1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Қобасотун мин ҳаётир-росул

20:09 / 28.04.2017 3385 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

ҚОБАСОТУН МИН ҲАЁТИР-РОСУЛ

(Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётларини ўрганиш)

Пайғамбарлик мўъжизаларидан

 

 

ПАЙҒАМБАРЛИК АЛОМАТЛАРИДАН

         Ҳандақ ковлашда бир ҳодиса рўй берди – мусулмонлар қаттиқ харсангтошни парчалай олмадилар. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни чақирдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни чўқмор билан бир урган эдилар, учқун порлаб унинг учдан бири бўлинди.

         “Аллоҳу акбар! Қайсар фатҳ қилинди! Аллоҳга қасамки, мен қизил рангли қасрларни кўрмоқдаман” дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам.

         Кейин яна бир урдилар, яна учдан бири бўлинди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

         “Аллоҳу акбар! Кисро фатҳ қилинди! Аллоҳга қасамки, мен оппоқ қасрларни кўрмоқдаман!” дедилар.

         Учинчи бора урдилар. Қолган учдан бир қисми ҳам бўлинди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

         “Аллоҳу акбар! Яман фатҳ қилинди! Аллоҳга қасамки, мен Санъо дарвозаларини кўрмоқдаман!” дедилар.

         Ибн Абдулборр айтадилар: “Батаҳқиқ Аллоҳ бандасига нусрат берди ва ваъдасини рост қилди. Оламларнинг Тарбиячисига ҳамдлар бўлсин!”

СЕНИ НИМА ЕТАКЛАБ КЕЛДИ?

         Бадр ғазотидан кейин Сафвон ибн Умайя ибн Халаф Умайр ибн Ваҳбга агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўлдирса, унинг қарзларини ўз бўйнига олишга, оиласини боқишга ҳамда унга туя беришга ваъда қилиб, қурол-яроғ билан таъминлади.

Умайр Мадинага келиб, қиличини таққан ҳолда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни қасд қилиб масжидга кирди. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу уни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига олиб кирди.

         Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сўрадилар:

– Эй Умайр, сени бу ерга нима етаклаб келди?

– Сизларнинг ҳузурингиздаги асир тушиб қолган яқинларимизни сўраб келдим, – деди Умайр.

– Ундай бўлса, қилич не учун? – сўрадилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам.

– Аллоҳ қиличларни йўқ қилсин! Мен бирон нарса қила олармидим? Мен етиб келганимда бўйнимга осиб олганим хаёлимдан кўтарилиб қолибди, – деди у.

– Сен нима учун келганингни рост айтяпсанми? – сўрадилар Расулуллоҳ алайҳиссалом.

– Мен фақат асирлар учунгина келдим, – деди яна у.

– Ундай бўлса Сафвон ибн Умайя билан ҳужрада нимага келишдинг?

Умайр қўрқиб кетиб:

– Нимага келишибман? – деди.

– Агар сен мени ўлдирсанг, қарзларингни бўйнига олиб, оилангни боқишини келишиб олмадингми? Аллоҳ ўрталарингда бўлиб ўтган ҳолатнинг билгувчисидир, – дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам.

– Гувоҳлик бераманки, Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ! Муҳаммад Унинг бандаси ва элчисидур! Сиз ҳақиқатан ҳам тўғри айтдингиз! – деди Умайр.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобга:

– Биродарингизга Қуръонни ўргатинг. Унинг асирларини озод қилинг, – дедилар.

Умайр Маккага қайтиб бориб одамларни Исломга даъват қилди. Натижада у билан кўпчилик кишилар мусулмон бўлдилар.

 

ЗОЛИМНИНГ ЖАЗОСИ

Ривоят қилинишича Абу Жаҳл (Амр ибн Ҳишом) кунлардан бир кун:

– Эй Қурайш жамоаси! Кўриб турганингиздек Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) динингизни айблади, илоҳаларингизни ҳақорат қилди, етук кимсаларингизни нодонга чиқарди, ота-боболарингизни сўкди. Мен Аллоҳга аҳд қиламанки – эртага унинг ёнида оғир тошни олиб ўтираман. Намозида сажда қилганида бошини мажақлаб ташлайман. Сизлар менга итоат қиласизми ёки қаршилик қиласизми, барибир! Ана ундан кейин Абду Манофнинг уруғлари менга қўлидан келганини қилаверсин! – деди.

Эрталаб ўзи айтганидек тошни олди. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кутиб ўтирди. Ул зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз одатларига кўра намозга эрта келдилар. Қурайшийлар ўзлари тўпланиб ўтирадиган жойларида Абу Жаҳл нима қилишини кузатиб ўтиришди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саждага муборак бошларини қўйганларида Абу Жаҳл тошни кўтариб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам томон келди. Яқинларига борганида эса бирдан даҳшатдан қўрқиб, ранги ўзгарган ҳолда ортига қайтди. Қўлидаги тошни ташлаб юборди. Қурайшдан бир неча киши ўринларидан туриб унинг олдига бориб сўрадилар:

– Сенга не бўлди, эй Абу Ҳакам?

– Сизларга айтганимни қилиш учун ўрнимдан турдим. Энди у томон яқинлашган эдим, бир маҳал баҳайбат туя йўлимни тўсиб чиқиб, мени еб юборай деди. Аллоҳга қасамки, бунақасини умуман кўрмаганман! – деди Абу Жаҳл.

Бу воқеа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтилган эди, у зот алайҳиссалом:

– У – Жаброил (алайҳис салом). Агар яқинлашса, уни тутар эди, – дедилар.

 

КИСРО МУЛКИНИНГ ПАРЧАЛАНИШИ

         Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз замонасининг подшоҳларини Исломга даъват қилиб мактублар юборди. Улардан Нажжоший каби Исломга кирганлар ҳам бўлди, Рум қайсари (императори) каби Исломни тасдиқласа-да, қавмидан қўрқишлиги Исломга киришидан тўсганлар бўлди, Миср амири Мақсус каби чиройли жавоб берганлар ҳам бўлди.

         Уларнинг ҳаммаларидан фақат биттаси ўта сурбетлик ва беодобликда ажраб турди,  у – Форс кисроси (подшоҳи) Абрўз эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хатларини йиртиб ташлаб:

– Қандай қилиб мен билан хат ёзишади, у менинг қулим бўлса! – деди.

Расули акрам: “Эй Аллоҳим! Кисро менинг хатимни қандай қилиб парчалаб ташлаган бўлса, унинг мулкини ҳам шундай қилиб парчалаб ташлагин!” дедилар.

Аллоҳ таоло Абрўзга унинг фарзанди Шеруяни мусаллат қилиб қўйди. У отасини ўлдирди. Натижада Кисронинг мулки ўта хунук ҳолатда парчаланди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг дуолари билан бутун Ер юзининг ҳар томонидан завол топаверди.

 

АЛЛОҲ РАСУЛИНИ ДУШМАНЛАРНИНГ

МАКРИДАН ЎЗИ САҚЛАЙДИ

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Масжидда Каъбанинг ёнида Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу билан бирга ўтирган эдилар. “Ҳаммолатал ҳатоб” (“Ўтин ташигувчи”) Умму Жамил ўзи ва эри ҳақида Қуръон ояти нозил бўлганини эшитиб, қўлида катта тош билан у зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келди.

Саййидимиз Абу Бакр розияллоҳу анҳу уни кўриб йиғлаб юборди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам йиғлашининг сабабини сўраган эдилар, ҳолатни айтдилар.

– Қўявер, у барибир мени кўрмайди, – дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам.

Умму Жамил яқин келганида Аллоҳ унинг кўзини пардалаб қўйди. У фақат Абу Бакрнигина кўриб:

– Ҳой Абу Бакр! Дўстинг Муҳаммад қаерда қолди? Айтишларича у мени

حَمَّالَةَ الْحَطَبِ {المسد/4} فِي جِيدِهَا حَبْلٌ مِّن مَّسَدٍ

деб ҳажв қилибди?! Аллоҳга қасамки, агар уни топиб олсам, мана шу тош билан оғзига урар эдим! – деди. Сўнг ортига қайтиб кетди.

 

ЎЗ ҲОЛИГА ҚАЙТГАН ЕЛИН

         Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу бизга ривоят қилади:

         “Уқба ибн Аби Муҳитнинг қўйларини боққувчи ўспирин ёш йигитча эдим. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу келиб:

– Ташна бўлиб қолувдик, сут борми? – деб сўрадилар.

– Мен омонатдорман. Сизларга сут бера олмайман, – дедим.

– Сенда қўчқор яқинлашмаган кичикроқ совлиқ борми? – дедилар Пайғамбар алайҳиссалоту васаллам.

– Ҳа, – деб қўчқор яқинлашмаган кичикроқ совлиқни икккалаларига олиб келдим.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни боғладилар ва елинини силаб, менинг ақлим етмаган сўзлар билан Раббисига дуо қилдилар. Бир маҳал елин сутга тўлиб кетди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу ичи чуқур тош топиб келиб, ўшанга сутни соғди. Ундан Абу Бакр ичди, мен ичдим ва у зот алайҳиссалом ичдилар. Кейин елинга қараб:

– Қисқар! – дедилар.

Елин яна ўзининг аввалги ҳолатига қайтди”.

 

 

БАРМОҚЛАРИНИНГ ОРАСИДАН СУВ ЧИҚҚАНИ

 

         Бухорий Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

“Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга эдим. Аср намозининг вақти кириб қолди. Бизда идишда озгина ортиб қолганидан бошқа сув йўқ эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам келиб қўлларини тиқдилар. Бармоқларининг ораларини очдилар ва:

– Таҳорат олгани келинглар! Бу – Аллоҳнинг баракаси! – дедилар.

Кўрдимки, бармоқларининг ораларидан сув чиқяпти. Одамлар таҳоратларини олдилар ва ичдилар”.

Жобирга айтдилар:

– Ўша кун неча киши эдиларингиз?

– Бир минг тўрт юз киши эдик, – деди Жобир розияллоҳу анҳу.

 

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жонзотларга меҳрибонликлари

 

КИЙИК БИЛАН СУҲБАТ

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам овчи тутиб олган кийикнинг олдидан ўтиб қолдилар. Кийик:

– Эй Аллоҳнинг расули, елинларим тўлган. Икки боламнинг қорни оч қолган. Мени қўйиб юборсангиз, бориб иккаласини эмизиб, Сизнинг ҳузурингизга келаман, яна боғлаб қўясиз, – деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга:

–  Бировларнинг овини боғлаб қўйганларини-я?  – дедилар.

– Эй Аллоҳнинг расули, мен Сизга албатта қайтиб келишга Аллоҳнинг номидан аҳд қиламан! – деди кийик.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан Аллоҳнинг аҳдини олгач, бўшатиб юбордилар. У эса орадан ҳеч қанча вақт ўтмай елинларини бўшатиб қайтиб келди. Жаноб алайҳиссалоту васаллам:

– Бу кийик кимники? – деб сўрадилар.

– Фалончиники, – дедилар.

Ўша кишидан кийикни совға қилишини сўрадилар. Кейин келган йўлига қўйиб юбориб:

– Агар ҳайвонлар ўлим ҳақида сизлар билганчалик билсалар эди, ҳаргиз семиз нарса емас эдингиз, – дедилар.

 

БЎРИ ГАПИРЯПТИ

 

         Ривоят қилишларича Абу Суфён ибн Ҳарб ва Сафвон ибн Умайя ибн Халаф иккаласи Маккадан чиққан эдилар, кийикни қувиб кетаётган бўрига дуч келиб қолишди. Бўри энди етиб олай деган эди, кийик Ҳарамга кириб қолди. Бўри ортига қайтиб кетди. Абу Суфён:

– Аллоҳ бизларга Ватан қилиб қўйган, Ер юзининг энг афзали бўлган, одамлар маскан қилган бу жой қандоқ ҳам яхши-я! Эй Сафвон, кўрмадингми бўри нима қилганини? Энг қизиғи – қайтиб кетди, – деди.

Шунда бўри тилга кирди:

– Бундан ҳам ажойиби – Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Абдулмутталиб Мадинада туриб сизларни жаннатга чорлайди, сизлар эса у зотни дўзахга чорлайсиз!

Абу Суфён айтди:

– Лот ва Уззога қасамки, мен бу воқеани Макка аҳлига айтиб берсам, у(Макка)нинг ўзини холи ташлаб чиқиб кетамиз.

Шу мавзуда яна зикр қилишларича, Рофеъ ибн Умайра ибн Жобир қўй боқур эди. Қўйларига бўри бостириб келиб, қўйларнинг каттасини олиб кетди. Рофеъ ундан қайтариб олмоқ учун қаттиқ уринди ва:

– Ажабо! Бўри ҳамла қилганини олиб кетади-я! – деди.

Ҳеч қанча муддат ўтмай бўри қайтиб келди-да:

– Аслида, сенга кўпроқ ажабланиш керак! Менга Аллоҳ таоло берган ризқни тортиб олдинг! – деди.

– Во ажаб! Бўри гапиряпти! – деди Рофеъ.

Шунда бўри:

– Яна ҳам ажаброғи – туҳматлардан пок пайғамбар сизларни жаннатга чорласа-ю, сизлар уни рад этиб дўзахни хоҳлайсизлар! – деди.

Бу киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди. Ваҳоланки Жаброил алайҳиссалом келиб, унинг нима қилганини айтиб берган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдига кирганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга нима бўлганини айтиб бердилар. У имон келтириб, тасдиқ қилди.

 

КИЧКИНА ҚЎЗИЧОҚ

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга хандақ ковлаётган эдик. Менда унча семиз бўлмаган кичикроқ қўзи бор эди. Мен ўзимча ўйладим: “Аллоҳга қасамки, бу қўзини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга пишириб берсам эди!” деб ўйладим. Сўнг хотинимга буюрган эдим, арпадан бир оз ун қилиб, нон ёпти. Мен эса қўзини сўйиб, пиширдим.

Кеч кириб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам энди кетмоқчи бўлиб турган эдилар:

– Эй Аллоҳнинг расули, мен Сизга қўй пишириб, бир оз арпа унидан нон тайёрлаб қўйдим. Шунинг учун мен билан бирга уйимга боришингизни хоҳлар эдим, – дедим.

Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёлғиз ўзлари боришларини истаган эдим. Аммо жаноб соллаллоҳу алайҳи васаллам сўзларимни эшитиб “Хўп” дедилар-да, бир кишига “Юринглар, Жобирнинг уйига!” деб жар солдириб юбордилар. “Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун!” – деб юбордим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар билан бирга келдилар. Тайёрлаб қўйган нарсаларимни олиб чиқдим. Жаноб (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тасмия айтиб тановул қилдилар. Одамлар кира бошладилар. Бир қанча одам овқатланиб бўлиб туриб кетар, ўрнига бошқалар келар эди. Шу зайлда Хандақ аҳлининг ҳаммаси кириб чиқди. Буларнинг ҳаммаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг баракаларидан эди.

 

 

Шайх Аҳмад Муҳаммад Ассофнинг

“Қобасотун мин ҳаётир-Росул” китобидан

Асака туман бош имом-хатиби

         Шаҳобиддин ПАРПИЕВ таржимаси

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёлларга муомалалари 133. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг давоми...

4753 14:10 / 08.02.2019
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хитоб қилиб Икки буюк нарсани унутманглар ndash жаннат ва жаҳаннамниrdquo давоми...

3207 15:02 / 29.11.2018
. .Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Намознинг калити покликдир, унинг ҳаром қилиши такбирдир ва ҳалол қилиши давоми...

1832 13:01 / 12.07.2020
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга у зотнинг сафарларидан бирига чиқдик. Байдаа ёки Зотул Жайшда давоми...

3065 14:08 / 29.03.2020
Аудиолар

118751 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар