1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савол жавоб

Кимошди савдоси

21:08 / 22.04.2016 2621 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Савол: Биржаларда ўтказиладиган савдо шаклларидан бири кимошдидир. Савдонинг бундай кўриниши ҳалолми?


Жавоб: Кимошди савдоси деб молни бошланғич баҳоси эълон қилиниб, харидорларнинг баъзиси бошқаси қўйган нархга қўшимча баҳо берадиган ва охири баҳони кўтарганга тўхтаган савдога айтилади. Мазкур охирги харидор молнинг пулини тўлаб олади. Бу савдо араб тилида “Байъул музаяда” ёки “Байъуд далала” деб номланади. Савдонинг бундай кўриниши биродарининг байъи устига байъ қилиш, савдолашиши устига савдолашишлардан мустасно, яъни мубоҳдир. “Қувайт фиқҳий қомуси”да шундай дейилади: “Фуқаҳолар кимошди савдосини байъ устига байъ, савдолашиш устига савдолашишдан истисно этишган. Бундай савдо мусулмонларнинг ижмоси билан жоиздир. Фақат шофиъийлар бунда икки нарсани шарт қилишади: бировга зарар беришни мақсад қилмаслик; сотиб олишни ирода этиш. Акс ҳолда байъ нажшга айлангани учун ҳаром бўлади”.

Кимошди савдосининг ўзига хос шаръий тартиблари бўлиб, буларга риоя этилса байъ дуруст бўлади. Ҳаниф шариатимиз кимошди савдосини мубоҳ этган. Бу қуйидаги далилларга кўрадир:

1.    Жобир (р.а.) айтадилар: “Бир киши қулини мудаббар ўлароқ озод қилди. Ўзи муҳтож бўлиб қолди. Набий (с.а.в.) уни ушладилар-да: “Ким буни мендан сотиб олади?”, дедилар. Уни Наъим ибн Абдуллоҳ сотиб олди. Шунда унга уни бердилар”. Бухорий ва Муслим ривояти. Бу ҳадисни имом Бухорий “Кимошди савдоси боби”да келтирганлар. Ибн Ҳажар айтадилар: “Ибн Баттол шундай жавоб қилади: “Пайғамбар (с.а.в.)нинг: “Ким буни мендан сотиб олади”, деб кимошидига уни таклиф этишлари бизга далил бўлади” (“Фатҳул Борий”).

2.    Ато айтадилар: “Одамларнинг ғанимат молларини кимошдига сотишни муаммо билмаганларини кўрдим”.  Буни имом Бухорий “Байълар китоби”нинг “Кимошди савдоси боби”да муаллақ ривоят қилганлар.

3.    Ақлий далил: Кимошди савдосида тожир молини савдога таклиф қилганда муштарий уни фалон баҳога сотинг, дейди. Сотувчи эса бу баҳога кўнмайди. Таклиф ва савдолашиш шу жойда тугайди. Сотувчи: “Ким қўшади?” деб бошқа муштарийни излайди. Шунинг учун ҳар бир қилинган янги таклиф мустақил келишув ҳисобланади ва бунинг зарари йўқ. Манъ этилмиш бировнинг савдолашиши устига савдо қилишда эса байъ келишуви ҳали тугамаган бўлади.

4.    Авзоий ва Исҳоқ ибн Роҳавайҳ каби аҳли илмдан баъзилари кимошди савдоси ғанимат ва мерос молларигагина тегишли, дейишади. Улар сўзларига ушбу ҳадисни далил қилишади: “Расулуллоҳ (с.а.в) бирингиз бировнинг байъи устига, то у қўймагунча байъ қилишидан наҳий қилдилар. Бундан фақат ғанимат ва мерослар истиснодир”. Аҳмад, Дора Қутний, Байҳақий ва Табаронийлар ривояти. 

Бу раъйга раддия: ҳадис заифдир. Унда Абдуллоҳ ибн Лаҳиъа бор. Юқорида зикр қилганимиз Жобирнинг ҳадислари эса омдир. Ҳукм ўзининг омлигича қолади. Ибн Арабий айтади: “Буни ғанимат ва меросда жоиз деб хослашнинг маъноси йўқдир. Чунки боб бир ва маъно муштаракдир”. 

5.    Иброҳим Нахаъий каби айрим аҳли илмлар бу нав байъни кариҳ кўришган. Далиллари Суфён ибн Ваҳбнинг ушбу ҳадиси: “Расулуллоҳ (с.а.в.)дан кимошди савдосини наҳий қилганларини эшитдим”. 

Раддия: Баззор ривоят қилган ҳадис унда Ибн Лаҳиъа борлиги учун заифдир. “Фатҳул Борий”га қаранг. У юқорида зикр қилган ундан кўра саҳиҳроқ ҳадисларимизга хилофдир. 

6.    Кимошди савдоси билан наҳий этилган байъ –  кишининг биродари байъи устига қилган байъи ўртасида зиддият, қарама-қаршилик йўқ. Абу Ҳурайра (р.а.) ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: “Расулуллоҳ (с.а.в.) туб ерликнинг келгиндига байъини наҳий қилдилар. Нажш қилманглар. Киши биродарининг байъи устига байъ қилмасин” (Бухорий ва Муслим ривояти). Бу савдолар ўртасида зиддият йўқ, дейишимизнинг сабаби, бу ҳадиснинг маъноси сотувчи ва муштарий келишиб молни савдолашаётган пайтда учинчи тараф келиб сотувчини келишувни бузишга қизиқтирмасин, деганидир. Кимошдида бундай бўлмайди. Чунки бунда “Ким қўшади?” деб байъни бузадиган сотувчининг ўзидир, учинчи киши эмас. Кимошдида ҳозирлар бировнинг савдосини бузаётган бўлибмас, балки ким қўшишни хоҳласа қўшавериши мумкинлигини билиб байъга киришадилар.

7.    Нажшдан манъ этилиши. Нажш луғатда “қўзғаш” деганидир. Тузоққа тушириш учун қушни қўзғаш, кишлашни “Нужишат тойру”, дейилади. Муштарийни сотувчи тузоғига тушириш учун қўзғаш, қизиқтириш ҳам “нажш” дейилади. Бунда савдо пайтида ҳозир бўлган учинчи киши томонидан молнинг баҳоси кўтарилади. Ваҳоланки у сотиб олишни кўзламайди, балки молнинг нархини кўтариш учун савдога аралашади. Бу сотувчи билан келишган ҳолда ҳам, келишмаган ҳолда ҳам амалга оширилиши мумкин. 

Хулоса шуки, кимошди савдоси Ислом шариатида жоиз байълардандир. Унинг бозорларида жоизлигига мусулмонлар ижмоъ қилишган. Шунга биноан, агар шаръий шартларига риоя қилинса у саҳиҳ ақд-келишувдир. Юқоридаги далилларга шуни қўшимча қиламиз. Анас ибн Моликдан ривоят қилишларича, Расуллуллоҳ (с.а.в.) ҳилс (ерга тўшаладиган ёки улов устига ёпиладиган нарса) ва қадаҳни сотдилар: “Ким мендан бу ҳилс ва қадаҳни сотиб олади”, дедилар. Бир киши: “Мен икковини бир дирҳамга олдим”, деди. Шунда Пайғамбар (с.а.в.): “Ким бир дирҳамга қўшади, ким бир дирҳамга қўшади?” дедилар. Бир киши икки дирҳам берди ва уларни унга сотдилар” (Имом Термизий “Сунан”ларида ривоят этганлар). 

Кимошди савдоси ҳақида сўз кетганда унинг айрим қоидаларини ҳам айтиб ўтиш лозим:

1.    Кимошди савдоси – ўзаро эвазлашиш келишуви бўлиб, талабгорлар кимошдига оғзаки ёки ёзма чақирилган ва сотувчининг розилиги билан охирига етадиган байъдир. 

2.    Мавзусига қараб кимошди савдоси байъ, ижара ва бундан бошқа келишувларга бўлинади. Табиатига кўра эса ихтиёрий ва мажбурийга бўлинади. Ихтиёрийси одатдаги кимошди савдоси бўлса, мажбурийсига қозилик, яъни суд томонидан ижро қилинадиган кимошди савдолари киради. 

3.    Кимошди савдоларида амалга ошириладиган ёзишма, ташкилотчилик, қонуний-идоравий тартиботлар каби расмиятчиликлар исломий шариат ҳукмларига зид келмаслиги керак.

Бундай савдоларга кўпинча сотиб олишни кўзламаган шахслар аралашиб қолади. Уларнинг мақсади молнинг нархини ошириш бўлади, сотувчи билан келишган ёки келишмаган ҳолда унинг баҳосини кўтарадиган сўзлар айтади. Пайғамбар (с.а.в.) қайтарган нажш мана шу бўлади. Нажшнинг бир неча кўринишлари бўлиб, уларнинг ҳаммаси ҳаромдир. Улар қуйидаги суратлардир:

1.    Муштарийни қизиқтириш учун сотиб олишни хоҳламаган кишининг молнинг нархини ошириши.

2.    Сотиб олишни кўзламаган кишининг молдан ҳайратланиши, ундан хабардор эканини билдириши, нархини кўтариш мақсадида муштарийга мақташи.

3.    Муштарийни чалғитиш учун мол эгаси, ёки вакили, ёки даллолнинг молни муайян нархга олганини ёлғон даъво этиши.

4.    Шаръан манъ этилган нажшнинг замонавий кўринишлари ҳам бор. Эшиттириш, кўрсатув ва матбуотда ҳақиқатни намоён этмайдиган олий сифат ва хусусиятлар билан мақташ ва реклама қилиш, ёки муштарийни сотиб олишга мажбур этадиган юқори нархларни зикр этиш ва кўрсатишлар фикримизга далил бўлади. Эълонлардаги ясама бу юқори баҳоларни кўрган муштарий алданиб, молни сотиб олишга шошиб қолади. Бунга айрим дўконларимиздаги нархи туширилмасада, ёлғондан тушган деб кўрсатиб қўйилган баҳолар ҳам мисол бўлади. 

Хуллас, нархнинг оширилиши ва савдолашувчиларнинг рақобатидан мақсад молни сотиб олиш бўлмаса, ғараз ҳақиқий муштарийни алдаш бўлса, бундай кимошдилар ҳаром ҳисобланади. Бунинг гуноҳида ҳамма қатнашчилар, шунингдек уни билиб туриб рози бўлганлар шерикдир. Аммо кимошдига алдаш учун эмас, балки сотиб олиш учун савдога киришган киши бўлса, унинг бу иши юқорида хулосалаганимиздек мубоҳдир (Аллоҳ билувчидир).


 Мубашшир АҲМАД тайёрлади



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
СаволАссалому алайкум ва раҳматуллоҳу ва баркатуҳу Хурматли Шайх Хазратлари Балоғатга етгандан. Ўғил болалар уйқуда булғангандан, қиз болалар ҳайз кўргандан. давоми...

3524 09:05 / 03.06.2018
Яқинда илмли бир кишидан эркаклар ўз хотинининг синглисига уйланиши мумкин эмас, деб эшитиб қолдим. Шу гапда жон борми Аёллардан яна кимларга уйланиб давоми...

4503 15:41 / 24.04.2016
Ассалому алайкум Мен 8 йилдан бери биринчи турмушим билан яшамайман бир қизим бор қизимни отаси жавобимни бермаганди. Ўзи хозир оилали, менга ёрдам бермайди 1 ярим давоми...

2483 10:03 / 21.01.2019
Ассалому алайкум Бугун китоблар дунёси сайтида сотилаётган имом Ғаззолийнинг китобларини ўқиш дурустми Заиф ҳадислар кўпми уларда Уларни қандай билиш мумкин давоми...

2001 11:57 / 12.11.2018
Аудиолар

118758 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40717 14:35 / 11.08.2021