1445 йил 16 шаввол | 2024 йил 25 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қаҳф сураси, 103-105

05:00 / 23.01.2017 11868 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

103. Сен: «Сизга амаллари юзасидан энг зиёнкорларнинг хабарини берайми?
104. Улар бу дунё ҳаётидаёқ сайъи-ҳаракатлари ботил бўлган, ўзлари эса, гўзал иш қиляпман, деб ҳисоблайдиганлардир», дегин.

Эй Муҳаммад, сен одамларга бу дунёда қилган амаллари туфайли энг зиёнкор бўлувчилар ким эканини хабар қилайми, айтиб берайми, дегин. Уларнинг қилган амаллари охиратга қолиш у ёқда турсин, бу дунёнинг ўзидаёқ ботил бўлади. Қилган сайъи-ҳаракатлари бефойда бўлади. Ҳолбуки, улар ўзларича, жуда яхши иш қиляпмиз, деб ўйлайдилар. Ана шундай одамлар ким эканини айтиб берайми?


105. Ана ўшалар Роббилари оятларига ва унга рўбарў келишга куфр келтирганлардир. Бас, уларнинг амаллари ҳабата бўлди. Қиёмат куни уларга ҳеч қандай вазн бермасмиз.

Яъни, юқоридаги икки оятда тасвирланган, амаллари беҳуда кетадиган, жуда яхши ишларни қилмоқдамиз, деб гумон этсалар ҳам, бу дунёнинг ўзидаёқ саъйи-ҳаракатлари ботил бўладиган кимсалар:

«Ана ўшалар Роббилари оятларига ва унга рўбарў келишга куфр келтирганлардир».

Яъни, улар Аллоҳнинг оятларига ва қиёмат кунига куфр келтирган кимсалардир. Шунинг учун ҳам:

«...уларнинг амаллари ҳабата бўлди». 

Бир неча бор айтиб ўтилганидек, «ҳабата» сўзи аслида заҳарли хашакни еб қўйган ҳайвоннинг қорни шишиб кетиши маъносини англатади. Сиртдан қараганда, ҳайвон хашак еб қорнини тўйғазганга ўхшайди. Аслида эса, қорнига кирган таомдан унга ҳеч фойда бўлмайди. Балки зарар етади. Ҳатто қорни ёрилиб ўлиши ҳам мумкин.

Шунга ўхшаш кофир ҳам, сиртдан қараганда, яхши иш қилаётганга ўхшайди. Лекин аслини олганда у худди заҳарли хашак тановул қилаётган ҳайвон каби, беҳуда уринаётган бўлади. Қилаётган амали зое кетади.

«Қиёмат куни уларга ҳеч қандай вазн бермасмиз».

Яъни, қиёмат куни кофирларнинг ҳеч қандай қадр-қиймати бўлмайди. Уларнинг бу дунёда қилган амалларининг вазни ҳам бўлмайди. Чунки Аллоҳнинг наздида ҳамма қадр-қиймат ва амалларнинг вазни иймонга боғлиқ. Иймони йўқнинг қадри ҳам йўқ, қиймати ҳам йўқ. Унинг қилган ишининг вазни ҳам йўқ.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Қуръон, сўзининг луғавий маъноси Энг аввал .Қуръон, лафзининг асл келиб чиқишини ўрганиб олишимиз, унинг луғавий далолатларига, Қуръон учун ихтиёр қилинган бошқа давоми...

9756 10:03 / 02.11.2018
47. Ўшанда улар дўзахда бирбирлари ила хусумат қилурлар. Бас, заифлар мутакаббирлик қилганларга .Албатта, биз сизга эргашувчи бўлган эдик. Энди сиз бизнинг дўзах давоми...

4757 05:00 / 23.01.2017
Аллоҳ, Ундан ўзга илоҳ йўқ. У тирикдир ва қаййумдир. Уни мудроқ ҳам, уйқу ҳам олмас. Осмонлару ердаги нарсалар Уникидир. Унинг ҳузурида Ўзининг изнисиз ҳеч ким давоми...

8717 05:00 / 23.01.2017
иккинчи мақолаАбу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Холид ибн Валидга одам юбориб, уни Мусайлима томон юришга амр қилди. Унга муҳожир ва ансорлардан иборат катта давоми...

5187 16:45 / 01.10.2019