1076 19.04.2017

Турли сабабларга кўра ночор ҳолатга тушиб, қарздор бўлиб қолган одамга ёрдам бериш шариат таълимотларида турлича йўллар билан жорий қилинган. Жумладан, қарздорлар закот олишга ҳақлилар қаторига қўшилганлар. Уларнинг бу ҳақини Қуръони Карим эълон қилган.

Аллоҳ таоло Тавба сурасида марҳамат қилади:

«Албатта, садақалар фақирларга, мискинларга, унда (садақа ишида) ишловчиларга, қалблари улфат қилинадиганларга, қулларга, қарздорларга, Аллоҳнинг йўлига ва йўқсил йўлчига Аллоҳ томонидан фарз қилингандир. Ва Аллоҳ ўта билувчидир, ўта ҳикматлидир» (60-оят).

Оятда «садақалар» дейилганда закот назарда тутилган. Бу ояти каримада Аллоҳ таоло бойларга, яъни моли нисобга етган мусулмонларга фарз қилган закотга кимлар ҳақли экани баён қилинади. Демак, закотни ҳар ким ҳам олавермайди, балки Аллоҳ таоло Ўзи тайинлаган кишиларгина оладилар. Бошқаларга закот олиш ҳаромдир. Закотга ҳақдор тоифалар ушбу ояти каримага асосан саккизтадир. Ўша закот олишга ҳақли саккиз тоифанинг бири қарздорлар бўлиб, улар  турли сабабларга кўра қарз бўлиб қолган кишилардир. Ушбу ояти кариманинг ҳукмига биноан, қарздор одамга қарзини узиши учун ёрдам тариқасида закотдан берилади.

Аммо номи қарздор бўлса бўлди, дея кўринган қарздорга закотдан улуш берилавермайди. Балки сўраб, суриштирилади. Шариатдаги шартларни ўзида мужассам қилган қарздоргагина закотдан берилади. Уламоларимиз ушбу мавзудаги барча ҳужжат ва далилларни яхшилиб ўрганиб чиққанларидан кейин бу борада қуйидаги аниқликларни киритганлар: 

1. Қарзидан ортиб қолган моли нисобга етмайдиган қарздорга берилади.

Қарздор – бошқа бир одамдан турли сабабларга кўра қарз бўлиб қолган одам. Турли офатлар туфайли ночор ҳолатларга тушиб қолганлар ҳам шу синфга қўшилади. 

Қарздорлар икки турга бўлинадилар: 

- Ўзи учун сарфлаб қарз бўлиб қолганлар;

- Ўзгалар учун сарфлаб қарз бўлиб қолганлар.

Ўзи учун сарфлаб қарз бўлиб қолганларга закотдан беришнинг шартлари:

1. Қарзини ўзи тўлай олмайдиган ҳолатда бўлиши керак;

2. Қарзни ҳалол ва мубоҳ ишга ишлатиш учун олган бўлиши керак; 

Яъни шариат рухсат берган, тоат ҳисобланган ишларга ишлатиш учун қарз олиб, тўлай олмай қолган бўлиши лозим. 

Агар қарзни ароқхўрлик, зино, қимор, айшу ишрат ва бошқа ношаръий ишларга ишлатиш учун олган бўлса, унга закотдан берилмайди. Шунингдек, мубоҳ бўлган лаззат ишларга исроф қилиш учун қарз олган бўлса ҳам берилмайди.

3. Қарзни ҳозир тўлаши керак бўлиши. 

Агар қарзни тўлаш муддати ҳали келмаган бўлса, берилмайди. Баъзи уламолар: «Шу йил ичида бериши керак бўлса, олишга ҳақли», деганлар. Бу ҳолда қарз ва закот пулининг миқдори ҳар бир ҳолатни алоҳида кўриб чиқиб ҳал қилинса, яхши бўлади.

4. Қарз тўланмаса, қамалиш ҳукми бор қарз бўлиши керак. 

Яъни одамларнинг ҳаққига оид қарз бўлиши лозим. Аллоҳ таолонинг ҳаққига оид қарзлар – закот, каффоротлардан қарз бўлса, закотдан берилмайди.

Ўз фойдасига қарз олиб, тўлай олмаган одамга қарзини узиши учун закотдан етарли мол берилади.

Ўзганинг фойдасини кўзлаб қарздор бўлиб қолган одамга закотдан беришнинг шартлари:

Икки урушган томонни яраштириш учун уларнинг жанжалига сабаб бўлиб турган молни тўлаб қўйишни ўз зиммасига олган, мусулмонлар оммасига фойдали бўлган мадраса қуриш учун ёки шифохона, етимхона ва бошқа шу каби муассасаларнинг фойдаси учун қарз олиб, бера олмай қолган одамга ҳам қарзини узиш учун закотдан берилади.

«Вафот этган одамнинг қарзини закотдан узиб қўйса бўладими?» деган саволга шофеъий, ҳанбалий ва ҳанафий мазҳаби уламолари: «Бўлмайди», деб жавоб беришган.

Бугунги кунимизда ҳавас учун катта ҳовли-жой қилиб, закот олиб қутулиб кетаман, дея қарз олаётганлар ҳам бор. Бу иш мутлақо нотўғри бўлиб, уларга закот бериб бўлмайди. Шунингдек, ҳовли-жойдан бошқа нарсаларда ҳам ҳожатни қоплашдан ортиқ харажат қилиб қарз бўлганларга закот бериб бўлмайди. Уларнинг ўзлари закот олишлари ҳам мумкин эмас. Мисол учун, бир одамнинг олтмиш минг қарзи бор. Аммо юз минглик маркаб миниб юрибди. Бу одам закот сўраб келса, унга: «Маркабни юз мингга сот. Олтмиш мингини қарзингга бер, қирқ мингига бошқа маркаб олиб мин», дейилади. 

Қарз ва закотга оид яна бир масала жуда кўп такрорланади. Кўпгина қарз берганлар ўзларидан қарз олган шахслар қарзни узишда қийналишаётганини, уларнинг қарзини закот ҳисобидан кечиб юборса, жоиз ёки жоиз эмаслигини сўрашади. Бунга уламоларимиз қуйидагича жавоб берганлар:

«Бировга қарз берган одам қарзни закот ҳисобидан кечиб юбориши мумкин эмас. Чунки у ҳолда мулк қилиб бериш содир бўлмайди. Ҳийла қилмасдан, олдин келишиб олмасдан, аввал закотни бериб, сўнгра «Қарзингни бер», дейиш мумкин».

2. Иложсиз қолган қарздорнинг қарзини имкони борлар узиб қўйса, савоб бўлади.

Қарздорларга ёрдам сифатида бой-бадавлат мўмин-мусулмонлар уларнинг қарзини узиб қўйсалар, катта савоб оладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари бу ишни қилганлар.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Бир одам ўзидан ўн динор қарздор одамга эргашиб: «Аллоҳга қасамки, қарзингни узмагунингча ёки бир кафил келтирмагунингча сендан ажрамайман», деди. Бас, ўша(динор)ларга Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кафил бўлдилар. Сўнг у ваъда қилган миқдорида олиб келди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Бу тиллани қаердан олдинг?» дедилар. 

«Кондан», деди.

«Бизнинг унда ҳожатимиз йўқ. Унинг яхшилиги йўқ», дедилар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари унинг қарзини узиб қўйдилар». 

Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилишган.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Ҳақдор одам қарздорни маҳкам ушлаши, унинг ортидан ажрамай юриши мумкинлиги.

2. Қарзни узиш учун кафил талаб қилиш ва кафил бўлиш мумкинлиги.

3. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзгаларнинг оғирини енгил қилиш учун ёрдамга доимо тайёр эканликлари.

4. Кафил ўз кафолатидаги кишининг қарзини тўлаб қўйиши жоизлиги.

5. Уламоларимиз айтадилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Унинг яхшилиги йўқ», деганларини кондан чиққан тиллада яхшилик йўқ экан, деб тушуниш керак эмас. Бу жойда ўзларига маълум сир борлиги учун шундай деганлар. Ҳолбуки, барча олтинлар кондан олинади».

Ҳозирги кунда ҳам имкони бор кишилар ночор ҳолатга тушиб, қарзини узолмай юрганларнинг қарзини узишига кафил бўлсалар ёки ҳиммат қилиб бировнинг қарзини узиб қўйсалар, ёхуд узишга ҳисса қўшсалар, жуда яхши бўлади ва кўплаб ажру савоблар оладилар.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Қарз ва унга боғлиқ масалалар китобидан)