1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Таҳлил

Қодиёнийлик ёхуд Аҳмадийлик бузғунчи ҳаракатлари

05:00 / 09.03.2017 4826 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

КИРИШ

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Оламлар парвардигори Аллоҳга ҳамд бўлсин! Набийлар ва расулларнинг сўнггисига, унинг оиласига, тўғри йўлга бошловчи ва муттақийн саҳобаларига саловат ва саломлар бўлсин!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларидан кейин уммат фирқаланиб кетиши тўғрисида хабар берганлар. Қодиёнийлик ўша ҳадисда башорат берилган машҳур адашган фирқалардандир. Бу фирқа пайдо бўлибдики, Ислом уламолари унинг залолатларидан халқни огоҳ этиш учун бор имкониятлари даражаларида ҳаракат қилганлар. Жумладан, қодиёнийлик ақидалари залолат эканлигини ва Исломдан чиқиб кетганини баён қилиб китоблар, мақолалар ва рисолалар ёзганлар ҳамда маъруза ва хутбалар қилганлар.

Етук алломалардан иборат фазилат ва самоҳат соҳиблари Абул Ҳасан Алий Ҳасаний Надавий раҳматуллоҳи алайҳнинг “Қодиёнийлик Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга берилган пайғамбарликка ва Исломга қарши қўзғолон” номли рисоласи, Абул Аъло Мавдудий раҳматуллоҳи алайҳнинг “Қодиёнийлик масаласи” номли рисоласи ва “ал-Жомиъ ал-Азҳар” масжидининг собиқ шайхи шайх Муҳаммад Хидр Ҳусайн раҳматуллоҳи алайҳнинг “Қодиёнийлик тоифаси” номли рисоласи Ислом ҳимояси учун қилинган ҳаракатлар сирасидандир.

Рисола муаллифлари Ислом олами жисмини кемираётган қодиёнийлик бузғунчи ҳаракатлари тўғрисида ўрганганлари асосида ёзганлар. Шу билан бир қаторда ушбу тоифа асосчиси ва айрим даъватчиларининг китобларидан уларнинг ишларини ҳужжат асосида очиб беришга имкон берадиган маълумотлар келтирганлар. Шу боис мазкур рисолаларни мутолаа қилган инсон қодиёнийлик тоифасини Исломдан чиққани, Исломни ёмон кўргани, мусулмонларни динларидан чиқариш учун куч ишлатганганлари ва уларни ўз байроқлари остига бирлаштиришга ҳаракат қилганлари ҳақидаги ишончли маълумотлардан хабардор бўлади.

Саудия арабистони мамлакати Маккаи мукаррама шаҳридаги “Робитатул оламил исламий” ташкилоти мазкур учта рисолани жамлаб бир китоб ҳолига келтириб нашр қилдирган ва китобга “ал-Қодиёнийя”, яъни “Қодиёнийлик” деб ном берган. Унга Миср диёри собиқ муфтийси, Робитанинг таъсисий мажлис аъзоси, Қоҳира Ислом тадқиқотлар академияси аъзоси шайх Ҳасанайн Муҳаммад Махлуф раҳматуллоҳи алайҳ Робита номидан муқаддима ёзган.

Биз азиз ўқувчилар учун мазкур китобнинг қисқача мазмун-моҳиятини баёни сифатида қодиёнийлик тоифаси кўтариб чиққан нотўғри даъволар ҳақида бир неча боблар ҳавола қилдик. Шу аснода тоифа асосчисининг ёшлиги тўғрисида ҳам маълумот келтириб ўтдик. Негаки, улар қодиёнийлик ноҳақ даъво эканлигини билсинлар ва Ислом диёрларида жосуслик қилиб юрган қодиёнийлик тоифасининг даъватчилари ёшлар қалбларида фитна уйғотишларидан огоҳ бўлсинлар. Фитна қатлдан ёмонроқдир.

Аллоҳ таоло ушбу мўжазгина рисолани ҳаммамизга фойдали қилсин.Мусулмонлар буюк ва қудратли Аллоҳдан Ислом уммати учун яхшилиги ва фойдаси бор нарсани қўлларимизга тутқазмоқлигини сўраган ҳолларида бир-бирига ёрдам беришларида яхшилик ва барака бор.

ҚОДИЁНИЙЛИК ТУШУНЧАСИ

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам мутлақо равшан ва шубҳа ҳам яқинлашмайдиган мустаҳкам шариат билан юборилдилар. У зотдан бу шариатни қалблари соф ва яхшилик йўлини фаҳмлашда ақллари юксак даражага кўтарилган кишилар қабул қилиб олиб, буюрилганларидек етказдилар ва яхшилик йўлида жидди-жаҳд қилиб, зафар қучдилар. Ҳақ дин устунлари доим баланд ва ҳавойи нафс ҳамда ҳийлалар қўлида ўйинчоқ бўлишдан ҳимояда бўлди. Бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади. Бу ҳимояланиш Қуръони карим ва Суннати набавийнинг фазлидир. Чунки, бу иккиси ҳамма асрларда ҳар қандай эгриликлардан пок ҳамда ҳавойи нафслардан йироқ назоратчиси бўлган ақлларни топди. Бундан кейин ҳам топади. Ҳамма вақт ҳақиқатлар бефаросат тилларни кесувчи ва кеккайган фирибгарларни шарманда қилувчи ҳужжатлар билан ҳимоя қилинганини кўрамиз. Аллоҳ таоло айтди: “Албатта, зикрни Биз нозил қилдик ва албатта, уни Биз муҳофаза қилурмиз”[1].

Ростгуй тарих Ислом дини ҳамма асрда нотўғри йўлга интилувчи, ҳақиқатлардан ўзларини четга олувчи ва калималарни юзтубан қилиб ўзгартириш мақсадида юрадиган нафслар билан балоланганлигини кўрсатди.

Бу бало аслида фақиҳ бўлмаган, лекин динда фақиҳликни даъво қилаётган аксар тўғри йўлдан адашган фирқалар раҳбарларида тўхтамади. Балки, нафслари уларга ваҳий нозил бўлганлик даъвосини қилишни ҳамда айтаётган гапларини Аллоҳ таолодан қабул қилиб олаётганларини даъво қилишни буюрадиганларга ҳам ўтди.

Айримлар пайғамбарлик даъвоси билан чиқиб, кейин йўқ бўлиб кетиб, асари ҳам қолмаган. Бунга Абдулмалик ибн Марвон даврида пайдо бўлган Ҳорис ибн Саъидни мисол қилиш мумкин. У халифа Абдулмаликнинг қўлига тушиб, қатл қилингунга қадар бир қанча инсонлар унга алданган. Кейинчалик ер юзида ундан асар ҳам қолмаган. Бунга яна бир мисол Саффоҳнинг халифалик даврида пайдо бўлган соқов Исҳоқдир. Унга ҳам кўпгина тоифалар эргашган ва кейинчалик қатл қилиниб, унинг фитнаси тўхтатилган.

Пайғамбарликни даво қилувчилардан яна ўлганидан сўнг даъватиниг қолдиқлари қолганлари ҳам бор. Масалан, Ҳусайн ибн Ҳамадон Хасибий. Унинг тарқатган динини ҳозирги кунда Насийрийя тоифаси тутган.

Қодиёнийлик фирқасини пайдо қилган Ғулом Аҳмад Қодиёний мазкур гуруҳ жумласидандир. Бу фирқани Мирзо Ғулом Аҳмад Қодиёний милодий ўн тўққизинчи асрда Ҳиндистонда таъсис этган. У ўзи даъват қиладиган янги дин таъсис этишга ва кўпчилик инсонлар унга иймон келтириб, даъватида ёрдамлашган ҳолларида ўша дин бўйича унга эргашишларига интилган. Аслида у ўша пайтда Ҳиндистон мустамлакачиси ҳукмрон инглизларга итоат қилган. Дастлаб, у Масиҳ Исо ибн Марям алайҳиссалом йўлларига кўра халқни ислоҳ қилишга Аллоҳ таоло тарафидан буюрилганлигини, унга илоҳий илҳомлар ва кашфлар бўлаётганини ва бунга Қодиёнда унинг ҳузурига келганлар гувоҳ бўлаётганини даъво қилган. Шундан сўнг у залолатнинг бошқа босқичларига ҳам ўтган. Улар қуйидагилар:

1)               Масиҳ алайҳиссалонинг руҳи унинг ичига тушган.

2)               Аллоҳ унга илҳом қилган нарса Қуръони карим, Таврот ва Инжил каби Аллоҳнинг каломидир.

3)               Унга ўн мингдан зиёдароқ оятлар ваҳий қилинган.

4)               Уни ёлғонга чиқарган кофир.

5)               Қуръон, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотдан олдин ўтган бошқа пайғамбарлар унинг пайғамбарлигига гувоҳлик берганлар. Ҳатто, унинг юборилиш замонини ва маконини тайин қилганлар.

6)               Қодиёнга ҳаж қилиш фарз.

7)               Масиҳ алайҳиссалом охир замонда Қодиёнга тушади.

8)               Қодиён муқаддас ўлка. Қуръонда ундан Масжидул ақсо дея киноя қилинган. У Макка ва Мадинадан кейин учинчидир. Унинг бундан ташқари талайгина тубан залолатлари мавжуд.

Юқоридагилар унинг “Бароҳийну аҳмадийя” китобида ва “ат-Таблиғ” рисоласида эълон қилиб, даъват қилган Аллоҳ ва Унинг Расулига нисбатан тўқималари ҳамда куфрдан иборат ақидаларидир. Ушбулар унинг давомчилари ҳар вақт ва ҳамма жойда тарқатиб, даъват қилаётган ақидаларидир.

Қодиёнийлик масаласи айримлар ўйлаганидек, тор доирадаги тоифачилик ёки диний тарафкашлик белгиси эмас, балки Ислом манфаъатларининг ва мусулмонлар ҳаётининг моҳияти тўғрисидадир.

Бу фирқа қўзғатган кўтариб чиққан даъволар қайси шаҳарда яшашидан қатъий назар ҳар бир мусулмонни ташвишга соладиган масаладир. Чунки, бу Исломнинг айрим асосий асосларига жудаям боғлиқлиги бор. Бу масалага эътиборсиз қараш Ислом асосларини оёқ ости бўлишига бефарқликдир. Бунинг натижаси ўлароқ қодиёнийлик масаласи мураккаблашиб, бутун Ислом оламига таҳдид солиш хавфи бор.

ҚОДИЁНИЙЛИК ИНГЛИЗ МУСТАМЛАКАЧИЛАРИ СОЯСИДА

Инглизлар мустамлакасидан қутулиб мустақилликка эришиш йўлида асосий ўринда турган Ҳиндистон мусулмонларига бас келиш инглиз босқинчиларига қийин бўлди. Ниҳоят, инглиз ҳукумати мусулмонлар табиати диний табиат эканлигини, шу табиатни қўзғатаётган ҳамда қамраб олган нарса дин эканини, мусулмонлар фақат ақидаси ва диний қаноати ҳамда диний характерга эга бўлган нарсалар ортидангина ҳаракат қилишларини тушуниб етдилар. Улар мусулмонлар ичидан бир кишини тайёрлаб юқори диний мансабга қўйишни мақсад қилдилар. Инглизлар мусулмонларга ва уларнинг қарашларига таъсир кўрсатишнинг ягона йўли шу эканлигига амин бўлдилар.

Фикрлари ва ақидаси беқарор, янги дин таъсис этишга, ўзининг тарафдорлари ва ишонувчилари бўлишига, тарихда Муҳаммад соллалоҳу алайҳи ва салламда бўлган зафарлар унга ҳам бўлишига жудаям интилган Мирзо Ғулом Аҳмад Қодиёний шахси[2]да инглизлар ўзларининг фойдалари учун хизмат қиладиган кишини кўрдилар. У янги дин ташкил этишдан маҳдийликка, маҳдийликдан масиҳликка, масиҳликдан пайғамбарликкача кўтарилишда давом этди. Ниҳоят, инглизлар хоҳлаган иш амалга ошди. Бу Қодиёний ўз навбатида ўзига топширилган ишни аъло даражада бажарди. Инглизлар уни ҳимоя қилдилар, унинг даъватини ёйилишга имкон яратдилар. Қодиёнийни мана шу куч қувват ушлаб турди ва у ўзининг юзага чиқиши инглизлар марҳамати билан бўлганини билди. У Қодиёний баъзи китобларида ўзини инглиз ҳукумати эккан кўчат эканини очиқ айтган[3]. Айрим китобларида очиқ-ойдин, ҳатто безбетларча инглиз ҳукуматига қилган дўстлиги ва вафодорлигини ҳамда шу ҳукумат учун бажарган фахрли хизматларини айтиб ўтган.

Ғулом Аҳмад Қодиёнийнинг баъзи гапларини сўзма-сўз келтирамиз: “Мен умримни кўп қисмини инглиз ҳукуматини қувватлаш ва унга ёрдам беришда ўтказдим. Раҳбар инглизларга итоат қилиш вожиблиги тўғрисида бир қанча китоб ва мақолалар ёздим. Агар уларнинг ҳаммаси жамланса, элликта жавон тўлади. Бу китобларнинг барчасини араб ўлкаларида, Мисрда, Шомда, Қобулда ва Румда нашр қилдирдим.(“Тирёқул қулуб”. Ғулом Аҳмад Қодиёний асари. 15- саҳифа).

Шунингдек, унинг 1922 йил Қодиёнда чоп қилинган “Таблиғур рисола” китобининг 7-жилдида унинг “ҳоким мақомида турган жаноб олийлари”га деб ёзган аризасини кўрамиз. Унда Мирзо ҳокимга оиласини Британия ҳукуматига бўлган ихлосини таъкидлаган ва бу ҳукумат йўлида оиласи бажарган ишларини баён қилган. У отаси Муртазохоннинг Лоҳур ҳокимига, Панжоб вилояти молия вакилига ва бошқа инглиз ҳокимига ёзган мактубларини нақл қилиб ўтган. Чунки, инглизлар ўша мактубларда келтириб ўтилган инглиз ҳукуматига бўлган дўстлик, вафо ва ихлосга далолат қилувчи буюк хизматларни эътироф этганлар. Шунингдек, у оиласининг бошқа катталари ҳам бу эҳсонгир ҳукумат учун қилган ишларини санаб ўтган. Шундан сўнг шундай ёзади:

“Бу ҳаётга келганимдан то мана ҳозир олтмиш ёшга тўлгунимча, тилим ва қаламим билан вақтимни сарфлаган асосий амал мусулмонарни қалбларини инглиз ҳукуматига содиқ ва холис вафо қилиш, сидқидил бўлиш, дўст бўлиш ҳамда яхши кўриш йўлига бурмоқлик бўлди. Шу билан бирга баъзи аҳмоқ мусулмонларни миясидан жиҳод ва шу каби уларни софдилликдан тўсувчи ҳамда ихлос устига қуриладиган алоқалардан уларни бурувчи хато фикрларни йўқотиш асосий ишларимдан бўлди”. (“Таблиғур рисола”, Мирзо Ғулом Аҳмад, 1922 йил Қодиёнда чоп қилинган. 7-жилд. 10-саҳифа).

Мазкур жумлалардан сўнг яна ёзади:

“Мен фақат Британия қўл остидаги ҳинд мусулмонлари қалбларини Британия ҳукуматига сидқидилдан итоат этишга даъват қилишга чекланмадим. Балки, араб тилида, форс тилида ва урду тилида кўп китоблар ёздим. Унда Ислом мамлакати аҳолисига Британия ҳукумати бағрида ва унинг кенг қалин соясида ҳаётимизни хотиржамлик ила маза қилиб, роҳат-фароғатда ва ҳурриятда қандай ўтказмоқлигимизни баён қилдим”. (10-саҳифа).

Шундан сўнг холис севгиси ва чин дўстлигига далолат қилувчи хизматларига гувоҳ бўладиган китоблари мундарижасини узун қилиб зикр қилган.

“Дунёни бизнинг қўлимиздалигини кўрасиз. Биз инглиз вакилларимиз. Олмонияда аҳмадийлар биносининг очилишида иштирок этган Олмония вазирликларининг биридан ҳукумати “нима учун инглиз вакиллари ҳисобланган жамоатга хос алоқада иштирок этдингиз?”, деб сўради”. (Қодёний халифа хутбасидан. “Фазл” газетаси. 1934 йил 1 ноябр).

Яна бошқа китобида айтади: “ўнлаб арабча, форсча ва урдуча китоблар ёздим. Уларда бизга яхшилик қилган инглиз ҳукуматига қарши жанг қилиш асло мумкин эмаслигини, балки инглизлар ҳукуматига сидқидилдан хизмат қилиш вожиблигини баён қилдим. Мен бу китоблар шу мамлакат, яъни Ҳиндистонга катта таъсир ўтказганлигини билганим учун уларни чоп қилдиришга катта маблағ сарфлаб, Ислом ўлкаларига жўнатдим. Менга эргашувчилар қалблари инглиз ҳукуматига содиқликка ва уларга ёрдам беришга тўла ҳолдаги жамоатни ташкил этдилар. Улар жуда содиқ ва холисдирлар. Улар шу мамлакатни баракаси, шу ҳукуматга содиқлар, унинг хизматида фидоийлар эканига ишонаман”. (Ғулом Аҳмад қалами билан инглиз ҳукуматига юборилган мактубдан).

Қодиёнийлик ҳаракати инглиз ҳукуматига уларнинг фойдалари учун яхшигина жосуслар, вафодор дўстлар ва ғайратли итоаткорлар билан ёрдам қилди. У жосуслар инглиз ҳукуматининг ишончида бўлиб, энг яхши инсонлардан ҳисобландилар. Улар Ҳиндистондаги ва ундан ташқаридаги инглиз ҳукуматига хизмат қилдилар. Бу хизмат йўлида жонлари ва қонларини саховат ила сарфладилар. Бунга Афғонистонда қодиёнийликка даъват қилиб юрган Абдуллатиф Қодиёнийни мисол сифатида кўрсатиш мумкин. Афғонистон ҳукумати уни қатл қилдилар.

Шунингдек, мулла Абдулҳалим ва мулла Нур Али Қодиёнийларни ҳам мисол қилиш мумкин. Афғонистон ҳукумати бу иккаласи инглиз ҳукуматининг вакили эканлигини аниқлаб, уларда Афғонистон ҳукуматига қарши фитна режасини тузишга далолат қиладиган ҳужжатларни топди. Иккаласининг жазоси қатл бўлди. Буни 1925 йилда Афғонистон ички ишлар вазири ҳам очиқ айтган. Бу хабарни қодиёнийларнинг расмий газетаси “Фазл” шу йилнинг 3-мартида сурур ва фахр билан эълон қилди.

Қодиёнийлик жамоаси Ғулом Аҳмад даврида ва ундан кейин ҳам инглизларни ҳайдаш ҳаракатидан ўзларини тортиб, жим турдилар. Балки, оврупалик мустамлакачилар қўли билан Ислом оламига келган бало ва офатларга ичиқоралик билан қараб турдилар. Халқ мустақиллик учун ҳаракат қилаётган бир пайтда қодиёнийлар Масиҳни ўлган ёки тириклиги, нозил бўлиши ва Ғулом Аҳмадни пайғамбар эканлиги тўғрисидаги диний мунозара ва муҳокамаларни қўзғатиш билан чекланишди. Уларнинг бу ишлари омма ҳаётига, исломий масалаларга, исломий ғайратга ҳамда ўз мамлакатидаги сиёсий кечинмаларга ҳеч қандай алоқаси йўқ эди. Қодиёнийлар ҳар хил мунозаралар ва мусулмонлар ичида шак-шубҳа уйғотиш, уларни фитна қилиш ва инглиз ҳукуматига хизмат қилиш билан овора бўлиб қолди.

Ҳиндистон иккига бўлиниб, Ҳиндистон ва Покистонга ажралгандан сўнг Инглиз ҳукумати Ҳиндистондан чиқиб кетган Зафаруллохонни Покистонга ташқи ишлар вазири этиб тайинлади. У инглизларнинг энг содиқ кишиларидан, балки инглизларнинг эккан кўчати ва ижод маҳсули эди. Инглиз ҳукумати уни шу мамлакатда инглиз манфаатларига кафил бўладиган ва Британия аравасига боғлаб берадиган ягона киши эканини эълон қилди.

Хулоса қилиб айтганда, буларнинг барчасидан қодиёнийлик нима мақсадда ташкил этилганини ва Исломга хизмат қилиш ниқобида ётлар мақсадини рўёбга чиқараётганлари кўриниб турибди.

ҒУЛОМ АҲМАДНИНГ ЁШЛИГИ ВА АҚИДАСИНИ ЁЙИШДА БОШДАН КЕЧИРГАНЛАРИ

 

Ғулом Аҳмад насаби ҳақида аждодлари Самарқандда яшаб, кейин Ҳиндистонга кўчиб келгани ва Қодиённи янги яшаш жойи этиб танлаганини айтган. Улар ўша ҳудуднинг раҳбари бўлганлар. Сўнгра замонлар ўтиб уларнинг бошига бало ва мусибатлар ёғилган. Ўша раҳбарлик улардан кетиб, моллари талон-тарож қилинган. У: “Аллоҳ Британия давлати даврида айрим қишлоқларни отамга қайтарди”, деган.

Ғулом Аҳмад Ҳиндистондаги Қодиён қишлоғида милодий 1852 йил тавваллуд топди. Таълим ёшига етгач, Қуръон ва баъзи форсча китобларни ўқишга киришди. Ўн ёшга етганда араб тилини ўрганиш учун бир устозга боғланиб, ундан наҳв, мантиқ ва фалсафани ўрганди. Отасида тиб илми тўғрисидаги китобларни ўқиди. Аммо, диний илмларга келсак, уни ҳеч бир муаллимдан ўрганмади. Балки, унда диний илмларни ўрганишга ҳавас бор эди холос[4].

Ёшлигида руҳий ва кучли тутқаноқ касалликларига дучор бўлган. Касалидан ҳар хил дорилар ва баъзи ақлни кетгазувчи моддалар билан даволанган.

У илм олишда маълум бир масофани босиб ўтган пайтда Британия ҳукмронлиги Панжобга етиб келган ва ёшлар эса мансабга ўч эдилар. Ғулом Аҳмад амал қидириб, Сиялкутга борди. У ерда олий комиссар кенгаши идорасида бир вазифани эгаллади. У тўрт йилдан кейин ишдан бўшади. Отаси хос ишларини бошқаришда ўзини унинг ёрдамига муҳтож деб билгани бунга сабаб бўлди.

1876 йил отаси касал бўлди. Шунда Ғулом Аҳмад ўзига отаси қуёш ботгандан сўнг ўлиши тўғрисида Аллоҳ томонидан ваҳий нозил бўлганини даъво қилди. Бу хабар қодиёнийларнинг фикрича, Ғулом Аҳмадга тушган биринчи ваҳий бўлган. Шундан сўнг у баъзи фикрларни очиқ айтиб, уни ваҳий тариқидан олаётганини даъво қила бошлади. Мусулмонлар бу даъволарни қаттиқ инкор ила қабул қилар эдилар. У Лудҳиёна шаҳрига кўчиб кетди ва ўзини келиши кутилган Масиҳ эканлигини эълон қилиб, варақа тарқатди. Шариат уламолари унга раддия бердилар. Ўша уламолар орасида “Ишоъатус Сунна” газетаси бошлиғи Мавлавий Муҳаммад Ҳусайн ҳам бўлган. У кўп уламоларни Ғулом Аҳмад билан мунозара қилиш учун Лудҳиёнага чақирди. Лекин, ўша шаҳардаги комиссар волий Ғулом Аҳмад тарафида туриб, мунозара уюштиришдан тўсди. Мавлавий Муҳаммад Ҳусайн ва у билан бирга бўлган уламолар Ғулом Аҳмадни ўша куннинг ўзидаёқ шаҳардан чиқиб кетишга мажбур қилдилар.

Сўнгра Ғулом Аҳмад динига даъват қилган ҳолда Деҳлига кўчиб кетди. Уламолар уни инкор билан қарши олдилар ва ундан даъват қилаётган нарсаси бўйича мунозара қилишни талаб қилдилар. Уламолар у билан мунозара қилишга Ҳадис устози Мавлавий Назир Ҳусайнни раҳбар бўлишига қарор қилдилар. Ғулом Аҳмад мунозарага жавоб бермади. Лекин, тарафдорлари айтишларича, у Мавлавий Назир Ҳусайнни бир-бирларини лаънатлашга чақирган. Бунда устоз Мавлавий Назир Ҳусайн Исо ибн Марям алайҳиссалом ҳанузгача тириклигига қасам ичиш керак бўлади. Агар қасам ичса ва унга бир йил ичида бало тушмаса, Ғулом Аҳмад пайғамбарлигида ёлғончи бўлади. Лекин, Мавлавий Назир Ҳусайн ва у билан бирга бўлган уламолар ўзлари чақирган мунозара ўрнига Ғулом Аҳмад билан ўша йўлни тутишга рози бўлмадилар.

Шундан сўнг Деҳли аҳолиси Ғулом Аҳмад билан мунозара қилиш учун Бўпал шаҳридан Мавлавий Маҳмуд Баширни чақиришди. Буни Ғулом Аҳмаднинг ўғли Маҳмуд ҳикоя қилиб берган ва “бу мунозара чоп этилди” дейишдан бошқа гап гапирмаган.

1892 йили у Лоҳурга ҳам борди. У билан Мавлавий Абдулҳаким ўртасида мунозара бўлди. Бу мунозарани ҳам Ғулом Аҳмаднинг ўғли Маҳмуд айтган. Лекин, мунозара васфини ёки охирида ким зафар қучганини баён қилмаган. 1896 йили Лоҳурда динлар кенгаши ўтказилди. Унга кўп миллат вакиллари қатнашдилар. Ғулом Аҳмаднинг ўғли Маҳмуд шундай дейди: “Ғулом Аҳмад бу мажлисни ўтказилишини таклиф қилган. Бундан унинг мақсади оламга ўз рисолати ҳақиқатини танитиш бўлган”. Уларнинг айтишича, Ғулом Аҳмад мажлисда айтишни хоҳлаган гапини ёзишга киришганида қаттиқ ич кетиш касали қўзғаган. Сўнгра у тўхтатган. Уларнинг фикрларига кўра, Ғулом Аҳмадга унинг гапи мажлисда айтилган ҳамма гаплардан устун бўлиши ваҳий қилинган ва қатнашувчилар унинг мажлисдаги гапи ҳар бир гапдан устун бўлганлигини айтишлари кутилган. Ўша пайтда унинг эргашувчилари уч юз кишидан ошмаганлиги айтилади.

1897 йили Туркиянинг Панжобдаги элчиси Ҳусайн Комий Ғулом Аҳмад билан учрашиш мақсадида уни чақирган. У эса рози бўлмаган. Шундан сўнг унинг ўзи Ғулом Аҳмаднинг олдиган келиб, ундан ваҳий нозил бўлишидан иборат даъвосини эшитган. Ҳусайн Комий қайтиб келганидан сўнг Лоҳур газеталарида Ғулом Аҳмад қилаётган даъвосини қаттиқ инкор қилиб, мақола чоп эттирган. Бу мақола ўша шаҳар мусулмонларини Ғулом Аҳмадга нисбатан ғазабларини оширган.

Ўша йили Ғулом Аҳмад Ислом уламоларига хитоб қилиб, “Сулҳ яхшидир” номли мақола чоп эттирган. Мақолада у уламоларни ўзига қарши чиқишдан ва нафрат қилишдан ўн йилгача тўхтаб туришларига чақириб, агар ёлғончи бўлса, ёлғонини ошкор қилган бало ўзига тегишини ва агар ростгўйлиги аниқ бўлса, бу сулҳ улар ҳақни танишларига ва унга қарши чиққанларга Аллоҳ нозил қилажак азобдан нажот топишларига сабаб бўлишини айтган.

Бу ҳийла Ислом уламоларини чув тушура олмади. Улар бу таклифга рози бўлмадилар ва фикрларини амалга оширишда ва одамларни унинг заолатига тушиб қолишларидан огоҳ этишда давом этдилар.

Мазкур йилда Ғулом Аҳмад ўзига қарши чиқувчилар ҳамласидан қутулишни қасд қилди. Ҳиндистон генерал-губернаторига мурожааат қилиб, талабнома ёзди ва унда қуйидагиларни айтан: “Ҳиндистон беқорорлигининг асоси диний тартибсизликдир. Ҳар бир дин вакиллари ўз динининг ҳақиқатларини ошкор қила олиши ва уларни бир-бирларига қарши чиқишларидан ҳимоя қила олиши учун қонун чиқариш лозим”.

У 1898 йилда эргашувчилари учун қизларини унинг пайғамбарлигини тасдиқ қилмаганларга бермаслик қонунини чиқарди. Ушбу йилда Қодиёнда тарафдорларининг фарзандлари таълим олишлари учун мактаб ташкил қилинди. Бу билан улар Ғулом Аҳмад дининиг қоидалари асосида ўсадилар.

У 1900 йилда Қодиёнда бир масжид қурди. Лекин, Аллоҳ Ғулом Аҳмаднинг мақсадларидан саломат қилган яқинлари унинг тарафдорлари узоқ масофа юриб, кейин масжидга келишлари учун ўша масжид олдига девор қурдилар. Ғулом Аҳмад уларнинг устидан маҳкам ага шикоят қилиб, деворни олдириб ташлади.

Мазкур йилда у тоифасига “Илҳомий хутба” деб номлаган маърузасини қилди. Эргашувчилари буни унинг мўъжизаларидан деб ҳисоблайдилар. Кейинроқ ўша хутбанинг бемаъниликлари ва залолатларидан озгинасина нақл қиламиз.

1901 йилда эргашувчиларига ададларини ҳисоблашлари ва номларини дафтарга қайд қилиб қўйишларини буюрди. Унинг ўғли Маҳмуд Башир шундай дейди: “ушбу йил қодиёнийлар ва мусулмонлар ўртасидаги ажралиш асоси бўлди”.

1902 йилда у мазҳабини ёйиш учун журнал чиқариб, уни “ал-Адён” (Динлар) деб номлади. У икки тилда, яъни урду ва инглиз тилида нашр қилинди. Ундаги айрим мақолаларни унинг ўзи ёзарди. Ушбу йилда Саййид Каримуддин Ғулом Аҳмад унга нисбатан туҳмат қилганлигини даъво қилди. Ғулом Аҳмад маҳкамага чақирилди. Лекин, натижа унинг айбсизлиги билан тугади.

1903 йилда унинг мазҳабига чақирувчиларидан бири Саййид Абдуллатиф диндан қайтганлиги сабабли Қобул шаҳрида қатл қилинди. Ушбу йилда Ғулом Аҳмад бир мақола ёзиб, унда Саййид Каримуддинни ҳақорат қилишга борган. Ҳатто, уни каззоб ва пасткаш, деган. Саййид Каримуддин ўзига нисбатан иккинчи бор ҳақорат бўлганини айтиб шикоят қилди. Ғулом Аҳмад маҳкамага чақирилиб, унга 500 рупи миқдорда жарима тўлашга ҳукм чиқарилди. Аммо, масала Амритсар маҳкамасида қайта кўрилиб, аввалги ҳукм бекор қилинди ва уни айбсизлигига эълон қилинди. Бунда қози инглизлардан бўлган.

Шундан сўнг у мазҳабига даъват қилиб, хутба қилиши учун Лоҳур ва Сиялкут шаҳарларига сафар қилди. У ерда уламолар одамларга унинг хутбасига қулоқ тутмасликни насиҳат қилиб, мақолалар ёздилар. У бир бор хутба қилганида одамлар унга раддиялар бериб, қўзғолон қилдилар ва уни тошбўрон қилишга уриндилар. Лекин, у одатдагидек, бу воқеаларда полиция билан ўраб олинган эди. У қочиб поездга чиққунича, полиция уни ҳимоя қилиб турди.

1905 йилда у мазҳабининг мақсадларини билувчи даъватчилар чиқариш учун Қодиёнда диний арабча мактаб таъсис этди. Шу йили у Деҳлига сафар қилди. Уламолар унга қаршилик кўрсатиб, омма тўпланадиган жойда хутба қилишга имкон бермадилар. Лекин, у мазҳабининг қонун-қоидаларини тарқатиш учун бир гуруҳ одамларни ўзи жойлашган жойга чақирди. Келганларнинг баъзиларидан инкор ва қаршиликка учраб, шаҳарни умидсиз ҳолда тарк қилди.

Деҳлидан қайтган пайтда Амритсар шаҳрига борди ва мажлислар залида хутба қилишга қасд қилди. Уламолар одамларни унга қулоқ солишдан қайтариш учун келдилар. Мажлислар залига кириб, хутбани бошлагач, эргашувчилардан бири унга бир финжон чой берди. Мажлис эса Рамазон ойининг кундузида бўлаётган эди. У чойдан биринчи ҳўпламни ичиши билан келганлар уни инкор қилиб қичқирдилар. У эса мусофир эканлигини ва мусофирга Рамазонда оғизни очишга рухсат борлигини айтиб, жавоб берди. Шундан сўнг ғалаён пасайди. У хутбани тугатиб, полиция ҳимоясида шаҳарни тарк қилишга мажбур бўлди.

1905 йилда у ўзига ажали яқинлиги ва ўзларида васият деб машҳур бўлган китобни ёзиши ҳақида ваҳий қилинганлигини айтди. Лекин, унинг ажали бундан кейин уч йилгача чўзилди. Шу йили у эргашувчилари учун алоҳида қабристон қуриши ҳақида ваҳий қилинганини айтди. Ўша қабристонга дафн қилинишни хоҳлаганларга молини тўртдан бирини ҳадя қиишларини фарз қилди.

1907 йилда йилда Лоҳурда динлар конференсияси ўтказилди. Унда ҳар хил динлар вакиллари қатнашдилар. Ғулом Аҳмад мажлисда ўқиб берилиши учун мақола юборди. Эгашувчиларидан бири уни ўқиб бериш учун турганида қатнашувчилардан бир гуруҳи уни эътиборсизлик билан қабул қилишди ва истиҳзо калималарини айтдилар.

1908 йилда у Лоҳурга борди. У ерга етган пайтда мусулмонлар унинг келганига рози бўлмадилар. Уламолар ҳар куни аср намозидан кейин унинг манзили атрофида бўш ерда йиғилишар ва хутбалар қилиб, одамларни унинг даъволарига алданиб қолмасликларидан огоҳ этардилар.

Ғулом Аҳмад сурункали ичкетиш касалига мубтало бўлди. Лоҳурда бўлганида унга қийин бўлди. У 1908 йилнинг майида вафот этди. Бу ҳижрий 1326 йилга тўғри келади. Қодиёнга олиб келиниб, ўша ерда дафн қилинган.

Ғулом Аҳмаднинг дўсти ва залолатдаги ўхшаши “Тасдийқу бароҳийни аҳмадийя” китоби муаллифи Ҳаким Нуриддин тоифага раҳбар этиб тайинланди. У Ғулом Аҳмад қилган даъватга чақиришда ва унинг фикрини қўллаб-қувватлашда давом этди. У ҳам милодий 1914 йил вафот этди. Лекин, ўлимидан олдин тоифа асосчиси Ғулом Аҳмаднинг катта ўғли Башируддин Маҳмудни ўзининг ўрнига раис қилиб сайлади.

ҒУЛОМ АҲМАДНИНГ ВАҲИЙНИ, ПАЙҒАМБАРЛИКНИ ВА РАСУЛЛИКНИ ДАЪВО ҚИЛИШИ

Ғулом Аҳмад ўзига ваҳий тушаётганини даъво қилади. Қуйидагилар “ал-Хутбатул илҳомийя”сида айтганлари жумласидан: “Бу ҳайит кунларидан бирида бандалар Роббиси тарафидан менга насиба сифатида илҳом қилинган китобдир”. Сўнгра шундай деди: “бу коинотлар Роббиси томонидан менга ваҳий қилинган ҳақиқатлардир”. Сўнгра шундай деди: “ўлат тушишидан олдин менга Роббим тарафидан ваҳийни ошкор қилишим ваҳий қилинди”.

Ғулом Аҳмад “Ал-Хутбатул илҳомийя”да шундай деди: “айтингларчи, агар Аллоҳ тарафидан юборилган бўлсам, сўнгра мени ёлғонга чиқарсангиз аҳволингиз не бўлади эй ёлғонга чиқарувчилар”. Яна шундай деди: “албатта, сизлар одамлар қандай қилиб насроний бўлиб, Аллоҳнинг динидан қайтаётганларини ва Аллоҳнинг ҳузуридан бирор пайғамбар келмаган деяётганларини кўряпсиз. Сизларга нима бўлди, қандай ҳукм чиқаряпсизлар”. Яна шундай деди: “Аллоҳ бу уммат, яъни Ислом умматига Исога ўхшашини юбориш билан неъмат берди. Шундан сўнг фақат кўрларгина инкор қиладилар”. Яна шундай деди: “Исо Бану Исроилга аталган эди. Мен эса сизларга аталганман, эй ҳаддан ошувчилар”.

Шогирдлари учун ёзган “Аҳмадийя жамоасига кириш шартлари” номли хатида қуйидагилар ёзилган: “келиши кутилган Масиҳ, яъни Ғулом Аҳмад Аллоҳ таоло томонидан юборилган. Аллоҳ таолонинг расулларини инкор қилиш катта жасорат. Гоҳида эса иймондан маҳрум бўлишга олиб келади”. Уларнинг даъватчиларидан бири Абул Ато шундай деди: “Аллоҳ Аҳмадга, яъни Ғулом Аҳмадга пайғамбарларига гапирган ҳамма йўллари билан гапирди. Чунки, пайғамбарлар нубувват васфида тенгдирлар”.

“Ва яна келиши ваъда қилинган Масиҳ, яъни Мирзо Ғулом Аҳмад ўзининг китобларида расуллик ва набийликни даъво қилишини очиқ айтиб, “Бадр” газетасининг 1908 йил 5 майда чиқарилган сонида: “бизнинг даъвоимиз мен расул ва набийлигимдир”, деб ёзади. У яна Лоҳурдаги “Ахбори ом” газетаси муҳарририга ёзган мактубида: “мен Аллоҳнинг амрига мувофиқ пайғамбарман. Агар буни инкор қилсам, гунохкор бўламан. Агар Аллоҳ таолонинг Ўзи мени набий, деб номлаган бўлса, буни инкор қилишим қандай бўлади. Албатта, мен шу буйруқни то бу дунёдан кетгунимча бажараман”. Келиши ваьда қилинган масиҳ бу мактубни ўлимидан уч кун олдин 1908 йил 23 майда ёзган. Ушбу мактуб “Ахбори ом” газетасида 1908 йил 26 майда нашр қилинган”. (“Калиматул фасл”, Башир Аҳмад Қодиёний, 3-сон 14-жилд 110-саҳифа.“Review of Religens”да нашр қилинган).

“Ислом шариати бизга набий ҳақида келиши ваъда қилинган Масиҳ, яъни Ғулом Аҳмад Қодиёний фақат мажозан пайғамбар бўлмоқлиги тўғри эмаслигини, балки ҳақиқий пайғамбар эканлигини тушунтирган. (“Ҳақиқатун нубувва”, Мирзо Башируддин Маҳмуд Аҳмад, 174-саҳифа).

Саҳобалар ва салаф солиҳлардан ҳеч бири ўзига ваҳий келганини даъво қилмаган. Агар Ғулом Аҳмад ваҳий даъвосига чекланганида, эҳтимол у ваҳийдан Аллоҳ таоло айтганидек “Роббинг асаларига: “Тоғлардан, дарахтлардан ва кўтарилган сўритоклардан уй тутгин. Сўнгра ҳамма мевалардан егин. Бас, Роббинг осон қилиб қўйган йўллардан юргин”, деб ваҳий қилди...”[5] оятидаги илҳомни ирода қилаётгандир деб тушуниш мумкин эди ва илҳомдан нимани кўзлаётганига назар қилиш қолган бўларди. Агар дин қонун-қоидаларига тўғри келадиган бўлса, ҳамма жим турарди. Агар ундан бирига хилоф бўлса, у рад этиларди. Лекин, у китобларида ўзини набий ва расул эканини очиқ-равшан айтган.

Имом Бухорийнинг “Саҳиҳ”ларида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бану Исроилни пайғамбарлар бошқарганлар. Ҳар қачон бирор пайғамбар ҳалок бўлса, ортидан яна бир пайғамбар келган. Лекин, мендан кейин пайғамбар йўқ”, дедилар.

“Саҳиҳул Бухорий”да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “мен ва мендан олдин ўтган пайғамбарлар мисли бир уйни қуриб, уни гўзал ва чиройли қилган ва фақат бурчакда битта ғишт ўрнини қолдирган кишига ўхшайди. Инсонлар уни айланадилар ва ажабланиб, “бу ғишт қўйилмадими?”, дейдилар. Мен ўша ғиштман ва пайғамбарлар нинг охиргисиман”, дедилар.

“Саҳиҳул Муслим”да Жобир розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда “мен ўша ғишт ўрниман. Келдим ва шу билан пайғамбарлар тугатилди”, дейилган. Имом Аҳмад Абу Туфайл розияллоҳу анҳугача бўлган санади билан ривоят қилган ҳадисда Росулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: “мендан кейин пайғамбарлик йўқ. Фақат хушнуд қилувчи нарсалар қолди”, дедилар. Шунда: “хушнуд қилувчи нарсалар нима, эй Росулуллоҳ!”, дейилди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “гўзал тушлар” ёки “солиҳ тушлар”, дедилар. Яна бундан бошқа кўпгина ҳадислар ва саҳобаларнинг очиқ-равшан гаплари пайғамбарлик Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарликлари билан тугаганлигига далолат қилади. Бунга ижмоъ ҳам қилинган.

Шундай қилиб, Мирзо Ғулом Аҳмад қодиёний пайғамбарлик эшигини очиб, ўзининг пайғамбар эканлигини даъво қилди. Қодиёнийлик тоифаси унинг бу даъвосини тасдиқладилар ва ҳақиқий том маънода унинг пайғамбарлигига иқрор бўлдилар.

Ваҳий бу тоифанинг наздида фақат мазҳабларининг раҳбарига чекланган эмас. Балки, унинг эргашувчилари ҳам ўзларига ваҳий тушаётганини даъво қилишади. Шундан баъзи гаплари қуйидагилар:

“Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин пайғамбарлик эшиги доимо очиқ бўлиши кундузи чиқиб турган қуёш каби равшан масалалардандир”. (“Ҳақиқатун нубувва”, қодиёнийлар иккинчи халифаси Мирзо Башируддин Маҳмуд Аҳмад ибн Мирзо Ғулом Аҳмад. 228-саҳифа).

“Мусулмонлар Аллоҳнинг хазинаси тугаб қолди деб ўйлашди. Уларнинг бу хаёллари Аллоҳ таолонинг буюклигига хос баҳо бермаганлари учун бўлди. Лекин, мен фақат битта пайғамбар эмас, балки минглаб пайамбарлар келишини айтаман”. (“Анвори хоилофат”, Мирзо Башируддин Маҳмуд Аҳмад. 62-саҳифа ).

“Агар бир инсон менинг ёнбошимда, биқинимда, бўйним устида қиличларини қайраб, мендан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин бирор пайғамбар келмаслигини айтишимни талаб қилса, мен унга “сен ёлғончисан. Пайғамбар келиши мумкин. Ҳаттоки, ундан кейин бир қанча пайғамбарларни келмоқлиги аниқ”, дейман”. (“Анвори хилофат”, 65-саҳифа).

Уларнинг раҳбари ўзининг даврида ёзган ва Абдулмажид Комил уни таржима қилиб, Мисрда чоп эттирган мақолада қуйидагилар гаплар бор: “инсонлар қаршисида ваҳий йўлининг тўсилиши мумкин эмас”. “Маҳдий ва Масиҳ Ҳиндистоннинг Қодиён деган жойида зоҳир бўлди. Ҳозир унинг илоҳий ваҳийни тинглайдилан минглаб ҳаворийлари бор”.

Ғулом Аҳмад ўзига нозил қилинган қуйидаги ваҳий орқали ўзидан кейингиларга ҳам ваҳий нозил бўлишини даъво қилган: “мен, албатта, сени инсонларга йўлбошчи қилмоқчиман. Сенга биз уларга ваҳий қилган кишилар ёрдам берадилар”.

Қайси тил билан ваҳийни даъво қиладилар. Ҳолбуки, Ғулом Аҳмаднинг мақола ва рисолалари ҳикматдан йироқ ва ростликдан холи гаплар билан тўлиб тошган. Инсонларнинг Аллоҳ таоло уларга гапирганлигини ёки уларга руҳул амин олиб келган ваҳийлигини даъво қилиш хаёлларига ҳам келмаган ҳолда гапирган оддий гаплари ҳам унинг даъволаридан кўра маънилироқ ва ақлга тўғри келади. Оятлар ёки Қуръони каримдан баъзи жумлаларни олиб, уларни ўзидек ёки баъзисини баъзисига қўшиб саҳифаларга кўчириб, бу менга нозил бўлган ваҳий деб даъво қилиши унинг очиқ-равшан сафсатасидандир.

Ғулом Аҳмад ўзига ваҳий нозил бўлганини айтиб, набийлик ва расулликни даъво қилди. Лекин, Исломни насх қилувчи эканлигини айта олмади. Негаки, у эълон қилган динига ўтишдан бош тортган омма олдида даъвати бесамар кетишидан қўрқди. Шу боис ўзининг рислоатини Ислом шариатини насх қилувчи эмас, балки уни қўллаб-қувватловчилигини даъво қилди. У “Илҳомий хутба”да қуйидагиларни айтган: “ёки улар Масиҳга ва Маҳдийга заруратимиз йўқ, Қуръон бизга кифоя қилади, биз ҳидоятдамиз демоқдаларми? Ҳолбуки, улар Қуръонни фақат покларгина тутиши мумкинлигини биладилар. Демак, Аллоҳ томонидан пок муфассирга эҳтиёж катта ва ўша муфассир уларни англовчилар қаторига киргизади”.

У буни ҳақ йўлдан ғафлатда бўлганлар ўрганишлари ва одатланишлари учун айтган. Ҳар вақт унда амалга оширишни хоҳлаган бирор ҳожат пайдо бўлса ҳамда бу ҳожатларни Қуръон ва Суннат рад этишини билса, Суннатни Шариат усуллари қаторидан туширишга уринади. Шундан сўнг Қуръонни таъвил қилиш учун олдин ўтган ботиний фирқаси очган эшиклардан бирини очади. Бу билан у янги алоҳида шариат билан юборилганлигини даъво қилмасликка ўтади. Зеро, бу ишда у ва эргашувчилари нафс ва ҳаволари чақираётган нарсани қарор топтирмоқдалар. Агар уларга бу Ҳаким бўлган Зот Шориънинг оятига хилоф дейилса, ўша оятни инкор қиладилар ёки макр ҳийла қилган ҳолда оятни таъвил қилишга ботиний фирқаси кирган эшикдан кирадилар.

УНИНГ МАҒРУРЛАНИШИ

Ғулом Аҳмад мағрурланишга ва ўзини улуғ қилиб кўрсатишга эга бўлди. Ўзига бўртирилган мақтовлардан хоҳлаганича ёғдирди. У “Истифто” китобида ўзига Аллоҳ томонидан хитоб деб келтириб ўтган гаплари жумласидан қуйидагилар ҳам бор эди: “сен Мендан ёлғизлигим ва ягоналим мартабасидасан. Сен Мендан аршим мартабасидасан. Сен Мендан фарзандим мартабасидасан”. “Аҳмад оламнинг кутилган расули” китобида келган гапида: “ҳақиқат шуки, Қодир Аллоҳ менга Исломий авлод Масиҳи Мусавий авлод Масиҳидан улуғроқлигини етказди”, деган. Ғулом Аҳмад Исломий авлод Масиҳидан ўзини назарда тутган ва бу билан у Исо алайҳис саломдан афзаллигини даъво қилмоқда. Аллоҳ таоло менга “Мен сени Исонинг моддасидан яратдим. Албатта, сен ва Исо битта жавҳардансизлар ва битта нарса кабидирсизлар”, деб хитоб қилди, дегани ҳам унинг даъволари сирасидандир.

Ғулом Аҳмад ўзининг бир китобида ваҳий ҳақида гапириб, сўнгра бир мақомни зикр қилган. Ўша мақомда Аллоҳ уни калом билан безаганини, ичида гапиришини, уни қалбини арши қилиб тутишини ва унга аввалгиларга берган ҳамма неъматларни беришини айтган. Сўнгра шундай деган: “албатта, агар мен ҳозироқ тоифам одамларига ўша тавсифлаб ўтган руҳий мақомда эканлигимни ҳамда Аллоҳ менга батафсил гапириб ўтганимдек тартибланган суҳбатлашишни берганини айтмасам, уларга аниқ зулм қилган бўламан”.

Шайх Саноуллоҳ Ғулом Аҳмад ёзган китобдан олинган жумлаларини айтиб ўтган. Унинг урдуча ва форсча китоблари бўлган. Қуйидагилар Ғулом Аҳмаднинг гаплари: “Инб Марямни гапиришни тарк қилинглар, чунки, Ғулом Аҳмад ундан яхшироқдир”. “Аллоҳ менга ҳар бир пайғамбарга битта-битта қилиб берган нарсани ҳаммасини берди”. “Аллоҳ менга: “бирор нарсани хоҳлаган пайтингда сени ишинг “бўл” демоқликдир. Шунда у бўлади”, деди”. Унинг китоблари шу каби чегарадан чиққан жумлалар билан тўлиб тошган.

У ЎЗИНИНГ ҲАҚЛИГИГА ОЯТЛАР БОРЛИГИНИ ДАЪВО ҚИЛИШИ

Ғулом Аҳмад “Илҳомий хутба”да: “мени ҳақлигим тўғрисида келган далилларни санасангиз, ҳисобига ета олмайсиз”, деган. Лекин, ўша далиллардан бирортасини кундузи чироқ ёқиб топиб бўлмайди. У ўзининг ҳақлигига далиллар борлигини айтиб, ҳақ йўлдан ғафлатда бўлганлар олдида даъватини ривож топишини хоҳлади. “Илҳомий хутба”да шундай деган: “агар бу иш ва ҳолат Аллоҳдан бошқаси томонидан бўлганда, Унинг Ўзи буни йўқ қилиб юборган ва тепамизга еру осмоннинг лаънатини жамлаган ҳамда душманларимнинг ҳамма хоҳлаганларига эриштирган бўларди”.

Ғулом Аҳмаднинг кўпгина ёлғон даъволарини қалбларига жаҳолат ўрнашган шахсларгина қабул қилдилар. Бундай кимсалар эса набийлик ва расуллик мақомини билишга қодир эмаслар ҳамда набийлик ва расулликни ҳақ даъво қилганлар билан ноҳақ даъво қилганлар орасини фарқлай ҳам олмайдилар. Агар инсонлар орасида бир тоифа фикрларни ривож топиши унинг ҳақлигиа далил бўладиган бўлса, баҳоийлар тўғри йўлда юрган тоифалар қаторида турар эди. Ҳолбуки, қодиёнийлар ҳам уларни адашган фирқалардан ҳисоблашда мусулмонлар билан бир хил фикрдалар. Албатта, ботилда савлат бор. Агар илм аҳллари ҳақ қўлидан тутсалар ва уни ҳимоя қилиш услубларини мустаҳкам қилсалар, ботил заифлашади ё изи йўқолади ёки қайсидир тоифанинг белгиси сифатида қолади. Аллоҳ учун ноҳақни ҳақ устида зулмат қилиб ихтиёр қилишида катта ҳикмат бор.

Устоз аллома Мавлавий Саноуллоҳ Ғулом Аҳмаднинг мазҳабини йўққа чиқаришга ҳаракат қилиб, унинг даъволарини кучли ҳужжатлар билан уриб ташлаган пайтда унга ер юзи торайиб кетди. Шунда у шайх Саноуллоҳга хитоб қилиб, узун дуо ёзди:

“Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Улар сендан: “У ҳақми?” деб сўрарлар. Ҳа, Парвардигорим ҳаққи, албатта, у ҳақдир.

Ҳазрат Мавлавий Саноуллоҳга. Ҳидоятга эргашганларга салом. Мени ёлғонга чиқариш силсиласи сизларнинг “Аҳлул ҳадис” номли жаридаларингизда узоқ вақтдан бери давом этмоқда. Сизлар унда мени ёлғончи, дажжол, бузғунчи ва адашган эканлигимга ҳамда келиши кутилган Масиҳликни даъво қилишимни Аллоҳга нисбатан ёлғон ва тўқима деб, шоҳидлик бермоқдасизлар. Мен сизларга кўп озор бердим. Бунга чиройли сабр қилдингиз. Лекин, Аллоҳ томонидан ҳақни етказишга буюрилганимда сизлар инсонларни мендан тўсяпсизлар. Энди мен Аллоҳга дуо қиламан: эй кўрувчи, қодир, билувчи ва хабардор Эгам! Ичимдагини биласан. Агар келиши кутилган Масиҳ ёлғон ва тўқима бўлса, мен Сени назарингда бузғунчи ва каззоб бўлсам, кеча-ю кундуз мени ишим ёлғон тўқиш бўлса, эй Эгам мен Сендан тазарруъ ва ўтинч билан мени Мавлавий Саноуллоҳдан олдин вафот топтиришингни сўрайман. Уни ва жамоасини мени ўлимим билан хурсанд қилгин. Эй мени юборган Зот! Сенинг муқаддаслигингни тутган ҳолда Сендан мени ва Мавлавий Саноллоҳ ўртасини ажратишингни сўрайман. Ким Сенинг назарингда бузғунчи ва Сенинг наздингда ёлғончи бўлса, уни ичимизда ростгуйимиздан олдин вафот топтиргин. “...Эй Роббимиз, биз билан қавмимизнинг орамизни ҳақ ила очгин. Сен очувчиларнинг яхшисидирсан[6].”.

Ушбу дуо 1325 йил, Рабийъул аввал ойининг биринчи куни/15.04.1907да содир бўлди. Ғулом Аҳмад бу дуодан чамаси бир йил ўтиб вафот этди. Аммо, устоз Саноуллоҳ ундан кейин анча йиллар мобайнида динни ҳимоя қилиш ва ўша ёлғон мазҳабнинг шармандагарчиликларини ошкор қилиш учун ҳаракат қилишдан тинмади.

Ғулом Аҳмад қўлида пайғамбарлигини исботловчи ҳеч бир яроқли далилйўқлигини жуда яхши биларди. Панжобда ўлат касали тарқаши заиф ғофилларни овлаш учун унга қулай фурсат бўлди. Шу сабабли у ўзига сидқидилдан иймон келтирганлар ёки лоақал уни ёлғонга чиқариш ва қоралашдан тийилиб, қалбларида унга нисбатан ҳурмат бўлганлар ушбу ўлатдан нажот топиши ваҳий қилинганини даъво қилди. Чунки, у улар бу ҳолатда ушбу балодан нажот беришни ваъда қилган кишига сўссиз бўйсунишларини биларди. Аслида у шу йўл билан уларга алдовни ваъда қилиб, калтафаҳмларни масхара қилган.

ҚОДИЁНИЙЛАР ҒУЛОМ АҲМАДНИ ПАЙҒАМБАРЛАРДАН АФЗАЛ КЎРИШЛАРИИ

Қодиёнийлар Ғулом Аҳмадни саҳобалар, бу умматнинг авлиёлари, мужаддид ва олимларидан устун кўриш у ёқда турсин, ҳатто “Улул азм” пайғамбарлардан ҳам устун қўйишга уринишмоқда. Набий соллалоҳу алайҳи васалламннинг саҳобалари билан Ғулом Аҳмаднинг асҳоблари ўртасида фарқ борлигини эътироф қилмайдилар. Улар Ғулом Аҳмадни пайғамбарлар саййиди Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга тенглаштириш ва устун қўйиш, унинг халифаларини хулафои рошидинларга тенглаштириш, Қодиён шаҳрини Макка ва Мадинага тенглиги ва унга қилинган ҳаж Маккага қилинган ҳажга тенглигини айтадилар.

Иккинчи халифа Мирзо Башир Аҳмад: “Ғулом Аҳмад баъзи “улул азм” пайғамбарлардан афзалроқдир”, деган (“Ҳақиқатун нубувва” номли китоби 257-саҳифа)

Фазл газетасида: “У кўп пайғамбарлардан афзал бўлди, ҳатто ҳамма пайғамбарлардан афзал бўлиши ҳам мумкин”, деб ёзилган. (Фазл газетаси, 1928 йил 29-апрел, 14 жилди).

Мазкур газетанинг 1918 йил 28 май 92-сон 5-жилдида: “Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалари ва Ғулом Аҳмад шогирдлари ўртасида фарқ бўлмаган. Лекин, улар биринчи пайғамбарлик кишилари, булар иккинчи пайғамбарлик кишиларидир”, дейилган. 3-жилдида эса: “Мирзо – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдир. Бу “Соф” сурасининг 6-оятида келган Ийсо ибн Марям: “Эй Бани Исроил, албатта, мен ўзимдан олдин келган Тавротни тасдиқловчи ва мендан кейин келувчи Аҳмад исмли Расулнинг башоратини берувчи, Аллоҳ сизларга юборган Пайғамбарман”, деганини эсла...[7], деган Аллоҳ таоло сўзининг тасдиғидир”, деган иборалар бор. (“Анворул хилофа” номли китобнинг 21-саҳифа).

Ҳатто, қодиёнийлар Ғулом Аҳмадни аввалги ва охирги пайғамбарлар саййиди бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан фазилатли эканини айтишган. Ғулом Аҳмаднинг ўзи: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг руҳониятлари бешинчи минг йилликда ижмолий, яъни батафсил бўлмаган сифатлар билан келган. Руҳониятлар ўша қосир даврда ўз чегараси ва авжига чиқмаган эди. Балки, ўзининг юксалиши ва камоли йўлидаги биринчи қадам эди. Сўнгра бу руҳоният келиши ваъда қилинган Масиҳ – Ғулом Аҳмад даврида энг гўзал суратда намоён бўлди”, деган. (“Илҳомий хутба”, Ғулом Аҳмад қаламига мансуб, 177-саҳифа).

У гапининг давомида бир шеър айтган. (Унинг мазмуни қуйидагича): У учун тўлин ой ёрилди. Мен учун эса қуёш ва ой зулматли бўлди. Буни инкор қиласанми?”.

Ғулом Аҳмаднинг мақбараси пайғамбарлар саййиди Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам мақбараларига тенглиги ва афзаллиги борасида қодиёнийлар китоблари ва газеталарида келган гаплардан бири қуйидагича бўлган: “Келиши ваъда қилинган Масиҳнинг оқ гумбазини зиёрат қилган киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Мадинадаги яшил гумбазларига хос баракалардан насибадор бўлади. Қодиёнга қилинган “катта ҳаж”да бу ҳузур-ҳаловатдан ўзини маҳрум қилган киши нақадар бахтсиз”. (“Фазл” газетаси 1922 йил декабр ойи, 10-жилд, 1848 сонида Қодиёндаги тарбия бўлими ҳақида эълон қилинган мақола).

ҚОДИЁНИЙЛАР ҒУЛОМ АҲМАДНИНГ ПАЙҒАМБАРЛИГИГА ИЙМОН КЕЛТИРМАГАНЛАРНИ КОФИРГА ЧИҚАРИЛИШИ ВА МУСУЛМОНЛАР САФИДА ЭМАСЛИКЛАРИНИ АЙТИШЛАРИ

Ғулом Аҳмад даъватини қабул қилмаган мусулмонларни кофир деб ҳукм қилади ва китобларида уларни яҳудийларга ўхшатади. Ушбулар “илҳомий хутба”да айтган гапларидан: “Набиййимиз Мустафо Мусонинг ўхшаши бўлди. Ислом халифалиги силсиласи Калийм алайҳиссалом халифалиги силсиласига ўхшайди”. Бу муқобала ва ўхшатишдан Ислом силсиласининг охирида Мусавий силсиланинг Масиҳи каби бир Масиҳ зоҳир бўлиши ҳамда Масиҳни кофирга ва ёлғончига чиқарган яҳудийлар каби уни ёлғончига чиқарувчилар ҳам чиқиши лозимлиги келиб чиқади. Бу маънони у кўп бор такрорлар эди. Бу ўзини Исо алайҳиссаломга ўхшатиш ва даъватини писанд қилмаган мусулмонларни яҳудийларга ўхшатишдир. У китобларида шунга ўхшаш гапларни жуда кўп гапирган.

Уларнинг “Аҳмадийликка кириш шартлари” номли мақолаларида Ғулом Аҳмадни ёлғонга чиқаганлар мунофиқлар даражасидан ҳам пастроқлиги ошкора айтилган. Гапларининг ибораси қуйидагича: “шунингдек, аҳмадий киши аҳмадий бўлмаган одамга жаноза намози ўқимоқлиги жоиз эмас. Чунки, у бу феъли билан Масиҳга қарши чиқишда ва уни инкор қилишда қаттиқ туриб вафот этган одамга жаноза ўқиган бўлади. Ҳолбуки, Аллоҳ мунофиқларга жаноза намози ўқимоқдан ман қилган. Энди Аллоҳнинг буйруғига кофир бўлганларга қандай қилиб жаноза намози ўқилади”.

Ғулом Аҳмад ва унинг халифалари мана шу янги динга ишонмайдиганлар кофир, уларнинг орқасида намоз ўқиш жоиз эмас, улар билан никоҳ муомаласини қилиш ҳаром, уларга кофирларга қилинган муомала қилинади, деб очиқ айтганлар.

Қодиёнийларнинг ўша вақтдаги бошлиғи Ғулом Аҳмаднинг ўғли Мирзо Башириддин шундай деган: “ҳар бир мусулмон келиши ваъда қилинган Масиҳнинг номини эшитганми ёки йўқми унга байъат қилмаса кофир ва Ислом доирасидан чиққан ҳисобланади”. (“Ойнаи садоқат”, Мирзо Башириддин ибн Ғулом Аҳмад, 35-саҳифа)

У бу гапни маҳкамада ҳам очиқ айтди. У яна шундай деган: “биз Мирзо Ғулом Аҳмаднинг пайғамбарлигига ишонамиз, аҳмадийлардан, яъни қодиёнийлардан бошқалар унинг пайғамбарлигига ишонмайдилар. Қуръонда пайғамбрлардан бирининг пайғамбарлигини инкор қилган ҳар қандай шахснинг кофирлиги очиқ-равшан айтилган. Демак, аҳмадийлардан бошқалар кофирдир”. (“Фазл” газетасидан).

“Аҳмадийлардан бошқасини мусулмонлигини эътиқод қилмаслигимиз зиммамиздаги вожиблардандир. Агар уларни мусулмон деб эътиқод қилсак, орқаларида намоз ўқишимиз керак. Зеро, улар бизни наздимизда пайғамбарлардан бирига кофирдирлар”. (“Анвори хилофат”, Мирзо Башируддин Маҳмуд Аҳмад, 90-саҳифа).

Аслида пайғамбарлик даъвосини қилиш унга иймон келтирмаган ҳар бир шахсни кофир бўлишини тақозо қилади. Қодиёнийлар айни шундай қилмоқдалар. Улар ўз хутбалари ва китобларида Мирзо Ғулом Аҳмад Қодиёнийга иймон келтирмаган ҳамма мусулмонларни кофирга чиқармоқдалар. Қуйида бунга далил бўладиган уларнинг баъзи очиқ-равшан ибораларидан иқтибослар келтириб ўтамиз:

“Келиши ваъда қилинган Масиҳга байъат қилишга қўшилмайдиган ҳамма мусулмонлар, гарчи улар унинг номини эшитмаган бўлсаларда, Ислом доирасидан чиққан кофирдирлар”. (“Ойнаи садоқат”, Мирзо Башируддин. 35-саҳифа).

“Мусога иймон келтириб, Исога имон келтирмаган ёки Исога иймон келтириб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтирмаган ёки Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтириб, келиши кутилган Масиҳга иймон келтирмаган ҳар бир киши фақат кофир бўлибгина қолмай, балки кофирликда мустаҳкам турган ва Ислом доирасидан чиққан бўлади”. (“Калиматул фасл”, Башир Аҳмад қодиёний, 110-саҳифа. “Review of Religens”да нашр қилинган).

“Биз Мирзо алайҳиссаломнинг пайғамбарлигига иймон келтирамиз, Аҳмадийлардан бошқалар иймон келтирмайдилар. Шу сабабли улардан бошқа ҳамма Қуръони каримда келган маъно тақазосига кўра кофирдир. Зеро, инкор гарчи битта пайғамбарга нисбатан бўлса ҳам куфрдир. (Башириддин Маҳмуд Аҳмаднинг маҳкамада қилган баёноти. “Фазл” газетасининг 1922-йил 26 ва 27 июнда чиққан сонида нашр қилинган).

Қодиёнийлар Ислом умматидан ажраган алоҳида уммат бўлишлари табиий ва мантиқий натижадир. Чунки, улар ўзларига бу уммат ичида алоҳида бир мавқени танладилар. Улар ўзларини мусулмонлардан ажратиб қўядиган ва улардан бошқа алоҳида уммат қилиб қўядиган сабабларни юзага келтирдилар.

Қодиёнийлар мусулмонларга улар Мирзо Ғулом Аҳмаднинг пайғамбарлигига иймон келтирмаганлари учунгина қарши чиқишда чекланмадилар. Балки, улар яна бу ишларида уларни ва мусулмонларни бирлаштириб турувчи нарса йўқлигини, уларнинг Роббиси мусулмонларнинг Роббисидан бошқа эканлигини, уларнинг Исломи мусулмонларнинг Исломидан бошқа эканлигини, уларнинг Қуръони мусулмонларнинг Қуръонидан бошқа эканлигини, уларнинг алоқалари мусулмонларнинг алоқаларидан бошқа эканлигини, уларнинг рўзаси мусулмонларнинг рўзасидан бошқа эканлигини ва яна шу каби гапларни айтадилар.

Халифа мақоласида аҳмадийлар ва аҳмадийлардан бошқалар ўртасидаги фарқни жамоаси талабаларига қуйидагича тушунтириб берди: “...Масиҳ алайҳиссалом айтди: “мусулмонларнинг Исломи бизнинг Исломимиздан бошқа, уларнинг илоҳи бизнинг илоҳимиздан бошқа, уларнинг ҳажи бизнинг ҳажимиздан бошқадир. Хуллас, ҳамма нарсада биз уларга хилоф қиламиз”. (Қодиёнийлар халифаси хутбаси “Фазл” газетасининг 1927 йил 27 август сонида “Насоиҳут туллоб” сарлавҳаси остида нашр қилинган).

“Фазл” газетасининг 1931 йил 30 июл сонида халифанинг бошқа бир хутбаси нашр қилинди. Унда Мирзо Ғулом Аҳмад тириклик вақтида аҳмадийлар орасида бўлиб ўтган тортишув айтиб ўтилган. Улардан бир гуруҳи: “аҳмадийлар ўзларига диний илмларни ўрганиш учун мусулмонлар мадрасаларидан алоҳида мустақил мадраса қурмоқлари шарт эмас. Чунки, биз мусулмонларга озгина масалаларда хилоф қиламиз. Буни бизга келиши кутилган Масиҳ алайҳиссалом баён қилиб берганлар. Қолган масалаларни бошқа мадрасалардан ҳам ўрганишимиз мумкин”, деди. Бошқа гуруҳ биринчи гуруҳга қарши чиқди. Улар шу тарзда тортишиб турганларида олдиларига Мирзо Ғулом Аҳмаднинг ўзи чиқиб келди. Бўлиб ўтган гапларни эшитгач, уларнинг орасини қуйидаги гаплар ила ислоҳ қилди: “биз мусулмонларга Масиҳ вафот этган ёки вафот этмаганлиги ва шу каби масалалардагина хилоф қилмаймиз. Балки, уларга Аллоҳнинг Зотида, Расул соллаллоҳу алайҳи васалламда, Қуръон, намоз, ҳаж ва закот борасида хилоф қиламиз”, деди. Хуллас, Ғулом Аҳмад уларга мусулмонлар билан ҳамма масалаларда хилоф қилишларини айтди.

Қодиёнийлар ўзлари ва мусулмонлар орасида бўлиб турган хилоф сабабли кўзлаган асосий мақсадларига эришдилар. Улар мусулмонлар билан алоқаларни уздилар. Оз ва кўп нарсада ҳам мусулмонлардан ажраган уммат сифатида ўзлари учун мусулмонларникидан бошқача алоҳида мустақил низом ташкил қилдилар.

Ғулом Аҳмаднинг ўзидан ўғли Башириддин ҳикоя қилиб қуйидагиларни айтади: “Биз ҳар бир нарсада мусулмонларга хилоф қиламиз жумладан, Аллоҳ таолода, Расулда, Қуръонда, намозда, рўзада, ҳаж ва закотда. Биз ва улар орасида буларнинг ҳаммасида жиддий хилоф бор”. (“Фазл” газетаси, 1931 йил 30 июль сони).

“Келиши ваъда қилинган Масиҳ аҳмадийларни аҳмадий бўлмаган кишининг орқасида намоз ўқишдан қайтаришни таъкидлади. У: “кўпинча менга хориждан мактублар келади. Мактуб эгалари мазкур ҳолат ҳақида қайта-қайта сўрайдилар. Шунинг учун мен уларга айтаман: “мендан шу масала ҳақида такрор-такрор сўрасангиз, мен сизларга аҳмадийлардан бўлмаган киши орқасида намоз ўқиш жоиз эмас, жоиз эмас, жоиз эмас”, деб жавоб бераман”, деди”. (“Анвори хилофат”, Мирзо Башируддин Маҳмуд Аҳмад, 89-саҳифа).

“Келиши ваъда қилинган Масиҳ аҳмадий бўлмаган кишига қизини никоҳламоқчи бўлган бир аҳмадий кишига қаттиқ ғазаб қилди. Бу киши Ғулом Аҳмаддан қизини ўша одамга никоҳлаб беришга рухсат беришини бир неча бор сўраб, унга қатор сабабларни кўрсатган эди. Лекин, у ҳар сўраганда Ғулом Аҳмад: “қизингни бироз тутиб тургин, уни аҳмадий бўлмаган кишига никоҳлаб бермагин”, деб жавоб берарди. Сўнгра бу киши Масиҳни вафотидан кейин қизини аҳмадий бўлмаган кишига никоҳлади. Биринчи халифа бу кишини раҳбарликдан бўшатди ва ўзининг олти йил халифалик қилган даврида унинг қилмишидан бод-бод пушаймон бўлиганига қарамай тавбасини қабул қилмади”. (“Анвори хилофат”, Мирзо Башируддин Маҳмуд Аҳмад, 93-94-саҳифа).

Ғулом Аҳмад ичида беркитганларини Ислом уламолари билишларини ва одамларни унинг фитнасидан огоҳ этишларини билган. Шунинг учун уларни кўп ҳақорат қилар ва тарафдорларига уларни ёмон кўришга ундарди. У “кутилган Масиҳ таълимотлари” номли китобида шундай дейди: “ҳамма тобеларимга насиҳатим мавлавийяни, яъни дин ниқоби остида инсон қонини тўкувчи ва тақво пардаси ортида гуноҳлардан энг ёмонини қилувчи мусулмон уламоларни ёмон кўрмоқларидир”.

“Келиши ваьда қилинган Масиҳ аҳмадийлардан бошқалар билан Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам насоронийлар билан муомала қилганларидек муомала қилишгагина рухсат берди. Биз билан аҳмадий бўлмаган кишилар ўртасидаги намозни фарқлади. Уларга қизларимизни беришни бизга ҳаром қилди. Уларнинг ўликларига жаноза ўқишдан қайтарди. Демак, қайси нарсада улар билан бир хиллигимиз қолди? Инсонлар ўртасидаги алоқа икки хил бўлади: диний алоқа ва дунёвий алоқа. Диний алоқа воситаларининг энг каттаси – ибодатдаги бир хилликдир. Дунёвий алоқа воситаларининг энг муҳими эса никоҳланишдир. Бизга бу икки восита ҳам ҳаром бўлди. Агар уларнинг қизларини никоҳлаш бизга жоиз бўлишини айтсангиз, мен: “тўғри, бу насороларнинг қизларини никоҳимизга олишимиз жоизлигига ўхшайди”, дейман. Агар нима учун аҳмадий бўлмаган кишиларга салом бериш жоизлигини сўрасангиз, мен: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳён-аҳёнда, ҳатто яхудийларнинг саломига ҳам алик олганлари ҳадисда келган” дейман”. (“Калимату фасл”, Башир Аҳмад Қодиёний, 69-саҳифа. “Review of Religens”да нашр қилинган).

“Агар аҳмадий бўлмаган кишининг боласи ўлса, нима учун унга намоз ўқимаслигимиз керак. У келиши ваъда қилинган Масиҳга кофир эмаску. Мен шу ўринда савол берган одамдан сўрайман: “Агар аҳмадий бўлмаган одамнинг боласига жаноза ўқиш жоиз бўлса, нима учун ҳиндийлар ва насороларнинг болалари ўлса, уларга жаноза намози ўқимаймиз? Аҳмадий бўлмаган ўша кишининг боласи ҳам ўзларидан биридир. Шунинг учун унга ҳам жаноза намози ўқиш жоиз эмас”. (“Анвори хилофат”, Мирзо Башируддин Маҳмуд Аҳмад, 93-саҳифа).

Мусулмонлар билан алоқалар ва ришталарни узиш иши фақат варақларда ёзилиб ёки оғизларда гапирилиб қолиб кетган нарса эмас. Балки, қодиёнийлар мусулмонлардан воқеъликда ҳам ажраганликлари жуда кўпчилиги гувоҳ бўлган айни ҳақиқатдир. Улар фарз номозларида ҳам, жаноза номозларида ҳам амалда мусулмонлар билан бирга бўлмайдилар.

ҚОДИЁНИЙЛАРНИ МУСУЛМОНЛАРДАН ДЕЙДИГАНЛАРГА РАДДИЯЛАР

Қодиёнийларни қилган ишлари улар мусулмонлар сафида эмаслигини исботлайди. Бу қаноатлантирувчи далил-ҳужжат ҳисобланиб, бунинг нотўғрилигини ҳеч ким бирор ақлий ҳужжат келтириб, исботлаб бера олмайди. Лекин, ушбу талабга қарши чиқувчилар инсонларни очиқ-равшан ҳужжатдан буришни ва зеҳнларидан уни узоқлаштиришни хоҳляптилар. Улар масаланинг моҳиятига ҳеч қандай алоқаси бўлмаган бошқа эътирозларни келтиришмоқда. Масалан шундай дейдилар:

“Мусулмонлардан чиққан ҳар хил фирқалар анча олдиндан то ҳозиргача бири бошқасини кофирга чиқарган ҳолда давом этиб келмоқда. Агар бири иккинчисини кофирга ҳукм қилувчи ҳар бир мусулмон фирқаларни бу уммат жисмидан ажратиб ташласак, умматнинг ўзи қолмайди ва бир оз вақтдан сўнг асари ҳам қолмайди”.

Айримлар қодиёнийларнинг Исломга қилган даъватлари билан алдандилар. Шунинг учун улар айтадилар: “Қодиёнийлар пайдо бўлганларидан бошлаб, масиҳийларга ва Исломга қарши ҳужум қилган бошқаларга қарши Исломни ҳимоя қилишда давом этмоқдалар. Улар яна ер юзининг ҳамма бурчакларида Исломни ёйишга ҳаракат қилмоқдалар. Бугун уларга шу каби муомала қилиниши тўғрими?”.

Энди мазкур масалалар жавобларига киришамиз:

1. Шубҳасиз мусулмонлар жудаям ёмон касалликка мубтало бўлганлар. У ҳам бўлса, уларнинг ҳар хил тоифалари бир-бирларини доим кофирга чиқариб келганлар. Баъзилари бу касалликка ҳозирги кунгача ўлжа бўлмоқдалар. Ҳар қандай инсонни ҳар қайси амал сабабли куфрга ҳукм қилиши нотўғридир. Лекин, бу ҳолат қодиёнийларни мусулмонлар сафига қўшишга ва мусулмонлардан бир бўлак қилишга ҳужжат бўлмоқлиги хато ишдандир.

Баъзиларнинг ноҳақ куфрга чиқаришларидан такфирнинг ҳамма тури мубоҳ эмаслиги натижа сифатида чиқараётганларга қарата савол берамиз: илоҳликни ёки пайғамбарликни даъво қилган ё асосий Ислом ақидаларидан очиқ-равшан четга чиққан ҳар бир киши ҳар доим ҳам мусулмон бўлаверадими? Фаръий масалалар борасида қилинган арзимас ихтилофлар учун куфрга ҳукм қилиш яхши иш эмас. Аксинча қабиҳ иш. Аммо, диннинг асосий асослари ва ҳақиқатларига очиқ-равшан мутлақо зид эътиқодда бўлганларни мусулмон дейиш тўғрими?

Ислом уммати қодиёнийларни мусулмонлардан эмас дейиши ҳар хил тоифалар бир-бирларини куфрга чиқариш навидан эмас. Чунки, қодиёнийлар янги пайғамбарлик келганини ва унга иймон келтирганларнинг ҳаммаси алоҳида уммат ҳисобланиши ҳамда иймон келтирмаганларнинг барчаси кофир эканлигини айтмоқдалар. Шу боис қодиёнийлар мусулмонларни куфрга ҳукм қилишга келишиб олмоқдалар. Шунингдек, мусулмонлар ҳам уларни ўзларидан эмаслигига келишдилар. Демак, бу иш асосий катта хилоф экани кўриниб турибди. Буни мусулмонларнинг ҳар хил фирқалари ўртасида кечаётган фаръий масалалар борсида қилинган хилофларга қиёс қилиш асло тўғри эмас.

2. Шунингдек, шу ўринда Исломнинг асосий қоидаларида мусулмонларга хилоф қиладиган, улардан диний ва ижтимоий алоқаларини узган ҳамда ўз тарафдорларини мусулмонлардан алоҳида тартибда шакллантирган қодиёнийлардан бошқа яна айрим тоифалар ҳам мавжудлигини таъкидлаш лозим. Лекин, ушбу тоифаларнинг ишлари қодиёниларнинг амалларидан бир неча жиҳатдан бутунлай фарқ қилади:

а) мазкур тоифалар мусулмонлардан тамоман ажраганлар ва уларнинг сафларидан бутунлай чиқиб кетганлар. Уларни йўл чеккасига тушиб қолган кичкина тошга ўхшатиш мумкин. Унга ҳеч ким эътибор қилмайди ва у ҳам ҳеч кимга халақит бермайди. Унинг туришига чидаса бўлади. Аммо, қодиёнийлар мусулмонлар сафларига гўё улардан бир бўлакдек киряптилар. Мусулсонларнинг фикрларини ёйиб, уларнинг йўллари ва қонун-қоидаларига даъват қилмоқдалар. Ислом номидан одамлар билан баҳс ва мунозарага қиришяптилар. Шу билан бирга мусулмон умматни парчалаб, ўзларининг қаторларига қўшиб олишга доим тинмай ҳаракат қилмоқдалар. Улар сабабли мусулмонлар таназзул ва фирқаланишдек катта фитнани бошдан кечиряптилар. Бошқа тоифалар ишларига сабр қилиш мумкиндир. Лекин, қодиёнийларнинг қилмишларига чидаб туришимиз мумкин эмас.

б) мазкур тоифаларга эргашиш масаласи фиқҳий масала холос. Алоҳида эътиқодлари сабабли уларни Исломга эргашувчилардан деб ҳисоблаш мумкинми ёки йўқми? Фараз қилайлик, масалан, улар Исломга эргашувчилардан эмас. Лекин, одамлар томонидан мусулмонлардан деб ҳисоблансалар, бу билан мусулмонларга уларнинг зарари тегмайди ва мусулмонлар иймонига таҳдид ҳам солмайдилар. Шу билан бирга улар сабабли ижтимоий, иқтисодий ҳамда сиёсий муаммолар ҳеч ҳам юзага келмайди.

Аммо, қодиёнийлар мусулмонлар орасида ўз фикрлари ва ақидаларига даъват қилишлари Ислом уммати шахсларининг юз минглаб иймони заифлари иймонига кутилмаган хатардир. Бу бир тарафдан. Бошқа тарафдан эса уларнинг даъватлари муваффақият қозонган ҳар бир оилада шу заҳотиёқ кучли ижтимоий муаммо келиб чиқиши табиий ҳол. Бунинг натижаси ўлароқ, эр хотини билан ажрашади, ота боласи билан юз кўрмас бўлади ва ака-ука ўртасида адоват пайдо бўлади. Ҳатто, хурсандчилик ва қайғуларида ҳам бирга бўлмайдилар.

Қодиёнийларнинг сиёсий қарашлари, интилишлари ва мақсадлари борлигида шак йўқ. Ҳеч бир ҳолатда бундан кўз юмиб бўлмайди. Улар бошиданоқ янги пайғамбарлик даъвосини қилган ҳар бир шахс ёки жамоага даъватини ривожланиши ва ҳур мустақил мусулмон жамиятда ўз ғоясига эришиши қийин бўлишига аниқ ишонганлар.

Қодиёнийлар қилаётган даъволарини Ислом уммати ёқтирмаслигини ҳам биладилар. Улар даъволарига ишонувчилар ва ишонмайдиганлар орасини мусулмон ёки кофир деб ажратадилар. Бу билан улар мусулмонлар жамияти бирлигини парчалайдилар. Шунингдек, улар мусулмонлар тарихини ҳам биладилар. Мусулмонлар саҳобалар замонасидан то ҳозирги кунгача ораларида шу каби ботил даъволарни қилганлар билан қандай муомалада бўлганлари уларга махфий эмас. Яна улар шуни аниқ биладиларки, мусулмонлар бирор марта ҳам ҳеч бир ўлка ва мамлакатда иш тизгинини, бошқарувни ва ҳокимиятни қодиёнийларга топшириб қўймайдилар. Ботил янги пайғамбарликлар раҳбарларига мусулмонлар орасида ёрдам бериш орқали ўша даъволарга рухсат ҳам бермайдилар. Улар бунга мусулмонлар келгусида ҳам ижозат беришларини асло умид қилмайдилар.

Бу гаплардан кейин мусулмонлар ичида бошқа тоифалар ҳам бор-ку, деган ҳужжат билан қодиёнийлар ва уларнинг феълларига сабр қилишни хоҳлаётганлардан сўрамоқчимиз: “бошқа тоифаларда бу каби хатарли интилиш ва мақсадлар борми? Бошқа тоифаларнинг ҳеч бири Ислом қонун-қоидалари ўз мазҳабларига зарар беришини айтмайди. Демак, уларнинг тутган йўли қодиёнийлар мазҳабидан катта фарқ қилади.

Шу ўринда бизга бошқа бир масалага дуч келамиз. У ҳам бўлса, оз сонли бўлган аҳмадийлар тоифаси мусулмонлардан фарқи борлигини ва улардан ажралишни талаб қилишмоқда. Энди мусулмонлар уларни ўзларидан эмаслигини айтишлари тўғри бўлмайдими?

Қодиёнийлар мусулмонлар сафларига гўё улардан бири сифатида кириб, улар орасида даъватларини тарқатмоқчилар. Бу билан мусулмонлар орасида парокандалик уруғларини сочадилар. Ажралиш сабабларини мусулмонлар вужудга келтиргани йўқ. Аксинча, буларни аҳмадийларнинг ўзи пайдо қилди. Улар ўз жамиятларини мусулмонлар жамиятидан ажратди ҳамда диний ва ижтимоий ришталарини улардан узди. Аслида қодиёнийлар учун муносиб иш ўзлари танлаган ушбу ажралишга ўзлари таслим бўлишларидир.

ҚОДИЁНИЙЛИК ИККИ ФИРҚА

Қодиёнийлик Ғулом Аҳмад ва унинг халифаси Нуриддин даврида битта мазҳаб бўлган. Лекин, Нуриддиннинг ҳаёти охирида қодиёнийлар ўртасида баъзи ихтилофлар бошландилар. Нуриддин ўлганда улар иккига бўлиндилар. Биттаси Қодиён шуъбаси бўлиб, уларнинг раҳбари Маҳмуд ибн Ғулом Аҳмад бўлди. Кейингиси Лоҳур шуъбаси бўлиб, уларнинг раҳбари Қуръонни инглиз тилига ўгирган Муҳаммад Али бўлди. Қодиён тоифаси ақидасининг асоси Ғулом Аҳмад юборилган пайғамбар эканлигига эътиқод қилишдир. Лоҳур тоифаси мазҳаби эса Ғулом Аҳмадда пайғамбарлик собит бўлмагани лекин, унинг китоблари набийлик ва расуллик даъвоси билан тўлиб тошганини айтишади.

Лоҳур тифаси китобларида учраётган залолат Исо алайҳиссаломнинг отасиз туғилганларини инкор қилиишдир. Тоифа раҳбари Муҳаммад Али Исо алайҳиссалом Юсуф Нажжорнинг ўғли деб очиқ айтади ва баъзи оятларни ўша ақидасига мувофиқ тарзда ўзгартиришга уринади. Уларнинг “Исломий мажалла” номли журнали доктор Маркснинг бир мақоласини чоп этди. Унда: “Муҳаммад алайҳиссалом Юсуф Исо алайҳиссаломнинг отасилигини очиқ айтган” деган гаплар бор. Улар бунга бирор калима ҳам изоҳ бермаганлар. Чунки, бу уларнинг мазҳабига мувофиқ келади.

Шунингдек, Муҳаммад Али Қуръонни сўзма-сўз таржима қилган. Сўнгра саҳифа остига ҳошия ёзиб, унда сўзма-сўз қилган таржимасини таъвил қилган. Таъвил жараёнида у ўзининг мазҳабига тўғри келадиган йўлни тутган. Масалан, Бани Исроилга Пайғамбар қиладир. У: «Албатта, мен сизга Роббингиздан оят-мўжиза келтирдим, мен сизларга лойдан қушга ўхшаш суврат ясайман, унга пуфласам, Аллоҳнинг изни билан қуш бўлади. Аллоҳ изни билан туғма кўр ва песларни тузатаман ва ўликни тирилтираман. Сизларга нимани емоқдасизу, нимани уйингизда сақлаяпсиз–хабарини бераман. Агар мўмин бўлсангиз, албатта, бунда сизга оят-белги бордир[8]оятини таъвил қилишда мўъжизаларни инкор қилувчилар тарафида турган. Оят маъноларида у Қуръон соф араб тилида нозил бўлганини билмайдиган одам каби тасарруф қилган.

Қуръони каримни қодиёнийча таржимаси

У мазкур таржимасини бошқа шаҳарларда ҳам тарқатди. Лекин, у таржимасида ўзининг қодиёний тоифасига мансуб эканлигига ишора қилмади. Сабаби, ушбу таржимани ўқиганлар Муҳаммад Алининг таржимаси Қуръонни ҳурмат қиладиган ва уни инглиз тилидаги маъноларини тарқатиш билан Қуръонга хизмат қиладиган мусулмон киши тарафидан қилинган таржима ҳамда инглизча гаплашадиганларни Аллоҳнинг китоби, унинг гўзалликлари ва ҳақ таълимларидан баҳраманд қилмоқчи деб ўйлашлари учун бўлган. Лекин, бу таржима хато, бузуқ ва ёлғончи таржима эканлиги кўриниб турибди. Ушбу таржимада у калималарни ўз ўрнидан ўзгартирган, оятларни ўз майлига қараб таъвил қилган ҳамда қалбида мусулмонлар жамоасига бўлган адоватига шифо бўлиши учун Қуръонга хоҳлаганича залолат ва ботил нарсаларни киритган. Чунки, мусулмонлар қодиёнийлар бошлиғини мусулмонлигини инкор қиладилар ҳамда уни ва унга эргашганларни Ислом доирасидан чиқарадилар.

Қодиёнийлик тоифасига мансуб покистонлик Мирзо Муборак Аҳмад исмли шахс Саудия Арабистони мамлакатига шу таржимани жўнатган. Бу таржима Маккаи мукаррамадаги “Робитатул оламил исламий” ташкилотига ўрганиб чиқишлари ва бу борада шаръий фикр айтишлари учун топширилган.

Робита бош котибияти бу таржимани ўзгартиришлар, хатолар ва Аллоҳ таолонинг Китобига қарши ҳужум деб билди. Бу иш ботил таъвиллар ва оятларга ўзига мос бўлмаган маънолар бериш ҳисобланиб, бунга Ислом рози бўлмайди ҳамда улуғ мусулмон муфассирлар ҳам инкор қилади. Шу сабабли учун Робита бош котибияти ушбу таржимани ўрганиб чиқиб, тафсилотлари билан қарор чиқаришлари учун “Робита маданий бўлим комиссияси”га топширди. Бу комиссия мазкур тафсирни ўрганиб чиққандан сўнг қарорни бош котибиятга тақдим қилди. Бош котибият эса уни 1391 ҳижрий йилнинг Шаъбон ойидаги 13 сессиясида таъсисий мажлисга кўрсатди. Натижада таъсисий мажлис қарорида қуйидаги гаплар келган:

Ҳиндистондаги Ғулом Аҳмад Қодиёнийга мансуб қидиёнийлик тоифаси, шубҳасиз Исломдан чиқиб кетган залолатдаги тоифалардандир. Чунки, бу тоифа ботил эътиқодларни дин сифатида тутиб, ўзини бузуқ фирқаларга мансублигини билдирди ва олийжаноб Ислом дини қатъий ҳаром қилган мункар ишларни қилди.

Қуйидагилар қодиёнийлар ҳамма юртлардаги ўз тарафдорлари орасида ёйган эътиқодларидандир:

-                    бу тоифанинг бошлиғи ўзига ўн мингдан кўпроқ оят ваҳий қилинганини айтади;

-                    ким уни ёлғонга чиқарса кофир бўлади;

-                    у Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин пайғамбар қилиб юборилган;

-                    унга нозил қилинган ваҳий Қуръон, Таврот ва Инжил кабидир;

-                    Масиҳ алайҳиссаломнинг руҳи унинг ичига тушган;

-                    Мусулмонларга Қодиёнга ҳаж қилиш фарз;

-                    Қодиён Макка ва Мадина каби муқаддас шаҳар;

-                    Қуръони каримда “Масжидул Ақсо” деб Қодиён назарда тутилган.

Уларнинг бундан бошқа очиқ залолат ва куфр эътиқодлари раисларининг “Бароҳину аҳмадия”китоби ва “Таблиғ” рисоласида келган. Бундан ташқари улар яна китобларида ёзилмаган ҳар хил даъволарни ҳам қилганлар. Бу билан ўша пайтдаги қодиёнийлар Ҳиндистон устидан ҳукмрон инглизларга лаганбардорлик қилганлар. Инглизларни шаҳарларга ҳукм ўтказишга, уни эгаллаб олишга, золим мустамлакачиларга қарши жанг қилмоқчи бўлган мусулмонларнинг шавкатини синдиришга ва қасдини тўхтатишга уринганлар.

Бу залолатлар, бузуқ ва фитнали даъволар тоифанинг ҳамма замон ва макондаги шиори ва ташвиқотидир. Улар Исломга ва мусулмонларга ҳийла қилмоқдалар. Мусулмонларни адаштиришга, ўзларининг куфрларига эргаштиришга ва байроқлари остида бирлаштиришга ҳаракат қилмоқдалар. Уларнинг Исломга ҳийла қилиш ва мусулмонларни адаштириш йўлида қўллаган энг катта қуроллари Қуръони карим маъноларини таржима қилганларидир. Бу таржимада улар калималарни ўз ўрнидан ўзгартирдилар ва оятларни залолатларига муовфиқ ботил таъвил қилдилар. Улар ўзлари ва даъватлари учун макон қилган ҳамда барча мусулмонларни, ҳатто Ислом таълимларидан бехабар мусулмон бўлмаганларни ҳам адаштириш учун масжид ва мадрасалар қурган ҳамма шаҳарларга шу таржимани тарқатдилар. Улар ўзларини Аҳмадийлар деб номлашлари ва фарзандларига Муҳаммад, Аҳмад, Али ва Баҳоуддин каби исломий исмлар қўйишлари ҳам бир алдовдир.

Адашган Муҳаммад Али ёзган ва ёйган таржимани кодиёнийлар бошқаларни адаштиришга восита қилиб тутдилар. Улар Қуръони каримнинг таржимаси деб даъво қилган ушбу таржима ва шунга ўхшаш улар томонидан ёзилган ҳамма таржималар ботил ва бузғунчи таржимадир. Бу таржимани Қуръони карим ва унинг оятлари учун ёзилган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан, саҳобалардан, тобеинлардан ҳамда турли асрларда яшаб ўтган уламолардан бизга мерос бўлиб ўтиб келаётган саҳиҳ тафсирлар рад қилади ва ёлғонга чиқаради. Унда соғлом ақл инкор қилиб, Қуръони каримнинг балоғатли назми ҳам юз ўгирадиган ва ўзларининг йўлларини қувватлашни мақсад қилган фосид таъвиллар бор. Шунинг учун таъсисий мажлис бир овоздан қарор қилди:

-                    Қуръони каримни бузувчи тоифа томонидан ёзилган мазкур таржима ботил;

-                    Ислом ўлкаларида ва бошқа юртларда яшовчи  мусулмонларни ушбу таржимадан ҳамда қодиёнийлар томонидан битилган шу каби таржимлардан огоҳ этилсин;

-                    Бу қарорни одатий нашр воситаларида чиқарилсин;

-                    Бу таржимадан исломий ташкилотлар хабардор қилинсин. Чунки, улар Аллоҳнинг китобига ва барча мусулмонларга ёрдам бериш йўлларини тутадилар ҳамда Исломнинг муқаддосотларини ҳимоя қилишни, хато ва бузуқ таржималарни рад қилишни, бузғунчи ва Исломдан йироқ бу тоифанинг ҳийлаларидан бошқаларни огоҳ этишни ўз зиммаларига оладилар.

Мажлис яна қарор қилди:

Шайх Абул Ҳасан Надавий, шайх Абул Аъло Мавдудий ва шайх Муҳаммад Хидр Ҳусайн томонидан ёзилган учта рисолага Робита номидан ушбу ботил таржима тўғрисида шариъат ҳукмини баён қилган ҳолда тарихий кириш сўзи ёзиш ва бу рисолаларни бир неча тилларга таржима қилиб, Ислом оламига барча нашр йўллари билан нашр қилдириш таъсисий мажлис аъзоси фазилатли шайх Ҳасанайн Муҳаммад Махлуф зиммасига юклатилсин. Аллоҳ таоло хиёнатчиларнинг ҳийласига йўл бермайди.

УЛАМОЛАРНИНГ ҚОДИЁНИЙЛИККА ҚАРШИ ЧИҚИШЛАРИ

Ушбу фитна ва чиркин залолатлар мусулмонларни даҳшатга солди. Натижада ўша пайтдаги Ислом уламолари ва фикр етакчилари қодиёнийлик фитнасидан даҳшатга тушдилар ва унга қарши қаламлари тиллари ваа илмлари билан курашдилар. Улар қодиёнийлик дини ва жамоасини бино қилган инглиз давлати даврида имкон даражаларининг энг юқори чўққисида ҳаракат қилдилар. Буларнинг бошида шайх Муҳаммад Ҳусайн Батолавий, уламолар кенгаши таъсисчиси Мавлоно Муҳаммад Алий, шайх Саноуллоҳ Амритсарий ва шайх Анваршоҳ Кашмирий турдилар. Ислом уламоларининг ҳамма даврда уларга қарши курашиш кетма-кетликлари кейинги давларда ҳам давом этиб келмоқда.

Қодиёнийлик тоифаси Ислом динига зид ишлар қилиб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарликларига қарши чиқдилар. Шунинг учун Ислом уламолари бир овоздан қодиёнийликни Исломга қарши фитна ҳамда Исломдан ажралган алоҳида дин эканини очиқ-равшан айтганлар. Шу билан бирга очиқчасига бу адашган тоифани мусулмонлар жамоасидан ажратишга чақирганлар.

Шу ишга муваффақ бўлганлардан Ислом мутафаккири доктор Муҳаммад Иқболдир. У ўзининг асарларида қодиёнийлик Муҳаммад соллалоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарликларига қарши эканлигини, Исломнинг зиддига фитна ва алоҳида дин эканини очиқ айтди. Шу билан бирга қодиёнийлар буюк Ислом уммати таркибига кирмаган алоҳида уммат эканини ҳам таъкидлаган. У Ғулом Аҳмад билан бир жой[9]дан бўлганлиги сабабли, қодиёнийлик динини талаб-мақсадларини дақиқ ва кенг билгани учун уларга раддия берувчиларнинг аввалида турганлардан бўлди. У қодиёнийдарни мусулмонлардан ажраганлигига ва уларни инобатга олинмаган оз сонлилар, деб эътибор қилишга чақирган биринчи кишидир. Муҳаммад Иқболнинг мақола ва маърузаларидан баъзи жойларини келтириб ўтамиз:

Доктор Муҳаммад Иқбол: “Қодиёнийлик Муҳаммад соллалоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарликгарига рақобат қила оладиган бир пайғамбарлик асосида янги тоифа таъсиси учун тузилган ҳаракат”[10], деган масалани қўзғаган Ҳиндистондаги “Statesman” номли энг асосий инглизча газетага йўллаган мактубида шундай дейди:

“Қодиёнийлик араб миллатидан чиққан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам умматидан ҳинд миллатига мансуб пайғамбар умматини ясашни хоҳляпти”.

Бу гап “нима учун мусулмонлар қодиёнийликни Исломдан ажратишга бел боғладилар? Бу ҳам мусулмонларнинг тоифаларидан бири эмасми?”[11] деган марҳум Ҳиндистон бош вазирининг гапига ҳам жавоб тариқасида келтирилган эди.

Яна унинг айтишича, қодиёнийлик Ҳиндистонда Ислом динининг ижтимоий ҳаётига хатари жиҳатидан яҳудийлар низомига қарши қўзғолон қилган “Spinoza”нинг ақидалари хатаридан ҳам ёмонроқдир.

Аллоҳ таоло Маҳаммад Иқбол қалбига “хатмун нубувва”, яъни пайғамбарлар сўнггиси ақидасининг муҳимлигини солди. Бу ақида Ислом табиатини ва исломий уммат бирлигини ушлаб турувчидир. Бу ақидага қарши чиқиш ҳеч қандай олийжаноблик ва марҳаматга лойиқ эмас. Чунки, бу ақидага қарши чиқиш юксак Ислом пойдеворини бузувчи лом сингари амал қилади. Маҳаммад Иқбол мазкур “Statesman” газетасига юборган мактубида қуйидагиларни айтади:

“Маҳаммад соллалоҳу алайҳи васаллам пайғамбарларнинг охиргиси ақидаси Ислом дини ва бошқа динлар ўртасини нозик жиҳатдан ажратиб турувчидир. Бошқа динлар тавҳид ақидаси ва Муҳаммад соллалоҳу алайҳи васаллам пайғамбарликлари ақидасида мусулмонлар билан бир хил. Лекин, улар Ҳиндистон браҳманлари кабиваҳийни давом этиши ва пайғамбарликни боқийлигини айтишади. Мана шу ажратиб турувчи жиҳат сабабли инсон ҳар қандай тоифани Исломга алоқадор ёки ундан ажраганлигига ҳукм қила олади. Тарихда бирор бир тоифани шу чегарадан ўтганини билмайман. Фақатгина Эрондаги баҳоийлар тоифаси “хатмун нубувва” ақидасини инкор қилган. Лекин, бу тоифа одатда мусулмонларга нисбатан қўлланиладиган мусулмон сўзининг маъносига тўғри келадиган мусулмон эмаслигини ва мустақил тоифа эканини эълон қилган”.

“Биз Исломни Аллоҳ ваҳий қилган дин деб эътиқод қиламиз. Лекин, Исломни жамият сифатида, уммат сифатида юзага келиши Муҳаммад соллаллоҳ алайҳи васалламнинг шахсиятларига тақалади. Қодиёнийлар икки йўлдан бирини танлашлари, яъни мусулмонлардан ажралганликлари борасида баҳоийларнинг йўлини тутишлари ёки Исломдаги “хатмун нубувва” ақидасини баён қилиб берувчи ҳадис ва оятларни ҳар хил таъвил қилишни тарк қилишлари лозим. Уларнинг сиёсий таъвиллари мусулмонлар жамиятида қолишга қаттиқ уринганларидан ривожланмоқда. Чунки, улар бу номни ишлатиб, сиёсий мақсадларига эришадилар. Ушбу мақсадларга эса фақат мусулмонлик номи остидагина эришиш мумкин”.

“Исломдан ажраганлик ва янги пайғамбарлик асосида тикланган диний белгига эга бўлган ҳамда шу янги пайғамбарликни тасдиқламайдиган ҳамма мусулмонларни кофир дейдиган ҳар қандай жамиятга мусулмонлар Исломнинг саломатлигига жиддий хатар сифатда қарамоқлари лозим. Ислом пайғамбарлик тугаганлик ақидаси асосида бўлади”.

1953 йилнинг ноябрь ойида Карачи шаҳрида катта конференсия ўтказилди. Унда шарқий ва ғарбий Покистоннинг ҳамма тарафидаги исломий фирқаларни тушунтириб бера олувчи ишончли ва мурожаат қилинадиган уламолардан бир гуруҳи қатнашди. Улар биргаликда ҳукумат комиссияси ташриъий мажлисга тақдим қилган тавсия ва таклифларни кўриб чиқиб, бир турдаги таклиф ва ислоҳатларга келишиб олдилар. Улардан баъзилари қуйидагилар: “Биз ташриъий мажлисдан Мирзо Ғулом Аҳмад Қодиёнийни ўзлари учун диний раҳбар сифатида билиб, эътиқод қиладиганларнинг ҳаммасини мамлакатдаги инобатга олинмаган оз сонлилар қаторига қўшишиларини ҳамда уларга парламент мансабларидан Панжоб ҳудуди учун битта мансаб тайинлашларини талаб қиламиз”.

Уламоларнинг қолган таклифлари ҳам шунчалик аниқ ва ақлга тўғри келадиган эдики, ҳатто душманлар бу таклифлар ичида бирор камчилик топа олмайдиган даражада уларни ожиз қолдириб тилини боғлаб қўяди. Агар айримлар шу таклифлар ҳақида нимадир деяётган бўлсалар, мамлакат зиёлилари орасида ўша гапларнинг ҳеч қандай вазни ва қиймати йўқ.

ҚОДИЁНИЙЛАРНИНГ ИСЛОМНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ НИҚОБИ ОСТИДА МУСТАМЛАКАЧИ ҲУКУМАТ ФОЙДАЛАРИНИ АМАЛГА ОШИРИШЛАРИ

Қодиёнийлар дин деб истаган даъволарини бажариши ва мусулмонлар жамиятида ҳар қандай фитна ва тафриқа уруғларини сочиши фақат кимларнидир пинжида ва бошқарувида кузатилиши мумкин. Қодиёнийлар бошиданоқ бунинг барчасини жуда яхши билардилар. Шунинг учун улар Ислом умматини доимо ўлжа тутадиган ов майдонларига хўрак сифатида қўядилар. Чунки, улар одамларни ўз фикрлари ва динларига Ислом дини ва шариати қуролларидан ёрдам олган ҳолда Ислом номи остида даъват қиладилар. Улар инглиз ҳукуматини ўзларининг вафодорлиги ва сидқидиллигига ишонтира олдилар ҳамда шу пайтнинг ўзида бемалол ва безбетларча мусулмонлар сафида қаршликка учрамасликка ва уларни адаштириш устида ишлашга имкон топдилар.

Шу ўринда айтаётан гапларимизга Мирзо Ғулом Аҳмаднинг баёнотлари ва тарафдорларининг сўзларидан жуда кўп мисоллар келтиришимиз мумкин. Лекин, баъзи баёнотларни келтириш билан кифояланамиз:

“бу ҳукумат, яъни Британия ҳукумати бизга жуда кўп яхшилик қилди. Бу ҳукуматни бизга беҳисоб меҳнати синган. Агар биз бу давлатдан чиқиб кетсак, Маккадан ҳам Қустантинийядан ҳам паноҳ топа олмаймиз. Энди қандай қилиб хаёлимизда бу ҳукумат тўғрисида бирор ёмон гумон кечиши мумкин”. (“Ал-Малфузотул аҳмадийя”, 1-жилд. 146-саҳифа).

“Мен бу ишимни Маккада ҳам, Мадинада ҳам, Румда ҳам, Шомда ҳам, Форсда ҳам, Кобулда ҳам яхши ва тўлиқ бажара олмайман. Лекин, унинг ҳаққига зафар ва ғалаба тилаб дуо қилаётган ушбу ҳукумат соясида бажаришим мумкин”. (“Таблиғур рисола”. Мирзо Ғулом Аҳма,д 6-жилд. 69-саҳифа).

“Озгина ўйлаб кўринглар, агар бу ҳукумат соясидан кетсангиз, дунёдаги қайси ер сизларга паноҳ бўлади? Сизларни ўз бағрига оладиган бирор ҳукуматни менга айтинглар-чи? Ҳамма исломий ҳукуматлар сизларга нисбатан ғазабдан бармоқларини тишлайдилар. Сизларга зарар бериш учун қулай фурсатни кутадилар. Сизларни қатл қилиш илинжида пайт пойлайдилар. Чунки, сизлар уларнинг назарида кофир ва муртадсизлар. Сизлар бу улуғ неъматни, яъни Британия ҳукуматини мавжудлиги неъматини қадрини билинглар. Шуни аниқ билингларки, Аллоҳ таоло инглиз ҳукуматини бу мамлакатда барқарорлигини таъминлаши сизларга фақат фойда келтиради. Агар бу ҳукуматга бирор мусибат етса, бу офат сизларни ҳам ҳалок қилади...

Агар мен айтаётган гапларга ҳужжат-далил сўрасангиз, бошқа ҳукумат соясида бўлиб кўринглар. Ўшанда сизларга қандай мусибатлар етишини дарҳол билиб оласизлар. Аммо, инглиз ҳукумати сизлар учун раҳмат ва баракадир. Аллоҳ таоло сизларни сақлаш учун бино қилган қўрғондир. Юрак-юракларингиздан унинг қадрини билинглар. Инглизлар сизларга қарши чиқаётган бу мусулмонлардан минг марта яхшироқдир. Чунки, улар сизларни хор қилишни хоҳламайдилар ва сизларни қатл қилишни вожиб, деб билмайдилар”. (“Насиҳатун ғолиятун лилжамоа”. Мирзо Ғулом Аҳмад, “Таблиғур рисола” таркибига киритилган. 1-жилд. 123-саҳифа).

“Форс ҳукумати бобийя фирқаси асосчиси Мирзо Али Муҳаммад Бобга ва унинг бечора тарафдорларига қандай муомала қилгани халқлар тарихини билганларга махфий эмас. Уларга ҳукумат турфа мусибатларни келтирган. Бунинг сабаби фақат диний ихтилоф бўлди холос. Ўзини оврупа давлати деб номлаган Туркия ҳукумати 1863-1893 йиллар оралиғида бобийя-баҳоийя фирқаси асосчиси Баҳоуллоҳга ва унинг эргашувчиларига қандай муносабатда бўлгани ҳам катта-катта тарихий воқеалардан хабардор кишиларга сир эмас. Биринчи уларни Қустантиния қамоқхоналарига сўнгра бошқа қамоқхоналарига ташлади. Биз дунёда фақат учта катта давлат[12]ни биламиз. Буларнинг ҳаммаси диний тарафкашлик ва маданият ҳамда ривожланиш даврига тўғри келмайдиган тор фикрда эдилар. Бу ҳолат бизни аҳмадийларнинг ҳуррияти фақат Британия тожига мустаҳкам боғлиқлигига ишонтиради.

Қодиёнийлар Британия ҳукумати ўзлари учун Аллоҳ тарафидан берилган фазл ҳамда Унинг раҳмати сояси эканлигига тилёғмачилик ва риёкорлик қилмасдан, балки чин юракдан ишонмоқлари Мирзо алайҳиссалом Аллоҳ томонидан юборилган пайғамбар ва муқаддас киши эканлигини эътиқод қилувчи ҳамма ростгўй аҳмадийлар зиммаларидаги вожиблардандир. Яна инглиз ҳукуматининг ҳаёти ўзларининг ҳаёти эканлигига чин ва ягона ҳақиқат деб эътиқод қилмоқлари лозим”. (“Фазл”газетаси, 1914 йил 13 сентябрда чиқарилган сони).

Гоҳида Ғулом тарафдорларига хитоб қилиб шундай дейди: “доимо инглиз ҳукумати сизлар учун раҳмат ва барака эканини ёдда тутинглар. Бу ҳукумат сизларни ҳимоя қилувчи қалқондир. Инглизлар душманингиз бўлган мусулмонлардан минг марта яхшироқдир”.

Ғулом Аҳмад “кутилган Масиҳ таълимотлари” номли китобида шундай дейди: “Тобеларимга бу инглиз ҳукуматини қадрига етишлари ҳамда унга ташаккурларини ва яхшилик, садоқат ва чиройли итоат ила эътирофларини изҳор қилмоқлари вожибдир”.

Доктор Закий Киром Берлиндан “Ҳазрамавт” жаридасига мақола ёзди: унда Берлиндаги қодиёнийлар ҳақида гапиради. Ушбу мақола жариданинг 1351 йил 8 муҳаррам шанба куни босиб чиқарилди. Мақолада у амир Шакиб Арслон билан қодиёнийлар Берлинда қурган масжидни зиёрат қилганини ва у ерда имом уларга Ғулом Аҳмаднинг ўзи ёзган китобини кўрсатганини айтган. Амир ундан баъзи жумлаларни келтириб, Ғулом Аҳмад Аллоҳ уни инглиз ҳукумати байроғи остида мусулмонлардан йироқ қилиб дунёга кетиргани учун Унга ҳамд айтганига эътибор қаратган.

Айримлар айтадилар: “мусулмонлар ичида қодиёнийлардан ташқари бир қанча тоифалар мавжуд. Улар катта жамоатга асосий ҳисобланган ақидада хилоф қилишлари унчалик катта эмас. Аслида улар ҳам мусулмонлардан қодиёнийларнинг ажралиши каби ажралдилар. Мусулмонлар билан диний ва ижтимоий алоқалари ҳам узилди. Бу тоифаларни ҳам умматдан ажратасизларми? Ёки қалбларингиздаги қодиёнийларга нисбатан ғазаб сабабли бу каби муомалани фақат уларга хослайсизларми? Бошқа тоифа ва фирқаларни эмас, балки фақат қодиёнийларни ягона мусулмон умматдан ажратишга қатъият билан туришингизга уларнинг айнан қайси жиноятлари сабаб бўлмоқда?”.

Ҳақиқатини олганда бу нотўғри тушунча. Мирзо Ғулом Аҳмаднинг баёнотлари тўғрисида чуқурроқ фикр юритиш лозим. Чунки, бу уларга ушбу янги тоифанинг асосчиси Исломга даъват қилиш ва уни ҳимоя қилиш ортида нималарни истаганини очиб беради.

Мирзо “Тирёқул қулуб” номли китобининг 307-саҳифасида шундай ёзади:

“Йигирма йилдан бери жўшқин ғайрат билан форсча, арабча, инглизча ва урдуча китобларни тарқатишда давом этмоқдаман. Буларда қуйидаги тушунчалар қайта-қайта такрорланмоқда: мусулмонлар инглиз ҳукуматига вафодор содиқ дўст бўлсинлар. Жиҳоддан, қон тўкувчи Маҳдийни кутишдан ҳамда Қуръонда келмаган ўта заиф гумонлардан ўзларини тийсинлар. Шундай қилишлари уларга вожиб. Бўлмаса, Аллоҳнниг наздида гуноҳкор бўладилар. Агар улар адашиб, бу хатони қилишда давом этсалар, лоақал бу яхшилик қилувчи ҳукумат неъматига ношукур бўлмасликлари ва шу ҳукуматга вафосизлиги ила Аллоҳнинг ҳузурида гуноҳкор бўлмасликлари лозим”. (Қодиёндаги “Зиёул ислом” босмахонасида 1902 йил 28 октябрда чоп қилинган. “Олий ҳукумат жанобларига ҳокисорона илтимос” мавзуси остида 3-илова.).

Яна ушбу ҳокисорона илтимоснинг ўзида қуйидаги жумлалар ҳам келган:

“Мана энди яхшилик қилувчи ҳукуматим жанобларига дадиллик ила айтиш вақти келди: Бу менинг ўтган йигирма йил мобайнида бажарган хизматларим. Британиялашган ҳинд оилаларидан ҳеч бир исломий оила бу каби хизматларни бажариши мумкин эмас. Яна кўриниб турибдики, мазкур таълимотларни узоқ муддат, яъни йигирма йил давомида инсонларга талқин қилишда давом этиш мунофиқ кишининг ёки шахсини яхши кўрувчи кишининг амали бўлиши мумкин эмас. Балки, бу қалби ихлосга тўла ва шу ҳукуматга содиқ кишининг амалидандир.

Тўғри, пайғамбарлигим ростлиги тўғрисида бошқа дин вакиллари билан тортишганимга иқрорман. Шунингдек, масиҳий миссионерлар зиддига мунозара ва мужодала китобларини тарқатишда давом этдим. Яна иқрорманки, айрим масиҳий миссионерлар ва миссиялари кучайиб, ҳаддан ошиб кетган пайтда, айниқса, “Нури афшон” номли масиҳий газетасида маккорлик ва ахлоқсизликка тўла мақолалар нашр қилинганда, уларга раддиялар бердим. Ушбу мақола муаллифлари Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шаънларида бу киши ўғри, талон-тарож қилувчи, йўлтўсар ва зинокор бўлган деган гаплар каби ҳар хил сўзлар айтдилар. Аллоҳ асрасин. Улар юзлаб саҳифаларда у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан бу киши ўз қизини ёмон ниятда севиб қолган. Шу билан бирга ёлғончи бўлган. Талон-тарож ва қон тўкиш машғулоти бўлган деб ёздилар.

Мазкур китоблар ва газеталарни ўқиб, менда бу гап-сўзлар мусулмонлар қалбларига таъсир ўтказиш хавфи пайдо бўлди. Чунки, улар тез таъсирланувчи уммат бўлганликлари учун бу гап-сўзлардан таъсирланиб қолишлари мумкин. Мазкур омиллар сабабли ва мусулмонларни тўлқинланиш жазаваларини пасайтириш мақсадида бу китоб ва мақолаларга қаттиқ раддия беришим оммавий норозиликни пасайтириш сиёсатининг гўзали бўлди. Шу билан инсонлар ғазабини қайнаб-тошиши ва тутақишлари босилиб, мамлакат хавфсизлигига таҳдид солувчи ишлар бўлмайди. Демак, муаллифлари кўп беодоблик қилган мазкур китобларга раддия бериш учун китоблар ёздим. Бунда ўша китобларда бўлганидек, қаттиққўлликни тутдим. Чунки, мен бу услубни ғайратли мусулмонларнинг қалбларида алам ва ғазаб жазаваларини ўчиришнинг ягона йўли деб билдим”. (Мазкур илтимоснома, 308-309 саҳифа).

Сўнгра бир неча сатрлардан кейин шундай ёзади:

“Мени масиҳий миссионерларга раддиялар беришимга ундаган ягона сабаб, мусулмонларни ҳикмат ва сиёсат билан ушлаб туришга ҳамда уларнинг қалбларига сурур киргизиб, даҳшатли қўзғолонларини йўқотишга бўлган рағбатдир. Даъво қилган ҳолда айта оламанки, мен мусулмонларда Британия ҳукуматига ихлос ва хайрихоҳликни орттиряпман. Чунки, бунда мени ушбу ҳукуматга сидқидил бўлишимда юқори даражага кўтарадиган учта иш мавжуд. Ўша ишларнинг биринчиси вафот этган отамнинг обрўси. Иккинчиси, бу олий ҳукуматни қўллаб қувватламоқ. Учинчиси, Аллоҳ таоло томонидан бўлган илҳом”. (Мазкур илтимоснома, 309-310 саҳифа).

Мирзо яна шундай ёзади:

“Исломни икки қисмга бўлиниши мен инсонларга қайта-қайта намойиш қилаётган динимдир:

Биринчиси, Аллоҳ таолога итоат этишимиз. Иккинчиси, хавфсизликни ўрнига қўйган, ўз соясида паноҳ берган ва бизни золимлардан ҳимоя қилган ҳукуматга итоат этишимиздир. Бу ҳукумат Британия ҳукуматидир”. (Мирзо Ғулом Аҳмад, “Шаҳодатул Қуръон” китобига илова, “ҳукумат иноятининг меҳрибонлигига лойиқ сўз” мавзуси остида, 3-саҳифа).

У яна ёзади:

“Нима бўлганда ҳам, ҳукумат аниқлаштириб ишонч ҳосил қилиб олиши лозимки, мени кофирга чиқариб, мен ва жамоатим кишилари тўғрисида ҳар хил гап-сўзлар айтиб ҳақорат қилаётган минглаб мусулмонлар Панжобда ва Ҳиндистоннинг бошқа жойларида жуда кўпчиликни ташкил қиладилар. Улар доим бизга ҳар қандай ёмонлик қилишга қасд қиладилар. Бунинг асосий сабаби мен ўша аҳмоқ мусулмонларнинг фикрларига қарамай, инглиз ҳукуматига кўп раҳмат айтишга чақирувчи минглаб эълонларни тарқатдим. Мен буларни чин дилдан ихлос ила ёздим. Бу каби китобларни араб, шом ва бошқа шаҳарларга юбордим. Бу очиқ-равшан кўриниб турган ишлардан эмасми?

Мен дадиллик ила гапириб, инглиз ҳукуматга яна бир бор таъкидламоқчиман, бизнинг бу янги фирқамиз ҳукуматга дўст бўлишда олий даражададир. Бу фирқамиз шу ҳукумат йўлида исломий фирқалар ичида жонини қурбон қилишга энг тайёри, вафодори ва ҳукуматни энг кўп яхши кўрадиганидир. Уларнинг қоидаларида ҳеч бир жиҳатдан ҳукумат учун хатар деб саналган нарсанинг ўзи йўқ”.

Афғонистон ташқи ишлар вазири қуйидагиларни эълон қилди: “Қобилликлардан икки киши Мулла Абдулҳалим Жаҳҳор ҳамда Мулла Нур Али Ҳонутийлар қодиёнийча эътиқодга бўйсунган. Ислоҳ қилиш ниқоби остида одамларга ўша ақидани талқин қилиш билан уларни залолатга бошлаб юрган. Уларнинг ишлари бошқа масала юзасидан маҳкамага олиб чиқилганда, уларда айрим ажнабийлардан келган мактублар топилди. У иккиси ажнабийлар билан Афғонистон ҳукумати манфаатлари устида тил бириктиргани маълум бўлди. Мазкур мактублардан аниқ равшан бўлдики, улар Афғонистонга душманлик қилиш мақсадида ўзларини сотганлар”. (“Фазл” газетаси 1952 йил 3 март).

“Мен Россияга аҳмадийликка даъват қилиш учун борган бўлсамда, аҳмадийлар ва Британия ҳукумати манфаатлари ўзаро бир бўлгани учун одамларни ўз фирқамга даъват қилганимда, Британия ҳукуматига ҳам хизмат қилиш зиммамдаги бурч деб билмоқдаман”. (Даъватчи Муҳаммад Амин қодиёний баёноти. “Фазл” газетаси 1922 йил 28 сентябр сони).

 “Умид қиламизки, Британия императорлиги кенгайгани сари Исломни ёйиш учун майдон бизга кенгайиб бораверади. Мусулмон бўлмаганларни мусулмон қилиш билан бир қаторда мусулмонларни яна бир бор Исломга киргизишга имкон топамиз”.

““Фазл” газетасининг 1910 йил 11 феврал сонида нашр қилинган Инглиз катталаридан бирининг Ироққа қилган саёҳатида билдирилган фикр: “Воқелик шуки, Британия ҳукумати биз учун жаннатдир. Аҳмадий жамоаси унинг соясида олға сари одимлаб бормоқда. Агар бу жаннатдан бошқа томонга озгина четлансангиз, бошингизга заҳарли ўқлардан иборат хавфли ёмғир қандай ёғилишини биласизлар. Бўлмаса, нима учун бу ҳукуматга ташаккур билдирмаймиз? Ахир бизнинг манфаатларимиз ва ушбу ҳукуматнинг манфаатлари битта-ку! Унинг ҳалокати бизнинг ҳалокатимиздан бошқа нарса эмас. Унинг юксалиши бизнинг юксалишимиздан ўзга нарса эмас. Бу ҳукумат доираси қанчалик кенгаяверса, биз учун даъватни ёйиш майдонларидан бири пайдо бўлаверади””. (“Фазл” газетаси. 1915 йил 19 октябр).

“Аҳмадийлар фирқасининг Британия ҳукумати билан алоқаси бошқа жамоаларнинг алоқаси каби эмас. Чунки, бизнинг ҳолатимизни тақозоси бошқаларникидан фарқли. Негаки, биз ушбу ҳукумат қилган фойдани ўзимизнинг фойдамиз, деб биламиз. Британия ҳукумати кенгайиши билан биз учун олдинга интилишга фурсат топилади. Агар унга бирор озор етса, омонда яшашимиз мумкин эмас”. (Қодиёний халифанинг эълони. “Фазл”. 1918 йил 27 июл сони).

Юқорида келтириб ўтилган ибора ва жумлалар бирор пайғамбар томонидан бўлиши мумкинми ёки йўқми, бунга эътибор бермайлик. Ўқувчилар эътиборини қаратишни хоҳлаганимиз шуки, бу ўша даъво асосчиси эълон қилган ҳамда Исломга даъват қилиш, унинг таълимотларини ёйиш ва ҳимоя қилиш остида талаб қилган ғаразлардир. Шу “дин хизмати” мазкур гаплардан кейин ҳам мақтовга лойиқ ва улуғлаш ҳамда тақдирлашга лойиқми?

Кўриниб турибдики, пайғамбарликни даъво қилувчилар бўлмиш ушбу тоифа инглизларнинг ғолиб бўлиши ҳамда хўжайинлик қилишларида ўзлари учун доим яхшилик борлигини тўлиқ ҳис этадилар. Улар Инглиз ҳукумати соясида мусулмонлар сафида тарқоқлик уруғини сепиш ва янги пайғамбарлик каби хаёлларига келган ишни қилишга имкон топадилар.

ҚОДИЁНИЙЛИКДА “...НАБИЙЛАРНИНГ СЎНГГИСИДИР...” ОЯТИ ВА ШУ МАЗМУНДАГИ ҲАДИСЛАРНИНГ ТАЪВИЛИ

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин пайғамбар келмаслиги динда ўз-ўзидан билинадиган ва ҳужжат талаб қилинмайдиган нарсага айланган. Имом Ибн Касир “...ва Набийларнинг сўнггисидир...” ояти тафсирида: “Аллоҳ таоло Қуръонда ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Суннати мутавотирада Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин пайғамбар йўқлигини хабар қилди. Негаки, одамлар у зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин бу мақомни даъво қилган ёлғончи, бўҳтончи, дажжол ва залолатга бошловчи эканини билсинлар”, деди. Имом Олусий мазкур оят тафсирида: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарларнинг сўнггиси бўлишларини Қуръон айтди. Суннати мутоҳҳара ҳам очиқ айтган. Шу билан бирга Ислом умматининг ижмоъси билан собит бўлган. Бунинг хилофини даъво қилувчи кофир бўлади”, деган.

Қодиёнийларни мусулмонлардан ажратиб қўювчи ва йироқ қиладиган энг биринчи сабаб “...набийларнинг сўнггисидир...” ояти ва шу мазмундаги ҳадисларни янгича тафсир қилишлари бўлди. Бу тафсир мусулмонлар орасида муфассир уламолар томонидан қилинган ҳамма тафсирга хилофдир. Мусулмонлар неча асрлардан бери Саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбарларнинг охиргиси эканини эътиқод қилиб келганлар ва бундан кейин ҳам шу эътиқодда давом этадилар. У зотдан кейин қиёматгача бирор набий ҳам, расул ҳам келмайди. Бу барча саҳоба розияллоҳу анҳумларнинг Қуръони каримнинг “Муҳаммад сизлардан бирон эркакнинг отаси бўлган эмас. Лекин, Аллоҳнинг Расули ва Набийларнинг сўнггисидир. Аллоҳ ҳар бир нарсани ўта билгувчидир”[13] оятидан тушунган маъноларидир. Шунинг учун улар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин пайғамбарликни даъво қилган ҳар қандай шахсга қарши жанг қилдилар. Мусулмонлар ҳамма асрларда шу маънони тушуниб келганлар. Улар ўзларининг ораларидан пайғамбарликни даъво қилган кишини қабул қилмадилар.

Аммо Қодиёнийлар “Набийларнинг сўнггисидир” лафзини мусулмонлар тарихида биринчи бўлиб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбарларнинг “муҳур босувчиси”, деб тафсир қилиб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин бугунги кунда зоҳир бўлаётган ҳар бир пайғамбарнинг пайғамбарлиги у зотнинг тасдиқлари, муҳрлари билан муҳрланган бўлишини айтганлар. Шу ўринда ўқувчилар учун қодиёнийларнинг китобларидан юқоридаги маъноларни равшанлаштириб берувчи бир қанча иқтибослар келтиришимиз мумкин, лекин учта иқтибоснинг ўзи кифоя:

“Келиши ваъда қилинган Масиҳ алайҳиссалом “…Набийларнинг сўнггисидир…” ояти тўғрисида шундай дейди: “бундан мақсад ҳозирги кунда ҳар қандай пайғамбарнинг пайғамбарлиги фақат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муҳрлари билангина тасдиқ қилиниши мумкин. Ҳар қандай қоғоз унга муҳр босилиши билангина тасдиқланган бўлганидек, ҳар қандай пайғамбарлик Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тасдиқлари ва муҳрлари билан муҳрланмаган бўлса, у қабул қилинмайди”. (“Малфузоти аҳмадийя”, Муҳаммад Манзур Илоҳий Қодиёний тартиблаган. 29-саҳифа).

“Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам набийларнинг сўнггиси эканликларини инкор қилмаймиз, лекин сўнггиси дейилишидан кўпчилик тушунган маъно назарда тутилмаган. Чунки, агар кўпчилик тушунган маъно кўзда тутилган десак, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буюкликларига, шаънларининг улуғлигига, даражаларини олийлигига буткул хилоф бўлади. Негаки, ўша маъно Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уммати буюк пайғамбарлик неъматидан маҳрум бўлиб қолади, дегани бўлади. Шу боис набийларнинг сўнггиси деганда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбарларни муҳр босувчиси деган маъно тушунилади. Демак, ҳозирги кунда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам тасдиқлаган кишигина пайғаммбар бўлади. Худди шу маънода Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам набийларнинг сўнггиси эканликларига иймон келтирамиз”. (Фазл газетаси, 1939 йил 22 сентябр).

“Сўнггиси дегани бу муҳр босувчиси, яъни тасдиқловчиси деганидир. Агар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам муҳр босувчи бўлсалар, умматлари ичидан бирор пайғамбар чиқмаса, қандай қилиб муҳр босувчи бўладилар”. (“Фазл” газетаси, 1922 йил 22 май).

Ғулом Аҳмад Қуръон, Суннат ва Ижмоъга беписандлик қилиб, набийлик ва расулликни даъво қилди. Бу учта аслда Мустафо солалоҳу алайҳи васаллам набийлар ва расулларнинг сўнггиси эканликларига ҳужжатлар бор. Муҳаммад сизлардан бирон эркакнинг отаси бўлган эмас. Лекин Аллоҳнинг Расули ва Набийларнинг сўнггисидир...”[14]. оятидаги “сўнггисидир” маъносини ифодаловчи “хотам” сўзининг “т” ҳарфини касра қилиб, “хотим”, деб ўқилса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбарларнинг охиргиси деб сифатлаш бўлади. Бу дегани у зотдан кейин ҳеч ким пайғамбарлик мақомига эришмайди ва ким буни даъво қилса, ўзи эга бўлмаган нарсасини даъво қилган, деган маънони беради. “Т” ҳарфини фатҳа қилиб, “хотам”, деб ўқиш ҳам шу маънони беради. Чунки, “хотам” луғат уламолари таъкидлаганларидек бошқа маънода, яъни “хотим” маъносида ҳам келади. Муҳаққиқ муфассирлар ҳам шу маънода қўллаганлар ва саҳиҳ Суннат ҳам ушбу маънода келган.

Уларнинг таъвили кўринишларидан “мендан кейин пайғамбар йўқ” ҳадисини “ундан кейин умматидан бошқасидан пайғамбар келмайди” маъносига буришидир. Бу маънони у Саффоҳ даврида зоҳир бўлган соқов Исҳоқ деган ўзини пайғамбар санаган кишидан олган. Чунки, у шундай деган: “олдимга иккита фаришта келиб, менга пайғамбарлик хушхабарини берди. Шунда мен икковига: “бу қанақаси бўлди? Ахир, Аллоҳ таоло саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни пайғамбарларни охиргиси эканини хабар қилган-ку”, дедим. Иккаласи эса: “тўғри айтдинг, лекин Аллоҳ бу билан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзининг миллати ва шариатидан бошқа бўлган пайғамбарларнинг сўнггиси эканлигини ирода қилган”, деди.

Таъвил қилишдаги бу ихтилоф битта лафзни таъвил қилишнинг ўзида тўхтамади. Балки, қодиёнийлар кейинчалик Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин фақат битта пайғамбар келиши мумкин эмаслиги, балки юзлаб ва минглаб пайғамбарлар келиши мумкинлигини эълон қилдилар. Бу маъно ҳам қодиёнийлар китобларида очиқ-ойдин келган. Ҳеч бир мусулмон учун Қуръон ва саҳиҳ Суннатни нафси ҳавосининг чақириғига ижобат қилиб, Аллоҳ ва Расулига хайрихоҳ бўлмаган кишининг таъвили каби таъвил қилиши дуруст эмас. Ғулом Аҳмад ва унинг тоифаси “...ва Набийларнинг сўнггисидир...” ояти ва уни баён қилувчи муҳкам ҳадислар тафсирида қандай ўзбошимчалик қилдилар. Бу ўзбошимчаликка уларни ундовчи фақат Қодиёндан чиққан Ғулом Аҳмад исмли бир киши бўлди. У ҳидоятдан кўра ҳавои нафсини яхши кўриб, ўзини юборилган пайғамбар деб даъво қилган. Оғзи беҳуда гап, ёлғон ва мусулмонлардан бошқаларга тилёғламачилик қилиш билан тўлган инсондир.

ҚОДИЁНИЙЛАРНИНГ ҚОДИЁННИ МУҚАДДАС ДЕБ БИЛИШЛАРИ

Қодиёнийлар Қодиён шаҳрини уч муқаддас жойларнинг учунчиси деб эътиқод қиладилар. Қодиён халифаси Маҳмуд Аҳмад: “Бу уч жой, яъни Макка, Мадина ва Қодиённи Аллоҳ таоло азиз қилди ва ўзининг тажаллийлари зоҳир бўлиши учун танлади”, деган. (Фазл газетаси, 1935 йил 3 сентябр).

Қодиёнийлар яна бир қадам ташлаб, Маккаи мукаррама ва Масжидул Ақсо тўғрисида нозил бўлган оятларни Қодиёнга нисбатан қўллашади. Ғулом Аҳмад: “Аллоҳ таолонинг: Ким унга кирса, тинч бўладир[15], деган сўзи Қодиён масжидига тўғри келади”, дейди. (“Бароҳину Аҳмадийя” китобига ёзилган ҳошия, Ғулом Аҳмад қаламига мансуб 558-саҳифа).

 Ғулом Аҳмад бир шеърда айтади: (Унинг мазмуни қуйидагича): Қодиён ери ҳурматга ҳақли ва у ер халқ ҳужум қилишидан омондадир. (“Дурру самин”, Ғулом Аҳмаднинг гаплари тўплами, 52-саҳифа). Инглиз мустамлакачилари Ғулом Аҳмад замонида Ҳиндистонни босиб олганларида унга Қодиён ерини мусулмонлар ҳужумидан ҳимоя қилишга ваъда беришган. Қодиёнийлар Қодиён ерларини инглизлар ҳимоясида муқаддас ер деб билишади. Буни улар Макка Аллоҳ таоло ҳимоясида муқаддас ер бўлганига ўхшатишади.

“Фазл” газетасининг 33-сон, 20-жилдида: “Қуръони каримнинг Ўз бандасини кечаси Масжидул Ҳаромдан атрофини баракали қилганимиз Масжидул Ақсога оят-мўъжизаларимизни кўрсатиш учун сайр қилдирган зот пок бўлди. Албатта, У эшитгувчи ва кўргувчи зотдир[16], деган оятидаги “Масжидул Ақсо”дан мурод Қодиён масжидидир. Демак, агар Қодиён муқаддас шаҳар Маккага тенг ва эҳтимол ундан устун бўладиган бўлса, у ерга сафар қилиш ҳажга тенг, балки ундан устунроқ бўлади”, иборалари келган.

“Фазл” газетасининг 66-сон 20-жилдида: “Қодиёнга қилинган ҳаж Байтул ҳаромга қилинган ҳаж соясидир”. Қодиёнийларнинг Лоҳурдаги бўлимининг “Байғоми сулҳ” газетаси шу гапга қуйидагиларни қўшимча қилган: “Қодиёнга ҳаж қилмай туриб Маккага ҳаж қилиш қуруқ ва арзимас ҳаждир. Чунки, Маккага ҳаж қилиш бугунги кунда ўз вазифа ва мақсадини адо этмайди”.

Ғулом Аҳмад мазкур оят шу шаҳар ҳақида нозил бўлганлигини даъво қилаётган Қодиён шаҳри Ҳиндистон иккига бўлиниб Ҳиндистон ва Покистонга ажралгандан сўнг Ҳиндистон ҳудудида қолиб, Қодиёнийлар у ердан қувғин қилинган. Кейинчалик марказ бошқа жойга кўчирилиб, Қодиёнга ҳаж қилиш бекор қилинган. Аллоҳ таолонинг ишларида ҳикмат бор.

ҚОДИЁНИЙЛАР ТАШВИҚОТЛАРИДАН ОГОҲ БЎЛИШ

Қодиёнийлар бошқаларни ўз мазҳабларига даъват қилишда фаол ҳаракат қиладилар. Улар мазҳабларини Ислом таълимларидан қайсидир бири устига барпо қилганлари учун ўзларини Ислом даъватчилари деб даъво қилишга имкон топдилар. Айниқса, Ғулом Аҳмад набий эмас, балки ислоҳотчи дейдиган Лоҳур шуъбаси бундан унумли фойдаландилар. Қодиёнийлик мазҳабини яхши билмайдиганлар улар ҳақиқатда Ислом даъватчилари деб эътиқод қила бошладилар ва кўпинча уларнинг ҳаракатларини мақтаб, ботил ишларидан огоҳ бўлишга чақирувчиларни маломат қилдилар.

Қодиёнийлар асосан Қуръон ва Суннатни ўрганиб, у иккисининг ҳидояти билан мунавварланадиган халқларни йўлдан урдилар. Уларни Ғулом Аҳмаднинг пайғамбарлигига ва шунга ўхшаш нарсаларга эътиқод қилиш томон бурдилар. Улар даъватчиларини Сурияга, Фаластинга, Мисрга, Жиддага, Ироқга ва бошқа Ислом мамлакатларига юбордилар. Уларнинг бемаънилик асосида қилган ташвиқотлилари бепарво ёшларни дин одобига кўра тарбиялашда қўл келди. Бу ёшлар ўша ташвиқотларни ғурур билан қабул қилдилар.

Қодиёнийлар Хитойда, Ҳиндистонда, Ажамда, Ироқда, Жиддада, Сурияда, Фаластинда ва Мисрда даъватчилари борлигини айтадилар. Уларнинг 1932 йилда чоп қилингнан бир китобида Мисрдаги даъватчиси Фалон кўчада яшовчи Шайх Маҳмуд Аҳмад эканлигини ёзилган. Ҳинд уламоларини бу тоифага жиддий қаршилик кўрсатдилар. Сурия уламоларининг қодиёнийларга қарши чиқишда ёзганлари ҳам кўп жойга етиб борди. Улар қодиёнийларга раддия бериб, уларнинг Ислом ақидаси биносини бузувчи фикрларидан ва ёш авлодни юганларидан тутиб турган ҳар қандай қўлга кўрлар каби бўйсуниб рози бўлишларига ўргатувчи фикрларидан мусулмонларни огоҳлантириш борасида рисолалар ёздилар.

ХУЛОСА

Шундай қилиб, қодиёнийлик ўзини пайғамбари, саҳобалари, халифалари, муқаддасотлари, тарихи, шахслари ва адабиётлари бор жаҳон дини бўлишга номзод қилиб кўрсатмоқда. Қодиёнийлик ўз тарафдорлари ва бўйсунувчиларини абадий Ислом меросидан, тарихидан, Исломдаги шахслардан, унинг биринчи манба ва масдарларидан, муқаддасотларидан ва унинг руҳий марказидан узишга ҳаракат қилмоқда. Буларнинг ҳаммасининг ўрнига ўзлари дин қилиб тутган ёки даъво қилган бошқа нарсаларни қўймоқчи. Аллоҳ таоло бундан Ўзи сақласин. Қисқаси, бунга бўйсунган инсон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўришдан, у зотга итоат қилишда жон фидо қилишдан, зикр қилиб эслашдан, сийратларини ўрганишдан, ортларидан эргашишдан четланади. Бунинг ҳаммасидан хаёл қилинаётган “қодиёний пайғамбар”ни яхши кўриш билан шижоатланишга, унинг зафарлари ва паҳлавонлигини куйлашга, тарихини ўрганишга, унинг ортидан эргашишга ўтади. Қодиёнийлик одобларида бу нарсалар очиқ намоён бўлиб турибди.

Инсон қодиёнийлик дини сабабли иймон, қаҳрамонлик ва олийжаноб инсонийлик тарихи ҳисобланмиш ажойиб Ислом тарихидан бошқа бир тарихга ўтади. Бу тарихнинг ҳаммаси эсанкираган ҳокимлар ва золим ҳукумат ҳузурида хушомад қилиш, бўйсуниш, лаганбардорлик ва жосуслик қилишни гапиради.

Инсон ўша дин туфайли инсоният дастмояси ва башарият кўзқорачиғи бўлмиш Исломдаги шахслардан ва буюк фазл эгалари ҳамда тарих устунлари ҳисобланган кишилардан бошқа бир кишилар томонига ўтиб қолади. Улар пакана бўйлилар, пуфаклар, қуллар тилидан бошқасини эплай олмайдиганлар, касблари хиёнат ва макрдан иборат, виждон ва ишончларни сотишдан бошқа ишни билмайдиганлардир.

Инсон мазкур дин касридан куч-қудрат ва ҳаётийликни берувчи тошқин Ислом одобларидан йиртилиб увадаси чиққан, паст навли, заиф услуб, бемаъни гап, хунук ҳақорат, шармандали ўзаро зиддият, очиқ-ойдин ёлғон, узун даъволар, гўдакларга хос кулгули таъвиллар, воқеликда бўлмаган ва бўлмайдиган хабарлар каби одобларга ўтади.

Яна инсон ваҳий манзили, фаришталар тушган жой, инсоният мадрасаси, башарият қалъаси, оламда субҳи содиқ чиқадиган шаҳардан бошқа бир шаҳарга ўтиб қолади. У шаҳар жосуслар уяси, Ислом уммати ичидаги бешинчи колонна[17] маркази, ахлоқсизлик ва бузуқлик маконидир.

Хуллас, бу янги қодиёнийлик ҳамма яхшилик ўрнига ҳамма ёмонликни алмаштиради. У золимлар учун нақадар ёмон бадалдир[18].

Қодиёнийлик фасод манбаи ва Ислом олами жисмидаги касалликдир. У Ислом олами жисмининг қон томирларига хўрланганлик ва камситилганлик, қўқоқлик, лагнанбардорлик, кимларгадир бўйсунишлик, шаҳарларни фасод қилаётган, Аллоҳнинг ерини жабр ва зулмларга тўлдираётган золимларга эгилиш микробларини ўтказади.

Қодиёнийлик Ислом оламида фикрий бошбодоқлик ва тарқоқлик, Исломнинг саҳиҳ мабалари ва масдарларига, салафларига ишончсизликни тарқатмоқда. Бу умматни ўтмиши, яхши кунлари ва афзал кишиларидан ажратмоқда. Бошқанинг унвонини ўзлаштириб олувчиларга, текинхўр паразитлар ва ўзини пайғамбар деб даъво қилувчиларга эшикнинг икки тоқасини очиб бермоқда. Исломнинг қуввати, ҳаётийлиги ва натижалари тўғрисида ёмон гумон қилмоқда. Келажакка умид билан боқишни сўндирмоқда.

Қодиёнийлик мусулмонлар қасдини оламшумул ишлардан, башариятга ҳақ насиҳат қилишдан арзимас масалалар томон бурмоқда. Бу масалалар буюк мусулмон умматини қодиёнийларни тарбия қилган ва уларга ҳамма нарсани ўргатиб турган кимларнингдир аравасига қўшиб қўяди.

Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни инсонийлик даражасига кўтарди. Бу шарафга яна пайғамбарликни зиёда қилди. Бунинг муқобилига қодиёнийлик разиллик ва паскашлик йўлида Ғулом Аҳмад кабиларга тож кийдириш ва уни буюк пайғамбарлик мансабига сайлаш билан инсонийлик даражасини жарга тушуриб юборди. Қодиёнийлик барча инсониятга нисбатан жиноят ва инсоннинг улуғлигига қилинган ёмонлик бўлди.

Қодиёнийлик масаласи мамлакат ёки давлат масаласи эмас. Шу билан бирга маҳаллий ёки ички масала ҳам эмас. Балки бутун Ислом олами масаласидир. Ислом олами масаласи эса Ислом ақидаси, Пайғамбарнинг ҳурмати ва инсониятнинг шарафи масаласидир. Агар бу ақида сўнса, бу ҳурмат синдирилса, бу шараф зое бўлса, ер юзида яхшилик қолмайди.

Булар айни ҳақиқатлардир. Хаёллар ва тушларда яшашни ва ҳақиқатларни янглиштиришни хоҳлайдиганлар, ақида ва динга эътиборсиз қарайдиганлар ҳамда дунёни охиратдан устун қўядиганлар бўлиб қолмайлик.

Аллоҳ таолодан барчамизга ҳақни ҳақ эканлигини билдириб унга эргашадиганлардан қилишини ва ботилни ботил эканлигини билдириб ундан йироқ бўладиганлардан қилишини сўраймиз.

[1] Ҳижр сураси, 9-оят.

[2] Ғулом Ағмаднинг шахсида учта хислат жамлашган. Тарихчилар буларнинг қай бири биринчи ўринда туриши ва ҳақиқий туртки вазифасини ўтовчи эканлиги ҳақида ҳайрондирлар. Биринчиси, диний мансабни эгаллашга ва Ислом оламига пайғамбарлик номи билан эгалик қилишга ўчлик. Иккинчиси, томи кетганлик. Бунга унинг китоблари ва таржимаи ҳолларида далил ва ҳужжатлар тўлиб тошган. Ҳатто, буни унинг ўзи ҳам кўп гапирган ва машҳур бўлиб тарқалиб кетган. Учинчиси, сиёсий махфий ғаразлар ҳамда инглиз ҳукуматига хизмат қилиш ва унинг фойдасига ишлаш бўлиб, бу энг кучлисидир. Устоз Муҳаммад Илёс Бурнийнинг “Қодиёний мазҳаби” номли қодиёнийлик қомусига мурожаат қилинг.

[3] Ғулом Аҳмад бу гапни 1898 йил 14 феврал куни Панжоб вилояти ҳокимига ёзган илтимосномасида айтган. Бунинг матни Мирқосим Али Қодиёнийнинг “Таблиғи рисола” китобининг еттинчи жилдида келган.

[4] Маҳмуд ибн Ғулом Аҳмаднинг “Аҳмад охир замон пайғамбари” номли инглизча китобидан олинган маълумот.

[5] Наҳл сураси, 68-69-оятлар.

[6] Аъроф сураси 89-оят.

[7] Соф сураси, 6-оят.

[8] Оли Имрон сураси, 49-оят.

[9] Қодиёнийлик асосочиси ва аллома Муҳаммад Иқболлар бир жойдан, яъни Панжобдан бўлганлар. Уй эгаси бўлган инсон уй ичида нималар борлигини яхши билади. У ташқарида туриб хабардор бўлган кишидан яхшироқ маълумот бера олади.

[10] Газета бу масалани 1935 йил 10 июнда чиққан сонида нашр қилган.

[11] Ҳиндистондаги раҳбарлар қодиёнийлик фикрини олқишладилар. Чунки, бу Ҳиндистонга муқаддасликни бериб, мусулмонлар юзларини Ҳижоз ўрнига Ҳиндистон тарафга қаратади. Шунда улар Ҳиндистонни қибла ва руҳий марказ қилиб оладилар. миллатчилик уларда ўйлаган нарсаларини кучайтириб туради.

[12] Ўша пайтда бу исломий давлатлар Туркия, Форс ва Афғонистон бўлган.

[13] Аҳзоб сураси, 40-оят.

[14] Аҳзоб сураси, 40-оят.

[15] Оли Имрон сураси, 97-оят.

[16] Исро сураси, 1-оят.

[17] Бешинчи колонна – бошқа мамлакатга юборилган жосуслар, қўпорувчилар.

[18] Каҳф сураси, 50-оят.

 

Абу Иброҳим Абдулҳодий

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳга беҳад ҳамду санолар бўлсинки, охирги ўн йилликлар ўзбек халқи учун ҳам баракага, файзга ва тавфиқдиёнатга жуда бурканган давр бўлди. Бу гапда ҳеч қандай давоми...

3926 05:00 / 09.03.2017
Эй дўстим. Эй тушкунликдаги биродарим. Ноумид бўлманг. Тушкунликка тушманг. Чунки эрта бизларникидир. Барча хушхабарлар биз биландир. Бу машаққатлар эса сизнинг давоми...

2868 05:00 / 09.03.2017
БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Мен уларни на осмонлару ерни яратишга ва на ўзларини яратишга гувоҳ қилмаганман ва адаштиргувчиларни ёрдамчи қилиб олган эмасман1rdquo давоми...

3903 05:00 / 09.03.2017
Бу дунёда бахтга қандай эришиш мумкин Унда омад доимий эмас, роҳат ҳам ўткинчи ва нохуш кечинмалар қолдиради. Асосийси, уларга интилганинг сари ва ниҳоят давоми...

8416 07:10 / 10.10.2019
Аудиолар

120139 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41802 14:35 / 11.08.2021