159 23.04.2017

عَنْ عَبْدِ اللهِ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لاَ يَدْخُلُ الْجَنَّةَ مَنْ كَانَ فِي قَلْبِهِ مِثْقَالُ ذَرَّةٍ مِنْ كِبْرٍ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ وَأَحْمَدُ.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Қалбида зарра миқдорича кибр бўлган одам жаннатга кирмайди” (Муслим, Термизий ва Аҳмад ривояти).

Абу Довуд, Ибн Можа ва Аҳмад ўз ривоятларини: “Кимнинг қалбида зарра миқдорича кибр бўлса, жаннатга кирмайди. Қалбида зарра миқдорича имон бўлган банда дўзахга кирмайди”, тарзида келтиришган. 

Маълумки, кибр қалб касалликларининг энг ёмонидир. Қалбини кибр иллати эгаллаган банда Аллоҳдан узоқлашади, У Зот раҳматидан маҳрум бўлади. Устига-устак бундай кимса бора-бора одамлар нафратига сазовор бўлади.

Араб тилида “кибр” дейилганда ўзини бошқалардан катта тутиш, ўзига бино қўйиш тушунилади. Кибрли, димоғдор кимса “мен атрофдагилардан устунман, бошқалардан кўра ҳурмат-эътиборга кўпроқ лойиқман”, деб ҳисоблайди. У буни очиқ-ойдин айтмаса-да, қилаётган ишлари ва айниқса ўзини тутишидан билиниб туради. Шуни эслатиб ўтиш жоизки, иззатталаблик, манмансираш, кеккайиш, бировларнинг ишини ерга уриш, кишиларни менсимаслик, одамларни таҳқирлаш, уларни оёқ учида кўрсатиш каби иллатлар мутакаббир кимсаларга хос бўлган асосий белгилардан саналади.

Уламолар луғат ва ҳадис шарҳи китобларида “кибр” сўзини кенг шарҳлаганлар. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “кибр ҳақни инкор этиш ва одамларни таҳқирлашдир” (Муслим ривояти) деб бу иллатга жуда батафсил таъриф берганлар.

Юқоридаги ривоятда келган “кибр”дан мурод нима экани борасида уламолар бир неча фикрларни айтишган. Жумладан, Хаттобий ушбу ривоятни икки хил таъвил қилган:

1. Ким имондан кибр қилса ва шу ҳолида вафот этса, асло жаннатга кирмайди;

2. Банда жаннатга кираётганида унинг қалбида кибр иллати бўлмайди.

Жалолиддин Суютий ҳадисни “кибрли одам муттақийлар билан биринчилар қаторида жаннатга кирмайди”, деб шарҳлаган. Шунга кўра, мутакаббир одам Ислом умматига мансуб бўлса, қиёмат куни гуноҳига яраша жазоланиб, покланганидан сўнг Аллоҳга бўлган имони шарофатидан бошқалардан кейин жаннатга киради. Кибр қилгани учун дўзахда қанчалик оғир азоблар борлигини ҳеч ким ақлига сиғдира олмайди. Бундай оғир ҳолатга тушмаслик учун камтар бўлиш керак.

Кибр иллати ҳаётда барча соҳа одамларида кузатилади. Баъзилар ўзининг илми билан мағрурланиб, ўзганинг билимини менсимай, унга қулоқ солмайди, маслаҳатини беэътибор қолдиради. Бундай банда одатда ўзининг камчиликларини кўрмайди. Унинг фикрича, у ҳамма нарсани билади, ҳамма нарсага ақли етади. Бошқа тоифалар бойлиги кўпайган сари ўзларини катта тута бошлайдилар, кибрлари ошиб, димоғлари кўтарилиб боради. Айрим кишилар мансаб отига минсалар, бирон лавозимга кўтарилсалар димоғдор бўлиб қоладилар, одамларга худди ҳукмдорлардек муомала қила бошлайдилар. Яна бир хил тоифа инсонлар уддабуронлиги, ақлу заковати, ишларининг бир текис ва яхши кетаётганлиги учун ўзини энг зўр киши ва энг ақлли, бахтли, омадли, бирон кам-кўстсиз, деб ҳисоблайди. Бундайлар мол-дунёси ортиб, бойигандан кейин “мен ҳеч кимга муҳтож эмасман”, деб ўйлайди. Яна бошқалар ўзининг чиройи, қадди-қоматининг келишганлиги билан мағрурланади. Аслида илм, ақл, бойлик, мансаб, тадбиркорлик, ҳусн барча-барчаси Аллоҳ берган неъматлар ҳисобланади. Унутмаслик керакки, банда мазкур неъматларга ўзи хоҳалагани учун эришмайди, балки Аллоҳ уни ризқлантиради. Бу неъматлар шукрини, ҳаққини мутакаббирлик билан эмас, балки камтарлик билан, бандаларга хос бўлган сифатларга эга бўлиш билан, қолаверса Аллоҳга ибодат қилиш билан адо этиш талаб қилинади.

Шу ўринда бир муҳим нарсани эслатиб ўтиш ўринли. Суннатга мувофиқ покиза ва чиройли кийимлар кийиб, хушбўй нарсалар суртиб юриш кибр саналмайди. Бунда банданинг қалбидаги ният муҳимдир. Ким кийими, бойлиги ёки куч-қуввати билан ўзини устун ва афзал деб билса, у мутакаббирдир. Аммо бу ишларни камтарлик билан поклик ниятида қилса, бундай инсон кибрдан саломат бўлади.

Кибр инсон боласига, ожиз бандага ярашмайдиган сифат. Бу фақат Аллоҳга хос бўлиб, Аллоҳ кибрли кимсаларни бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам жазолайди. Бу дунёда одамлар уни мутакаббир, димоғдор кимса, деб биладилар ва унга мойиллик билдирмайдилар, унга ишонч ҳисси одамларда бўлмайди. Шу нарсанинг ўзи димоғдор кимсанинг биринчи жазосидир. Кейин, вақти-соати билан, Аллоҳ уни шу ҳаётда хор қилиб қўяди. Қиёмат куни унинг жуссаси чумоли шаклига келтирилиб, одамларнинг оёқлари остига ташланади. Кейин жаҳаннамга улоқтирилади...

Мутакаббир кимсалар ўз-ўзидан турли маънавий касалликларга мубтало бўладилар. Жумладан, ичи қоралик, ҳасад, мақтанчоқлик ва риё кибрли кимсаларга хос белгилардандир. Чунки ўзини катта тутадиган кимса бошқаларнинг ютуғини кўролмайди, одамлар ундан пастда бўлишларини, бирон муваффаққиятга эришмасликларини хоҳлайди.

Кибрнинг акси бўлган камтарлик, мутавозеълик барча яхши хислатлар асосидир. Камтар одам  Аллоҳга энг итоаткор киши ҳисобланади. Унинг қалби юмшоқ ва покиза бўлади. У ҳақиқатни тез қабул қилади. Камтар одам ҳақни гапираётган инсонни кўрса, каттами, кичикми, дарров унинг сўзини қабул қилади. Мутакаббир одамнинг қалби қаттиқ бўлиб, унинг ҳақиқатни тушуниши ва қабул қилиши қийин кечади. Бинобарин, у ҳақни топишда аксар ҳолларда янглишади. У обрўъси ва кучи ўзиникидан катта ва кўпроқ бўлган одамгагина эргашиши, қулоқ тутиши мумкин.

Демак, кибр бандани жаннатга киришдан ёки у ерга аввалгилар қаторида киришдан тўсувчи иллат бўлиб, Аллоҳга муҳаббати бор банда бу касалликдан узоқ юриши, қалбида кибр иллати сезилган заҳоти уни илдизи билан суғуриб ташлашга, камтар ва мутавозеъ бўлишга ҳаракат қилиш керак. Шунда у Аллоҳ суйган бандалар қаторида бўлади.


Тошкент шаҳар Шайхонтохур 

тумани бош имом-хатиби 

Одилхон қори Юнусхон ўғли