирма биринчи кеча экан.

Бу ҳолдан воқиф бўлган уламоларимиз «Қадр кечаси бир йил у кечада, бир йил бу кечада бўлиб, кўчиб юради», деган фикрни айтганлар. Шунинг учун у кечани топмоқчи бўлган киши Рамазон ойининг ҳамма кечаларини ибодат билан ўтказса, шубҳасиз, уни топган бўлади. Зотан, Лайлатул Қадрни маълум бир кечага тайин қилмасликдан мақсад ҳам кишиларнинг бир кечага эътимод қилиб қолмасдан, Рамазони шарифнинг барча кечаларида ибодат қилиб, кўпроқ ажру савоб олишларига эришишдир.

УНИНГ ЙИГИРМА ЕТТИНЧИДА ЭКАНЛИГИ МАШҲУР

1291. Зирр ибн Ҳубайш розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Убай ибн Каъбдан:

«Биродаринг Ибн Масъуд «Ким йилни бедор ўтказса, Лайлатул Қадрни топади», дейдими?» деб сўрадим.

«Унга Аллоҳ раҳм қилсин. Одамлар суяниб қолмасин, демоқчи бўлгандир. Аслида у у(кеча)нинг Рамазонда эканлигини, охирги ўн (кунлик)да эканлигини ва йигирма еттинчи кечада эканлигини аниқ билган», деди.

Сўнгра «Иншааллоҳ», демасдан, қасам ичиб, у йигирма еттинчи кеча эканлигини айтди.

«Буни нимага асосланиб айтмоқдасан, эй Абу Мунзир?» дедим.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга хабар берган аломат ёки белги асосида. Ўша куни қуёш ёғду сочмай чиқади», деди».

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Абу Довуднинг лафзида:

«Аломати нима?» дедим.

«Ўша кечанинг тонгида қуёш кўтарилгунча тоғорага ўхшаб, ёғду сочмайди», деди», дейилган.

Шарҳ: Аввало, ҳадиснинг ровийси Зирр ибн Ҳубайш розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик:

Зирр ибн Ҳубайш ибн Ҳабаша ибн Авс ал-Асадий. Улуғ тобеъинлардан бўлиб, жоҳилиятда ҳам, Исломда ҳам яшадилар, лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрмадилар.

У киши Қуръон олими ва фозил зотлардан эдилар. Ҳатто, Ибн Масъуд ҳам араб тили ҳақида шу зотдан сўрар эдилар.

Зирр ибн Ҳубайш розияллоҳу анҳу Куфада истиқомат қилдилар. 120 йил умр кўрдилар.

У зот ҳижратнинг 83-йили Жаможим воқеасида вафот этдилар.

Зирр ибн Ҳубайш розияллоҳу анҳу ҳадисларни Умар ибн Хаттоб, Усмон ибн Аффон, Али ибн Абу Толиб, Абу Зарр, Ибн Масъуд, Абдурраҳмон ибн Авф, Аббос, Убай ибн Каъб, Сафвон ибн Ассол, Оиша онамиз розияллоҳу анҳумолардан ривоят қилдилар.

Одатда қасам ичганда «иншааллоҳ»ни қўшиб қўйиш орқали бир оз енгиллик яратиш, мабодо гап нотўғри бўлиб қолса, гуноҳкор бўлмаслик кўзда тутилади.

Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳунинг Қадр кечаси Рамазоннинг йигирма еттинчи кечасида эканлигига «иншааллоҳ»ни қўшмай қасам ичишлари эса бунга қаттиқ жазмлари борлигига, масалани аниқ билишларига далолат қилади.

Абу Мунзир – Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳунинг кунялари.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Абдуллоҳ ибн Масъуд одамларга «Қадр кечасини йил давомида излаш керак», деб айтар эканлар. Ушбу фикрни бошқа кишилар ҳам айтганлар.

2. Бу фикрни айтишдан мақсадлари кишилар маълум бир кеча ёки кечаларга эътимод қилиб, ўшаларнигина бедор ўтказиб, йилнинг бошқа кечаларини ибодатсиз, бепарво бўлиб ўтказмасин, дейиш экан.

3. Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу Қадр кечаси Рамазони шарифнинг йигирма еттинчи кечаси эканлигига жазм қилганлар.

Бутун Ислом уммати ичида ҳам ушбу фикр машҳур. Ушбу фаслнинг номи ҳам шунга далолат қилмоқда.

4. Аниқ билиб, жазм қилган нарсага «Иншаал­лоҳ», демай қасам ичса ҳам бўлавериши.

5. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Қадр кечасининг аломати борлиги ҳақида хабар берганликлари.

6. Лайлатул Қадр бўладиган кечанинг тонгида қуёш тоғорага ўхшаб, атрофга ёғду сочмай чиқиши.

Чунки ўша пайтда кўплаб фаришталар чиқиб-тушиб турганлари учун қуёшнинг ёғдусини тўсиб қўяр эканлар.

Демак, Рамазони шарифнинг барча кечаларида бедор бўлиб, ибодат қилишга уриниш билан бирга йигирма еттинчи кечага алоҳида эътибор бериш лозим.

1292. Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Лайлатул Қадр йигирма еттинчи кечадир», дедилар».

Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилганлар.

Шарҳ: Рамазони шарифнинг йигирма еттинчи кечасида бедор бўлиб, аҳли аёлини ҳам, ёру дўстларни ҳам ибодатга чорлаб туриш лозим.

Аллоҳ таоло ўша кечанинг баракотидан минг ойлик ибодатнинг ажру савобидан кўра яхшироқ ажру савоб беришидан умидвор бўлиш керак.

Ана шу кечанинг ва ундаги бедорлик, ибодат, намоз, Қуръон тиловати, тавба-тазарруъ ҳамда дуолар фазлидан ўтган гуноҳларни кечиришидан умидвор бўлиш лозим.

Бу ишни ҳар бир шахс, ҳар бир оила, ҳар бир жамоа, ҳар бир қавм яхшилаб йўлга қўйиши керак. Зотан, баъзи бир ҳолларда Қадр кечасини бедор ўтказишга уринмайдиганлар ҳам йўқ эмас. Аммо ўша уринишларда таом, шароб, бекорчи гап-сўзлар ғолиблик даражасига кўтарилиб қолмаслиги керак.

Қадр кечасида намозларини албатта жамоат билан ўқиб, қолган вақтда нафл намоз ўқиш, Қуръон тиловат қилиш, зикру дуо қилиш, диний илм ўрганиш билан машғул бўлиш лозим.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  («Ҳадис ва ҳадис» китобидан)