1445 йил 16 шаввол | 2024 йил 25 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Кишининг исломининг гўзаллиги

20:50 / 17.11.2017 5367 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўзи учун беҳуда нарсаларни тарк қилиши киши Исломининг ҳуснидандир», дедилар».

Термизий ва Ибн Можа ривоят қилишган.


«Киши Исломининг ҳусни» ҳадиси ҳақида уламоларнинг фикрлари


Ушбу ҳадисни имом Термизий ва Ибн Можалар Авзоъийдан ривоят қилганлар. Ибн Абдулбарр: «Ушбу ҳадис Зуҳрийдан ушбу санад ила ишончли ровийлар орқали ёдланган», деган. Бу ҳадисни имом Молик ўзининг «Муватто»сида ривоят қилган. Имом Бухорий, Аҳмад, Яҳё ибн Маъийн ва Дора Қутнийлар Али ибн Ҳусайндан ривоят қилишган.

Ушбу ҳадиси шариф одоб аслларидан биридир. Имом Амр ибн Салоҳ ўз замонасида моликийларнинг имоми бўлган Абу Муҳаммад ибн Абу Зайддан қуйидагиларни ривоят қилади:

«Яхши одобларнинг жамловчиси ва етакчиси тўртта ҳадисдан чиқади: Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхшиликни гапирсин ёки жим турсин», деган сўзлари, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ўзи учун беҳуда нарсаларни тарк қилиши киши Исломининг ҳуснидандир», деган ҳадислари, у зотнинг насиҳат сўраган одамга қисқа қилиб, «Ғазабланма», деганлари ва у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Мўмин ўз биродарига ўзига яхши кўрган нарсани яхши кўрмагунча мўмин бўлмас», деган ҳадислари».

– Ибн Доса айтади: «Абу Довуднинг қуйидагиларни айтаётганини эшитдим: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан беш юз минг ҳадис ёзиб олдим. Улардан ушбу китобга қўшганларимни, яъни «Сунан» китобига танлаб олдим. Унда тўрт минг саккиз юз ҳадисни жамаладим. Саҳиҳини, унга ўхшаганини ва яқинини зикр қилдим. Инсонга дини учун улардан тўртта ҳадис кифоя қилади: «Албатта, амаллар ниятларга боғлиқ» «Ўзи учун беҳуда нарсаларни тарк қилиши киши Исломининг ҳуснидандир», «Мўмин ўз биродарига ўзига яхши кўрган нарсани яхши кўрмагунча мўмин бўлмас» ва «Ҳалол очиқ-ойдиндир ва ҳаром очиқ-ойдиндир».


«Киши Исломининг ҳусни» ҳадисининг шарҳи


Аввало ҳадиси шарифдаги баъзи сўзларнинг маъносини чуқурроқ тушуниб олайлик.

Биз «Ўзи учун беҳуда нарсалар» деб таржима қилган жумла арабча матнда «маа лаа яънийҳи» деб келган. Бу «иноятига сазовор бўлмаган нарса» деганидир. «Иноят»нинг маъноси эса бир нарсага қаттиқ аҳамият бериш, ўша нарсани шиддат билан талаб қилиш ва ўз мақсади қилиб олишдир. Мазкур иноятга сазовор бўлган нарса гап-сўз бўлиши ҳам, иш-амал бўлиши ҳам мумкин.

Бу борадаги иноят кишининг ҳавойи нафсидан, шахсий истагидан келиб чиққан нарса эмас, балки дин ва шариат томонидан аҳамиятли деб белгиланган бўлиши керак. Шунинг учун ҳам ҳадисда «киши Исломининг ҳусни», дейилмоқда. Демак, киши Исломининг ҳусни Исломда унинг учун беҳуда нарсаларни, гап-сўз ва иш-амалларни тарк қилишига боғлиқ бўлади.

«Далилул фолиҳийн литуриқи риёзис солиҳийн» китобида «Маа лаа яънийҳи»нинг шарҳида қуйидагилар ёзилган: «Яъни ирода қилмаган нарсаси, ўзи муҳтож бўлмаган нарсаси, зарур бўлмаган нарсаси, фойда бермайдиган нарсаси, усиз ҳаёти ўтадиган нарсаси».

Бу эса ўз навбатида ортиқча ишлар ва сўзларни ўз ичига олади. Бас, мусулмон инсон бу дунёси ва охирати учун фойдали бўлган ишлар ва гаплар билан машғул бўлиши лозимдир».

Ушбу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам киши Исломининг ҳусни ҳақида, чиройли бўлиши ҳақида сўз юритмоқдалар. Шариатда «Фалончининг Исломи ҳуснли, чиройли бўлди» деган ибора «Фалончи Исломга ичидан ҳам, ташидан ҳам, ҳақиқий равишда кирди», деган маънони ифода қилади.

Ибн Баттол: «Исломи ҳуснли бўлди» деган ибора «Эҳсон ҳадиси, яъни «Аллоҳга худди Уни кўриб турганингдек, агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб турганидек ибодат қилишинг», деган ҳадис билан шарҳ қилинади. Бу билан Аллоҳ таолога муболағали равишда ихлос қилиш ва У Зотнинг муроқабаси ирода қилинади», дейди.

«Исломи ҳуснли бўлди», дегани ҳақиқий Исломга амал қилди, мунофиқлик қилмади, деганидир.

Имом Нававий: «Бунда Исломнинг ҳақиқатига зиёда қилди деган маъно йўқ. Бу нарса шариат истеъмолида маълум нарсадир. «Фалончининг Исломи гўзал бўлди», дейилса, унга ҳақиқий ихлос билан кирди, дегани бўлади. «Фалончининг Исломи ёмон бўлди ёки гўзал бўлмади», дейилса, унга ҳақиқий ихлос билан кирмади, дегани бўлади», деган.

«Исломи ҳуснли бўлди», деганда давомли равишда Аллоҳ таолонинг буюрганини қилиб, қайтарганидан қайтди, Аллоҳ таолонинг махлуқотларига шафқатли бўлди, деган маъно тушунилади.

Демак, кишининг Исломи ҳуснли бўлиши ҳам ёки аксинча бўлиши ҳам мумкин экан. Унинг қандай бўлиши эса Исломдаги кишининг ўзига боғлиқ. Агар инсон ўзи учун беҳуда бўлган нарсаларни тарк қилса, бу унинг Исломи ҳуснли бўлганига далил экан. Чунки бу ишни фақат ҳақиқий мусулмон одамгина амалга оширади. Чин мусулмон одам ҳаётнинг ҳар бир лаҳзасига ўта жиддийлик билан қарайди. Қиёматда ана шу ҳар бир лаҳза учун ҳисоб-китоб, савол-жавоб бўлишини зин­ҳор унутмайди. Чин мусулмон одам беҳуда сарфланган вақт, молу дунё, соғлик, куч-қувват, имконият ва бошқа нарсалар учун қиёмат куни жавоб беришини тўла ҳис қилиб яшайди. Шунинг учун у беҳуда нарсага умуман яқинлашмайди. Бу эса ўз навбатида унинг Исломининг ҳусни бўлади.

Чин мусулмон бўлишни ўйлаган одам беҳуда, фойдасиз ва маъносиз нарсаларга ўзини урмайди. Ундай нарсаларни эса пасткаш кишилар қиладилар. Мусулмонлик эса олий шарафдир, юқори мартаба ва юксак мақомдир. Шундай экан, ҳар биримиз Исломимизнинг ҳуснли бўлиши учун уринайлик, беҳуда нарсаларни тарк қилайлик.


Киши исломининг гўзал бўлиши нимани тақозо қилади?


Инсоннинг Исломи гўзал ва ҳуснли бўлиши ундан аҳамиятли бўлмаган барча нарсаларни тарк этишни тақозо қилади. Ҳаром қилинган нарсаларни, шубҳали нарсаларни, макруҳ нарсаларни, мубоҳларнинг ортиқчасини ва ҳожати йўқ нарсаларни тарк қилишни тақозо этади. Ушбу нарсаларнинг барчаси Исломи гўзал бўлган ва эҳсон даражасига етиб, «Аллоҳга худди Уни кўриб тургандек, агар у Уни кўрмаса, Аллоҳ уни кўриб тургандек ибодат қилиш»га эришган банда учун «маа лаа яъни» нарсалардир.

Ким Аллоҳ таолога қалби билан яқин бўлиб, У Зотни кўриб тургандек ёки Аллоҳ таоло унга яқинлигини ва уни кўриб, билиб, ҳисобини қилиб турганини ҳис этиб ибодат қилса, унинг Исломи гўзал бўлади. Ана ўшанда мазкур банда Исломда аҳамиятсиз саналган барча нарсаларни тарк қилади ва Исломда аҳамиятли саналган барча нарсалар билан машғул бўлади.

Ушбу мақомга эришган банда Аллоҳ таолодан ҳаё қилиш мақомига ва ҳаё қилиниши лозим бўлган нарсадан ҳаё қилиш мақомига эришади.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Дин насиҳатдир китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Зинокор зино қилаётганда мўмин бўлмас, ароқхўр ароқ ичаётганда мўмин бўлмас, давоми...

2801 05:00 / 02.03.2017
Анас розияллоҳу анҳу .Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари Умму Гулсум алайҳассаломнинг устиларида ипак чопонларни кўрдим,, деди,. Бухорий, Абу Довуд ва давоми...

2745 05:00 / 02.03.2017
Аввал ҳам айтиб ўтилганидек, Қуръони Каримнинг ўзига мос тавсифини қилишга инсоннинг тили ҳам, қалами ҳам ожиз.Бу улуғ китобнинг энг олий васфи унинг нозил қилган давоми...

6844 05:00 / 01.03.2017
Аллоҳ таоло одамзотни яратар экан, уларга меҳрибонлик назари билан қараб ўзаро доимо меҳроқибатда бўлиб яшашлари лозимлигини Ўзининг Каломи мажидида кўп бора давоми...

3431 05:00 / 04.03.2017