1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳаж

Қурбонликнинг ҳақиқати

05:00 / 16.01.2017 4597 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бизларни Зулҳижжа ойининг мана шу муборак кунларига етказган Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсин!

Бу кунларнинг фазилатларини-тутилган рўзаларнинг чандон савоблик эканлигию, туну кун бедорлик билан қилинган ибодатларни мукофотларини зикр қилиб ўтган Жанобимиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга саловотлар бўлсин!

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрганиб, бизларга намуна бўлган, бу кунлардаги амалларни тўлиғи билан бажарган, йўл-йўриғи билан ўргатган у зотнинг оила аъзолари, саҳобалари ва уларнинг издошларига Аллоҳ розилиги бўлсин! 

Икки ийд кечаларининг фазилати

Шайх Абдуллоҳ муҳаддис Деҳлавий айтадилар: “Мухтор гап шуки, зулҳижжанинг аввалги ўн куни ҳам, рамазон ойининг охирги ўн кечаси ҳам афзал. Валлоҳу аълам”.

Ибни Можадан Зулҳижжанинг икки ийднинг фазилати ҳақида келтирилади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Қай бир киши икки ийд, яъни рамазон ва қурбон ҳайити кечаларини савоб талаб қилган ҳолда бедор ўтказса, барчанинг қалби ўладиган кунда унинг қалби ўлмайди”, дедилар.        

 (Аҳкоми ҳаж, суннати Иброҳим 491 бет)

Такбир ва ташриқ

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Бирор кун Аллоҳ таолонинг наздида Зулҳижжа ойининг дастлабки ўн кунидан афзал эмас, ва яна бирор кунда қилинадиган амал бу кунларда қилинадиган амаллардан афзал бўлолмайди. Бас, бу кунларда хоссатан “Ла илаҳа иллоллоҳу валлоҳу акбар” калимасини кўпайтиринглар”. 

(Дуррул мансур Байҳақий)

ФОЙДА: Ўн куннинг барчасида яъни, зулҳижжанинг аввалидан тўққизинчи кунигача такбир ва таҳлилни кўпайтириш маҳбуб амалдир. Бу нарса юқоридаги ривоятдан маълум бўлди. Лекин тўққизинчи кунининг бомдод намозидан ўн учинчи кунининг аср намозигача ҳар фарз намоздан кейин баланд овоз билан бир маротаба такбир айтмоқлик вожибдир.

Шунингдек “Осори сунан”да Ибн Абу Шайбанинг ҳаволасидан Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амалларини ривоят қилиб айтади: 

Байҳақий Жобир ибн Абдуллоҳдан ривоят қилади: 

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам зулҳижжанинг тўққизинчи куни аввалидан  ташриқ кунининг охири (зулҳижжанинг ўн учинчи куни аср намози)гача такбир айтардилар”. 

(Байҳақий аҳкоми ҳаж, 294  бет).

МАСАЛА: 

•    Зулҳижжанинг тўққизинчи куни бомдод намозидан, ўн учинчи кунининг аср намозигача 

•    жамоат билан

•    муқим бўлган ҳолда

•    шаҳарда бўлиш шарти билан такбири ташриқни бир марта баланд овозда айтмоқлик вожибдир. 

Аммо мусофир, ёлғиз намоз ўқувчи ва аёлларга вожиб эмас. Лекин буларнинг барчасига айтиш вожиб деган уламолар ҳам бор. Шунинг учун булар ҳам айтсалар яхши бўлади.

Такбири ташриқ лафзлари қуйидаги иборалардир: 

“Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, Ла илаҳа иллоллоҳу валлоҳу акбар, Аллоҳу акбар ва лиллаҳил ҳамд”

(Заволус сунна ан аъмалис сунна 37 бет)

Зулҳижжа ойининг ой тўлган кунларидаги рўза.

САВОЛ: Бир киши “суннат” деб ой тўлган кунлари рўзасини ҳар ойнинг 13, 14, 15  кунлари  тутишга одатланган эди, аммо Зулҳижжанинг 13 сида ийд кунларидан бўлгани боис рўза тутиш харомдир. Шу сабабли у одам 14, 15, 16  кунлари рўза тутса, ой тўлган куннинг рўзасига ўтадими, ёки йўқми?

ЖАВОБ: Бу ойнинг 13  куни рўза тутиш мумкин эмас, унинг ўрнига 16  куни тутиб берадими, ёки бундан бошқа кун тутиб берадими, баробардир. 

(Имдодул фатово 102 бет)

Қурбонлик қилувчи кишининг амаллари.

МАСАЛА: Қурбонлик қилишни ирода қилган киши учун зулҳижжа ойи кўрингандан, то қурбонлигини сўйиб бўлгунича тирноқ ва бошқа тукларини олмаслиги мустаҳабдир.

Қурбонликнинг қуръон ва ҳадис нигоҳидаги фазилатлари.

فَصَلِّ لِرَبِّكَ وَانْحَرْ (2)

“Бас, Роббинг учун намоз ўқи ва қурбонлик сўй” 

(Кавсар сураси 2-оят)

وَالْبُدْنَ جَعَلْنَاهَا لَكُمْ مِنْ شَعَائِرِ اللَّهِ لَكُمْ فِيهَا خَيْرٌ فَاذْكُرُوا اسْمَ اللَّهِ عَلَيْهَا صَوَافَّ فَإِذَا وَجَبَتْ جُنُوبُهَا فَكُلُوا مِنْهَا وَأَطْعِمُوا الْقَانِعَ وَالْمُعْتَرَّ كَذَلِكَ سَخَّرْنَاهَا لَكُمْ لَعَلَّكُمْ تَشْكُرُونَ (36) لَنْ يَنَالَ اللَّهَ لُحُومُهَا وَلَا دِمَاؤُهَا وَلَكِنْ يَنَالُهُ التَّقْوَى مِنْكُمْ كَذَلِكَ سَخَّرَهَا لَكُمْ لِتُكَبِّرُوا اللَّهَ عَلَى مَا هَدَاكُمْ وَبَشِّرِ الْمُحْسِنِينَ (37)

Ва туяларни сиз учун Аллоҳнинг нишонларидан қилдик. Уларда сизга яхшилик бор. Уларга олд оёқларидан бири боғлиқ турган ҳолида Аллоҳнинг номини зикр қилинг. Ёнлари ерга текканида эса, бас, улардан енг ва қаноатли, тиланган камбағалларни ҳам таомлантиринг. Шундай қилиб, Биз уларни сизга бўйинсундириб қўйдик. Шоядки шукр қилсангиз. Уларнинг гўштлари ҳам, қонлари ҳам зинҳор Аллоҳга етмайдир. Лекин Унга сиздан тақво етадир. Шундай қилиб, сизни ҳидоят қилгани эвазига Аллоҳга такбир айтишингиз учун уларни сизга бўйинсундириб қўйди. Яхшилик қилгувчиларга башорат беринг.    

(Ҳаж сураси 36 37 оят)

Қурбонлик қилишдан мақсад банда Аллоҳнинг амрига итоатини, тақвосини намоён этишдир. Банда Аллоҳни қанча улуғласа, шунча оз. Биргина ҳидоятга бошлаб қўйгани учун қанча такбир айтса, оз. Қурбонлик қилиш ҳам, Аллоҳнинг йўлида ҳар қандай қурбонлик беришга тайёр эканини кўрсатиш ҳам, ўша ҳидоят учун Аллоҳ таолони улуғлашдир.

Демак, Аллоҳ таоло туя, қўй, эчкиларни сўйишни диннинг шиорларидан қилди. Бу амалларни бажаришда Аллоҳ таолонинг азамати ва динининг улуғлиги зоҳир бўлади.Ундан ташқари бу жониворларни сўйишда биз учун бошқа фойдалар ҳам бор. Масалан: дунёвий фойда-ейиш, ичиш бўлса, ухровий фойда эса савобдир. Қурбонликдаги ихлос, хоссатан Аллоҳ таоло учун ва ундан савоб олиш мақсадида қилишдир.

(Баёнул қуръон , Ҳаж сурасидан. 135  бет)

Қурбонликка тегишли набавий ҳадисларда қурбонликнинг фазилати ва унинг савоби.

1.Ҳусайн ибн Алидан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

“Қайси бир киши қурбонлик қилаётганидан дили хурсанд бўлса ва шу қурбонлигидан савобни ният қилса, ушбу қурбонлиги унга дўзахдан парда бўлади”, дедилар.

(Табароний Кабир)  

2.Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: 

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

“Қурбонлик куни одамнинг ҳеч бир амали Аллоҳ таолонинг наздида унинг қурбонлигиданда зиёда савобли бўлолмайди. Қурбонликка сўйилган жонивор қиёмат куни ўз шохлари, гўштлари ва туклари билан қўшилиб келади ва у нарсаларнинг барчаси эвазига соҳибига савоб етади. Қурбонлик қони ерга тушмасдан олдин ўша банда Аллоҳ таолонинг ҳузурида хос бир даражага кўтарилади. Қурбонлик вақтида қалбингиз хурсанд ҳолда қилинглар, кўп харажат қилганингиз учун қалбингиз оғримасин!”, дедилар”

(Ибни Можа, Термизий ривояти)

3.Ҳазрати Зайд ибн Арқамдан ривоят қилинади: 

“Саҳобалар пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан  сўрашди:

 “Ё Росулоллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, қурбонликнинг ҳақиқати нима?” 

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

“Сизларнинг насабий ёки руҳоний отангиз Иброҳим алайҳиссаломнинг одатларидур” дедилар. Улар:

“Эй Аллоҳнинг Расули,  бизга ундан нима етади?”, дедилар. У зот: 

 “Ҳар туки эвазига битта яхшилик”, дедилар. Улар:

“Агар у юнгли жонивор бўлсачи?”, дедилар. У зот:

 “Ҳар юнги эвазига битта яхшилик”, дедилар.

(Ҳоким, Ибни Можа, Аҳмад ривоятлари)

4. Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

“Эй Фотима туринг, сўйиш вақтида ўз қурбонлигингиз ёнида бўлинг, чунки қурбонлик қонининг биринчи қатраси ерга тушиши билан сизнинг барча гуноҳларингиз мағфират қилинади. Ёдда тутинг қиёмат куни қурбонликнинг қони ва гўшти келтирилади. Амаллар тарозингизга савоби олтмиш баробар зиёда қилиб қўйилади ва уларнинг барчаси эвазига яхшиликлар берилади”, дедилар.

 (Асбаҳоний “Ҳаётул  муслимин 127 бет”)

Қурбонлик қилмайдиганлар учун қаттиқ ваъидлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

“Қайси бир киши қурбонлик қилишга имкони (яъни нисоб эгаси) бўла туриб, қурбонлик қилмаса, бизнинг ийдгоҳимизга яқинлашмасин”, дедилар.

(Ҳоким “Тарғиб”)

Бу ҳадисдан қанчалар норозилик аломати зоҳир бўляпти? Нима, бирор мусулмон  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг норозиликларига бардош қила оларканми? Бу норозилик, зиммасига қурбонлик вожиб бўлган кишилар учундир, агар кимнинг имконияти бўлмаса, у бундан мустаснодир.

(Асбаҳоний “Ҳаётул  муслимин 127 бет”)

Қурбонлик қилишда молдор кишиларнинг нуқсонлари.

Сўнги пайтларда кўпчиликдан қурбонликка бепарволикларидан қоидага мувофиқ иш қилишмаётгани кузатилмоқда. Аслида у қоидани мулоҳаза қилиш, унга эътибор бериш лобуддир. Баъзи молдор кишилар қурбонлик тарафга мутлақо аҳамият бермайдилар, ваҳоланки улар қурбонлик вожиб бўлган шароитда  бўла туриб, унинг тарк қилувчисиига қаттиқ ваъидлар келган бўлса ҳам тарк қилаверадилар.

Чунончи   Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Қай бир киши қурбонлик қилишга имкони (яъни нисоб эгаси) бўла туриб, қурбонлик қилмаса, бизнинг ийдгоҳимизга яқинлашмасин” дегандилар. Ийдгоҳ ўзи шундай жойки, ҳатто зиммасига намоз ўқиш вожиб бўлмаганлар ҳам бу ерга жамланишга тарғиб ва ташвиқ  қилинади. Бу ҳукм исломнинг аввалида бўлган эди. Ўша пайтда ҳайз кўрган аёллар ҳам ийдгоҳда ҳозир бўлишарди, аслида эса ҳоиза аёлга ҳатто намоз ўқиш ҳам  жоиз эмас. Лекин бу ҳукм  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларигагина хос бўлиб, кейинчалик фитналар хавфининг олдини олиш учун бекор қилинган. 

(“Сунани Иброҳим” 22 бет)

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларига эътибор беринг, у зотнинг буйруғлари бор: “Ким қурбонлик қилишга қодир бўла туриб, қурбонлик қилмаса, бизнинг ийдгоҳимизга яқинлашмасин”, ийдгоҳимизга келмасин демадилар, балки яқинига ҳам йўламасин дедилар.

Қурбонлик қилмайдиган кишидан  Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қанчалик нафратланганликлари маълум бўлди. Бундай шахсга мусулмонлар ийдгоҳининг яқинига ҳам йўламаслик ҳукми берилди.

Агар ғайратингиз бўлса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббатингиз бўлса бу жуда қаттиқ гапку! Лекин афсуски, қурбонликка шу қадар таъкид бўла туриб ҳам баъзи кимсалар қилишмайди. 

(“Сунани Иброҳим” 35 бет)

Ғариб киши учун қурбонлик

Ғариб киши учун қурбонлик қилиш муносиб ва мустаҳаб бўлган амаллардандир. Бу нарса қуръон оятларидан маълум бўлади, яъни Аллоҳ таоло: “Инсонлар байтуллоҳга пиёда келишади”, дейди.

Бу оятдан пиёда келувчилар ғариб бўлишлари маълум бўлмоқда.

Кимгаки қурбонлик вожиб бўлса, унга қилиш зарур ва қилади ҳам, деб умид қиламиз. 

Энди бошқаларга вожиб эмасу, аммо битта қурбонлик қилишга қурби етади ва бунинг натижасида бўйнида вожиб бўлган бошқа ҳақлар йўқолмайди, бундай кишига ҳам қурбонлик қилиш муносибдир, чунки қурбонликда шундай фазилатлар борки, уни тарк қилган одам жуда кўп манфаатлардан маҳрум бўлиб қолади. Кимнинг мутлақо шароити бўлмаса, энди у чорасиздир.

(Китабул удҳия 166 бет)

Қурбонлик қилиш жоиз бўлмаган инсонлар.

Баъзи кимсалар ўта ночор, ёки, уларнинг зиммасида заҳирадан ташқари бандаларнинг ҳақлари ҳам бор. Энг аввал уларни адо этиш шарт. Лекин улар барча ҳақлардан кўз юмиб, яъни уни кейинга ташлаб, фақат фахрланиш ёки қадим одатни бино қилиш учун (яъни олдиндан биз ҳамиша қурбонлик қилганмиз, деб) қурбонликка қаттиқ туришади. Ҳеч паст келишмайди. Агар ўзларида маблағ бўлмаса, қарз олиб бўлса ҳам бажаришади.

Баъзи кишиларни кўрсангиз, ўликларига ҳам қўшиб бир неча ҳисса қурбонлик қилишади. Тирикларнинг вожиб бўлган ҳақларини эса ўлдириб қўядилар. Ваҳоланки аслида бир танга қарзни адо қилишлик, юз дирҳамга қурбонлик сотиб олишдан яхшироқдир. Бу суратда бировнинг ҳаққини адо этмаганига алоҳида гуноҳкор бўлса, нияти бузуқлигининг гуноҳи алоҳида бўлади. (яъни агар фахр ва риё ниятида бўлса.)

Албатта, бирор кишининг ҳаққи зоеъ бўлмаса ва риё аломати бўлмаса,  нафл қурбонлик қилиш мустаҳаб ва муҳаббатнинг белгисидир. Шунингдек омма мусулмонлар   томонидан, дин катталари томонидан, хусусан,  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам  томонларидан қурбонлик қилиш мандуб амалларнинг энг суюклиги, яъни мустаҳаб ишларнинг  энг афзалидир, ҳамда уларнинг ҳуқуқлари тақозосидир. Лекин бу нарса бирорта ҳам ўринда бошқаларга зарар, нуқсон  етмагандагина жоиз бўлади. Нафл қурбонлик қилиш манфаат, лекин бировларнинг ҳақларини, қарзларини адо этмаслик зарар. Зарар етмагандагина нафл қурбонлик қилиш жоиз бўлади 

(Ислоҳий хитоб 167 бет)  


Қурбонликнинг ҳақиқати.

Зайд ибн Арқамдан ривоят қилинади: 

“Саҳобалар сўрашди:  “Ё Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам, қурбонликнинг ҳақиқати нима?” 

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

“Сизларнинг насабий ёки руҳоний отангиз Иброҳим алайҳиссалом нинг одатларидур», дедилар.

(Ҳоким ривояти)

ФОЙДА: Биргина қўйни қурбонлик қилиш билан Иброҳим  алайҳиссаломнинг издошлари деб ҳисобланиш, қанчалар улкан раҳматдир. Иброҳим  алайҳиссалом ўзларининг энг суюкли, қариликда, улкан орзулар, тиланиб ёлворишлардан кейин топган ўғилларини қурбон қилган эдилар. Бундан ортиқ қурбонликнинг яна қандай фазилати бўлиши мумкин.

(Асбаҳоний “Ҳаётул  муслимин, Аҳкоми ҳаж 105 бет”)


Нима учун Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Иброҳим алайҳиссаломга тобеъ бўлишга буюрилганлар.

Шу ерда бир шубҳа юзага келиши мумкин, яъни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг  шариатлари ҳамма миллат ва мазҳабларни мансух қилувчидир. У ҳолда Иброҳим алайҳиссаломнинг миллатларига тобеъ бўлишга нима учун буюрилган? 

Жавоб шуки: Иброҳим алайҳиссалом миллатига тобеъ бўлишлик, миллати Иброҳим бўлиш жиҳатидан эмас, балки у аслида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шариатларидир ва “Миллати Иброҳимий” ҳам у кишининг лақабларидир. Бу лақаб набий соллаллоҳу алайҳи васалламга иккала дин ўртасида аслий ва фаръий ҳукмларда ўхшашлик, мутаносиблик бўлгани сабабли берилган.

Аллоҳ таоло: “Иброҳим (алайҳиссалом)га эргашинглар” демади, балки, “Иброҳим (алайҳиссалом)нинг миллатига  эргашинглар” деди.

Иброҳим алайҳиссалом нинг миллати бу Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шариатларидир.

Миллати Иброҳим дейилганидан мақсад, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Иброҳим алайҳиссалом ўрталарида  ҳам шариат, ҳам насаб жиҳатидан яқинлик борлиги учундир. Насаб жиҳатидан яқинликлари маълум, яъни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Иброҳим алайҳиссаломнинг авлодларидандир. Шариат жиҳатидан яқинликлари эса Иброҳим алайҳиссаломнинг шариатлари ҳам аслий, ҳам фаръий жиҳатдан бир бирига ўхшашлигидадир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло: 

“Ҳаниф бўлган Иброҳим (алайҳиссалом)нинг миллатига  эргашинглар”, деган 

(Оли Имрон сураси 95-оят)


Қурбонликнинг Иброҳим алайҳиссалом суннатлари дейилишига сабаб нима?

Жаноби Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам қурбонликни Иброҳим алайҳиссаломнинг суннатлари  дедилар. Аммо Иброҳим алайҳиссалом қилган амаллари билан жонивор сўйиш ўртасида фарқ бор. Иброҳим алайҳиссалом ўз фарзандларини забҳ қилишга буюрилган бўлсалар, бизнинг шариатимизда эса жонивор сўйишга буюрилганмиз.

У ҳолда биз қилаётган қурбонлик амали қандай қилиб Иброҳим алайҳиссаломнинг суннатлари  бўлиши мумкин?

Бунга жавоб: Иброҳим алайҳиссалом ўғилларини забҳ қилишдаги эга бўлган савоблари  ҳеч камаймаган ҳолда бизга ҳам етади. Мана шу савоб жиҳатидан уларнинг йўлларига эргашган ҳисобланамиз. Икки амалнинг мақсади бир эканлиги сабабли, гарчи бошқа бошқа нарса бўлсалар ҳам, уларнинг ҳукми ҳам, савоби ҳам бир ҳил қилинди.

Гўёки: Эй уммати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам! Сизларнинг жонивор забҳ қилишларингизга Иброҳим алайҳиссалом фарзандини қурбон қилганининг савоби берилади дейилаётгандек. 

Қаранг! Қурбонликнинг қай даражада фазилатли эканлиги ушбу ҳадисдан маълум бўляпти. 

(Тарғиб ал удҳия 125  бет)

Юқоридан маълум бўлган эътиборга молик нарса шуки, агар бир подшоҳ ўз сарой аҳлларига ҳадя улашмоқчи бўлса, ўзига яқинлиги ва лавозими юқорилигига қараб, уларнинг мартабасига мувофиқ инъом беради. Сўнг улардан қай бирининг даражаси пастроқ бўлса, шу мавқеъига муносиб мукофотланади. Масалан: вазирлар ва давлат арконларига улкан инъомлар берилади, хизматчи ва ходимларга эса, камроқ берилади.

Ҳақ таолонинг наздида пайғамбарларнинг даражаси барча махлуқотларникидан зиёда.

Уларнинг ичида эса Иброҳим алайҳиссалом юқори даража ва мақомга эгаларки, Аллоҳ у зотни “холил”им деб атади. Демак, у кишига бериладиган инъом ҳам катта бўлади. Юқоридаги гапдан  Иброҳим алайҳиссалом қилган ишларини айнан ўзини бошқа биров қилган тақдирда ҳам, ўшанча савобга эришолмаслиги маълум бўлади, яъни бордию бирор киши фарзандини қурбонлик қилишга буюрилиб, шу ишни амалга оширган тақдирда ҳам Иброҳим алайҳиссаломга берилган даража ва савобга лойиқ саналмайди. Энди фарзандини қурбонлик қилишдан паст даражадаги амални қилиш билан у даражага етишнику гапирмаса ҳам бўлаверади, яъни мутлақо имкони йўқ. 

Бизни бирор жониворни қурбонлик қилишимиз фарзандини забҳ қилишдан бир неча баробар даражаси кам бўлишига қарамай, Иброҳим алайҳиссалом ўғилларини забҳ қилишдаги эга бўлган даражалари ва савоблари камаймаган ҳолда бизга ҳам берилишини Аллоҳ таоло белгилаб берди.

Аллоҳу Акбар! Қаранг! Бизга қанчалар улуғ инъомдир бу! Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматлари учун берилган баракотдан улкан лутф ва карамдир бу!

Қурбонликнинг юқоридаги фазилатларидан шу нарса маълум бўладики, гарчи зиммасига вожиб бўлмаса ҳам, имкони бор киши бу амални  ҳеч қачон тарк қилмасин. 

(Тарғиб ал удҳия,суннати Иброҳим  136  бет)

Қурбонликнинг фазилати улуғлигидан вожиб бўлмаса ҳам қилиш лозим

Қурбонликнинг фазилати ва савоби  шундай улуғдирки, агар кишининг зиммасида  вожиб бўлмаса ҳам, савоб ҳосил қилиш мақсадида уни адо қилса, савоб топаверади. Ахир ҳеч қандай заруратсиз дунё  хурсандчиликлари  учун қанча сарф харажат қилаётганлар Аллоҳнинг розилиги учун озгина қийналсалар нима бўпти? Агар заруратгагина эътибор қаратиб: “Ўртоқ! Нима нарса зиммамизда фарз ёки вожиб бўлса, ўшаларнигина адо этамиз”, десангиз, у ҳолда дунё ишларида нега шу гапингизга амал қилмаяпсиз?

Аслида заруратнинг миқдори шуки, жон сақлаб юришлик учун арпа унидан бўлган нон ҳам кифоя қиларди, лекин сиз бу билан кифояланмай,  паловхонтўра  ва кабобларни нима учун еяпсиз?  Иссиқ ва совуқликнинг ҳалокатидан сақланииш учун дағал, қўпол матолар ҳам ярайди, аммо юпқа ва нафис матолардан бўлган кийимларни нимага кийяпсиз? 

Аллоҳу акбар! Нафсингизни хурсанд қилиш учун зарурий бўлмаган ишларни ҳам қиласиз, динни ишига келганда эса : “ўртоқ, бу жудаям зарурми?” дейсиз. Сизнинг бу гапингиздан: агар қурбонлик қилмаслигимда катта гуноҳ бўлмаса, қилмайман, йўқса қилишга мажбурмиз энди бошқа иложимиз қанча, деган нарсани тушуниш мумкин!

Эътиқодни тўғирлаш учун  зарур ва зарур бўлмаган нарсалар илмини  сўраб билиб олиш яхши, чунки зарурий бўлган ишларни зарурий, зарурий бўлмаган ишларни зарурий эмас, деб эътиқод қилиш вожиб, лекин амал қилиш учун: “Шу ишни қилсам Аллоҳ мендан кўпроқ рози бўладими?” деб сўралса яхши бўларди.

Агар Аллоҳ бирор амалдан жуда хурсанд бўлиши сизга маълум бўлса ҳеч ўйланмасдан иҳоятда кучли рағбат билан шу ишни қилиш лозим.

Кўпгина инсонлар динга муҳаббатлилик даъвосини қилишади, намоз ва шунга ўхшаш бошқа амалларда жуда мустаҳкам бўлишади, аммо, қачонки, бир сўм ҳарж қилиш вақти келса, ҳийла ҳавола қилишни бошлашади. Бу иймоннинг заифлиги аломати эмасми?

(Тарғиб ал удҳия 127  бет)

Муҳаббатнинг ёлғон даъволари

Бир ҳикоя ёдимга тушди. Бир қишлоқи шахсни бир киши  ниҳоятда паришон, ранги рўйи бир аҳволда, йиғлаб ўтирганини кўрди. Яқинида эса бир халта тўла нон турибди. 

Йўловчи: Нимага йиғлаяпсиз?

У киши:  Итим ўляпти.

Йўловчи: Ҳалтадаги нима?

У киши: Нонлар.

Йўловчи: Шундай экан нима учун нондан итизга ҳам бермаяпсиз?

У киши: Мени итга нон берадиган даражада муҳаббатим йўқ. Бу нонларни олиш учун қанча пул сарфлаганман. Лекин фақат кўз ёш тўкиб беришга етарли муҳаббатим бор, чунки бу текин да!  

Баъзи кишларнинг муҳаббатининг даъвоси ҳам шунга ўхшайди. Қачон ундан харажат бўладиган бўлса, у ерда у ҳечвақосиз, нол. Ваҳоланки, қурбонлик қилиш аслида харажат ҳам эмас. Чунки садақот ва яхшиликлар учун сарф бўлган маблағлар шунчаки зоеъ бўлмайди, қанча сарфласа, ўзи учун бўлади, балки қурбонлик шундай нарсаки, заррачаси ҳам кишининг қўлидан чиқиб кетмайди. Ундан ташқари қурбонликнинг гўштларини савоб ҳосил қилиш учун тарқатиб юбориш ҳам зарурий нарса эмас. Балки ихтиёр бор, хоҳласа тақсим қилсин, хоҳласа ўзи фойдалансин, фақат сотиш мумкин эмас. Гарчи ҳаммасини ўз хузурида олиб қолиб фойдаланса ҳам савоб етаверади. 

(Тарғиб ал удҳия,суннати Иброҳим  127  бет)

Ҳазрати Иброҳим ва Исмоил алайҳимуссаломларнинг воқеаси

Ҳазрати Исмоил алайҳиссалом сут эмадиган бола эдилар. Оталари Иброҳим алайҳиссаломга аёллари Хожар ва ўғиллари Исмоил алайҳиссаломларни Маккаи муаззаманинг майдонида қолдириб кетишликка ҳукм бўлди.

Аллоҳу Акбар! Бу қандай ҳукмдурки, у водийда на сув ва на дон дун бор эди, озгина ҳам уларнинг ҳолати нима бўлиши ҳақида ўйламадилар. Уларни ўша ерда қолдириб кетдилар.

Майли! Иброҳим алайҳиссалом эркак киши ва ваҳий соҳиби эдилар, лекин Хожар онамиз аёл киши эдилар, ваҳий соҳибаси эмасдилар, бундан ташқари қўлларида эмизикли гўдаклари ҳам бор эди, у майдонда эса на дон ва на сув бор эди, бўри ва бошқа ваҳший ҳайвонлар еб кетиш хавфи ҳам йўқ эмасди. Лекин буларнинг барчаси ҳақида андак ҳам ўйлаб қўймадилар. Фақат битта савол бердилар, “Бизларни бу ерга ўз фикрингиз билан қолдириб кетяпсизми, ё худонинг ҳукми биланми?”, Иброҳим алайҳиссалом “Худонинг ҳукми билан” дедилар. Хожар онамиз “У ҳолда Аллоҳ бизни зоеъ қилмайди” дедилар.

Қаранг! Иброҳим алайҳиссаломнинг “Бу худонинг ҳукми” деган гапларидан сўнг Хожар онамизда бутунлай хотиржамлик пайдо бўлди. Ҳақ таоло қандай ҳам таваккул қувватини уларга бериб қўйган экан а! Иброҳим алайҳиссалом лар учун бироз сув ва озроқ хурмо бериб кетган эдилар. Исмоил алайҳиссаломни чанқоқлик қийнай бошлади. У ерда Сафо ва Марва номли икки тоғ бор эди. Улар ҳозир ҳам бор. Ўша пайтда у иккисиинг ўртаси чангалзорлардан иборат эди. Ҳозир эса у ерда катта бозор бор. Ҳазрати Хожар онамиз паришон ҳолатда сув қидириб тоғнинг тепасига чиқдилар. У ён бу ёнга назар югуртирдилар. Бирор жойда сувга кўзлари тушмади. У ердан тушиб бошқа тоғ тарафга юрдилар, шу билан бирга Исмоил алайҳиссаломни ҳам назардан қочирмасдилар. У икки тоғ ўртасида бир водийча бор эди. Қачонки у ерга етсалар Исмоил алайҳиссалом кўринмай қолардилар. Шу сабабли Хожар онамиз ўша жойни югуриб босиб ўтардилар. Исмоил ас кўринганларидан кейин хотиржам бўлардилар. Бошқа тоғ тепасига чиқиб ҳам атрофга назар  югуртира бошладилар. Аммо бирор жойда сув кўринмади. Уердан тушдилар ва боланинг аҳволини кўриб сабр қила олмасдан, сув топилиб қолар деган умидда етти марта у тоғдан бу тоққа, бу тоғдан унисига бориб келдилар. Бу изтиробли ҳаракатга Аллоҳ таолонинг раҳмати бўлди ва  Жаброил алайҳиссаломга “Исмоил алайҳиссаломга ўз билагингиз билан сув чиқариб беринг” деб буюрди.

Жаброил алайҳиссалом келдилар ва Исмоил алайҳиссаломни чанқоқ, бетоб бўлиб йиғлаётган ҳолатда топдилар. Жаброил алайҳиссалом товонларини ерга урдилар ва у ердан бир булоқ отилиб чиқди. У булоқнинг номи ҳозирги кунда ҳам замзамдир.

Аллоҳ таолога ўзининг мақбул бандаларининг баъзи феллари жудаям ёқади. Гарчи у ибодат тарзида бўлмай, шунчаки одат тарзида бўлса ҳам.

(Тарғиб ал удҳия,суннати Иброҳим  136  бет)

Ҳазрати Иброҳим алайҳиссалом ўз ўғиллари Исмоил алайҳиссаломни қурбон қилишлари.

رَبِّ هَبْ لِي مِنَ الصَّالِحِينَ (100) فَبَشَّرْنَاهُ بِغُلَامٍ حَلِيمٍ (101) فَلَمَّا بَلَغَ مَعَهُ السَّعْيَ قَالَ يَا بُنَيَّ إِنِّي أَرَى فِي الْمَنَامِ أَنِّي أَذْبَحُكَ فَانْظُرْ مَاذَا تَرَى قَالَ يَا أَبَتِ افْعَلْ مَا تُؤْمَرُ سَتَجِدُنِي إِنْ شَاءَ اللَّهُ مِنَ الصَّابِرِينَ (102) فَلَمَّا أَسْلَمَا وَتَلَّهُ لِلْجَبِينِ (103) وَنَادَيْنَاهُ أَنْ يَا إِبْرَاهِيمُ (104) قَدْ صَدَّقْتَ الرُّؤْيَا إِنَّا كَذَلِكَ نَجْزِي الْمُحْسِنِينَ (105) إِنَّ هَذَا لَهُوَ الْبَلَاءُ الْمُبِينُ (106) وَفَدَيْنَاهُ بِذِبْحٍ عَظِيمٍ (107) وَتَرَكْنَا عَلَيْهِ فِي الْآخِرِينَ (108) سَلَامٌ عَلَى إِبْرَاهِيمَ (109) كَذَلِكَ نَجْزِي الْمُحْسِنِينَ (110)

100. (Парвардигорим,) Ўзинг менга солиҳ (фарзанд)лардан ҳадя этгин.

101. Бас Биз унга бир ҳалим ўғилнинг ҳушхабарини бердик.

102. Энди қачонки у (бола Иброҳим) билан бирга юрадиган бўлгач, (Иброҳим): “Эй ўғилчам, мен (ҳадеб) тушимда сени (қурбонлик учун) сўяётганимни кўрмоқдаман. Энди сен ўзинг нима раъй-фикр қилишингни бир ўйлаб кўргин”, деган эди. У айтди: “Эй отажон, сизга (тушингизда Парвардигор томонидан) буюрилган ишни қилинг. Инша Аллоҳ мени сабр қилгувчилардан топурсиз”.

103. Бас, қачонки иккиси ҳам (Аллоҳнинг ваҳийсига) бўйинсуниб, (энди Иброҳим ўз ўғли Исмоилни қурбон қилиш учун) пешонаси билан (ерга) ётқизган эдики,

104-105. Биз унга нидо қилдик: “Эй Иброҳим, дарҳақиқат сен (кўрган) тушингни рост-бажо қилдинг”. Албатта Биз чиройли амал қилгувчиларни мана шундай мукофотлармиз.

106. Албатта бу (яъни Иброҳимнинг ўз ўғлини қурбон қилишга буюрилиши) очиқ-равшан имтиҳондир холос.

107. Биз (Исмоилнинг) ўрнига (Иброҳимга) катта бир (кўчқор) сўйишни — қурбонлиқни эваз қилиб бердик (яъни катта бир қўчқорни жаннатдан туширдик).

108. Ва кейинги (авлод)лар орасида (Иброҳим) ҳақида (гўзал мақтовлар-олқишлар) қолдирдик.

109. Иброҳимга салом бўлгай. 

(Ас соффат 100  109 оятлар)

Иброҳим алайҳиссалом қачонки Шом мамлакатига етган эдилар ва бу дуони қилдилар, “Эй менинг роббим! Менга бир солиҳ фарзанд бергин”. Бас, Биз унга бир ҳалим ўғилнинг ҳушхабарини бердик. 

Иброҳим алайҳиссалом кўрган тушларини ўғилларига айтишдан олдин ўйлаб қолдилар: ўғлим менга мувофиқ келадими, ёки мухолифми? Аввалги босқичда унинг райъини биламан, Энди қачонки у (бола Иброҳим) билан бирга юрадиган бўлган эди, Иброҳим алайҳиссалом уни тушларида сўяётган ҳолда кўрдилар.

 И з о ҳ: Саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтишларича,  Аллоҳ таолонинг барча пайғамбарларининг тушлари ваҳийдир. Шунинг учун ҳам Иброҳим алайҳиссалом тушларида берилган фармоннинг ўзи биланоқ ўғиллари Исмоил алайҳиссаломни қурбонлик қилишга чоғландилар. 

Бу нарсани ўғилларига қай ҳолатда етказиш ҳақида узоқ ўйладилар. Улар ўғиллари бу ҳолатни қандай қабул қилиши ҳақида тасаввур қилиб кўрдилар. Агар ўғлим бу масалада менга иттифоқ қилса нур устига аъло нур, аммо агар ихтилоф қилса, унга тушунтираман. Шу нарсаларнинг тааммулидан сўнг Исмоил алайҳиссаломга айтдиларки: “Эй ўғилчам, мен (ҳадеб) тушимда сени (қурбонлик учун) сўяётганимни кўрмоқдаман. Энди сен ўзинг нима раъй-фикр қилишингни бир ўйлаб кўргин”, деган эди. У айтди: “Эй отажон,  бу борада мендан сўрашингизнинг нима зарурати бор, сизга (тушингизда Парвардигор томонидан) буюрилган ишни қилинг. Инша Аллоҳ мени сабр қилгувчилардан топурсиз”.  Бас, қачонки иккиси ҳам (Аллоҳнинг ваҳийсига) бўйинсуниб, (энди Иброҳим ўз ўғли Исмоилни қурбон қилиш учун) пешонаси билан (ерга) ётқизган эди, ва бўйнини узиб ташлашга қасд ҳам қилган эдики, биз унга нидо қилдик: “Эй Иброҳим, дарҳақиқат сен (кўрган) тушингни рост-бажо қилдинг”. Энди биз у ҳукмни мансух қилдик, сиз уни тарк қилинг. Исмоил алайҳиссаломнинг жонлари сақланиб қолди. Олий мартабалар зиёдаси билан уларга ато қилинди. Албатта, Биз чиройли амал қилгувчи мухлис бандаларни мана шундай мукофотлармиз.

Ҳақиқатда бу катта имтиҳон эди. Унга комил мухлис бўлган бандаларрдан бошқаси бардош қила олмас эди. Биз (Исмоилнинг) ўрнига (Иброҳимга) катта бир (кўчқор) сўйишни — қурбонликни эваз қилиб бердик (яъни катта бир қўчқорни жаннатдан туширдик). Ва кейинги (авлод)лар орасида (Иброҳим) ҳақида (гўзал мақтовлар-олқишлар) қолдирдик, яъни “Иброҳимга салом бўлгай”. Чунончи унинг номи билан ҳозиргача “алайҳиссалом” қўшиб айтилади. Биз мухлис бўлган бандаларни мана шундай мукофотлармиз. 

(Баёнул  қуръан Суратус соффат 100  109 оятлар)

Қурбонликнинг тарихи ва унинг бошланиши

Иброҳим алайҳиссаломга тушларида: “Сиз ўз фарзандингизнинг жонини бизга фидо қилинг” деган амр бўлди. Ҳақиқатда ҳамма нарсадан энг маҳбуби инсоннинг ўз жони, ундан сўнг фарзандларининг жонидир. Иброҳим алайҳиссалом бу ҳукмни Исмоил алайҳиссаломга баён қилдилар. Бу воқеада энг ажабланарлиси Исмоил алайҳиссаломнинг бу ҳукмга рози бўлишларидир. Ўша пайтда у ўн ёшлар атрофида, Аллоҳ таолога ўз жонини фидо қилишга тайёр бўлган эди. Иброҳим алайҳиссалом ўша пайтда пайғамбарлик мақомида, комил маърифат эгаси, “Аллоҳнинг халили” деб лақабланиб бўлган эдилар. Иброҳим алайҳиссаломнинг шундай ҳолатда туриб ўғлини қурбон қилиши, Исмоил алайҳиссаломнинг у ҳукмга олдидан ҳам, ортидан ҳам ҳеч ўйлаб ўтирмасдан рози бўлганларидек у қадар ажабланарли эмасди. 

Аслида бу нарса Иброҳим алайҳиссаломнинг файзларидан эди, у кишининг файзлари сабабидан фарзандлари ҳам Аллоҳнинг ошиқларидан бўлган эди. 

Чунончи Исмоил ас: “Эй отажон, сизга (тушингизда Парвардигор томонидан) буюрилган ишни қилинг. Инша Аллоҳ мени сабр қилгувчилардан топурсиз”, деди.

Қачонки Иброҳим алайҳиссалом ўғилчасини пешонасини бир нарса устига қўйиб забҳ қилишни бошлаб, куч билан пичоқни тортган эди, сўйилишдан асар ҳам содир бўлмади. Чунки Иброҳим алайҳиссаломга “сўйгин” деб, пичоққа эса “сўймагин” деб ҳукм бўлган эди. Иброҳим алайҳиссалом ғазабга келиб пичоққа: “Сенга нима бўлди, нима учун кесмаяпсан” дедилар. Пичоқ: “Эй Иброҳим! Сиз ўз ишингизни қилинг, мен ўз ишимни қиламан. Чунки сизга бошқа ҳукм, менга бошқа ҳукм буюрилган” деди. Аслида воқеавий нуқтаи назардан бу нарсалар ўз таъсирини ўтказгувчи ҳисобланади, лекин Аллоҳ таолодан бошқа таъсир қилувчи йўқ. Бу сабаблар унинг амри бўлгандан кейингина иш беради.

Дарҳақиқат пичоққа “Ўтмас бўл” деб ҳукм бўлган эди, у ўтмас бўлди. Иброҳим алайҳиссаломга эса “Сўйинг” деб ҳукм бўлган эди, улар сўйишга киришдилар. Шу пайтда ғайбдан овоз келди: “Эй Иброҳим, дарҳақиқат сен (кўрган) тушингни рост-бажо қилдинг”. Иброҳим алайҳиссаломнинг бу ҳаракатларига забҳнинг натижаси тартиб топди. Аллоҳ таоло унинг бу ишига ниҳоятда улкан иш, деб баҳо берди. Чунки у зот ўз тарафларидан қилиниши керак бўлган ишни мукаммал даражада адо этган эдилар. Улар ўғилларини сўйишга ётқизиб уни бўйнига пичоқ тортаётган вақтларида пичоққа “сўйма” деб амр бўлганини билмаган  ва пичоқ ҳам ўз ишини қилмаслигидан бехабар эдилар. Балки пичоқ юргизаман ва боланинг иши тамом бўлади, деб ўйлаган эдилар.Чунки ўғилларини тушларида сўйиб бўлган эдилар. Энди натижа қандай бўлиши у кишининг ихтиёрларидан ташқари ишдир. Гарчи пичоқ сўймаган бўлсада у зот улкан ишни адо этдилар.

Аллоҳ таоло марҳамат қилдики: “Албатта Биз чиройли амал қилгувчиларни мана шундай мукофотлармиз.

Албатта бу (яъни Иброҳимнинг ўз ўғлини қурбон қилишга буюрилиши) очиқ-равшан имтиҳондир холос.

Биз (Исмоилнинг) ўрнига (Иброҳимга) катта бир (кўчқор) сўйишни — қурбонликни эваз қилиб бердик (яъни катта бир қўчқорни жаннатдан туширдик)”. 

Чунончи саҳобалар росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан  сўрашди:  “Ё Расулаллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, қурбонликнинг ҳақиқати нима?” 

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг насабий ёки руҳоний отангиз Иброҳим алайҳиссаломнинг йўлларидур”, дедилар. 

Аслида бир жонвор сўйишимиз бизларнинг ва фарзандларимизнинг жонидан эваздир. Лекин Аллоҳ таолонинг раҳмати билан жонимиз ўрнига ҳайвон сўйишимиз шариатга киритилди. 

Ҳадисдан маълум бўладики, қурбонлик Иброҳим алайҳиссаломнинг суннати ва бу суннат у зот ўз ўғилларини забҳ қилишлари билан қоим бўлган эди. Сўнг Аллоҳ таоло қўчқорни ўғилнинг фидяси қилиб берди. Бундан келиб чиқадики, қурбонлик жонворини сўйиш ўғилни сўйиш мақомидадир. Чунки ҳақиқатда Иброҳим алайҳиссаломда шундай бўлган эди.

Ҳадиси қудусийда Аллоҳ таоло айтади: “Мен бандамнинг мен ҳақимдаги гумонидаман”. Бас бизнинг “қурбонлик жонворини сўйишимиз ўғилнинг ўрнига қоим мақомдир ва бизга ҳам Иброҳим алайҳиссалом ўғилларини забҳ қилгандаги савоб етади” деб гумонимиз шундай пухта бўлмоғи лозимдур. Агар кимки  қилаётган қурбонлигини ўз фарзандининг қурбонлигидан эваз деб тушунмай балки оддийгина қўй сўйяпман деб қасд қилса ихтиёри ўзида. 

(Ас–савол фиш шаввол 182, 183– бетлар) 

Ҳазрати Иброҳим ва Исмоил алайҳиссаломларнинг қиссаларидаги илм  маърифат ва ҳақиқат

Иброҳим алайҳиссалом тушларида ўғилларини забҳ қилаётганларини  кўрдилар. Пайғамбар алайҳиссаломларнинг кўрган тушлари ваҳий бўлади, шу сабабли ўғиллари Исмоилни сўйиш жойига олиб бордилар. Бу ерда ўз тушларини шундай баён қилдилар: «Эй ўғилчам, мен (ҳадеб) тушимда сени (қурбонлик учун) сўяётганимни кўрмоқдаман. Энди сен ўзинг нима раъй-фикр қилишингни бир ўйлаб кўргин».

Субҳаналлоҳ, Пайғамбар алайҳиссаломларнинг таълимотлари шу қадар ажиб ва енгил тарзда   бўладики, сўзлашаётган одамга буткул юк юклаб қўймай, балки уларга савол тарзида мурожаат қиладилар. Бу хос тариқанинг таъсири шунда бўладики, эшитувчи хурсанд бўлиб бу таълимни дарҳол қабул қилади. Шу услубдаги таълим  тури ниҳоятда самаралидир. Иброҳим алайҳиссалом Исмоил алайҳиссаломни сўйишдаги қарорлари қатъий эди. Шундай бўлса ҳам ўғилларига : “Мен тушимда сени (қурбонлик учун) сўяётганимни кўрдим. Шунинг учун сени фалон жойга сўйиш учун олиб бораман, тайёр бўлиб тур” демасдан, балки бу мазмундаги табиатан ниҳоятда қаттиқ ва хавфга солувчи бўлган бу сўзни шу қадар енгил ҳолда баён қилдилар: “Эй ўғлим мен шундай туш кўрибман,  сизнинг фикрингиз нима?” деб ўғилларига маслаҳат солдилар. Ҳозирда ҳам бирор шахс шу тарздаги таълимни ихтиёт қилса, ниҳоятда таъсирли ва самарали бўларди.

Чунончи Исмоил алайҳиссалом тезда шундай дедилар: “Мен бунга жавобан нима ҳам дердим? Бас Аллоҳ сизга нима ҳукм буюрган бўлса, уни адо қилинг. Мен ҳозир қасдимда қатъийман, аммо ўша сўйиш пайтида озгина саросимага тушсам ҳам инша Аллоҳ мени сабр қилувчи ҳолда топасиз”. Буни эшитиб Иброҳим алайҳиссалом сўйиш учун тайёргарлик кўрдилар ва ўғилларини ерга ётқизиб, ўткир пичоқ билан бўйниларига қаттиқ¬ қаттиқ ишқалай бошладилар. Лекин ҳарчанд уринсалар ҳам пичоқ кесмас эди. Шу пайт бошқа томондан:  “Эй Иброҳим, дарҳақиқат сен (кўрган) тушингни рост-бажо қилдинг. Албатта Биз чиройли амал қилгувчиларни мана шундай мукофотлармиз. Албатта бу (яъни Иброҳимнинг ўз ўғлини қурбон қилишга буюрилиши) очиқ-равшан имтиҳондир, холос. Биз (Исмоилнинг) ўрнига (Иброҳимга) катта бир (кўчқор) сўйишни — қурбонликни эваз қилиб бердик ”, деган овоз келди.

Баъзи ривоятларда Исмоил алайҳиссаломнинг эвазига жаннатдан бир қўй қурбонлик учун юборилди, деб ҳам келади. Ҳақиқатда бу воқеада Иброҳим алайҳиссалом учун қаттиқ имтиҳон бор эди. Инсон ҳаётдан безор, мағлубият аламини тортаётган, кайфияти ниҳоятда ёмон бўлган ҳолатда ўз фарзандини забҳ қилиши эҳтимол мумкиндир, лекин ақли–ҳуши жойида, кайфияти мўтадил бўлган ҳолда ҳаргиз бундай ишга журъат қилолмайди. Балки фарзандини қурбонлик қилгандан кўра ўзини ўлдириб қўйгани осонроқ кечади. Шу нарса аёнки, Иброҳим алайҳиссаломнинг бу ишлари ҳушёр, кайфиятлари жойида бўлган ҳолатларида содир бўлган эди. Ҳиссётлари ёмон ва мағлубият ҳолатда бўлганларини бу ерда шубҳаси ҳам йўқ эди. Чунки Набий алайҳиссаломлар ҳеч қачон бундай ҳолатларга, ҳақиқатлар уларнинг идрокидан ғолиб бўладиган даражада мағлуб бўлмайдилар. 

Бошқа тарафдан яна Аллоҳ таоло “Эй Иброҳим, таҳқиқ сиз тушни тўғри бажардингиз”, деб турибди. Бундан маълум бўладики, Иброҳим алайҳиссалом бу ишни Аллоҳнинг ҳукмини амалга ошириш ниятида, қасддан қилган эдилар. Бу  “тўғри бажардингиз”, деб Иброҳим алайҳиссаломга қарата айтилганидан маълум бўлади. Агар ўзини билмай қолган ҳолатда қилганда, қасд мукаммал бўлмасди.

Учинчидан Аллоҳ таоло оят давомида айтадики: “Албатта бу (яъни Иброҳимнинг ўз ўғлини қурбон қилишга буюрилиши) очиқ-равшан имтиҳондир холос”.

Бу жуда ҳам қаттиқ имтиҳон эди. Бундан очиқ маълумки, Иброҳим алайҳиссалом бу ишни ўз ихтиёрлари билан, ҳиссиётлари жойида бўлган ҳолда қилдилар. Чунки қачонки кишининг ҳуши жойида бўлса, ўша пайтдаги синов унинг учун имтиҳон бўлади. Ҳиссиётини бошқара олмаган одам нима қилса, уни беихтиёр қилади. У ерда Аллоҳ тарафидан бирор бир имтиҳон бўлмайди. Мақсад, Анбиё алайҳимуссаломлар ҳиссиётларга мағлуб бўлишдан маъсумдирлар.

Иброҳим ас ўғилларини қурбонлик қилган эдилар

Иброҳим алайҳиссаломдан икки иш содир бўлди. Бири ўғлини забҳ қилиш бўлса, иккинчиси қўйни забҳ қилиш. Баъзи инсонларда: “Икки иш қачон содир бўлибди, фақатгина қўй сўйганларку, ўғилларини эмаску”, деб шубҳа пайдо бўлади. Лекин бу шубҳа бир шаръий қоидани эшитганимиздан кейин буткул кўтарилиб кетади. Шариатда савобга ёки гуноҳга сазовор бўлишнинг суянилган йўли бир ишни пухта ирода қилинишидир. Агарчи у ишни бажарилишида шароит бўлмай қолса, ёки бирор монеъ сабабли амалга ошмай қолса ҳам. Чунки бундай суратда ўша ишнинг иродаси у шахс тарафидан пухта қасд қилиниб бўлган эди. Шунинг учун ҳам ё савобга, ё азобга ҳақли бўлади. Масалан бир киши зино қилишга қаттиқ ирода қилди ва у жойга бориб зинога тайёр бўлди. Иттифоқо том босиб қолиб у киши ўлди.  Ваҳоланки у зино қилмаган эди. Аммо азобга ҳақдор бўлади, шариатда зинокор деб ҳукм қилинади. Чунки унинг иродаси зино қилишга пухта эди. Агар монеъ бўлмаганда албатта қиларди. Шунингдек бир киши намоз ўқишлик иродаси билан турди, аммо зилзила содир бўлиб уни том босиб қолиб вафот этди. Намоз ўқиганнинг ажрини олаверади. Чунки намоз ўқишга бўлган иродаси қатъий эди.

Бас, бу ерда ҳам Иброҳим алайҳиссаломга ўз ўғилларини забҳ қилишга амр бўлгач, тезда унинг ижобатига пухта киришдилар ва ҳақиқатда ўша ишни амалга оширдилар. Забҳнинг маъноси “пичоқни ҳалқумга юрғизиш”дир ва бу феъл Иброҳим алайҳиссаломдан тўлиқ тарзда содир бўлди. Энди пичоқни кесиш ё кесмаслиги у бошқа нарса. Муҳими Иброҳим алайҳиссалом  ўғилларини забҳ ҳам қилдилар ва савобга ҳақдор ҳам бўлдилар. Чунки Иброҳим алайҳиссаломга вожиб бўлган нарса Аллоҳнинг буйруғини бажариш холос. Натижа унинг қўлида эмас, балки натижа қандай бўлиши Аллоҳнинг қўлидаги иш. Натижаси учун сўралиб, савоб ёки азобга дучор бўлмайдилар.

Забҳ қилинган Исмоил алайҳиссалом эдиларми, ёки Исҳоқ алайҳиссаломми?

Илм аҳллари ўртасида Иброҳим алайҳиссалом забҳ қилган фарзанд Исмоил алайҳиссалом ёки Исҳоқ алайҳиссалом эканлигида ихтилоф бор.

Жумҳур уламолар наздида у Исмоил алайҳиссалом эдилар ва мана шу гап энг ишончли гапдир. Бунга бир далил: Аллоҳ таоло фарзандни қурбонлик қилиш қиссасини баён қилиб давомида: “Биз унга Исҳоқнинг ва унинг ортидан Яъқубнинг башоратини бердик”, дейди. Демак, оятдан маълум бўладики, қурбонлик воқеаси Исҳоқ алайҳиссаломнинг башоратидан олдин содир бўлган. Шу  сабабли забҳ қилинган фарзанд Исҳоқ алайҳиссалом бўлиши мумкин ҳам эмас.

Иккинчи далил шуки: Бола забҳ қилинаётган вақтида ҳали балоғат ёшига етмаган эди. Чунки ояти каримада: “Қачонки бола Иброҳим алайҳиссалом билан бирга юрадиган ёшга етганда...”,  деб қайд этилган. Бу ҳолат эса балоғатга етишдан анча олдинги жараён. Бошқа тарафдан оятда Исҳоқ алайҳиссаломни соҳиби авлод бўлишлари, яъни Исҳоқ алайҳиссаломдан Яъқуб дунёга келиши баён қилинди. Демак, бундан Исҳоқ алайҳиссалом забҳ қилинмайди, балки унинг ортидан болалар дунёга келади, деган нарса маълум бўлади. Агар фаразан, Исҳоқ алайҳиссалом забҳ қилинганда, у кишида ва оталарида сўйиш натижасида ўлмаслигини тўлиқ ишончи бўларди, чунки Аллоҳ таоло Исҳоқ алайҳиссаломга Яъқуб алайҳиссаломнинг башоратини бериб турибди. Авлод эгаси бўладиган бола қандай қилиб ўлиши мумкин? Яна бундай ҳолатда Аллоҳнинг “Бу улкан имтиҳон бўлди”, деган гапи қаёқда қолади. “Сиз сўйиб кўраверинг бола барибир ўлмайди, ҳали фарзандлар отаси бўлади” дегандай  бўлиб қолмайдими? Исмоил алайҳиссаломга эса бундай башорат йўқ эди. Шу сабабли ҳам забҳ қилинган бола Исмоил алайҳиссалом эканлиги маълум бўлади.

Қурбонликнинг фалсафаси ва ундан кўзланган мақсад

Қурбонлик аслида “қурбон” деган сўздан олинган. Чунончи “Сурроҳ” деган китобда ёзилишича қурбонлик у билан Аллоҳга қурбат ҳосил қилинадиган амалдир.

Масалан: “Мен Аллоҳга яқинлик ҳосил қилдим”, дегани каби. Чунки инсон  қурбонлик қилиши билан Аллоҳга “қурбат” ҳосил қилиш талабида бўлади. Шунинг учун ҳам бу амалнинг номи “қурбонлик” деб аталди.

Қурбонлик аслида тафсилий тил билан айтганда бир таълим холос. Уни жоҳилу олим ҳаммаси ўқий олади. Бу таълим: Аллоҳ таоло бирор кишининг қонига ҳам, гўштига ҳам муҳтож эмас. Унинг шаъни улуғ бўлган, барчани таомлантириб ўзи таомланмайдиган зот. Балки у “Сиз ҳам Аллоҳнинг ҳузурида шу каби қурбон бўлинглар” деб шу нарсанинг таълимини беришни хоҳлайди. Бу нарса ўз жонингиз эвазига қимматбаҳо бир жониворни қурбон қилишингиз орқали ҳосил бўлади.

Аллоҳ ва расулидан ҳам инсонга маҳбуброқ бўлган бирор зот йўқдир. Бас энди энг суюкли, оламларнинг Роббиси бўлган зотнинг ҳаққи шуки, биз учун нима нарса энг суюкли бўлса, унга тақдим қилинади. Аллоҳ ва расулидан кейин энг севимли нарса кишининг ўз жони, фарзандлари бўлади. Агар Аллоҳ таоло бизларга ҳам Иброҳим алайҳиссаломга буюрганидек ўзимизни ёки  фарзандларимиздан бирортасини қурбонлик қилишга буюрганида эди, биз бунга мажбур бўлар эдик. Лекин Аллоҳ таоло ўз розилиги йўлида жонимизни ёки фарзандларимизни қурбонлик қилишга буюрмай, балки ундан эваз қилиб бир ҳайвонни сўйишга буюрди. Унда ҳам ҳаммани эмас, балки садақа олиши ҳаром бўлган кишиларгагина вожиб қилди. Бу эса унинг бизга бўлган чексиз марҳаматидир. 

Қурбонликнинг ҳикмати

Қурбонликдан асл мақсад бу суннати Иброҳимийга тобеъ бўлиш ва ўзи учун қимматли бўлган нарсани сарф қилишдир у эса фақатгина жонворни сўйишлик билангина ҳосил бўлади. Гўштини хоҳ ўзингизга олиб қолинг ёки бировларга тақсим қилиб бериб юборинг, фарқи йўқ. Бу ердаги мақсад жонворни забҳ қилиш. Ундан мақсад эса, Иброҳим алайҳиссаломнинг суннатларига тобеъ бўлишдир. Тобеъ бўлишдан мақсад эса ўзингиз учун маҳбуб бўлган нарсани қурбон қилишликдир.

Иккинчи гап: аслида амал киши ўз ўғлини қурбон қилиши кераклигидир. Лекин ҳаммада ҳам ўғил фарзанд бўлавермайди. Ўғли бўлса, агар Аллоҳ қурбон қилишга буюрганида “Тақводорман, Худонинг бандасиман”, деган одам қилишга мажбур эди ва қиларди ҳам. Аммо бу амални қилишга жуда кам одам сазовор бўла оларди. Аллоҳ таолонинг фазлини қарангки жонворни ўғилнинг ўрнига қоим мақом қилди.

Қурбонлик қилиш билан тақвонинг олий даражаси ҳосил бўлади

Аллоҳ таоло айтади: “Худога сизларнинг қурбонликларингизнинг гўшти ҳам қони ҳам етмайди, балки унинг ҳузурига сизлар тарафдан бўлган тақво етади” 

Бу ерда чуқур фикр юритиш керак, яъни тақвонинг бир неча маъноси бор. Тақвонинг ом маъноси шуки, инсон ҳамма амлларини шариатга мувофиқ қилиши ва барча амалларининг ортида Аллоҳнинг рози қилиш нияти бўлишидир. Бу маъно ҳамма ибодатларда ҳам топилади, яъни тақво деб омматан тушунган нарсамиз барча амалларда муштарак. Лекин ҳар бир амалнинг ўзига хос ўрни ва имтиёзлари бор. Демак, ҳар бир амалдаги тақвонинг ҳам бошқа амаллардаги тақводан фарқи бўлади. Масалан: тириклик сифати инсон ва бошқа ҳайвонлар ўртасида муштарак бўлган нарса. Лекин барчасида бу нарса бир хил эмас, балки баъзиларининг тириклиги мукаммал бўлса, баъзилариники эса ноқис. Кимлардадир тириклик деган ҳаёт моддасигина бор, кимлардадир унга ҳаракат ҳам зиёда қилинган, баъзиларда эса бу нарса кам. Ғараз шуки, ҳар бир навдаги жинсда бошқа бир навдаги жинсдан ажралиб турувчи эътиборли тарафлари бўлади, ҳох моҳият эътибори билан бўлсин, ҳох асарининг эътибори билан бўлсин. Энди қурбонликнинг бошқа амаллардан ажралиб турувчи алоҳида ўринлари борми, демак ундага тақвонинг ҳам бошқа амаллардаги тақводан ажралиб турувчи жиҳатлари бўлиши керак.

Аллоҳ таоло айтади: “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга ҳақиқий тақво қилишда тақво қилинглар ва фақатгина мусулмон бўлган ҳолда вафот топинглар”. Демак, комил тақво исломга кўра вафот этишда экан. Исломнинг маъноси киши ўзини Худои таолога топширишдир. “Кимки ўз юзини Аллоҳ таолога таслим қилган бўлса унинг дини чиройлидир. У ниятини холис қилган ва Иброҳим алайҳиссаломнинг холис динига тобеъ бўлган эди”. Демак, исломнинг маъноси ўзини Аллоҳга топшириш экан, мукаммал тақво эса ўз жонини Аллоҳга фидо қилишдир. Яъни Аллоҳ қандай хоҳласа, ўз нафсини шу нарсаларда тасарруф қилади. Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳнинг ҳукми билан ўз ўғлини қурбон қилишга тайёр бўлган эдилар. Қайси шахс фарзандини жонини Аллоҳ йўлида беришга тайёр бўлса, албатта у ўз жонини ҳам беришга тайёр бўлади. Чунки фарзандини забҳ қилишлик ўзини забҳ қилишдан кўра қаттиқроқдир. Демак комил тақво Худо учун жонини беришдир. Жонини топширишнинг кайфияти киши шундай ишларни қиладики, натижада жони сарф бўлиб кетади.

Қурбонлик аслида ўз жонини фидо қилишдир.

Қурбонлик воқеасидаги улкан камолот Иброҳим алайҳиссаломникидир. Чунки ўзини ўзи ўлдириш кўпчиликдан содир бўлган иш ва кўп эшитган бўлсангиз ҳам керак. Аммо ўз фарзандини ўлдириш яхши отадан содир бўлиши мумкинми? У ота ўз фарзанди бўйнига пичоқ тортиши мумкинми? Лекин нима бўлганда ҳам Иборҳим алайҳиссалом  ўғилларини забҳ қилдилар.

Бас, қурбонликнинг асли  ўзини забҳ қилишданам қаттиқроқ бўлган фарзандини забҳ қилишлик бўлди. Ақлий бир қоида бор: қаттиқ  нарса енгилини ўз ичига олиб кетади. Бу ерда Иброҳим алайҳиссалом фарзанди жигарбандини эмас, балки ўз нафсларини қурбон қилган эдилар. 

Аллоҳ таоло айтади: “Агар биз уларга “Ўз нафсларингизни ўлдиринглар,ёки диёрларингиздан чиқиб кетинглар”, деб фарз қилганимизда эди, улардан озчиликлари бунга амал қилиб, кўпчилик қилмаган бўлар эди”.

Агар Аллоҳ хоҳлаганида ўзини ўзи ўлдиришни машруъ қилиб қўйган бўларди. Иброҳим алайҳиссаломнинг вақтларида машруъ ҳам бўлди. У зот бу амални  бажардилар ҳам. Лекин Ҳақ таолонинг ўз раҳмати билан бир иноят зоҳир бўлди. Чунончи Аллоҳ таоло айтади: “Биз унга эваз қилиб улкан бир қурбонликни бердик”.

Улкан қурбонликни муфассирлар: Аллоҳ таоло тезда унга бир қўчқорни қурбонликка берди ва Иброҳим алайҳиссалом  уни қурбонлик қилдилар. Демак, у зотнинг динида қурбонлик машруъ эди. Лекин ўзидан олдинги шариатларга мувофиқ бўлиши учун эмас. Хулоса қилсак, қурбонликдаги “асл” нарса ўзини ўзи фидо қилишдир. Шу сабабли ҳам эътибор “асл”га бўлади, деб баён қилганлар. 

Жониворни қурбон қилиш аслида ўз жонини қурбон қилишдир

Қурбонликда суратан жониворнинг жонини тақдим қиласиз, ҳақиқатда эса ўз жонингизни тақдим қиласиз. Қурбонликнинг асли ҳақиқати ўз нафсини Аллоҳнинг ҳукмига ҳавола қилишликдир. Бу ерда сизга ўз жонингиздан бир неча баробар афзалроқ бўлган жон ато қилинади. Унинг ҳақиқатини қуйида келадиган икки мисолдан билиб олишимиз мумкин.

Биринчи ҳикоят

Осифуддавла деган жуда давлатманд бой бор эди. Бир куни отхонасига кирса, ниҳоятда камбағал, қари бир киши силлиқ тошни отларидан бирининг туёқлари остига ишқалаб ўтирганини кўрди. Бой ажабланиб сўради: “Эй қария бу ерда нима қиляпсиз?”

Чол: Мен, Осифуддавла отларининг оёғи агар бир тошга тегса уни олтинга айлантириб қўяди, деб эшитганман. Бой: Тўғри эшитибсиз. Лекин сиз тошни тўғри ишқалашни билмаяпсиз. Сиз тошни ташлаб кетаверинг, мен ўзим ишқалаб олтинга айлантириб қўяман деди. Сўнг хизматкорларига худди ўша тошнинг мислича олтинни  ясаб у ерга қўйиб қўйишга буюрди. Сўнг у чол эртасига келганида мана сизнинг тошингиз олтинга айланиб қолди, деб бериб юборди. Худди шунингдек биз Аллоҳ тўғрисида нима гумон қилсак, у гумонимизни ёлғонга чиқармайди.

Бошқа ҳикоят

Жалолиддин Румий ўз маснавийларида келтирадилар: Бир қишлоқда ниҳоятда ғариб камбағал киши бор эди. Унинг қишлоғида қаттиқ қаҳатчилик бўлиб, қудуқлар, ҳовузлар барчаси қуриб қолган эди. Бир куни хотини унга: Бағдод халифасини ниҳоятда карамли, саҳоватли деб эшитганман, унинг олдига боринг, шоядки биздаги мана бу камбағалик барҳам топса, деди. Эри унга: Халифанинг ҳузурига совға саломлар билан бориш керак, бизда эса арзирли ҳеч нарса йўғу!, деди. Шунда хотини унга: Бизнинг фалон чуқуримизда бироз шаффоф чучук сув йиғилиб қолган. Бундай ширин сув халифанинг ҳузурида қаёғданам бўлсин. Ўша сувни бир идишга солиб, олиб боринг деди. Бу фикр эрига ҳам маъқул бўлди. Эр сув солинган кўзачани кўтариб йўлга тушди. Хотин эса жойнамозни солиб олиб эри сувни билан халифанинг ҳузурига соғ саломат етиб олишини сўраб дуо қила бошлади.  Эри эса йўл бўйи “Роббим мени ва кўзамни саломат етказ, бирор жойда қоқилиб, синдириб қўймай”, деб тинмай дуо қилиб борарди. Чунки у бечорада ҳаммаси бўлиб шу нарсаси бор эди холос. “Худо Худо”, деб соғ саломат Бағдодга етиб борди. Давозабон ижозат берилгач, уни саройга халифа ҳузурига олиб кирди. Халифа: Қўлингдаги нима?, деб сўради. Бадавий: Бу жаннат суви, бундай сувни ҳеч ким ҳеч қачон ичган эмас, деди. Халифа анча муддатдан бери очилмаган кўзанинг оғзини очишга буюрди. Унинг оғзини очишлари ҳамоно бадбўй ҳиди  бутун саройни тутиб кетди.

Лекин халифанинг қанчалик карамли ва саховатлилигини қаранг, сувнинг ҳидидан озорланганини ҳалиги бадавийга озгина бўлса ҳам сездирмади. Балки унинг сувини ниҳоятда латиф ва ширин сув экан, деб мақтаб, сувини икром билан чиройли идишга солиб юқори бир жойга қўйдириб қўйди ва бадавий кетгач, уни тўктириб юборди. 

Аллоҳ таоло ҳам бизнинг бадбўй амалларимизга нисбатан худди шундай муомалани қилади. У зот фақат ўзининг фазлу карами билангина бундай амалларимизни юқори қадрлайди. Аслида эса бу амалларимиз ҳеч нарсага арзимайди.

Сўнгра хизматкорларига кўзасини тўлдириб олтин бериб юборишга ва уни Дажла дарёси орқали қайиқда кузатиб қўйишга буюрди. Токи унинг чарчоғи чиқсин, қалбига хурсандчилик кирсин ва унга ўзининг қилган ҳадиясининг қийматию ва бизнинг унга қилган карамимизнинг юксаклигини мушоҳада қилишига имкон бўлади, деди. Уни Дажланинг қирғоғига олиб боришгач, унинг сувини кўплиги, латифлиги ва ширинлигини кўриб ҳижолатдан сув сув терга ботиб кетди. Аллоҳ бу халифа қандаям саховатлик-а! Унга менинг бадбўй ва лойқа сувимнинг нима зарурати бор эди. Унинг шаҳарида шаффоф, ширин сув дарё бўлиб оқиб ётган экан ку!, деди. Халифа унга қилган бу муомаласи бу фазлу карами фақатгина унинг дилини шод қилиш учунгина бўлгани бадавийга маълум бўлди. Аслида эса ундан ҳеч нарсага халифанинг мухтожлиги йўқ. Ўзининг ҳузурида уникидан чандон чандон яхши нарсалар дарё бўлиб оқиб ётибди.

Тадаббур қилсак, худди шундай муомала бизларга ҳам бўлади. Биз яхшилик деб ўйлаб қилаётган амалларимиз аслида ёмонликлардан иборат. Аммо Аллоҳ таоло фақат ўзининг фазлу карами билангина бу амалларимизни яхши амаллар деб қабул қилади ва бизларни ўзига итоат қилгувчилар сафига қўшиб қўяди. Аллоҳ таоло: “Уларнинг саййиотларини ҳасанотларга алмаштириб қўямиз”, деган оятнинг маъноси аслида шундай.

Халифа бадавийнинг сасиб қолган суви эвазига олтинлар ҳадя қилганидек, биз ҳам Аллоҳ таолога қурбонликларимиз туфайли ўз жонимизни тортиқ қиламиз. Аслида эса бу жонимизнинг ҳақиқати бадбўйликлардангина иборат эди. Чунки бизнинг жонимиз разил сифатлар ва ёмон ахлоқлар билан сифатлангандир. Лекин Аллоҳ таоло бизларнинг бу жонимиз эвазига яхши сифатлар эгаси бўлган жон ҳадя қилади. Мана шунинг отини фано ва бақо дейилади.

Қурбонликнинг зоҳири, ботини ва ундаги руҳ

Анбиё алайҳиссаломларнинг тушлари ваҳий бўлади ва уларнин тушлари ростдир. Иброҳим алайҳиссалом ҳам фарзандини сўйишни ҳам тушида кўрди. Бас, бу ваҳий бўлди. Шу сабабли ҳам фарзандни сўйиш собит, деб таҳқиқ қилиш шаръан ҳам, луғатан ҳам тўғри бўлади. Сўйгандан кейин яна сўйишга вуқуъ бўлмади. Иброҳим алайҳиссалом бу имтиҳондан тўлиқ ўтиб бўлганларидан сўнг, Аллоҳ таоло Исмоил алайҳиссаломнинг ўрнига жаннатдан бир қўчқор юборди. Бу қурбонликнинг зоҳири бўлди.

Қурбонликнинг ботини ҳақиқатда киши фарзандини забҳ қилишида ўзини ўлдириш ҳосил бўлади. Ҳадиси шарифда: “Ҳар бир нарсанинг зоҳири ва ботини бўлади”, дейилган. Шунингдек қурбонликнинг ҳам юқорида ўтканимиздек зоҳири бор ва ботини яъни руҳи ҳам бор, яъни бу ўз нафсини қурбон қилишдир. Фарзандни забҳ қилиш ҳам унинг руҳидир. Демак, Қурбонликнинг ҳақиқати ўз нафсини забҳ қилиш бўлди. Шу восита билан Иброҳим алайҳиссалом ўз ўғилларини забҳ қилдилар. Ўз гарданингизга пичоқ тортинг, демай балки, фарзандигиз гарданига пичоқ тортинг, дейилди. Чунки ўзини сўйишдан кўра фарзандини сўйиш нафс учун қанчалар қаттиқ ва оғир! Балки бундан кўра ўзини сўйиш осонроқ. Бирор бир ота ҳуши ўзида бўла туриб ўз фарзандини сўйишга рози бўлмайди. Тариқатдаги фанои нафс деган тушунча мана шудир яъни ўз нафсига қарши чиқиш дегани ва бу нарса фарзандини қурбонлик қилишда намоён бўлади.

Айтингчи, биз юқорида ботин деб айтган нарса қай бир матнга ё нассга хилоф. 

Ёдда тутинг! Ҳақиқий сўфийларнинг бирорта гапи қуръон ва ҳадисга хилоф эмас. Агар хилоф бўлса, у тасаввуф эмас, балки, зиндиқликдир.

Хулоса шуки, ҳар ибодатнинг зоҳирий сурати бўлганидек ботиний руҳи ҳам бўлади. Қурбонликнинг руҳи эса, фарзанд забҳ қилиш воситасидаги фанойи нафсдир.

Фанойи нафс деб, ўз хоҳишига қарши иш тутиш эканини айтиб ўтдик, яъни масалан: нафсингиз тўрт ракат нафл намоз ўқишни хоҳласа, сиз уни саккиз ракатга етказинг, агар нафл рўзадан қочиб нафл намоз ўқишни хоҳласа, сиз нафл рўза тутишни ихтиёр этинг.

Шундай экан қурбонликнинг руҳи фанойи нафсдир. Қайси қурбонликда  фанойи нафс топилмаса, у руҳсиз бўлибди. Энди қайси қурбонлик руҳсиз бўлса, у қурбонлик эмас.

Қурбонликка бўлган ҳукм хожиларга ўзини ўхшатиш сабабли ҳамдир

Хожга бормаган кишига қурбонликнинг вожиб бўлиш ҳукми хожиларга ўхшаш учун  воқеъ бўлган десак ҳам нотўғри бўлмайди. Инсонлар Маккага бормасалар ҳаж амалларида ҳозир бўла олмасалар, хожиларга ўзларини ўхшатиш учун қурбонлик қиладилар. Чунки хажда талбия айтилса, бу ерда шунга ўхшаш такбири ташриқ айтилади. Ҳар бир оқил, балоғатга етган, мусулмон кишиларга ташриқ кунларида жамоат бўлиб намоз ўқисалар уни айтиш вожибдир. Ёлғиз намоз ўқувчига эса мустаҳаб.

Яна қурбонлик қиладиган кишига Зуҳижжанинг аввалидан то қурбонлигини сўйиб бўлгунича соч, соқол ва тирноқларини олмай туриши мустаҳабдир. Ҳожиларга ҳам худди шундай. Энди кимки қурбонлик вожиб бўлмай туриб ҳам шундай қилса, кўп савобларга эга бўлади. Юқоридаги мисоллардан қурбонликни ҳаж амалларига ўхшашлиги маълум бўлди.  

Ҳадиси шарифда келади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир киши “Ҳажнинг ҳақиқати нима?”, деб сўради. Шунда у зот: “Баланд овозда талбия айтиш ва қурбонлик қонини оқизишдир” дедилар.   Бу ҳадисдан қурбонликнинг ҳажга бўлган муносабати мукаммал тарзда зоҳир бўлди. Аслида қурбонлик ҳажнинг рукнларидан эмас. Аммо ҳаж билан унинг кучли алоқаси борлигидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни ҳажнинг ҳақиқати, дедилар. Рамазондан кейин баъзилар ҳаж сафари тадоригини кўра бошлайдилар. 

Ҳажга боролмайдиганларнинг қалбига эса ҳасрат наштари санчилади. Шу пайтда ҳар бир мусулмоннинг қалбидан “Қанийди мен ҳам ҳажга борсам”, деган ички нидо ўтади. Аллоҳ таолонинг наздида мўъминнинг нияти жудаям улуғ ҳисобланади. Шу сабабли ҳам бизларга шу ерда туриб бўлса ҳам қурбонлик қилишга буюради. 

Қурбонлик қилишда ҳажнинг баракотидан ҳам бир ҳисса бор.

Қурбонлик бизларнинг жонимиз ўрнига қоим мақом бўлди. Минодан бошқа ўринларда инсонлар қурбонлик қилар эканлар, ҳажнинг баракоти фақат ҳаж қилгувчилар учунгина бўлиб, боришга имкони йўқлар эса бу баракотдан маҳрум бўладилар. Шу сабабли ҳам Аллоҳ таоло ҳаж қилувчиларга ўхшаш бўлсин деб уларга ҳам қурбонликни вожиб қилиб қўйди. Токи уларга ҳам ҳажнинг баракотидан бир ҳисса насиб бўлсин. Юқорида айтиб ўтдик: қурбонликда нафсга қарши курашиш ҳам бор. Нафсни бўйсундириш эса, уни шариатга тобеъ қилишликдир. Икки ҳолатнинг ҳам ўзига хос бир зарурати бор. Шунинг учун Иброҳимий суннат бўлган бу амал ҳожиларга ҳам, улардан бошқаларга ҳам вожиб бўлди.

Ҳаж ва қурбонлик баданий ибодатми, ёки молий?

Баъзи фуқаҳолар ҳажни ҳам баданий, ҳам молий ибодат дейишади, чунки унда ҳам пул сарфланади, ҳам бадан машаққат тортади. Лекин қурбонликда бадан машаққати кузатилмайди. Шундай бўлса ҳам қурбонлик ҳам баданий, ҳам молий ибодат ҳисобланади, гарчи кўпроқ мол сарфлаш ҳолати кузатилсада.

Ҳаж ибодатида молиятдан кўра баданият ғолиб, чунки Каъбанинг яқинида истиқомат қилувчилар ҳатто мол ҳам сарфламай бу ибодатни адо этаверадилар. Шундай бўлса ҳам биз бу ибодатни мураккаб, деб ҳукм қиламизми, қурбонликда ҳам баданиятдан кўра молият ғолиб бўлгани билан барибир уни сўйиш учун жисмимиз ҳам озми кўпми ҳаракатда бўлади. Қурбонликни молий ибодат эканлиги зоҳир, аммо баданий бўлишида ҳам иккита кўриниш бор.

1. Яширин

2. Ошкора

Ошкораси бу-қурбонлик фақат пул сарфлаш билан адо бўлиб қолмайди. Уни ҳеч бир меҳнату машаққатсиз бировга бериб юбориш  билан бу ибодат ҳосил бўлиб қолмайди. Тўғри қурбонлик кунларини ўтказиб юборилса, жаримасига бир жонлиқни бировга бериб юборилади, аммо бу билан қурбонликнинг савобига баробар савобга эришиб бўлмайди. Қурбонликдаги асл вазифа жонворни забҳ қилиш. Забҳ қилишда эса бадан учун машаққат бор.

Агар бир киши: ундай бўлса закот ҳам мураккаб амал эканда, чунки унда ҳам молни бировга олиб бориб беришда озгина бўлса ҳам машаққат борку, деса, жавоб шу бўлади: лекин соғлом ақл билан ўйланса молни сарф қилишда зикр қилишга арзирли машаққат йўқ. Қурбонликни сўйишда эса очиқ машаққат бор. Шунинг учун ҳам қурбонлик жониворини ҳамма ҳам сўя олмайди. Закотни эса ёш бола ҳам бериб юбора олади. Яъни ўзи машаққат чекиб сўяди, ёки бошқа бировнинг жисми машаққат чекиб сўйиб беради. 

САВОЛ: Баданнинг машаққатида ёлғиз жисмнинг ўзи машаққат чекиши эътиборга олинганми, ёки бу ўринда нафснинг машаққати ҳам борми?

ЖАВОБ: Маълумки, баданга таклиф жон туфайли бўлади, агар жон бўлмаса у баданга ҳеч қандай таклиф ҳам бўлмайди. Бадан қачонки жонга бирор оғриқ етказилсагина озорланади. Энди агар жон бўлмаса бадан ҳеч қандай оғриқни ҳис қилмайди. Демак, баданга таклиф жон туфайли эканлиги собит бўлади. Баданни машаққатга солиш аслида нафс ва руҳни машаққатга солишдир. Демак, қурбонликда жон яъни нафсни қийнаш бор эканми, унинг баданий ибодат эканлиги собит бўлади.

Қаранг! Жониворнинг бўйнига “Бисмиллаҳи Аллоҳу акбар”, деб пичоқ тортаётган вақтингизда қалбингиз ларзага келмайдими? Ҳаттоки шу туфайли баъзилар ўзлари сўя олмайдилар ҳам. Қурбонликнинг асли ўз нафсини фидо қилишлик бўлди. Эътибор эса “асл”га бўлади. Шуни назарда тутадиган бўлсак қурбонлик холис баданий ибодат бўлиб қолиши ҳам мумкин. Молиятлик жиҳати эса маълум. Баданиятлик жиҳати ғолиб бўлиб қолади. Нима бўлганда ҳам қурбонлик ҳам молий ҳам баданий бўлган, иккисидан ташкил топган амалдир.

Қурбонликнинг ўрнига унинг мислича пул ҳадя қилиш билан унинг ҳаққини адо қилиб бўлмайди.

Масала: Қурбонлик молининг мислича пул ҳадя қилиш билан ундаги вожиб бўлган ҳақ соқит бўлмайди. Ким агар шундай қилса гуноҳкор бўлади. Фуқаҳоларнинг фикрига кўра бирор амалнинг ўрнига киши ўз фикрича ўринбосар тайин қилиб олши мутлақо жоиз эмас.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамда ўтган улуғлар томонидан қурбонлик қилиш 

Қурбонлик қилиш унга қодир бўлганларга, яъни нисобга етарли моли борларга битта қурбонлик қилишлари вожиб саналади. Лекин бир неча қурбонлик қилишга қодирлар ўзлари томонидан қурбонлик қилишдан ташқари ота-оналари, улуғлар томонидан, хоссатан Жанобимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан қурбонлик қилишлари нур устига аъло нур бўлиб, уларга бўлган муҳаббатнинг аломатидир. Чунки улар биз дунёга келмасимиздан бизларни ҳам қурбонликка шерик қилганлар. Чунончи бу ҳақида Оиша ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумолардан ривоят қилинади:

عن عائشة و أبي هريرة رضي الله عنهما : أن رسول الله صلى الله عليه و سلم ضحى بكبشين سمينين عظمين أملحين أقرنين موجوئين فذبح أحدهما فقال : اللهم عن محمد و أمته من شهد لك بالتوحيد و شهد لي بالبلاغ

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иккита семиз, катта оқ-қора рангли, шохдор, пичилган қўчқорни қурбонлик қилдилар. Улардан бирини сўйиб, “Аллоҳим, бу Муҳаммад ҳамда унинг Сенинг ягоналигинг ва мени Сен тарафингдан нозил бўлган нарсаларни етказганимга гувоҳлик берган умматим тарафидандир”, дедилар”. 

(Мустадрак. Ҳоким)

Бошқа бир ривоятда “Муҳаммад ва унинг уммати томонидан”, яна бирида “Менга иймон келтириб, мени тасдиқ қилганлар томонидан”, дедилар.

Яна бир бошқа ривоятда:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ ضَحَّى رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم بِكَبْشَيْنِ أَقْرَنَيْنِ أَحَدُهُمَا عَنْهُ وَعَنْ أَهْلِ بَيْتِهِ وَالآخَرُ عَمَّنْ لَمْ يُضَحِّ مِنْ أُمَّتِهِ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шохдор икки қўчқорни - бирини ўзлари ва оила аъзолари томонидан, бошқасини умматидан қурбонлик қилолмаганлар томонидан қурбонлик қилдилар”.

(Дорақутний ривояти)

Ушбу ҳадисдан нафл қурбонлик қилиб, савобини кўпчиликка бағишлаш жоизлиги маълум бўлади. 

Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу доимо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан қурбонлик қилар эдилар. 

عَنْ حَنَشٍ عَنْ عَلِىٍّ أَنَّهُ كَانَ يُضَحِّى بِكَبْشَيْنِ أَحَدُهُمَا عَنِ النَّبِىِّ -صلى الله عليه وسلم- وَالآخَرُ عَنْ نَفْسِهِ فَقِيلَ لَهُ فَقَالَ أَمَرَنِى بِهِ يَعْنِى النَّبِىَّ -صلى الله عليه وسلم- - فَلاَ أَدَعُهُ أَبَدًا

Ҳанаш розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Али розияллоҳу анҳу иккита қўчқорни – бирини Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан, бошқасини ўз томонидан қурбонлик қилар эдилар. Унга бу ҳақида айтилганда: “Менга буни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрганлар, уни ҳеч қачон тарк қилмайман, дедилар”.  

Шунингдек, ҳозиргача барча Аллоҳнинг мухлис бандалари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан қурбонлик қилиб келадилар. 

МАСАЛА: бундай нафл қурбонлик фақат ўзи тарафидан қилиниб, савобини уларга бағишлаш ёки улар номини тилга олиб улар томонидан адо қилинади. Савобни фақатгина ўликларга бағишланади, дейишлик бу нотўғри фикр. Бир киши ўз амалининг савобини ўликларга, тирикларга ва энди туғилажакларга ҳам бағишлаши мумкин. 

Ўтиб кетганлар томонидан қурбонлик қилиш

Бир киши вафот этаётиб “Менинг ортимдан молимдан қурбонлик қиласан”, деса, ёки ўзи тириклигида бирор ҳайвонни боқиб, “Буни ортимдан қурбонлик қиласан”, деб васият қилса, ўша қурбонликни қурбонлик кунларида қилиши ҳамда марҳумнинг ота-онаси, фарзандлари емай, тўлалигича садақа қилиб, мискинларга тарқатиб юбориши вожибдир. Агар вафот этган кишининг молидан қурбонлик қилинмай, кимдир марҳум томонидан ўзининг молидан қурбонлик қилса, марҳум васият қилган бўлсин ёки йўқ, унинг ҳукми бошқа қурбонлик гўштлари каби қурбонлик қилувчининг ўзи ва  яқинлари ейиши жоиздир. 

МАСАЛА: маййит томонидан қурбонлик қилиш икки қисмга бўлинади:

1.    маййит ўз молидан қурбонлик қилишни васият қилса ҳамда унинг молидан қурбонлик қилиши; Бунинг ҳукми: қурбонлик гўштининг ҳаммасини мискинларга бериш вожиб бўлади.

2.    бирор киши ўз молидан маййит томонидан қурбонлик қилиши; Бунинг ҳукми: қурбонлик қилувчи ихтиёрлидир, ҳохласа ўзи ейди, ҳохласа садақа қилади. 

(Имдодул Фатаво. Ашраф Али Таҳонавий)

САВОЛ: маййит томонидан бўлган қурбонлик бир қўй бўлиши ёки мол ёки туянинг еттидан бир ҳиссаси бўлиши шартми?

ЖАВОБ: Маййит ўз молидан қурбонлик қилишни васият қилган бўлса, қурбонлик адо топиши учун бир қўй ёки эки ёҳуд бир мол ёки туянинг еттидан бир ҳиссаси бўлиши шарт. Васият қилинмасада, ўлик томонидан қурбонлик қилинса, қурбонлик қилувчи ихтиёрлидир. Ўлик томонидан ҳох бутун бир қурбонликни қилсин ёки бир қурбонлик қилиб, савобини бир неча кишиларга бағишласин, барчаси жоиз.

(Имдодул Фатаво. Ашраф Али Таҳонавий)

Масала: кўпчилик йигирма, қирқ, йил маросимларида ўтиб кетган яқинлари томонидан қурбонлик қиладилар. Бундай қурбонлик қилиш шариатимизда кўрсатилмаган. Чунки қурбонлик таҳоратда тўртта аъзони ювиш каби тааббудий (негалигини Аллоҳ Ўзи биладиган) ибодат бўлгани боис фақат қурбонлик кунларигагина хослангандир. Бошқа кунларда жонлиқ сўйиш қурбонлик ўрнига ўтмайди. Агар марҳум “Ортимдан қурбонлик қилгин”, деб васият қилган бўлса, қурбонлик кунларидан бошқасида сўйилса, қурбонлик адо бўлмайди. Балки ўша кунларда қайта қурбонлик қилиши зиммасига вожиб бўлади.

Жонлиқ сўйишликни назр қилишнинг ҳукми алоҳидадир. 

(Имдодул Фатаво. Ашраф Али Таҳонавий, Қурбонлик аҳкомлари)

Қурбонлик қилиш йўли

Қурбонликка олиб келинган жониворни юзини қиблага қаратиб бу дуони ўқийди. 

إِنِّي وَجَّهْتُ وَجْهِيَ لِلَّذِي فَطَرَ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضَ حَنِيفًا وَمَا أَنَا مِنَ الْمُشْرِكِينَ إِنَّ صَلَاتِي وَنُسُكِي وَمَحْيَايَ وَمَمَاتِي لِلَّهِ رَبِّ الْعَالَمِينَ 

Албатта, мен юзимни осмонлару ерни яратган Зотга, тўғри йўлга мойил бўлган ҳолимда юзлантирдим ва мен мушриклардан эмасман. Албатта, Менинг намозим, ибодатларим, ҳаёт ва момотим оламларнинг Робби Аллоҳ учундир.

Қурбонлик сўяётган кишининг юзини қиблага юзланган бўлиши суннати муаккададир. Қурбонликнинг гарданига оёқни қўйиб сўйиш мустаҳаб амалдир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қурбонлик қилганларида шундай қилганлар.

عَنْ أَنَسٍ أَنَّ النَّبِىَّ -صلى الله عليه وسلم- ضَحَّى بِكَبْشَيْنِ أَقْرَنَيْنِ أَمْلَحَيْنِ يَذْبَحُ وَيُكَبِّرُ وَيُسَمِّى وَيَضَعُ رِجْلَهُ عَلَى صَفْحَتِهِمَا

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шохдор, оқ-қора рангли иккита қўчқорни забҳ йўлини тутиб, такбир айтиб, Аллоҳнинг номини тилга олиб ва оёқларини уларнинг гарданларига қўйиб қурбонлик қилдилар”.

(Сунани Абу Довуд)

Бўғзига пичоқ тортаётганда “Бисмиллаҳи Аллоҳу Акбар”, дейди. Баъзи бир кишилар ўзлари аввал жонивор сўймаганликлари туфайли қассоб унинг қўлидан ушлаб сўйдираётган бўлса, иккисига ҳам  “Бисмиллаҳи Аллоҳу Акбар” дейишлари лозим бўлади. Бири айтиб, бошқаси айтмаса, қурбонлик гўшти ҳалол бўлмайди.  

Сўйиб бўлиб шундай дейилади:

اللهم تقبله منى كما تقبلته من حبيبك محمد وخليلك ابراهيم عليهما الصلاة والسلام

Аллоҳим! Ҳабибинг Муҳаммад алайҳиссалом ва халилинг Иброҳим алайҳиссаломнинг қурбонлигини қабул қилганингдек, менинг ҳам қурбонлигимни қабул қилгин. 


Қурбонлик қилиш вақти

Зулҳижжанинг ўнинчи куни ийд намозидан сўнг то ўн иккинчи Зулҳижжанинг аср вақти тугагунича, яъни қуёш ботиб, шом вақти киришидан бироз вақт қолгунча, қуёш ботгач эса вақт чиқиб кетади. Демак, қурбонлик кунлари 3 кун, яъни 12 та намоз вақтидир.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бу кун қилинган дуолар энг афзал дуодир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Дуоларнинг яхшиси арафа кунидаги, мен ва мендан олдинги набийларнинг Лаа илаҳа давоми...

7594 06:51 / 18.08.2018
Зулҳижжанинг биринчи ўн кунлиги улуғ фазилатларга эга. Бу ой ҳаром ойлардан бири саналади. Унда ҳаж ибодати бажарилади. Унда ҳажнинг энг катта рукни бўлмиш давоми...

6617 12:24 / 24.08.2017
Тaвoф чоғидa тилoвaтдaн зикр aфзaлдир Имoм Aбу Ҳaнифa рaҳимaҳуллoҳ нaздлaридa, тaвoф пайтидa тилoвaт қилиш хилофи авло, яъни нoмунoсиб ишдир. Шунинг учун тaвoф пайтидa Қуръoни давоми...

3124 05:00 / 16.01.2017
Ҳаж қилиш вожиб бўлган биринчи навдаги шартлар топилиб, ҳаж қилолмай қолган киши учун ҳажни васият қилиб қолдириши важиб бўлади. Ҳажни Адо қилиш амалга ошириш давоми...

2590 05:00 / 16.01.2017
Аудиолар

120150 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41813 14:35 / 11.08.2021