1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Кўзни тийиш иймонни асраш демакдир

17:25 / 27.03.2017 5071 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳозирги биз яшаб турган замон шундай замонки, унда ёмонликлар, фитна- фасодлар кўпайиб кетди, шу каби унда бало-офатлар зиёда бўлди. Ана шу холатларда биз мўмин-мусулмонларга Аллоҳ таолонинг арқони, яъни Қуръони Каримни махкам ушлаб, ундагибуйруқларга бўйсуниб,унинг қайтариқларидан қайтиб юришимиз лозимдир.Шундагина биз саодатга ва нажотга эриша оламиз. 

Инсонлар бу дунёда уч тоифага бўлинадилар. 

Биринчи тоифа инсонлар умрини доимо яхшилиликлар билан ўтказишда бардавом ва шу йўлда бетакрордирлар, охират ишларида ҳам бир-бирларидан ўзиб кетадилар. Бу инсолар ютуққа эришгандирлар. 

Иккинчи тоифа инсонлар умрларини ғафлатда, доим ўйин-кулгида ўтказадиган, яхшиликларни жуда оз қиладиганлардир.Бу тоифалар зиён кўргувчилардир. 

Учинчи тоифалар эса исрофгар,Аллоҳга осий бўлган инсонлардир. Бу тоифалар ҳалок бўлгувчилардир. Биз ўзимизга яхшилаб назар солайлик, шу уч тоифанингқайси бирига кирамиз? 

Инсонга Аллоҳ таоло кўз неъматини ато қилган экан, у кўради. Лекин бу ҳамма нарсага, яъни ҳаромга ҳам боқиш керак дегани эмас. Шундай экан, ҳозирги яшаётган шароитда инсон кўзини қандай қилиб ҳаромдан сақлаши керак. Нималарга эътибор берса, ўзини ва иффатини номахрамлардан сақлай олади. Ана шулар ҳақида батафсил сўз юритсак. Шу ўринда аёллар фитнасининг қанчалар хатарли эканини баён қилиб ўтамиз. 

Ҳозирги кунда аёлларимиз ё билиб, ё билмасдан номаҳрам эркакларга кўрсатиши керак бўлмаган жойларини кўрсата бошладилар. Бунинг устига мўмина-муслима аёлларимиз ҳам кўчага чиққанда ўзларига оро бериб пардоз андозларни қилиб, ҳар хил тор кийимларни кия бошладилар. Ҳолбуки, шу ишларни ўзларининг уйларида ўз эрлари учун қилишлари керак эди. Замонавий косметика ва зеб-зийнатлар билан фойдаланган аёл ўзини атрофдагилар учун янада дилбар, жозибали қилади. Аллоҳ таоло муслима аёл учун фақат ўз эри  ва маҳрами бўлганлар, ҳамда муслима аёллар учун зийнатларини кўрсатишга рухсат берган. Уйидан ташқарида муслима аёл бегона эркакларга ўз чиройини кўз-кўз қилиб кўрсатишидинимизда тақиқланган. Чунки, аёлнинг ҳиди, зийнати, сурати, ўз гўзалликларини ошкор қилиши, эркакларни мойил қиладиган нарсалардан ҳисобланади.Энди аёллар орқали биз эркакларга қандай фитналар келиши ҳақида Қуръон ва ҳадиси шарифлардан билиб оламиз.

"Оли Имрон" сурасининг 14-оятида:"Одамларга аёллар,болалар,туганмас олтин-кумуш бойликлар,(қиммат) бахоли  отлар, чорва ва экин-тикинлар каби истак-хохишларга кўнгил кўйиш  зийнатли қилиб қўйилди", деб зикр қилинган.

Ҳасан Басрий роҳматуллоҳи алайҳшу оятнинг тафсирида:"Шайтон уларга шу ишларни зийнатлаб кўйди" , деган экан. 

"Нисо" сурасининг 28-оятида эса Аллоҳ таоло:"Ахир инсон заиф яратилинганда", деб айтади. Бу оятнинг тафсирида Товус ибн Кийсон:"Инсон аёллар ишида заифдир, инсон учун аёллар билан бўладиган ҳар бир иш устида заифлик бордир", деган экан. 

Ҳадиси шарифдаПайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:"Ўзимдан кейин эркакларга аёллардан кўра зарарлироқ фитна ташлаб кетмадим", деб айтдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривояти. 

Имом Муслим Абу Саид ал-Худрирозияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда келишичаРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:"Албатта, дунё ям-яшил, ёқимлидир. Аллоҳ сизларни унда ўринбосар қилди ва қандай амал қиласизлар деб қараб туради. Бас, дунё ва аёллар устида Аллоҳдан қўрқинглар. Чунки Бани Исроилга етган аввалги фитна аёллар сабабли бўлди", дедилар. Имом Муслим ривояти. 

Диққат қилинг, азиз дўстим демак, Бани Исроил қавмининг биринчи фитнаси аёллар туфайли бўлган экан. Худо асрасин, бизда ҳам хозирги воқеъликни олиб қаралса,эркакларга аёллар орқали фитналар зохир бўла бошлади.Мисол учун олинса, оилада бошқарув аёллар қўлига ўтди, бозорлар аёллар билан тўлди,кафе-ошхоналар аёллар билан гавжум, машиналарни аёллар бошқариши, оилада ва тўй хашамларда бўладиган охирги қарорни аёл киши чиқаришибарчамизга сир эмас. Чет элдан турли хил молларни эрлар қолиб аёллар олиб келиши,фарзандларининг оиласидан ажратиб юбориш ҳолатларива ҳоказо. Эй Аллоҳим Ўзинг бизга аёлларнинг фитнасидан паноҳ бер. Ҳой эркаклар! Ахир, бизларга ушбу оятга амал қилиш вақти келмадими.«Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий)қоим турувчилардир». ("Нисо" сураси 34-оят)

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло эркак кишини унинг жисмоний ва руҳий жиҳатлари билан оила раҳбари бўлишга мос қилиб яратган. Оила қуриш ва унинг осойишталигини сақлаш, бу йўлдаги барча сарф-ҳаражатлар эркак кишининг зиммасидадир. Шундай экан, у асосан, оиланинг ҳар томонлама мустаҳкам бўлиши учун масъулдир.

Ибн Умаррозияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда: Набий алайҳиссалом: «Барчаларингиз ҳомийсиз ва қўл остингиздагиларга масъулсиз. Имом ҳомийдир ва қўл остидагиларга масъулдир. Эркак ўз аҳлига ҳомийдир. Ва қўл остидагиларга масъулдир», дедилар.Имом Бухорий ва Муслим ривояти. 

Албатта эркак кишининг энг катта бурчи, ўз қарамоғидагиларнинг ўзгаларга қарам бўлиб қолишига йўл қўймаслигидир. Шунингдек, уларнинг зиммасига аҳли аёл нафақаси фарздир.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Киши ўз қарамоғидагиларини нафақасиз ташлаб қўйиши унинг(қаттиқ)гуноҳкорлигига кифоя қилади",– деб марҳамат қилганлар. Имом Аҳмад ривояти. Минг афсуски, ҳозирги кунларда баъзи бир оила бошлиқлари айни шу масалада ўз вазифаларни унутиб қўймоқдалар. 

Тобинларнинг устози бўлмиш Саид ибн Мусаяб роҳматуллоҳи алайҳ:"Шайтон бирор нарсадан умидсизланса ҳам, илло, аёллар томонидан эркакларга фитна бўлиб келишга асло умидсизланмайди,– дедилар. Шайх Абдулқосим Асфахоний рохматуллоҳи алайҳ айтдилар:"Инсонда учта қувват бор. Фикрлаш қуввати, ғазаб қувватива шахват қуввати. Бу уч қувватдан энг қийини шахватни бостириш қуввати. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло "Нур" сурасининг 30-оятида: "(Эй Муҳаммад) Мўминларга айтинг, кўзларини(номаҳрам аёлларга) тикишдан тўссинлар ва авротларини (харомдан) сақласинлар! Мана шу улар учун энгтоза (йўлдир) Албатта, Аллоҳ улар қилаётган хунарлардан хабардордир". Ҳа кўзни номахрамлардан қуйи қилишнинг фойдалари улкан. У бандага иймон ҳаловати, дил нури, қалб қуввати, нафс поклиги ва салоҳиятини олиб келади.

Шу оятни тафсирида Қатода роҳматуллоҳи алайҳ: "Яъни, ўзларига ҳалол бўлмаганларга қарашлик. Бу оятнинг бошида Аллоҳ таоло номаҳрамлардан кўзни паст тутишни зикр қилиб, сўнгра "авротларини зинодан сақласинлар", деди.Чунки (номаҳрамларга) қарашлик зинога олиб борадиган йўлнинг бошидир"–дейди. 

     Кейинги ояти каримадаги амраёллар учун ҳам алоҳида таъкид этилди: "Мўминаларга ҳам айтинг, кўзларини(номаҳрам эркакларга)тикишдан тўссинлар ва авратларини (ҳаромдан) сақласинлар". Маълумингизки, кўп ҳолларда Аллоҳ таоло бандаларига умумий тарзда “Эй, иймон келтирганлар”, тарзида хитоб қилади. Бу ўринда аёлларга алоҳида амр этилиши бу масаланинг нақадар муҳимлигига далолатдир. 

"Кўзни ҳаромдан тийиш" дегани "эр киши аёлнинг қорасини, аёл эрнинг қорасини кўрмасин", дегани эмас. Балки ҳожатдан ташқари назар ташламасин, бир номаҳрамга кўзи тушса, назарини дарҳол бошқа томонга олсин, тикилиб қолмасин, деганидир. Чунки бегона аёлга назарнинг давомий бўлиши шаҳвоний ҳисларни уйғотади.

Сўнгра Аллоҳ таоло кўзларини номаҳрам аёлларга тикишдан тўсганларга:"Мана шу улар учун энг тоза (пок)йўлдир деяпди.Аллоҳ таоло бизга поклик нажот топишликка олиб боришини ўргатаяпди. Бу сўзимизга далил ўлароқ"Шамс" сурасида:Ҳақиқатан уни (нафсини) поклаган киши нажот топур", дейилган. Ҳали Аллоҳ таоло бу кўзларимиз устида Қиёмат куни биздан сўрайди. 

"Исро" сурасининг 36-оятида:"Чунки қулоқ, кўз,дил – буларнинг барчаси тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур, жавоб берур" деб айтилган.Яъни, инсон қулоқбилан  эшитган барча нарсалари ҳақида сўралганидек, кўзи билан  кўрган ҳамма нарсалари тўғрисида ҳам сўралади. Шунингдек, қалб билан  қилган барча эътиқоди ва қасди тўғрисида ҳам масъулдир. Шундай экан, ибодат учун яратилган бу аъзоларни ҳалолмас нарсаларга ишлатган кимсанинг холига вой бўлади.

Яна "Ғофир" сурасини 19-оятида "Аллоҳ кўзларнинг хиёнатини (қараш ман этилган нарсага ўғринча кўз ташлашни) ҳам диллар яширган нарсаларни ҳам билур", дейди. 

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу мана шу оятнинг тафсирида айтадилар: "Киши бир қавм олдида бўлади, бирданўша ерда чиройли аёл ўтиб қолади. Одамларга шундай кўринадики, ҳалиги киши худди кўзини аёлдан тўсаётгандек бўлади. Лекин одамлар бир оз ғафлатда қолишса,у киши ўша заҳоти у аёлга қарайди, агар фитнага тушиб қолишдан қўрқса, яна кўзини пастлатади. Аллоҳ таоло унинг қалбидаги, яъни имкони бўлса (қараши керак бўлмаган жойларга ҳам)қарашга тайёр эканини билиб туради". 

Китобларда шундай ҳикматли сўзлар келади. Ким кўзини номаҳрамлардан сақласа, Аллоҳ унинг қалб кўзига нур пайдо қилади. 

Имом Бухорий ва Муслим Абу Хурайра розияллоху анҳудан чиқарган ҳадисларида Набий алайхиссалом:"Одам боласининг пешонасида зино қилмоқ насибаси ёзиб қўйилган бўлиб, у бундан қочиб қутула олмайди. Кўзнинг зиноси (бегона аёлларга) қараш билан,қулоқнинг зиноси (фахш бузуқ сўзларни) эшитиш билан, тилнинг зиноси (фахш, бузуқ сўзларни) гапириш билан бўлади," дедилар. Ибн Аббос розияллоху анҳу: "Мен ушбу ҳадисдан кўра нохушроқ гапни эшитмаганман"–деган эканлар. 

Имом Табароний ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:"Учта кўз дўзах ўтини кўрмайди: 

Аллоҳ йулида кечқурун навбатчилик қилган кўз, Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган кўз ва Аллоҳ харом қилган жойлардан кўзини тийган кўз",дедилар. 

Имом Аҳмад «Муснад»да, Ибн Ҳиббон ўз «Саҳиҳ»ида, Ҳоким «Мустадрок»да ва бошқалар Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар:"Менга олти нарсага кафолат берсангизлар, мен сизларга жаннатнинг кафолатини бераман. Гапирсангиз, рост гапиринглар, ваъда берсангиз, вафо қилинглар, омонатни адо қилинглар, авратларни номаҳрамлардан сақланглар, кўзингизни (бегоналардан)пастлатинглар, ва қўлингизга эрк берманглар".

Диққат қилинг, азиз биродарим, Набий алайҳиссаломнинг кафолатларига:Менга (ўзларингиз томондан) олти нарсанинг кафолатини беринглар, мен сизларга жаннатнинг кафолатини бераман».

Қандай ҳам енгил олти амал! Қандай ҳам осон ва енгил яхшилик ишлар! Ким уни ҳаётида адо этса ва ўлимига қадар уларга риоя қилса, бас, унинг учун жаннат кафолатлангандир.

Яна бир ҳадисда Набий алайҳиссалом:"Эй Алий, бир қарашга (иккинчи) қарашни  эргаштирмагин, албатта, биринчи қарашдан бошқаси сенга эмасдир", дедилар. Имом Термизий ривояти. 

Ҳа, чунки инсон, биринчи қарашликни мақсад қилмаган бўлиб, унинг кўзи бехосдан тушиб қолиши мумкин. Жарир ибн АбдуллоҳНабий алайҳиссаломга бехосдан кўз тушиб қолишлик ҳақида сўраганида у зот: "Кўзингни опқочгин", дедилар. Чунки биринчи қарашда қалб (шахватга) тайёр бўлмайди. Аммо иккинчисида одамнинг хаёли кетиб,унга гуноҳ ёзилади. 

    Ибн Масъуд розияллоҳу анҳугача бориб кўтарилинган саҳиҳҳадисда айтилинади."Ҳар куни тонгда икки фаришта айтар экан. Вайл бўлсин аёллар сабабидан эркакларга ва Вайл бўлсин эркаклар сабабидан аёлларга бўладиган (бузуқ ишларда)".Ҳоким ривояти. 

Анас розияллоҳу анҳу бир кишига: "Агар бир аёл ёнингдан ўтса,то ўтиб кетгунича кўзингни юмиб тургин"– дедилар. Вакий роҳматуллоҳи алайҳ айтадилар. Суфён Саврий билан хайит намозини ўқишга уйдан чиқдик. У менга:"Бугунги қиладиган биринчи ишимиз, кўзимизни ерга қаратиб юрамиз",– деди. Айтинг-чи, эй азиз дўстим, биз кўчага чиқа туриб шундай ният қиламизми? 

Ибн Қаййум роҳматуллоҳи алайҳ айтади: "Назар қилиш инсон тушиб қоладиган умумий воқеаларнинг бошидир. Номаҳрам аёлларга қараш фикр ўзгаришини туғдиради, сўнг фикр ўзгаришлиги кўрган нарсани ўйлашликни туғдиради, у ҳақида ўйлашлик эса шаҳватни юзага олиб чиқаради, шаҳват эса хоҳишни туғдиради, тақво бўлса-чи, қатъий истакни ўзгартиради, бу ишлардан қайтарувчи тақво бўлмаса бузуқ иш содир бўлади". Яна айтиладики, кўзни номаҳрамлардан четлатишдаги сабр ўзидан кейинги аламли пушаймондан енгилроқдир. 

Абдуллоҳ ибн Муборак:"Кимки фитна сабабларини ўзига олса, аввалида ҳам охирида ҳам, ундан нажот топа олмайди, гарчи унинг устида курашса ҳам"–дедилар. Ушбу ҳикматли сўзлардан ҳаётий мисол оладиган бўлсак, киши эркаг-у аёллар аралашиб ўтирган жойларга сабабсиз кириши фитнадир. Ё бир киши узрсиз равишда ўз аёлини машинасининг олди ўриндиғида пардоз- андози билан олиб юриши– бу ҳам бир фитна,  ёкиэркак киши ҳар бир жойга аёлини бегона эркаклардан қизғанмасдан ёлғиз ўзини юбораверишлиги ва ҳоказо. Демак, киши агар бу фитна сабабларини бошидан олдини олмаса, кейинчаликундан хеч ҳам нажот топа олмайди.

     Абдуллоҳ ибн Умар розияллоху анҳудан ривоят қилинган ҳадисда:Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло уч тоифа одамга жаннатни ҳаром қилди: ароққа муккасидан кетган кимсага, ота-онасига оқ бўлган кишига ва даюсга», дедилар. Термизий ривояти. 

Даюс— ўз аҳли-оиласи (хотини, қизи ва опа-сингиллари)даги бузуқликка рози бўладиган кимсадир. Муҳаммад Хижавий:"Номаҳрамларга кўп қарашлик балоларнинг аслидир чунки кўп қарашлик фаржнинг элчисидир" - деган экан. Ҳаётдаги кўп фаҳш, зино ишлар қарашликнинг ғолиб бўлиб кетишидан юзага чиқади.

Билишимиз лозимки, ҳали бу кўзларимиз, Қиёмат кунида ўзимизга қарши гувохлик беради, бунга далил ушбу оят."Бас, қачонки улар келишгач уларнинг қулоқлари,кўзлари ва терилари улар қилиб ўтган ишлари ҳақида ўзларига қарши гувохлик берур"("Фуссилат" сураси 20-оят). 

Аблуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий алайхиссалом:"Аллоҳдан хақиқий ҳаё билан ҳаё қилинглар". Бизлар Аллоҳ таолодан уяламиз-ку, дейишди.Бу ҳаё эмас, лекин ким Аллоҳдан чиндан ҳам ҳаё қилса, бошни ва уни ўраб олган нарсаларни сақласин, қоринни ва уни ўраб олган нарсаларни сақласин...... деб",мархамат қилдилар.

Умар розияллоху анҳу: "Бировларнинг аёлларига қараманглар шунда сизнинг аёлингизга ҳам қарашмайди",– дедилар. 

Абу Хурайра разияллоху анҳудан: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Ахли дўзахдан икки тоифаси борки мен уларни кўрмадим:

1) Қўлларида сигирнинг думига ўхшаган қамчилари бўлиб, у билан инсонларни урадиган кишилар.

2) Кийим кийган яланғоч, ўзи бузуқликка моил ва бошқаларни ундовчи, бошлари туянинг қийшайиб турган ўркачига ўхшаган аёллар. Улар жаннатга кира олмайдилар ва жаннатнинг хидини ҳам топмаслар. Ҳолбуки унинг хиди фалон фалон масофадан келиб туради». Имом Муслим ривояти.

Имом Нававий роҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Ҳадисда зикр қилинган  «кийим кийган яланғоч»лар. Чиройини кўрсатиш учун баданининг у ер бу ерини очиб юрадиган аёллар.. «ўзи бузуқликка моил ва бошқаларни ҳам ундовчи» – Аллоҳ таолонинг тоатидан тойилган, иффатсиз ва бошқаларга ҳам ўша бузуқликни ўргатадиган аёллар.. «Бошлари туянинг ўркачи каби» – Сочлари ўримини бошларининг ўртасига туянинг ўркачидек катта килиб ўраб оладиган аёллар. Баъзи уламолар: "Эркакларга тик боқадиган, улардан кўзларини олиб қочмайдиган ҳамда бошларини (ҳаё билан) қуйи солиб юрмайдиган аёллар", деб таъриф килганлар.


Ҳаромларга назар солишнинг оқибатлари


1.  Албатта, ҳаромларга назар солиш (ўзидан) ҳасрату надоматни мерос қолдиради. 

2.    Қалб бузилади. Ўқ ўлжага қандай таъсир қилса, назар ҳам қалбга шундай таъсир қилади. Агар ўқ ўлжани ўлдирмаса ҳам, у олов каби хўлу қуруқни баробар ёндиради. Худди шунингдек назар қалбнинг ҳаммасини ёндирмаса ҳам, баъзисини ёндиради. 

3.    Илм унутилади. Обидлардан бири ёш, чиройли йигитчага қарагани учун Қуръонни унутган. 

4.    Бало келади. Салафи солиҳлардан бўлмиш Амр ибн Мурра айтади: “Бир аёлга назар солдим. У мени (жуда) қизиқтириб қўйди. Шунда кўзим (бирдан) кўрмай қолди. Мен ўша ишимнинг жазоси шу бўлишини умид қиламан”. 

5.   Тоатларнинг бекор бўлиши. Ҳузайфа розияллоҳу анҳу дедилар: “Ким кийим ортидан аёлнинг баданини хаёл сурса, рўзаси бекор бўлади”. 

6.    Аллоҳдан ва охиратдан ғафлатда бўлиш. Агар қалб ҳаром нарсалар билан машғул бўлса, шу иш бандада Аллоҳнинг зикрига дангасалик қилишни, тоатларга бепарволик қилишни келтириб чиқаради. 

7.  Шариатнинг оёқ-ости қилиниши. Ким одамларнинг уйига қасдан жосуслик қилиб назар солса, шариатни оёғ ости қилган бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Агар биров сенинг рухсатингсиз уйингга назар солса, сен унга тош отиб, кўзини кўр қилсанг, сенга гуноҳ бўлмайди”. Муттафақун алайҳ. 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа ҳадисда:“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир қавмнинг уй ичига уларнинг изнисиз назар солса, батаҳқиқ, уларга унинг кўзини ўйиб олиш ҳалол бўлади», дедилар». Муслим ва Абу Довуд ривояти.


Кўзни тийишнинг фойдалари

Кўзни тийишда жуда кўп фойдалар бор.

Жумладан, Ибн Қаййум раҳматуллоҳи алайҳнинг сўзларига кўра, унинг 10 та фойдаси бор. Улар қуйидагилар: 

1.   Қалбнинг ҳасрат аламидан қутулиши. Чунки, ким кўзини тиймаса, ҳасрати давомли бўлади. 

2.  Кўзни тийиш қалбга нур ва зиё келтиради. Ўша нур кўзда, юзда ва бутун аъзоларда зоҳир бўлади. Чунки, кўзни тиймаслик юзга ва аъзоларга зулматни олиб келади. 

3. Соғлом фаросат келтиради. Бу фаросат қалбдаги нурдандир. Шужоъ Кирмоний шундай деганлар: “Ким зоҳирини суннатга эргашиш билан, ботинини доимий муроқаба билан обод қилса, кўзни ҳаромдан тийса, нафсини шаҳватлардан тийса, ҳалолдан еса, фаросати хато қилмайди”. 

4.  Бандага илм йўллари ва эшиклари очилади. Илм олиш сабаблари ҳам у бандага осон бўлади. Бу ҳам қалбдаги нур сабаблидир. Агар қалб нурланса, унда маълумотларнинг ҳақиқати зоҳир бўла бошлайди. Ким кўзини тиймаса, қалби кирланади ва у зулмат билан қопланади. 

5.    Қалбнинг қувватини, саботини ва шижоатини олиб келади. Баъзи шайхлар шундай дейишган: “Одамлар азизликни подшоҳлар эшигидан изладилар ва уни фақат Аллоҳнинг тоатида топдилар”. 

6. Кўзни тийиш қалбга назар билан ҳосил бўладиган лаззат ва ҳурсандчиликдан кўра улканроқ лаззат, ҳурсандчилик ва хотиржамлик олиб келади. Иффат лаззати гуноҳ лаззатидан улканроқ ва ширинроқдир. 

7.    Кўзни тийиш қалбни шаҳватга асирликдан қутқаради. Чунки, бу ерда банда шаҳватга асир бўлгандир. Шаҳватига асир бўлган банда эса ҳеч бир гуноҳдан қайтмайдиган бўлади. 

8.  Кўзни тийиш банданинг юзига жаҳаннам эшикларидан бирини ёпади. Чунки, назар охири дўзах билан якунланувчи фаҳшга олиб борадиган шаҳватнинг эшигидир. Агар кўз тийилса, фаҳшга тушилмайди, фаҳшга тушилмагач, дўзах эшиги ҳам ёпилади. 

9.    Кўзни тийиш ақлни қувватли, зиёда ва саботли қилади. Кўзни тиймаслик эса ақлнинг камайишига, оқибатни ўйлаб иш қилиш қобилиятининг йўқолишига олиб келади. 

10.  Кўзни тийиш қалбни шаҳват зикридан, ғафлат мудроғидан халос этади. Кўзни тиймаслик эса Аллоҳдан ва охират кунидан ғофилликни кучайтиради, мустаҳкамлайди. 

Ибн Қаййум раҳимаҳуллоҳнинг фикрларига яна қуйидагиларни ҳам қўшимча қиламиз: 

11.  Кўзни тийиш Аллоҳнинг муҳаббатини пайдо қилади. Ҳасан ибн Мужоҳид раҳимаҳуллоҳ шундай деганлар: “Кўзингни Аллоҳнинг ҳаром қилган нарсаларидан тийгин. Бу иш Аллоҳнинг муҳаббатини пайдо қилади”.

12. Кўзни тийиш ҳикматни олиб келади. Абул Ҳусайн Варроқ шундай дейдилар: “Ким кўзини ҳаромдан тийса, бу иши сабабли Аллоҳ унинг тилига эшитувчиларини ҳидоятга бошлайдиган ҳикматни беради”. 

13.   Кўзни тийиш қалбни фойдали нарсалар ҳақида тафаккур қилишга, қиёмат куни асқотадиган ишлар билан машғул бўлишга бўшатиб беради. 

Ибн Жавзий раҳимаҳуллоҳ шундай дейдилар: “Эй биродарим, сенга қиладиган насиҳатимни тушуниб етгин! Кўзинг Аллоҳнинг сенга берган неъматидир. Унинг неъмати билан Унинг Ўзига исён қилма! У Зот билан кўзни ҳаромдан тийиш ила муомала қилсанг, фойда кўрасан. Кўзни тиймасликнинг уқубати ўша неъматни олиб қўйилиши бўлиб қолмасин, тағин. Агар уни тийсанг, кўп яхшиликка етасан ҳамда узун ва давомли ёмонликдан саломат бўласан”. 


Кўзни тиймасликнинг сабаблари

Кўзни тиймасликнинг бир нечта сабаблари бор. 

1.   Ҳавойи нафсига ва шайтонга эргашиш. 

2.  Назарнинг оқибатларини билмаслик. У зинога олиб боради. Баъзан эса исломдан чиқиб, муртад бўлишгача олиб бориши мумкин. Ривоятларда келишича, бир муаззин киши насроний аёлни кўриб, қаттиқ яхши кўриб қолади. У аёл эса унинг муҳаббатини рад этади. Агар ислом динидан воз кечиб, насронийлик динини қабул қилсагина, рози бўлишини айтади. Халиги муззин диндан чиқиб, насронийликка ўтиб, муртад бўлади. Аллоҳ асрасин! 

3. Аллоҳнинг афвига, мағфиратига суяниб қолиш, Аллоҳнинг азоби қаттиқлигини унутиш. 

4. Беҳаё кинолар, сериаллар, кўрсатувлар, газета-журналлар, китобва бошқаларни кўриш, ўқиш. 

5.   Никоҳдан ўзини олиб қочиш. Набий алайҳиссалом шундай деганлар: “Эй, ёшлар жамоаси! Сизлардан ким уйланишга қодир бўлса, уйлансин! Чунки, уйланиш кўзни тиювчи, фаржни сақловчидир”. Муттафақун алайҳ. 

6.   Эркак-аёллар аралаш бўладиган жойларда, масалан бозор, зиёфат, ресторан ва бошқа маконларда кўп бўлиш. Ало ибн Зиёд айтадилар: “Аёл кишининг кўйлагига назар солма. Чунки, шу назар ҳам қалбда шаҳватни пайдо қилади”. 

7.   Назар солувчи ўз баданида ёлғон лаззатни ҳис қилиши. Бу эса Аллоҳдан ғафлатда бўлиш, Унинг азамати қалбда оз эканининг аломатидир. Агар Аллоҳнинг ҳайбати, азамати қалбда оз бўлмаганда эди, гуноҳдан лаззат ҳис қилмаган бўларди. 

8.  Аёлларнинг кўчаларда ва бозорларда очиқ-сочиқ юриши. Баъзи аёллар атайин ўзининг гўзаллигини ва зийнатларини зоҳир қилади. Бу билан кўплаб шаҳват тўла назарлар унга боқишини истайди. 

9.    Аёлларнинг эркакларга очиқ-ойдин назар солиши. Бунда аёл рўпарасидан келаётган эркакка бақрайиб назар солади. Ваҳоланки, ўзи назар солиши у ёқда турсин, ўзини ҳам назардан тўсиши керак эди. 

10. Аёллар билан кўп муомала қилиш. Бу муомала савдода бўладими, ишхонада бўладими, фарқи йўқ. 

Яна қўшимча тариқасида айтадиган бўлсак, эркакларнинг йўл бўйларида узоқ ўтиришлари. 

Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Йўл бўйида ўтиришдан сақланинглар», деганларида, саҳобалар: «Эй Аллоҳнинг расули, бунинг чораси йўқдир. Чунки биз ўтириб суҳбатлашамиз», дейишди. Расулуллоҳсоллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар бунга кўнмасангизлар, ўтиринглар-у, фақат йўлнинг ҳаққини адо этинглар», дедилар. Саҳобалар: «Эй Аллоҳнинг расули! Йўлнинг ҳаққи нима?» дейишганида, Расулуллоҳсоллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кўзни номаҳрамларга қаратишдан тийиш, ўтувчиларга азият бермаслик, саломга алик олиш, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариш», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривояти


Кўзни тийишга ёрдам берадиган омиллар

Кўзни тийишга ёрдам берадиган кўп омиллар бор. Қуйида муҳимларини келтирамиз: 

1.   Аллоҳ азза ва жаллага тақво қилиш, Унинг иқобидан қўрқиш. 

2.   Кўзни тиймасликка олиб борадиган ҳамма сабаблардан қутулиш. 

3. Кўзни тиймаслик афсус ва надоматга олиб боришини билиш. Ҳасан раҳимаҳуллоҳ шундай деганлар: “Ким кўзининг тизгинини бўш қўйиб юборса, надомати узоқ бўлади”. 

4.   Назар икки кўзнинг зиноси эканини билиш. 

5.  Турли фикр ва васвасаларни тарк қилиш. Токи бу фикрлар қасдга, ундан кейин амалга айланмасин. Ким биринчи назардаёқ кўзини тийса, сон-саноқсиз офатлардан тийилади. Агар назарни такрор қилса, унда қалбига шаҳват уруғи экилишидан қутула олмайди. Уруғ экилгач, уни суғуриб олиб ташлаш жуда қийин бўлади. 

6.  Шукрни адо этиш. Неъматга ҳақиқий шукр қилиш уни берган Зотга ўша неъмат ила итоат қилиш, ўша неъмат ила исён қилмасликдир. Кўз ҳам Аллоҳнинг бандага берган энг улкан неъматидир. 

7.  Рўза тутиш. Кўзни тийишга ёрдам берадиган кучли омиллардан бири рўза тутишдир. 

8. Аёллар ҳақидаги хунук нарсаларни ўйлаш. Улар ҳам туфлашади, бавл қилишади, ғоит қилишади, улардан ҳам тер ва бошқа сабабларга кўра бадбўй ҳидлар чиқади. Шунинг учун Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: “Агар бирортангизни бирорта аёл ажаблантирса, унинг ўлиб, чиришини эсга олсин!” деган эканлар. 

9.   Аллоҳ ҳалол қилиб берган йўл билан тасалли топиш. Бунга, аввало, уйланиш киради. Шаҳват шунда ҳалол йўл билан қондирилади. Қолаверса, қуйидаги ҳадисда келадиган ҳолат ҳам кўзда тутилган. 

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир аёлни кўриб қолдилар. У аёл у зотни ажаблантирди. Зайнабнинг олдига келиб, ундан ҳожатларини бажо қилдилар ва: “Албатта, аёл шайтон суратида келади ва шайтон суратида кетади. Агар сизлардан бирортангиз бир аёлни кўриб, ажабланса, аҳлига келсин. Чунки, бу иш нафсидаги нарсани қайтаради”, дедилар. Муслим ривояти. 

Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ ушбу ҳадиснинг шарҳида шундай деганлар: “Ҳадиснинг маъноси – албатта аёл ҳаво, фитна, шаҳват дея зикр қилинади. Бунга сабаб Аллоҳ таоло эркакларнинг нафсларини уларга мойил бўладиган, уларга назар солиб лаззатланадиган қилиб яратганидир. Шунинг учун, аёл киши заруратсиз эркаклар орасига чиқмаслиги керак. Худди шунингдек, эркаклар ҳам улардан ва уларнинг либосларидан кўзларини тийишлари, улардан мутлақо юз ўгиришлари лозим”. 

10.   Аллоҳ таолога дуо қилиб бу фитнадан паноҳ беришини тилаб, У Зотдан ёрдам сўраш. Пайғамбар алайҳиссалом дуоларида: “Эй Аллоҳ, мен Сендан қулоғимнинг ёмонлигидан, кўзимнинг ёмонлигидан, тилимнинг ёмонлигидан ва қалбимнинг ёмонлигидан паноҳ сўрайман”, дер эдилар. 

Абу Довуд ривояти. 

11.    Ёмон хотимадан ва ўлим пайтидаги надоматдан қўрқиш. 

12.  Яхшиларнинг суҳбатида бўлиш ва ёмонларнинг суҳбатини тарк этиш. Чунки, табиат аралашувдаги кишиларнинг хислатларидан ўғирлайди. Ҳудди ҳадиси шарифда айтилгандек: "Киши ўз биродарининг динида бўлади. Сизлардан бирингиз ким билан биродарчилик қилаётганига қарасин!".

Абу Довуд ва Термизий ривояти.


Шариятда номаҳрамларга қараш рухсат берилган ўринлар

Динимиз таълимотига кўра номахрам аёлларга шаҳват билан қараш кўз зиноси ҳисобланади. Аммо уйланаётган йигит қизга назар солишига шариатда рухсат берилган, ҳатто тарғиб қилинган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинголдиларида эдим. Бир киши келиб, ансорлардан бир аёлга уйланаётганини айтди. Шунда Расулуллоҳсоллаллоҳу алайҳи васаллам унга: “Ўша аёлга назар солдингми?”– дедилар. У: “Йўқ”,– деди. Шунда у Зот: “Бор, унга назар сол. Зеро, ансорларнинг кўзларида бир нарса бор”, – дедилар". (Муслим, Насоий, Аҳмад ва Ибн Ҳиббон ривояти)

Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Муғийра ибн Шўъба розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар: "Уйланмоқчи бўлиб, бир аёлга совчи қўйган эдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Уни кўрдингми?»– деб сўрадилар. Мен: «Йўқ», –дедим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сен уни кўргин, бу, албатта, ораларингизда яқинлик ҳосил қилади",–дедилар.

Бу ривоятларда уйланмоқчи бўлган йигит қизнинг юзига қараши жоиз экани маълум қилинмоқда. Жумҳур уламоларнинг фикрларига кўра, уйланишдан олдин қизнинг юзига назар солиш мустаҳабдир. Яна бир жиҳатга эътибор қаратиш керак. "Рухсат" дейилганда, юзи ва икки кафтига қараш жоиз. 

Аёлнинг ушбу аъзолари аврат ҳисобланмайди. Яна, ҳожат тушганда номаҳрам аёлнинг юзига қараш мумкин. Масалан, олди-сотди, гувоҳлик бериш ва бошқа узрли ҳолатларда. Номаҳрамларга назар солиш кўз зиноси, деб бу ишдан мутлоқ сақланиш тўғри эмас. 


Хулоса шуки, кўзни номаҳрамлардан пастлатиб юриш хозирги кунимизда мушкул бўлгани билан, уни амалга оширса бўлади. Мухими қалбимизда тақво бўлса бас, тақво эса ушбу эслатмаларни ўқиб, унга амал қилиш билан хосил бўлади. Валлоҳу аълам.


Дониёр Файз



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Устоз, сиз ёзган китоблару мақолалар ўқиляпти, аудио дискларингиз эштиляпти. Мусулмонлар сизни йўқотганидан қайғудалар. Кимлардир бу кутилмаган ҳолатни эшитиб, давоми...

2281 16:44 / 27.03.2017
Аллоҳ таоло инсонларни бир отаонадан, яъни Одам алайҳиссалом ва Момо Ҳавводан яратиб, бирбирлари билан ўзаро муносабат ўрнатишлари ва бордикелди қилишлари учун давоми...

2700 18:46 / 22.04.2017
Халқимизда Кичгина деманг бизни, кўтариб урамиз сизниrdquo, ndash деган нақл бор. Жуда чиройли гап. Ҳақиқатда, кичик нарсаларни менсимаслик кейинчалик салбий давоми...

2975 21:31 / 21.04.2017
Аллоҳ таоло Қуръонда марҳамат қилиб айтади Кимки Аллоҳга тақво қилса, У унга ташвишлардан чиқиш йўлини пайдо қилур. Яна, уни ўзи ўйламаган жойдан ризқлантирурrdquo давоми...

3068 16:49 / 27.03.2017
Аудиолар

118739 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40701 14:35 / 11.08.2021