1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Киши исломининг гўзал бўлиши

22:09 / 17.11.2017 4399 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Киши исломининг гўзал бўлиши барча турдаги аҳамиятсиз нарсаларни
тарк этиши биландир

Ўтган сатрларда аҳамиятсиз каломни тарк қилиш борасидаги гап чўзилиб кетди. Бунинг сабаби шуки, кўпчилигимиз каломни амалдан ҳисобламай, оғзига келганини бўғзига ютмай гапираверишга одатланиб қолганимиздир. Аммо мўмин одам ўзининг Исломи гўзал бўлишини истаса, шариатда кўрсатилган барча беҳуда амалларни тарк қилиши керак.

Бунинг асосий далили ушбу рисолада биз ўрганаётган «Ўзи учун беҳуда нарсаларни тарк қилиши киши Исломининг ҳуснидандир», ҳадисидир. Бу ҳадисда аҳамиятсиз нарса умумий қилиб айтилган, фақат «гап-сўз» дейилмаган. Бунга ушбу ҳадисдан бошқа далиллар ҳам кўп. Аммо биз яна битта далил билан кифояланамиз.

Муҳаммад ибн Каъбдан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сизларнинг ҳузурингизга аввал кирадиган киши аҳли жаннатдандир», дедилар. Бас, Абдуллоҳ ибн Салом кирди. Одамлар у томон турдилар ва хабар бердилар ҳамда:

«Ўзинг учун энг ишончли амалинг ҳақида бизга хабар бер», дейишди. Шунда у:

«Таъкидки, амалим заифдир. Орзу қилишим мумкин бўлган нарса қалб саломатлиги ва ўзим учун аҳамиятсиз бўлган нарсани тарк қилишим», деди».

Асад ибн Мусо ривоят қилган.

Ушбу ривоятда Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳу ўзлари ҳақида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳли жаннат деб башорат берганларининг икки сабабидан бири – аҳамиятсиз бўлган нарсани тарк қилиш эканини таъкидламоқдалар.

Биз ўрганаётган «Ўзи учун беҳуда нарсаларни тарк қилиши киши Исломининг ҳуснидандир» ҳадиси ва ушбу ривоятдаги таъкидланган гап ва бошқа шунга ўхшаш ривоятлар банда ўзи учун динида аҳамиятсиз бўлган нарсани тарк этиб, аҳамиятли бўлган нарсага амал қилса, унинг Исломи гўзал бўлишига ёрқин далилдир.

 

Исломи гўзал  бўлганларнинг мукофотлари


Бир қанча ҳадисларда Исломи гўзал бўлишнинг фазли ва унга эришган банданинг савоблари кўпайтирилиб, гуноҳлари ўчирилиши қайта-қайта таъкидланган. 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Қачон бирингизнинг Исломи гўзал бўлса, қилган ҳар бир яхши амали учун ўн баробардан етти юз баробаргача ёзилади. Қилган ёмонлиги ўз ҳолича ёзилади. То Аллоҳ жалла ва жаллага йўлиққунча шундай бўлади», дедилар». 

Муслим ва Ибн Ҳиббон ривоят қилишган. 

Мўмин-мусулмон банданинг қилган яхши ишига ўн баробардан етти юз баробаргача савоб ёзилиши борасида уламоларимиз раҳматуллоҳи алайҳим жуда ҳам нафис сўзларни айтганлар. 

Ҳар бир мусулмонга унинг Исломи гўзалми ёки гўзал эмасми, фарқланмасдан, бир яхшилиги учун ўн савоб ёзилиши мавжуд ҳақиқатдир. 

Ўндан ортиқ бўлиб, то етти юзгача бўлган савоблар эса банданинг Исломи гўзаллигига, ниятга, ихлосга, қилинган амалнинг фазлига ва омманинг унга эҳтиёжига қараб бўлади.

Муҳтарам уламоларимиз ўзларининг бу гапларига қуйидаги далилни келтирадилар.

 

Атийядан ривоят қилинади:

«Ибн Умар:

«Ушбу «Ким бир яхшилик қилса, унга ўн баробар берилур» ояти аробийлар ҳақида нозил бўлган», деди. Бир киши:

«Муҳожирларга нима, эй Абу Абдурраҳмон?» деди.

«Ундан афзали: «Албатта, Аллоҳ заррача ҳам зулм қилмас. Агар яхшилик бўлса, бир неча бор кўпайтирур ва Ўз ҳузуридан улуғ ажр берур», деди». 

Табароний ривоят қилган.

Юқоридаги гаплар асли мусулмон бўлган бандаларга оиддир. Аммо шу билан бирга, аввал бошқа динда бўлиб, кейин Исломга кирганларга ҳам бу борада алоҳида муомала бўлади.

Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Қачон банда мусулмон бўлиб, Исломи гўзал бўлса, олдин қилган барча яхшиликларини унинг фойдасига ёзади ва олдин қилган барча ёмонликларини ўчиради. Кейин эса қилганига яраша бўлади. Бир яхшилик ўн баробардан етти юзгача кўпайтирилади. Ёмонлик ўз ҳолича ёзилади. Аллоҳ таоло кечиб юборгани мустасно».

Насоий ривоят қилган.

Ушбу ҳадиси шарифдан аввал Исломда бўлмай, кейин Исломга кирганларнинг мусулмон бўлишларидан олдинги Исломда яхши саналадиган амалларига ҳам савоб берилиши тушунилади. Уларнинг мусулмон бўлишларидан олдинги гуноҳлари кечирилади. Мусулмон бўлганларидан кейинги фаолиятлари эса бошқа мусулмонларнинг фаолияти каби баҳоланади.

Уламоларимиз: «Аввал бошқа динда бўлиб, кейин мусулмон бўлганларга бунга ўхшаш мақомлар берилиши учун Исломлари гўзал бўлиши шартдир», деганлар.

Гоҳида янги мусулмон бўлган одамнинг ҳам Исломи гўзал бўлиши мумкин. Бу эса жуда ҳам катта фазлдир. 

Жобир ибн Абдллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Хайбар ғазотида эдик. Бир сария йўлга чиқди. Бир кишини боқиб юрган қўйлари билан тутиб олишди ва уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келтиришди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга Аллоҳ истаганича гапирдилар. Сўнг ҳалиги одам у зотга:

«Мен сизга ва сиз келтирган нарсага иймон келтирдим. Қўйлар нима бўлади, эй Аллоҳнинг Расули? Улар омонат. Одамлар битта, иккита ва ундан кўпни қўшишган», деди. У зот:

«Уларнинг юзига майда тош отсанг, эгаларига қайтишади», дедилар. У бир сиқим майда тош ёки тупроқни олиб, қўйларнинг юзига отди. Улар тезлаб бориб, ҳар бири ўз эгасиникига кирди. Сўнг ҳалиги одам сафга турди. Унга ўқ тегиб, ўлди. У Аллоҳга бир марта ҳам сажда қилмади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Уни чайлага киритинглар», дедилар. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг чайлаларига киритилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фориғ бўлганларида унинг олдига кирдилар. Сўнгра чиқдилар ва:

«Батаҳқиқ, соҳибингизнинг Исломи гўзал бўлибди. Унинг олдига кирсам, ҳузурида ҳурул ийндан икки жуфти ҳалоли туришган экан», дедилар».

Ҳоким ривоят қилган.

Исломнинг гўзаллигини қаранг! Бир одам иймон келтириб, Исломга кириб, мусулмонларнинг сафида туриб, ўқ тегиб ўлгани учун, жаннатга кириш ва унинг ҳури ийнларига сазовор бўлиш бахтига сазовор бўлди. 


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Дин насиҳатдир китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Шайтонни гувоҳликка чақирамизмиБугун атрофимизда ҳамма нарса етарли ва бисёрлиги диндорлар томонидан шариат амрига риоя этиб яшаш имкониятини қисқартирадиrdquo давоми...

4342 19:23 / 05.01.2018
Тупроқдан инсонни яратиб, унинг сувратини чиройли, бекаму кўст, мўътадил қилиб яратган ва унга нутқ қилиш қобилиятини берган Раҳмон исмли Аллоҳ таолога хамду давоми...

5496 05:00 / 03.03.2017
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Албатта, Аллоҳ суратларингизга ва молу дунёларингизга назар қилмайди. Лекин давоми...

5384 05:00 / 03.03.2017
Ҳар бир банда эҳтиёт бўлиши лозим бўлган қалб хасталикларидан яна бири мунофиқликдир.Араб тилида мунофиқликни англатувчи сўзларнинг ўзаги бўлмиш .нифоқ, сўзи ичи давоми...

10168 23:55 / 13.05.2017
Аудиолар

118780 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40728 14:35 / 11.08.2021