1116 12.05.2017

515. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бугун ким рўза тутган ҳолда тонг оттирди?» дедилар.

«Мен», деди Абу Бакр.

«Ким бугун бемор кўргани борди?» дедилар.

«Мен», деди Абу Бакр.

«Ким бугун жанозада ҳозир бўлди?» дедилар.

«Мен», деди Абу Бакр.

«Ким бугун мискинга таом берди?» дедилар.

«Мен», деди Абу Бакр.

Марвон деди:

«Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мана шу хислатлар қай бир кишида бир кунда жамланса, ўша киши албатта жаннатга киради», дедилар».

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда айтилаётган хислатлар тўрттадир:

 –  нафл рўза тутиш;

 –  касални бориб кўриш;

 –  жанозада ҳозир бўлиш;

 –  мискинга таом бериш.

Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ўша куни ана шундай эзгу ишларни, жаннатга элтувчи амалларни қилган эканлар. У киши ушбу амалларни доим ҳаммадан олдин қилишга ҳаракат қилиб юрганлар. У кишига ўхшаб кимки ушбу тўрт хислатни ўзида жам қилса, жаннатга кириш учун бир амал қилган бўлар экан.

Бунинг ичида ушбу бобга оид бўлган касални бориб кўриш амали ҳам бор. Беморни бориб кўриш улуғ савобли иш, чунки ётиб қолган одам бировнинг бир оғиз илиқ сўзига, зиёратига, эътиборига муҳтож бўлиб, маҳтал бўлиб ётади. Ким уни кўргани келса, қалбига сурур киради, дуосидан умидвор бўлади, кўнгли кўтарилади ва мана шу руҳий кўтаринкилик, иншааллоҳ, унинг тузалишига ҳам сабаб бўлса, ажаб эмас.

Ушбу маъно кейинги ҳадисларда ҳам қайта-қайта такрорланади. Динимизда касалларни бориб кўришга катта эътибор берилган. Бу иш одамгарчилик бобида ҳам ниҳоятда олиймақом бир нарсадир.

Касални бориб кўриш қариндош-уруғлар, ёр-дўст, биродарлар ва умуман, жамият аъзолари ичида дўстлик, биродарлик, ҳамдардлик руҳини кучайтирадиган, мана шу алоқаларни тартибга соладиган, жамият аъзоларини бир-бирига меҳрибон қиладиган омиллардан биридир.

Бу нарса бутун жамиятга бу дунёнинг ўзида катта фойда келтиради. Бошқа миллатларда, бошқа жамиятларда бундай нарса кузатилмайди. Масалан, ғарб давлатларида яшаётган, у ерни кўрган-билганларнинг айтишларича, баъзи бир касалхоналарда хайрия жамиятлари «Фалон шифохонада бемор бор, ким бориб, ярим соат гаплашиб ўтирса, фалонча пул берамиз» деб эълон беришар экан. Шифохонага бориб, бироз гаплашиб ўтириб, «Яхши бўлиб қоласиз», деб кўнглини кўтарганига пул ваъда қилинар экан, лекин ҳеч ким бормас экан. Эҳтимол, бунга бориб, касалхонада ярим соат ўтиргани учун олган пули ўз ишида шу вақт ичида топган пулидан кам бўлгани сабабдир. Улар ҳар бир тийин учун югуриши керак. Шунинг учун кўплаб касаллар келиб кўрадиган одамга муҳтож ҳолатда ётишар, натижада руҳан тушкунликка тушиб, даволанишлари кечикар экан.

Алҳамдулиллаҳ, биз мўмин-мусулмонларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсан намуналари билан, айтган ҳадислари билан касалларни бориб кўриш, уларнинг кўнглини кўтариш савоб олинадиган амал даражасига, ибодат даражасига кўтарилган ва ҳозирги кунгача ҳам бу ишлар бироз бўлса-да, сақланиб келмоқда.

Диндан узоқлашган, диний таълимотлардан хабарсиз бўлиб қолган чоғларида ҳам мўмин-мусулмонлар бу ишларда бошқалардан кўра бир неча марта юқори даражада турадилар.

516. Жобирдан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Умму Соибнинг олдига кирдилар. У титраб-қақшаб ётарди.

«Сенга нима бўлди?» дедилар.

«Иситма. Аллоҳ уни хор қилсин…» деди.

Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бас! Уни сўкма. У худди босқон темирнинг зангини кетказганидек, мўминнинг хатоларини кетказади», дедилар».

Шарҳ: Занглаган темирни ўтга солиб, босқонланса, четдан қараганда худди унга зарар етказаётгандек кўринади. Аслида эса уни шу йўл билан зангдан тозалаб, сайқалланади, чиниқтириб, яхши, фойдали ҳолатга келтирилади.

Худди шунингдек, иситма мўмин кишининг хатоларини худди босқон темирнинг зангини кетказгандек, йўқотиб-тозалаб қўяр экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бемор ҳолда иситмани сўккан Умму Соиб розияллоҳу анҳога шу тушунчани берган эканлар.

Ўзимиз ҳам ўйлаб кўрайлик, иситмалаб ётган одам бу дардни сўкиб, юрагини сиқиб, ўзига янги ташвиш орттиргандан кўра, босиқлик билан, ортиқча ташвишланмасдан, Аллоҳ таолога шукр айтиб, гуноҳларим ювиляпти, деган эътиқодда бўлса, албатта тезроқ тузалади. Унинг руҳий ҳолати яхшиланади, жизғанак бўлиб, ўзини ўзи қийнаб, ич-этини еяётган одамдан кўра унинг аҳволи яхшироқ бўлади. Жизғанак бўлиб, иситмани сўкиб, ич-этини еб ётган одамга шифо бўлиши қийин, аксинча, касаллиги янада оғирлашиши мумкин.

Ана шу маънода бу ҳадислар ҳаммамиз учун ниҳоятда керакли таълимотдир.

517. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

«Аллоҳ:

«Сендан таом сўрадим, сен бермадинг», дейди.

«Роббим! Қандай қилиб Сен мендан таом сўрайсан-у, мен Сенга таом бермайман? Ахир Сен оламларнинг Роббисан», дейди.

«Фалон бандам сендан таом сўраганида, унга таом бермаганингни билмайсанми? Унга таом берганингда, уни Менинг ҳузуримда топишингни билмасмидинг?

Эй одам боласи! Мен сендан сув сўрадим, сен бермадинг», дейди.

«Роббим! Сен оламларнинг Роббисан, қандай қилиб Сенга сув беришим мумкин?» дейди.

«Фалон бандам сендан сув сўради. Сен унга сув бермадинг. Агар унга сув берганингда, уни Менинг ҳузуримда топишингни билмасмидинг?

Эй одам боласи! Мен касал бўлдим, кўргани келмадинг», дейди.

«Роббим! Сен оламларнинг Роббисан, қандай қилиб Сени кўргани бораман?» дейди.

«Фалон бандам касал бўлганини билмадингми? Агар уни кўргани борсанг, уни Менинг ҳузуримда ёки Мени унинг ҳузурида топишингни билмасмидинг?» дейди».

Шарҳ: Бу ҳадисда муҳтож кишиларга таом бериш, сув бериш, касал одамни бориб кўриш қанчалик улуғ амал экани ажойиб бир услубда васф қилинган. Демак, муҳтож кишига таом берган киши гўё Аллоҳ таолога таом бериб, Унинг розилигини олганлик мақомига эришади.

Чанқаган одамга сув тутган киши ҳам, бемор ётган одамни бориб кўрган киши ҳам ана шундай улуғ мақомларга эришар экан. Шунинг учун имкони топилганда очларга таом бериш, чанқаганларни қондириш ва беморларни кўргани бориш мўмин-мусулмонлар учун катта савоб, улуғ даражаларга эришиш воситаси ҳисобланади.

518. Абу Саъиддан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Беморни кўргани боринг! Жанозага эргашинг! Сизга охиратни эслатади», дедилар».

Шарҳ: Бу ҳадисдан беморни кўргани боришда ибрат олиш омили ҳам мавжудлигини билиб оламиз. Хаста кишини бориб кўрган одам ўзининг соғлигига шукр қилиши, беморлик ҳам борлигини эслаши керак бўлади.

Шунингдек, жаноза маросимида иштирок этган одам ўлимни эслаши, ўзининг ҳам бир куни ўлиши борлигини ёдга олиши лозим бўлади.

519. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уч нарса ҳар бир мусулмоннинг зиммасидаги ҳақдир. Беморни кўргани бориш, жанозага ҳозир бўлиш ва акса урган кишига, агар у Аллоҳ азза ва жаллага ҳамд айтса, соғлиқ тилаш», дедилар».

Шарҳ: Бир мусулмон бемор бўлиб қолса, уни бориб кўриш қолган мусулмонларнинг зиммаларидаги ҳақдир.

Бир мусулмон ўлиб қолса, унинг жанозасида ҳозир бўлиш қолган мусулмонларнинг зиммаларидаги ҳақдир.

Бир мусулмон акса урса ва «Алҳамду лиллаҳи» деса, «Ярҳамукаллоҳ» – «Аллоҳ сенга раҳм қилсин», дея соғлик тилаш қолган мусулмонлар зиммасидаги ҳақдир.

Ана шу нарсалар ҳам мусулмонларнинг мусулмонлардаги ҳақларидан ҳисобланади. Бу нарсаларга алоҳида эътибор бериш керак.

Ким ўз биродари, синглиси ёки дин қардошининг касаллигини эшитса, бориб, зиёрат қилиши жуда катта савоб бўлади ва бу билан мусулмоннинг мусулмондаги ҳаққини адо этган бўлади.

Жаноза ҳам худди шундай. Қачон бир мўмин-мусулмон банданинг вафот этгани ҳақида хабар эшитсак, унинг жанозасида ҳозир бўлишга ҳаракат қилишимиз керак.

Биз кўпинча эътибор бермайдиган нарса – акса урган киши «Алҳамдулиллаҳ» деганда, унга «Ярҳамукаллоҳ», деб соғлиқ тилаб дуо қилиш жуда зарур иш экан, мусулмоннинг мусулмондаги ҳаққи ҳисобланадиган амал экан. Биз буни доимо ёдда тутишимиз керак.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф  

(Одоблар ҳазинаси шарҳи китобидан)