595 13.05.2017

Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Бир киши «Лаа илааҳа иллаллоҳу, Муҳаммадур Расулуллоҳ» деб чин қалбдан шаҳодат келтирган бўлса, албатта, Аллоҳ уни дўзахга ҳаром қилади», дедилар. У: 

«Эй Аллоҳнинг Расули, бунинг хабарини одамларга айтайми, хурсанд бўлсинлар», деди. 

«Ундай бўлса, суяниб қолурлар», дедилар. 

Муъоз ўлимидан олдин гуноҳдан қўрқиб, бу хабарни берган».

Шарҳ: Бу ҳадиси шариф Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: 

«Умматимнинг ичида ҳалол-ҳаромни ажратувчиси Муъоздир». 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна:

«Қиёмат кунида Муъоз ибн Жабал уламоларнинг имомидир», деб айтдилар. 

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтадилар:

«Хотинлар Муъоз ибн Жабал сингари фарзанд туғишдан ожиздирлар. Агар Муъоз бўлмаса, Умар ҳалок бўлибди».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муъоз розияллоҳу анҳуни Яманга, дин таълимотларини ўргатиш учун юбораётганларида: 

«Эй Муъоз, нима билан ҳукм чиқарасан?» деб сўрадилар. 

Шунда Муъоз розияллоҳу анҳу: 

«Аллоҳнинг Китоби билан», деб жавоб бердилар.

«Агар Аллоҳнинг Китобидан тополмасанг-чи?» дедилар. 

«Аллоҳнинг Расулининг суннатлари билан», деди.

«Ундан ҳам тополмасанг-чи?» дедилар. 

«Раъйим ила ижтиҳод қиламан ва бўшашмайман», деди. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзлари хурсандликка тўлган ҳолда:

«Аллоҳга ҳамдлар бўлсин, Аллоҳ Расулининг элчисини Аллоҳни ва Унинг Расулини рози қиладиган нарсага йўллади», дедилар.

Муҳожирлардан бўлган Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Муъоз ибн Жабалнинг тутинган исломий биродари эдилар. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қуръонни тўрт кишидан олинглар», деб айтдилар. Шуларнинг бири Муъоз ибн Жабалдир.

Умар ибн Хаттоб халифалик даврларида Фаластин яқинидаги «Амовас» деган жойга вабо касали тарқалди. Мана шу вабо сабабли Муъознинг икки хотинлари, ўғли Абдурраҳмон вафот этди. Муъоз ибн Жабал ҳам ушбу хасталик сабабли ҳижратнинг 18-йили 38 ёшларида бу оламдан кўз юмдилар.

Мазкур ҳадиси шариф ҳам ўзидан олдинги ҳадиси шарифга ўхшайди. Қўшимча маънолар эса ҳадиснинг охирида келган. Ҳадисни ривоят қилувчи саҳобий Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу тавҳид эгаларига бўлган буюк ваъдани эшитганларидан сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга: 

«Эй Аллоҳнинг Расули, бунинг хабарини одамларга айтайми, хурсанд бўлсинлар», дедилар.

Шу гапнинг ўзи бу масаланинг нақадар нозик эканини кўрсатиб турибди. Чунки бошқа масалаларда саҳобалар «Бу хабарни одамларга айтаверайми?» деб сўраганлари маълум эмас. Аксинча, саҳобалар ҳар бир эшитган нарсаларини бошқа одамларга етказишни бурч деб билганлар. Муъоз ибн Жабал бу хабарни одамларга етказсалар, бирор тушунмовчилик бўлишидан хавфсираб, шундай саволни берганлар. Бу ҳақиқатни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуга берган жавобларидан ҳам фаҳмлаб оламиз.

«Ундай бўлса, суяниб қолурлар», дедилар». 

Яъни, агар одамларга айтсанг, бу гапга суяниб, амал қилмай қолурлар, демоқчилар. Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларида ҳам одамлар бу гапни нотўғри тушуниб, амал қилмай қўйишлари мумкин, деган фикр бўлган. Шунинг учун саҳобага бу гапни одамларга айтишга рухсат бермаганлар. Афсуски, кейинчалик ушбу хавфсиралган нарса юзага чиқди, одамлар ичида бу гапни нотўғри талқин қилиб, Ислом дини рукнларига амал қилмайдиганлар тоифаси пайдо бўлди. Бу масалани нотўғри тушуниш «Дўзахда абадий қолмайди» деган тушунчани «Дўзахга тушмайди» деган тушунчага алмаштириб олиш билан юзага келди.

Энди ҳадиси шарифни чуқурроқ ўрганиб чиқайлик. Унда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бир киши «Лаа илааҳа иллаллоҳу, Муҳаммадур Расулуллоҳ» деб чин қалбдан шаҳодат келтирган бўлса», демоқдалар.

Уламоларимиз «Чин қалбдан» деганларидан мунофиқларнинг шаҳодати ўтмаслиги тушунилади, дейдилар. Худди шу ибора билан бошқа жойларда гапнинг амалга мос келиши ҳам ифода қилинган.

Айни пайтда, бундан «Шаҳодат калимасини айтганларнинг барчаси дўзахга тушмайди», деган маъно эмас, балки «Чин қалбдан айтганлари, яъни айтганини амал билан тасдиқлаганлари кирмайди», деган маъно чиқади, дейдилар. Чунки бошқа далиллар тавҳид аҳлларининг осий бўлганлари дўзахга тушишини таъкидлайди.

Демак, тавҳид аҳлидан ким дўзахга тушиши, ким тушмаслиги аниқ. Шунинг учун Муъоз розияллоҳу анҳуга бу гапни одамларга айтишга изн берилмади.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Шаҳодат калимасининг улуғ нарса экани.

2. Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳунинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида мартабалари баланд экани.

3. Устоздан, раҳбардан иккиланган нарсасини сўраб олиш, одамларга айтиш-айтмасликни аниқлаб олиш зарурлиги.

4. Фаҳмли, ақлли кишиларга кўпчиликка айтиб бўлмайдиган гапни айтиш мумкинлиги.

5. Латиф маъноларни тушунмайдиган, калтафаҳм, илмсиз кишиларга қийин маъноли гапларни айтмаслик.

6. «Лаа илааҳа иллаллоҳу, Муҳаммадур Расулуллоҳ» деган одам дўзахга кирмайди, каби гапларни одамларга айтавермаслик кераклиги.

Имом Бухорий ривоят қиладилар: 

«Улуғ тобеъинлардан Ваҳб ибн Мунаббиҳга: 

«Лаа илааҳа иллаллоҳу» жаннатнинг калити, дейишади?» дейилганда, у киши: 

«Ҳа, албатта, калит тишсиз бўлмайди. Агар тиши бор калит олиб келсанг, сенга очилади. Бўлмаса, очилмайди», деган эканлар.

Келгуси ҳадисларни ўрганганимиздан кейин бу масала яна ҳам ойдинлашади.