1768 10.07.2017

Ислом инсонни мукаррам қилиш бўйича кўрган чоралар ичида либос масаласи ҳам бор. Бу масалада инсоннинг кийиниш маданиятига риоя қилиши ўзи учун обрў ва мартаба экани, гўзаллик ва зийнат экани бир нечта китобларимизда зикр қилинган.

Аллоҳ таоло Аъроф сурасида марҳамат қилади:

«Эй Одам болалари, батаҳқиқ, сизларга авратингизни тўсадиган либос ва зийнат либосини нозил қилдик. Тақво либоси, ана ўша яхшидир. Ана ўшалар Аллоҳнинг оят-белгиларидандир. Шоядки эсласалар» (26-оят).

Инсонни ҳайвондан ажратиб турадиган аломатлардан бири либосдир. Одамнинг аврати – айбини беркитиб туриши учун Аллоҳ таоло унга либос ато қилган. Либоснинг зарури авратни пинҳон тутадигани ҳисобланади. Лекин Аллоҳ инсоннинг авратдан бошқа аъзоларини ҳам тўсиш эҳтиёжи борлигини инобатга олиб, либосни зийнат тарзида нозил қилди. Худди шунингдек, либосни ўз ўрнида, яъни шариатга мувофиқ кийган инсон зийнатли ҳисобланади.

Юқорида айтганимиздек, Аллоҳ таоло кийим-бошни инсонга авратини тўссин, ўзини тузатсин, деб берган. Аммо барча соҳада ҳаддида турмаган инсон бу ўринда ҳам турли бузуқликларга йўл қўйди. Баъзилари кийим-бошни фахр ва ғурур воситаси, иккинчилари уни ҳаётдаги асосий мақсад қилиб олди. Қадр-қийматни ҳам кийим-бош билан ўлчай бошлади. Учинчилари кийимни тор ва юпқа кийиб, ундан кўзланган асосий мақсадни суиистеъмол қилишга киришди. Хусусан, тарбиясиз аёллар либосни айнан авратни бўрттириб кўрсатиш учунгина кийдилар. Бу эса юксак инсоний шарафни ерга урадиган ҳолатдир.

Шунинг учун ҳам Ислом бу ишларда ўз таълимотларини жорий қилди.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Енглар, ичинглар, кийинглар ва садақа қилинглар, исроф ва мутакаббирлик бўлмаса бас», дедилар».

Ушбу ҳадиси шариф инсон ҳаётида ҳар куни, ҳар доим такрорланиб турадиган ҳолатлардаги умумий исломий қоидани баён қилмоқда.

Бошқа динлар, тузумлар ва халқларнинг бу борадаги тасарруфларига қарайдиган бўлсак, Исломдаги каби мўътадилликни кўрмаймиз. Улар ёки у тарафга, ёки бу тарафга оғиб кетган бўладилар.

Уларнинг баъзилари еб-ичиш, кийиш ва садақа ишларида тарки дунё йўлини тутиб, имкони бор нарсани қилмасдан, ўзини ўзи қийнайди. Албатта, ҳозирда бу тоифадагилар оз.

Баъзилар эса ҳаётни еб-ичиш, кийинишу ўйин-кулгидан иборат, деб хаёл қилади. Бутун имкониятларини мазкур нарсаларга сарфлайди. Еб-ичишда ҳам, кийинишда ҳам, садақа қилишда ҳам доимий ва чегарасиз равишда исрофга йўл қўядилар. Энг ёмони, бу масалада дунёқарашлари нотўғри бўлгани сабабли ейдиган таомлари, ичадиган ичимликлари, киядиган кийимлари ва қиладиган садақалари ила манманлик, мутакаббирлик қиладилар. Ҳозирда худди шу тоифа кўпчиликни ташкил этади.

Минг афсуслар бўлсинким, баъзи мусулмонлик даъвосини қилиб юрганлар ҳам Ислом таълимотларидан узоқлашиш, уларга амал қилмаслик оқибатида бу масалада хатога йўл қўядилар. Оқибатда турли-туман муаммолар келиб чиқади.

Ушбу ҳадиси шарифни яхши ўзлаштириб олиб, ҳаётимизга татбиқ қилсак, ўша муаммолардан фориғ бўлишимиз турган гап. Аллоҳ таоло ато қилган неъматлардан меъёрида фойдаланиб, исрофга ва кибрга йўл қўймасак, икки дунё саодатига эришишимиз турган гап.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади:

«Модомики, сенда икки нарса: исроф ва манманлик бўлмаса, хоҳлаганингни е, хоҳлаганингни кий».

Иккисини Бухорий ривоят қилган.

Машҳур саҳобий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг бу ҳикматли гаплари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таълимотларини у зотдан эшитган кишининг ўз иборалари билан айтиши, десак хато бўлмас. Яна шуни таъкидлашимиз лозимки, ушбу ривоятларда Аллоҳ ҳалол қилган, ҳалол-пок йўл билан топилган неъматлар ҳақида сўз кетмоқда.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Осилтириш изорда, кўйлакда ва саллададир. Ким ўша нарсалардан бирортасини манманлик ила осилтириб юрса, Аллоҳ қиёмат куни унга назар солмас», дедилар».

Абу Довуд ва Насоий ривоят қилишган.

Биз «осилтириш» деб таржима қилган сўз араб тилида «исбол» дейилади ва кийим-бошга тегишли гапларда кибр ва мақтанчоқлик учун мазкур кийимларни керагидан ортиқ узайтириб олишни англатади.

Изор – кишининг белидан пастига тутиладиган лунгисифат кийимдир.

Албатта, инсоннинг белидан пастини тўсиш учун кийиладиган бошқа номдаги либослар ҳам шу маънога қўшилади.

Кўйлак араб тилида қомийс дейилиб, ўзларининг одатларидаги кўйлакни англатса-да, унга ўхшаш бошқа кийимларни ҳам ўз ичига олади. Кўйлакни осилтиришга унинг енгини керагидан ортиқ равишда манманлик учун узайтириб олиш ҳам киради.

Салла – маълум бош кийими. Уни шариатга номувофиқ осилтириш бир учини кибр ила ҳаддан ташқари узун ташлаб юришдир.

Имом Байҳақий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки шуҳратдан наҳйи қилдилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули! Икки шуҳрат нима?» дейилди.

«Кийимнинг юпқалиги ёки қалинлиги, юмшоқлиги ва қаттиқлиги, узунлиги ва қисқалиги. Бас, ўшанинг ўртачаси ва тежамлиси бўлсин», дедилар.

Абулфараж қуйидагиларни айтади:

«Салафи солиҳлар ўртача кийим кияр эдилар. Жуда юқорисини ҳам эмас, жуда пастини ҳам эмас. Кийимнинг яхшисини жума, икки ийд ва биродарлар билан учрашувга ихтиёр қилар эдилар. Уларнинг одати бўйича яхши кийим танлаш қабиҳ эмас эди».

Юқорида айтганимиздек, Аллоҳ таоло кийим-бошни инсонга авратини тўссин, ўзини тузатсин, деб берган. Аммо бошқа соҳаларда ҳаддида турмаган одам бу ўринда ҳам турли бузуқликларга йўл қўйди. Баъзилари кийим-бошни фахр ва ғурур воситаси, иккинчилари уни ҳаётдаги асосий мақсад қилиб олди. Қадр-қийматни ҳам кийим-бош билан ўлчай бошлашди. Учинчилари кийимни тор ва юпқа кийиб, ундан кўзланган асосий мақсадни суиистеъмол қилишга киришди. Хусусан, тарбиясиз аёллар либосни айни авратни бўрттириб кўрсатиш учунгина кийдилар. Бу ҳол юксак инсоний шарафни ерга уради. Шунинг учун ҳам Ислом бу ишларда ўз таълимотларини жорий қилди.

Абу Ҳомид Ғаззолий «Қалб ажойиботлари» номли китобида кўркам ва қимматбаҳо кийимларга ўчлик шайтоннинг инсон қалбини забт этиш учун кирадиган эшикларидан бири экани ҳақида ёзган. Дарҳақиқат, шайтон инсонни умр бўйи олийнав ва фахрли кийимлар билан зийнатланишга чорлаб, шу йўл билан ҳам ўзига бўйсундиришга, нафсининг қулига айлантиришга ҳаракат қилади.

Шайх Шаъбий айтади: «Аҳмоқ устингдан кулмайдиган ва фақиҳлар (шариат билимдонлари) айбламайдиган кийимни кий».

Муҳаммад ибн Сирин: «Шуҳрат олдин кийимни узун кийишда эди, сўнг уни янгилашга ўтди», деган.

Умар ибн Хаттоб: «Кийимнинг дағал ва эскирганини кийинглар», деганлар. Бу зот масжид минбарида хутба ўқиётганларида устиларида еттита ямоқ солинган кўйлак бор эди.

Алишер Навоий «Маҳбубул-қулуб» асарида бундай ёзган: «Эркакларнинг ўзини кўз-кўз қилиш учун ясаниши хотинларнинг оройиш учун безанишлари кабидир. Аммо бу каби безанмоқ ҳар иккаласи учун ҳам номуносиб, хусусан, эркаклар учун кўпроқ шармандаликдир».

Одобимизда аёлларнинг кийинишига катта эътибор билан қаралган. Уларнинг юзи, икки қўл кафтидан бошқа ҳамма жойи уятли (аврат) бўлгани учун у бегона назарлардан яширилиши ва кийиниш ҳам шунга муносиб бўлиши лозим. Ҳозирги пайтда айрим қиз-жувонлар ўртасида урф бўлганидек, енги ва этаги калта, кўкси очиқ кийимлар, гавда ва аъзоларини «кўз-кўз» қилиб турувчи тор ва юпқа-ҳарир кўйлаклар, энг ачинарлиси, кўкрак, киндик ва болдирларини очиб, ҳаммага намойиш қилиб юришлар одобимизга мутлақо зиддир.

Америкалик тери касалликлари мутахассислари ўтказган тадқиқотлар натижасида ғарблик аёллар ёш бўлатуриб ҳусн ва жозибаларини тез йўқотаётганлари, барвақт ажин тушиши ва унинг тез кўпайиши, аксинча, муслима аёлларнинг етмиш-саксон ёшда ҳам юзлари чиройли, ажинсиз ва нурли ҳолда сақланиши, уларда ғарб аёлларида кўп учрайдиган тери саратони (раки) хасталиги деярли кузатилмаётгани аён бўлди.

Бошқа соҳаларда бўлгани каби, кийиниш борасида ҳам мусулмон инсон аввало ҳалол-ҳаромга эътибор бериши лозим бўлади. Унинг киядиган кийими ҳалол касб билан топилган бўлиши ва уни кийиш шаръан ҳаром бўлмаслиги керак.

Мусулмон эркак ва аёллар кийимнинг мўътадилини танлашади. Жуда ошириб ҳам юборишмайди ва жуда хароб ҳолга ҳам тушишмайди.

Аммо минг афсуслар бўлсинким, диний маърифатимизнинг етишмаслиги, ўзгаларга тақлид қилишимиз ва бошқа бир қанча сабабларга кўра, кийим борасида ҳам исрофгарчиликка йўл қўямиз. Бус-бутун, ҳали кийишга яроқли кийимларимизни, пойабзалларимизни «урфдан қолди» деган сабаблар билан чиқариб ташлаймиз. Керагидан ортиқча кийимларни кўпайтирамиз. Кийим учун ҳаддан ташқари кўп миқдорда харажат қиламиз.

Аёлларимиз ҳар бир тўйга, маросимга ва муносабатга алоҳида янги кийим кийишга жон-жаҳдлари билан ҳаракат қиладилар. Инсоннинг ҳурматини кийимига қараб ўрнига қўйиш керак, деган тушунчада юрадилар.

Кийим борасидаги ушбу ва бошқа исрофларимиз ва нуқсонларимизга барҳам беришимиз лозим.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Исроф китобидан)