427 20.05.2017

. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Ким «Лаа илааҳа иллаллоҳу» деса-ю, қалбида арпа дони вазнича иймони бўлса, дўзахдан чиқади. Ким «Лаа илааҳа иллаллоҳу» деса-ю, қалбида буғдой донаси вазнича иймони бўлса, дўзахдан чиқади. Ким «Лаа илааҳа иллаллоҳу» деса-ю, қалбида зарра вазнича иймон бўлса, дўзахдан чиқади», дедилар.

Абу Саъид:

«Ким шак қилса, «Албатта, Аллоъ заррача ъам зулм қилмас» оятини тиловат қилсин», деди».

Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадиси шарифда иймоннинг аҳамиятини, унинг катта-кичик бўлишини, охир-оқибат ўз эгасининг дўзахдан халос бўлишига сабаб бўлишини баён қилмоқдалар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким «Лаа илааҳа иллаллоҳу» деса, деганларидан «Муҳаммадур Расулуллоҳ»ни айтмаса ҳам бўлаверар экан, деган маъно чиқмайди. Одатда, «Лаа илааҳа иллаллоҳ» бор жойда албатта, «Муҳаммадур Расулуллоҳ» ҳам борлиги маълум ва машҳур бўлганидан, гапнинг қисқаси айтиб қўйилган, холос.

«Абу Саъид:

«Ким шак қилса, «Албатта, Аллоъ заррача ъам зулм қилмас» оятини тиловат қилсин», деди».

Яъни, ким бу ҳадисда айтилган маънога шубҳа қилса, Нисо сурасидаги мазкур оятни тиловат қилсин.

Аллоҳ таоло мазкур оятда айтади:

«Албатта, Аллоъ заррача ъам зулм қилмас. Агар яхшилик бўлса, бир неча бор кўпайтирур ва Ўз ъузуридан буюк ажр берур» (Нисо сураси, 40-оят).

Яъни, инсоннинг бу дунёда қилган ишлари ҳисоб-китобсиз қолмайди. Аллоҳ мутлақ адолат ила ҳукм қилади. Ҳаммага қилган амалига, ишига яраша беради. Ҳеч кимга заррача зулм этмайди.

«Албатта, Аллоъ заррача ъам зулм қилмас».

Аммо банданинг амалида:

«Агар яхшилик бўлса, бир неча бор кўпайтирур ва Ўз ъузуридан буюк ажр берур».

Қуйидаги ривоятни ўргансак, бу оятнинг маъноси яна ҳам равшанлашади.

Ибн Аби Ҳотим қилган ривоятда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтдилар: «Қиёмат куни банда, у эркак бўлсин, аёл бўлсин, олиб келинади-да, аввалгию кейинги барча халойиқнинг олдида бир жарчи: «Манави фалончи пистончи ўғли. Кимнинг унда ҳаққи бўлса, келиб олсин», деб жар чақиради. Аёл киши отамда, онамда, акамда, эримда ҳаққим бўлса эди, деб орзу қилади, – деб туриб, «У кунда улар орасида насаблар ҳам йўқ ва бир-бирларидан сўраша олмайдилар ҳам» оятини ўқидилар ва сўзларида давом этиб: – Аллоҳ Ўз ҳаққидан хоҳлаганини кечади. Одамларнинг ҳаққидан ҳеч нарсани кечмайди. Кейин одамларга юзланади. «Одамларга ҳақларини беринглар», дейди. У: «Эй Роббим, дунё тугади-ку, қандай қилиб уларнинг ҳақларини бераман?» дейди. Аллоҳ: «Яхши амалларидан олиб, ҳар бир ҳақ эгасига кўрган зулмига яраша беринглар», дейди. Агар банда Аллоҳга дўст бўлса, заррача яхшилиги ортиб қолса ҳам, уни Аллоҳ бир неча бор кўпайтириб, ўшанинг савобидан жаннатга киритади». Сўнгра Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Албатта, Аллоҳ заррача ҳам зулм қилмайди. Агар яхшилик бўлса, бир неча бор кўпайтирур», оятини ўқидилар ва сўзларида давом этдилар: «Агар банда бадбахт бўлса, фаришта: «Эй Роббим, бунинг яхшиликлари тамом бўлди ва кўп даъвогарлари бор», дейди. Аллоҳ: «Талабгорларнинг ёмонликларидан олиб, бунинг ёмонликларига қўшинглар. Сўнгра унга дўзахдан жой беринглар», дейди», дедилар.

Аммо бахтлиларнинг яхшиликларини кўпайтириш билан кифояланиб қолинмайди. Бунинг устига энг катта мукофот ҳам берилади. Аллоҳ уларга:

«Ўз ҳузуридан улкан ажр берур».

Бу улкан ажрдан мурод жаннатдир.

Аллоҳ таоло зарра мисқолидаги нарсанинг ҳам жазо ёки мукофотини беришни эълон қилиб турганда ундан каттароқ нарсаларнинг оқибати нима бўлишини ақли бор банда ўзи билиб олаверади.

Ушбу ҳадиси шариф шаҳодат калимасининг фазли ва аҳамияти нақадар улуғ эканини билдириш билан бирга, «Шаҳодат калимасини айтса бўлди, бошқаси ортиқча», дейдиган жоҳилларга қарши кучли ҳужжат ҳамдир. Чунки «Лаа илааҳа иллаллоҳу»ни айтган киши дўзахдан чиқади, деганларидан ўша одамнинг дўзахга тушиши маълум бўлади. Демак, ким шаҳодат калимасини айтиб, иймонга кирса-ю, кейин баъзи бир гуноҳларни қилса, дўзахга кирар экан.

Мусулмонлар жумҳурининг иттифоқ қилишича, осий мўмин дўзахга тушади ва қилган гуноҳига яраша азобини тортади. Сўнгра дўзахдан чиқади. Дўзахга тушиш у ёқда турсин, жаннатга кириш учун бир оз кутиш ҳам катта ҳижолатга сабаб бўлади. Шундан кейин ҳам баъзи одамларнинг «Барибир дўзахдан чиқилар экан-ку» деб, баъзи гуноҳ ишларни қилишларини тушуниш қийин.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Шаҳодат калимасининг улуғлиги.

2. Ким шаҳодат келтирган бўлса, охир-оқибат дўзахдан чиқиши.

3. Шаҳодат калимасини айтишнинг ўзи кифоя қилмай, қалбда иймон бўлиши ҳам шартлиги.

4. Қалбдаги иймон заррача, буғдой ёки арпа донича ҳам бўлиши, яъни жуда кичик бўлиши ҳам мумкинлиги.

5. Мўминлар ҳам осий бўлсалар, дўзахга тушадилар.

6. Гуноҳи кабира қилган мўмин кофир бўлмаслиги ва дўзахда абадий қолмаслиги.