1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Қўшнилик ҳаққи

05:00 / 07.03.2017 3196 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Маълумки, қўшниларга яхшилик қилиш жамиятдаги инсоний алоқаларни мустаҳкамлашга, жамиятни кучли, қудратли қилишга хизмат этади.

Қўшнига яхшилик қилиш ҳақидаги исломий таълимотлар ҳам дунёда мисли йўқ таълимотдир.

Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилади:

«Ота-онага, яқин қариндошга, етимларга, мискинларга, яқин қўшнига, ён қўшнига, ёндаги соҳибга, йўқсил йўлчига ва қўлингизда мулк бўлганларга яхшилик қилинглар» (Нисо сураси, 36-оят).

Бу ояти каримада Аллоҳ таоло бир неча тоифа одамларга яхшилик қилишга амр қилмоқда:

Биринчиси – ота-оналар.

Иккинчиси – қариндошлар.

Учинчиси – етимлар.

Тўртинчиси – мискинлар.

Бешинчиси – яқин қўшнилар.

Олтинчиси – ён қўшнилар...

Тафсирчи уламоларимиз ояти каримада зикр қилинган «яқин қўшни»ни қариндош қўшни, яъни яқинлиги бор қўшни, «ён қўшни»ни эса оддий, яқинлиги йўқ қўшни, деб тушунтирганлар.

 Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Жаброил менга қўшни ҳақида шу қадар кўп тавсия бердики, уни меросга ҳам шерик қилармикан, деб ўйлаб қолдим», дедилар».

Тўртовлари ривоят қилишган.

Қўшнининг ҳаққи шунчалар улуғ экан. Шунинг учун ҳар бир инсон ўз қўшниси ила яхши муносабатда бўлиб, унга қўлидан келган яхшиликни қилмоғи лозим. 

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Эй Аллоҳнинг Расули, менинг икки қўшним бор. Улардан қай бирига ҳадя қилай?» дедим.

«Сенга эшиги яқинига», дедилар».

Бухорий ривоят қилган.

Демак, қўшнининг ҳаққи унинг уйи яқинлигига қараб турли даражада бўлар экан. Энг яқин қўшнининг ҳаққи энг кўп бўлар экан. Агар қўшнилардан бирига ҳадя қилиш нияти бўлса, уларнинг эшиги яқинидан бошлаш яхши экан. Халқимиздаги «ён қўшни – жон қўшни» матали ушбу ҳадиси шарифдаги маънонинг такрори бўлса, ажаб эмас. 

Абу Шурайҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳга қасамки, мўмин бўлмайди! Аллоҳга қасамки, мўмин бўлмайди! Аллоҳга қасамки, мўмин бўлмайди!» дедилар.

«Ким, эй Аллоҳнинг Расули?» дейилди.

«Ёмонлигидан қўшниси эмин бўлмаган одам», дедилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

Муслимнинг ривоятида:

«Ёмонлигидан қўшниси омонда бўлмаган одам жаннатга кирмайди», дейилган.

Бунда қўшнисига ёмонлик қилишни ҳалол ҳисоблаган одам кўзда тутилган, дейишади уламоларимиз. Бу ҳадиси шарифда ҳам қўшнининг ҳаққи улуғ экани тарғиб қилинмоқда.

«Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумонинг уйида қўй сўйилди. Бас, у:

«Яҳудий қўшнимга ҳадя қилдингларми? Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Жаброил менга қўшни ҳақида шу қадар кўп тавсия бердики, уни меросга ҳам шерик қилармикан, деб ўйлаб қолдим», деганларини эшитганман», деди».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Бу ҳадиси шарифда қўшнига кўрсатиладиган эҳтимом амалга оширилиши бўйича кўргазмали ишдан намуна ҳам келтирилмоқда.

Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Уйида бирор ҳайвон сўйган киши унинг гўштидан қўшниларига ҳадя қилиши кераклиги.

2. Ғайридин қўшни билан ҳам яхши алоқада бўлиб, унга ҳам ҳадя бериб туриш лозимлиги.

3. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўшни ҳаққига катта эътибор берганлари. 

«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, қўшнисидан шикоят қилди. Шунда у зот:

«Бор, сабр қил», дедилар.

У киши ул зотнинг ҳузурларига икки ёки уч марта келди. Сўнг у зот:

«Бор, матоҳингни йўлга ташла», дедилар.

Бас, у матоҳини йўлга ташлади. Шунда одамлар ундан сўрай бошлашди. У уларга хабар берди. Улар эса: «Аллоҳ уни фалон қилсин! Ундай қилсин, бундай қилсин», деб лаънатладилар. Шунда қўшниси унинг ёнига келиб:

«Қайт! Бундан кейин мендан ўзингга ёқмаган нарсани кўрмайсан», деди».

Абу Довуд ривоят қилган. 

Термизийнинг ривоятида:

«Аллоҳнинг ҳузурида асҳобларнинг энг яхшиси соҳибига яхши бўлганидир. Аллоҳнинг ҳузурида қўшниларнинг энг яхшиси қўшнисига яхши бўлганидир», дейилган.

Шунинг учун ҳам ҳар доим дўст-биродарларга ва қўшниларга яхши муносабатда бўлишга ҳаракат қилмоқ зарур.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қўшни ўз қўшнисининг деворига ёғочини ўрнатишидан ман қилмас», дедилар».

Сўнгра Абу Ҳурайра:

«Не бўлдики, мен сизнинг бундан юз ўгирганингизни кўрмоқдаман. Аллоҳга қасамки, мен у билан сизнинг елкаларингизга ураман», деди».

Учовлари ривоят қилишган.

Қўшнининг қўшнида ҳаққи борлиги боис, унинг деворига ёғочини ўрнатишидан ман қила олмас экан. Бу маънони ўша пайтда ҳам баъзи кишилар унута бошлаганидан, улуғ саҳобий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу қасам ичиб таъкидлаган эканлар.

Имоми Аъзам Абу Ҳанифа ўта парҳезкор ва тақводор бўлиши билан бирга, хатокорларга нисбатан кенг феълли эди. Унинг кечасини мастлик билан ўтказадиган қўшниси бор эди. У бор овози билан бақириб:

«Зое қилдилар. Қандай йигитни зое қилдилар.

Оғир кунда керакли, ҳимоячини зое қилдилар»,

деб қўшиқ айтиб чиқар эди. Унинг овози кечаси билан Абу Ҳанифанинг оромини бузиб чиқарди.

Бир кеча мазкур қўшнининг овози чиқмай қолди. Тонг отганда Абу Ҳанифа суриштириб, унинг мастлиги туфайли қамалиб қолганини билди. Волийнинг ҳузурига бориб, уни қамоқдан озод қилди.

Икковлари қайтиб келаётганларида Абу Ҳанифа унга:

«Эй йигит! Сени зое қилдикми?» деди.

«Йўқ. Муҳофаза қилдингиз. Аллоҳ ажр берсин!» деди у.

Абу Ҳанифа билан бирга бўлган ўша йигит ичишни ташлади, илм ҳалқаларининг аъзоларидан бўлди ва охири Куфанинг фақиҳларидан бирига айланди.

 

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

(Руҳий тарбия китобидан)

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Инсоннинг бу дунёдаги умри жуда қисқа. Абадият билан таққослаганда ҳеч нарса эмас. Умр шунчалик тез ўтадики, ўлим бўсағасига келиб қолган одам гўё бир эшикдан давоми...

6343 16:52 / 28.09.2017
Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон янги кийим киядиган бўлсалар, кўйлак ёки салла, деб унинг номини айтиб туриб, давоми...

2491 05:00 / 03.03.2017
Аҳли ҳаво деганда ҳавои нафсига берилиб фисқу фужур билан машғул бўлган ва бидъатларни келтириб чиқарган кишилар кўзда тутилади.Абдуллоҳ ибн Амр розиаллоҳу давоми...

2555 05:00 / 02.03.2017
Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг .Тарих, китобида келтиришларича, Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу вафоти олдидан Бадрда қатнашган саҳобаларнинг ҳар бирига 400 давоми...

4264 19:30 / 27.05.2021
Аудиолар

118746 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40707 14:35 / 11.08.2021